Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ



ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ

Кириш

 

Галатия Рим империясининг бир ҳудуди бўлиб, тахминан ҳозирги Туркиянинг марказий қисмида жойлашган эди. Ҳаворий Павлус Галатиянинг баъзи қисмларида Исо Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни тарғиб этди. Бунинг натижасида у ерда бир нечта имонлилар жамоати вужудга келди.

Бир қанча вақт ўтгандан кейин Павлусга қарши бўлган баъзи одамлар келиб, Галатиядаги жамоатларда ўз таъсирини кўрсата бошладилар. Уларнинг таълимоти бўйича инсон Худонинг назарида солиҳ бўлиш учун нафақат Исо Масиҳга имон келтириши, балки яҳудий динининг қонунларини бажариши лозим эди. Бу одамлар айниқса Галатиялик имонлиларнинг суннат қилиниши кераклигини ўргатардилар. Павлус эса суннат муҳим эмас, деб таълим берар эди.

Павлус бу мактубни Галатияликларга ёлғон таълимотларни рад этиш ниятида ёзган. Галатиялик имонлилар Муқаддас Руҳга таяниб яшашсин, деб Павлус уларни Исо Масиҳга бўлган ҳақиқий имонга қайтинглар, деб ундади. Павлус мактубда аввало ўзининг Худо томонидан юборилган хаворий эканлигини тасдиқлаб ёзади. Сўнг, Исо Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни тарғиб этиш вазифасини унга инсонлар эмас, балки Худо берганини Галатияликларга эслатиб ўтади. Ҳатто Қуддусдаги ҳаворийлар ҳам Павлуснинг таълимотларини тасдиқлайдилар. Ҳақиқатан ҳам Павлусни Худо ғайрияҳудийларга Хушхабар айтиш учун юборганлигини тан оладилар.

Павлус мактубнинг давомида инсон фақатгина Исо Масиҳга бўлган имони орқали оқланади, деб тасдиқлайди. Муқаддас Битикларга таяниб, Иброҳимнинг ҳаёти мисолида Павлус имон орқали оқланиш ҳаммага тааллуқли эканлигини кўрсатади. Кейин Павлус Тавротдаги қонунларнинг моҳиятини тушунтиради. Ниҳоят, Павлус Муқаддас Руҳ бошчилигида масиҳийлар қандай ҳаёт кечиришлари кераклиги ҳақида маслаҳат беради.

Павлус учун имон нимани билдириши қуйидаги оятда аниқ кўрсатилган: “Ахир, қонуннинг ўзи мени ўлимга маҳкум қилди. Энди мен Худо учун яшай деб, қонун учун ўлганман. Мен Масиҳ билан бирга хочга михлаб қўйилганман. Энди яшаётган мен эмас, балки Масиҳдир. У менинг ҳаётимни бошқаряпти. Ҳали тирик эканман, Худонинг Ўғлига бўлган имон билан яшайман. Ахир, У мени яхши кўриб, Ўзини мен учун фидо қилган.” (2:19-20)

 

1–БОБ - ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ

 

Дуойи салом

 

1-2Мен — Павлус ва мен билан бирга бўлган ҳамма биродарлар Галатия ўлкасидаги имонлилар жамоатларига салом йўллаймиз. Мен инсонлар томонидан эмас, инсон орқали ҳам эмас, балки Исо Масиҳ ва Уни тирилтирган Отамиз Худо томонидан ҳаворий қилиб тайинланганман. 3Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга иноят ҳамда тинчлик ато қилсин. 4Исо Масиҳ бизни ҳозирги ёвуз замондан қутқарай, деб бизнинг гуноҳларимиз учун Ўзини фидо қилди. У шу йўсин Отамиз Худонинг иродасини адо этди. 5Худога абадулабад шон-шарафлар бўлсин! Омин.

 

Ягона Хушхабар

 

6Сизлар Худодан шунчалик тез юз ўгириб, бошқа бир Хушхабарга юз бураётганингиздан жуда ҳайронман. Ахир, Масиҳнинг инояти орқали Худо сизларни Ўз Хушхабарига даъват қилган эди. 7Ўша Хушхабардан бошқа ҳеч қандай хушхабар йўқ–ку! Фақат баъзилар сизларни чалғитиб, Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни бузиб кўрсатмоқчи бўладилар. 8Аммо кимда–ким, ҳатто биз ўзимизми ёки осмондан келган бирор фариштами, сизларга биз етказган Хушхабардан бошқа бир “хушхабар” келтирса, у лаънати бўлсин! 9Мен олдин ҳам айтган эдим, ҳозир ҳам айтяпман: кимки сизлар қабул қилган Хушхабарга зид бўлган хабарни тарғиб этса, лаънати бўлсин!

