Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ



ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

Кириш

 

“3 Шоҳлар” ва “4 Шоҳлар”нинг асл нусхаси битта ибронийча китоб бўлиб, иккала қисмини битта ўрамга жойлаш узунлик қилганидан, китоб икки қисмга — “3 Шоҳлар” ва “4 Шоҳлар”га бўлинган. “3 Шоҳлар” ўша яхлит китобнинг биринчи қисмидир. Бу китоблар Исроил тарихининг давомидир.

“3 Шоҳлар” китоби уч қисмдан иборат. Биринчи қисмда (1-2–боблар) шоҳ Довуд ҳаётининг сўнгги йиллари ва унинг ўғли Сулаймон қандай қилиб Исроил шоҳи бўлгани тўғрисида ҳикоя қилинади. Иккинчи қисм (3-11–боблар) Сулаймон ҳукмронлиги давридаги воқеаларни ўз ичига олиб, бу қисмда унинг қанчалик шуҳрат таратгани ва бойигани тўғрисида ҳикоя қилинади. Иккинчи қисмда, асосан, Эгамизнинг Қуддусдаги уйини Сулаймон қандай қилиб қургани ва бағишлагани тўғрисида баён қилинади. Китобнинг қолган қисми (12-22–боблар) Сулаймоннинг вафотидан кейин юз берган воқеалардан — шимолдаги қабилаларнинг Сулаймон ўғли Рахабомга қарши исён кўтаргани, Исроил халқининг иккита алоҳида шоҳликка бўлиниб кетгани тўғрисидаги воқеалардан иборат. Жанубдаги шоҳлик — Яҳудо шоҳлиги, шимолдагиси — Исроил шоҳлиги деб аталадиган бўлди. “3 Шоҳлар”нинг бу қисми иккала шоҳликнинг ҳукмдорлари тарихини ўз ичига олади. Ушбу китоб Яҳудо шоҳи Ёҳушафат ва Исроил шоҳи Охазиё ҳукмронлиги давридаги воқеалар билан тугайди.

Китобда ҳар бир шоҳ Худога бўлган содиқлигига қараб ҳукм қилинади. Агар шоҳ Худонинг қонунига содиқ бўлиб, Унга итоат этса, у яхши деб мақталади. Агар шаккоклик қилиб, тўғри йўлдан озса, қабиҳ деб ҳукм қилинади. Ҳамма Исроил шоҳлари Эгамиздан юз ўгириб, бегона худоларга сажда қилганлари учун, қабиҳ шоҳлар деб ҳукм қилинади. Яҳудо шоҳларининг кўпчилиги ўз боболари шоҳ Довуддан намуна олиб, унинг йўлидан юрганлари ва Эгамизга сажда қилганлари учун яхши шоҳлар деб эътироф этилади.

“3 Шоҳлар” яна шимолий шоҳликнинг қабиҳ ҳукмдори Ахаб ва малика Изабелга қарши турган Илёс пайғамбар тўғрисидаги машҳур воқеаларни ҳам қамраб олган. Илёс пайғамбар Исроил халқини Эгамизга итоат этишга ва бегона худоларга сажда қилмасликка даъват этади. Илёс халққа шундай деб танбеҳ берди: “Қачонгача икки кеманинг учини тутиб юрасизлар?! Агар Эгамиз Худо бўлса, Унга эргашинглар. Борди–ю, Баал Худо бўлса, унга сажда қилинглар. ...Баалнинг пайғамбарлари илтижо қилиб Баални чақиришсин. Мен ҳам илтижо қилиб Эгамизни чақираман. Кимнинг Худоси аланга орқали жавоб берса, Худо Ўшадир.” (18:21, 24)

 

1–БОБ - ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

 

Кексайган шоҳ Довуд

 

1Шоҳ Довуд анча кексайди[1]. Уни кўрпа–тўшаклар билан ўраб ташлашса ҳам, ҳеч исимас эди. 2Шунда аъёнлари Довудга айтишди:

— Ҳазрати олийлари учун ёш, бокира қиз қидириб топсак. Ўша қиз шоҳимиз олдида бўлсин, парвариш қилсин, шоҳимизнинг қучоғида ётсин. Ана шунда шоҳ ҳазратлари исийдилар.

3Шундай қилиб, бутун Исроил ҳудуди бўйлаб чиройли, бўйи етган қизни қидирдилар. Ниҳоят, Шунамлик[2] Обиша исмли қизни топиб, шоҳ ҳузурига олиб келишди. 4Қиз ғоятда гўзал эди. У шоҳни парвариш қилиб, унинг хизматида бўлди. Лекин шоҳ қизга яқинлашмади.

 

Одониё тахтга даъвогар бўлади

 

5Абсалом вафот этгандан кейин, Довуднинг Хаггитдан туғилган Одониё исмли ўғли “Мен шоҳ бўламан”[3], деб ўзини жуда катта тутадиган бўлиб қолди. У ўзига жанг аравалари, чавандозлар ва элликта қўриқчи олди. 6Отаси эса “Нима учун сен бундай қиляпсан?” деб ҳеч қачон уни тергамади. Одониё Абсаломдан кейингиси бўлиб, жуда чиройли йигит эди. 7У Зеруя ўғли Йўаб ва руҳоний Абуатарга маслаҳат солди. Иккови ҳам Одониё тарафига ўтдилар. 8Лекин руҳоний Зодўх, Ёҳайидо ўғли Бинаё, пайғамбар Натан, Шимах, Рей ва Довуднинг қўриқчилари Одониё томонга ўтмадилар. 9Одониё Эн–Рўғол булоғи[4] бўйидаги Зўхалат тоши ёнида қўй, буқа ва боқилган бузоқларни қурбонлик қилиб, ҳамма ака–укаларини — шоҳ ўғилларини, шоҳга қарашли барча Яҳудо аъёнларини таклиф қилди[5]. 10Пайғамбар Натанни, Бинаёни, шоҳнинг қўриқчиларини, укаси Сулаймонни эса таклиф қилмади.

 

Сулаймон тахтга ўтиради

 

11Шундан сўнг Натан Сулаймоннинг онаси Ботшевага деди:

— Хаггитдан туғилган Одониё ўзини–ўзи шоҳ қилганини, Довуд ҳазратлари эса бу аҳволдан бехабар эканини эшитмадингми? 12Энди мен сенга шундай маслаҳат бераман: Сен ўзингнинг ва ўғлинг Сулаймоннинг ҳаётини қутқар. 13Шоҳ Довуд саройига бориб, унинг ҳузурига киргин. Шоҳга шундай деб айт: “Шоҳ ҳазратлари бу чўрисига, мендан кейин ўғлинг Сулаймон шоҳ бўлади, мендан кейин тахтга у ўтиради, деб ваъда бермаганмидилар?! Нимага энди Одониё шоҳ бўлиб қолди?” 14Сен у ерда шоҳ билан суҳбатни давом эттираётганингда, мен орқангдан кириб, сенинг гапингни қўллаб–қувватлайман.

15Ботшева бориб, шоҳ Довуднинг хонасига кирди: шоҳ жуда мункиллаб қолган, Шунамлик Обиша эса унинг хизматини қилаётган эди. 16Ботшева шоҳга эгилиб таъзим қилди.

— Тила тилагингни, — деди шоҳ. 17Ботшева унга деди:

— Шоҳ ҳазратлари! Бу чўрингизга ўз Эгангиз Худо номи билан онт ичиб “Мендан кейин ўғлинг Сулаймон шоҳ бўлади, мендан кейин тахтга у ўтиради”, деб ваъда берган эдингиз–ку. 18Энди эса Одониё шоҳ бўлиб қолибди. Шоҳ ҳазратлари эса бу ҳақда ҳеч нарса билмайдилар. 19У бир талай буқа, боқилган бузоқ ва қўйлар сўйиб, шоҳимизнинг ҳамма ўғилларини, руҳоний Абуатарни, лашкарбоши Йўабни таклиф қилибди. Қулингиз Сулаймонни эса таклиф қилмабди. 20Шоҳ ҳазратлари! Жамики Исроил халқининг кўзлари сизга қадалган, ўзингиздан кейин тахтга ким ўтиришини сиз эълон қилишингизни кутишяпти. 21Акс ҳолда шоҳ ҳазратлари оламдан ўтиб, ота–боболари ёнига кетганларида, мен ва ўғлим Сулаймон хиёнаткордай бўлиб қоламиз.

22Ботшева шоҳ билан гаплашаётганда, пайғамбар Натан келиб қолди. 23Шунда шоҳга: “Пайғамбар Натан шу ердалар, сизни кўрмоқчилар”, деб хабар беришди. Натан шоҳ ҳузурига кирди–ю, ер ўпиб унга таъзим қилди. 24Кейин у шоҳга деди:

— Шоҳ ҳазратлари! Сиз “Мендан кейин Одониё шоҳ бўлади, мендан кейин тахтга у ўтиради”, деб айтган эдингизми? 25У бугун чиқибоқ бир талай буқа, боқилган бузоқ, қўйлар сўйиб, шоҳнинг ҳамма ўғилларини, қўшинингизнинг лашкарбошиларини[6] ва руҳоний Абуатарни таклиф қилди. Ҳаммалари Одониёнинг ҳузурида еб–ичиб ўтиришибди, “Яшасин шоҳ Одониё!” деб бақиришяпти. 26Мен, қулингизни, руҳоний Зодўхни ва Ёҳайидо ўғли Бинаёни, қулингиз Сулаймонни эса таклиф қилмади. 27Буларнинг ҳаммаси шоҳ ҳазратларининг хоҳишига кўра бўлдими? Шоҳ ҳазратлари ўзларидан кейин тахтга ким ўтириши ҳақида биз, қулларига нега аён қилмадилар?

28Шунда Довуд “Ботшевани менга чақиринглар!” — деди. Ботшева кириб, шоҳ қаршисида турди. 29-30Шоҳ онт ичиб айтди:

— Мени ҳар қандай балолардан доимо сақлаб келган Худойим шоҳид! Мен Исроил халқининг Худоси — Эгамиз номи билан онт ичиб, сенга “Ўғлинг Сулаймон мендан кейин шоҳ бўлади, мендан кейин тахтга у ўтиради”, деб ваъда берган эдим. Ўша онтимни бугун адо этаман.

31Ботшева ер ўпиб, шоҳга таъзим қилди:

— Шоҳимиз Довуд ҳазратлари дунё тургунча турсинлар!

32— Руҳоний Зодўхни, пайғамбар Натанни, Ёҳайидо ўғли Бинаёни менинг ҳузуримга таклиф қилинглар! — деди шоҳ Довуд. Улар шоҳ ҳузурига кириб келдилар. 33Шундан сўнг шоҳ уларга:

— Ёнингизга шоҳингизнинг қўриқчиларини олинглар, — деди. — Ўғлим Сулаймонни менинг хачиримга ўтқазиб, Гихўн булоғига[7] олиб боринглар. 34У ерда руҳоний Зодўх ва пайғамбар Натан Сулаймоннинг бошига мой суртиб, уни Исроил шоҳи қилсинлар. Кейин бурғу чалиб, баланд овоз билан: “Яшасин шоҳ Сулаймон!” деб айтинглар. 35Сўнг унинг орқасидан қайтиб келинглар. У келгач, менинг тахтимга ўтирсин, менинг ўрнимга шоҳ бўлсин. Мен уни Исроил ва Яҳудонинг[8] ҳукмдори қилиб тайинладим.

36Бинаё шоҳга қарата:

— Омин! Шоҳимиз ҳазратларининг Худоси — Эгамизнинг амри ҳам шундай бўлсин! — деди. 37— Эгамиз доим шоҳ ҳазратлари билан бўлган эди. Бундан кейин У Сулаймонга ёр бўлсин, Сулаймоннинг тахтини шоҳимиз Довуд ҳазратлари тахтидан ҳам юксак қилсин.

38Руҳоний Зодўх, пайғамбар Натан, Ёҳайидо ўғли Бинаё, шоҳнинг Харетлик ва Палатлик қўриқчилари[9] Сулаймонни шоҳ Довуднинг хачирига ўтқазиб жўнадилар. Ниҳоят, уни Гихўн булоғига олиб келдилар. 39Руҳоний Зодўх чодирдан[10] олиб келган мой солинган қўчқор шохини[11] олиб чиқди ва Сулаймоннинг бошига мой суртди. Кейин бурғу чалдилар. Шунда бутун халқ: “Яшасин шоҳ Сулаймон!” деб қичқирди. 40Халқ Сулаймонга эргашиб, най чалиб, ўйин–кулги қилиб кетди. Халқнинг қийқириғидан гўё ер титраб кетди.

41Одониё ва ҳамма таклиф қилинганлар таомни еб бўлар–бўлмас, шовқин–суронни эшитиб қолдилар. Йўаб бурғу овозини эшитиб: “Нимага бунчалик шовқин? Шаҳарни ларзага келтиради–я”, — деди. 42У гапини тугатмаган ҳам эдики, руҳоний Абуатарнинг ўғли Йўнатан кириб келди.

— Кел, — деди Одониё унга, — сен улуғ одамсан, яхши хабар олиб келяпсан–ов.

43— Йўқ, шоҳимиз Довуд ҳазратлари Сулаймонни шоҳ қилиб кўтардилар, — деб жавоб берди Йўнатан. 44— Шоҳ Довуд у билан бирга руҳоний Зодўхни ва пайғамбар Натанни, Бинаёни, ўзининг Харетлик ва Палатлик қўриқчиларини юборди. Улар Сулаймонни шоҳнинг хачирига ўтқазишди. 45Руҳоний Зодўх ва пайғамбар Натан Гихўн булоғида Сулаймоннинг бошига мой суртиб, шоҳ қилдилар. У ердан шод–хуррам бўлиб қайтиб келишди. Шунинг учун шаҳар ола–ғовур бўлиб қолди. Сизлар эшитаётган шовқин–суроннинг боиси шудир. 46Сулаймон шоҳлик тахтига ўтирибди. 47Шоҳнинг аъёнлари Довуд ҳазратларини табриклаш учун келиб шундай дейишди: “Сулаймоннинг номини Худойингиз сизнинг номингиздан ҳам кўпроқ улуғласин, унинг тахтини сизнинг тахтингиздан ҳам юксалтирсин.” Шоҳ эса тўшагида ётганича Худога сажда қилиб, 48бундай деди: “Исроил халқининг Худоси — Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! У бугун кўзларим очиқлигида зурриётимдан биттасини тахтга ўтқазди.”

49Одониёнинг меҳмонлари қўрқув ичида ўринларидан туриб, ҳаммаси ҳар ёққа тарқалиб кетдилар. 50Одониё ҳам Сулаймондан қўрққанидан ўрнидан турди–ю, қочиб бориб, қурбонгоҳнинг бурчагидан маҳкам ушлаб олди[12].

51Сулаймонга шу хабарни олиб келдилар: “Одониё шоҳ Сулаймондан қўрқяпти, у қурбонгоҳнинг бурчагини маҳкам ушлаб олиб, Сулаймон, бу қулимни ўлдирмайман, деб олдин менга сўз берсин, деяпти.”

52— Агар у менга содиқ бўлса, — деди Сулаймон, — бирорта тукига зарар етмайди. Борди–ю, кўнглида ёмонлик бўлса, бошини оламан.

53Шоҳ Сулаймон одам юбориб, Одониёни қурбонгоҳдан олдириб келди. Одониё келиб, шоҳ Сулаймонга таъзим қилди. Шундан сўнг Сулаймон: “Бор, уйингга жўна!” — деди унга.

 

2–БОБ - ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

 

Довуднинг Сулаймонга васияти

 

1Довуднинг умри охирлаб бораётган эди. У ўғли Сулаймонга шундай деб васият қилди:

2— Энди менинг ҳам умрим охирлаб боряпти. Сен қатъий иродали, мардонавор бўл. 3Эгангиз Худо қўйган талабларни бажар. Мусонинг Тавротида ёзилганидай, Унинг йўлидан юриб, фармон ва амрларига, қонун–қоидалари ва шартларига риоя қил. Шунда нима қилсанг ҳам, қаерга борсанг ҳам, ҳар доим барака топасан. 4Эгамиз мен ҳақимда айтган мана бу ваъдасини адо этади: “Агар ўғилларинг Менинг олдимда ўз йўлларидан адашмай, бутун қалби билан, жону дили билан содиқ бўлиб юрсалар, сенинг наслингдан бўлган эркак зоти то абад Исроил тахтида ўтиради.” 5Яна Зеруя ўғли Йўаб менга нима қилганини сен биласан. У Исроилнинг иккита лашкарбошисини — Нар ўғли Абнур билан Этер ўғли Эмосани ўлдириб, тинчлик пайтида уруш давридагидай қон тўкди[13]. Чориғидан тортиб белигача урушдагидай қонга булғанди. 6Йўаб ажалидан беш кун бурун ўлсин, ўликлар диёрига[14] тинчгина кирмасин. Шунга ақлингни ишлат. 7Гиладлик Борзулайнинг ўғилларига садоқатли бўл. Улар сенинг дастурхонингдан таом ейдиганлар орасида бўлсин. Чунки мен аканг Абсаломдан қочиб юрганимда, улар менинг олдимда ҳозиру нозир бўлишди[15]. 8Эсингда бўлсин: ёнингда Бенямин қабиласидан Бохуримлик Гера ўғли Шимах ҳам бор. Моханайимга қочиб ўтаётганимда, у мени ёмон қарғаган эди[16]. Лекин кейинроқ у мени кутиб олиш учун Иордан дарёси бўйига чиқди. Мен Эгамиз номи билан онт ичиб, унга: “Сени ўлдирмайман”, деган эдим[17]. 9Лекин сен уни айбсиз деб билма. Сен ақлли одамсан, нима қилишни ўзинг биласан. У қариб қолган бўлса ҳам, ўлдирилиши керак.

 

Довуднинг ўлими

 

10Ниҳоят, Довуд оламдан ўтиб, Довуд қалъасида ота–боболари ёнига дафн қилинди. 11Довуд Исроилда қирқ йил шоҳлик қилди: шундан етти йили Хевронда, ўттиз уч йили Қуддусда ўтди. 12Шундай қилиб, Сулаймон отаси Довуд ўрнига тахтга ўтирди. Унинг шоҳлиги мустаҳкам бўлди.

 

Одониёнинг ўлими

 

13Хаггитдан туғилган Одониё Сулаймоннинг онаси Ботшева ҳузурига келди.

— Тинчликми, бу ерга яхшилик билан келдингми? — деб сўради Ботшева.

— Ҳа, яхшилик билан, — деди Одониё. 14— Сизда гапим бор эди.

— Гапиравер, — деди Ботшева.

15Одониё гап бошлади:

— Яхши биласиз, мен шоҳ бўлишим керак эди[18]. Бутун Исроил халқи менга, бўлажак шоҳ, деб кўз тикиб турган эди. Лекин шоҳлик қўлдан кетди, Эгамизнинг хоҳиши билан укамга насиб қилган экан. 16Энди сиздан бир ўтинчим бор, фақат йўқ деманг.

— Гапир, — деди Ботшева.

17— Илтимосим шуки, — деди Одониё, — шоҳ Сулаймон билан гаплашсангиз, Шунамлик Обишани менга хотинликка берса. Сиз айтсангиз, йўқ демайди.

18— Яхши, мен шоҳга сен тўғрингда айтиб кўрай–чи, — деди Ботшева.

19Ботшева, Одониё ҳақида гаплашай, деб шоҳ Сулаймон ҳузурига кетди. Шоҳ унга пешвоз чиқиб, таъзим қилди, кейин яна тахтига ўтирди. Шоҳнинг онаси учун ҳам тахт қўйиб беришди. Ботшева шоҳнинг ўнг томонига[19] ўтирди.

20— Сенга битта кичкина илтимосим бор, қайтармагин, — деди Ботшева.

— Сўранг, онажон, тилагингиз бажо бўлур, — деди шоҳ.

21— Шунамлик Обишани аканг Одониёга хотинликка берсанг, — деди Ботшева.

22Сулаймон кинояли оҳангда онасига деди:

— Нимага Одониё учун сиз фақат Шунамлик Обишани сўраяпсиз? Одониё акам бўлгандан кейин, у учун шоҳликни ҳам сўрайверинг. Ахир, руҳоний Абуатар, Зеруя ўғли Йўаб унинг тарафини олишларини биласиз–ку!

23Шоҳ Сулаймон Эгамиз номи билан онт ичиб, шундай деди:

— Агар Одониёни шу гапи учун ўлдирмасам, Худо мени ҳар қандай жазога мубтало қилсин, ундан ҳам баттарроғига дучор қилсин. 24Отам Довуднинг тахтига мени ўтқазиб, куч–қудратимни оширган ва Ўзи айтганидай, менинг сулоламни яратган Худо шоҳид! Одониё шу бугуноқ ўлдирилади!

25Шоҳ Сулаймон Бинаёни жўнатди. Бинаё Одониёни ўлдирди.

 

Абуатарнинг бадарға қилиниши ва Йўабнинг ўлдирилиши

 

26Руҳоний Абуатарга эса Сулаймон шу гапларни айтди:

— Сен Онотўтга[20] — ўзингнинг ерингга жўнаб қол! Сен аслида ўлимга лойиқсан! Лекин сен отам Довуднинг олдида Эгамиз Раббийнинг сандиғини олиб борган эдинг, отам билан бирга ҳар нарсага бардош берган эдинг. Шунинг учун ҳозир сени ўлдирмайман!

27Сулаймон Абуатарни Эгамизнинг руҳонийлигидан маҳрум қилди. Шундай қилиб, Эгамизнинг Шилўда Элах хонадони ҳақида айтган сўзлари бажо бўлди[21].

28Бу хабарни Йўаб ҳам эшитди. Абсаломга эргашмаган бўлса ҳам, Одониё исён кўтарганда, Йўаб қўшилган эди. Одониёнинг ўлими ҳақида эшитган Йўаб Эгамизнинг чодирига қочиб борди ва қурбонгоҳнинг бурчагидан ушлаб олди[22]. 29“Йўаб Эгамизнинг чодирига қочиб кетибди, қурбонгоҳ ёнида экан”, деган хабарни Сулаймонга етказишди. Сулаймон ўша заҳоти Бинаёни жўнатиб “Бор, уни ўлдириб кел”, деб буюрди. 30Бинаё Эгамизнинг чодирига келиб, Йўабга: “Шоҳимиз сени, чодирдан чиқсин, деяптилар”, деб хабар берди. Йўаб эса: “Йўқ, мен шу ерда ўлишни истайман”, деб жавоб қилди. Бинаё: “Йўаб менга шундай–шундай деди”, деб шоҳга етказди. 31Шоҳ Бинаёга:

— У нима деган бўлса, айтганини қил, — деди, — уни ўлдириб, дафн қил, токи Йўаб тўккан бегуноҳ қонларнинг жавобгарлиги менинг ва отам хонадонининг гарданимизда қолмасин. 32Эгамиз унинг қонини ўзининг бошига етказсин. У отам Довудга билдирмасдан, иккита солиҳ, ўзига қараганда яхши инсонни ўлдирган эди. Улардан бири Исроил лашкарбошиси, Нар ўғли Абнур, иккинчиси эса Яҳудо лашкарбошиси Этер ўғли Эмоса[23] эди. 33Икковининг қони то абад Йўабнинг гарданида, унинг насли гарданида қолсин. Эгамиз Довудни, унинг наслини, хонадонини ва тож–тахтини то абад саломат қилсин!

34Сўнг Бинаё бориб, Йўабни ҳам ўлдирди. Йўаб чўл яқинидаги ўз уйида дафн қилинди. 35Шоҳ Сулаймон Йўабнинг ўрнига Бинаёни лашкарбоши, Абуатарнинг ўрнига Зодўхни руҳоний қилиб тайинлади.

 

Шимахнинг ўлими

 

36Шундан сўнг шоҳ одам юбориб, Шимахни чақиртириб келди ва унга шундай деди:

— Қуддусда ўзингга бир уй қур ва ўша ерда ўтир. У ердан ҳеч қаерга чиқма. 37Шуни билиб қўйки, ўша ердан чиқиб, Қидрон сойлигидан[24] ўтган кунингоқ ўлиминг муқаррардир. Ўзингнинг бошингни ўзинг ейсан.

38— Хўп бўлади, шоҳ ҳазратлари, гапингиз тўғри, — деди Шимах шоҳга. — Нима буюрсалар, мен, қулингиз, бажо айларман.

Шундай қилиб, Шимах узоқ вақт Қуддусда яшаб қолди.

39Лекин орадан уч йил ўтиб, бир воқеа юз берди: Шимахнинг икки қули Гат[25] шоҳи Охишнинг ёнига қочиб кетди. Шоҳ Охиш Махо деганнинг ўғли эди. Шимахга: “Қулларинг Гатда экан”, деб хабар бердилар. 40Шимах эшагини эгарлади ва қулларини излаб Гатга — Охиш ҳузурига йўл олди. У ерга бориб, қулларини қайтариб олиб келди. 41Шундан кейин Сулаймонга “Шимах Қуддусдан Гатга бориб, яна қайтиб келибди”, деб хабар бердилар. 42Шоҳ Шимахни чақиртириб келиб, унга шундай деди:

— Сенга: “Билиб қўй, Қуддусдан чиқиб, бирор ерга борган кунингоқ ўлишинг муқаррар”, деб Эгамиз номи билан онт ичдириб, қаттиқ огоҳлантирмаганмидим?! Сен эса: “Хўп бўлади! Гапингиз тўғри” деган эдинг. 43Нега Эгамизга ичган онтингга ва менинг амримга итоат қилмадинг?

44Шоҳ яна Шимахга айтди:

— Отам Довудга қилган ёмонликларингни ўзинг биласан, юрагингда муҳрланиб қолган. Қилган ёмонликларинг учун сенга Эгамиздан қайтсин! 45Шоҳ Сулаймон эса Эгамизнинг марҳаматидан баҳраманд бўлсин, Довуднинг тож–тахти Эгамизнинг олдида то абад мустаҳкам турсин!

46Сўнг шоҳ Сулаймон Бинаёга амр берди, у чиқди–ю, Шимахни ўлдирди. Шундай қилиб, Сулаймоннинг шоҳлиги хавф–хатардан холи бўлиб, мустаҳкамланди.

 

3–БОБ - ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

 

Сулаймон донолик сўрайди

 

1Сулаймон Миср шоҳи — Фиръавннинг қизларидан бирига уйланиб, Фиръавн билан алоқасини мустаҳкамлади, хотинини эса Қуддусдаги Довуд қалъасига олиб келди. У ўз саройини, Эгамизнинг уйини ва Қуддус атрофидаги деворни битиргунга қадар, хотини ўша ерда яшади. 2Халқ ҳали ҳам турли жойлардаги саждагоҳларда[26]қурбонлик қилиб юрарди, чунки ўша кунларгача Эгамизга атаб бир уй қурилмаган эди.

