Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ



ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ

Кириш

 

Мазкур мактубнинг муаллифи ўзи ҳақида ҳеч қандай маълумот қолдирмаган. Аммо мактубнинг мазмунидан муаллиф — Тавротқонунини яхши биладиган, яҳудийларнинг ва масиҳийларнинг орасида обрў–эътибор қозонган шахс эканини кўришимиз мумкин.

Муаллиф ушбу хатини Исо Масиҳга ишонган яҳудийларга йўллаган. Ўша даврда масиҳийлар кўп қаршиликларга дуч келиб, имондан қайтмоқчи бўлган эдилар. Муаллиф эса уларга далда бериб, Исо Масиҳга боғлаган ишончни маҳкам тутишга ва охиригача Унга содиқ қолишга ундайди.

Мактубда Исо Масиҳнинг улуғворлигига алоҳида урғу берилган. У фаришталардан ҳам, қадимги пайғамбарлардан ҳам, руҳонийлардан ҳам улуғ эканлиги кўрсатилган. Исо Масиҳ Худо томонидан танланган абадий Олий руҳонийдир. У инсониятнинг гуноҳларини то абад ювиб ташлаш учун Ўзини қурбон қилиб, Янги Аҳднинг воситачиси бўлди. Шу орқали Исо Масиҳ бизни чексиз қут–баракадан баҳраманд қилди. Аммо Масиҳнинг эзгулигини татиб кўриб, имондан қайтган ва шу орқали Масиҳни оёқ ости қилган одамларнинг гуноҳини ҳеч қандай қурбонлик юва олмаслигини муаллиф таъкидлаб ўтган. Мактубнинг охирида Худони мамнун қилиш ҳақида насиҳатлар берилган.

 

1–БОБ - ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ

 

Худо Ўз Ўғли орқали охирги сўзини аён қилди

 

1Худо қадимда ота–боболаримизга кўп марта ва турли тарзда пайғамбарлар орқали гапирган эди. 2Бу охирги кунларда эса У бизга Ўз Ўғли орқали гапирди. Худо коинотни Ўғли орқали яратган ва Уни бутун борлиқнинг вориси қилиб тайин этган. 3Ўғил — Худо шуҳратининг порлаши, Худо борлиғининг аниқ суратидир. У Ўзининг қудратли каломи билан коинотни асраб турибди. У Ўз жонини фидо қилиб, бизни гуноҳлардан поклади, сўнг самода Улуғвор Худонинг ўнг томонида ўтирди.

 

Худонинг Ўғли — фаришталардан олий

 

4Дарҳақиқат, Худо Масиҳга “Ўғил” деб улуғ ном берди. Бу ном Масиҳ фаришталардан ниҳоятда юксак мартабага эга эканлигини кўрсатиб турибди. 5Ахир, Худо биронта фариштага:

“Сен Менинг Ўғлимсан,

Бугун Мен Сенга Ота бўлдим”,

— деб айтмаган! Ёки:

“Мен Унга Ота бўламан,

У эса Менга Ўғил бўлади.”

— демаган! 6Тўнғич Ўғлини бу дунёга яна юборишидан олдин эса, Худо шундай деб айтади:

“Ҳамма фаришталарим Унга сажда қилсинлар.”

7Фаришталар ҳақида эса Худо:

“Мен Ўз малакларимни шамолларга айлантираман,

Хизматкорларимни ловуллаган олов қиламан,

— деганди.

8Аммо Ўз Ўғлига У шундай деган:

“Сен Худосан, Сенинг тахтинг абадийдир,

Адолат ҳассаси шоҳлигинг ҳассасидир.

9Сен солиҳликни севасан, қабиҳликдан нафрат этасан.

Шу боис Мен Сени дўстларингдан устун қилдим,

Ҳа, Мен, Худойинг, шодлик мойини Сенга суртдим.”

10Яна Ўғлига шундай деган:

“Сен Раббийсан,

Азалда заминнинг пойдеворини Сен қўйгансан,

Самоларни Ўз қўлларинг ила яратгансан.

11Улар йўқ бўлиб кетар, Сен тураверасан,

Уларнинг ҳаммаси кийим каби эскириб кетади.

12Кераксиз либосдай уларни тахлаб қўясан,

Тўзиб кетган кийимдай уларни алмаштирасан.

Сен эса ҳеч ўзгармассан,

Сен то абад яшайсан.”

13Худо биронта фариштага:

“Душманларингни оёқларинг остига пойандоз қилмагунимча,

Сен Менинг ўнг томонимда ўтиргин”,

— деб айтмаган. 14Ахир, фаришталар бор–йўғи хизматчи руҳлар! Худо уларни абадий ҳаётдан баҳраманд бўладиган одамларга хизмат қилиш учун юборган.

 

2–БОБ - ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ

 

Буюк нажотга эътиборсиз бўлмайлик

 

1Шу сабабдан биз бутун эътиборимизни эшитганларимизга қаратишимиз керак. Шунда ҳақиқатдан оғиб кетмаймиз. 2Фаришталар орқали ота–боболаримизга берилган Тавротқонунлари мажбурий эди. Агар Таврот қонунларини бузган ва уларга итоат этмаган одамлар ҳар бир қилмишига яраша жазоланган бўлса, 3наҳотки биз буюк нажот хабарига эътиборсиз қолсак жазодан қочиб қутула оламиз?! Ахир, дастлаб бу нажот хабарини бизга Раббимиз Исонинг Ўзи эълон қилди–ку. Раббимизга қулоқ солган шоҳидлар бу хабарнинг ҳақиқийлигини бизга тасдиқлашди. 4Худо ҳам бу хабарни тасдиқлади: У аломату мўъжизалар ва турли хил ажойиботлар кўрсатди, Ўз хоҳиш–иродасига кўра Муқаддас Руҳнинг инъомларини улашиб берди.

 

Бизга нажот бериш учун Исо инсон бўлиб келди

 

5Биз айтаётган келажак дунёни Худо фаришталарга тобе қилмади. 6Аксинча, Муқаддас Битикларда Худога шундай деб айтилган:

“Инсон зоти недирки, у ҳақда ўйлагайсан?!

Инсон ўғли недирки, Сен уни ардоқлайсан?!

7Сен уни қисқа вақтгагина фаришталардан паст қилдинг,

Кейин эса иззату шараф тожини унга кийгиздинг.

8Бор нарсани унинг оёғи остига қўйдинг.”

“Бор нарсани унинг оёғи остига қўйдинг” дегани, Худо бутун борлиқни ўша инсоннинг ҳокимиятига тобе қилганини билдиради. Ҳозирги кунда эса бутун борлиқ унга тобе бўлганини биз кўраётганимиз йўқ. 9Аммо “қисқа вақтгагина фаришталардан паст бўлган” инсонни, яъни Исони биз кўриб турибмиз. У инсон бўлиб келди, Худонинг инояти туфайли бутун инсоният учун азоб чекиб, ўлди. Шу сабабдан энди “иззату шараф тожини кийди.”

10Худо ҳамма нарсани яратган ва ҳамма нарса Унинг улуғворлиги учун мавжуддир. У кўп инсонларни Ўз улуғворлигидан баҳраманд қилиш учун нажотга эриштирмоқчи бўлди. Исо одамларни нажотга бошлаб борсин деб, Худо Уни азоб–уқубатлар орқали баркамол Сардор қилиб тайёрлади. 11Инсонларни гуноҳлардан покловчи Исо ва покланган инсонларнинг ҳаммаси бир оилага мансубдир. Шу сабабдан Исо уларни биродарларим деб аташдан ор қилмай, 12Худога шундай дейди:

“Биродарларимга Сен ҳақингда айтаман,

Жамоа орасида Сенга ҳамду сано ўқийман.”

13Исо яна шундай дейди:

“Умидим Худодадир”,

сўнг яна айтади:

“Худо берган фарзандларим билан бирга Мен шу ердаман!”

14Бу фарзандлар фоний бандалар бўлганлари учун, Исо ҳам улар сингари инсон бўлди. Зеро, У Ўз ўлими орқалигина ўлим келтирувчи иблиснинг қудратини йўқ қила олди ва 15умр бўйи ўлим қўрқувига қул бўлган одамзодни озод қилишга муваффақ бўлди. 16Исо фаришталарни эмас, балки Иброҳимнинг наслини қулликдан қутқаргани аниқ. 17Шу сабабдан, У ҳар жиҳатдан биродарларига ўхшаган бўлиши шарт эди. Шундагина У халқни гуноҳларидан поклай оладиган, Худонинг хизматидаги раҳмдил ва содиқ Олий руҳоний бўла оларди. 18Исонинг Ўзи синовдан ўтиб, азоб чекди. Шунинг учун У синовдан ўтаётганларга ёрдам бера олади.

