Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ



СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

Кириш

 

“Сулаймоннинг ҳикматлари” китоби мақол, маталлар шаклидаги ахлоқий ва диний таълимотлардан иборат. Уларнинг кўплари кундалик ҳаётда учрайдиган муаммолар ҳақида сўз юритади. Бу китоб “Эгамиздан қўрқиш илму маърифатнинг бошидир” деган насиҳат билан бошланади ва фақатгина диний ишлар эмас, балки яхши ахлоқ ва ақл билан қилиш лозим бўлган ишлар ҳақида гапиради. Қадимги Исроил муаллимларининг бу маталларда доно киши маълум бир вазиятда нима қилиши лозимлиги ҳақида берган маслаҳатлари уларнинг донолигини кўрсатади. Бу ҳикматларнинг баъзилари оила ва оиладан ташқаридаги муносабатлар, қандай қилиб иш бажариш ҳақида, яна баъзилари эса жамиятдаги муносабатлар ва ўзини тута билиш ҳақидадир. Бу китобда камтаринлик, сабр–тоқат, камбағалларни ҳурмат қилиш ва дўстга содиқлик каби фазилатлар ҳақида кўп фикрлар айтилган.

 

1–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

Ҳикматларнинг қадри

 

1Исроил шоҳи Довуд ўғли Сулаймоннинг[1] Ҳикматлари.

2Бу ҳикматлар донолик ва насиҳатни ўргатади,

ҳикматли сўзларни тушунтиради,

3Ақлли кўрсатмаларга,

тўғрилик, адолат, одилликка эга қилади,

4Соддаларга[2] идрок,

ёшларга билим, фаҳму фаросат беради.

5Донолар тинглаб билимини кўпайтирсин,

идрокли эса йўл–йўриқ олсин.

6Бу ҳикматлар — маталларни, жумбоқларни,

дононинг сўзларини ва топишмоқларини тушуниш учундир.

7Эгамиздан қўрқиш[3] илму маърифатнинг бошидир[4].

Донолик ва насиҳатдан нафратланган эса нодондир[5].

 

Ёшларга маслаҳат

 

8Ўғлим[6], отанг насиҳатларига қулоқ сол,

онанг ўгитларини рад этма,

9Чунки улар бошингга гўзал гулчамбар,

бўйнингга маржондайдир.

10Ўғлим, агар гуноҳкорлар сени йўлдан урмоқчи бўлса,

бўйин берма.

11Агар улар: “Кел, бизга қўшил, пистирма қўйиб қон тўкайлик,

айбсизнинг йўлини важсиз тўсайлик,

12дўзахга[7] ўхшаб уни тириклайин ўз қаъримизга тортайлик,

чуқур каби бутунлайин ютиб юборайлик,

13ҳар хил бойликларни тортиб олиб,

уйимизни ўлжа билан тўлдирайлик,

14ҳамма нарса ўртада бўлсин,

ҳамёнимиз битта бўлсин”, — деб айтсалар,

15ўғлим, уларнинг йўлидан юрма,

бир қадам ҳам босма.

16Чунки улар қон тўкишга тайёрдирлар,

оёқлари ёвузликка шошилади.

17Қушларнинг кўзи олдида тўр қўйиш фойдасиздир.

18Ёвузлар ўзларининг қони тўкилишини кутадилар,

ўзларининг жонларини пойлайдилар.

19Очкўзлик билан тортиб оладиганларнинг аҳволи шу!

Улар ўз ҳаётига зомин бўлади.

 

Донолик чақиради

 

20Донолик[8] кўчада чақиради.

Майдонда баланд овоз билан ҳайқиради.

21Гавжум кўчанинг бошида,

шаҳар дарвозаларида[9] жар солади.

22“Эй, нодонлар, қачонгача нодон бўлиб юраверасиз?!

Сиз–чи, мазах қилувчилар, қачонгача мазах қилишдан завқланасиз?!

Ақлсизлар, қачонгача илму маърифатдан нафратланасиз?!

23Панд–насиҳатларимга қулоқ солинглар.