3Сулаймон Эгамизни севарди, шунинг учун отаси Довуднинг кўрсатмалари бўйича юрарди. Лекин у ҳам саждагоҳларда қурбонлик қилар ва тутатқи тутатарди.

4Шоҳ қурбонлик қилиш учун Гивонга[27] кетди. Чунки энг асосий саждагоҳ ўша ерда эди. Сулаймон илгари ҳам ўша қурбонгоҳда минглаб куйдириладиган қурбонликлар келтирган эди.

5Сулаймон Гивонда кечаси туш кўрди. Тушида Эгамиз зоҳир бўлди. Худо унга:

— Тила тилагингни! — деди.

6Сулаймон айтди:

— Эй, Худойим! Отам Довуд Сенинг қулинг эди. Отам Сенга содиқ бўлиб, солиҳлик билан, тўғри кўнгил билан юргани учун, унга улуғ севгингни кўрсатдинг. Отамга марҳамат қилиб, бугун унинг тахтига ўтирмоғи учун унга бир ўғил ато этдинг. 7Энди эй, Эгам Худо, бу қулингни отам Довуд ўрнига шоҳ қилдинг. Мен эса бир ёш боладайман, кўп нарсага ақлим етмайди, нима қилишимни ҳам билмайман. 8Энди мен, қулинг, Ўзинг сайлаб олган халқни бошқаришим лозим. Кўплигидан бу халқни ҳисоблаб чиқишнинг имкони ҳам йўқ. 9Энди халқингга шоҳлик қилишим учун менга ақл–идрок бергинки, яхшилик билан ёмонликнинг фарқига борайин. Бинобарин, Сенинг шу қадар беҳисоб халқингга ким ҳукмронлик қила олар?!

10Сулаймон сўраган нарсалар Раббийга маъқул бўлди. 11Сўнг Худо унга деди:

— Сен ўзинг учун узоқ умр сўрамадинг, ўзинг учун бойлик истамадинг, душманларингнинг жонини сўрамадинг. Аксинча, тўғри ҳукм этмоқ учун ўзинг учун ақл–идрок сўрадинг. 12Ўзингнинг сўраганингга кўра, сенга донишмандлик ва ақл–идрок ато қиламан. Сендан аввал ўзингга ўхшагани дунёга келмаган эди, бундан сўнг ҳам сенга ўхшагани дунёга келмас. 13Яна ўзинг сўрамаган нарсаларни — бойлик ва обрўни ҳам бераман: умринг бўйи шоҳлар орасида сенга тенг келадигани бўлмас. 14Сен ҳам фармонларимга, амрларимга риоя қилиб, отанг Довуд юргани сингари, Менинг йўлларимдан юрсанг, умрингни янада узайтираман.

15Сулаймон уйғониб кетди, ҳаммаси туш эди. Шундан кейин у Қуддусга келди ва Эгамизнинг аҳд сандиғи олдида туриб, куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликлари қилди, ҳамма аъёнларига зиёфат берди.

 

Сулаймоннинг донишмандлигидан бир лавҳа

 

16Бир куни иккита фоҳиша хотин шоҳнинг ҳузурига келиб, унинг олдига киришди. 17Хотинлардан бири гап бошлади:

— Ҳазрати олийлари! Мен мана бу аёл билан бир уйда яшайман. У билан уйда қолганимда, менинг кўзим ёриди. 18Менинг кўзим ёригандан сўнг учинчи куни бу аёл ҳам фарзанд кўрди. Хуллас, биз бирга эдик. Уйда фақат икковимиз, бошқа одам йўқ эди. 19Манави хотин кечаси боласини босиб олган экан, боласи ўлиб қолибди. 20Ярим кечаси туриб, бу чўрингиз ухлаб ётганда, ўғлимни бағримдан олиб, ўзининг ёнига қўйибди. Нобуд бўлган боласини эса менинг ёнимга ётқизиб қўйибди. 21Боламни эмизиш учун саҳарда турсам, у жонсиз ётган экан. Фақат эрталаб унга қараб, менинг ўғлим эмаслигини билдим.

22Иккинчи хотин эса:

— Йўқ, тириги — менинг ўғлим, ўлган бола — сеники! — деди.

Биринчиси эса:

— Йўқ, ўлган бола — сеники, тириги — меники! — деди.

Шундай қилиб, улар шоҳ ҳузурида можаро қилишди. 23Ниҳоят, шоҳ деди:

— Бирингиз: “Тириги — менинг ўғлим, нобуд бўлгани — сеники”, деяпсиз. Иккинчингиз эса: “Йўқ, нобуд бўлгани — сеники, тириги — меники”, деяпсиз.

24Шундан кейин шоҳ:

— Менга бир қилич олиб келинглар! — деб буюрди. Шоҳга қилич олиб келишди. 25— Тирик болани иккига бўлинглар. Ярмини биттасига, ярмини эса иккинчисига беринглар! — деб фармон берди.

26Шу заҳоти боласи тирик қолган аёл шоҳга деди:

— Ҳазрати олийлари! Тирик қолган болани манави аёлга бераверинг! Уни ўлдирмасангиз бўлди!

Бу аёлнинг фарзанди учун юраги ёнарди.

Наригиси эса:

— Менга ҳам бўлмасин, сенга ҳам, иккига бўлаверинглар! — деди.

27Шу онда шоҳ:

— Тўхтанглар, болани ўлдирманглар! — деди. — Болани раҳмдил аёлга беринглар, онаси ўшадир.

28Шоҳ чиқарган бу ҳукмни бутун Исроил халқи эшитди. Шундан кейин шоҳдан ҳайиқадиган бўлдилар, чунки эътибор берсалар, адолатли ҳукм қилиш учун Худо унга донишмандлик ато қилган экан.

 

4–БОБ - ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

 

Сулаймоннинг амалдорлари

 

1Сулаймон бутун Исроилнинг шоҳи эди. 2Унинг қўл остидаги аъёнлар қуйидагилар эди:

Зодўх ўғли Озариё — руҳоний,

3Шишонинг ўғиллари Элихорут ва Охиё — котиб,

Охилуд ўғли Ёҳушафат — тарихнавис,

4Ёҳайидо ўғли Бинаё — лашкарбоши,

Зодўх билан Абуатар — руҳоний,

5Натан ўғли Озариё — ҳокимларнинг назоратчиси,

Натан ўғли Забуд — руҳоний ва шоҳнинг маслаҳатчиси,

6Охисар — сарой бошқарувчиси,

Абдах ўғли Одонирам — қаролларнинг бошлиғи эди.

7Сулаймоннинг ўн иккита ҳокими бўлиб, улар Исроил ҳудудларини бошқарар, шоҳни ва шоҳ хонадонини озиқ–овқат билан таъминлардилар. Ҳар биттаси йилига бир ой давомида шоҳ хонадонига озиқ–овқат етказиб бериши шарт эди. 8Уларнинг исмлари қуйидагича эди:

Эфрайим қирларида — Банхур,

9Мохаз, Шалбим, Байт–Шамаш, Элўн–Байт–Ханон деган шаҳарларда — Бандахор,

10Арбўт ва Сўхў шаҳарларида, бутун Хафер ўлкасида — Банхесед,

11Бутун Нафўт–Дўр[28] деган жойда — Банабунадов (Сулаймоннинг қизи Тўфат Банабунадовнинг хотини эди),

12Танах ва Махидў шаҳарларида, бутун Байт–Шан[29] ҳудудида — Охилуд ўғли Бано (бу жой Йизрил этагидаги Зоратон шаҳридан Овил–Махла шаҳригача ва Ёхмаём шаҳрининг нариги томонига қадар бўлган ерлардир),

13Гиладдаги Рамўт шаҳрида — Бангебер, шунингдек, Манаше ўғли Ёвир уруғига қарашли Гилад ўлкасидаги қишлоқлар, Башан ўлкасидаги Аргоб ҳудуди, девор билан ўралган ва дарвозаси бронза тамба билан мустаҳкамланган олтмишта катта шаҳар ҳам унга қарарди.

14Моханайим ерларида — Иддо ўғли Охинадов,

15Нафтали ҳудудида — Охимас (у Сулаймоннинг қизи Босиматга уйланган эди),

16Ошер ҳудудида ва Болўт шаҳрида — Хушай ўғли Бано,

17Иссахор ерларида — Парувах ўғли Ёҳушафат,

18Бенямин ерларида — Эла ўғли Шимах,

19Гилад ўлкасида — Ури ўғли Гебер. Бу юртда Сихўн — Амор халқининг шоҳи, Ўг — Башан шоҳи бўлган эди.

Яҳудо юртининг ўз ҳукмдори бор эди[30].

 

Сулаймон ҳукмронлигининг равнақ топиши

 

20Яҳудо ва Исроил халқи шу қадар кўп эдики, гўё денгиз қирғоғидаги қумни эслатарди. Улар еб–ичиб, хурсандчилик билан яшашарди. 21Сулаймон Фурот дарёсидан Филистлар ерига ва Миср чегараларига қадар бўлган ҳамма ўлкаларда шоҳлик қиларди. Бу ўлкалардаги халқлар Сулаймонга ўлпон тўлаб, умр бўйи унга тобе бўлдилар.

22Сулаймон хонадонининг бир кунлик озиғи қуйидагича эди: 300 тоғора[31] сифатли ун ва 600 тоғора[32] кепакли ун, 23оғилхонада боқилган семиз молдан 10та ва яйловда боқилган буқадан 20та мол, 100та қўй, булардан ташқари, буғулар, кийиклар, оҳулар, семиз паррандалар.

24Фурот дарёсининг ғарбидаги Тифсахдан Ғазо шаҳрига қадар бўлган ўлкаларда, дарёнинг ғарб томонидаги ҳамма шоҳлар устидан Сулаймон ҳукмрон эди. Атрофдаги ҳамма юртлар билан алоқаси яхши эди. 25Сулаймон ҳаётлигида Дандан Бэршэвага қадар бўлган Яҳудо ва Исроил юртидаги ҳар бир одам ўз узумзорида, ўз анжир дарахти остида тинчгина умр кечирарди.

26Сулаймоннинг отхоналарида жанг аравалари учун тўрт минг[33] оти, ўн икки минг учқур отлари бор эди. 27Ўша ўн икки ҳокимнинг ҳар бири шоҳ Сулаймонни, шоҳ Сулаймоннинг дастурхонидан таом ейдиганларнинг ҳаммасини белгиланган ойда озиқ–овқат билан таъминларди, бирорта ҳам камчиликка йўл қўйишмасди. 28Ҳар бири ўзининг навбати келганда шоҳ тайинлаган ерга[34] жанг араваларининг отлари ва бошқа отлар учун арпа, сомон ҳам олиб келишарди.

29Шундай қилиб, Худо Сулаймонга денгиз қирғоғидаги қум каби чексиз–чегарасиз донолик, идрок, тенгсиз ақл берди. 30Сулаймоннинг донолиги бутун шарқ халқларининг донолигидан, бутун Миср халқининг донолигидан ҳам ортиқ эди. 31У ҳамма инсонлардан, Зерах уруғидан бўлган Этхандан, Мохул ўғиллари Хаман, Қолкўл, Дардахдан ҳам доно эди. Атрофдаги ҳамма халқлар орасида унинг донғи кетган эди. 32У 3000 матал, 1005та қўшиқлар ижро этди. 33У Лубнондаги садр дарахтидан тортиб деворда ўсган иссопгача, қўйингки, жамики дов–дарахтлар, ҳайвонлар, қушлар, судралиб юрувчилар, балиқлар ҳақида сўз юритарди. 34Дунёдаги ҳамма шоҳлар Сулаймоннинг донолигидан баҳраманд бўлгани унинг олдига одамларини юборарди. Ҳамма халқлардан одамлар келиб, Сулаймоннинг доно сўзларини эшитардилар.

 

5–БОБ - ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

 

Сулаймон Эгамизнинг уйини қуришга тайёргарлик кўради

 

1Тир[35] шоҳи Хирам: “Сулаймонни отасининг ўрнига мой суртиб шоҳ қилиб кўтаришибди”, деган хабарни эшитгач, аъёнларини унинг ҳузурига жўнатди. Хирам Довудни доимо ўзига дўст деб биларди[36]. 2Сулаймон ҳам Хирам ҳузурига аъёнларини жўнатиб, шу гапларни айтиб юборди:

3“Сиз биласизки, отам доимо душманларига қарши жанг қилиш билан банд бўлиб, ўзининг Эгаси Худога атаб бир уй бунёд эта олмади. Ниҳоят, Эгам отам Довуднинг душманларини унинг оёқлари остига ташлади. 4Эгам Худо энди менга ҳар тарафдан осойишталик ато этди: ҳозирда на ғанимим бор, на ҳужум хавфи бор. 5Эгам отам Довудга: “Сенинг ўрнингга, сенинг тахтингга ўғлингни ўтқазар эканман, Менга атаб уйни у барпо қилади”, деган эди. Шунинг учун Эгам Худога атаб бир уй қурмоққа қарор қилдим. 6Энди сиз амр беринг, Лубнонда менга садр дарахтлари кесиб берсинлар. Менинг одамларим сизнинг одамларингиз билан бирга ишлайдилар. Одамларингизга сиз сўраган ҳақни бераман. Ўзингиз биласиз, дарахт кесишда Сидонлик одамларингизга тенг келадиган устаси бизнинг орамизда йўқ.”

7Хирам Сулаймон юборган хабарни эшитгач, жуда хурсанд бўлиб, шундай деди: “Ўша буюк халқни бошқариш учун Эгамиз Довудга доно бир ўғил ато қилибди, Эгамизга ҳамду санолар бўлсин.” 8Кейин у Сулаймонга шундай хабар жўнатди:

“Менга айтиб юборган гапларингни эшитдим. Садр ва сарв дарахти кесишни сўраган экансан, эҳтиёжингни қондираман. 9Қаролларим ёғочларни Лубнондан денгизга судраб келадилар. Қаерни тайин этсанг, ёғочлардан сол[37] қилиб, денгиз соҳили бўйлаб ўша ерга келтириб бераман. У ерда солларни ечдираман, сен эса олиб кетаверасан. Менинг эҳтиёжимни қондириб, одамларим учун озиқ–овқат берасан.”

10Шундай қилиб, Хирам, Сулаймоннинг эҳтиёжига кўра, садр ва сарв ёғочлари берди. 11Сулаймон эса, Хирамнинг одамлари истеъмол қилсин, деб 200.000 тоғора[38] буғдой ва 40.000 кўза[39] тоза мой берди. У ҳар йили Хирамга шунча миқдорда буғдой ва мой бериб турди. 12Эгамиз эса ваъдасига кўра, Сулаймонга донишмандлик берди. Хирам билан Сулаймон ўртасида тотувлик пайдо бўлиб, улар ўзаро сулҳ туздилар.

13Шоҳ Сулаймон бутун Исроилдан 30.000 қаролни мажбурлаб олди. 14Навбати билан ойига 10.000тасини Лубнонга жўнатиб турди. Улар бир ой Лубнонда, икки ой уйда бўлишарди. Бу қаролларга Одонирам бошчилик қиларди. 15Яна Сулаймоннинг оғир юк ташувчи 70.000, қирларда тош кесадиган 80.000 одами бор эди. 16Булардан ташқари, қаролларни назорат қиладиган, ишнинг бошида турадиган 3300та назоратчи ҳам бор эди. 17Сулаймон амр бергач, улар Эгамизнинг уйи пойдеворини тарошланган тошдан барпо қилиш учун йирик мармар тошларни кесдилар. 18Сулаймоннинг одамлари, Хирамнинг одамлари, Габолликлар[40] тошларни йўндилар, ниҳоят, Эгамизнинг уйини қуриш учун дарахт ва тошларни ҳозирлаб бўлдилар.

 

6–БОБ - ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

 

Сулаймон Эгамизнинг уйини қуради

 

1Исроил халқи Миср юртидан чиққанларига 480 йил бўлганда, Сулаймон Исроил тахтига ўтирганига тўрт йил бўлган эди[41]. У ўша йилнинг иккинчи ойида — Зив ойида[42]Эгамизнинг уйини барпо қилишни бошлади. 2Шоҳ Сулаймон Эгамиз учун қураётган уйнинг узунлиги 60 тирсак[43], энига 20 тирсак, баландлиги 30 тирсак эди. 3Эгамиз уйининг асосий хонаси олдида айвон бўлиб, айвоннинг узунлиги асосий хонанинг эни билан бир ўлчовда — 20 тирсак, эни 10 тирсак эди. 4Уйга панжарали деразалар ҳам ясаттирди. 5Уйнинг ташқаридаги деворининг ёнига ва орқасига уч қаватли ён хоналар қурдирди. 6Биринчи қаватнинг кенглиги 5 тирсак, иккинчи қаватнинг кенглиги 6 тирсак, учинчи қаватнинг кенглиги 7 тирсак эди. Сулаймон уйнинг деворларини, ён хоналарнинг ҳажмига мослаб, зинапоя шаклида қурдирди. Шу сабабдан ён хоналар уйнинг деворига тақалмаган эди.

7Уй қурилиши учун тошлардан фойдаланилди. Тошлар коннинг ўзида йўниб тайёрланди. Шу сабабдан уй қурилаётганда, на болға, на болта, на бирор темир асбоб овози эшитилди.

8Ўрта қаватдаги ён хонанинг эшиги уйнинг жануб томонида эди: айланма зинапоя орқали ўрта қаватга, ўрта қаватдан эса учинчисига чиқиларди. 9Шундай қилиб, Сулаймон уйнинг деворларини қуриб битказди. Сўнг уйнинг томини садр дарахтидан қилинган тўсинлар ва тахталар билан ёпди. 10Уйнинг айланаси бўйлаб қурилган ён хоналарнинг ҳар бир қаватининг баландлиги 5 тирсак эди. Тўсинлар ён хоналар билан уйнинг деворини боғлаб турарди.

11Эгамиз Сулаймонга шу сўзларни аён қилди:

12— Мана, сен уйни қуряпсан. Агар Менинг фармонларимга кўра юрсанг, қонун–қоидаларимга риоя этсанг, ҳамма амрларимга итоат қилсанг, ўшанда отанг Довудга берган ваъдаларимни сен орқали бажараман. 13Ҳар доим Исроил халқи орасидан маскан қиламан, халқим Исроилни асло тарк этмайман.

14Шундай қилиб, Сулаймон Худонинг уйини қуриб бўлди.

 

Эгамиз уйининг безаклари ҳақида батафсил маълумотлар

 

15Сулаймон Эгамиз уйининг девори ичкарисини ердан шифтига қадар садр ёғочидан қилинган тахта билан қоплатди. Полини сарв ёғочи тахтасидан қилди. 16Ички хона уйнинг ичкарисига қурилган бўлиб, ердан шифтига қадар садр ёғочи билан ажратилган эди. Бу хона Энг муқаддас хона, деб аталди. Бу хонанинг бўйи 20 тирсак чиқарди. 17Уйнинг асосий хонаси 40 тирсак бўлиб, Энг муқаддас хонанинг олд томонида эди. 18Уйнинг ичкариси садр тахталари билан қопланиб, тахталарга қовоқ ва очилиб турган гуллар сурати шундай ўйилган эдики, девор тошлари кўринмас эди.

19Энг муқаддас хона Эгамизнинг аҳд сандиғини қўйиш учун ҳозирланган эди. 20Ўша хонанинг узунлиги ички тарафдан 20 тирсак, кенглиги 20 тирсак, баландлиги ҳам 20 тирсак эди. Сулаймон бу хонани тоза олтин билан қоплатди. Садр ёғочидан ясалган тутатқи қурбонгоҳини ҳам олтин билан қоплатди[44]. 21Сулаймон уйнинг асосий хонасини ҳам олтин билан қоплатди. Олтин билан қопланган Энг муқаддас хонанинг олд томонига олтин занжирлар торттирди. 22Шундай қилиб, Сулаймон уйнинг ҳамма жойини бошдан охиригача олтин билан қоплатди. Энг муқаддас хонанинг кираверишидаги тутатқи қурбонгоҳини ҳам тамомила олтин билан қоплади.

23Сўнг Энг муқаддас хонага қўйиш учун зайтун дарахти ёғочидан иккита каруб ясаттирди. Карубларнинг баландлиги 10 тирсак эди. 24Карубларнинг қанотлари 5 тирсакдан эди. Қанотларнинг у учидан бу учигача ҳаммаси бўлиб 10 тирсак чиқарди. 25Ҳар иккала карубнинг шакли, ҳажми бир эди. 26Ҳар бир карубнинг баландлиги 10 тирсак эди. 27Сулаймон карубларни Энг муқаддас хонага ёнма–ён қўйди. Карубларнинг қанотлари чўзилиб кетган, бирининг қаноти бир деворга, иккинчисининг қаноти эса нариги деворга тегиб турарди. Уйнинг ўртасида эса икковининг қанотлари бир–бирига туташарди. 28Сулаймон карубларни ҳам тоза олтин билан қоплатди.

29Иккала хонанинг деворига гир айланаси бўйлаб карублар, пальма дарахтлари, очилиб турган гулларнинг суратини ўйдирди. 30Бу хоналарнинг полини ҳам олтин билан қоплатди.

31Энг муқаддас хонанинг кириш жойига зайтун ёғочидан икки тавақали эшик ясаттирди. Эшикнинг кесакиси[45] беш қиррали эди. 32Зайтун ёғочидан ясалган икки тавақали эшикка карублар, пальма дарахтлари, очилиб турган гуллар суратини ўйдирди, сўнг эшик устини, карублар ва пальма дарахтлари суратини ҳам олтин билан қоплатди.

33Асосий хонанинг кираверишидаги тўрт бурчакли кесакини зайтун ёғочидан, 34иккита эшикни сарв дарахти ёғочидан ясади. Эшикларнинг ҳар бири икки тавақали, йиғма эди. 35Эшикларнинг юзасига ҳам карублар, пальма дарахти, очилиб турган гуллар суратини ўйдириб, уларни олтин билан бир текис қилиб қоплатди. 36Ички ҳовли деворларининг уч қаторини тарошланган тошдан, бир қаторини садр ёғочидан қилди.

37Эгамиз уйининг пойдевори Сулаймон ҳукмронлигининг тўртинчи йилида — Зив ойида[46] қўйилиб, 38ўн биринчи йилнинг саккизинчи ойида — Бул ойида[47] лойиҳага биноан батамом, ҳамма икир–чикиригача қуриб битказилди. Шундай қилиб, Сулаймон уйни етти йил давомида бунёд қилди.

 

7–БОБ - ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

 

Сулаймоннинг саройи

 

1Сулаймон ўзига ҳам сарой қурди. У ўз саройини ўн уч йилда қуриб битказди.

2У дастлаб саройдаги “Лубнон ўрмони” деган уйини[48] қурди. Уйнинг узунлиги 100 тирсак[49], кенглиги 50 тирсак, баландлиги 30 тирсак бўлиб, садр ёғочидан тўрт қатор устун ўрнатилган, устунлар тепасига садр ёғочидан қилинган тўсинлар ташланган эди. 3Уйнинг томи садр ёғочи билан қопланган эди. Тўсинлар қирқ бешта бўлиб, ҳар қаторда ўн бештадан эди. 4Ён деворлардаги деразалар уч қатор бўлиб, бир–бирига рўпарама–рўпара эди. 5Ҳамма эшиклар ва эшиклар кесакиси[50] тўрт бурчакли қилиб ясалган, ён деворларда учтадан эшик бўлиб, бир–бирига рўпарама–рўпара эди.

6Сулаймон саройнинг “Устунли кошона”сини ҳам қурди. Кошонанинг бўйи 50 тирсак, эни 30 тирсак эди. Кошонанинг олд томонида айвон қурдириб, устун билан тиради. Айвоннинг томи ёпилган эди. 7Яна саройнинг тахт турадиган кошонасини қурдириб, тепасидан пастига қадар садр ёғочи билан қоплади. Сулаймон бу кошонада ўтириб, ҳукм чиқарарди.

8Бу кошонанинг орқа томонидаги ҳовлида Сулаймон яшайдиган уй бор эди. Бу уй ҳам айни шу тарзда қурилган эди. Сулаймон хотини — фиръавннинг қизи учун ҳам худди шу кошона каби бир уй қуриб берди.

9Бинолар пойдеворидан томигача мармар тошлардан қилинган эди. Мармар тошларнинг олд ва орқа томони арралаб тарошланган, белгиланган ўлчовга кўра тайёрланган эди. Ҳовлининг деворлари ҳам шу тарзда қурилган эди. 10Пойдеворнинг мармар тошлари йирик, 8 тирсакли, 10 тирсакли эди. 11Девори ҳам мармар тошлардан қурилган эди. Тошлар белгиланган ўлчовга кўра тайёрланиб, тарошланган эди. Девор қурилишида садр ёғочидан ҳам фойдаланилди. 12Катта ҳовлининг чор атрофи девор билан ўралган бўлиб, уч қатор тарошланган тош ва бир қатор садр ёғочидан қилинган эди. Эгамиз уйининг ички ҳовлиси билан айвони деворлари ҳам шундай қилинган эди.

 

Хуром

 

13Шоҳ Сулаймон Тир шаҳридан Хуром деган бир одамни чақиртириб келди. 14У Нафтали қабиласидан бир бева аёлнинг ўғли эди. Отаси Тир шаҳридан бўлиб, мисгар ўтган эди. Хуром бор истеъдоди, маҳорати ва ақлини ишга солиб, бронзадан турли буюмлар ясашни ўрганиб олган эди. У Сулаймон ҳузурига келгач, ҳамма ишларни бажариб берди.

 

Бронзадан ясалган иккита устун

 

15Хуром бронзадан иккита устун ясади, ҳар бир устуннинг баландлиги 18 тирсак, тевараги 12 тирсак чиқарди. 16Бронзани эритиб яна иккита устунқош ясади, бу устунқошлар устунларнинг тепасига қўйиш учун керак эди. Устунқошларнинг баландлиги 5 тирсак эди. 17Устунқошларнинг ҳар бири еттита тўрсимон безаклару тўқилган занжирлар билан безатилган эди. 18Устунқошларни қоплаш учун ҳар бир тўрсимон нақш атрофидан айланасига икки қатор қилиб анор сурати солинган эди.