10Хўш, мен кимнинг мақтовига сазовор бўлмоқчиман: инсонларнингми ёки Худонингми?! Наҳотки инсонларни мамнун қилмоқчи бўлсам?! Агар мен ҳали ҳам инсонларни мамнун қилаётган бўлсам эди, Масиҳнинг қули бўлолмас эдим!

 

Хушхабарни тарғиб этишга Павлусни Худо даъват қилган

 

11Эй биродарлар, сизларга айтиб қўяй: мен тарғиб этаётган Хушхабар инсон ижоди эмас. 12Ахир, мен бу Хушхабарни инсондан қабул қилмаганман ёки бирор одамдан ўрганмаганман. Уни менга Исо Масиҳнинг Ўзи ваҳий орқали аён қилган.

13Мен яҳудий динига эътиқод қилиб, қандай ҳаёт кечирганим ҳақида эшитгансизлар. Ўша пайтларда Худонинг жамоатини шафқатсизларча қувғин қилардим, уни қириб ташлашга ҳаракат қилардим. 14Қавмимдан бўлган кўп тенгдошларимга қараганда, яҳудий динини чуқурроқ тушуниб, улардан анча илгарилаб кетган эдим. Ота–боболаримнинг урф–одатлари амал қилинишига жуда жонкуярлик қилар эдим. 15Аммо Худо менга мурувват қилди, инояти билан мени Ўзига даъват этиб, онам қорнида бўлганимдаёқ мени танлаган эди. 16Мен бошқа халқлар орасида Худо Ўғли ҳақидаги Хушхабарни тарғиб қилишим учун, Худо Ўз Ўғлини менга зоҳир қилди. Шунда мен ҳеч бир инсон билан маслаҳатлашмадим. 17Ҳатто мендан олдин ҳаворий бўлганларни кўришга Қуддусга бормай, дарҳол Арабистонга жўнадим. Ундан кейин яна Дамашққа қайтдим.

18Уч йилдан кейин, Бутрус билан танишай, деб Қуддусга бордим. Унинг ёнида ўн беш кун бўлдим. 19Аммо Қуддусда Бутрусдан ва Раббимиз Исонинг укаси Ёқубдан бошқа ҳеч бир ҳаворийни кўрмадим. 20Мен сизларга нима ёзаётган бўлсам, Худо шоҳид, ҳеч бири ёлғон эмас.

21Ундан сўнг Сурия ва Киликия вилоятларига бордим. 22Яҳудия ўлкасидаги имонлилар жамоатлари мени ҳали шахсан танимас эдилар. 23Ўша имонлилар мен ҳақимда фақат бошқаларнинг: “У бир вақтлар бизларни қувғин қилиб юрган киши эди. Энди эса илгари илдизи билан қуритмоқчи бўлган имонни ўзи тарғиб қилмоқда”, деган гапларини эшитардилар 24ва мен туфайли Худони улуғлар эдилар.

 

2–БОБ - ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ

 

Қуддусдаги ҳаворийлар Павлуснинг ишларини маъқуллайди

 

1Ўн тўрт йил ўтгандан кейин, мен Барнабо билан бирга яна Қуддусга бордим. Титусни ҳам ёнимга олган эдим. 2Худо менга берган ваҳийга биноан у ерга боргандим. Ўша ердаги жамоатнинг эътиборли етакчилари билан алоҳида учрашдим. Уларга ғайрияҳудийлар орасида ўзим тарғиб қилаётган Хушхабарнинг моҳиятини баён этдим. Бундай қилишим олдинги қилган ва ҳозир қилаётган ишларим беҳуда кетмаслиги учун эди. 3Ҳатто ҳамроҳим Титус, юнон бўлишига қарамай, суннат қилинишга мажбур этилмади. 4Аммо баъзи сохта биродарлар билдирмайгина орамизга кириб олиб, Исо Масиҳ бизга ато этган озодлик ҳақида суриштириб кўрдилар. Уларнинг мақсади бизни яна қулларга айлантириш эди. 5Биз эса, Хушхабарнинг ҳақиқати доимо сизлар билан бўлсин деб, уларга заррача ҳам ён бермадик.

