Мазкур мактубнинг муаллифи Исо Масиҳнинг укаси Яҳудодир.
Бу мактуб мазмун жиҳатидан Бутруснинг иккинчи мактубига ўхшаш бўлиб, моҳияти — масиҳийларнинг орасига кириб олган сохта устозларни фош қилишдан иборат.
Мактуб қайси шаҳардаги масиҳийлар жамоатига ёзилгани аниқ эмас. Аммо маъноси очиқ–ойдин ифода қилинган бўлиб, масиҳийларни сохта устозлардан ҳазар қилишга, уларнинг таълимотига қарши чиқишга ундайди. Бундан ташқари, имонда ўсиб улғайишга, меҳр–оқибатли ва раҳмдил бўлишга чақиради.
Яҳудонинг мактуби жуда қисқа бўлгани учун бобларга бўлинмаган.
1Исо Масиҳнинг қули ва Ёқубнинг укаси мен — Яҳудодан, Худонинг халқи бўлишга даъват қилинган биродарларга салом! Отамиз Худо сизларни Исо Масиҳнинг келишига қадар Ўз меҳр–муҳаббати паноҳида омон сақлайди. 2Худо сизларга чексиз марҳамат, тинчлик ва меҳр–оқибат ато қилсин.
3Севимли биродарларим, мен сизларга ҳаммамиз биргаликда баҳра олаётган нажотимиз ҳақида ёзишни жуда хоҳлаган эдим. Аммо бунинг ўрнига сизларни: “Имонимизни ҳимоя қилайлик”, деб ундамоқчиман. Ахир, Худо бу ўзгармас имонни азиз халқига то абад топширган. 4Гап шундаки, баъзи бетавфиқ одамлар орангизга ўғринча кириб олибдилар. Улар, ўз ахлоқсизлигини оқлаш учун, Худойимизнинг инояти ҳақидаги хабарни бузиб ўргатяптилар. Ягона Хўжайинимиз ва Раббимиз Исо Масиҳни рад этяптилар. Ўша бетавфиқларнинг жазоси азалданоқ ёзилгандир.
5Бундай одамларнинг қисмати нима бўлишини ўзларингиз яхши биласизлар. Буларни сизларга яна бир бор эслатмоқчиман: Эгамиз Ўз халқи Исроилни Мисрдаги қулликдан қутқарганди. Кейинроқ эса ишонмаган одамларни ҳалок қилган эди. 6Шунингдек, ўз мавқеига яраша иш тутмай, маконини ташлаб кетган фаришталарни ҳам Эгамиз қоронғи–зимистонга абадий занжирбанд қилганди. Уларни буюк қиёмат кунигача ўша ерда сақлаб турибди. 7Ўша фаришталар сингари Садўм ва Ғамўра шаҳарлари, шунингдек, булар атрофидаги барча шаҳарлар аҳолиси ҳам нотабиий бузуқ эҳтиросларга ва шаҳвоний ҳирсга берилган эдилар. Натижада эса абадий ўтда куйиб, ўз жазосини олганлар. Уларнинг қисмати ҳаммага сабоқ бўлди.
8Шунга қарамай, орамизга кириб олган бетавфиқлар ўз ваҳийларига таяниб, баданларини ҳаром этяптилар. Худонинг ҳокимиятини рад этиб, самовий мавжудотларни ҳақорат қиляптилар. 9Эсингизда бўлса, бош фаришта Микоил иблис билан Мусонинг жасади ҳақида баҳслашганди. Аммо Микоил шунда ҳам иблисни ҳақоратлаб, ҳукм қилишга журъат этмади, у Худонинг ҳокимиятини эъзозлаган ҳолда, фақат: “Эгамнинг Ўзи сени ҳукм қилсин”, — деб айтган эди, холос. 10Ўша бетавфиқлар эса Худонинг қонунини тушунмайдилар, тушунмаганлари учун ҳам ўша қонунни менсимайдилар. Улар ўзларини онгсиз ҳайвонлардай тутиб, эҳтиросларга берилиб яшашдан бошқа ҳеч нарсани билмайдилар. Бунинг натижасида ҳалокатга йўлиқадилар.
11Бу сохта устозларнинг ҳолига вой! Ахир, улар Қобилнинг изидан боряптилар. Пулга берилиб, бошқаларни Баломга ўхшаб йўлдан уряптилар. Кўрах сингари исён қилиб, ҳалокатга юз тутяптилар.