19Ҳар бир устуннинг иккинчи устунқоши ҳам бор эди. Уларнинг баландлиги 4 тирсак бўлиб, лолагул шаклида эди. 20Устунқошнинг бўртиқ жойларига тўрсимон безаклар солинган бўлиб, безакларнинг тепаси ва пастига айлантириб, 200та анор сурати солинган эди. 21Хуром устунларни уйнинг айвонига ўрнатди: жануб томонига ўрнатилган устунга Ёхин[51] деб, шимол томонига ўрнатилган устунга Бўаз[52] деб ном берди. 22Устунларнинг тепаси лолагул шаклида эди. Шундай қилиб, устунлар тайёр бўлди.

 

Бронзадан ясалган ҳовуз

 

23Кейин Хуром бронзани эритиб думалоқ шаклда ҳовуз ясади. Ҳовузнинг бир қирғоғидан нариги қирғоғигача 10 тирсак, баландлиги эса 5 тирсак эди. Айланаси 30 тирсак эди. 24Ҳовузнинг ташқи томонида, қирғоғи остида айланасига икки қатор қовоқсимон бўртиқ бор эди. Ҳар бир тирсак масофада ўнтадан шундай шакл қилинган эди. Бронза эритилиб, ҳовуз ясалаётган пайтда, бу қовоқсимон бўртиқлар ҳам қилинган эди. 25Ҳовуз бронзадан қилинган ўн иккита буқа устига ўрнаштирилган эди. Буқаларнинг учтаси шимолга, учтаси ғарбга, учтаси жанубга ва учтаси шарққа қаратилган эди. Буқаларнинг орқа томони ҳовузнинг ичкарисига қаратилган эди. 26Ҳовузнинг қалинлиги тўрт энли бўлиб, четлари косанинг четларига ўхшар, шакли лолагулга ўхшарди. Унга 4000 кўза[53] сув сиғарди.

 

Бронзадан ясалган аравалар

 

27Сўнг Хуром бронзадан ўнта арава ясади. Ҳар бир араванинг узунлиги 4 тирсак, кенглиги ҳам 4 тирсак, баландлиги 3 тирсак эди. 28-29Араваларнинг тузилиши қуйидагича эди: араваларнинг тўртала томонида бронзадан ясалган тўсиқлар бўлиб, бу тўсиқларга арслон, буқа ва карубларнинг сурати солинган эди. Ҳар бир тўсиқнинг тўрт томонига бўртиқ шаклда гулчамбарлар ишланган эди. 30Ҳар бир араванинг тўртта бронза ғилдираги ва ўқлари бор эди. Араванинг ҳар тўртала бурчагида ҳам тоғорани ушлаб турадиган тирговучлар бор эди. Ҳар бир қуйма тирговучнинг ёнбошида гулчамбарлар ясалган эди. 31Араванинг тепасида думалоқ шаклда чамбарак бўлиб, аравадан бир тирсак юқори чиқиб турарди. Чамбарак кўндалангига бир ярим тирсак эди. Чамбарак оғзи ҳам айланасига суратлар билан безатилган эди. Араваларнинг тўсиқлари эса тўртбурчак шаклда эди. 32Араваларнинг тўртала ғилдираги ён тўсиқларнинг остида эди. Ғилдиракларнинг ўқлари аравага маҳкамланган, ҳар бир ғилдиракнинг баландлиги бир ярим тирсак эди. 33Ғилдиракларнинг тузилиши жанг араваси ғилдирагининг тузилишига ўхшарди: ғилдиракларнинг ўқлари, тўғини, кегайлари, гупчаклари қуйма эди. 34Ҳар бир араванинг тўрт бурчагида тўртта кашак[54] бор эди. Кашаклар аравага маҳкамланган эди. 35Араванинг юқорисидан ярим тирсак баландликда думалоқ ҳалқа бор эди. Араванинг юқорисидан тирговуч ва ён тўсиқлари бирга қўйилган эди. 36Шундай қилиб, Хуром ҳар бир тирговучнинг ва ён тўсиқларнинг юзасига карублар, арслонлар, пальма дарахтлари ва гулчамбарлар суратини ўйди. 37У ўнта араванинг ҳаммасини бир хил шакл ва ҳажмда ясади.

38Хуром ўнта араванинг устига қўйиш учун бронзадан ўнта тоғора ясади. Ҳар бир тоғорага 80 кўза[55] сув сиғар эди. Ҳар бир тоғора кўндалангига 4 тирсак чиқарди. Ҳар бир аравага биттадан тоғора эди. 39Араванинг бештасини Эгамиз уйининг жануб томонига, бештасини шимол томонига қўйди. Ҳовуз шаклини эса уйнинг жануби–шарқ томонига ўрнаштирди. 40Хуром қозонлар, куракчалар ва тоғорачалар ҳам ясади.

 

Эгамиз уйи безакларининг рўйхати

 

Хуром шоҳ Сулаймон учун Эгамизнинг уйига оид қуйидаги ашёларни ясаб берди:

41иккита устун,

устунларнинг тепасидаги иккита доира шаклидаги устунқош,

устунқошни ўраб турган иккита тўрсимон безак,

42иккала безакнинг ёнларида тўрт юзта анор сурати, яъни устунлар тепасида доира шаклидаги иккита устунқошни қоплаб туриш учун ҳар бир тўрсимон безакнинг иккала чеккасидаги анор суратлари,

43ўнта арава, араванинг устидаги ўнта тоғора,

44битта ҳовуз, ҳовуз остидаги ўн икки буқа шакли,

45қозонлар, кураклар, тоғорачалар.

Хуром шоҳ Сулаймон учун Эгамизнинг уйига оид ана шу ашёларни сайқал бронзадан ясаб берди. 46Шоҳ бу нарсаларни Иордан водийси атрофларида — Сухўт ва Зоратон орасида лойдан ясалган қолипларда қуйдирди. 47Буюмлар ғоят кўплигидан Сулаймон бронзани ўлчамасдан ишлатаверди. Шунинг учун ишлатилган бронзанинг ҳисоби аниқланмади.

48Сулаймон Эгамизнинг уйи учун қуйидаги ҳамма буюмларни ҳам ясаттирди:

олтиндан ясалган тутатқи қурбонгоҳи,

устида муқаддас нонлар[56] турадиган олтин хонтахта,

49ўнта тоза олтиндан ишланган чироқпоялар (бу чироқпоялар Энг муқаддас хонанинг олдида бўлиб, бештаси жануб томонда, бештаси шимол томонда турарди),

яна олтиндан гуллар, мойчироқлар, қисқичлар,

50тоза олтиндан тоғоралар, қайчилар, тоғорачалар, куракчалар ва оловкураклар,

Энг муқаддас хона эшигининг ошиқ–мошиғи, асосий хонанинг эшиклари ошиқ–мошиғи.

51Шундай қилиб, шоҳ Сулаймон Эгамизнинг уйига оид ишларни битирди. Сулаймон отаси Довуд назр қилган нарсаларни, кумуш, олтин ва турли буюмларни олиб келди. Уларни Эгамиз уйининг хазинасига қўйди.

 

8–БОБ - ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

 

Аҳд сандиғи Эгамизнинг уйига келтирилади

 

1Шундан сўнг Сулаймон Исроил оқсоқолларини, ҳамма қабила йўлбошчиларини, Исроил халқи уруғбошиларини Қуддус шаҳрига тўплади. У Эгамизнингаҳд сандиғиниДовуд қалъасидан — СионданЭгамизнинг уйига олиб келмоқчи эди. 2Уларнинг ҳаммаси еттинчи ойда — Етаним ойидаги[57]Чайла байрами[58] куни шоҳ Сулаймоннинг ҳузурига йиғилишди. 3Исроил оқсоқолларининг ҳаммаси келгач, руҳонийларсандиқни ердан кўтаришди. 4Руҳонийлар ва левиларЭгамизнинг сандиғи билан бирга, Учрашув чодирини[59], чодирдаги барча муқаддас буюмларни Эгамизнинг уйига олиб келишди. 5Шоҳ Сулаймон ва тўпланган бутун Исроил жамоаси сандиқнинг олдида қўйлар, моллар сўйиб, қурбонлик қилишди. Қурбонлик қилинган қўй ва моллар шу қадар кўп эдики, ҳисобига етиб бўлмасди. 6Руҳонийлар Эгамизнинг аҳд сандиғини унга аталган жойга — Энг муқаддас хонага, карубларнинг қанотлари остига қўйишди. 7Карубларнинг қанотлари сандиқ усти бўйлаб чўзилган ва сандиқ ҳамда унинг ходаларини беркитиб турарди. 8Ходалар шунчалик узун эдики, уларнинг учи Энг муқаддас хонанинг шундайгина олдидан кўриниб турарди, бошқа жойдан эса кўринмасди. Ходалар бугунгача[60] ҳам ўша ерда турибди.

9Сандиқнинг ичида Мусо Синай тоғида қўйган иккита тош лавҳадан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Исроил халқи Мисрдан чиққандан кейин Синай тоғида[61] Эгамиз улар билан аҳд тузган эди.

10Руҳонийлар Муқаддас хонадан чиқаётганларида, Эгамизнинг уйи булут билан тўлиб кетди. 11Булут нур сочиб, кўзни қамаштирарди. Руҳонийлар хизматни давом эттириш учун у ерга киролмай қолдилар, чунки уй Эгамизнинг улуғворлиги билан тўлганди.

12Шунда Сулаймон ибодат қилди:

— Эй, Эгамиз! Сен, зим–зиё зулматда маскан қиларман, деган эдинг. 13Мана энди сенга ажойиб бир уй, абадий истиқомат қилишинг учун бир маскан барпо қилдим.

 

Шоҳ Сулаймоннинг дуоси

 

14Кейин шоҳ орқасига қайрилиб, тик турган жамики Исроил жамоасини дуо қилди. 15Шоҳ деди:

— Исроил халқининг Худоси — Эгамизга ҳамду санолар бўлсин. У отам Довудга берган ваъдасини бажарди. 16Эгамиз отамга шундай деган эди: “Халқим Исроилни Мисрдан олиб чиққан кунимдан бери Мен улуғланадиган уй барпо қилиш учун Исроил қабилаларининг бирорта шаҳарни танламадим, балки халқим Исроил устида ҳукмрон бўлсин, деб Довудни танладим.”

17Исроил халқининг Худоси — Эгамизга атаб бир уй барпо қилмоқ отам Довуднинг нияти эди. 18Лекин Эгамиз отам Довудга шундай деб айтди: “Модомики, Менга атаб бир уй барпо қилмоқни кўнглингга туйган экансан, яхши қилибсан. 19Бироқ Менга атаб ўша уйни сен эмас, балки сенинг пушти камарингдан бино бўладиган ўғлинг барпо қилади.”

20Эгамиз ваъда берган эди, бажо айлади: отам Довуднинг ўрнига тахтга мен чиқдим, Эгамиз ваъда этганидай, Исроил тахтига ўтирдим, Исроил халқининг Худоси — Эгамизга атаб бир уй бино қилдим. 21Ўша уйда Аҳд сандиғи учун ҳам жой тайёрладим. Эгамиз ота–боболаримизни Миср юртидан олиб чиққандан кейин, улар билан қилган аҳд лавҳаси шу сандиқнинг ичида турибди.

 

Сулаймоннинг ибодати

 

22Сулаймон Эгамизнинг қурбонгоҳи олдида Исроил жамоаси рўпарасида қўлларини кўкка чўзганича деди:

23— Эй, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз! На юқорида — кўкда, на қуйида — ерда Сенга ўхшаши йўқ. Сенга бутун қалби билан боғланиб, Сен кўрсатган йўлдан юрадиган қулларингга Сен аҳдингни содиқ сақлайсан. 24Қулинг — отам Довудга Сен Ўз оғзинг билан берган ваъдаларингни бугун қўлинг билан бажо айладинг.

25Эй, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз! Ўзингнинг қулингга — отам Довудга: “Болаларинг ҳам сенга ўхшаб олдимда ўйлаб қадамини боссалар, сенинг наслингдан бўлган эркак зоти то абад Исроил тахтида ўтиради”, деб ваъда берган эдинг. Энди берган ваъдангни адо эт! 26Эй, Исроил халқининг Худоси! Қулингга — отам Довудга айтганларинг тўғри чиқсин, деб илтижо этаман.

27Худо ер юзида яшармиди?! Сен осмонга, ҳатто фалак тоқига ҳам сиғмассан. Фалак тоқи олдида мен қурган уй нима бўлибди?! 28Эй, Эгам Худо, илтижо билан қилган ибодатимни қабул эт! Сенга ёлвориб қилаётган илтижоларимга жавоб бер. 29Сен: “Мен ўша ерда улуғланай”, деб айтган эдинг. Кўзларинг кечаю кундуз ўша жойга — ўша уйга қадалиб турсин. Мен, қулинг ўша томонга қараб ибодат қиламан, ибодатларимни тингла. 30Исроил халқи билан бирга ўша томонга қараб қилган илтижоларимизга қулоқ тут. Самолардан — Ўз маконнингдан туриб қулоқ сол, эшитгину гуноҳимиздан ўт.

31Кимдир гуноҳкорликда айбланса, ўша одам келиб, уйинг — қурбонгоҳинг олдида айбсизман, деб онт ичса, 32эй, Эгам, самодан туриб қулоқ сол, қулларингни Ўзинг ҳукм эт. Гуноҳкорнинг қилмишини бўйнига қўй, жазосини бер. Гуноҳсизнинг эса ҳақлигини кўрсат, ҳақ бўлгани учун уни озод қил.

33Халқинг Исроил Сенинг олдингда гуноҳ қилгани учун ёвга мағлуб бўлса, яна қайтиб Сени тан олса–да, ўша уйда Сенга ёлвориб илтижо қилса, 34Сен самодан туриб, уларнинг илтижоларига қулоқ сол, гуноҳларидан ўт. Оталарига Ўзинг берган юртга уларни қайтар.

35Улар Сенга қарши гуноҳ этганлари учун осмон беркилиб, ёмғир ёғмаганда, улар ўша уйга қараб, Сени яна тан олиб илтижо қилсалар, Сен уларни гуноҳлари учун жазолаганингда, тавба қилсалар, 36қулларинг Исроил халқига самодан туриб қулоқ сол, уларнинг гуноҳидан ўт. Уларга тўғри йўл кўрсат, токи ўша йўлдан кетсинлар, кейин халқингга мулк қилиб берган ерга ёмғир ёғдир.

37Юртда очарчилик ё ўлат пайдо бўлса, гармсел, занг касали, чигиртка[62], қурт–қумурсқа босса ёки ўз юртида ёв қамал қилса, ёхуд кулфат, хасталик бошига келса, 38ҳар қандай инсон ёки халқинг Исроил Сенга ёлвориб ибодат қилса, ҳар ким ўз юрагидаги дардини айтиб, бу уй томонга қўлларини чўзса, 39-40Сен осмондан — масканингдан туриб қулоқ сол ва уларнинг гуноҳидан ўт. Ҳар бирининг тутган йўлига қара, хизматига яраша бер, токи Сен Ўзинг ота–боболаримизга берган юртда умрларининг охиригача Сендан қўрқиб яшасинлар. Зотан, жамики инсон боласининг кўнглидагини ёлғиз Сен биласан, холос.

41Халқинг Исроилдан бўлмаган бегона одам Сени деб узоқ юртдан келиб, 42Сенинг шуҳратинг, қудратинг ва ажойиботларинг ҳақида эшитиб, ўша уйга қараб ибодат қилса, 43Сен маконингдан туриб қулоқ сол. Ўша одамнинг сўраганини бажо айла, токи ер юзидаги ҳамма халқлар Сени билишсин, халқинг Исроил каби Сендан ҳайиқадиган бўлсин. Мен барпо қилган шу уй Сенга атаб қилинганини билсин.

44Сен халқингни ғанимларига қарши жанг қилишга юборганингда, улар Ўзинг танлаб олган бу шаҳарга, Сенга атаб мен қурган уйга юз буриб, ибодат қилсалар, 45осмондан туриб уларнинг илтижоларини эшит, бажо айла.

46Сенинг олдингда улар гуноҳ қилганларида, чунки гуноҳ қилмайдиган одамнинг ўзи йўқ, Сен ғазабланиб, уларни яқин ёки узоқ юртларга асир қилиб олиб кетадиган душманларнинг қўлига берсанг, 47улар ғанимлари юртида асирликда юриб, эсини йиғиб олгач: “Гуноҳ қилдик, шаккоклик қилдик, айбдормиз”, деб тавба қилиб, Сенга ёлворсалар, 48ғанимлар юртида бутун қалби билан, жону дили билан Сенга қайтсалар, Ўзинг ота–боболарига берган юртга, Ўзинг танлаб олган шаҳарга, Сенга атаб мен қурган уйга юз буриб, Ўзингга ибодат қилсалар, 49самодан — маконингдан туриб уларнинг қилган илтижоларини эшит, бажо айла. 50Халқинг Сенга қарши қанча гуноҳ қилган бўлмасин, Сенга қарши қанчалик исён қилган бўлмасин, уларни кечир. Халқингни асир этган ёв кўнглида шафқат қўзғатгин, токи улар халқингга меҳрибонлик қилсин. 51Ахир, Исроил Сенинг халқинг, Сенинг улушингдир. Уларни Мисрдан — темир ўчоқ ичидан Ўзинг олиб чиққансан.

52Халқинг Сенга доимо илтижо қилганда, мен, қулингнинг илтижоларини, халқинг илтижоларини эшитиб, уларга доимо назарингни солиб марҳамат қилгин. 53Зотан, ота–боболаримизни Мисрдан олиб чиққанингда, қулинг Мусо орқали айтганингдай, уларни Ўзингнинг улушинг қилиб, дунёдаги ҳамма халқдан ажратиб олдинг, эй, Эгамиз Раббий!

 

Сулаймоннинг сўнгги дуоси

 

54Сулаймон Эгамизнинг қурбонгоҳи олдида тиз чўкиб, қўлларини юқорига кўтарганича, Унга ибодатини айтиб бўлгач, ўрнидан турди. 55Сулаймон тик турганича баланд овоз билан Исроил жамоасини дуо қилди:

56— Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! У ваъдасига кўра, Ўзининг халқи Исроилга тинчлик–омонлик берди. У қули Мусо орқали яхши ваъдалар берган эди, ўша ваъдаларнинг биронтаси ҳам бажарилмай қолмади. 57Эгамиз Худо ота–боболаримиз билан бўлганидай, биз билан ҳам бўлсин, бизни тарк этмасин, ташлаб кетмасин. 58Эгамизнинг йўлидан юрмоқ учун, ота–боболаримизга буюрган амр, фармон ва қонун–қоидаларга риоя этмоғимиз учун кўнглимизни Ўзига ром қилсин. 59Эгамизнинг олдида илтижо қиларканман, шу илтижоларимга қулоқ тутиб, бу қулининг ва Ўзининг халқи Исроилнинг кундалик эҳтиёжларини бажо айласин, 60токи дунёдаги жамики қавмлар Эгамиз — Худо эканини билиб қўйсин. Ундан бошқаси йўқ. 61Ҳозиргидай, унинг фармонлари бўйича юрмоқ учун, амрларига риоя этмоқ учун чин юракдан Эгамиз Худога боғланинглар.

 

Сулаймон қурбонликлар келтиради

 

62Шундан кейин шоҳ ва ҳамма Исроил халқи Эгамизга атаб қурбонлик қилдилар. 63Сулаймон 22.000 мол, 120.000 қўйни Эгамизга атаб тинчлик қурбонлиги қилди. Шу тариқа шоҳ ва бутун Исроил халқи Эгамизнинг уйини бағишладилар. 64Шу куни шоҳ Эгамизнинг уйи олдидаги ҳовли ўртасини ҳам муқаддас қилди. Сўнг ўша ерда куйдириладиган қурбонликлар, дон назрлари ва тинчлик қурбонликларининг ёғини назр қилди, чунки буларнинг ҳаммаси Эгамизнинг ҳузуридаги бронза қурбонгоҳ устига сиғмаган эди. 65Кейин Сулаймон ва у билан бирга катта жамоа — Лево–Хоматдан[63] тортиб Миср сойлигига қадар ерларда яшайдиган бутун Исроил халқи Эгамиз Худо олдида Чайла байрамини[64] нишонлашди. Байрам ўн тўрт кун давом этди. Улар етти кун қурбонгоҳнинг Худога бағишланишини нишонлашди, етти кун Чайла байрамини қилишди[65]. 66Чайла байрамидан кейин[66] Сулаймон халққа рухсат берди, халқ шоҳни дуо қилди. Шундан кейин Эгамиз Ўз қули Довудга ва Исроил халқига кўрсатган муруввати туфайли ҳамманинг кўнгли шодликка тўлиб, уйларига қайтиб кетдилар.

 

9–БОБ - ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

 

Эгамиз яна Сулаймонга зоҳир бўлади

 

1Сулаймон Эгамизнинг уйини ҳам, ўзининг саройини ҳам қуриб бўлди. Мўлжалланган ҳамма юмушларни тамом қилди. 2Шундан кейин Эгамиз Сулаймонга, илгари Гивонда зоҳир бўлганидай[67], яна зоҳир бўлди. 3Эгамиз унга шу сўзларини аён қилди:

— Менга қилган илтижоларингни эшитдим. Сен қурган ва Ўзим улуғланадиган уйни муқаддас қилдим. Кўзларим, кўнглим доимо ўша ерда бўлади.

4Сен ҳам Менинг олдимда, отанг Довуд каби, софдиллик билан ва тўғри бўлиб юрсанг, Мен амр этган ҳамма фармонларимни ижро этсанг, қонун–қоидаларимни маҳкам тутсанг, 5Исроил устидан шоҳлик тахтингни абадий мустаҳкам қиламан. Отанг Довудга ҳам: “Сенинг наслингдан бўлган эркак зоти то абад Исроил тахтида ўтиради”, деб ваъда берган эдим[68].

6Сен ҳам, сенинг наслинг ҳам Мен кўрсатган йўлдан қайтсангиз, сизларга берган амр ва фармонларимга риоя қилмасангиз, бориб бошқа худоларга хизмат қилсангизлар, топинсангизлар, 7Исроилни Ўзим берган юртдан улоқтириб ташлайман. Мен муқаддас қилган, Ўзим улуғланадиган уйни тарк этаман. Ана ўшанда Исроил халқи ҳамманинг оғзида дув–дув гап бўлади, ҳамма халқлар уларни масхара қилади. 8Ҳозир ажойиб бўлиб турган уйнинг ёнидан ўтганлар бунинг аянчли аҳволини кўрганда, даҳшатга тушиб: “Нимага уларнинг Эгаси бу юртни ва бу уйни мана шу аҳволга солди экан–а?” деб қотиб қолади. 9Сўнг яна ўзлари шундай хулоса чиқарадилар: “Э–ҳа, улар ота–боболарини Миср юртидан олиб чиққан, ўзларининг Эгаси Худодан юз ўгирдилар–ку! Бошқа худоларга эргашиб, ўша худоларга топиниб, хизмат этдилар–ку! Қилмишларига яраша ўзларининг Эгаси уларнинг бошига шу кўргиликларни солибди–да.”

 

Сулаймоннинг шоҳ Хирам билан тузган битими

 

10Сулаймон иккала уйни — Эгамизнинг уйини ва ўз саройини йигирма йилда битирган эди. 11Тир шоҳи Хирам Сулаймоннинг эҳтиёжига кўра, садр ёғочи, сарв ёғочи, олтин етказиб берган эди. Шоҳ Сулаймон Хирамга бу хизматлари учун Жалила ўлкасидаги йигирмата шаҳарни берди. 12Хирам: “Сулаймон берган шаҳарларни кўрай–чи”, деб Тирдан йўлга чиқди, лекин у шаҳарлар Хирамга маъқул келмади.

13— Дўстим, менга берган шаҳарларинг шуми бори–йўғи?! — деди Хирам Сулаймонга. Хирам ўша ерларга Кавул[69] деб ном берди ва бугунга қадар шу ном билан юритилади. 14Хирам эса шоҳ Сулаймонга 250 пуд[70] олтин юборган эди.

 

Сулаймоннинг ютуқлари

 

15Шоҳ Сулаймон мажбурлаб олган қаролларни чақиртириб, Эгамизнинг уйини, ўзининг саройини барпо эттирган эди. Шунингдек, Қуддуснинг шарқ томонидаги пастликни тўлдириб, мустаҳкам қилдирган[71] ва Қуддус деворини қурдирган эди. Хазор, Махидў ва Гезер шаҳарларини мустаҳкамлаган эди. 16Миср фиръавни Гезерга бостириб келиб, шаҳарни қўлга олган ва ўт қўйганди. Шу ерда истиқомат қилаётган Канъон аҳолисини қириб ташлаб, шаҳарни ўзининг қизи — Сулаймоннинг хотинига сеп қилиб берганди. 17Шундан сўнг Сулаймон Гезерни, Пастки Байт–Хўронни, 18Баалатни, Яҳудонинг чўлидаги Тамарни[72], 19ўзининг ҳамма омбор шаҳарларини, жанг аравалари сақланадиган шаҳарларни, отлиқлари турадиган шаҳарларини қайтадан тузатиб мустаҳкамлади. Бундан ташқари, Қуддусда, Лубнонда, шоҳликнинг ҳамма бурчакларида нима истаса, барпо қилди.

20Шу ўлкада қолиб кетган Амор, Париз, Хив, Хет ва Ёбус халқлари Исроил халқидан эмасди. 21Исроил халқи уларнинг бу юртда қолиб кетган авлодларини тамомила қириб битиролмаган эди[73]. Сулаймон ўша қолиб кетганларини қарол қилиб олди. Улар бугунгача[74] бор. 22Лекин Сулаймон Исроил халқидан бирортасини қул қилмади. Шоҳнинг сипоҳлари, аъёнлари, акобирлари[75], лашкарбошилари, жанг араваларининг қўмондонлари ва сувориларининг қўмондонлари Исроил халқидан эди.

23Сулаймоннинг ишбошилари 550 киши бўлиб, улар ишлаётган одамлар устидан назоратчи эдилар.

24Фиръавннинг қизи Довуд қалъасидан ўзига аталган саройга кўчиб ўтди. Бу саройни Сулаймон унга атаб барпо қилган эди. Шундан кейин Сулаймон Қуддуснинг шарқ томонидаги пастликни тўлдириб, мустаҳкам қилдирди[76].

25Сулаймон Эгамизга атаб қурган қурбонгоҳда йилига уч марта куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликлари қилар, тутатқи тутатарди. Шундай қилиб, у Эгамизнинг уйини битказган эди.