6Эътиборли ҳисобланган етакчиларга келганда эса (улар қандай мартабага эга бўлганлари менга барибир, зотан Худо инсонлар орасида тарафкашлик қилмайди) шуни айтай, улар мендан бошқа ҳеч нима талаб қилмадилар. 7Аксинча, яҳудийларга Хушхабар етказиш Бутрусга буюрилгандай, ғайрияҳудийларга Хушхабар етказиш менга буюрилганини улар тушуниб етдилар. 8Ахир, Бутрусни яҳудийлар орасида ҳаворийлик фаолиятини кўрсатишга тайинлаган Худо мени ҳам ғайрияҳудийлар орасида хизмат қилишга тайинлади. 9Шундай қилиб, Худо менга бу иш учун алоҳида иноят берганига имонлилар жамоатининг устунлари ҳисобланган Ёқуб, Бутрус ва Юҳанно ишонч ҳосил қилдилар. Мен ва Барнабо ғайрияҳудийлар орасида, улар эса яҳудийлар орасида хизмат қилишга рози бўлиб қўл ташлашдик. 10Улар фақат биздан, камбағалларга ғамхўрлик қилишни давом эттиринглар, деб илтимос қилдилар. Шахсан мен анчадан бери бу ҳақда жон куйдирардим.

 

Павлус Антиохияда Бутрусга танбеҳ беради

 

11Бутрус Антиохия шаҳрига келганда, унинг нотўғри иш тутаётганлигини очиқчасига юзига айтдим. 12Чунки Қуддусдан — Ёқубнинг олдидан баъзи одамлар келмасидан аввал Бутрус ғайрияҳудийлар билан бирга еб–ичиб юрган эди. Аммо улар келгандан кейин Бутрус суннат тарафдори бўлганлардан хавотирланиб, ўзини четга олганди ва ғайрияҳудийлар билан бирга бир даструхонда ўтирмасди. 13Шунда бошқа яҳудий масиҳийлар ҳам Бутрусга ўхшаб иккиюзламачилик қилишди. Ҳатто Барнабо ҳам уларнинг иккиюзламачилиги туфайли йўлдан озди. 14Мен эса улар Хушхабарнинг ҳақиқати бўйича иш тутмаётганини кўриб, ҳамманинг олдида Бутрусга шундай дедим: “Мана сиз яҳудий бўла туриб, яҳудийлар каби эмас, ғайрияҳудийлар каби яшаяпсиз. Шундай экан, қандай қилиб ғайрияҳудийларни яҳудийлар каби яшашга мажбур қила оласиз?”

 

Инсон фақатгина Масиҳга бўлган имони туфайли оқланади

 

15Тўғри, бизлар яҳудий наслиданмиз, гуноҳкор ҳисобланган ғайрияҳудийлардан эмасмиз. 16Лекин шуни биламизки, инсон қонунга амал қилиш билан эмас, балки Исо Масиҳга бўлган имони орқали оқланади. Шунинг учун ҳам биз қонунга амал қилиш билан эмас, Масиҳга бўлган имонимиз туфайли оқланамиз, деб Исо Масиҳга ишондик. Ахир, ҳеч ким қонунга амал қилиш билан оқланмайди. 17Мана, биз Масиҳ орқали оқланишга интиляпмиз. Биз ҳам ғайрияҳудийлар қатори гуноҳкор эканлигимизни бу кўрсатиб турибди. Демак, ундай ҳолда, гуноҳкорлигимизнинг сабабчиси Масиҳ экан–да? Йўқ, асло! 18Аммо мен ўзим қулатган қонун–қоидалар биносини қайтадан қуришга киришадиган бўлсам, унда мен яна қонунбузар бўлиб қоламан. 19Ахир, қонуннинг ўзи мени ўлимга маҳкум қилди. Энди мен Худо учун яшай деб, қонун учун ўлганман. Мен Масиҳ билан бирга хочга михлаб қўйилганман. 20Энди яшаётган мен эмас, балки Масиҳдир. У менинг ҳаётимни бошқаряпти. Ҳали тирик эканман, Худонинг Ўғлига бўлган имон билан яшайман. Ахир, У мени яхши кўриб, Ўзини мен учун фидо қилган. 21Мен Худонинг иноятини инкор қилмайман. Агар қонунга амал қилиш билан оқланиш мумкин бўлганда эди, Масиҳ беҳуда ўлган бўларди.