 

3–БОБ - ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ

 

Исо Масиҳ — Мусо пайғамбардан юқори

 

1Эй биродарларим, сизлар Худонинг азиз халқисизлар. Худо сизларни Ўз ҳузурига киришга даъват этган. Келинглар, Худонинг элчиси ва биз эътироф этган эътиқодимизнинг oлий руҳонийси Исо ҳақида мулоҳаза қилайлик. 2Худо Исони Олий руҳоний қилиб тайинлади. Мусо Худонинг хонадонида содиқ хизматкор бўлгани каби, Исо ҳам Худога содиқ бўлди. 3Бироқ Исо Мусодан кўра кўпроқ улуғворликка лойиқ бўлди. Ахир, уйдан кўра уни қурган одам кўпроқ эътиборга сазовор–ку! 4Албатта, ҳар бир уйнинг қурувчиси бор, аммо аслида бутун борлиқнинг бинокори — Худо. 5Мусо содиқ қул эди. У Худонинг бутун халқи орасида энг ишончлиси бўлиб, унинг хизмати келажакда ошкор бўладиган илоҳий ҳақиқатнинг шарпаси эди, холос. 6Масиҳ эса содиқ Ўғил эди. Унга Худонинг хонадонини бошқариш топширилди. Худонинг хонадони эса бизмиз. Биз фақат жасур бўлиб, умидимизни маҳкам тутишимиз керак. Ахир, биз бу умидимиз билан фахрланамиз.

 

Имондан қайтиб кетманглар!

 

7Шундай экан, Муқаддас Руҳнинг айтган гапларини ёдингизда тутинг:

“Қанийди бугун Meнинг овозимга қулоқ солсангиз!

8Менга қарши исён қилган оталарингиздай тош юрак бўлманглар,

Мени саҳрода синаган ўша аждодларингиздай бўлманглар.

9Оталарингиз қирқ йил қилган ишларимни кўрса ҳам,

У ерда Мени синаб кўрдилар.

10Шу боис Мен бу наслдан ғазабланиб, дедим:

‘Улар доим Мендан юз ўгиришади,

Амрларимга бўйсунишдан бош тортишади.’

11Шунинг учун ғазабланиб, онт ичдим:

‘Улар фароғат диёримга кирмайди’, дедим.”

12Эй биродарларим, эҳтиёт бўлинглар! Ёмон ниятга қалбингиздан ўрин берманглар, Худога бўлган ишончингизни йўқотманглар. Акс ҳолда бу иллатлар сизларни барҳаёт Худодан қайтаради. 13Ҳар кунни Муқаддас Битиклардаги “бугун” деб билиб, бир–бирингизга насиҳат қилинглар. Тағин бирортангиз гуноҳга алданиб, юрагингизни тош қилманглар. 14Ахир, биз Масиҳга шерик бўлдик. Фақат бошида эга бўлган имонимизни охиригача маҳкам тутишимиз лозим. 15Бир–бирингизга Забурдаги шу сўзларни эслатиб туринглар:

“Қанийди бугун Meнинг овозимга қулоқ солсангиз!

Менга қарши исён қилган оталарингиздай тош юрак бўлманглар!”

16Ўшанда Худонинг овозини эшитиб туриб, исён қилган ким эди? Мусо Мисрдан олиб чиққанларнинг ҳаммаси! 17Қирқ йил давомида Худо кимдан ғазабланганди? Гуноҳ қилган одамлардан! Улар ҳаммаси ўлди, саҳро уларга қабр бўлди. 18Худо онт ичиб: “Улар фароғат диёримга кирмайди”, дея ким ҳақида айтган эди? Албатта бўйсунмаган одамлар ҳақида! 19Демак, улар Худога ишонмаганлари учун фароғат диёрига кира олмадилар.

 

4–БОБ - ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ

 

Худо Ўз халқига ваъда қилган фароғат

 

1Худонинг фароғат диёрига кириш ҳақидаги ваъдаси ҳануз кучда қолган. Шунинг учун эҳтиёт бўлайлик, тағин ваъда қилинган фароғат диёрига киришга номуносиб бўлиб қолмайлик. 2Ахир, фароғат диёри ҳақидаги ХушхабарИсроил халқига саҳрода эълон қилингандай, бизга ҳам эълон қилинди. Аммо улар бу Хушхабарни эшитсалар ҳам, унинг қадрига етмадилар. Улар бизга ўхшаб, бу хабарга қулоқ солганларида эди, ишонган бўлар эдилар. 3Биз бу хабарга ишонганимиз учун фароғат диёрига кирамиз. Ишонмаганлар ҳақида эса Худо шундай деганди:

“Шунинг учун ғазабланиб, онт ичдим:

‘Улар фароғат диёримга кирмайди.’”

Ҳолбуки, Худо фароғат диёрини дунёни яратганидаёқ тайёрлаб қўйган. 4Чунки яратилишнинг еттинчи куни ҳақида Муқаддас Битикларда шундай дейилган:

“Еттинчи куни Худо ҳамма ишларини битириб, дам олди.”

Аммо баъзи одамлар Худонинг фароғат диёрига кирмадилар. 5Юқоридаги парчада айтилгандай:

“Улар фароғат диёримга кирмайди.”

6Бундан англашиладики, фароғат ҳақидаги Хушхабарни биринчи бўлиб эшитганлар итоатсизлиги учун фароғат диёрига кирмаганлар. Аммо баъзи кишиларга у ерга кириш учун имконият бор. 7Худо ўша кишиларни кўзда тутиб, “бугун” деб аталган яна бир кунни тайин қилди. Кўп йиллардан кейин У бу кун ҳақида Довуд орқали гапирди. Худонинг бу гапини мен олдин ҳам айтиб ўтганман:

“Қанийди бугун Meнинг овозимга қулоқ солсангиз!

Менга қарши исён қилган оталарингиздай тош юрак бўлманглар!”

8Агар Ёшуа Исроил халқини фароғатга эриштирганда эди, ўшандан кейин Худо бошқа бир кун ҳақида гапирмаган бўларди. 9Хуллас, Худонинг халқини Шаббат кунига ўхшаган фароғат кутмоқда. 10Худонинг фароғат диёрига кирганлар Худо каби ўз ишларидан дам оладилар, чунки Худо ҳам дунёни яратиб бўлгандан кейин дам олган эди. 11Шундай экан, фароғат диёрига киришга жон куйдирайлик. Акс ҳолда биз ҳам Исроил халқидай итоатсизлик қилиб, фароғатдан бебаҳра қоламиз.

 

Худо каломининг таъсирчанлиги

 

12Худонинг каломи жонли ва таъсирли, ҳар қандай дудама қиличдан ўткирроқдир. У жон билан руҳни, бўғинлар билан иликни ажратгудек суқилиб киради. Худонинг каломи хаёлу юракнинг ниятларини фош этади. 13Бутун борлиқ Худонинг кўзи олдида яп–яланғоч ва очиқдир. Ҳеч ким ва ҳеч нарса Ундан пинҳон эмас. Биз Унга ҳисоб берамиз!

 

Улуғ Олий руҳонийимиз Исо

 

14Шундай экан, ўзимиз эътироф этган эътиқодимизни маҳкам тутайлик! Зотан бизнинг улуғ Олий руҳонийимиз бор. Худонинг самодаги ҳузурига кириб борган бу Олий руҳонийимизХудонинг Ўғли Исодир. 15У заифликларимизга ҳамдард бўла олади. Ахир, У биз каби ҳар томонлама синалган, лекин бизга ўхшаб гуноҳ қилмаган. 16Келинглар, иноятли Худойимизнинг тахтига жасорат билан яқинлашайлик. Шунда У бизга марҳамат кўрсатади, Унинг инояти зарур вақтда бизга ёрдам беради.

 

5–БОБ - ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ

 

1Ҳар бир олий руҳоний инсонлар орасидан танлаб олинади. У Худога гуноҳлар учун назрлар ва қурбонликлар келтириб, халқ вакили бўлиб хизмат қилади. 2Ғафлатда гуноҳ қилиб қўйган одамларни олий руҳоний тушунади, чунки у ўзи ҳам инсон, камчиликлари бор. 3Шу сабабдан у нафақат халқнинг гуноҳлари учун, балки ўзининг гуноҳлари учун ҳам қурбонликлар келтириши зарур. 4Ҳеч ким ўз хоҳиши билан олий руҳоний бўла олмайди, балки Ҳорунга ўхшаб Худо томонидан тайинланади.

5Шундай экан, Масиҳ ҳам олий руҳонийлик шарафини ўзлаштириб олмади. Аксинча, Унга:

“Сен Менинг Ўғлимсан,

Бугун Мен Сенга Ота бўлдим.”