26Шоҳ Сулаймон Эдом юртида, Қизил денгиз[77] бўйидаги Элет ёнида — Эзйўн–Гебер шаҳрида кемалар ясади. 27Хирам ўз тажрибали денгизчиларини Сулаймоннинг одамлари билан бирга кемаларда жўнатди. 28Улар Офирга[78] бориб, у ердан 900 пуд[79] олтин олиб, шоҳ Сулаймонга келтириб бердилар.

 

10–БОБ - ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

 

Шава маликасининг ташрифи

 

1Шава[80] маликаси Сулаймоннинг донғини, Эгамизга атаб қилган ишларини эшитгач, Сулаймоннинг ҳузурига келди. У Сулаймонга топишмоқлар айтиб синаб кўрмоқчи эди. 2Малика Қуддусга жуда кўп миқдорда олтин ва қимматбаҳо тошлар, хушбўй зираворлар юкланган катта карвонни бошлаб келди.

Малика Сулаймоннинг ҳузурига киргач, кўнглида нима бўлса, ҳаммасини унга айтди. 3Сулаймон маликанинг ҳамма саволларига жавоб берди, маликанинг бирорта саволига жавоб беришда қийналмади. 4Шава маликаси Сулаймоннинг донолигини, у қурган саройни, 5дастурхонидаги ноз–неъматларни, аъёнларнинг тартиб–қоидага кўра жойлашувларини, шоҳ соқийлари[81] ва баковулларининг[82] хизмат либосларини, Эгамизнинг уйида шоҳ куйдириладиган қурбонликларниназр қилганини кўрди. Малика ғоят ҳайратланиб, 6шоҳга деди:

— Сизнинг ишларингиз, донолигингиз ҳақида юртимда эшитганларим тўғри экан. 7Келиб ўз кўзларим билан кўрмагунча гап–сўзларга ишонмаган эдим. Менга ҳатто ярмини ҳам айтишмаган экан. Мен эшитгандан ҳам кўра, донороқ экансиз, бойлигингиз ҳам жуда кўп экан. 8Нақадар бахтиёрдир одамларингиз! Омадлидир хизматкорларингиз! Улар доимо ҳузурингизда бўлиб, донолигингиздан баҳра олишар. 9Сиздан мамнун бўлиб, Исроил тахти узра ўтқазган Эгангиз Худога ҳамду санолар бўлсин. У Исроилни то абад севгани учун адолат ва тўғрилик билан ҳукм этсин, деб сизни шоҳ қилган экан.

10Малика Сулаймонга 250 пуд[83] олтин, беҳисоб хушбўй зираворлар, қимматбаҳо тошлар ҳадя қилди. Ҳеч ким шоҳ Сулаймонга олдин ҳам, кейин ҳам Шава маликаси берганчалик хушбўй зираворлар ҳадя қилмаган эди.

11Хирамнинг Офирдан олтин олиб келган кемалари жуда кўп сандал дарахти ёғочлари, қимматбаҳо тошлар келтирганди. 12Шоҳ у ёғочлардан Эгамизнинг уйи учун ҳам, шоҳ саройи учун ҳам жиҳозлар, мусиқачилар учун лира ва арфалар ясаттирганди. Бугунгача бунақа сандал дарахти ёғочлари келтирилмаган ва ҳеч ким кўрмаган эди.

13Шоҳ Сулаймон Шава маликасига истаганини ва сўраганини муҳайё қилди. Бундан ташқари, маликага кўнгилдан чиқариб ҳадялар инъом этди. Шундан кейин малика ҳамма одамларини эргаштириб, ўз юртига жўнаб кетди.

 

Шоҳ Сулаймоннинг бойлиги

 

14Ҳар йили Сулаймонга келиб турадиган олтиннинг оғирлиги 1425 пуд[84] эди. 15Одамларнинг олди–соттисидан, савдогарлар тижоратидан олинадиган солиқ ва бутун Араб шоҳларидан, Исроилдаги вилоят ҳокимларидан олинадиган ўлпон бунга кирмасди.

16Шоҳ Сулаймон олтиндан икки юзта катта қалқон ясаттирди. Ҳар бир қалқонни ясашга ярим пуд[85] олтин сарф бўлди. 17Яна олтиндан уч юзта кичик қалқон ҳам ясаттирди. Ҳар бир қалқон учун 400 мисқол[86] олтин сарф бўлди. Шоҳ бу қалқонларни “Лубнон ўрмони” деган уйга[87] қўйди.

18У яна фил тишидан катта тахт ясаб, уни тоза олтин билан қоплатди. 19Тахтнинг олтита поғонаси бўлиб, суянчиғининг юқориси орқага қайрилган, ўриндиғининг икки томонида тирсаги бор эди. Тирсакларнинг ёнида иккита шер тасвири турарди. 20Ҳар бир поғонанинг икки чеккасида ҳам биттадан шер тасвири бўлиб, тахтнинг олти поғонасида жами ўн иккита шер тасвири бор эди. Бундай тахт бошқа бирорта шоҳликда бўлмаган эди.

21Шоҳ Сулаймоннинг ичимлик ичадиган ҳамма идишлари олтиндан, “Лубнон ўрмони” деган уйдаги ҳамма идишлар ҳам тоза олтиндан бўлиб, бирорта ҳам буюм кумушдан ясалмаган эди. Сулаймон даврида кумуш арзимас нарса бўлиб қолганди. 22Хирамнинг кемалари қаторида, Сулаймоннинг ҳам денгизда савдо кемалари бўлиб, бу кемалар ҳар уч йилда қайтиб олтин, кумуш, фил тишлари, турли–туман маймунлар[88] олиб келарди. 23Шундай қилиб, Сулаймон бойликда ҳам, доноликда ҳам ер юзидаги ҳамма шоҳлардан ўтиб кетди. 24Сулаймонга Худо берган доноликни эшитмоқ учун бутун дунё унинг олдига келгани ошиқарди. 25Келганларнинг ҳар бири кумуш ва олтин идишлар, кийим, қурол–аслаҳа, хушбўй зираворлар, от ва хачирлар ҳадя қилиб олиб келар эди. Бундай ҳол йиллаб давом этарди.

26Сулаймон жанг аравалари ва отлар тўплади. Унинг бир минг тўрт юзта жанг араваси ва ўн икки мингта оти бор эди. Сулаймон буларнинг бир қисмини жанг аравалари сақланадиган шаҳарларга ва бир қисмини Қуддусга — ўзининг ёнига жойлаштирди. 27Шоҳ Қуддусда кумушни оддий тош билан баравар қилиб қўйди. Садр ёғочлари эса кўплигидан Яҳудо қир этакларида ўсадиган оддий шикамора–анжир дарахтига тенглашиб қолди. 28Шоҳнинг савдогарлари Мисрдан[89] ва Қувайдан Сулаймон учун отлар олиб келишарди. Улар отларни Қувайдан сотиб олишарди. 29Мисрдан келтирилган ҳар бир жанг араваси учун 600 кумуш танга[90], ҳар бир от учун 150 кумуш танга[91] тўлашарди. Сўнг буларни барча Хет шоҳларига ва Орам шоҳларига сотишарди.

 

11–БОБ - ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

 

Сулаймон Худодан юз ўгиради

 

1Шоҳ Сулаймон фиръавннинг қизидан бошқа яна Мўаблик, Оммонлик, Эдомлик, Сидонлик ва Хет халқидан кўпгина ажнабий аёлларга кўнгил қўйди. 2ЭгамизИсроил халқига бу халқлар ҳақида гапириб, шундай деган эди: “Уларга қиз берманглар ҳам, қиз олманглар ҳам. Акс ҳолда улар кўнглингизни ўз худоларига ром қилиб қўядилар.” Сулаймон эса ўша аёлларга шаҳват билан ёпишди. 3Унинг етти юзта хотини шоҳлар қизларидан бўлиб, уч юзта канизаги[92] ҳам бор эди. Хотинлари сабабли шоҳ бегона худоларга юз бурди. 4Охири шундай бўлдики, кексайган чоғида шоҳнинг кўнгли хотинлари туфайли бегона худоларга мойил бўлди. Довуд ўзининг Эгаси Худога чин юракдан боғланган эди, Сулаймон эса отасига ўхшамади. 5Шундай қилиб, Сулаймон Сидон аҳолисининг худоси Аштарет, Оммон халқининг макруҳ худоси Мўлахга[93] сажда қила бошлади. 6Сулаймон Эгамиз олдида қабиҳликлар қилди. Отаси Довуд Эгамизга содиқ қолган бўлса, Сулаймон ундай қилмади. 7Қуддуснинг шарқидаги тепаликда Мўаб халқининг макруҳ худоси Хамўшга ва Оммон халқининг макруҳ худоси Мўлахга саждагоҳ қурди. 8Ҳамма ажнабий хотинлари ўз худоларига тутатқи тутатиб, қурбонликлар келтиришлари учун шундай қилди.

9-10Эгамиз унга икки марта зоҳир бўлиб: “Бегона худоларга эргашма”, деб амр берган эди. Лекин у Исроил халқининг Худоси — Эгамиздан юз ўгирди. Эгамизнинг амрини бажо қилмади. Эгамиз Сулаймондан қаттиқ ғазабланди. 11Шундан кейин У Сулаймонга деди:

— Модомики, Сен билан қилган аҳдимни ва сенга амр қилган фармонларимни била туриб бажармаган экансан, Мен энди шоҳликни сендан тортиб оламан ва тобе одамларингдан бирига бераман. 12Лекин отанг Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун бу ишни сен ҳаётлигингда қилмайман. Шоҳликни ўғлингнинг қўлидан тортиб оламан. 13Шунда ҳам шоҳликнинг ҳаммасини тортиб олмайман, қулим Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун, Ўзим танлаб олган Қуддус ҳақи–ҳурмати учун битта қабилани сенинг ўғлингга қолдираман.

 

Сулаймоннинг душманлари

 

14Эгамиз Сулаймонга Эдомлик Ҳададни душман қилиб қўйди. У Эдом шоҳлари наслидан эди. 15Анча олдин Довуд Эдомликлар билан уруш қилган эди. Ўша жангда Исроил халқидан ҳалок бўлганларни дафн қилиш учун лашкарбоши Йўаб Эдомга борди. 16Исроил лашкари ва Йўаб Эдомдаги эркак зотини битта қўймай қириб ташлагунга қадар, олти ой у ерда қолган эдилар. 17Шунда Ҳададга ва унинг отасига хизмат қилган баъзи Эдомликлар Мисрга қочиб кетишган эди. Ўша пайтда Ҳадад кичкина бола эди. 18Улар Мидиёндан жўнаб, Поронга етиб келишди. Порондан ҳам одамлар уларга қўшилдилар. Кейин Мисрга — Миср шоҳи фиръавн ҳузурига етиб келишди. Фиръавн Ҳададга уй берди, озиқ–овқат тайин этди, ер берди. 19Ҳадад фиръавннинг ҳурматини қозонди. Фиръавн Ҳададга қайинсинглисини — малика Тахпанаснинг синглисини никоҳлаб берди. 20Хотини Ҳададга ўғли Гануватни туғиб берди. Тахпанас болани фиръавн хонадонида тарбия қила бошлади. Гануват фиръавн хонадонида унинг ўғиллари қаторида улғайди. 21Ҳадад Мисрда: “Довуд оламдан ўтибди, лашкарбоши Йўаб ҳам вафот этибди”, деган хабарни эшитгач, фиръвнга деди:

— Менга ижозат берсалар, ўз юртимга кетсам.

22Юртимга кетаман, дейсан, нима, менинг ёнимда бирор нарсага муҳтожлик сезяпсанми? — деб сўради фиръавн.

— Йўқ, асло, лекин барибир, менга ижозат берсалар, — деб туриб олди Ҳадад.

23Худо Разўнни ҳам Сулаймонга душман қилиб қўйди. Разўн Элёдах деганнинг ўғли эди. Разўн ўз хўжайини, Зўво шоҳи Ҳададзарнинг дастидан қочиб кетган эди. 24Довуд Зўволикларни қиргач[94], Разўн ҳам атрофига бир босқинчи гуруҳни тўплаб, ўша гуруҳга бош бўлди. Сўнг улар Дамашққа бориб, у ерда жойлашдилар. Дамашқда ўз ҳукмронлигини ўрнатдилар. 25У ҳам Сулаймон ҳаёт пайтида Исроилга душман бўлиб қолди. Разўн Орамда шоҳ бўлиб турар экан, Ҳадад каби, Исроилга нафрат билан қараб, доимо душманлик қилиб келди.

 

Худонинг Ерибомга берган ваъдаси

 

26Яна Сулаймоннинг аъёнларидан бири — Эфрайим қабиласидан бўлган Ерибом дегани ҳам шоҳга қарши бош кўтарди. У Заридо шаҳридан[95] Набат деганнинг ўғли эди. Ерибомнинг онаси бева аёл бўлиб, оти Зарува эди. 27Ерибом Сулаймонга қарши бош кўтарганининг сабаби қуйидагича эди: Сулаймон Қуддуснинг шарқ томонидаги пастликни тўлдириб, мустаҳкамлаб[96], отаси Довуд қалъасининг деворларини тузатган эди. 28Ерибом жуда ҳам қобилиятли йигит эди. Ерибомнинг ғайратлилигини кўрган Сулаймон уни Юсуф қабиласидан олинган[97] барча қаролларга назоратчи қилиб қўйди.

29Бир куни Ерибом Қуддусдан ташқари чиққан эди, Шилўлик пайғамбар Охиё билан йўлда учрашиб қолди. Охиё янги кийимлар кийиб олган экан. У ерда икковидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. 30Шу пайт Охиё устидаги янги кийимларини ечди–ю, йиртиб ўн икки бўлакка бўлиб ташлади. 31Кейин Ерибомга деди:

— Ўзингга ўн бўлагини ол. Исроил халқининг Худоси — Эгамиз ҳам шундай айтмоқда: “Мен Сулаймоннинг қўлидан шоҳликни тортиб оламан ва ўнта қабилани сенга бераман. 32Қулим Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун, Исроилнинг ҳамма қабилалари орасидан Ўзим танлаб олган Қуддус шаҳри ҳақи–ҳурмати учун битта қабила[98] Сулаймонники бўлади. 33Сулаймон[99] Мендан юз ўгириб, Сидоннинг худоси Аштаретга, Мўаб худоси Хамўшга, Оммоннинг худоси Мўлахга сажда қила бошлади. Отаси Довудга ўхшамади, олдимда тўғри ишлар қилмади, фармонларимга ва қонун–қоидаларимга риоя қилмади, йўлларимдан юрмади. 34Аммо шоҳликни ундан тамомила тортиб олмайман. Амр ва фармонларимга риоя қилган ва ўзим танлаб олган қулим Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун, Сулаймонни умрининг охиригача шоҳ қиламан. 35Шоҳликни эса унинг ўғлидан тортиб олиб, ўнта қабилани сенга бераман. 36Мен ўша ерда улуғланай, деб Ўзим учун Қуддус шаҳрини танлаганман. Қулим Довуднинг чироғи Қуддусда ҳеч қачон ўчмасин, деб Сулаймоннинг ўғлига битта қабилани бераман. 37Мен сени Исроил[100] шоҳи қиламан, кўнглинг қаерни истаса, ўша ерда шоҳлик қилаверасан. 38Агар қулим Довудга ўхшаб айтганларимга итоат қилсанг: йўлларимдан юрсанг, олдимда тўғри ишлар қилсанг, фармон ва амрларимга риоя қилсанг, Мен сен билан бўламан. Исроилни сенга бериб, Довудга қилганимдай, хонадонинг ҳукмронлигини ўзингдан кейин ҳам давом эттираман. 39Сулаймоннинг шу қилмишлари эвазига Довуднинг наслини таҳқирлайман, лекин то абад эмас.”

40Сулаймон Ерибомни ўлдирмоқчи бўлди. Ерибом эса Мисрга — Миср шоҳи Шишахнинг ёнига қочиб кетди. У Сулаймон вафот этгунча Мисрда қолди.

 

Сулаймоннинг ўлими

 

41Сулаймоннинг бошқа ишлари, бутун фаолияти, унинг донишмандлиги ҳақида “Сулаймоннинг ишлари” китобида ёзиб қолдирилган. 42Сулаймон Қуддусда бутун Исроил устидан ҳукмдор эди. Унинг ҳукмронлиги қирқ йил давом этди. 43Сулаймон оламдан ўтди. У отаси Довуд қалъасида ота–боболари ёнига дафн қилинди. Ўрнига эса ўғли Рахабом шоҳ бўлди.

 

12–БОБ - ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

 

Шимолдаги қабилалар исён кўтаришади

 

1Рахабом Шакам шаҳрига[101] кетди. Жамики Исроил[102] халқи ҳам, Рахабомни шоҳ қилиб кўтарамиз, деб Шакамга келишди. 2Набат ўғли Ерибом бу ҳақда эшитиб, Мисрдан қайтди[103]. У Сулаймоннинг дастидан Мисрга қочиб кетганича, ҳануз ўша ерда эди. 3Исроил халқи одам юбориб, уни айттириб келди. Сўнгра Ерибом билан барча Исроил жамоаси Рахабом ҳузурига келиб, унга шу гапни айтишди:

4— Отангиз бизга оғир бўйинтуруқ солган эди. У бизни мажбур қилган оғир меҳнатни энди сиз енгиллатиб, бўйинтуруқдан халос қилинг. Ўшанда биз сизга итоат этамиз.

5— Ҳозир қайтиб кетаверинглар, — деди Рахабом келганларга, — уч кундан кейин яна ҳузуримга келинглар.

Шундай қилиб, халқ қайтиб кетди.

6Шоҳ Рахабомнинг отаси Сулаймон ҳаётлиги даврида оқсоқоллар ҳар доим унинг олдида ҳозиру нозир эдилар. Шоҳ ўша оқсоқолларга маслаҳат солди.

— Сизлар нима дейсизлар, бу халққа нима деб жавоб берсам бўлади?

7Оқсоқоллар шоҳга шундай деб маслаҳат беришди:

— Агар сиз бу халққа бугун қул бўлиб хизмат қилсангиз, уларга жавоб берганингизда, яхши сўзингизни аямасангиз, улар сизга бир умр хизмат қиладилар.

8Лекин шоҳ оқсоқолларнинг маслаҳатларини рад қилди. Бирга ўсган ва ўзига хизмат қилаётган ёш йигитлар билан маслаҳатлашди. 9Шоҳ ўша йигитларга деди:

— Бу халқ менга: “Отангиз бизга солган оғир бўйинтуруқдан энди бизни сиз халос қилинг”, деяпти. Уларга нима деб жавоб берайин? Сизлар қандай маслаҳат берасизлар?

10Рахабом билан бирга ўсиб–улғайган ёш йигитлар унга шундай маслаҳат беришди:

— Арз қилган ўша халққа шундай деб айт: “Менинг синчалоғим отамнинг белидан ҳам йўғон. 11Отам сизларга оғир бўйинтуруқ солган эди, энди мен ундан ҳам баттар қиламан. Отам сизларни қамчи билан жазолаган экан, мен эса чаёнларга чақтириб, жазолайман.”

12Рахабом Ерибом билан халққа: “Учинчи куни ҳузуримга келинглар”, деб айтгани учун, халқ айтилган пайтда шоҳ Рахабомнинг ҳузурига келди. 13-14Шоҳ оқсоқолларнинг берган маслаҳатларини писанд қилмай, ёш йигитларнинг гапига кириб, халққа кескин жавоб берди:

— Отам сизларга оғир бўйинтуруқ солган эди, энди мен ундан ҳам баттар қиламан. Отам сизларни қамчи билан уриб жазолаган экан, мен эса чаёнларга чақтириб жазолайман.

15Шундай қилиб, шоҳ халққа қулоқ солмади. Эгамизнинг Шилўлик Охиё орқали Набат ўғли Ерибомга берган сўзи[104] бажо бўлиши учун, Худо бу воқеани шундай режалаштирган эди. 16Исроил халқи қарасаки, шоҳ гапга қулоқ солмаяпти. Шундан кейин халқ унга шундай хитоб қилди:

“Эссай ўғли Довуднинг бизга ўтказиб қўйган жойи йўқ,

Бизнинг ҳам ундан қарзимиз йўқ!

Эй, Исроил халқи, ҳамма ўз уйига қайтсин!

Эй, Довуд, энди ўз кўмочингга ўзинг кул тортавер!”

Шундай қилиб, Исроил халқи уйларига тарқалиб кетди. 17Фақат Яҳудо шаҳарларида яшайдиган Исроил халқи устидангина Рахабом ҳукмронлик қиладиган бўлиб қолди. 18Шоҳ Рахабом қароллар бошлиғи Одонирамни[105] Исроил халқи олдига юборган эди, Исроил халқи уни тошбўрон қилиб ўлдирди. Бу хабарни шоҳ Рахабом эшитди–ю, шоша–пиша жанг аравасига миниб Қуддусга қочди. 19Исроил халқи ўша кундан бошлаб Довуд хонадонидан юз ўгирди.

20Исроил[106] халқи: “Ерибом қайтиб келибди”, деган хабарни эшитишди–ю, одам юбориб, уни ўзларининг ҳузурига чақиртириб келишди. Исроил халқи Ерибомни бутун Исроилга шоҳ қилдилар. Довуд хонадонига содиқ бўлган фақат Яҳудо қабиласи қолди, бошқа ҳеч ким бу хонадонга эргашмади.

 

Шамаёнинг башорати

 

21Сулаймон ўғли Рахабом Қуддусга келиб, Яҳудо ва Бенямин қабилаларидан 180.000 одамни сипоҳликка танлаб олди. “Шоҳликни қайтариб оламан”, деган мақсадда уларни Исроил халқига қарши жанг қилиш учун тайёрлади. 22Лекин ўшанда пайғамбар Шамаёга Худонинг қуйидаги сўзлари аён бўлди: 23“Сулаймоннинг ўғли, Яҳудо шоҳи Рахабомга, бутун Яҳудо ва Бенямин қабиласига, бу ердаги бошқа халқларга шу гапларни етказ:

24— Эгамиз шундай айтмоқда: қариндошларингиз Исроил халқига қарши уруш бошламанглар! Ҳар ким ўз уйига қайтсин! Чунки бу ишлар ҳаммаси Мендан бўлди.”

Улар Эгамизнинг амрига итоат этиб, уйларига қайтиб кетдилар.

 

Ерибом Худодан юз ўгиради

 

25Ерибом Эфрайим қирларидаги Шакам шаҳрини мустаҳкам қилиб, ўша ерда ўрнашди. У ердан Паниёлга[107] кетиб, у шаҳарни ҳам мустаҳкам қилди. 26Кейин Ерибом ўзига ўзи айтди: “Шоҳлик яна Довуд хонадонига қайтиб қолиши мумкин. 27Агар бу халқ Эгамизнинг уйигақурбонлик қилиш учун Қуддусга бораверса, у пайтда халқнинг кўнгли яна ўзларининг ҳукмдори Яҳудо шоҳи Рахабомга чопади, мени эса ўлдирадилар.”

28Шундан сўнг шоҳ маслаҳатчилари билан маслаҳатлашиб, икки олтин бузоқ ясади ва халққа деди:

— Эй, Исроил, Қуддусга бориб юришингизга ҳожат йўқ! Мана, сизларни Мисрдан олиб чиққан худоларингиз![108]

29Ерибом олтин бузоқларнинг бирини Байтил шаҳрига, иккинчисини Дан шаҳрига[109] ўрнаштирди. 30Халқ олтин бузоқларга топинмоқ учун Байтилга ва Данга борарди[110]. Бу нарсалар эса ҳаммани гуноҳга ботирди.

31Ерибом, бундан ташқари, бегона худоларга атаб саждагоҳлар[111] қурдирди. Леви қабиласидан бўлмаган халқдан руҳонийлар тайинлади.

 

Байтилдаги қурбонгоҳ

 

32Ерибом саккизинчи ойнинг[112] ўн бешинчи кунини, Яҳудода бўладиган байрамга[113] ўхшаш байрам деб тайин қилди. Кейин қурбонгоҳга чиқиб, Байтилда ясаган олтин бузоқларга қурбонликлар келтирди. Байтилда ўзи барпо қилган саждагоҳларга руҳонийлар тайинлаган эди. 33Шундай қилиб, саккизинчи ойнинг ўн бешинчи кунини Исроил халқи учун байрам деб тайин этгач, Байтилга борди. Байрамни нишонлаш учун қурбонгоҳ ёнига келиб қурбонлик келтирди.

 

13–БОБ - ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

 

1Ерибом қурбонгоҳнинг ёнида қурбонлик куйдирмоқчи бўлиб турган пайтда, бир пайғамбар, Эгамизнинг амрига кўра, Яҳудодан Байтилга келди. 2Пайғамбар Эгамизнинг амри билан қурбонгоҳга нидо қилди:

— Қурбонгоҳ, эй, қурбонгоҳ! Эгамиз шундай айтур: “Довуд хонадонида бир ўғил фарзанд дунёга келар, Унинг исми Йўшиё[114] бўлур. Саждагоҳларда қурбонлик куйдирадиган руҳонийларни сенинг устингда қурбон қилур. Сенинг устингда инсон суякларини ёқар.”

3Пайғамбар ўша куниёқ бунинг аломати тўғрисида айтди:

— Эгамиз айтган аломат қуйидагича бўлади: Қурбонгоҳ ёрилиб кетар, устидаги кул тўкилар.

4Ерибом пайғамбарнинг Байтилдаги қурбонгоҳга айтган сўзларини эшитгач, қурбонгоҳдан унга томон қўлини узатиб: “Ушланглар уни!” — деди. Ерибомнинг пайғамбарга қарши чўзилган қўли эса қуриб, ёғочдай қотиб қолди. Унинг қўли букилмайдиган бўлиб қолди. 5Эгамизнинг пайғамбар орқали айтган аломати бажо бўлди: қурбонгоҳ ёрилиб, устидаги кул тўкилиб кетди. 6Шунда шоҳ пайғамбарга деди:

— Илтижо қиламан, Эгангиз Худога мен учун ёлвориб, ибодат этинг, токи қўлим аввалги ҳолига келсин.

Пайғамбар Эгамизга ибодат қилган эди, шоҳнинг қўли аввалги ҳолига келиб, букиладиган бўлди. 7Шоҳ пайғамбарга яна айтди:

— Мен билан юр уйимга, тамадди қилиб ол, сенга ҳадялар берай.