 

3–БОБ - ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ

 

Қонунга амал қилиш ва Масиҳга ишониш ҳақида

 

1Эй бефаҳм Галатияликлар! Ким сизларни сеҳрлаб қўйди? Ахир, Исо Масиҳнингхочга михлангани кўз ўнгингизда аниқ тасвир этилмаганмиди?! 2Сизлардан фақатгина бир нарсани сўраб билмоқчиман! Хўш, сизлар Руҳни қандай қилиб олдингизлар: қонунга амал қилиш орқалими ёки эшитганларингизга ишониш орқалими? 3Сизлар шунчалик бефаҳммисизлар? Руҳ қудрати билан янги ҳаёт бошлаган экансиз, энди уни ўз инсоний кучингиз билан камолга етказмоқчимисиз? 4Татиб кўрганларингизнинг ҳаммаси беҳуда кетдими? Наҳотки, ростдан ҳам беҳуда кетган бўлса?! 5Худо сизларга Ўз Руҳини ато этиб, орангизда мўъжизалар яратмоқда. Нима деб ўйлайсиз: У буни қонунга амал қилганингиз учун қиляптими ёки эшитганларингизга ишонганингиз учунми?!

6Муқаддас Битикларда Иброҳим ҳақида шундай ёзилган: “У Худога ишонди, мана шу ишончи учун Худо уни солиҳ, деб билди.” 7Шундан билингларки, ким имонли бўлса, ўша инсон Иброҳимнинг авлоди, деб ҳисобланади. 8Худо даставвал Иброҳимга: “Барча халқлар сен орқали барака топадилар”, деб Хушхабар келтирган. Муқаддас Битиклардаги бу оят шуни кўрсатадики, Худо халқларни имон орқали оқлайди. 9Шунинг учун ким имонли бўлса, Худога ишонган Иброҳим қатори Худонинг баракасидан баҳраманд бўлади.

10Қонунга амал қилиш орқали Худони мамнун қилмоқчи бўлганларнинг ҳаммаси лаънат остидадир. Ахир, Муқаддас Битикларда: “Қонун китобидаги амрларнинг ҳаммасини тўлиқ бажармаганлар лаънат остидадир!” деб ёзилган–ку! 11Шундай экан, кўриниб турибдики, қонунга амал қилиш билан ҳеч ким ўзини Худо олдида оқлай олмайди, зотан “солиҳ инсон имон туфайли ҳаётга эга бўлади.” 12Қонунни бажариш эса имонга асосланмаган, “қонун амрларини бажарганлар ўша амрлар туфайли ҳаётга эга бўлади.”

13Масиҳ эса бизнинг ўрнимизга лаънатланиб, бизни қонун лаънатидан халос қилди. Ахир, Муқаддас Битикларда: “Ёғочга осилган ҳар бир киши лаънатидир”, деб ёзилган–ку! 14Шу йўсин ғайрияҳудийлар ҳам Исо Масиҳ орқали Худонинг Иброҳимга ваъда қилган баракаларидан баҳраманд бўладилар, биз ҳам имон орқали Худо ваъда қилган Руҳни оламиз.

 

Худонинг ваъдаси ва қонуннинг ғояси

 

15Биродарлар! Ҳаётдан бир мисол келтирай: одамнинг васияти тасдиқлангандан кейин уни ҳеч ким бекор қилолмайди ва унга ҳеч нарса қўшолмайди. 16Энди эса Худонинг Иброҳимга ва унинг зурриётига берган ваъдаларига қарайлик. Муқаддас Битикларда Иброҳимга: “Сенинг зотларингга”, деб айтилмаган, аксинча, “Сенинг зурриётингга”, деб айтилган. Демак ваъдада кўпчилик эмас, балки фақат бир киши, яъни Масиҳ назарда тутилган. 17Шуни айтмоқчиманки, Худо Иброҳим билан аҳд тузгандан сўнг 430 йил ўтгач қонун берилди. Аммо тасдиқланган аҳдни қонун кучдан қолдирмади, демак, Худонинг ваъдасини бекор қилмади. 18Агар Худонинг инъоми инсонларнинг қонунга амал қилишига кўра бериладиган бўлса, демак, ваъдага кўра берилмайди. Иброҳимга эса Худо Ўз инъомини ваъда бўйича берди.