— деб айтган Худо Уни Олий руҳоний қилиб тайинлади.

6Зеро, бошқа бир жойда Худо Унга шундай деган:

“Сен Маликсидиқ сингари

То абад руҳонийсан.”

7Масиҳ бу дунёда яшаган пайтда кўз ёш тўкиб, Худога фарёд қилди, Унга илтижо қилиб ёлворди. Чунки Худо Уни ўлимдан қутқаришга қодир эканлигини Масиҳ билар эди. У Худони юксак даражада эъзозлагани учун Унинг илтижоси ижобат бўлди. 8Гарчи У Худонинг Ўғли бўлса ҳам, азоб–уқубат чекиб, итоаткорликнинг асл маъносини англади. 9Худо азоблар орқали Масиҳни баркамол қилди. Шундай қилиб, Унга итоат қилганларнинг ҳаммаси учун Масиҳ абадий нажот манбаи бўлди. 10Худо Масиҳни “Маликсидиқ сингари Олий руҳоний” деб эълон қилди.

 

Имонда улғайинглар

 

11Олий руҳонийимиз ҳақида сизларга яна кўп гапирган бўлардим–у, аммо қандай қилиб сизларга тушунтиришни билмайман, чунки сизнинг ақлингиз ўтмас бўлиб қолган. 12Сизлар ўзларингиз аллақачон устозлик қилишингиз керак эди! Аммо сиз бошқаларга эмас, бошқалар сизларга Худо каломининг илк асосларини ўргатишлари керак. Сизлар ҳали ҳам сутга муҳтожсиз! Қуюқ овқатни ҳазм қила олмайсиз. 13Сут билан озиқланадиган ҳар бир киши ҳали чақалоқ. У тўғри билан нотўғрининг фарқига бормайди. 14Қуюқ овқат эса улғайганлар учундир. Улар тажриба орттириб, яхшини ёмондан фарқлай оладилар.

 

6–БОБ - ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ

 

1Шундай экан, Масиҳнинг бошланғич таълимотида тўхтаб қолмайлик. Аксинча, имонда етук бўлишга интилайлик. Ҳадеб таълимотнинг илк асосларини ўрганавермайлик. Ўлимга етакловчи ишлардан тавба қилиш ва Худога ишониш ҳақида, 2покланиш маросимлари ва қўл қўйиб дуо қилиш ҳақида, ўликларнинг тирилиши ва абадий ҳукм ҳақида қайта–қайта таълим олишимиз шарт эмас. 3Энди Худонинг мадади билан етуклик сари қадам ташлаймиз.

 

Огоҳликка ва умидворликка чорловчи сўзлар

 

4Наҳотки Худодан юз ўгирган одамни тавба қилдириб бўлса?! Бундай одам Худонинг нурини кўриб, самовий инъомдан лаззат олган, Муқаддас Руҳдан баҳраманд бўлиб, 5Худо каломининг эзгулигини тотиб кўрган ва келажак дунёнинг қудратини ўз тажрибасида кўрган. 6Агар шуларга қарамай, у Худодан қайтса, икки дунёда ҳам тавба қилмайди! Чунки у бу қилмиши билан Худонинг Ўғлини гўё бошқатдан хочга михлаб, ҳамманинг олдида Уни шарманда қилаётгандай бўлади.

7Худонинг йўлидан юрган одамни мўл–кўл ёмғирга тўйган ерга ўхшатса бўлади. Бундай ер деҳқонлар учун яхши ҳосил етиштириб, Худодан барака топади. 8Худодан қайтган одам эса янтоғу тикан босган ерга ўхшайди. Бундай ер фойдасиз бўлиб, лаънатга дучор бўлиш хавфи остида қолади. Охир–оқибатда эса оловга ем бўлади.

9Севимли биродарларим, қаттиқ гапирганимга қарамай, сизлардан кўнглим тўқ. Сизлар нажотга элтувчи тўғри йўлдан кетаётганингизга ишончим комил. 10Ахир, Худо адолатлидир. У сизнинг ишингизни унутмайди, Унга бўлган муҳаббатингиз туфайли азизларига қилган ва қилаётган хизматларингизни ёдида тутади. 11Хизматдаги бу шижоатингизни ҳар бирингиз охиригача асрашингизни чин дилдан хоҳлаймиз. Чунки шундагина Масиҳга бўлган умидингиз сўнмайди. 12Эринчоқ бўлманглар. Аксинча, имони ва сабр–тоқати туфайли Худонинг ваъдаларидан баҳраманд бўлган биродарлардан ўрнак олинглар.

 

Худонинг ўзгармас ваъдаси умид бағишлайди

 

13Худонинг Иброҳимга берган ваъдасини эсланглар. Ўшанда Худо Ўз номи ҳақи қасам ичганди. Зеро, қасам ичиш учун Ўзидан буюкроқ бирон зот йўқ эди. 14Ўшанда Худо қасам ичиб, шундай деганди:

“Сенга албатта қут–барака бераман,

Наслингни сон–саноқсиз қиламан.”

15Иброҳим сабр–тоқат қилиб, берилган ваъдага эришди.

16Одамлар қасам ичганларида ўзларидан буюкроқ бўлган кимсанинг исми ҳақи қасам ичадилар. Қасам айтилган гапнинг тасдиғи ҳисобланади ва ҳар қандай баҳсга хотима беради. 17Шунга ўхшаб, Худо ҳам Ўз ваъдасини қасам билан тасдиқлади. Чунки халқига барака беришни ваъда қилган Худо шу орқали Ўз иродасининг қатъий эканлигини аниқ кўрсатмоқчи эди. 18Худо ёлғон гапирмайди! Унинг берган ваъдаси ва ичган қасами ҳеч қачон ўзгармайди. Худо тасдиқлаган ваъдасидан энди биз кучли далда олиб, У берган умидни маҳкам тутайлик. Ахир, биз Худодан паноҳ топганмиз. 19Бу умид жонимиз учун тебранмас, мустаҳкам лангардайдир. Умидимиз бизни самовий Чодирдаги парданинг орқа тарафига, Худонинг ҳузурига олиб киради. 20Исо биздан олдин у ерга кириб, биз учун йўл очиб берди. У Маликсидиқ сингари то абад Олий руҳонийимиз бўлди.

 

7–БОБ - ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ

 

Улуғ руҳоний Маликсидиқ

 

1Маликсидиқ — Салим шоҳи ва Худойи Таолонинг руҳонийси эди. Иброҳим тўртта шоҳни мағлуб этиб, қайтиб келаётганда, Маликсидиқ уни кутиб олгани чиқиб, дуо қилган эди. 2Иброҳим эса Маликсидиққа олган ҳамма ўлжасининг ўндан бирини берганди.

Маликсидиқ исмининг маъноси “адолат шоҳи” демакдир. У яна “тинчлик шоҳидир”, чунки Салим “тинчлик” маъносини беради. 3Унинг на отаси, на онаси, на насабномаси бор. Ҳаётининг боши ҳам, охири ҳам йўқ. У Худонинг Ўғли сингари то абад руҳоний бўлиб қолади.

4Маликсидиқ қанчалик буюк зот эканлигини билиб қўйинг! Ҳатто улуғ аждодимиз Иброҳим ҳам ўлжасининг ўндан бирини унга берганди. 5Леви наслидан бўлган руҳонийлар эса Тавротда буюрилишича Исроил халқидан, яъни ўз биродарларидан ушр йиғишлари керак эди. Ваҳоланки, Исроил халқининг ҳаммаси Иброҳимнинг авлодларидир. 6Маликсидиқ Леви наслидан бўлмаса–да, Иброҳимдан ушр олди. Сўнг Иброҳимни — Худонинг ваъдаларини олган зотни дуо қилди. 7Ҳаммамизга маълумки, дуо қилган одам дуо олган одамдан улуғроқдир. 8Ушр йиғадиган руҳонийлар фоний бандалар эди. Иброҳимдан ушр олган Маликсидиқ эса, Муқаддас Битикларда ёзилишича ҳануз барҳаётдир. 9Ҳатто айтишимиз мумкинки, ушр олувчи леви руҳонийлари ҳам Иброҳим орқали Маликсидиққа ушр бергандилар. 10Чунки Маликсидиқ Иброҳимни кутиб олганда, леви руҳонийлари ҳали бобокалони Иброҳимнинг пушти камарида эдилар.