8Пайғамбар шоҳга деди:

— Бойлигингнинг ярмини берсанг ҳам, сен билан бормайман, бу ерда нон ҳам емайман, сув ҳам ичмайман. 9Эгамиз менга: “Нон емайсан, сув ичмайсан, борган йўлингдан қайтмайсан”, деб амр берган.

10Шундан кейин пайғамбар Байтилга келган йўлидан қайтмай, бошқа йўлдан кетди.

 

Байтиллик кекса пайғамбар

 

11Байтилда кекса бир пайғамбар яшарди. Унинг ўғиллари келиб, Яҳудолик пайғамбарнинг шу куни Байтилда қилган ишлари ҳақида оталарига айтиб бердилар. Пайғамбарнинг шоҳга айтган сўзларини ҳам оталарига баён қилдилар. 12Отаси ўғилларидан: “Ўша одам қайси йўлдан кетди?” — деб сўради.

Яҳудодан келган пайғамбарнинг қайси йўлдан кетганини унга ўғиллари кўрсатдилар. 13Шунда кекса пайғамбар ўғилларига: “Эшагимни эгарланглар!” — деди. Ўғиллари пайғамбарнинг эшагини эгарлаб бердилар, у эшагига миниб жўнади.

14Кекса пайғамбар Яҳудолик пайғамбарнинг изидан кетди ва ниҳоят уни топди. Яҳудолик пайғамбар эман дарахти остида ўтирган экан. Кекса пайғамбар ундан:

— Яҳудодан келган пайғамбар сенмисан? — деб сўради.

— Ҳа, менман, — деб жавоб берди у. 15Кекса пайғамбар унга:

— Мен билан юр уйимга, тамадди қилиб ол, — деди. 16Яҳудолик пайғамбар унга айтди:

— Сен билан бирга қайтиб боролмайман. Бу ерда сен билан бирга нон ҳам емайман, сув ҳам ичмайман. 17Эгамиз менга: “У ерда нон ҳам емайсан, сув ҳам ичмайсан, борган йўлингдан қайтмайсан”, деб амр берган.

18Пайғамбар эса унга шундай деди:

— Мен ҳам сенга ўхшаган бир пайғамбарман, Фаришта менга Эгамизнинг шу сўзларини айтди: “Уни йўлдан қайтариб, ўзинг билан бирга уйингга олиб кел, нон еб, сув ичиб олсин.” Лекин кекса пайғамбар ёлғон гапираётган эди.

19Шундай қилиб, Яҳудолик пайғамбар кекса пайғамбар билан бирга қайтиб келди, унинг уйида тамадди қилди. 20Улар дастурхон атрофида ўтирганларида, кекса пайғамбарга Эгамиз шу сўзларни аён қилди. 21Кекса пайғамбар эса Яҳудолик пайғамбарга шундай деди:

— Эгамиз шундай айтмоқда: “Сен Менинг сўзимга итоат қилмадинг! Мен, Эгангиз Худонинг амрига қарши чиқиб 22орқангга қайтдинг. Мен сенга нон ема, сув ичма, деб айтган ерда еб–ичдинг. Энди сенинг жасадинг ота–боболаринг хилхонасига дафн қилинмайди.”

23Яҳудолик пайғамбар тамадди қилиб бўлиши биланоқ, кекса пайғамбар унинг эшагини эгарлаб берди. 24Яҳудолик пайғамбар йўлда кетаётган эди, олдидан бир шер чиқиб қолди. Шер уни тилка–пора қилиб, жасадни йўлнинг устига ташлади. Эшак ҳам, шер ҳам жасаднинг олдида турарди. 25Шу ердан ўтиб кетаётган одамлар йўл ўртасидаги жасадни ва жасад ёнида турган шерни кўрдилар. Одамлар кекса пайғамбар яшайдиган шаҳарга бориб, кўрганларини айтдилар. 26Яҳудолик пайғамбарни йўлдан қайтариб келган кекса пайғамбар ҳам шу воқеани эшитди ва шундай деди:

— Эгамизнинг амрига итоат этмаган пайғамбар ўшадир. Шунинг учун Эгамиз шерни юборди ва шер уни тилка–пора қилиб ташлади. Эгамиз, айтганига биноан, уни ўлдирди.

27Кекса пайғамбар ўғилларига: “Эшагимни эгарланглар!” — деди. Ўғиллари эшакни эгарлаб бердилар. 28У бориб, йўл ўртасида ётган жасадни топди. Эшак ҳам, шер ҳам жасаднинг ёнида турар, шер жасадни емаган, эшакка ҳеч қандай зарар етказмаган эди. 29Кекса пайғамбар Яҳудолик пайғамбарнинг жасадини ердан кўтариб олиб, эшакка ортди ва орқасига қайтариб, олиб кетди. “Уни дафн қилиб, унга аза очай”, деб шаҳарга келди. 30Жасадни ўзининг қабрига қўйгач: “Вой, жигарим, вой жигарим!” деб қабр устида фарёд чекди. 31Яҳудолик пайғамбарни дафн қилгач, кекса пайғамбар ўғилларига:

— Вафот этганимдан сўнг мени ҳам Яҳудолик пайғамбар дафн қилинган хилхонага қўйинглар, — деди. — Суякларим унинг суяклари ёнида турсин. 32Эгамизнинг амрига кўра, Байтилдаги қурбонгоҳ ва Самария[115] шаҳарларидаги ҳамма саждагоҳлар ҳақида унинг айтган сўзлари албатта бажо бўлади.

 

Ерибомнинг гуноҳ ишлари

 

33Бу ҳодисадан кейин ҳам Ерибом қабиҳ йўлдан қайтмади. Яна саждагоҳларга оддий халқдан руҳонийлар тайин этди. Кимни хоҳласа, ўшани руҳоний қилиб тайинлайверди. 34Бу гуноҳ ишлар Ерибом наслининг ер юзидан қирилиб, йўқолиб кетишига сабабчи бўлди.

 

14–БОБ - ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

 

Ерибомнинг ўғли вафот этади

 

1Ўша пайтда шоҳ Ерибомнинг ўғли Абиё касал бўлиб қолди. 2Ерибом хотинига:

— Қани, тур, кийимларингни ўзгартир, токи менинг хотиним эканлигингни ҳеч ким билиб қолмасин, — деди. — Шилўга жўна. Пайғамбар Охиё ўша ерда. Исроил халқининг шоҳи бўлишим ҳақида у башорат қилган эди[116]. 3Ўнта нон, бир нечта кулча, бир хумча асал олиб, пайғамбар Охиёнинг ҳузурига бор. Ўғлимизга нима бўлишини у сенга айтади.

4Хотини Ерибом айтганидай қилди, ўрнидан туриб, Шилўга йўл олди. Охиёнинг уйига етиб ҳам келди. Охиё қартайганидан кўзлари кўрмайдиган бўлиб қолган эди. 5Эгамиз Охиёга деди:

— Ана, Ерибомнинг хотини келяпти, қара, қиёфасини ўзгартириб олган, ўғли касал, унга нима бўлади — шуни сендан сўрамоқчи. Унга шундай–шундай деб айт.

6Ерибомнинг хотини эшикни очиб, остона ҳатлаши биланоқ, Охиё унинг қадам товушларини эшитди. Шу заҳоти Охиё аёлга деди:

— Кел, Ерибомнинг хотини, ичкари кир. Мени биров таниб қолмасин, деб бошқача кийиниб олибсанми?! Аммо сенга совуқ хабарларим бор. 7Изингга қайтиб бор, Ерибомга шу гапларни етказ: “Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: сени халқинг орасидан юксалтириб, халқим Исроил устидан ҳукмдор қилдим. 8Шоҳликни Довуд хонадонидан тортиб олиб, сенга бердим. Бироқ сен қулим Довудга ўхшаган бўлмадинг. У менинг амрларимга риоя қилиб, бутун қалби билан Менга эргашар, олдимда тўғри ишларнигина қиларди. 9Сен ўзингдан олдин ўтганларнинг ҳаммасидан ҳам кўп ёмон ишлар қилдинг. Ўзинг учун бошқа худоларнинг тасвирларини ясаб, Мени ғазаблантирдинг. Мендан юз ўгирдинг. 10Ана шу қилмишларинг эвазига хонадонингга бало–офат келтираман. Хоҳ қул бўлсин, ҳоҳ озод бўлсин, Исроилдаги ҳар бир эркак уруғингни қириб юбораман. Хонадонингни, худди супуриндини қиртишлаб улоқтиргандай, илдизидан қуритиб ташлайман. 11Шаҳарда вафот этган оиланг аъзоси кўппакларга ем бўлар, қирда вафот этгани кўкдаги қушларга ем бўлар. Зотан, бу сўзларни Эгамиз айтган.” 12Энди ўрнингдан тур, уйингга жўна. Шаҳарга қадам қўйишинг биланоқ, боланг нобуд бўлади. 13Бутун Исроил халқи болангни дафн қилади, унга аза тутади. Исроил халқининг Худоси — Эгамиз Ерибом хонадонидан фақат шу боланигина хуш кўрди. Ерибом хонадонидан қабрга кирадигани фақат шу боладир. 14Шундан кейин Эгамиз Ўзи учун Исроил устига бир шоҳ қўяди. У шоҳ Ерибом хонадонини ўша куни — ўша заҳотиёқ қириб битиради. 15Эгамиз Исроил халқини шундай урадики, Исроил сув ичида ўсган қамишга ўхшаб титрайди. Эгамиз Исроил халқини ота–бобосига берган бу ҳосилдор юртдан юлиб олиб, Фурот дарёсининг нариги томонига сочиб юборарди. Чунки бу халқ Ашерага атаб устунлар ясаб, Эгамизни ғазаблантирди. 16Ерибом гуноҳ қилди, Исроил халқини ҳам гуноҳга ботирди, шунинг учун Эгамиз Исроилни тарк этади.”

17Ерибомнинг хотини ўрнидан туриб, уйига жўнади. У Тирзага[117] етиб келиб, уйининг остонасидан ҳатлаши биланоқ, боласи жон берди. 18Эгамизнинг ўз қули Охиё пайғамбар орқали айтган сўзлари бажо бўлди, бутун Исроил халқи болани дафн қилиб, унга аза тутдилар.

 

Ерибомнинг ўлими

 

19Ерибомнинг бошқа ишлари — қандай жанг қилгани, қай тарзда ҳукмронлик қилгани — ҳаммаси “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган. 20Ерибом йигирма икки йил шоҳ бўлди. У ҳам оламдан ўтди. Ўрнига ўғли Надов шоҳ бўлди.

 

Яҳудо шоҳи Рахабом

 

21Сулаймоннинг ўғли Рахабом эса Яҳудода ҳукмронлик қилди. У тахтга ўтирган пайтда қирқ бир ёшда эди. Онаси Оммонлик бўлиб, исми Намах эди. Рахабом Қуддусда ўн етти йил шоҳлик қилди. Эгамиз ҳамма Исроил қабилаларининг шаҳарлари орасидан Қуддус шаҳрини Ўзи улуғланиши учун танлаб олган эди.

22Яҳудо халқи ҳам Эгамиз олдида қабиҳликлар қилиб, гуноҳ ишлари билан Худони ота–боболаридан ҳам қаттиқроқ ғазаблантирди. 23Улар ҳар бир тепалик жойда, ҳар бир яшил дарахт остида ўзларига саждагоҳлар[118], бутсимон тошлар, Ашеранинг устунларини ясадилар. 24Бу юртдаги саждагоҳларда фаҳшбозлар[119] ҳам бор эди. Улар шунчалик кўп қабиҳ ишлар қилдиларки, уларнинг қилмишлари Канъон юртидан Эгамиз қувиб юборган ҳамма халқларнинг жирканч ишларига баробар эди.

25Рахабом шоҳлигининг бешинчи йилида[120] Миср шоҳи Шишах Қуддусга бостириб келди. 26У Эгамизнинг уйидаги ва саройдаги хазиналарни тортиб олди, қўлига нима илинса, ҳаммасини олди. Сулаймон ясаттирган олтин қалқонларни ҳам олди. 27Шоҳ Рахабом олтин қалқонлар ўрнига бронза қалқонлар ясатди ва уларни шоҳ саройи дарвозасини қўриқлайдиган соқчилар бошлиқлари қўлига берди. 28Шоҳ Эгамизнинг уйига кирганда, соқчилар қалқонларни кўтариб боришар, кейин эса қалқонларни жойига элтиб қўйишарди.

29Рахабомнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган. 30Рахабом билан Ерибом бутун умри давомида уришиб келдилар. 31Ниҳоят, Рахабом ҳам оламдан ўтиб, Довуд қалъасида ота–боболари ёнига дафн қилинди. Онаси Оммонлик бўлиб, исми Намах эди. Рахабомнинг ўрнига ўғли Абиё[121] шоҳ бўлди.

 

15–БОБ - ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

 

Яҳудо шоҳи Абиё

 

1Исроил шоҳи Ерибом ҳукмронлик қилаётганига ўн саккиз йил бўлганда, Абиё Яҳудога шоҳ бўлди. 2У Қуддусда уч йил шоҳлик қилди. Онасининг исми Махо бўлиб, у Абсаломнинг[122] қизи эди. 3Абиё ҳам отасининг илгари қилган гуноҳларини давом эттирди. У ўзининг Эгаси Худога чин дилдан боғланган бобоси Довуд сингари эмас эди. 4Парвардигор Эгамиз Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун Довуддан кейин унинг ўғлини тахтга ўтқазди. Шундай қилиб, Қуддусни мустаҳкам қилиб, шу шаҳарда унга сўнмас бир чироқ берди. 5Довуд Эгамиз олдида доим тўғри иш қилди. Умрининг охиригача, Хет халқидан бўлган Уриёга[123] қилган номуносиб хатти–ҳаракатини ҳисобга олмаганда, Эгамизнинг амридан зинҳор бўйин товламади. 6Рахабом билан Ерибом ўртасида бошланган уруш Абиёнинг умри охиригача давом этди. 7Абиёнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзиб қолдирилган. Абиё билан Ерибом ўртасида уруш муттасил давом этган эди. 8Абиё оламдан ўтди. Уни Довуд қалъасида ота–боболари ёнига дафн қилдилар, унинг ўрнига ўғли Осо шоҳ бўлди.

 

Яҳудо шоҳи Осо

 

9Ерибом Исроилга ҳукмронлик қилаётганига йигирма йил бўлганда, Осо Яҳудо ҳукмдори бўлди. 10У Қуддусда қирқ бир йил шоҳлик қилди. Бувисининг исми Махо бўлиб, у Абсаломнинг қизи эди. 11Осо, бобоси Довуд каби, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди. 12Саждагоҳлардаги фаҳшбозларни[124] бу юртдан қувди. Ота–боболари ясаган ҳамма бутларни йўқ қилди. 13Бувиси Махо Ашеранинг макруҳ тасвирини ясатган эди, шунинг учун бувисини ҳам маликалик мартабасидан[125] маҳрум қилди. Осо бувиси ясаган бутни ёриб, Қидрон сойлигида[126] ёқиб юборди. 14Осо саждагоҳларни йўқ қила олмаган бўлса–да, умр бўйи Эгамизга чин кўнгилдан боғланди. 15Отаси назр этган нарсаларни ҳам, ўзи назр этган нарсаларни — олтин, кумушларни, идишларни ҳам Эгамизнинг уйига олиб келди. 16Осо билан Исроил шоҳи Башо умрларининг охиригача бир–бирлари билан уришиб ўтдилар. 17Исроил шоҳи Башо Яҳудога ҳужум қилди. Одамлар Яҳудо юртига осонликча кириб чиқа олмаслиги учун, у Рама шаҳрини[127] мустаҳкамлади.

18Осо эса Эгамиз уйининг хазинасида қолган ҳамма олтин ва кумушни ҳамда шоҳ саройи хазиналарини олди. Хазиналарни аъёнлари орқали Орам шоҳи Банҳадад ҳузурига жўнатди. Хезиённинг набираси Банҳадад Тавриммўннинг ўғли эди. Осо Дамашқда ўтирган Банҳададга шу гапларни етказишни буюрди: 19“Сенинг отанг билан менинг отам ўртасида иттифоқ бўлгани каби, сен билан менинг ўртамда ҳам иттифоқ бўлсин. Сенга ҳадя қилиб кумуш ва олтин бериб юборяпман. Исроил шоҳи Башо билан иттифоқ тузган эдинг, энди ўшани бекор қил, токи у рўпарамдан даф бўлсин.”

20Банҳадад шоҳ Осонинг таклифини қабул қилди, лашкарбошиларига: “Исроил шаҳарларига ҳужум қилинглар”, деб уларни ўша ёққа юборди. Улар Ийхон, Дан, Овил–Байт–Махо шаҳарларини, бутун Нафтали ерлари билан бирга Жалила кўли[128] атрофларини босиб олдилар. 21Башо бу воқеани эшитгач, Рамани мустаҳкамлаш фикридан воз кечиб, Тирзага қайтиб келди. 22Шоҳ Осо Яҳудо халқининг биттасини ҳам қолдирмай чақирди. Уларга Рама шаҳрини мустаҳкамлашда Башо ишлатган тош ва ёғочларни ташиттирди. Осо ўша тош ва ёғочлар билан Бенямин ерларидаги Ғибо ҳамда Миспах шаҳарларини мустаҳкамлади.

23Осонинг бошқа ишлари, каҳрамонликлари, бутун фаолияти, мустаҳкам қилган шаҳарлари ҳақида “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзиб қолдирилган. У ҳам кексайиб, оёқлари оғрийдиган бўлиб қолди. 24Ниҳоят, Осо оламдан ўтиб, бобоси Довуднинг қалъасида ота–боболари ёнига дафн қилинди. Ўрнига ўғли Ёҳушафат шоҳ бўлди.

 

Исроил шоҳи Надов

 

25Осо Яҳудода шоҳлик қилаётганига икки йил бўлганда, Надов Исроил шоҳи бўлди ва икки йил ҳукмронлик қилди. Надов Ерибомнинг ўғли эди. 26У ҳам Эгамиз олдида қабиҳликлар қилди. Исроилни гуноҳга ботирган отасидан намуна олди.

27Иссахор хонадонидан Охиё ўғли Башо Надовга қарши суиқасд уюштириб, Филистларнинг Гибитон шаҳрида уни ўлдирди. Ўшанда Надов ва бутун Исроил лашкари Гибитон шаҳрини қамал қилиб турган эди. 28Осо Яҳудода учинчи йили шоҳлик қилаётганда, Башо Надовни ўлдирди. Башо Надовнинг ўрнига шоҳ бўлди. 29У шоҳ бўлгандан кейин Ерибомнинг бутун оиласини битта қўймай қириб ташлади. Шундай қилиб, Эгамизнинг ўз қули, Шилўлик Охиё[129] орқали айтган сўзлари[130] бажо бўлди. 30Ерибомнинг ўзи ҳам гуноҳ қилиб, Исроил халқини ҳам гуноҳга ботириб, Исроил халқининг Худоси — Эгамизни ғазаблантиргани учун, шу воқеалар юз берди.

31Надовнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзиб қолдирилган. 32Осо билан Исроил шоҳи Башо умрларининг охиригача бир–бири билан уришиб ўтдилар.

 

Исроил шоҳи Башо

 

33Яҳудо шоҳи Осо шоҳлик қилаётганига уч йил бўлганда, Башо Тирзада бутун Исроил халқи устидан ҳукмдор бўлди ва йигирма тўрт йил шоҳлик қилди. 34У ҳам Ерибомнинг йўлидан кетиб, Эгамиз олдида қабиҳликлар қилиб, Исроилни гуноҳга ботирди.

 

16–БОБ - ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

 

1ЭгамизИсроил шоҳи Башога Хонин ўғли Ёҳу орқали шу сўзларни аён қилган эди:

2— Сени Мен тупроқ остидан чиқариб юксалтирдим. Сени халқим Исроилнинг ҳукмдори қилдим. Сен эса Ерибомнинг йўлидан кетиб, халқим Исроилни гуноҳга ботирдинг. Гуноҳларингиз Мени ғазаблантирди. 3Мана кўрасан, Набат ўғли Ерибом хонадони сингари, сенинг оилангни ҳам илдизидан қуритаман. 4Сенинг уруғингдан шаҳарда вафот этган одам кўппакларга ем бўлар, қирда вафот этган одам кўкдаги қушларга ем бўлар.

5Башонинг бошқа ишлари, фаолияти, каҳрамонликлари “Исроил шоҳларининг тарихи” китобида ёзиб қолдирилган. 6Башо ҳам оламдан ўтиб, Тирзада ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Элох шоҳ бўлди. 7Хонин ўғли Ёҳу орқали Башога ва унинг хонадонига Эгамиз Ўзининг сўзларини аён қилган эди. Башо Эгамиз олдида Ерибом хонадони каби қабиҳликлар қилгани ва Ерибомнинг хонадонини қириб ташлагани учун, Эгамиз ундан ғазабланди.

 

Исроил шоҳи Элох

 

8Осо Яҳудога шоҳлик қилаётганига йигирма олти йил бўлганда, Элох Исроил шоҳи бўлди. Элох Башонинг ўғли эди. У Тирзада истиқомат қилиб, икки йил ҳукмдорлик қилди. 9Лекин жанг араваларининг ярмига қўмондон бўлган Зимри унга суиқасд уюштирди. Элох Тирзада турган пайтда Тирзадаги бош вазири Арзонинг уйида ичиб маст бўлиб қолди. 10Шунда Зимри ичкарига кирди–ю, уни ўлдирди. Сўнг Зимри шоҳ бўлиб олди. Осо Яҳудода шоҳлик қилаётганига йигирма етти йил бўлганда, шу воқеа юз берди.

11Зимри шоҳ бўлиб тахтга ўтиргач, Башо хонадонини битта қўймай қириб ташлади. Башонинг на қариндош–уруғидан, на ёр–биродарларидан бирор эркак зоти тирик қолди. 12Ёҳу пайғамбар орқали Эгамизнинг айтган сўзларига кўра, Зимри Башо хонадонини йўқ қилди. 13Башо билан унинг ўғли Элохнинг гуноҳлари кўп бўлиб, улар Исроил халқини гуноҳга ботирган, ўзларининг бутлари билан Исроил халқининг Худоси — Эгамизни ғазаблантиргани учун, шу ҳодисалар юз берган эди. 14Элохнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти “Исроил шоҳлар тарихи” китобида ёзиб қолдирилган.

 

Исроил шоҳи Зимри

 

15Осо Яҳудога шоҳлик қилаётганига йигирма етти йил бўлганда, Зимри ҳам Тирзада етти кун Исроилга шоҳ бўлди. Лашкарлар шу пайтда Гибитон шаҳрини қамал қилиб турган эди. Бу шаҳар Филистларники эди. 16“Зимри шоҳга суиқасд уюштирибди, шоҳни ўлдирибди”, деган хабарни лашкарлар Гибитонни қамал қилиб турган ерда эшитишди. Халқ лашкарбоши Омрини қароргоҳда ўша куниёқ Исроил шоҳи қилиб кўтарди. 17Омри Исроил лашкарини бошлаб Гибитондан чиқиб келди ва Тирзани қамал қилди. 18Зимри эса шаҳарнинг қўлдан кетганини кўрди–ю, шоҳ саройининг ички қалъасига кирди. Кейин орқасидан шоҳ саройига ўт қўйиб юбориб, ўзи ҳам нобуд бўлди. 19Зимри гуноҳ қилгани учун шу ҳодисалар юз берган эди. У Ерибомнинг йўлидан юриб, Эгамиз олдида қабиҳликлар қилган, ҳам ўзи гуноҳ қилган, ҳам Исроил халқини гуноҳга бошлаган эди. 20Зимрининг бошқа ишлари, хоинлиги “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзиб қолдирилган.

 

Исроил шоҳи Омри

 

21Энди Исроил халқи иккига бўлиниб қолди. Халқнинг ярми: “Гинат ўғли Тивнахни шоҳ қиламиз”, деб унга эргашди, ярми эса Омрининг этагини тутди. 22Омрининг этагини тутган халқ Тивнахга эргашган халқ устидан ғолиб келди, Тивнах эса ўлди. Омри шоҳ бўлиб қолди. 23Осо Яҳудога шоҳлик қилаётганига ўттиз бир йил бўлганда, Омри Исроил шоҳи бўлди. У ҳаммаси бўлиб ўн икки йил ҳукмдорлик қилди. Олти йили Тирзада ўтди. 24У Шамер исмли одамдан тўрт пуд[131] кумушга тепаликни сотиб олиб, у ерга шаҳар қурдирди. Шаҳарни тепаликнинг олдинги эгаси Шамернинг исми билан Самария деб атади.

25Омри ҳам Эгамиз олдида қабиҳликлар қилди. У шу даражада қабиҳлик қилдики, аввал ўтган шоҳларнинг бирортаси Омричалик қабиҳлик қилмаган эди. 26Омри ҳам Исроил халқини гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибомнинг йўлидан кетди. Омри халқни бутпарастликка бошлаб, Исроил халқининг Худоси — Эгамизни ғазаблантирди. 27Омрининг бошқа ишлари, кўрсатган қаҳрамонликлари “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзиб қолдирилган. 28Ниҳоят, Омри оламдан ўтиб, Самарияда ота–боболари ёнига дафн қилинди, ўрнига ўғли Ахаб шоҳ бўлди.

 

Исроил шоҳи Ахаб

 

29Осо Яҳудога шоҳлик қилаётганига ўттиз саккиз йил бўлганда, Ахаб Исроил шоҳи бўлди. Ахаб Омрининг ўғли эди. У Самарияда туриб, йигирма икки йил давомида Исроилни бошқарди. 30Ахаб Эгамиз олдида шундай қабиҳликлар қилдики, олдин ўтган шоҳларнинг бирортаси ҳам шунчалик қабиҳлик қилмаган эди. 31Ҳатто Набат ўғли Ерибомнинг гуноҳларига шерик бўлгани камлик қилгандай, Сидонликлар[132] шоҳи Этбаалнинг қизи Изабелга уйланиб, Баалга хизмат қилиб, унга сажда эта бошлади. 32Самарияда Баалга атаб қурган уйда қурбонгоҳ ҳам барпо қилди. 33Ахаб, бунинг устига, Ашерага атаб устун ясади. У ўзидан аввал ўтган ҳамма Исроил шоҳларидан зиёда гуноҳ қилиб, Исроил халқининг Худоси — Эгамизни ғазаблантирди.

34Ахаб шоҳлик қилган даврда Байтиллик Хиёл Ерихо шаҳрини қайтадан қурди. Эгамизнинг Нун ўғли Ёшуа орқали қилган башорати бажо бўлди. Хиёл тўнғич ўғли Абурамнинг жони эвазига шаҳарнинг пойдеворини ётқизди. Кичик ўғли Сахувнинг жони эвазига эса шаҳар дарвозасини ўрнатди.