19Ундай ҳолда қонун нима учун берилган? Қонун гуноҳкорлигимизни кўрсатиш учун берилганди. Иброҳимнинг ваъда олган зурриёти келмагунча, бу қонун жорий бўлиши керак эди. Қонун фаришталар томонидан, бир воситачи орқали халққа берилди. 20Ваҳоланки, одам бир ўзи иш қилганда, воситачи керак бўлмайди. Танҳо бўлган Худо эса ваъда берганда ҳеч бир воситачисиз беради.

21Хўш, қонун Худонинг ваъдаларига зидми? Асло! Агар абадий ҳаёт ато қилишга қодир бир қонун берилган бўлса эди, унда шубҳасиз қонунга амал қилиш билан оқланса бўлар эди. 22Аммо Муқаддас Битикларга кўра бутун борлиқ гуноҳнинг тутқунидир. Шунинг учун ваъда фақат Исо Масиҳга ишониш орқали рўёбга чиқади ва имонлиларга насиб бўлади.

23Имон йўли аён бўлишидан аввал, биз қонун назорати остидаги тутқунлар эдик. Ўша имон аён бўлишини кутаётган эдик. 24Бошқача айтганда, қонун Масиҳга бошловчи мураббийимиз эди. Энди эса биз Масиҳга бўлган имон орқали оқланамиз. 25Мана имон йўли аён бўлган экан, биз энди мураббийнинг тарбиясида эмасмиз.

 

Масиҳга ишонганлар Худонинг фарзандларидир

 

26Энди сизлар Исо Масиҳга бўлган имонингиз орқали Худонинг фарзандисизлар. 27Сизлар сувда чўмдирилиб, Масиҳ билан бирлашдингиз. Ҳар бирингиз Масиҳга бурканиб олдингиз. 28Энди на яҳудий, на юнон бор, на қул, на озод бор, на эркак, на аёл бор. Сизлар Исо Масиҳга тегишли бўлганингиз учун, ҳаммангиз бирсизлар. 29Сизлар Масиҳники экансизлар, демак Иброҳимнинг ҳам зурриётисизлар, берилган ваъданинг баракаларидан баҳраманд бўласизлар.

 

4–БОБ - ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ

 

1Мен бундай демоқчиман: меросхўр ҳали ёш бола экан, гарчи у бутун мулкнинг эгаси бўлса ҳам, қулдан ҳеч фарқ қилмайди. 2У отаси белгилаган фурсатгача васийга ва уй–рўзғорни бошқарувчи хизматкорга бўйсунади. 3Худди шу сингари, бизлар ҳам олдин болалардай эдик. Хурофот кучларига қул эдик. 4Муддат битгандан кейин, Худо Ўз Ўғлини юборди. Бу ўғил қонун остидаги ҳаёт учун аёлдан туғилди. 5Худонинг Ўз Ўғлини юборишдан мақсади бизни қонун остидаги ҳаётдан халос этиб, Ўзига фарзанд қилиб олиш эди. 6Биз Худонинг фарзандлари эканлигимизни кўрсатиш учун У юрагимизга Ўз ўғлининг Руҳини юборди. Бу Руҳ орқали биз Худони: “Ота! Отажон!” деб чақирамиз. 7Демак, энди сиз қул эмас, балки фарзандсиз. Фарзанд экансиз, Худонинг шарофати билан У ваъда қилганларга эгасиз.

 

Павлус Галатияликлар учун қайғуради

 

8Олдин сизлар Худони билмаган пайтингизда, асли худолар бўлмаган кучларга қул эдингиз. 9Энди эса Худони биласизлар, тўғрироғи, Худо сизларни билади. Шундай экан, қандай қилиб яна ўша кучсиз, қадрсиз хурофотларга қайтяпсиз?! Яна ўшаларга қул бўлишни хоҳлайсизми?! 10Сизлар белгиланган алоҳида кунлар, ойлар, йилларга риоя қилиб, диний маросимлар ўтказяпсиз! 11Сизлар учун қайғуряпман! Наҳотки сизларни деб чеккан заҳматларим бекор кетган бўлса?!