 

Маликсидиққа ўхшаш бошқа бир Руҳоний

 

11Леви руҳонийлари бизни баркамол қила олмайдилар. Шунинг учун Худо Ҳоруннинг насабидан бўлган руҳонийни эмас, балки Маликсидиққа ўхшаган бошқа бир руҳонийни юборди. Исроил халқига берилган қонунлар леви руҳонийлари орқали жорий қилинган эди. 12Шундай экан, Худо янги руҳонийликни ташкил қилганда, янги қонунларни ҳам жорий қилди.
13-14Буни биз айтиб ўтган руҳоний, яъни Раббимиз Исо мисолида аниқ кўришимиз мумкин. Биз биламизки, Раббимиз Исо Леви қабиласидан эмас, балки Яҳудо қабиласидан келиб чиққан. Яҳудо қабиласидан ҳеч ким руҳоний бўлиб, қурбонгоҳда хизмат қилмаган. Бунинг устига, Мусо бу қабила ҳақида гапирганда руҳонийликка доир бирон кўрсатма бермаган. 15Янги қонунлар жорий қилинганини яна шундан аниқ кўришимиз мумкин: Раббимиз худди Маликсидиқ кабидир. 16Унинг руҳонийлиги бу фоний дунёнинг талабига, яъни насл–насабга доир қоидаларга асосланмаган, балки Маликсидиқнинг руҳонийлиги сингари чексиз ҳаёт қудратига асосланган. 17Зотан Муқаддас Битиқда У ҳақда шундай ёзилган:

“Сен Маликсидиқ сингари

То абад руҳонийсан.”

18Демак, аввалги қонун–қоидалар ожиз ва самарасиз бўлгани учун бекор қилинди. 19Чунки қонун бирон–бир кишини камолотга етказа олмаган. Энди қонун ўрнига бизга аълороқ бир умид берилди, биз бу умид орқали Худога яқинлаша оламиз.

20-21Бундан ташқари, Исони Худо Олий руҳоний қилиб тайинлаганда онт ичганди. Муқаддас Битикларда бу ҳақда шундай дейилган:

“Эгамиз онт ичган, қарорини ўзгартирмас:

‘Сен то абад руҳонийсан.’”

Аммо леви руҳонийлари тайинланганда, Худо бирон марта онт ичмаган. 22Демак, Худо Исо орқали бизни аълороқ бир аҳдга эриштирди, Исонинг Ўзи бунга кафилдир.

23Яна бир фарқ шундаки: леви руҳонийларининг сони кўп эди, чунки ўлим руҳонийларга хизматларини давом этишга монелик қилар эди. 24Аммо Исо мангу бўлгани учун, то абад руҳоний бўлиб хизмат қилади. 25Шунинг учун У Ўзи орқали Худога яқинлашувчиларга абадий нажот бера олади. Ахир, Исо доим барҳаёт бўлиб, улар учун Худога илтижо қилади.

26Бизга айнан шундай — муқаддас, беғубор ва пок Олий руҳоний керак эди. Исо гуноҳкорлардан айрилган, осмондан ҳам юқорига кўтарилган. 27У бошқа олий руҳонийлар каби ҳар куни, олдин ўз гуноҳлари учун, кейин халқнинг гуноҳлари учун қурбонлик келтириши керак эмас. Чунки У бир марта Ўзини қурбон қилиб, халқнинг гуноҳлари учун келтириладиган ҳамма қурбонликларга чек қўйди. 28Тавротга биноан олий руҳонийликка ожиз бандалар тайинланарди. Аммо энди Худонинг онт ичиб берган ваъдасига биноан олий руҳонийликка баркамолликка эришган ва то абад баркамол қоладиган Худонинг Ўғли тайин этилди. Худо буни онт ичиб берган ваъдасига кўра амалга оширди.

 

8–БОБ - ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ

 

Олий руҳонийимиз Исо — янги аҳднинг Воситачиси

 

1Айтган гапларимизнинг мағзи қуйидагича: бизнинг шундай Олий руҳонийимиз борки, У самода, Улуғвор Худо тахтининг ўнг томонида ўтирибди. 2У самодаги ҳақиқий Чодирнинг Энг муқаддас хонасида хизмат қиляпти. Бу Чодирни инсон эмас, балки Эгамизнинг Ўзи қургандир.

3Ҳар бир олий руҳоний Худога назрлар ва қурбонликлар келтириш учун тайин этилади. Шундай экан, бизнинг Олий руҳонийимизнинг ҳам келтирадиган бирор назри бўлиши лозим эди. 4Агар У ер юзида бўлганда эди, умуман руҳоний бўлолмас эди. Чунки Тавротда буюрилган назрларни келтирувчи руҳонийлар бор. 5Улар ер юзидаги Муқаддас чодирда хизмат қиладилар. Бу Чодир бор–йўғи самодаги ҳақиқий Чодирнинг нусхаси ва соясидир. Негаки, Худо Мусога Чодир қуришни буюрганда, унга шундай деганди: “Эҳтиёт бўл, ҳамма нарсани Мен сенга тоғда кўрсатган намунага мувофиқ ясат.” 6Аммо Исога берилган руҳонийлик хизмати бошқа руҳонийларникига қараганда буюкдир. Чунки Унинг воситасида тузилган янги аҳд аввалги аҳддан улуғроқдир ва аълороқ ваъдаларга асосланган.

7Дарвоқе, агар аввалги аҳд камчиликсиз бўлганда эди, янги аҳд керак бўлмасди. 8Одамлар аввалги аҳд талабларини бажара олмасликларига Худонинг кўзи етиб, У Ўз халқига шундай деган эди:

“Шундай кунлар келадики, Мен Исроил ва Яҳудо халқлари билан янги аҳд тузаман. 9Бу янги аҳд Мен уларнинг ота–боболари билан тузган аҳдга ўхшамайдиган бўлади. Мен ота–боболарини қўлидан етаклаб, Мисрдан олиб чиққанимда, улар билан аҳд тузган эдим. Аммо улар ўша аҳдимга риоя қилишмади, шунинг учун Мен улардан юз ўгирдим.

10Мен келажакда Исроил халқи билан тузадиган аҳд шундай бўлади: Мен қонунларимни одамларнинг онгига солиб қўяман, қонунларимни уларнинг юракларига ёзаман. Мен уларнинг Худоси, улар эса Менинг халқим бўладилар. 11Шундан кейин одамлар бир–бирига: ‘Эгамизни таниб–билинг’, демайдиган бўлишади. Чунки уларнинг ҳаммаси — каттасидан тортиб, кичигигача Мени биладиган бўлади. 12Мен уларнинг айбларини кечираман, гуноҳларини ҳеч қачон эсга олмайман.”

13Худо янги аҳдни тилга олганда, олдинги аҳднинг эскириб кетганлигини кўрсатди. Эскирган нарса эса тез орада йўқ бўлиб кетади.

 

9–БОБ - ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ

 

Аввалги Аҳд давридаги диний хизмат

 

1Дарвоқе, аввалги аҳд даврида саждага оид қонун–қоидалар ва бу дунёга мансуб бўлган бир саждагоҳ бор эди. 2Бу саждагоҳ Чодир бўлиб, икки хонадан иборат эди. Биринчи хона Муқаддас xона деб аталар эди. У ерда чироқпоя, хонтахта ва хонтахта устида муқаддас нонлар бор эди. 3Чодирнинг ички пардаси орқасида Энг муқаддас хона деб аталган яна бир хона бор эди. 4Бу хонада тутатқи тутатиладиган олтин қурбонгоҳ ва ҳар томони олтин билан қопланган аҳд сандиғи турарди. Аҳд сандиғи ичида манна солинган олтин идиш, Ҳоруннинг гуллаган ҳассаси ва амрлар ёзилган иккита тош лавҳа бор эди. 5Сандиқнинг қопқоғи устига Худо ҳузурининг рамзи — қанотли карублар ўрнатилганди. Карубларнинг тепага кўтарилган қанотлари қопқоқни беркитиб турарди. Буларнинг ҳаммасини ҳозир бирма–бир айтишнинг мавриди эмас.

6Хуллас, Чодир шу тарзда жиҳозланган эди. Руҳонийлар ҳар куни Чодирнинг биринчи хонасига кириб, ўз хизматларини адо этардилар. 7Чодирнинг ички — Энг муқаддас хонасига эса фақатгина олий руҳоний йилда бир мартагина кирарди. У доим ўзи билан қурбонлик қонини олиб кирарди. Бу қонни ўзининг ва халқнинг билмасдан қилган гуноҳлари учун назр қиларди. 8Ўрнатилган ўша тартиб орқали Муқаддас Руҳ шуни кўрсатяптики, Энг муқаддас хона халқ учун ёпиқ. Чодирнинг биринчи хонасига оид бўлган қоидалар ҳануз кучда экан, самодаги Энг муқаддас хонага ҳам ҳали йўл ёпиқ. 9Бу қоидалар ҳозирги замон учун рамздир, улар шундай маънони билдиради: келтирилган назрлар ва қурбонликлар Худога сажда қилувчиларнинг виждонини поклай олмайди. 10Бу назрлару қурбонликлар, шунингдек, егулик, ичгулик ва ҳар хил покланиш маросимларига оид удумлар инсон танаси билан боғлиқ. Булар янги тартиб ўрнатилгунча амал қилган.