 

17–БОБ - ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

 

Илёс ва қурғоқчилик

 

1Гиладнинг[133] Тишба шаҳридан бўлган Илёс Ахабга деди:

— Мен хизмат қилаётган Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шоҳид! Мен айтмагунимча, шу йилларда на шудринг тушади, на ёмғир ёғади[134].

2Илёсга Эгамиз шу сўзларни аён қилди:

3— Бу ердан кет, шарқ томонга бор. Иордан дарёси шарқидаги Харит жилғаси ёнида беркиниб ол. 4Сен ўша жилғанинг сувидан ичасан, қарғаларга амр бердим: улар сени боқишади.

5Илёс Эгамизнинг амрига биноан, бу ердан кетди. Иордан дарёсининг шарқидаги Харит жилғасига бориб, ўша ерда қолди. 6Қарғалар унга эрталаб ҳам, кечқурун ҳам нон ва гўшт олиб келишар, ўзи эса дарёчанинг сувидан ичарди. 7Бутун юрт бўйлаб ёмғир ёғмади, орадан бир неча кун ўтгач, дарёча ҳам қуриб қолди.

 

Илёс ва Зорафатлик бева аёл

 

8Кейин Илёсга Эгамиз шу сўзларни аён қилди:

9— Тур ўрнингдан! Сидондаги Зорафат шаҳрига[135] бориб, ўша ерда яша. Шу шаҳарда яшайдиган бир бева аёлга амр этдим, у сени боқади.

10Илёс Зорафатга жўнади. Шаҳар дарвозаси олдига етиб боргач, қараса, бир аёл ўтин териб юрибди. Илёс аёлни чақириб, унга деди:

— Илтимос, менга ичгани идишда озгина сув берсангиз.

11Аёл сувга кетаётган эди, уни яна чақириб айтди:

— Илтимос, менга бир бурда нон ҳам ола келинг.

12Аёл деди:

— Эгангиз Худо шоҳид! Уйимда нон увоғи ҳам йўқ, фақат хумда бир ҳовуч ун ва хурмачада озгина зайтун мойи бор, холос. Икки–учта тараша ўтин териб олсам, бориб, ўзим ва ўғлим учун нимадир тайёрлаган бўлардим. Бу охирги егулигимиз бўлади. Балки кейин ўлиб кетармиз.

13Илёс аёлга деди:

— Қўрқманг, бораверинг, егуликни тайёрлайверинг. Фақат олдин ўша ун ва мойдан кулча қилиб, менга олиб келиб беринг. Ўзингизга ва ўғлингизга эса кейин қиларсиз. 14Бинобарин, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: “Мен ер узра ёмғир ёғдирмагунга қадар, хумдаги ун тамом бўлмас, хурмачадаги мой ҳам тугамас.”

15Аёл бориб, Илёснинг айтганларини қилди. Шундан кейин Илёс билан бирга, аёлнинг оиласи учун кўп кунларга етадиган егулик бўлди. 16Эгамизнинг Илёс орқали айтганларига биноан, хумдаги ун ҳам тамом бўлмади, хурмачадаги мой ҳам тугамади.

17Орадан бир қанча вақт ўтгач, хонадон соҳибаси — аёлнинг ўғли касал бўлиб қолди. У шунчалик оғир дардга йўлиқдики, охири жон берди. 18Аёл Илёсга деди:

— Мендан нима истайсиз, эй, Худонинг одами?[136] Сиз гуноҳларимни Худога эслатгани ва ўғлимнинг ўлимига сабабчи бўлгани келибсиз–да?![137]

19Илёс аёлга: “Менга беринг ўғлингизни!” — деб болани аёлнинг қучоғидан олди, уни ўзи истиқомат қиладиган болохонага олиб чиқиб, тўшакка ётқизди. 20Сўнгра Эгамизга хитоб қилди:

— Эй, Эгам Худо! Мен шу бева аёлнинг меҳмониман. Наҳот, унинг ўғлини нобуд қилиб, бошига кулфат ёғдирсанг?!

21Илёс боланинг устига уч марта чўзилиб, кейин Эгамизга яна хитоб қилди:

— Эй, Эгам Худо! Илтижо қиламан, бу болага қайтадан жон ато эт!

22Эгамиз Илёснинг илтижосини эшитди. У болага қайтадан жон ато этиб, тирилтирди. 23Илёс болани болохонадан уйга олиб тушди, уни онасига бериб: “Қаранг, ўғлингиз тирик!” — деди. 24Аёл эса Илёсга:

— Энди билдим: сиз Худонинг одами экансиз, — деди. — Эгамиз чиндан ҳам сиз орқали гапирар экан.

 

18–БОБ - ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

 

Илёс ва Баалнинг пайғамбарлари

 

1Орадан анча кунлар ўтди. Ниҳоят, қурғоқчиликнинг учинчи йили Илёсга Эгамиз шу сўзларни аён қилди:

— Ахабнинг ҳузурига бор. Мен ер юзига ёмғир ёғдираман.

2Илёс Ахабга кўрингани кетди. Бу вақтда Самарияда даҳшатли очарчилик ҳукм сурарди.

3Ахаб сарой бошқарувчиси Ободиёни чақирди. Ободиё Эгамиздан жуда қўрқарди. 4Изабел Эгамизнинг пайғамбарларини ўлдираётганда, Ободиё юзта пайғамбарни ғорга олиб кетган ва элликта–элликта қилиб ўша ерда яширган, уларни нон–сув билан таъминлаб турганди. 5Ахаб Ободиёга деди:

— Юртдаги ҳамма булоқлар ва сойликларга бор, ўт–ўлан топиб, отларни, хачирларни боқайлик, мол–ҳолдан айрилиб қолмайлик тағин.

6Иккови айланиб чиқиш учун юрт ҳудудини тақсимлаб олишди. Ахаб бир йўлдан ўзи алоҳида кетди. Ободиё ҳам ўзи алоҳида бошқа йўлдан кетди.

7Ободиё йўлда кетаётганда, рўпарасидан Илёс чиқиб қолди. Ободиё Илёсни таниди ва етти букилиб таъзим қилиб:

— Сизмисиз, тўрам Илёс? — деб сўради.

8— Ҳа, менман, — деб жавоб берди Илёс унга. — Бор, хўжайинингга: “Илёс шу ерда”, деб айт.

9— Менинг қандай айбим борки, сиз мен, қулингизни Ахабнинг қўлига топширяпсиз?! — деди Ободиё. — Мени ўлдириш учунми?! 10Эгангиз Худо шоҳид! Бирорта шоҳлик ёки халқ йўқки, хўжайиним сизни ахтариб топиш учун ўша ерларга бирор одамни жўнатмаган бўлсин. Ўша шоҳликлар, халқлардан: “Илёс бу ерда йўқ”, деб жавоб келгандан кейин ҳам уларга сизни топа олмаганлари ҳақида қасам ичдирди. 11Энди эса сиз: “Бор, хўжайинингга, Илёс шу ерда, деб айт”, деяпсиз. 12Ёнингиздан кетишим биланоқ, Эгамизнинг Руҳи сизни бирор жойга олиб кетади. Қаергалигини эса мен билолмай қоламан. Мен Ахабнинг ҳузурига бориб хабар бердим ҳам дейлик. У эса сизни топа олмай, ўша заҳоти мени ўлдиради. Лекин мен, қулингиз, болалигимдан Эгамиздан қўрқаман. 13Изабел Эгамизнинг пайғамбарларини ўлдираётганда, мен Эгамизнинг пайғамбарларидан юзтасини элликта–элликта қилиб ғорларда яширдим, уларга нон–сув бериб турдим. Наҳотки, мана шу қилган ишларим ҳақида тўрам эшитмаган бўлсалар?! 14Энди эса сиз менга: “Бор, хўжайинингга, Илёс шу ерда, деб айт”, деяпсиз. У мени ўлдиради–ку!

15— Мен хизмат қилаётган Сарвари Олам шоҳид! Бугун мен унга албатта кўринаман, — деди Илёс.

16Шундан кейин Ободиё Ахабнинг ёнига бориб, уни воқеадан хабардор қилди. Ахаб эса Илёсни кутиб олиш учун кетди. 17Ахаб Илёсни кўрди–ю: “Исроилга бало келтирадиган сенмисан ҳали?!” деб дўқ урди.

18— Исроилга бало келтирадиган мен эмас, — дея жавоб берди Илёс. — Аксинча, сен ва отангнинг хонадони Эгамизнинг амрларидан юз ўгирдингизлар, Баалга сажда қилиб, Исроилга бало келтирдингизлар. 19Энди бирортасига буюр: бутун Исроил халқини, Баалнинг Изабел дастурхонидан таом ейдиган 450та пайғамбарини, Ашеранинг 400та пайғамбарини менга Кармил тоғи ёнига тўплаб берсин.

20Ахаб жамики Исроил халқини, пайғамбарларни Кармил тоғи[138] ёнига тўплади. 21Илёс халқнинг рўпарасига чиқиб, уларга танбеҳ берди:

— Қачонгача икки кеманинг учини тутиб юрасизлар?! Агар Эгамиз Худо бўлса, Унга эргашинглар. Борди–ю, Баал Худо бўлса, унга сажда қилинглар.

Халқдан садо чиқмади. 22Илёс яна халққа қараб гапира бошлади:

— Эгамизнинг пайғамбари бўлиб ёлғиз мен қолдим, Баалнинг пайғамбарлари эса 450 киши. 23Энди бизга иккита буқа келтиринглар. Баалнинг пайғамбарлари битта буқани танлаб олиб нимталасин, кейин ўтинларнинг устига қўйишсин, лекин олов ёқишмасин. Мен ҳам буқанинг биттасини тайёрлаб ўтинларнинг устига қўяман, лекин олов ёқмайман. 24Баалнинг пайғамбарлари илтижо қилиб, Баални чақиришсин. Мен ҳам илтижо қилиб, Эгамизни чақираман. Кимнинг Худоси аланга орқали жавоб берса, Худо Ўшадир.

Халққа бу гап жуда маъқул келди. 25Илёс Баалнинг пайғамбарларига деди:

— Сизлар кўпчиликсиз, битта буқани танлаб олиб, аввал сизлар нимталанглар. Кейин худойингизга илтижо қилиб, чақиринглар, лекин олов ёқманглар.

26Баалнинг пайғамбарлари ўзлари танлаб олган буқани нимталаб, тайёрлаб қўйдилар. Кейин эрталабдан пешингача: “Эй, Баал, бизга жавоб бер!” деб ўзларининг худосига илтижо қилиб, чақирдилар. Лекин на бирон садо келди, на бирортаси жавоб берди. Улар ўзлари қурган қурбонгоҳнинг атрофида сакрайвердилар.

27Пешин вақти бўлди. Илёс энди уларнинг устидан кула бошлади:

— Баландроқ овоз билан чақиринглар. Ахир, у худо, балки хаёл суриб ўтиргандир, ё бирор нарса билан машғулдир, ёки йўлда келаётгандир, ёки ухлаб ётган бўлса, уйғотиш керакдир.

28Хуллас, улар баланд овоз билан бақиравердилар. Кейин, одатларига кўра, ўзларига пичоқ ва найза санчиб, қон оқиздилар. 29Пешин вақти ўтиб кетди. Кечки қурбонлик пайтига[139] қадар улар жазавага тушиб бақиравердилар. Лекин на бир садо бўлди, на бирорта аломат, на бир жавоб бўлди.

30Илёс: “Менга яқинроқ келинглар”, — деб ҳамма одамларни чақирди. Халқ Илёснинг ёнига келди. Шу пайт Илёс Эгамизнинг бузилган қурбонгоҳини қайта тиклай бошлади. 31Илёс ўн иккита тош олди. Бу тошлар Ёқубнинг ўғилларидан келиб чиққан қабилаларни англатарди. Ёқубга Эгамиз: “Сенинг номинг Исроил бўлади”, деган сўзларни аён қилган эди. 32Илёс ўша тошларни ишлатиб, Эгамизга атаб қурбонгоҳ қурди. Қурбонгоҳ атрофида бир тоғора[140] буғдой сиғадиган хандақ кавлади. 33Сўнг ўтинларни қалаштирди, буқани нимталаб, ўтинлар устига қўйди.

— Тўла тўрт кўза сув олиб келинглар, — деди Илёс одамларга. — Сувни куйдиришга аталган қурбонликнинг ва ўтинларнинг устидан тўкинглар.

34Кейин: “Яна такрорланглар!” деб буюрди Илёс одамларга. Одамлар яна тўрт кўза сув қуйдилар. “Учинчи марта ҳам такрорланглар!” — деди. Учинчи марта ҳам тўрт кўза сув қуйдилар. 35Энди қурбонгоҳнинг атрофида сув оқа бошлади, хандақ ҳам сувга тўлди.

36Кечки қурбонлик пайти бўлганда, пайғамбар Илёс қурбонгоҳга яқин келиб, хитоб қилди:

— Эй, Иброҳимнинг, Исҳоқнинг ва Ёқубнинг[141] Худоси — Эгамиз! Бугун сенинг Исроилда Худо эканлигинг, Мен эса Сенинг қулинг эканлигим аён бўлсин. Буларнинг ҳаммасини сенинг амрингга биноан бажо қилганим аён бўлсин. 37Менга жавоб бер, эй, Эгамиз! Менга жавоб бер: мана бу халқ Сенинг Худо эканингни, уларнинг дилини Сен Ўзингга мойил қилувчи эканингни билсин.

38Ўша заҳоти Эгамиз олов юборди. Олов куйдиришга аталган қурбонликни, ўтинларни, тошларни ва тупроқни ямламай ютиб юборди. Хандақдаги сувни ҳам олов тортиб кетди. 39Бу ҳодисани кузатиб турган халқ юз тубан мук тушиб: “Эгамиз — Худодир, Эгамиз — Худодир”, — деди.

40Шундан сўнг Илёс одамларга: “Баалнинг пайғамбарларини ушланглар, бирортаси ҳам қочиб кетмасин!” деб буюрди. Одамлар Баалнинг пайғамбарларини ушладилар. Илёс уларни Хишон сойлигига олиб тушиб, ўша ерда ўлдирди.

 

Қурғоқчилик тугайди

 

41Шу воқеадан кейин Илёс Ахабга: “Бор, энди еб–ичавер, қаттиқ ёмғир ёғади, ёмғир яқинлашаётганини эшитяпман”, деди. 42Ахаб тамадди қилиб олиш учун кетди. Илёс эса Кармилнинг тепасига чиқди. Ерга энгашиб, юзини тиззалари орасига қўйди. 43Кейин хизматкорига: “Бор, денгиз томонга қара–чи”, деди. Хизматкор кетди.

— Ҳеч нарса йўқ экан, — деди у қайтиб келиб.

Илёс хизматкорига етти марта: “Денгизга қара!” деб буюрди. 44Хизматкор еттинчи марта ҳам бориб қаради.

— Ана, денгиздан кичкина бир булут чиқиб келяпти, катталиги одамнинг кафтича келади, — деди у, ниҳоят.

Илёс хизматкорига буюрди:

— Тез бориб, Ахабга айт, аравасини қўшиб жўнасин. Тағин ёмғирда қолиб кетмасин.

45Шу пайт бирдан осмонни қоп–қора булут қоплади, шамол эсиб, шиддат билан ёмғир бошлади. Ахаб эса аравасига ўтириб, Йизрилга[142] йўл олди. 46Эгамиз Илёсга алоҳида куч–қудрат ато қилди. У тўнининг этагини белига қистирди–да, Ахабдан илгари Йизрилга қараб югуриб кетди.

 

19–БОБ - ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

 

Илёс Синай тоғида

 

1Ахаб Илёс қилган ҳамма ишларни, барча пайғамбарларни қандай қилиб қиличдан ўтказганини Изабелга айтиб берди. 2Изабел Илёсга чопар орқали шу хабарни етказди: “Пайғамбарларнинг жонини қандай олган бўлсанг, эртага шу вақтда мен ҳам сенинг жонингни олмасам, худолар мени ҳар қандай жазога мубтало қилсин, ундан ҳам баттарроғига дучор қилсин.” 3Илёс бу хабарни эшитди–ю, ўрнидан туриб, жонини қутқариш умидида Яҳудонинг Бэршэва шаҳри[143] томон йўл олди. Хизматкорини ўша шаҳарда қолдириб, 4ёлғиз ўзи чўлда бир кун йўл юрди. Ниҳоят, бир юлғун дарахти остига келиб ўтирди. Ўзига ўзи ўлим тилаб:

— Етар, эй, Эгам! — деб хитоб қилди у, — энди жонимни олақол. Ахир, ота–боболаримдан менинг ортиқ жойим йўқ.

5Илёс юлғун остида ётиб ухлаб қолди. Бир пайт фаришта уни туртиб: “Тур, таом еб ол”, — деди. 6Илёс туриб қараса, бош томонида иссиқ тош устида пишган нон, кўзада сув турибди. У еб–ичиб бўлиб, яна ётди.

7Эгамизнинг фариштаси иккинчи дафъа қайтиб келди ва Илёсга тегиниб: “Тур, таом еб ол, олдингда ҳали узоқ йўл турибди”, деди. 8Илёс ўрнидан туриб еб–ичиб олди. Таомнинг қуввати билан қирқ кечаю қирқ кундуз йўл юриб Худонинг тоғи Синайга[144] етиб келди. 9Илёс Синай тоғидаги бир ғорга кириб, ўша ерда тунади. Бир пайт Эгамиз ундан: “Эй, Илёс, бу ерларда нима қилиб юрибсан?” деб сўради.

10— Эй, Парвардигори Олам — Эгам, Сен учун кўп жон куйдирган эдим, — деди Илёс. — Чунки Исроил халқи Сен билан қилган аҳддан қайтди, қурбонгоҳларингни бузди, пайғамбарларингни қиличдан ўтказди. Эй, Эгам, Сенинг пайғамбарларингдан ёлғиз мен қолдим, холос. Энди жонимни олиш учун мени ҳам қидириб юрибдилар.

11— Чиқ, тоғда Менинг рўпарамда тур, ёнингдан ўтаман, — деди Эгамиз унга.

Эгамиз ўтганда, қудратли бўрон тоғларни ёриб, қояларни парча–парча қилиб ташлади, лекин Эгамиз бўрон ичида эмасди. Шамолдан сўнг зилзила бўлди, лекин Эгамиз зилзилада ҳам эмасди. 12Зилзиладан сўнг эса аланга кўтарилди. Бироқ Эгамиз аланга ичида ҳам эмас экан. Алангадан кейин эса майин шабада товуши эшитилди. 13Илёс бу товушни эшитиб, юзини чакмони билан беркитиб олди. Ташқарига чиқиб, ғорнинг оғзида турди. Шунда яна: “Илёс, бу ерда нима қилиб турибсан?” деган садо келди.

14— Эй, Парвардигори Олам — Эгам, мен Сен учун кўп жон куйдирган эдим, — деди Илёс. — Исроил халқи Сен билан қилган аҳддан қайтди, қурбонгоҳларингни бузди, пайғамбарларингни қиличдан ўтказди. Эгамнинг пайғамбарларидан ёлғиз мен қолдим, холос. Энди жонимни олиш учун мени ҳам қидириб юрибдилар.

15Эгамиз унга айтди:

— Сен келган йўлингдан орқага қайт. Дамашқ яқинидаги саҳрога бор. У ерга борганингдан кейин, Хазайилнинг бошига мой сурт, у Орам юртининг шоҳи бўлсин. 16Нимши ўғли Ёҳунинг[145] бошига ҳам мой сурт, у Исроилнинг шоҳи бўлсин. Овил–Махлалик Шофот ўғли Элишайнинг бошига ҳам мой сурт, у сенинг ўрнингга пайғамбар бўлади. 17Хазайилнинг қиличидан қочиб қутулганни Ёҳу ўлдиради, Ёҳунинг қиличидан қочиб қутулганни Элишай ўлдиради. 18Мен Исроил халқидан етти минг одамни қолдираман, улар Баал олдида тиз чўкмаган, бирортаси ҳам Баални ўпмаган.

 

Элишай

 

19Илёс у ердан кетиб, Шофот ўғли Элишайни топди. У ўн икки жуфт ҳўкиз билан ер ҳайдаётганларнинг орасида ўн иккинчи жуфт ҳўкизни ҳайдаётган эди. Илёс Элишайнинг ёнидан ўтаётиб, чакмонини унинг устига ташлади[146]. 20Элишай ҳўкизларини қолдириб, Илёснинг орқасидан югуриб борди.

— Ижозат бер, бориб, ота–онамни ўпиб хайрлашиб келай, кейин орқангдан етиб бораман, — деди у Илёсга.

Илёс Элишайга деди:

— Бор, лекин мен сенга қилганимни ўйлаб кўр!

21Элишай Илёснинг ёнидан қайтиб бориб, бир жуфт ҳўкизни сўйди. Омоч–бўйинтуруқларини ёқиб, ҳўкизларнинг гўштини пишириб, одамларга берди. Одамлар гўштни еб бўлгач, Элишай Илёснинг ортидан жўнади ва унга хизмат қила бошлади.

 

20–БОБ - ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

 

Орам шоҳи билан уруш

 

1Орам шоҳи Банҳадад[147] ҳамма лашкарини тўплади. Ўттиз иккита шоҳ ўз отлари, жанг аравалари билан унга мадад берди. Банҳадад Самарияни қамал қилиб, бу шаҳарга уруш бошлади. 2Банҳадад шаҳарга — Исроил шоҳи Ахаб ҳузурига чопарлар жўнатиб, улар орқали шу хабарни етказди:

— Банҳадад айтмоқда: 3“Сенинг олтин–кумушларинг, энг сара хотинларинг, ўғилларинг меники бўлади.”

4— Сиз айтгандай бўла қолсин, шоҳ ҳазратлари, — деб жавоб йўллади Исроил шоҳи, — ўзим ҳам, менинг ҳамма нарсам ҳам сизникидир.

5Банҳададнинг чопарлари яна қайтиб келиб, Ахабга шу хабарни етказдилар:

— Банҳадад айтмоқда: “Сенга, олтинингни, кумушингни, хотинларингни ва болаларингни менга берасан, деб хабар берган эдим. 6Эртага шу пайтда қулларимни жўнатаман: улар саройингни, аъёнларингнинг бошпанасини бирма–бир кўриб, кўзингни қувнатиб турган қимматбаҳо ҳамма нарсаларингни олиб кетадилар.”

7Исроил шоҳи юрт оқсоқолларини чақириб, уларга айтди:

— Ўйлаб бир қаранглар, у одам қандай ёмонликни ўйлаб топади–я. У хотинларимни, ўғилларимни, олтин–кумушларимни сўраб чопар жўнатганда, мен рад қилмагандим.

8Ҳаммалари шоҳга:

— Қулоқ солманг унинг гапларига, рози бўлманг! — деб маслаҳат бердилар. 9Исроил шоҳи Банҳададнинг чопарларига шу гапни айтди:

— Шоҳ ҳазратларига шундай деб етказинглар: у олдин мендан нима истаган бўлса, ҳаммасини адо этаман, фақат кейинги талабига рози эмасман.

Чопарлар Банҳададга Ахабнинг шу гапини олиб келдилар. 10Банҳадад Ахабга яна чопарларини жўнатиб, қуйидаги гапни етказди:

— Самарияни ер билан яксон қиламан, агар Самариянинг кули орқамда юрган мана шу одамларимнинг ҳар бирига бир ҳовучдан етиб ортиб қолса, худолар мени ҳар қандай жазога мубтало қилсин, ундан ҳам баттарроғига дучор қилсин.

11Исроил шоҳи ҳам Банҳададнинг гапларига муносиб жавоб берди:

— Айтиб қўйинг, шоҳингиз совутини кийишдан олдин эмас, ечгандан кейин мақтансин.

12Банҳадад шоҳлари билан чодирда кайфу сафо қилиб ўтирган эди. У Ахабнинг гапини эшитиши биланоқ: “Шаҳарга ҳужум қилгани тайёрланинг!” деб амр берди. Унинг одамлари шу заҳоти шаҳарни қуршаб олди. 13Ўша пайт Исроил шоҳи Ахабнинг олдига бир пайғамбар келиб, шу гапларни айтди:

— Эгам шундай демоқда: “Эй, Ахаб, анави катта қўшинни кўряпсанми? Бугун ўшаларни сенинг қўлингга бераман. Ана ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни биласан.”

14— Ким орқали беради? — деб сўради Ахаб.

— Вилоят ҳокимларининг паҳлавонлари орқали бераман, деб айтмоқда Эгам, — гапида давом этди пайғамбар.

— Жангни ким бошлайди? — яна сўради Ахаб.

— Сен, — деди пайғамбар. 15Ахаб вилоят ҳокимларининг паҳлавонларини чақирди: улар 232та экан. Кейин Исроил лашкарининг ҳаммасини чақирди, улар етти минг киши чиқди.

16Пешин вақтида Исроил лашкари ҳужум қилиб қолди. Банҳадад ва шоҳлар, яъни унга ёрдам бераётган ўттиз икки шоҳ чодирларда ичиб маст бўлиб ётган экан. 17Исроил лашкари томонидан аввал вилоят ҳокимларининг паҳлавонлари чиқдилар. Банҳадад чопарлар жўнатган эди, чопарлар: “Самариядан одамлар чиқиб келяпти”, деб унга хабар етказдилар.

18— Агар сулҳ тузиш учун келаётган бўлсалар, тириклайин ушланглар, — деб амр берди Банҳадад. — Борди–ю, жанг қилиш учун отланган бўлсалар ҳам, тириклайин ушланглар.

19Вилоят ҳокимларининг паҳлавонлари, уларнинг орқасидан эса лашкар шаҳардан чиқиб келиб, 20ҳар бири қаршисида турган Орам лашкарини ўлдирди. Бир пайт Орам лашкари қочиб қолди, Исроил лашкари эса уларни қувлаб кетдилар. Орам шоҳи Банҳадад от устида, отлиқлар билан бирга қочиб қутулди. 21Исроил шоҳи келиб, отларни, жанг араваларини яксон қилиб ташлади. Шундай қилиб, Орам лашкари қаттиқ мағлубиятга учрадилар.

22Шундан кейин пайғамбар яна Исроил шоҳи ёнига келиб деди:

— Бор, яна куч тўпла, нима қилишингни кўриб–билиб ол. Янаги баҳорда Орам шоҳи сенга хавф солади.