Мана, сизларга руҳимни бераман.

Сўзларимни очаман.

24Лекин сизларни чақирганимда рад этдингиз,

қўлларимни узатганимда, эътибор бермадингиз.

25Маслаҳат, панд–насиҳатларимнинг

ҳеч бирини қабул қилмадингиз.

26Шунинг учун бошингизга фалокат келганда, мен ҳам куламан.

Ваҳимага тушганингизда, мазах қиламан.

27Ваҳима бўрондай, фалокат эса тўфондай келганда,

кулфату машаққатлар бошга тушганда,

28улар мени чақирадилар, лекин жавоб бермайман.

Улар мени қидирадилар, излайдилар, лекин тополмайдилар.

29Чунки улар илм–маърифатдан нафратландилар,

Эгамиздан қўрқишни танламадилар.

30Маслаҳатларимни, ўгитларимни қабул қилмадилар.

31Шунинг учун ўз қилмишларининг мевасини еб,

пушаймон бўлиб қоладилар.

32Нодонлар йўлдан адашиб ўзини ўлдиради,

ақлсизларнинг беғамлиги эса ўзларини ҳалок қилади.

33Лекин менга қулоқ солганлар осойишта ҳаёт кечиради,

ёмонликнинг ваҳимасидан халос бўлади.”

 

2–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

Донолик Эгамиздандир

 

1Ўғлим[10], насиҳатларимни қабул қилиб,

амрларимни юрагингда сақласанг,

2Доноликка қулоқ солиб,

қалбингни фаҳм–идрокка очсанг,

3Фаросатга ташна,

идрокка чанқоқ бўлсанг,

4Уни кумуш излагандай изласанг,

яширин хазина қидиргандай қидирсанг,

5Эгамиздан қўрқиш[11] нималигини тушунасан,

Худо кимлигини биласан.

6Чунки доноликни Эгамиз беради,

билим ва идрок Унинг оғзидан чиқади.

7У тўғри одам учун нажот сақлайди,

тўғри юрадиганга Ўзи қалқон бўлади.

8Адолатли инсонни ҳимоя қилади,

Унга содиқ бўлганнинг йўлини қўриқлайди.

9Шунда сен тўғрилик, адолат, одиллик,

яъни тўғри йўл нима эканлигини тушунасан.

10Чунки юрагингга донолик киради,

руҳинг эса билимдан завқланади.

11Фаҳм–фаросат сени ҳимоя қилади,

ақл–идрок эса қўриқлайди.

12Ёмон йўлдан,

ёвуз гапирадиганлардан асрайди.

13Улар тўғри йўлни ташлаб,

қоронғиликда юради.

14Ёмон ишлардан хурсанд бўлади,

ёвузликдан қувонади.

15Улар йўлдан адашган,

сўқмоқлари эса эгридир.

16Сени зинокордан,

тилёғлама бузуқ аёлдан сақласин.

17У ёшлигидаги умр йўлдошини ташлаб,

Худо олдида берган аҳдини бузган.

18Унинг уйи ўлимга[12],

йўллари эса ўликларнинг олдига олиб боради.

19Унинг олдига борган қайтиб келмайди,

ҳаёт сўқмоқларига етмайди.

20Шунинг учун яхши одамларнинг йўлидан юргин,

солиҳларнинг йўлидан чиқмагин.

21Чунки тўғри одам ўша ерда яшайди,

пок одам у ерда қолади.

22Фосиқ эса ердан қириб ташланади,

вафосиз йўқ қилинади.

 

3–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

Ёшларга маслаҳат

 

1Ўғлим[13], сўзларимни унутма,

амрларимни юрагингда сақла.

2Улар умрингга умр қўшади,

ҳаётинг тинч бўлади.

3Абадий севгини асло тарк этма.

Бўйнингга маржон қилиб тақиб ол,

юрагинг қаърига ёзиб қўй.

4Шунда Худонинг ҳам, одамларнинг ҳам меҳрини қозонасан,

Улардан иззат–ҳурмат топасан.