 

Масиҳ — баркамол қурбонлик

 

11Энди эса Масиҳ келган хайр–баракаларнинг Олий руҳонийси бўлди. У инсон қўли билан қурилмаган, бу дунёга мансуб бўлмаган самодаги мукаммал Чодирга кирди. Ердаги Чодирдан буюкроқ бўлган самодаги бу Чодирдан ўтиб, 12Энг муқаддас хонага кирди. Масиҳ бу хонага такалар ва буқаларнинг қони билан эмас, балки Ўз қони эвазига кирди. У ерга бир марта кириб, бизни то абад гуноҳлардан озод қилди. 13Илгарилари такалару буқаларнинг қони ҳамда куйдирилган ғунажиннинг кули ҳаром бўлган кишиларнинг устига сепилганда, улар жисман покланардилар. Жониворларнинг қони билан шундай натижага эришилган бўлса, 14Масиҳнинг қони билан бунданда буюкроқ натижага эришса бўлади! Зеро, Масиҳ мангу Руҳнинг қудрати орқали Ўзини бенуқсон қурбонлик сифатида Худога бағишлади. Унинг тўкилган қони виждонимизни ўлимга етакловчи ишлардан поклайди, шунда биз барҳаёт Худога хизмат қила оламиз.

15Ана шу сабабдан Масиҳ Янги Аҳднинг воситачиси бўлди. Энди даъват этилган одамлар Худонинг ваъда қилган абадий меросига эга бўла оладилар. Улар аввалги аҳд даврида берилган Худонинг қонунини бузиб, гуноҳ қилган эдилар. Масиҳ эса уларни гуноҳларидан халос қилиш учун қурбон бўлди. 16Янги аҳдни гўё васиятга ўхшатса бўлади. Қаерда васият бор бўлса, васият қилган одамнинг ўлими тасдиқланиши керак. 17Чунки васият ўлимдан кейингина кучга киради. Васият қилувчи ҳали тирик экан, васиятнинг ҳеч бир таъсири йўқ.

18Шу боис аввалги аҳд ҳам тўкилган қон орқали кучга кирганди. 19Бошида МусоТавротдаги ҳамма амрларни бутун халққа ўқиб берди. Сўнг бир тутам иссоп ва қирмизи ип ёрдамида буқалар ва такаларнинг қони билан сувни Таврот китобига ва бутун халқнинг устига сепиб, 20деди: “Шу қон Эгамизнинг сизлар билан қилган аҳдини тасдиқлайди.” 21Шунингдек, Мусо Муқаддас чодир устига ва сажда маросимларида ишлатиладиган барча ашёлар устига қон сепди. 22Дарҳақиқат, Таврот қонунлари бўйича қарийб ҳамма нарса қон билан покланади, тўкилган қон орқалигина гуноҳлар кечирилади.

23Шу сабабдан, самовий Чодирнинг акси бўлган бу Чодир ва ундаги ҳамма ашёлар ҳайвонларнинг қони билан покланиши керак эди. Аммо самовий нарсалар бундан аълороқ қурбонликларни талаб қилади! 24Ана шу мақсадда Масиҳ бизлар учун Худонинг ҳузурида ҳозир бўлди. У ҳақиқий Чодирнинг соясигина бўлган бу дунёдаги чодирнинг Энг муқаддас хонасига эмас, балки инсон қўли билан қурилмаган самовий Чодирга кирди. 25Леви наслидан бўлган олий руҳонийлар ҳар йили Энг муқаддас хонага кириб, ҳайвонларнинг қонини назр қиладилар. Масиҳ эса Ўзини қайта–қайта қурбонлик қилмади. 26Агар Масиҳ ҳар йили Ўзини қурбонлик қилганда эди, дунё яратилгандан бери У қайта–қайта азоб чеккан бўларди. Бунинг ўрнига У мана шу охирги замонда одамларнинг гуноҳларини ювиш учун, бир мартагина оламга келиб, Ўзини қурбон қилди. 27Инсон зоти бир марта ўлади, сўнг Худо томонидан ҳукм қилинади. 28Шу сингари Масиҳ ҳам кўпларнинг гуноҳларини Ўз бўйнига олиш учун, бир марта қурбон бўлиб, ўлди. У бу дунёга қайтиб келади. Бу сафар У гуноҳларни ювиш учун эмас, балки Уни интизорлик билан кутаётган одамларга нажот бериш учун келади.

 

10–БОБ - ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ

 

Масиҳ — охирги қурбонлик

 

1Қонун бўлғуси хайр–баракаларнинг асл сурати эмас, бор–йўғи соясидир. Ҳар йили қонун бўйича Худога бир хил қурбонликлар келтирилади. Демак, қонун бу қурбонликлар орқали Худога сажда қилувчиларни камолотга етказа олмайди. 2Борди–ю, ўша одамлар қурбонликлари орқали гуноҳдан поклана олганларида эди, уларнинг виждони қийналмасди ва улар қурбонлик келтиришни бас қилардилар. 3Ҳолбуки, қурбонликлар ҳар йили одамларга гуноҳларини эслатади, холос. 4Чунки буқаю такаларнинг қони ҳеч қачон гуноҳларни юва олмайди.

5-6Шунинг учун Масиҳ дунёга келганда Худога шундай деган эди:

“Сен қурбонлигу назрни истамадинг,

Куйдириладиган қурбонлигу гуноҳ назридан мамнун бўлмадинг,

Итоат қилишим учун Менга бадан ҳозирладинг.

7Ўшанда дедимки: ‘Мана, мен келдим.

Муқаддас Битикларда Мен ҳақимда ёзилган.

Сенинг хоҳишингни адо этиш учун келдим, эй Худойим.’”

8Дастлаб Масиҳ қонун талаб қилган қурбонликлар ҳақида сўз юритиб, Худога: “Сен қурбонлигу назрни истамадинг, куйдириладиган қурбонлигу гуноҳ назридан мамнун бўлмадинг”, — деб айтган. 9Сўнг эса ҳақиқий итоаткорликни тилга олиб, шундай деган: “Сенинг хоҳишингни адо этиш учун келдим, эй Худойим”. Бундан кўриниб турибдики, Масиҳ қурбонлик маросимларига асосланган аввалги аҳдни бекор қилди. Унинг мақсади юракнинг итоаткорлигига асосланган янги аҳдни ўрнатиш эди. 10Масиҳ Худонинг хоҳишини бажариб, Ўз танасини биз учун қурбон қилди. Бу ягона қурбонлиги орқали бизни гуноҳдан поклади.

11Руҳонийлар ҳар куни Худога хизмат қиладилар. Бир хил қурбонликларни қайта–қайта келтирадилар. Аммо бу қурбонликлар ҳеч қачон гуноҳни юва олмайди. 12Масиҳ эса гуноҳларни абадий ювиб ташлайдиган ягона қурбонликни келтириб, Худонинг ўнг томонида ўтирди. 13“Худо душманларимни оёқларим остига пойандоз қилади”, — деб Масиҳ ўша вақтдан бери кутмоқда. 14Дарвоқе, У биттагина қурбонлик орқали гуноҳдан поклаган одамларини то абад баркамол қилди.

15Муқаддас Руҳ ҳам бу ҳақда бизга шаҳодат бериб, деди:

16“Эгамиз шундай демоқда: ‘Мен келажакда Исроил халқи билан тузадиган аҳд шундай бўлади: Мен қонунларимни одамларнинг юрагига солиб қўяман, қонунларимни онгларига ёзаман. 17Мен уларнинг гуноҳлару қабиҳликларини ҳеч қачон эсга олмайман.’”

18Демак, Худо гуноҳларни кечирган бўлса, бошқа қурбонлик келтиришнинг ҳожати йўқ.

 

Имонимизга содиқ қолайлик

 

19Эй биродарларим, Исо Масиҳнинг қони туфайли энди биз Энг муқаддас хонага дадиллик билан кира оламиз. 20Чунки Исо биз учун янги йўлни очиб берди. У Чодирдаги парда орқали, яъни қурбон қилинган Ўз танаси орқали ҳаёт сари етаклайдиган йўлни очди. 21Ҳа, бизнинг улуғ Руҳонийимиз бор, У Худонинг бутун хонадони устидан масъулдир. 22Шундай экан, самимий қалб ва мустаҳкам ишонч билан Худога яқинлашайлик. Ахир, Масиҳ Ўз қони билан қалбларимизни поклаб, виждонимизни қийнаган ҳамма гуноҳлардан тозалади. Баданимиз ҳам тоза сув билан ювилди. 23Энди ўзимиз эътироф этган умидимизни иккиланмай маҳкам тутайлик. Чунки ваъда берган Худо Ўз сўзига содиқдир. 24Бир–биримизга эътиборли бўлиб, бир–биримизни меҳр–муҳаббатга ва хайрли ишларга чорлайлик. 25Баъзи одамларга ўхшаб, йиғилишларимизни қолдирмайлик. Аксинча, Раббимиз Исонинг келадиган куни яқинлашиб қолганини билиб, бир–биримизни янада кўпроқ руҳлантирайлик.