 

Банҳадад яна ҳужум қилади

 

23Айни пайтда Орам шоҳига ҳам аъёнлари уқтирдилар:

— Уларнинг худолари — тоғлар худоларидир. Шунинг учун бу сафар уларнинг қўли баланд келди. Агар улар билан текисликда жанг қилсак, албатта биз ғолиб келамиз. 24Энди шоҳимиз шундай қилсинлар: ҳукмдорларнинг ҳаммасини вазифаларидан четлатсинлар. Уларнинг ўрнига лашкарбошиларини тайинласинлар. 25Қанча лашкар, от, жанг араваси йўқотган бўлсалар, ўшанча лашкар, от, жанг аравалари тўплаб, қўшин ташкил қилсинлар. Кейин Исроил лашкарлари билан текисликда жанг қилиб, албатта уларни мағлуб этамиз.

Орам шоҳи аъёнларининг маслаҳатини инобатга олиб, улар айтгандай қилди.

26Янаги йил баҳорда Банҳадад Исроил билан уришиш учун отланди. У Орам лашкарларини йиғиб, Офоқ шаҳрига[148] олиб чиқди. 27Исроил лашкари ҳам йиғилиб, озиқ–овқат тўплашди. Сўнг Орам лашкари билан жанг қилиш учун жўнаб кетишди. Исроил лашкари Орам лашкарининг рўпарасида қароргоҳ қурдилар. Орам лашкарлари юртни босиб кетган, Исроил лашкари эса уларнинг олдида иккита кичкина эчки галасичалик келарди, холос.

28Пайғамбар Исроил шоҳи ёнига келиб, унга шу хабарни баён қилди:

— Эгам шундай айтмоқда: “Модомики Орам лашкари, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз — тоғлар худосидир, текислик худоси эмас, деб айтаётган эканлар, Мен мана шу катта қўшиннинг ҳаммасини сенинг қўлингга бераман. Шунда Эгангиз Мен эканлигимни биласизлар.”

29Бир–бири билан душманлашган иккала томон етти кун қароргоҳда кутиб ётдилар. Ниҳоят, еттинчи куни жанг бошланди. Исроил лашкари бир кунда Орам лашкаридан 100.000 кишини қириб ташлади. 30Қолганлари Офоққа — шаҳар ичкарисига қочиб кирган эдилар, 27.000тасини девор босиб қолди. Банҳадад ҳам шаҳарга қочиб бориб, бир уйнинг энг ичкари хонасига кириб олди. 31Аъёнлари унга:

— Исроил шоҳлари раҳмдил шоҳлардир, деб эшитган эдик, — дедилар. — Қани, энди эгнимизга қанор кийиб, бўйнимизга арқон боғлайлик–да[149], кейин Исроил шоҳи ҳузурига борайлик. Шояд у сизнинг бир қошиқ қонингиздан кечса.

32Ҳамма аъёнлар эгниларига қанор кийиб, бўйинларига арқон боғлаб, Исроил шоҳи ҳузурига келдилар.

— Қулингиз Банҳадад: “Ўтинаман, шоҳ мени ўлдирмасин”, деб илтижо қиляпти, — дедилар.

— У ҳозир тирикми? Ахир, у менинг акам–ку! — деди Ахаб.

33Бу одамлар бир аломат кутаётган эдилар. Унинг гапини дарров оғзидан илиб олиб:

— Ҳа, Банҳадад — акангиз, — дедилар.

— Боринглар, уни олиб келинглар, — деб буюрди Ахаб.

Банҳадад Ахабнинг ёнига келди. Ахаб уни аравага ўтқазди.

34— Менинг отам сенинг отангдан тортиб олган шаҳарларни қайтариб бераман, — деди Банҳадад Ахабга. — Отам Самарияда бозорлар барпо қилган эди, сен, худди шу сингари, Дамашқда ўзинг учун бозорлар барпо қиласан.

— Сулҳ тузганимиздан кейин мен сени озод қиламан, — деди Ахаб ҳам ўз навбатида. У Банҳадад билан сулҳ тузгач, Банҳададни озод қилди.

 

Бир пайғамбар Ахабга қарши гапиради

 

35Пайғамбарлар гуруҳидан биттаси бошқасига:

— Мени ур! — деди. Пайғамбар Эгамизнинг амри бўйича иш тутаётган эди. Ўша одам пайғамбарни уришни истамади. 36Пайғамбар унга шундай деди:

— Модомики, сен Эгамизнинг амрига қулоқ солмадингми, энди кўрасан, ёнимдан кетишинг биланоқ, сени шер ғажиб ташлайди.

У одам пайғамбарнинг ёнидан кетиб, шерга дуч келиб қолди. Шер уни тилка–пора қилиб ташлади.

37Пайғамбар бошқа бир одамни учратиб қолиб, унга ҳам:

— Мени ур! — деди. У одам пайғамбарни уриб, жароҳат етказди. 38Пайғамбар нарироқ бориб кўзларини ёпинчиқ билан тўсиб, қиёфасини ўзгартирди ва йўл бўйида шоҳни кута бошлади. 39Шоҳ ўтиб кетаётган эди, пайғамбар унга қараб бақирди:

— Эй, шоҳим, мен, қулингиз, жангга борган эдим. Қарангки, орқадан бир одам менинг ёнимга бошқа одамни бошлаб келиб: “Бу асирни маҳкам ушла, қочиб кетмасин, бошинг билан жавоб берасан ёки эвазига икки пуд[150] кумуш берасан”, деди. 40Мен, қулингиз, у–бу ишлар билан машғул бўлиб турганимда, асир ғойиб бўлди.

— Сен ўзингга ўзинг ҳукм чиқариб қўйибсан–ку, — деди Исроил шоҳи пайғамбарга.

41Пайғамбар шу заҳоти кўзидан ёпинчиқни олди. Шоҳ билдики, у пайғамбарлардан бири экан. 42Пайғамбар шоҳга деди:

— Эгамиз шундай айтмоқда: “Модомики Мен ўлимга маҳкум этган[151] одамни сен қўлингдан чиқариб юборган экансан, унинг жони эвазига сен жонингдан жудо бўласан. Унинг халқи бошига келадигани сенинг халқинг бошига тушади.”

43Ғазабланган Исроил шоҳи хафаҳол уйига жўнаб, Самарияга етиб келди.

 

21–БОБ - ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

 

Навўтнинг узумзори

 

1Воқеалар кетидан воқеалар юз бераверди.

Йизрил шаҳрида, Самария шоҳи Ахабнинг саройи ёнида шу ерлик Навўт деган одамнинг узумзори бор эди.

2— Узумзорингни менга бер, мен у ерни полиз қиламан, — деди Ахаб Навўтга. — Узумзоринг менинг уйимга яқин. Ўша жойнинг ўрнига мен сенга ундан ҳам яхшироқ узумзор бераман. Истасанг, баҳосини айт, кумуш берайин.

3— Оталаримдан қолган меросни[152] сизга бераманми?! Худо сақласин, — жавоб қайтарди Навўт Ахабга.

4Йизриллик Навўтнинг: “Оталаримдан қолган меросни сизга бераманми?!” деган гапидан Ахаб ғазабланди, хафаҳол уйига келди. Нон ҳам емай ўринга кириб, тескари қараб ётаверди. 5Хотини Изабел Ахабнинг ёнига келиб, ундан: “Нега руҳингиз тушкун, нон ҳам емадингиз?” деб сўради. 6Ахаб бўлиб ўтган воқеани айтиб берди:

— Йизриллик Навўтга: “Узумзорингни менга сот, кумуш бераман, ёки истасанг унинг ўрнига сенга бошқа узумзор берай”, десам, у: “Узумзоримни сизга бермайман”, деб жавоб қилди.

7— Сиз Исроил шоҳимисиз ўзи?! — деди Изабел Ахабга. — Туринг ўрнингиздан, нон–пон еб олинг. Кўнглингизни чоғ қилаверинг. Йизриллик Навўтнинг узумзорини сизга мен олиб бераман.

8Изабел Ахаб номидан мактублар ёзди, Ахабнинг муҳри билан тасдиқлади. Мактубларни Навўт яшаётган шаҳарнинг оқсоқолларига, аслзодаларига юборди. 9Мактуб қуйидаги мазмунда битилган эди:

“Рўза эълон қилинглар. Ҳаммани тўплаб, Навўтни уларнинг олдига ўтқазиб қўйинглар. 10Унинг рўпарасига иккита ярамас одамни турғизиб қўйинглар. Улар: “Эй, Навўт, сен Худони ва шоҳни ҳақорат қилдинг”, деб гувоҳлик берсинлар. Кейин уни ташқарига олиб чиқиб, тошбўрон қилиб ўлдиринглар.”

11Навўт истиқомат қиладиган шаҳардаги одамлар, аслзодалар ва оқсоқоллар ҳаммасини Изабел буюрганидай қилдилар. 12Аввал рўза эълон қилдилар. Кейин халқни тўплаб, Навўтни халқнинг олдига ўтқаздилар. 13Иккита[153] ярамас одам келиб, Навўтнинг рўпарасига ўтирди. Улар халқнинг олдида: “Навўт Худони ва шоҳни ҳақорат қилди”[154], деб Навўтга айб қўйишди. Шундан сўнг Навўтни шаҳар ташқарисига олиб чиқиб, тошбўрон қилиб ўлдирдилар.

14Оқсоқоллар ва аслзодалар: “Навўт тошбўрон қилиб ўлдирилди”, деб Изабелга хабар бердилар.

15Изабел Навўтнинг тошбўрон қилиб ўлдирилганини эшитган замон Ахабга деди:

— Йизриллик Навўт узумзорини сизга кумушга ҳам сотмаган эди. Боринг энди, унинг ўша узумзорини ўзингизнинг мулкингизга қўшиб олинг. Навўт энди йўқ. У ўлибди.

16Ахаб Навўтнинг ўлдирилганини эшитдию: “Тезроқ бориб, Йизриллик Навўтнинг узумзорини ўзимга мулк қилиб олай”, деб ҳаракатга тушди.

17Ўша пайт Тишба шаҳридан бўлган Илёсга Эгамиз шу сўзларни аён қилган эди: 18“Бор, Самарияда ўтирган Исроил шоҳи Ахабни кутиб олиш учун чиқ. У ҳозир Навўтнинг узумзорида, ўша узумзорни ўзига мулк қилиб олмоқчи бўлиб, у ерга келди. 19Ахабга шу гапларни етказ:

— Эгам шундай айтмоқда: Навўтни ўлдириб унинг мулкини ўзингга олмоқчимисан?! Навўтнинг қонини кўппаклар ялаган ерда сенинг қонингни ҳам кўппаклар ялайди.”

20— Ҳа, душманим, мени бу ерга ҳам топиб келдингми? — деди Ахаб Илёсга.

— Ҳа, топиб келдим, — деди Илёс, — сен Эгамиз олдида қабиҳликларга роса муккангдан кетдинг. 21Эгамизнинг гапи шундай: “Бошингга бало ёғдираман, сени илдизингдан қуритаман. Исроилдаги сенга қарашли эркак зотини, ҳоҳ қул бўлсин, ҳоҳ озод бўлсин, қириб ташлайман. 22Исроилни гуноҳга ботириб, Эгамизни ғазаблантирганинг учун сенинг хонадонингни Набат ўғли Ерибомнинг хонадони кўйига, Охиё ўғли Башонинг хонадони кўйига соламан.” 23Эгамиз Изабел ҳақида ҳам айтди: “Йизрил девори ичкарисида Изабел кўппакларга ем бўлар. 24Ахабга қарашли шаҳарда вафот этган одам кўппакларга ем бўлар, қирда вафот этган одами кўкдаги қушларга ем бўлар.”

25Шу пайтгача ҳеч ким Ахаб сингари Эгамиз олдида қабиҳликларга муккасидан кетмаган эди. Хотини Изабел эса уни гижгижлаб турар эди. 26Ахаб, Амор халқи сингари, бутларга эргашиб, кўп қабиҳликлар қилган эди. Амор халқини эса гуноҳ ишлари учун Эгамиз у юртдан ҳайдаб, юртни Исроил халқига берган эди.

27Ахаб Илёснинг айтганларини эшитиб, қайғудан кийимларини йиртди, эгнига қанор илиб олди, рўза тутди, қанор кийиб ухлади[155], доимо ғамгин юрди. 28Шундан кейин Илёсга Эгамиз шу сўзларни аён қилди: 29“Кўрдингми, Ахаб тавба қилиб, Менинг олдимда қандай мўмин бўлиб қолди! У Менга итоат қилгани учун, у барҳаёт экан, бошига бало келтирмайман. Ўғли шоҳ бўлгандан сўнг, унинг хонадонига бало–қазо ёғдираман.”

 

22–БОБ - ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)

 

Михиё Ахабни огоҳлантиради

 

1Орадан уч йил ўтди. Шу вақт оралиғида Орам билан Исроил ўртасида уруш бўлмади. 2Учинчи йили Яҳудо шоҳи Ёҳушафат Исроил шоҳи ҳузурига келди. 3Исроил шоҳи аъёнларига деди:

— Гиладдаги[156] Рамўт бизники эканини биласизларми? Лекин биз бу шаҳарни узоқ вақтдан буён Орам шоҳидан тортиб олмай, сукут сақлаб келяпмиз.

4— Гиладдаги Рамўт учун жанг қилмоққа мен билан борасанми? — деб сўради Ахаб Ёҳушафатдан.

— Мени гўё ўзинг деб бил, халқимни ўзингнинг халқинг деб, отларимни ўзингнинг отларинг деб бил, — деди Ёҳушафат унга. 5Ёҳушафат Исроил шоҳига яна айтди:

— Аввал Эгамизнинг хоҳиш–иродасини бил–чи, У нима дер экан.

6Исроил шоҳи тўрт юзга яқин пайғамбарни тўплаб улардан сўради:

— Гиладдаги Рамўт учун жанг қилмоққа борайми ёки бормайми?

— Бораверсинлар, Раббий у шаҳарни шоҳ ҳазратларининг қўлига беради.

7— Бу ерда улардан бошқа Эгамизнинг бирорта пайғамбари қолмадими? Агар бўлса, ундан ҳам сўраб кўрайлик, — деди Ёҳушафат.

8— Яна бир киши бор, — деди Ахаб Ёҳушафатга, — Йимлонинг ўғли Михиё. У орқали Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билсак бўлади. Лекин мен уни ёмон кўраман, чунки у мен ҳақимда башорат қилса, хайрли гап айтмайди, хунук гап айтади.

— Эй, шоҳ, бундай деб айтма, — деди Ёҳушафат. 9Исроил шоҳи мулозимини чақириб:

— Тез бориб, Йимлонинг ўғли Михиёни олиб кел, — деб буюрди.

10Исроил шоҳи Ахаб ва Яҳудо шоҳи Ёҳушафат шоҳлик либосларини кийиб, ҳар қайсиси ўз тахтида Самария дарвозаси ёнидаги хирмонда ўтирар, ҳамма пайғамбарлар эса уларнинг рўпарасида туриб башорат қилаётган эди. 11Ханано ўғли Зидқиё темир шохлар ясаб, деди:

— Эгамиз: “Орам лашкарини қириб битирмагунингча, шу шохлар билан сузаверасан”, деб айтмоқда.

12Бошқа пайғамбарлар ҳам шоҳга:

— Рамўтга бораверсинлар, албатта ғалаба қиладилар, Эгамиз ўша шаҳарни шоҳимизнинг қўлларига беради, — деб башорат қилдилар.

13Мулозим Михиёни чақириш учун кетди. У Михиёнинг олдига келиб, унга деди:

— Қара, ҳозир ҳамма пайғамбарлар бир оғиздан шоҳга яхшиликдан башорат қиляптилар. Сенинг башоратинг ҳам уларникидай бўлсин. Сен ҳам яхшиликдан каромат қил.

14— Худо ҳақи! Эгамиз менга нимани аён қилса, шуни айтаман, — деди Михиё.

15Михиё шоҳ ҳузурига келди.

— Эй, Михиё, мен Рамўтни қайтариб олиш учун жанг қилмоқчиман. Шунинг учун Гиладдаги Рамўтга борайми ёки бормайми? — дея сўради шоҳ ундан.

— Бораверсинлар, албатта ғолиб келадилар, — деди Михиё. — Эгамиз ўша шаҳарни шоҳ ҳазратларининг қўлига беради.

16— Фақат ҳақиқатни айтишинг учун, Эгамиз номини ўртага қўйиб сенга неча марта онт ичдирайин? — деб шоҳ ундан яна сўради.

17— Исроил халқини кўриб турибман, улар тоғлар устида ёйилиб юрган чўпонсиз қўйларга ўхшайди, — деди Михиё. — Эгамиз: “Уларнинг хўжайини йўқ, ҳар бири ўз уйига тинч–омон қайтиб кетсин”, деди.

18— У мен ҳақимда башорат қилганда хайрли гап айтмайди, балки хунук хабар айтади, деб сенга айтмаганмидим?! — деб хафалигини изҳор қилди Ахаб Ёҳушафатга.

19— Ундай бўлса, Эгамизнинг сўзларини эшитсинлар, — деди Михиё Ахабга. — Мен Эгамизни Ўзининг тахтида ўтирган ҳолатда кўрдим. Жамики самовий мавжудотлар Унинг ўнг ва чап томонидан жой олган экан. 20Эгамиз улардан сўради: “Ахаб Гиладдаги Рамўт шаҳрига бориб, ўша ерда ҳалок бўлсин, дея ким уни ўзига оғдира олади?” Бири ундай деди, бошқаси бундай деди. 21Бир пайт руҳлардан биттаси Эгамизнинг рўпарасида пайдо бўлди ва: “Уни мен кўндираман”, деди. 22“Қандай қилиб кўндирасан?” сўради Эгамиз. “Мен чиқиб, ҳамма пайғамбарларнинг оғзида ёлғончи руҳга айланаман”, деди у. “Сен уни кўндир, бор, айтганингдай қил, сен уддасидан чиқасан”, деди Эгамиз. 23Мана кўрдингизми, Эгамиз ҳамма пайғамбарларингизнинг оғзига ёлғончи руҳ солиб қўйган. У бошингизга фалокат келтиришни қарор қилган.

24Шу пайт Ханано ўғли Зидқиё Михиёнинг олдига келиб, унинг юзига бир шапалоқ урди:

— Наҳотки, Эгамизнинг Руҳи мени тарк этиб, сен билан гаплашгани кетган бўлса?! Айт–чи, у қайси йўлдан кетди? — сўради Зидқиё.

25— Қараб тур, сичқоннинг ини минг танга бўлиб, яширингани ичкари хонага югурганингда кўрасан, — деди Михиё Зидқиёга.

26— Михиёни ушланглар! — буюрди Исроил шоҳи. — Уни шаҳар ҳокими Омоннинг ва шахзода Йўшнинг ҳузурига олиб боринглар. 27Уларга менинг амримни етказинглар. Улар Михиёни зиндонга ташлашсин. Мен соғ–саломат қайтиб келгунимча, оз–моз нон–сув бериб турсин, холос.

28— Эй, халойиқ! Ҳаммангиз эшитиб қўйинг! Агар шоҳ ҳазратлари соғ–саломат қайтиб келсалар, Эгамиз мен орқали гапирмаган бўлади, — деди Михиё.

 

Ахабнинг ўлими

 

29Исроил шоҳи Ахаб билан Яҳудо шоҳи Ёҳушафат Гиладдаги Рамўт шаҳрига кетишди.

30— Мен қиёфамни ўзгартириб, жангга кираман, сен эса шоҳлик либосларингни кийиб ол, — деди Ахаб Ёҳушафатга.

Ахаб қиёфасини ўзгартириб, жангга кирди. 31Орам шоҳи ўттиз иккита жанг аравалари қўмондонига: “Каттаси билан ҳам, кичиги билан ҳам жанг қилиб ўтирманглар, асосий ҳужумни Исроил шоҳининг ўзига қаратинглар”, деб амр берган эди. 32Жанг аравалари қўмондонлари Ёҳушафатни кўргач: “Исроил шоҳи ана шу!” деб ўйлаб унга ҳужум бошладилар. Лекин Ёҳушафат жангга даъват қилиб бақирганда, 33араваларнинг қўмондонлари билдиларки, у Исроил шоҳи эмас экан. Қўмондонлар орқага қайтдилар. 34Бир одам бехосдан ёйини тортиб қўйиб юборган эди, ўқ тўппа–тўғри Исроил шоҳига келиб тегди. Шоҳнинг устидаги совути уланган жойдан ўқ кириб кетган экан. Шоҳ оғир жароҳатланди.

— Отни орқага бур, мен жароҳатландим, лашкарлар орасидан олиб чиқиб кет! — деди шоҳ извошчисига.

35Ўша куни ғоятда шиддатли жанг бўлди. Шоҳ эса араваси устида суяниб Орам лашкарларини кузатиб турди. Ўқ теккан жойдан араванинг ичига қон оқарди. Кечга томон бориб шоҳ қазо қилди. 36Кунботар пайтида лашкар орасида: “Ҳар ким ўз шаҳрига, ўз юртига кетаверсин!” деган овоза тарқалди.

37Шоҳнинг жасадини Самарияга олиб келиб, ўша ерда дафн қилдилар. 38Аравани эса Самариядаги ҳовузда ювдилар. Фоҳишалар ҳам шу ерда ювинишарди. Эгамизнинг айтгани[157] бўлди: кўппаклар унинг қонини ялади.

39Ахабнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти, фил суягидан қурган саройи, ҳамма мустаҳкам қилган шаҳарлари ҳақида “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган. 40Ахаб оламдан ўтди. Унинг ўрнига ўғли Охазиё шоҳ бўлди.

 

Яҳудо шоҳи Ёҳушафат

 

41Исроил шоҳи Ахаб шоҳлик қилаётганига тўрт йил бўлганда, Ёҳушафат Яҳудога шоҳ бўлган эди. Ёҳушафат Осонинг ўғли эди. 42Ўшанда Ёҳушафат ўттиз беш ёшда эди. У Қуддусда йигирма беш йил шоҳлик қилди. Онаси Озибах Шилхининг қизи эди.

43Ёҳушафат отаси Осонинг йўлидан юрди. Йўлдан озмай, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди. Лекин саждагоҳларни йўқ қилиб ташламади. Халқ ҳамон ўша жойларда қурбонлик қилиб, тутатқи тутатарди. 44Ёҳушафат Исроил шоҳи билан сулҳ тузди. 45Ёҳушафатнинг бошқа ишлари, кўрсатган қаҳрамонликлари, қандай жанг қилгани “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган. 46Отаси Осо давридан қолган–қутган саждагоҳлардаги фаҳшбозларни[158] Ёҳушафат юртдан қувиб чиқарди.

47Бу пайтда Эдомда шоҳ йўқ, шоҳнинг ноиби юртни бошқарарди.

 

Ёҳушафатнинг кемалари

 

48Ёҳушафат: “Офирдан олтин олиб келаман”, деб денгизда савдо кемалари ясади, лекин Эзйўн–Геберга[159] борганда, кемалар парчаланиб, Офирга ета олмади. 49Ўшанда Исроил шоҳи Охазиё Ёҳушафатга: “Менинг одамларим сенинг одамларинг билан бирга кемада кетсин”, деган, лекин у рози бўлмаган эди.

50Ёҳушафат оламдан ўтди. У ҳам бобоси Довуд қалъасида ота–боболари ёнига дафн қилинди, унинг ўрнига ўғли Ёҳурам шоҳ бўлди.

 

Исроил шоҳи Охазиё

 

51Ёҳушафат Яҳудода шоҳлик қилаётганига ўн етти йил бўлганда, Охазиё Исроилга шоҳ бўлди. Охазиё Ахабнинг ўғли эди. У Самарияда истиқомат қиларди. У икки йил Исроил шоҳи бўлди. 52Охазиё Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди. Ота–онасининг йўлидан, Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибомнинг йўлидан кетди. 53Охазиё Баалга хизмат қилиб, унга топинди. Исроил халқининг Худоси — Эгамиз унинг қилмишларидан қаттиқ ғазабланди. Бинобарин, отаси ҳам Эгамизнинг қаҳрини келтирган эди.

 


[1] 1:1 - ...анча кексайди — Тахминан 70 ёшларда эди.

[2] 1:3 - Шунам — Жалила денгизининг жанубий қирғоғидан қарийб 26 километрча жануби–шарқда жойлашган шаҳар.

[3] 1:5 - Мен шоҳ бўламан... — Абсаломнинг ўлимидан кейин Довуднинг тўнғич ўғли бўлиб қолган Одониё тахтга даъвогар эди.

[4] 1:9 - Эн–Рўғол булоғи — Қуддуснинг жануби–шарқида, Қидрон сойлигида жойлашган.

[5] 1:9 - ...қурбонлик қилиб...таклиф қилди — Одониё тахтга даъвогарлигини байрам қилиб нишонлаган.

[6] 1:25 - ...қўшинингизнинг лашкарбошиларини... — Ибронийча матндан. Қадимий грекча таржимада қўшинингизнинг лашкарбошиси Йўабни.

[7] 1:33 - Гихўн булоғи — Эн–Рўғол булоғининг яқинида, булоқнинг шимол томонида жойлашган (шу бобнинг 9, 41–оятларига қаранг). Бу булоқ Қуддуснинг асосий сув манбаи эди.

[8] 1:35 - Исроил ва Яҳудо — бу оятда “Исроил” деган ном шимолий қабилалардан ташкил топган халққа нисбатан ишлатилади, “Яҳудо” номи эса жанубий қабилалардан ташкил топган халққа нисбатан ишлатилади. Довуднинг ўғли ҳам, Довуд сингари барча қабилалар устидан ҳукмдорлик қиладиган бўлади.

[9] 1:38 - Харетлик ва Палатлик қўриқчилар — Довуд ёллаган бу муҳожир сипоҳлар шоҳнинг шахсий қўриқчилари бўлиб хизмат қилган.

[10] 1:39 - чодир — Қуддусда аҳд сандиғини вақтинча қолдириш учун Довуд ўрнаштирган чодир. Бу пайтда Қуддусдаги Маъбад ҳали қурилмаган, Муқаддас чодир Гивондаги саждагоҳда эди.

[11] 1:39 - қўчқор шохи — ҳайвоннинг ишлов берилган шохлари баъзан идиш сифатида ишлатилган.

[12] 1:50 - ...қурбонгоҳнинг бурчагидан маҳкам ушлаб олди — Қурбонгоҳнинг тўртала бурчагининг учи ҳайвон шохи шаклида ясалган эди. Қурбонгоҳ муқаддас ҳисоблангани учун, унинг шохини ушлаб турган одамни ўлдириб бўлмас эди.