5Ўз ақл–идрокингга суянма,

бутун қалбинг билан Эгамизга ишон.

6Ҳар ишингда Эгамизни эътироф эт,

шунда У йўлларингни тўғрилайди[14].

7Ўзингни доно ҳисоблама.

Эгамиздан қўрқ[15].

Ёмонликдан юз ўгиргин.

8Шундай қилсанг жисминг соғ,

жонинг эса омон бўлади.

9Ўз бойлигинг,

биринчи ҳосилинг билан Эгамизни улуғла.

10Шунда омборинг тўлиб–тошади,

янги шаробинг етиб ортади.

11Ўғлим, Эгамизнинг тарбиясини рад қилмагин,

Унинг танбеҳидан руҳинг тушиб кетмасин.

12Ота яхши кўрган фарзандини[16] жазолагандек,

Худо[17] ҳам севганини жазолайди[18].

13Доноликка эришган,

ақл–идрок топган қандай бахтлидир!

14Чунки унинг нафи кумушдан,

фойдаси эса олтиндан ҳам афзалроқдир.

15У жавоҳирлардан ҳам азиздир,

сен тилаган бирор нарса Унга тенг келмайди.

16Унинг ўнг қўлида узоқ умр,

чап қўлида эса бойлик ва шон–шуҳрат бор.

17Йўли — шодлик йўли,

барча сўқмоқлари тинчдир.

18Донолик уни ушлаб турганлар учун ҳаёт дарахти кабидир,

Уни асраганлар эса бахтлидир.

19Эгамиз донолик билан ерни яратди,

ақл–идроки билан осмонни ўз ўрнига жойлаштирди.

20Унинг ақли билан чуқурликлар бўлинган,

булутлардан шудринг тушган.

21Ўғлим, донолик ва фаҳм–фаросатни маҳкам ушла,

назарингдан қочирмагин.

22Ўшанда улар жонингга ҳаёт бахш этади,

бўйнингга безакдай бўлади.

23Йўлингда эсон–омон юрасан,

оёғинг эса қоқилмайди.

24Бехавотир ётасан,

уйқунг ширин бўлади.

25Бехосдан келадиган офатдан қўрқма.

Ёвуз ҳужум қилганда ҳам қўрқма.

26Чунки Эгамиз ёнингда бўлади,

сени қоқилишдан асрайди.

27Яхшилик қилиш қўлингдан келса,

муҳтожлардан ёрдамингни аяма.

28Ўзингда бор бўлса,

қўшнингга “кечроқ кел”, “эртага бераман”, деб айтма.

29Сенга ишониб, ёнингда тинчгина яшаётган

қўшнингга қарши ёмон ният қилма.

30Сенга ёмонлик қилмаган одам билан сабабсиз уришма.

31Зўравонга ҳасад қилма,

у қиладиган ишларни қилма.

32Чунки Эгамизга ёвузлар жирканчдир,

У тўғри одамга яқин бўлади.

33Фосиқнинг уйи Эгамизнинг лаънатига,

солиҳнинг уйи эса қут–баракага тўлади.

34У мазах қилувчиларни мазах қилади,

камтарга эса иноят қилади.

35Донолар шон–шуҳратга эришадилар,

нодонлар эса шармандаликка дучор бўладилар.

 

4–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

Доноликдан келадиган фойдалар

 

1Ўғилларим, отангизнинг панд–насиҳатларига қулоқ солинглар,

эътибор бериб фаросатли бўлинглар.

2Сизларга яхши сабоқ бераман,

сўзларимдан юз ўгирманглар.

3Мен ота–онамнинг ёлғиз, ёш ўғли эдим.

4Болалигимда отам менга шундай дерди:

“Сўзларимни юрагингга жо қилиб,

амрларимни бажаргин, шунда яшайсан.

5Доно бўл, идрокли бўл,

уларни унутма, сўзларимдан чиқма.

6Доноликдан юз ўгирма, сени ҳимоя қилади,

уни севгин, сени асрайди.