26Агар биз ҳақиқатни билиб олгандан кейин, атайлаб гуноҳ қилишда давом этсак, бу гуноҳларимизни ҳеч қандай қурбонлик юва олмайди. 27Шунда қўрқув ичра Худонинг ҳукмини кутишдан бошқа иложимиз қолмайди. Оқибатда Худонинг душманлари билан бирга ловуллаган оловда ёниш бизнинг қисматимиз бўлади. 28Мусонинг Тавротига бўйсунишни рад этган одам икки ёки уч гувоҳнинг шаҳодати асосида шафқатсизларча ўлдириларди. 29Шундай экан, Худонинг Ўғлини оёқ ости қилган одамни қандай жазо кутишини бир тасаввур қилиб кўринглар! Масиҳнинг аҳд қони билан покланиб, сўнг уни булғаган одамнинг ҳоли нима кечади?! Худонинг иноят Руҳини ҳақорат қилганнинг ҳоли нима кечади?! 30Ахир, биз қуйидаги сўзларни айтган Худони яхши биламиз:

“Мен қасос оламан, жазосини бераман.

Мен Ўз халқимни ҳукм этаман.”

31Ҳа, барҳаёт Худонинг қўлига тушиб қолиш нақадар даҳшатлидир!

32Ўтмишингизни эсланглар. Ўшанда сизлар Худонинг нурини кўриб, кўп азоб–уқубатларга бардош берган эдингизлар. 33Баъзида сизларни ҳамманинг олдида ҳақоратлаб, хор қилишарди. Бошқа пайтларда бундай аҳволда қолган биродарларингизга ён босардингиз. 34Қамоқда бўлганларга ҳамдард бўлардингиз, мулкингиз мусодара қилинганда буни хурсандчилик билан қабул қилардингиз, чунки сизларда боқий бойлик борлигини билардингизлар. 35Шундай экан, олдингидай имонда қатъиятли бўлинглар! Шунда буюк мукофот оласизлар. 36Сабр–тоқатли бўлиб, Худонинг иродасини бажаринглар. Шунда Худонинг ваъдасига эришасизлар. 37Ахир, Муқаддас Битикларда ёзилгандай, ҳадемай келиши керак бўлган Зот келади. У кеч қолмайди. 38Худонинг солиҳлари Унга бўлган садоқати туфайли тирик қолишади. Борди–ю, бирортаси имондан қайтса, Худо ундан рози бўлмайди.

39Биз эса имондан қайтиб, ҳалок бўладиган одамлардан эмасмиз. Биз имонимизга содиқ қолган, нажот топган одамлармиз.

 

11–БОБ - ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ

 

Имон нима?

 

1Имон — умид қилинган нарсаларнинг амалга ошишига ишониш, кўринмайдиган нарсаларга амин бўлиш демакдир. 2Имон туфайли ота–боболаримиз Худонинг мақтовига сазовор бўлдилар.

 

Қадимги имон қаҳрамонлари

 

3Имон туфайли биз коинот Худонинг каломи билан яратилганини англаб оламиз, кўринадиган моддалар кўринмайдиган воқеликдан вужудга келганини биламиз.

4Имони туфайли Ҳобил Худога Қобилдан кўра яхшироқ қурбонликни келтирди. Худо Ҳобилнинг қурбонлигидан мамнун бўлиб, Ҳобилни имони туфайли солиҳ киши, деб билди. Ҳобил ўлган бўлса ҳам, унинг имони ҳануз бизга намуна бўлиб хизмат қиляпти.

5Имони туфайли Xанўх ўлмади. У тириклайин осмонга кўтарилиб кетди. Ханўх бирданига ғойиб бўлиб қолганди, чунки Худо уни олиб кетган эди. Муқаддас Битикларда айтилишича, Худо Ханўхни олиб кетмасидан олдин ҳам ундан мамнун эди. 6Ишонмаган одам ҳеч қачон Худони мамнун қила олмайди. Ахир, Худога сажда қилаётган ҳар ким Худонинг борлигига ишониши керак, Худога юз бурганларга Худонинг Ўзи мукофот беришига у амин бўлиши керак.

7Имони туфайли Нуҳ оиласини қутқариш учун кема қурганди. У мисли кўрилмаган кулфат ҳақидаги Худонинг огоҳлантиришларини эшитиб, Худодан қўрқиб, Унга қулоқ солганди. Қилган бу иши билан у Худонинг бутун дунё устидан чиқарган ҳукмини эълон қилди. Худо уни имони туфайли солиҳ киши, деб билди.

8Имони туфайли Иброҳим Худога итоат қилди. Худо унга: “Мен сенга мулк қилиб берадиган ерга бор”, деб буюрганда, Иброҳим қаерга кетаётганини билмасдан йўлга тушди. 9Имон билан у Худо ваъда қилган ерда ўрнашди, мусофир бўлиб, чодирларда яшади. Унинг ўғиллари Исҳоқ ва Ёқуб ҳам у каби кун кечиришди, чунки Худо уларга худди шундай ваъда берганди. 10Нега Иброҳим бундай қилди? Чунки у Худо томонидан лойиҳалаштирилган ва қурилган, пойдевори мустаҳкам, боқий шаҳарни кутаётган эди. 11Ўзи қариб кетган, хотини Сора эса бепушт бўлганига қарамай, Иброҳим имони туфайли фарзанд кўрди. Чунки фарзандни ваъда қилган Худо садоқатли эканига у ишонарди. 12Шунинг учун бир оёғи гўрда бўлган бу битта одамдан осмондаги юлдузлардай, денгиз қирғоғидаги қумдай сон–саноқсиз насл келиб чиқди.

13Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб оламдан ўтдилар, аммо Худо берган ваъдасини бажаришига улар ишонардилар. Улар Худо ваъда этган юртга эришмадилар, аммо ўша юртни узоқдан кўриб, хурсанд бўлган эдилар. Улар бу дунёда келгинди ва мусофир эканликларини очиқчасига тан олдилар. 14Мусофирлигини тан олган одамлар ўзларининг ҳақиқий ватанини қўмсаётганини кўрсатадилар. 15Борди–ю, улар келиб чиққан юртини қўмсаган бўлганларида эди, у ерга қайтиб бориш учун иложини топар эдилар. 16Аслида улар яхшироқ юртни, яъни самовий ватанни қўмсаётган эдилар. Шунинг учун Худо Ўзини уларнинг Худоси, деб аташдан ор қилмайди. Худо ҳатто улар учун бир шаҳар ҳозирлаган эди.

17-18Худо Иброҳимни синовдан ўтказаётганда Иброҳим ўз имони туфайли ўғли Исҳоқни қурбонликка олиб борди. Гарчи Худо унга: “Мен сенга ваъда қилган наслинг Исҳоқ орқали келиб чиқади”, — деб ваъда берган бўлса–да, у ягона ўғлини қурбонлик қилишга тайёр эди. 19Демак, Худо ҳатто ўликларни ҳам тирилтиришга қодир эканлигига Иброҳим ишонарди. Шунинг учун Худо Исҳоқни Иброҳимга тириклайин қайтариб берди. Исҳоқ ўликдан тириладиган ҳамма одамларнинг рамзи бўлиб хизмат қилади.

20Имони туфайли Исҳоқ ўз ўғиллари Ёқуб ва Эсовни дуо қилди. Келажакда дуолари амалга ошишига у ишонганди. 21Имони туфайли Ёқуб ҳам Юсуфнинг ўғилларини бирма–бир дуо қилди. У оламдан кўз юмаётганда ҳам, ўз ҳассасига суянганича, Худога сажда қилди. 22Имони туфайли Юсуф Исроил халқининг Мисрдан чиқиб кетиши тўғрисида каромат қилди. У ўша пайтда ўлим тўшагида ётган бўлиб: “Менинг суякларимни ўзларингиз билан бу ердан олиб кетинглар”, — деб васият қилганди.