[13] 2:5 - У Исроилнинг иккита лашкарбошисини...қон тўкди — 2 Шоҳлар 3:22-27, 20:7-10 га қаранг.

[14] 2:6 - ўликлар диёри — ибронийча матнда Шеўл. Одамлар Шеўлни ер остидаги тубсиз чуқурлик, деб тушунардилар.

[15] 2:7 - Чунки...улар менинг олдимда ҳозиру нозир бўлишди — 2 Шоҳлар 17:27-29 га қаранг.

[16] 2:8 - Моханайимга қочиб ўтаётганимда, у мени қарғаган эди — 2 Шоҳлар 16:5-13 га қаранг.

[17] 2:8 - Лекин кейинроқ...онт ичиб, унга: “Сени ўлдирмайман”, деган эдим — 2 Шоҳлар 19:16-23 га қаранг.

[18] 2:15 - ...мен шоҳ бўлишим керак эди — Одониё Сулаймондан катта эди (шу бобнинг 22–оятига қаранг).

[19] 2:19 - ...шоҳнинг ўнг томони... — Ўнг қўл — мурувват ва барака келтиради, деб қаралган.

[20] 2:26 - Онотўт — Қуддусдан қарийб 5 километрча шимоли–шарқда жойлашган левиларга қарашли шаҳар.

[21] 2:27 - Шундай қилиб, Эгамизнинг...айтган сўзлари бажо бўлди — 1 Шоҳлар 2:27-36 га қаранг. Абуатар Элахнинг кичик ўғли Финхазнинг эвараси эди.

[22] 2:28 - ...қурбонгоҳнинг бурчагидан ушлаб олди — 1:50 изоҳларига қаранг.

[23] 2:32 - Абнур...Эмоса — 2 Шоҳлар 3:22-27, 20:7-10 га қаранг.

[24] 2:37 - Қидрон сойлиги — Қуддус шаҳридан шарқда жойлашган.

[25] 2:39 - Гат — Ўрта ер денгизининг бўйида жойлашган бу шаҳар Филистларнинг бешта асосий шаҳарларидан бири эди.

[26] 3:2 - саждагоҳлар — ибронийча матнда тепаликлар. Маҳаллий қурбонгоҳлар мавжуд бўлган бундай жойларда, одамлар Худога ёки бегона худоларга топинган.

[27] 3:4 - Гивон — Қуддусдан қарийб 6 километрча шимоли–ғарбда жойлашган.

[28] 4:11 - Нафўт–Дўр — ибронийча матнда бу номнинг бошқача варианти Нафат–Дўр.

[29] 4:12 - Байт–Шан — ибронийча матнда бу номнинг бошқача варианти Байт–Шиён.

[30] 4:19 - Яҳудо юртининг ўз ҳукмдори бор эди — Қадимий грекча таржимадан. Ибронийча матнда эса Яҳудо сўзи йўқ.

[31] 4:22 - 300 тоғора — ибронийча матнда ўттиз кор, тахминан 6,6 тоннага тўғри келади.

[32] 4:22 - 600 тоғора — ибронийча матнда олтмиш кор, тахминан 13 тоннага тўғри келади.

[33] 4:26 - тўрт минг — қадимий грекча таржимадан. Ибронийча матнда қирқ минг.

[34] 4:28 - ...шоҳ тайинлаган ерга... — ёки шоҳ Сулаймон турган жойга.

[35] 5:1 - Тир — Финикияда муҳим аҳамиятга эга бўлган шаҳар. Бу шаҳар Исроилнинг шимол томонидаги Ўрта ер денгизининг бўйида жойлашган эди. Бугунги кунда бу ер Ливан мамлакатининг жанубий ҳудудини ташкил қилади.

[36] 5:1 - Хирам Довудни доимо ўзига дўст деб биларди — 2 Шоҳлар 5:11-12 га қаранг.

[37] 5:9 - сол — бир–бирига боғланиб, дарёда оқизиладиган ёғочлар. Ёғочни узоқ масофага олиб бориш учун энг қулай усул сол оқизиш бўлган.

[38] 5:11 - 200.000 тоғора — ибронийча матнда йигирма минг кор, тахминан 4400 тоннага тўғри келади.

[39] 5:11 - 40.000 кўза — қадимий грекча таржимада йигирма минг бат деб ёзилган, тахминан 440.000 литрга тўғри келади. Ибронийча матнда йигирма кор, тахминан 4400 литрга тўғри келади.

[40] 5:18 - Габол — Ўрта ер денгизи бўйидаги Финикияга қарашли шаҳар, Тир шаҳрининг шимолида.

[41] 6:1 - ...Сулаймон Исроил тахтига ўтирганига тўрт йил бўлган эди — тахминан милоддан олдинги 960 йил.

[42] 6:1 - Зив ойи — иброний календарининг иккинчи ойи. Ҳозирги календарга кўра бу ой апрелнинг ўртасидан бошланади.

[43] 6:2 - тирсак — бир тирсак тахминан 45 сантиметрга тўғри келади.

[44] 6:20 - Садр ёғочидан ясалган тутатқи қурбонгоҳини ҳам олтин билан қоплатди — ёки ва тутатқи қурбонгоҳини садр ёғочи билан қоплатди. Ибронийча матнда бу гапнинг маъноси баҳсли.

[45] 6:31 - кесаки — эшик ўрнатилган чорчўп.

[46] 6:37 - Зив ойи — шу бобнинг 1–оятидаги изоҳга қаранг.

[47] 6:38 - Бул ойи — иброний календарининг саккизинчи ойи. Ҳозирги календарга кўра бу ой октябрнинг ўртасидан бошланади.

[48] 7:2 - ...“Лубнон ўрмони” деган уй... — Саройдаги тантаналар ўтказиладиган катта зал. Зал Лубнон ўрмонидан келтирилган садр тахталари билан қоплангани учун шундай деб номланган бўлиши мумкин.

[49] 7:2 - тирсак — бир тирсак тахминан 45 сантиметрга тўғри келади.

[50] 7:5 - кесаки — эшик ўрнатилган чорчўп.

[51] 7:21 - Ёхин — бу ном ибронийчадаги у (Худо) асос солган сўзларига оҳангдош.

[52] 7:21 - Бўаз — бу ном ибронийчадаги унинг (Худонинг) кучи воситасида сўзларига оҳангдош.

[53] 7:26 - 4000 кўза — ибронийча матнда икки минг бат, тахминан 44.000 литрга тўғри келади.

[54] 7:34 - кашак — иморат ва бошқа қурилиш ишларида тик ёки ётқизиб қўйилган ёғочни қимирламайдиган қилиб мустаҳкамлаш учун қоқиб қўйиладиган ёғоч, тирговуч.

[55] 7:38 - 80 кўза — ибронийча матнда қирқ бат, тахминан 880 литрга тўғри келади.

[56] 7:48 - муқаддас нонлар — бу нонлар Эгамизнинг Ўз уйида зоҳир бўлишини акс эттирувчи тимсол бўлиб, Худо Исроил халқининг қудрати ва егулик манбаи эканлигидан дарак бериб турган. Бу нонлар уйдаги махсус хонтахтага қўйилиб, ҳар шанба куни янги пиширилган нонлар билан алмаштирилган.

[57] 8:2 - Етаним ойи — иброний календарининг еттинчи ойи. Ҳозирги календарга кўра бу ой сентябрнинг ўртасидан бошланади.

[58] 8:2 - Чайла байрами — бу байрам кузда ўрим–терим тугаган пайтга тўғри келади.

[59] 8:4 - Эгамизнинг сандиғи...Учрашув чодири — Ўша вақтда аҳд сандиғи Қуддусда турарди. Учрашув чодири (Муқаддас чодирнинг яна бир номи) Гивондаги саждагоҳга ўрнатилган эди.

[60] 8:8 - ...бугунгача... — Шу китоб ёзилаётган вақтга ишора.

[61] 8:9 - Синай тоғи — ибронийча матнда Хорев тоғи, Синай тоғининг яна бир номи.

[62] 8:37 - чигиртка — чигирткалар баъзан тўда–тўда бўлиб келиб, далалардаги ҳосилга катта зарар етказади.

[63] 8:65 - Лево–Хомат — ёки Хомат довони.

[64] 8:65 - Чайла байрами — шу бобнинг 2–оятидаги изоҳга қаранг.

[65] 8:65 - ...Чайла байрамини нишонлашди...ўн тўрт кун...етти кун...етти кун...қилишди — Ибронийча матннинг маъноси шундай бўлиши мумкин. Ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси — етти кун ва етти кун, ўн тўрт кун байрамни қилишди.

[66] 8:66 - Чайла байрамидан кейин... — Ибронийча матнда саккизинчи кунида, Чайла байрамининг еттинчи кунидан кейинги биринчи кун назарда тутилган бўлиши мумкин.

[67] 9:2 - ...илгари Гивонда зоҳир бўлганидай... — 3:5-6 га қаранг.

[68] 9:5 - Отанг Довудга...ваъда берган эдим — 2 Шоҳлар 7:12-16 га қаранг.

[69] 9:13 - Кавул — бу сўз ибронийчадаги кебал, яъни қадрсиз, сўзи каби талаффуз қилинган.

[70] 9:14 - 250 пуд — ибронийча матнда бир юз йигирма талант, тахминан 4 тоннага тўғри келади.

[71] 9:15 - ...Қуддуснинг шарқ томонидаги пастликни тўлдириб, мустаҳкам қилдирган... — Ибронийча матнда Милло деган жойни қурдирган. Шаҳар жойлашган қирнинг ўпирилиб кетаётган жойи тупроқ билан тўлдирилиб, мустаҳкамланган ва шу туфайли қирнинг майдони кенгайтирилган. Милло деб ўша жой назарда тутилган бўлиши мумкин.

[72] 9:18 - Тамар — ёки Тадмўр.

[73] 9:21 - ...тамомила қириб битиролмаган эди — Шу ибора билан таржима қилинган ибронийча сўзнинг маъноси қуйидагича: одамлар ёки буюмлар Худога бағишланиб, назр сифатида берилган ёки тамоман қириб ташланган.

[74] 9:21 - ...бугунгача... — Шу китоб ёзилаётган вақтга ишора.

[75] 9:22 - акобир — шоҳ саройидаги юқори мартабали одам, амалдор.

[76] 9:24 - ...Қуддуснинг шарқ томонидаги пастликни тўлдириб, мустаҳкам қилдирди — Шу бобнинг 15–оятидаги изоҳга қаранг.

[77] 9:26 - Қизил денгиз — ибронийча матнда Ём–Суф, маъноси Қамиш денгизи. Бу ном мана шу оятда ҳозирги Ақаба қўлтиғига (яъни Қизил денгизнинг шимоли–шарқидаги қўлтиққа) ишора қиляпти.

[78] 9:28 - Офир — ҳозирги Арабистоннинг жануб томонида бўлса керак. Офирдан бўлган олтин энг сифатли олтин деб ҳисобланган.

[79] 9:28 - 900 пуд — ибронийча матнда тўрт юз йигирма талант, тахминан 14 тоннага тўғри келади.

[80] 10:1 - Шава — Арабистоннинг жануби–ғарб томонида бўлиши мумкин.

[81] 10:5 - соқийлар — шоҳ саройидаги махсус лавозимга эга бўлган шахс. Уларнинг вазифаси шоҳга май қуйиб узатишдан ва ичиш учун хавф йўқлигини синашдан иборат бўлган.

[82] 10:5 - баковуллар — саройда шоҳга аталган таомни татиб кўрувчи ва овқат тайёрлаш ишига масъул бўлган мансабдор шахс.

[83] 10:10 - 250 пуд — ибронийча матнда бир юз йигирма талант, тахминан 4 тоннага тўғри келади.

[84] 10:14 - 1425 пуд — ибронийча матнда олти юз олтмиш олти талант, тахминан 23 тоннага тўғри келади.

[85] 10:16 - ярим пуд — ибронийча матнда олти юз шақал, тахминан 7 килога тўғри келади.

[86] 10:17 - 400 мисқол — ибронийча матнда уч мина, тахминан 1,7 килога тўғри келади.

[87] 10:17 - “Лубнон ўрмони” деган уй — 7:2 изоҳига қаранг.

[88] 10:22 - турли–туман маймунлар — ёки маймунлар ва товуслар.

[89] 10:28 - Миср — ёки Музур, Қувайга ёндош бўлган ҳудуд (шу бобнинг 29–оятида ҳам бор). Бу иккала ҳудуд ҳозирги Туркиянинг жануби–ғарб томонида жойлашган бўлиб, шоҳ Сулаймон даврида йилқичиликнинг маркази эди.

[90] 10:29 - 600 кумуш танга — ибронийча матнда олти юз шақал кумуш, тахминан 7 килога тўғри келади.

[91] 10:29 - 150 кумуш танга — ибронийча матнда юз эллик шақал кумуш, тахминан 1,7 килога тўғри келади.

[92] 11:3 - канизак — ибронийча матнда бу сўзнинг маъноси қуйидагича: бу аёллар чўри бўлиб, қонуний хотин бўлмасалар–да, хўжайинлари билан жинсий алоқада бўлишган. Қадимги пайтларда канизакларнинг жиддий қонуний ҳуқуқлари бўлиб, хўжайинлари уларнинг эрлари сифатида бўлган.

[93] 11:5 - Мўлах — ибронийча матнда бу исмнинг бошқача варианти Милком (шу бобнинг 33–оятида ҳам бор).

[94] 11:24 - Довуд Зўволикларни қиргач... — 2 Шоҳлар 8:3-6 га қаранг.

[95] 11:26 - Заридо шаҳри — Қуддусдан қарийб 45 километрча шимоли–ғарбда жойлашган.

[96] 11:27 - ...Қуддуснинг шарқ томонидаги пастликни тўлдириб, мустаҳкамлаб... — 9:15 изоҳига қаранг.

[97] 11:28 - Юсуф қабиласи — бу ерда Манаше ва Эфрайим қабилалари ҳақида айтилган. Улар Юсуфнинг икки ўғлининг авлодлари эди.

[98] 11:32 - битта қабила — бу вақтга келиб Яҳудо қабиласи Шимўн қабиласининг ҳудудини қўшиб олган эди. Шундай қилиб, иккита қабила битта ҳисобланган.

[99] 11:33 - Сулаймон — қадимий грекча, сурёнийча ва лотинча таржималардан. Ибронийча матнда улар.

[100] 11:37 - Исроил — бу оятда “Исроил” деган ном шимолий қабилалардан ташкил топган халқларга нисбатан ишлатилади.

[101] 12:1 - Шакам шаҳри — шимолдаги қабилаларнинг асосий шаҳри. Исроилнинг тепаликларида, Қуддусдан қарийб 50 километрча шимолда жойлашган.

[102] 12:1 - Исроил — 11:37 изоҳига қаранг.

[103] 12:2 - ...Мисрдан қайтди — Қадимий грекча ва лотинча таржималардан. Ибронийча матнда Мисрда яшади.

[104] 12:15 - ...Шилўлик Охиё орқали...Ерибомга берган сўзи... — 11:29-39 га қаранг.

[105] 12:18 - Одонирам — ибронийча матнда бу исмнинг бошқача варианти Одорам.

[106] 12:20 - Исроил — шу китобнинг давомида шимолий шоҳлик ва у ерда яшаган халқ одатда Исроил деган ном билан, жанубий шоҳлик эса Яҳудо деган ном билан юритилган.

[107] 12:25 - Паниёл — ибронийча матнда бу номнинг бошқача варианти Панувал бўлиб, Гиладда, Иордан дарёсининг шарқ томонида жойлашган.

[108] 12:28 - худоларингиз — ёки Худойингиз.

[109] 12:29 - Байтил шаҳри...Дан шаҳри — Исроил, яъни шимолий шоҳликнинг жанубий ва шимолий чеккасидаги шаҳарлар.

[110] 12:30 - ...Байтилга ва Данга борарди — Қадимий грекча таржимадан. Ибронийча матнда фақат Данга борарди бор.

[111] 12:31 - саждагоҳлар — 3:2 изоҳига қаранг.

[112] 12:32 - саккизинчи ой — иброний календарининг Бул ойига қарата айтилган. Ҳозирги календарга кўра бу ой октябрнинг ўртасидан бошланади.

[113] 12:32 - ...Яҳудода бўладиган байрам... — Еттинчи ойнинг ўн бешинчи куни, Яҳудода бўладиган машҳур Чайла байрами (8:2 изоҳига қаранг).

[114] 13:2 - Йўшиё — Яҳудо шоҳи Йўшиё, милоддан олдинги 640-609 йилларда ҳукмронлик қилган (4 Шоҳлар 22:1-23:30 га қаранг).

[115] 13:32 - Самария — бу воқеадан кейин тахминан 50 йил ўтгач, Самария шаҳри қурилган (16:23-24 га қаранг). Анча вақт ўтгандан кейингина Исроилга, яъни шимолий шоҳликка Самария номи берилган (4 Шоҳлар 17:24 га қаранг).

[116] 14:2 - ...Исроил халқнинг шоҳи бўлишим ҳақида у башорат қилган эди — 11:29-39 га қаранг.

[117] 14:17 - Тирза — Шакамдан қарийб 10 километрча шимоли–шарқда жойлашган (12:1 изоҳига қаранг). Самария қурилгунга қадар бу шаҳар Исроил, яъни шимолий шоҳликнинг пойтахти эди (16:24 га қаранг).

[118] 14:23 - саждагоҳлар — 3:2 изоҳига қаранг.

[119] 14:24 - фаҳшбозлар — ўша пайтларда эркагу аёллар маҳаллий саждагоҳларда фаҳшбозлик орқали диний вазифани бажарарди. Уларнинг эътиқоди бўйича, одамлар фаҳшбозлар билан жинсий алоқа қилганларида, шу йўл билан Канъондаги халқларнинг худоларига топиниб, худолардан фаровонлик ато қилишни сўрардилар. Лекин Эгамиз Исроил халқига бу йўл билан сажда қилишни қатъиян ман этган (Қонунлар 23:17-18 га қаранг).

[120] 14:25 - Рахабом шоҳлигининг бешинчи йили — тахминан милоддан олдинги 926 йил.

[121] 14:31 - Абиё — ибронийча матнда бу исмнинг бошқача варианти Абуём (15:1, 7, 8 да ҳам бор).

[122] 15:2 - Абсалом — ибронийча матнда бу исмнинг бошқача варианти Абисалом (шу бобнинг 10–оятида ҳам бор).

[123] 15:5 - Уриё — Довуднинг сипоҳи эди. Шоҳ Довуд унинг хотини Ботшевага уйланиш ниятида, Уриёни ўлдиртирган (2 Шоҳлар 11:1-27 га қаранг).

[124] 15:12 - фаҳшбозлар — 14:24 изоҳига қаранг.

[125] 15:13 - маликалик мартабаси — бу қадимги Исроилда муҳим мартаба бўлган эди (2:19 га қаранг).

[126] 15:13 - Қидрон сойлиги — Қуддус шаҳридан шарқда жойлашган.

[127] 15:17 - Рама шаҳри — Қуддусдан қарийб 8 километрча шимолда, Эфрайим юртидаги қирларида.

[128] 15:20 - Жалила кўли — ибронийча матнда Кенерет, ўша вақтда Жалила кўли ва унинг атрофидаги ерлар шу ном билан ҳам аталарди.

[129] 15:29 - Охиё — у шу бобнинг 27, 33–оятларидаги Охиё эмас.

[130] 15:29 - ...Эгамизнинг ўз қули, Шилўлик Охиё орқали айтган сўзлари... — 14:7-11 га қаранг.

[131] 16:24 - тўрт пуд — ибронийча матнда икки талант, тахминан 68 килога тўғри келади.

[132] 16:31 - Сидон — Финикияда муҳим аҳамиятга эга бўлган шаҳар. Бу шаҳар Исроилнинг шимол томонидаги Ўрта ер денгизининг бўйида жойлашган эди. Бугунги кунда бу шаҳар Ливан мамлакатининг жанубий ҳудудини ташкил қилади.

[133] 17:1 - Гилад — Иордан дарёсининг шарқида жойлашган ерлар.

[134] 17:1 - ...на шудринг тушади, на ёмғир ёғади — Об–ҳавони назорат қилувчи худо — Баал эмас (16:31-32 га қаранг), аксинча Исроил халқининг Худоси — Эгамиз эканлигини исботлаш учун айтилган.

[135] 17:9 - Зорафат шаҳри — Сидондан (16:31 изоҳига қаранг) қарийб 15 километрча жанубда.

[136] 17:18 - Худонинг одами — Эгамиз пайғамбарининг яна бир номи.

[137] 17:18 - Сиз гуноҳларимни Худога эслатгани...келибсиз–да?! — Қадимда одамлар, агар гуноҳ қилсак, бошимизга кулфат келтиради, деб ишонишган.

[138] 18:20 - Кармил тоғи — Ўрта ер денгизининг бўйида, Финикия текислиги жанубида — Фаластиннинг шимолида.

[139] 18:29 - Кечки қурбонлик пайти — тахминан кундузи соат 3 га тўғри келади (шу бобнинг 36–оятида ҳам бор).

[140] 18:32 - бир тоғора — ибронийча матнда икки сеха, тахминан 15 килога тўғри келади.

[141] 18:36 - Ёқуб — ибронийча матнда Исроил, Ёқубнинг яна бир исми. Ибтидо 32:27-28 га қаранг.

[142] 18:45 - Йизрил — Кармил тоғидан қарийб 27 километрча жануби–шарқда.

[143] 19:3 - Бэршэва шаҳри — Яҳудонинг энг жанубидаги шаҳар, Йизрилдан қарийб 210 километрча жанубда.

[144] 19:8 - Синай — ибронийча матнда Хорев, Синай тоғининг яна бир номи.

[145] 19:16 - Нимши ўғли Ёҳу — Аслида Ёҳу Нимшининг набираси эди (4 Шоҳлар 9:2 га қаранг). Ибронийча матнда ўғли сўзи насли маъносида ҳам ишлатилиши мумкин.

[146] 19:19 - ...чакмонини унинг устига ташлади — Бу ҳаракат Илёс Элишайни ўзига эргаштириб, пайғамбар бўлишга чорлаётганининг белгиси эди.

[147] 20:1 - Банҳадад — 15:18-20 да айтиб ўтилган Банҳадад бўлмай, унинг вориси бўлиши мумкин.

[148] 20:26 - Офоқ шаҳри — шимолда, Жалила денгизининг шарқида бўлган бўлиши мумкин.

[149] 20:31 - ...эгнимизга қанор кийиб, бўйнимизга арқон боғлайлик–да... — Қанор дағал қорамтир мато бўлиб, эчки ёки туя жунидан тўқилган. Одатда одамлар умидсиз кайфиятини ва қайғули ҳолатини ифодалаш учун қанорга ўраниб олишар эди. Шоҳ Ахабга улар қулларча бош эгишларининг рамзи арқон эди. Улар, Ахаб бизни асир қилиб олиб кетсин, деб истаётган эдилар.

[150] 20:39 - икки пуд — ибронийча матнда бир талант, тахминан 34 килога тўғри келади.

[151] 20:42 - ...ўлимга маҳкум этган... — Шу ибора билан таржима қилинган ибронийча сўзнинг маъноси қуйидагича: одамлар ёки буюмлар Худога бағишланиб, назр сифатида берилган ёки тамоман қириб ташланган.

[152] 21:3 - Оталаримдан қолган мерос... — Мусонинг қонунига кўра, ер дастлабки эгасининг авлодларига мулк бўлиб қолар эди.

[153] 21:13 - иккита — қонун айбни тасдиқловчи камида иккита гувоҳни талаб қиларди.

[154] 21:13 - ...Худони...ҳақорат қилди — Худони ҳақорат қилиш оғир жиноят бўлиб, бу жиноят ўлим билан жазоланган.

[155] 21:27 - ...қайғудан кийимларини йиртди, эгнига қанор илиб олди, рўза тутди, қанор кийиб ухлади... — Қанор дағал қорамтир мато бўлиб, эчки ёки туя жунидан тўқилган. Одатда одамлар умидсиз кайфиятини ва қайғули ҳолатини ифодалаш учун кийимларини йиртиб, қанорга ўраниб олишар ва рўза тутишар эди. Кўпинча бу ҳаракат Худодан кечирим сўраб ибодат қилиш ва Ундан мадад тилаш билан биргаликда амалга оширилган.

[156] 22:3 - Гилад — Иордан дарёсининг шарқида жойлашган ерлар.

[157] 22:38 - ...Эгамизнинг айтгани... — 21:19 га қаранг.

[158] 22:46 - фаҳшбозлар — 14:24 изоҳига қаранг.

[159] 22:48 - Эзйўн–Гебер — Синай ярим оролининг шарқ томонида, Қизил денгизнинг шимолий қирғоғидаги бандаргоҳ (9:26 га қаранг).




Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ


Injil Uzbek tili: Yangi Ahd. Latin online
 Matto | Mark | Luqo | Yuhanno | Havoriylar | Yoqub | 1 Butrus | 2 Butrus | Yuhannoning 1chi | Yuhannoning 2chi | Yuhannoning 3chi | Yahudoning | Rimliklarga | Korinfliklarga 1chi | Korinfliklarga 2chi | Galatiyaliklarga | Efesliklarga | Filippiliklarga | Kolosaliklarga | Salonikaliklarga 1chi | Salonikaliklarga 2chi | Timo‘tiyga 1chi | Timo‘tiyga 2chi | Titusga | Filimo‘nga | Ibroniylarga | Vahiy  
Injil Uzbek tili: Eski Ahd. Latin online
IBTIDO | ZABUR

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак

Kitoblar - Kutubxona  |  Simfoniya  |  Guvohliklar  |  Musiqa mp3  |  VIDEO  |  UzLatin.com   |  Telegram kanal @kitoblar_elektron_uz


Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musiqasi


(skachat Hamdu-Sano-Xudoga.pdf 2 mb)
Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika
(skachat Hamdu-Sanolar_Imon-yuli.pdf 1 mb)
Online Yangi o'zbek MP3. Ayni damda musiqa javonida 3gb. guruh. Ҳамду санолар
++ KANAL MP3 https://t.me/uzbekmusika ++


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак
Uzbek tilida Muqaddas Kitob Injil skachat - Audio mp3, Download (.zip 624mb)



Yaxshi audio kitoblarni O`zbek tilidagi

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

O'zbek tilidagi Kinolar

Uzbek tilidagi Kinolar

KitoBook.com