12Эй биродарлар, сизлардан илтимос қиламан, менга ўхшаган бўлинглар, чунки мен ҳам сизларга ўхшаб қонун остидаги ҳаётдан озодман. Сизлар менга ҳеч ҳам озор бермагансиз. 13Ўзингиз биласиз, мен сизларга биринчи марта Хушхабар айтганимда, жисман ожиз эдим. 14Ожизлигим туфайли сизларга оғирлигим тушган бўлса ҳам, мендан нафратланмадингиз, мени рад этмадингиз. Аксинча, мени Худонинг фариштасидай, худди Исо Масиҳнинг Ўзини қабул қилгандай қабул қилдингизлар. 15Қани энди ўша хайрихоҳлигингиз?! Ахир, ўзим шоҳидман: агар иложи бўлганда, ҳатто кўзларингизни ҳам суғуриб олиб, менга берган бўлардингиз! 16Наҳотки энди сизларга ҳақиқатни айтганим учун душманингиз бўлиб қолган бўлсам?!

17Баъзи бировлар сизларни ўзларига оғдириб олишга тиришмоқдалар. Лекин улар сизларнинг фойдангизни кўзламаяпти, балки бизни бир–биримиздан ажратиб ташламоқчи. Шунда сизлар уларнинг атрофида гирдикапалак бўласизлар. 18Яхши ғояга бағишланиш яхшидир. Лекин бу фақат мен сизларнинг олдингиздалигимда эмас, балки доим шундай бўлиши керак. 19Болаларим, мен сизларни янгидан туғаётгандай, тўлғоқ азобидаман. Мақсадим шуки, сизларда Масиҳнинг табиати намоён бўлсин. 20Сизлар мени таажжубга солиб қўйдингиз! Қани энди сизларнинг олдингизда бўлсам–у, бошқа оҳангда гапира олсам!

 

Иброҳимнинг икки ўғли ва уларнинг оналари мисоли

 

21Эй сизлар, қонун остидаги ҳаётни афзал кўрганлар, менга айтинглар–чи, наҳот сизлар Тавротдаги қонунларни тушунмасангизлар?! 22Ахир, унда ёзилганлардан биламизки, Иброҳимнинг икки ўғли бўлган. Ўғилларининг бири чўридан, иккинчиси эса озод аёлдан туғилган. 23Чўрисиники инсон ташаббуси билан, озод хотининики эса Худонинг ваъдасига биноан туғилган эди. 24Бунда рамзий маъно бор. Икки она Худонинг икки аҳдини билдиради: биринчиси — қуллар туғадиган Ҳожар биби Синай тоғида қилинган аҳднинг рамзидир. 25Ҳожар Арабистондаги Синай тоғини билдирса–да, у яҳудий динининг маркази бўлган ҳозирги Қуддуснинг рамзидир. Ахир, Қуддус ва унинг болалари қулликдалар–ку. 26Самовий Қуддус эса озоддир: у бизларнинг онамиздир! 27Муқаддас Битикларда шундай ёзилган:

“Эй бола кўрмаган бепушт аёл!

Шод бўлгин!

Эй тўлғоқ оғриғини билмаган аёл!

Хитоб қил, ҳайқиргин!

Ахир, ташлаб кетилган аёлнинг болалари

Эри бор хотинникидан ҳам кўпроқ бўлади!”

28Сизлар эса, эй биродарлар, Исҳоққа ўхшаб ваъдага биноан туғилган фарзандларсиз. 29Ўша замонда табиий йўл билан туғилган ўғил Руҳнинг кучи билан туғилган ўғилни қувғин қилди. Ҳозир ҳам худди шундай. 30Аммо бу ҳақда Муқаддас Битикларда нима дейилган? “Чўрини ва унинг ўғлини ҳайдаб юборинг. Чунки чўрининг ўғли озод аёлнинг ўғли билан бирга меросхўр бўлмайди.” 31Шундай қилиб, эй биродарлар, биз чўрининг эмас, балки озод аёлнинг фарзандларимиз.

 

5–БОБ - ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ

 

Масиҳ озодлик ато этади

 

1Бизга эркинлик бериш учун Масиҳ бизни озод қилди. Энди шу эркинликни маҳкам тутинглар, қайтадан қуллик бўйинтуруғини тақманглар. 2Мана, мен, Павлус, сизларга айтяпман: агар сизлар суннат қилинсангиз, Масиҳ сизларга ҳеч қандай фойда келтирмайди. 3Суннат қилинадиган ҳар бир одамга яна таъкидлаб айтаман: у бутун қонунни бажаришга мажбурдир. 4Сизлар, қонунни бажариш билан ўзимизни оқлаймиз, деб Масиҳдан ажралдингизлар ва ўзингизни Худонинг иноятидан маҳрум қилдингизлар. 5Бизлар эса Руҳга таяниб, Худо бизни имонимиз туфайли солиҳ, деб эълон қилишини интизорлик билан кутяпмиз. 6Исо Масиҳга тегишли бўлганлар орасида суннат қилинган, қилинмаганликнинг ҳеч аҳамияти йўқ. Фақатгина меҳр–муҳаббат орқали ифодаланган имонимиз муҳимдир.