23Имони туфайли Мусонинг ота–онаси, янги туғилган Мусони уч ой яширишди. Улар чақалоқнинг чиройли эканлигини кўриб, Фиръавннинг фармонидан қўрқишмади. 24Вояга етганда Мусо имони туфайли Фиръавн қизининг ўғли деб аталишни рад этди. 25Гуноҳ қилиб, вақтинчалик ҳузур–ҳаловатда яшашдан кўра, Худонинг халқи билан бирга азоб–уқубат чекишни у ўзига раво кўрди. 26У келажакдаги мукофотни кўзлагани учун, Масиҳни деб, хўрланишни Мисрнинг хазиналаридан афзал деб билди. 27Имони туфайли Мусо Мисрни тарк этди. У фиръавннинг ғазабидан қўрқмади. Гўё кўринмас Худони кўргандек, танлаган йўлидан қайтмади. 28Имони туфайли у Исроил халқига Фисиҳ қўзиларини сўйишни буюрди. Сўнг қўзиларнинг қонини эшиклар кесакиларига сепишни буюрди. Бундан мақсади Исроил халқининг тўнғич ўғилларини Азроилдан асраб қолиш эди.

29Имони туфайли Исроил халқи Қизил денгиздан худди қуруқликдан ўтаётгандек кечиб ўтди. Мисрликлар ҳам ўтмоқчи бўлишди, аммо чўкиб кетишди.

30Исроил халқи етти кун Ерихо шаҳри деворлари атрофида айланиб бўлгандан кейин, уларнинг имони туфайли шаҳар деворлари қулаб тушди. 31Имони туфайли фоҳиша Раҳоба ҳалок бўлмади. У айғоқчиларга меҳмондўстлик қилгани учун, Худога итоат қилмаган ҳамшаҳарлари билан бирга ўлмади.

32Яна кимни мисол қилиб келтирай?! Гидўн, Барақ, Шимшўн, Йифтох, Довуд, Шомуил ва бошқа пайғамбарлар ҳақида ҳикоя қилиш учун вақтим етарли эмас. 33Улар имон билан шоҳликларни босиб олдилар, давлатни адолат билан бошқардилар ва Худо берган ваъдаларга эришдилар. Шерларнинг жағларини ёпдилар, 34ловуллаган оловни ўчирдилар ва қилич тиғидан омон қолдилар. Ҳолдан тойган пайтларида кучга тўлдилар, жангда баҳодирлик кўрсатдилар ва ўзга юрт лашкарларини тор–мор қилдилар. 35Аёллар марҳум қариндошларини тирилган ҳолда қайтариб олдилар.

Бошқалар эса имони туфайли қийноқларни бошдан кечирдилар. Улар Худодан воз кечиб, ўлимдан қутулишлари мумкин эди. Аммо улар бундай қилмадилар, чунки аълороқ нарсани, яъни абадий ҳаёт учун тирилишни умид қилган эдилар. 36Баъзилар ҳақорату калтакларга чидадилар, баъзилар занжирбанд бўлиб, зиндонларда ётдилар. 37Уларни тошбўрон қилдилар, таналарини арралаб иккига бўлдилар, қиличдан ўтказдилар. Улар қўй ва эчки пўстинларини кийиб, сарсон–саргардон бўлдилар, муҳтожликда яшадилар, зулм остида қолдилар, хор бўлдилар. 38Улар чўл–саҳроларда, тоғ–тошларда дайдиб юрдилар, ғорларда, ернинг кавакларида яшириндилар. Дунё уларнинг тирноғига ҳам арзимас эди!

39Улар имони туфайли Худонинг мақтовига сазовор бўлдилар. Шундай бўлса–да, Худонинг ваъдасига эришмадилар. 40Худога содиқ қолган бу одамларни Худо биз билан бирга баркамол қилишни истади. Чунки У бизни ҳам ўйлаган ҳолда аълороқ режани тайёрлаб қўйганди.

 

12–БОБ - ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ

 

Худога содиқ қолинглар!

 

1Имони бизга ибрат бўлиб хизмат қиладиган ана шу одамларнинг ҳаммаси атрофимизни ўраб олган. Бу катта оломон бизни кузатиб тураркан, тақдиримиздаги мусобақада сабр–тоқат билан чопайлик. Югуришимизга халақит бераётган ҳар қандай юкни, айниқса, тўсқинлик қилаётган ҳар қандай гуноҳни бир четга улоқтириб ташлайлик. 2Исога кўз тикайлик. Ахир, У бу имон мусобақасида биз учун йўл очиб, бутун масофани биздан олдин югуриб ўтди. Исо келажакдаги шодликка эришиш учун, шармандали ўлимни писанд қилмай, хочда азоб билан жон берди. Ҳозир эса У Худо тахтининг ўнг томонида ўтирибди. 3Жасоратингиз сўнмаслиги ва кўнглингиз чўкмаслиги учун, Исо ҳақида фикр юритинглар. У гуноҳкорлар томонидан кўп хўрланиб, ҳаммасига чидаган–ку!

 

Худо Ўз фарзандларини тарбиялайди

 

4Сизлар эса қонингизни тўкиш даражасигача гуноҳга қарши курашмадингизлар. 5Худонинг сизларга Ўз фарзандлари сифатида айтган бу далда сўзларини унутибсизлар:

“Ўғлим, Эгамизнинг тарбиясига эътиборсиз бўлмагин,

Ундан танбеҳ олганингда кўнглинг чўкмасин.

6Зеро, Эгамиз яхши кўрган бандасини тарбиялайди,

Фарзанд қилиб олган ҳар бир одамни жазолайди.”

7Чекаётган азобларингизни Худонинг тарбияси, деб билиб, сабр–тоқат қилинглар. Чунки Худо сизларни Ўз фарзандларидай кўриб, тарбия қиляпти. Ахир, ҳар бир ота ўз фарзандини тарбия қилади–ку! 8Агар Худо сизларни бошқа фарзандларини тарбиялагандай тарбияламаса, демак, сизлар Худонинг фарзандлари эмас, ҳаромзодасизлар. 9Биз жисмоний оталаримизнинг тарбиясини олиб, уларни ҳурмат қилиб келяпмиз. Шундай экан, янги ҳаётга эга бўлиш учун осмондаги Отамизга бундан–да кўпроқ итоат қилишимиз керак эмасми?! 10Жисмоний оталаримиз қисқа вақт давомида, бизни ўз билганидай тарбиялаган эдилар. Худо эса бизнинг манфаатимизни кўзлайди. Биз У каби муқаддас бўлишимиз учун Худо бизни тарбиялайди. 11Одам тарбия олаётганда хурсанд бўлмайди, аксинча, қайғуради. Аммо бундай тарбияни олган одам кейинчалик тинч–тотув ва солиҳ ҳаёт кечиради.

 

Худонинг йўлидан юринглар!

 

12Қўлларингиз толиққан, тиззаларингиз букилган, аммо маҳкам туринг. 13Ўзингиз учун тўғри йўлни танлаб юринг. Токи орангиздаги “ожиз” ва “оқсоқ” одамлар йиқилмасин, балки шифо топсинлар.

14Ҳамма билан тинч–тотув яшашга ҳаракат қилинглар. Ҳалол ҳаёт кечиришга тиришинглар, акс ҳолда, Эгамизни кўра олмайсизлар. 15Эҳтиёт бўлинглар, тағин, ўзингизни Худонинг иноятидан маҳрум қилиб қўйманглар. Ораларингизда аччиқ илдиз ўсишига йўл қўйманглар, акс ҳолда унинг заҳри муаммолар туғдириб, кўпларингизни ҳаром қилади. 16Қаранглар, орангизда Эсовга ўхшаганлар бўлмасин. Эсов тўнғич ўғил ҳуқуқини бир коса овқат учун сотган ахлоқи бузуқ, бетавфиқ бир одам эди. 17Ўзингизга маълумки, кейин Эсов ваъда қилинган меросни олиш учун, отасидан: “Мени дуо қилинг”, деб сўради, аммо отаси уни рад этди. Эсов кўз ёш тўкиб, отасига ёлворса–да, воз кечган меросини қайтариб олишга асло имкони йўқ эди.

 

Худодан юз ўгирманглар!

 

18Сизлар яқинлашган тоғ Синай тоғи эмас. Синай тоғи жисмоний бир тоғ бўлиб, унга қўл теккизиб кўрса бўларди. У ерда аланга ловуллаб ёнарди, устини зулмат, қора булут қоплаган, бўрон босган эди. 19Бурғу садоси янграб, Худонинг овози эшитилганди. Буни эшитган одамлар: “Ёлворамиз, Худо бизга бошқа гапирмасин”, деб ўтинганди. 20Чунки “Тоққа ҳатто ҳайвон ҳам тегса, тошбўрон қилинсин”, деган Худонинг буйруғига улар дош бера олмаган эдилар. 21Синай тоғидаги манзара шу қадар даҳшатли эдики, Мусонинг ўзи: “Қўрққанимдан титраб кетяпман”, — деганди.