12Бу одамлар жамоатингизни ҳам ҳалокатга йўлиқтирадилар. Улар фақат ўзини боқадиган чўпонларга ўхшайди. Сизлар таом ейиш учун бирга йиғилганингизда, Раббимиз Исони хотирлаш учун нон синдирганингизда улар уялмай, очкўзлик билан қоринларини тўйдирадилар. Улар шамол ҳайдаган ёмғирсиз булутларга ўхшайдилар, мавсумида мева бермайдиган дарахтлар кабидирлар. Бу устозлар қўпориб ташланган дарахтлардай ўликдирлар. 13Улар денгизнинг ваҳший тўлқинлари каби жўш уради, шармандали ишларини ифлос кўпикдай юзага чиқариб, атрофга сочади. Улар адашган юлдузлардай тайёрлаб қўйилган қоп–қоронғи зулматга абадий ғарқ бўлишади.
14Одам Атодан кейин, еттинчи авлодда яшаган Ханўх бу одамлар ҳақида шундай башорат қилган:
“Раббимиз минг–минглаб муқаддас малаклари билан келади.
15У жамики одамзодни ҳукм қилади.
Гуноҳга ботган бетавфиқларни маҳкум этади,
Ярамас қилмишлари учун,
Уни ҳақоратлаганлари учун
Бетавфиқларни жазолайди.”
16Орамизга кириб олган бу бетавфиқлар, қачон қараманг, минғирлаб нолиб юрадилар. Фақат ўз нафсини ўйлаб иш тутадилар. Мақтанадилар, ўз манфаатини кўзлаб, тилёғламалик қиладилар.
17Сизлар эса, эй азизларим, Раббимиз Исо Масиҳнинг ҳаворийлари айтган башоратларни эсингизда тутинглар. 18Ахир, улар сизларни қуйидагича огоҳлантиришган: “Охирги замонда шундай одамлар бўладики, улар фақат ўз нафсини қондириш билан овора бўлишади, ҳақиқатга итоат қилувчиларни мазах қилишади.” 19Муқаддас Руҳга эга бўлмаган бу бетавфиқ устозлар инсон табиатига қул бўлиб яшайдилар, орангизга низо уруғини сочадилар.
20Сизлар эса, эй азизларим, қутлуғ имонингизга таяниб ҳаёт кечиринглар. Муқаддас Руҳ илҳоми билан ибодат қилинглар. 21Худонинг меҳр–муҳаббати паноҳида бўлиб, ўзингизни асранглар. Раббимиз Исо Масиҳнинг келишини кутинглар. У келиб, Ўз марҳамати туфайли бизга абадий ҳаёт ато қилади. 22Иккиланувчи биродарларингизга раҳмдил бўлиб, 23уларни қутқаринглар. Ана шунда, сизлар бундай одамларни қиёмат алангасидан чиқариб олгандай бўласизлар. Ўз билганидан қайтмаганларга эса ачининглар. Бироқ Худодан қўрқиб, уларнинг қабиҳ қилмишларидан ҳазар қилинглар, уларнинг ҳаром кийимларидан ҳам жирканинглар.
24Имондан қайтиб кетишдан сизларни фақатгина Худо асрай олади. У сизларни беғубор ва шод–хуррам қилиб, Ўзининг улуғвор ҳузурига олиб киришга қодир. 25Бизни Исо Масиҳ орқали қутқарган яккаю–ягона Нажоткоримиз Худога ҳамдлар бўлсин! Азалдан, ҳозир ва то абад салобатли, куч–қудратли, салтанат Соҳиби бўлган Худога шон–шарафлар бўлсин! Омин.
Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак
Kitoblar - Kutubxona | Simfoniya | Guvohliklar | Musiqa mp3 | VIDEO | UzLatin.com | Telegram kanal @kitoblar_elektron_uz
![]() (skachat Hamdu-Sano-Xudoga.pdf 2 mb) |
![]() (skachat Hamdu-Sanolar_Imon-yuli.pdf 1 mb) |
Китоблар Ўзбек тилидаги:
Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак
Uzbek tilida Muqaddas Kitob Injil skachat - Audio mp3, Download (.zip 624mb)
KitoBook.com