7Сизлар имон йўлида олға қадам босаётган эдингиз. Хўш, ҳақиқатга қулоқ солишингизга ким халақит берди? 8Албатта Худо эмас! Унинг Ўзи сизларни даъват қилган–ку! 9Эсингизда бўлсин, озгина хамиртуруш бутун хамирни ачитади! 10Ишонаманки, сизлар бу хусусда бошқача фикр қилмайсизлар. Бу ишончни Раббимиз Исонинг ўзи менга берди. Аммо сизларнинг фикрингизни чалғитаётган, ким бўлишидан қатъий назар, жазосини олади. 11Биродарлар, борди–ю, мен ҳамон суннатни тарғиб этаётган бўлганимда эди, қувғинларга дучор бўлмаган бўлардим. Бундай ҳолда Исо Масиҳнинг хочдаги қурбонлиги ҳақидаги тарғиботим ҳеч кимнинг жаҳлини чиқармасди. 12Қанийди, сизларни чалғитаётганларнинг ўзлари биратўла бичилса!

13Эй биродарлар, сизлар озод ҳаёт кечиришга даъват қилингансизлар. Лекин бу ўзингизнинг худбин истакларингизга эрк бериш дегани эмас, аксинча бир–бирингизга муҳаббат билан хизмат қилинглар, деганидир. 14Ахир, қонун: “Ўзгани ўзингизни севгандай севинг”, деган гапда мужассам. 15Эҳтиёт бўлинглар! Ҳадеб тишлашиб, ғажишаверманглар, бўлмаса охири бир–бирингизни еб битирасиз!

 

Руҳ етакчилигида ҳаёт кечиринг

 

16Яна шуни айтайин: Руҳ етакчилигида ҳаёт кечиринг, шунда худбин истакларингизни қондирмайсиз. 17Ахир, ўшандай инсоний истаклар Руҳга қарши, Руҳнинг истаклари эса инсоний худбин истакларга қаршидир. Буларнинг иккаласи бир–бирига қарши, шунинг учун сизлар хоҳлаганингизни қила олмайсизлар. 18Аммо Руҳ сизни бошқарса, сиз қонуннинг амри остида эмассиз.

19Худбин истакларга эрк бериш қуйидагиларни келтириб чиқариши ҳаммага аён: фаҳш–зино, ҳаром–ҳаришлик, ахлоқий бузуқлик, 20бутпарастлик, фолбинлигу иссиқ–совуқ қилишлар, душманлик, жанжалкашлик, рашк, жаҳлдорлик, ғаламислик, низолару ҳар хил гуруҳларга бўлиниш, 21бахиллик, ичкиликбозлик, айш–ишратга берилиш ва шуларга ўхшаш ишлар. Сизларни олдин огоҳлантиргандим, яна огоҳлантиряпман: бундай ишларни қилувчилар Худо Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайди.

22Руҳнинг самараси эса қуйидагилардир: муҳаббат, севинч, хотиржамлик, сабр–тоқат, меҳрибонлик, эзгулик, ишонч, 23мулойимлик ва ўзини тута билиш. Бу хислатларга қарши бирор қонун йўқ. 24Исо Масиҳга тегишли бўлганлар ўзларининг худбин истакларини ва эҳтиросларини хочга михлаб қўйганлар. 25Руҳ ҳаётимиз манбаи экан, энди Руҳнинг етакчилиги остида ҳаёт кечиришимиз лозим. 26Шуҳратпараст бўлмайлик, бир–биримизни гижгижламайлик, бахиллик қилмайлик.

 

6–БОБ - ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ

 

Бир–бирингизни қўллаб–қувватланглар

 

1Эй биродарлар, дейлик, орангиздан бирортаси гуноҳ қилиб қўйганини билиб қолдингиз. Сизлар, Руҳнинг етакчилигида ҳаёт кечираётганлар, уни мулойим руҳ билан тўғри йўлга солинглар. Ўзингизга эҳтиёт бўлинг, тағин ўзингиз ҳам васвасага йўлиқиб қолманг. 2Бошингизга ғам–ташвиш тушганда, бир–бирингизни қўллаб–қувватланглар. Шундай қилсангизлар, Масиҳнинг амрларини бажарган бўласизлар. 3Ахир, бирор киши, гарчи ўзи ҳеч нарса бўлмаса–ю, ўзини муҳим, деб ҳисобласа, ўзини ўзи алдаган бўлади. 4Ҳар ким ўз ишини текшириб кўрсин. Шунда у фақат ўзидан фахрланса бўлади, бошқалар мақтанишга ҳожат қолмайди. 5Зотан ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши лозим. 6Каломдан таълим олувчи эса бор бисотини устози билан баҳам кўриши керак.