22Сизлар, аксинча, самодаги Сион тоғига ва барҳаёт Худонинг шаҳри — самовий Қуддусга яқинлашгансизлар. Шод–хуррамлик қилгани йиғилган минглаб фаришталар олдига келгансизлар. 23Исмлари осмонда ёзилган Худонинг меросхўрларига сизлар шерик бўлдингизлар. Ҳаммани ҳукм қилувчи Худонинг ҳузурига кирдингизлар. Худо баркамол қилган солиҳларнинг руҳлари олдига келдингизлар. 24Сизлар Янги Аҳднинг воситачиси Исонинг ҳузурига кирдингизлар. Исонинг қонига яқинлашдингизлар. Унинг қони Ҳобилнинг қонига ўхшаб қасос талаб қилмайди, аксинча, гуноҳларимизни ювиш учун сепилган.

25Эҳтиёт бўлинглар, сизларга гапираётган Худодан юз ўгирманглар! Худо ер юзида гапирган вақтда Уни рад этганлар ҳалокатдан қутула олмаганлар. Шундай экан, биз осмондан гапираётган Худони рад этсак, икки дунёда ҳам жазодан қутула олмаймиз! 26Ўша вақтда Унинг овози ерни ларзага солган эди. Энди эса У шундай демоқда:

“Мен яна бир бор ерни ларзага соламан, аммо бу сафар осмонни ҳам титратаман.”

27“Яна бир бор” дегани шуни билдирадики, яратилган бутун мавжудот йўқ бўлиб кетади, фақат тебранмас, абадий мавжудот қолади.

28Бизга тебранмас шоҳлик берилган. Шундай экан, Худодан миннатдор бўлиб, эҳтиром ва қўрқув ила Унга манзур равишда сажда қилайлик. 29Ахир, бизнинг Худойимиз ямламай ютадиган оловдир.

 

13–БОБ - ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ

 

Сўнгги насиҳатлар

 

1Бир–бирингизни биродарлардай яхши кўришни давом эттиринглар. 2Меҳмондўстликни унутманглар. Зеро, меҳмондўст бўлган баъзи одамлар ўзлари билмаган ҳолда фаришталарни меҳмон қилишган. 3Қамоқдаги биродарларингизни унутманглар, гўё ўзингиз ҳам улар билан бирга қамоқда ўтиргандек, уларни ёдингизда тутинглар. Хўрланганларни унутманглар, ўзингизни уларнинг ўрнига қўйиб кўринглар.

4Никоҳни ҳаммангиз эъзозланглар. Эр–хотинлик муносабатини беғубор сақланглар. Фаҳшу зинога берилганларни Худо ҳукм қилади.

5Пулга кўнгил боғламанглар. Бори билан қаноатланинглар. Зеро, Худо:

“Сизларни ташлаб кетмайман, сизларни тарк этмайман”,

— деб айтган. 6Шунинг учун биз ишонч билан айта оламиз:

“Эгам Мададкоримдир, шу боис қўрқмайман.

Инсонлар менга нима қила олади?!”

7Худонинг каломини сизларга ўргатган устозларингизни хотирланглар. Уларнинг босиб ўтган ҳаёт йўли ҳақида фикр юритинглар. Имонларига тақлид қилинглар. 8Исо Масиҳ кеча, бугун ва то абад Ўшадир, У ўзгармайди.

9Шундай экан, турли хил ғалати таълимотларга берилиб, тўғри йўлдан оғиб кетманглар. Қурбонлик маросимларига доир егулик–ичгулик қоидаларига риоя қилавермай, яхшиси, Худонинг инояти билан юрaгингизни бақувват қилинглар. Ахир, инсонлар яратган бу қоидалар уларга риоя қилувчиларга ҳеч қандай фойда келтирмайди. 10Эсингизда бўлсин, биз кўзга кўринмайдиган, ҳақиқий қурбонгоҳ олдида сажда қилмоқдамиз. Ердаги қурбонгоҳ олдида сажда қилаётганлар ҳақиқий қурбонгоҳда сажда қила олмайдилар. 11Илгарилари олий руҳоний халқни гуноҳларидан поклаш учун ҳайвонларни қурбонлик қиларди. У қурбонликлар қонини Муқаддас хонага олиб киргандан сўнг, гўштини емасдан, сўйилган ҳайвонларни қароргоҳдан ташқарида куйдирарди. 12Шу сингари Исо ҳам шаҳар дарвозасидан ташқарида азоб чекиб ўлди. У Ўз қонини тўкиб, халқини гуноҳлардан поклади. 13Келинглар, энди биз ҳам қароргоҳ ташқарисига Исонинг олдига чиқайлик. У билан бирга хўрликларга чидайлик. 14Зеро, бизнинг бу дунёда доимий масканимиз йўқ, биз бўлғуси шаҳарга кўз тикканмиз. 15Шундай экан, Исо орқали Худога ҳамду сано назрларини тақдим қилаверайлик. Исони Раббимиз деб эътироф этишимиз Худога қурбонликдай бўлсин. 16Яхшилик қилишни ва бир–биримизга ёрдам беришни унутмайлик, чунки бундай назрлар Худога манзурдир.

17Жамоатдаги бошлиқларингизга қулоқ солинглар, айтганларини қилинглар. Ахир, улар имон йўлида сизларга посбонлик қиладилар, Худонинг олдида сизлар учун ҳисобот берадилар. Уларга итоат қилсангиз, улар ўз ишини хурсандчилик билан бажарадилар, бўлмаса, ўлган кунидан қиладилар. Бундан сизга нима фойда бўлади?!

18Мен учун ибодат қилинглар. Виждоним тоза эканлигига аминман. Ҳурматга лойиқ ҳаёт кечиришга ҳаракат қиляпман. 19Ўтиниб сўрайман, мен учун ибодат қилинглар, токи сизларнинг олдингизга тезроқ қайтиб борай.

 

Сўнгги дуолар

 

20Тинчлик берадиган Худо бизнинг Раббимиз Исони ўликдан тирилтирди. Исо Ўз қони билан абадий аҳдни муҳрлагани учун Худо Уни халқининг улуғ Чўпони қилиб тайинлади. 21Шу қадар буюк ишларни қилган Худонинг хоҳиш–иродасини бажара олишингиз учун У сизларга ҳар қандай эзгу фазилату инъом берсин. У Ўзининг манзур мурод–мақсадини Исо Масиҳ орқали сизларда бажо келтирсин. Исо Масиҳга абадулабад шон–шарафлар бўлсин! Омин.

22Эй биродарларим, сизларга қисқагина мактуб ёздим. Ўтинаман, мактубимдаги насиҳатларни сабр–тоқат билан қабул қилинглар.

23Айтмоқчи, биродаримиз Тимўтий қамоқдан чиқди. Агар у бу ерга вақтида етиб келса, сизларни кўргани борганимда, уни ҳам олиб бораман. 24Жамоатдаги ҳамма бошлиқларингизга ва барча Худонинг азизларига салом айтинглар. Италиялик биродарларимиз сизларга салом йўллаяптилар.

25Худонинг инояти ҳаммангизга ёр бўлсин.

 




Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ


Injil Uzbek tili: Yangi Ahd. Latin online
 Matto | Mark | Luqo | Yuhanno | Havoriylar | Yoqub | 1 Butrus | 2 Butrus | Yuhannoning 1chi | Yuhannoning 2chi | Yuhannoning 3chi | Yahudoning | Rimliklarga | Korinfliklarga 1chi | Korinfliklarga 2chi | Galatiyaliklarga | Efesliklarga | Filippiliklarga | Kolosaliklarga | Salonikaliklarga 1chi | Salonikaliklarga 2chi | Timo‘tiyga 1chi | Timo‘tiyga 2chi | Titusga | Filimo‘nga | Ibroniylarga | Vahiy  
Injil Uzbek tili: Eski Ahd. Latin online
IBTIDO | ZABUR

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак

Kitoblar - Kutubxona  |  Simfoniya  |  Guvohliklar  |  Musiqa mp3  |  VIDEO  |  UzLatin.com   |  Telegram kanal @kitoblar_elektron_uz


Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musiqasi


(skachat Hamdu-Sano-Xudoga.pdf 2 mb)
Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika
(skachat Hamdu-Sanolar_Imon-yuli.pdf 1 mb)
Online Yangi o'zbek MP3. Ayni damda musiqa javonida 3gb. guruh. Ҳамду санолар
++ KANAL MP3 https://t.me/uzbekmusika ++


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак
Uzbek tilida Muqaddas Kitob Injil skachat - Audio mp3, Download (.zip 624mb)



Yaxshi audio kitoblarni O`zbek tilidagi

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

O'zbek tilidagi Kinolar

Uzbek tilidagi Kinolar

KitoBook.com