7Ўзларингизни алдаманглар! Худони лақиллатиб бўлмайди. Инсон нима экса, шуни ўриб олади. 8Худбин истакларини қондириш учун уруғ экканлар ўша худбин истаклари туфайли ҳалокатни ўриб оладилар. Руҳни мамнун қилиш учун уруғ экканлар эса Руҳдан абадий ҳаёт ўриб оладилар. 9Шундай экан, яхшилик қилишдан чарчамайлик. Агар ҳолдан тойиб қолмасак, ўз вақтида бунинг ҳосилини ўриб оламиз. 10Демак, ҳали фурсат бор экан, ҳаммага, айниқса, Масиҳ хонадонига тегишли бўлганларга яхшилик қилаверайлик.

 

Муҳими янгидан яратилишдир

 

11Мана қаранглар, энди сизларга ўз қўлим билан, қандай йирик ҳарфлар билан ёзяпман! 12Сизларни суннат бўлишга мажбур қилаётганлар сиртдан яхши таассурот қолдирмоқчи бўляптилар. Масиҳнинг хочи учун қувғинга дучор бўлмайлик, дея шундай қиляптилар. 13Ҳолбуки, суннатни тадбиқ қилаётганларнинг ўзлари ҳам қонунга риоя этмайдилар. Улар фақатгина сизларнинг суннат қилинганингиз билан мақтанишни истайдилар. 14Мен эса Раббимиз Исо Масиҳнинг хочидан бошқа ҳеч нарса билан мақтанмайман. Ўша хоч туфайли бу дунё мен учун ўлган, мен эса бу дунё учун ўлганман. 15Ахир, суннат қилинган ёки қилинмаганликнинг ҳеч аҳамияти йўқ. Муҳими — янгидан яратилишдир. 16Бу қоидага кўра яшаётганларнинг ҳаммасига, яъни Худонинг ҳақиқий халқига тинчлик ва марҳамат ёр бўлсин!

17Энди ҳеч ким менга азият бермасин. Ахир, танамдаги чандиқлар Исога тегишли эканлигимни кўрсатадиган тамғалар–ку!

18Эй биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти сизларга ёр бўлсин. Омин.

 




Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ


Injil Uzbek tili: Yangi Ahd. Latin online
 Matto | Mark | Luqo | Yuhanno | Havoriylar | Yoqub | 1 Butrus | 2 Butrus | Yuhannoning 1chi | Yuhannoning 2chi | Yuhannoning 3chi | Yahudoning | Rimliklarga | Korinfliklarga 1chi | Korinfliklarga 2chi | Galatiyaliklarga | Efesliklarga | Filippiliklarga | Kolosaliklarga | Salonikaliklarga 1chi | Salonikaliklarga 2chi | Timo‘tiyga 1chi | Timo‘tiyga 2chi | Titusga | Filimo‘nga | Ibroniylarga | Vahiy  
Injil Uzbek tili: Eski Ahd. Latin online
IBTIDO | ZABUR

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак

Kitoblar - Kutubxona  |  Simfoniya  |  Guvohliklar  |  Musiqa mp3  |  VIDEO  |  UzLatin.com   |  Telegram kanal @kitoblar_elektron_uz


Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musiqasi


(skachat Hamdu-Sano-Xudoga.pdf 2 mb)
Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika
(skachat Hamdu-Sanolar_Imon-yuli.pdf 1 mb)
Online Yangi o'zbek MP3. Ayni damda musiqa javonida 3gb. guruh. Ҳамду санолар
++ KANAL MP3 https://t.me/uzbekmusika ++


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак
Uzbek tilida Muqaddas Kitob Injil skachat - Audio mp3, Download (.zip 624mb)



Yaxshi audio kitoblarni O`zbek tilidagi

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

O'zbek tilidagi Kinolar

Uzbek tilidagi Kinolar

KitoBook.com