7Доноликнинг боши шудир, доно бўл,

бор–йўғингни бериб бўлса ҳам, идрок ол[19].

8Уни ҳурмат қил, сени кўкка кўтаради.

Уни қучгин, сени шон–шуҳратга эриштиради.

9Бошингга илтифот гулчамбари,

шуҳрат тожини кийдиради.”

10Ўғлим[20], айтганларимга қулоқ солиб қабул қил,

шунда умринг узоқ бўлади.

11Сенга донолик йўлларини ўргатдим,

тўғри йўлдан олиб юрдим.

12Юрганингда тўсиққа учрамайсан,

югурганингда қоқилмайсан.

13Йўл–йўриқларимни қаттиқ ушла, қўйиб юборма,

уларни қўриқла, чунки улар ҳаётингдир.

14Фосиқнинг сўқмоқларига оёқ босма,

ёвузлар йўлидан юрма.

15Ҳатто назар солма,

ёнидан ҳам ўтма,

қайрилиб узоқдан юргин.

16Чунки улар ёмонлик қилмасдан ухлай олмайди,

бирортасига зарар келтирмагунча уйқулари келмайди.

17Улар фосиқлик нонини ейди,

зўравонлик шаробини ичади.

18Солиҳнинг йўли тонгга ўхшайди,

тонг кун чиққунча ёришаверади.

19Фосиқнинг йўли эса зулмат кабидир,

нимага қоқилиб кетишини билмайди.

20Ўғлим, сўзларимни эшит,

айтганларимга қулоқ сол.

21Уларни кўз олдингдан қочирма,

юрагингнинг қаърида сақлагин.

22Чунки уларни топганларга ҳаёт,

бутун тани–жонига малҳам бўлади.

23Бор кучинг билан қалбингни асра,

чунки у ҳаёт булоғидир.

24Оғзингдан эгриликни,

тилларингдан айёрликни олиб ташла.

25Кўзларинг тўғрига қарасин,

нигоҳларинг олдингга қаратилган бўлсин.

26Тўғри йўлни танлаб юргин[21],

барча сўқмоқларинг мустаҳкам бўлсин.

27Ўнгга ҳам, чапга ҳам оғма,

ёвузликдан узоқлаш.

 

5–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

Зинога қарши огоҳлантириш

 

1Ўғлим[22], донолигимга эътибор бер,

ақл–идрокимга қулоқ сол,

2токи фаҳм–фаросатинг йўқолмасин,

билиминг сақлансин.

3Бузуқ аёлнинг тилидан бол томади,

сўзлари — малҳамдай юмшоқ,

4аммо оқибати заҳардай аччиқ,

ханжардай ўткирдир.

5Оёқлари ўлим томон юради,

қадамлари ўликлар диёрига[23] етаклайди.

6У ҳаётга олиб борадиган йўлга эътибор бермайди,

йўллари беқарор, ўзи буни билмайди.

7Ўғлим[24], менга қулоқ сол,

сўзларимдан чиқма.

8У аёлдан узоқроқ юр,

унинг эшигига яқинлашма.

9Бўлмаса ўз обрўингни бегоналарга,

ҳаётингни эса ёвузларга берасан.

10Бойлигингдан бегоналар баҳраманд бўлади,

меҳнат билан топган мол–мулкинг ўзгаларнинг уйида бўлади.

11Умринг охирида,

вужудингу танангдан асар қолмагач,

фарёд қиласан.

12Ўшанда шундай дейсан:

“Мен интизом ва танқиддан қанчалик нафратланар эдим–а,

13На устозларимга,

на насиҳат берганларга қулоқ солибман.

14Ана, оқибат жамоа ичида

ҳалокат қирғоғига келиб қолдим.”

15Ўз сардобангдаги,

ўз қудуғингдаги сувни[25] ичавер.

16Булоқларинг ташқарида,

ирмоқларинг кўчада оқсинми?

17Уни бегоналар билан баҳам кўрма,

фақат ўзингники бўлсин.

18Булоғинг сувлари муборак бўлсин,

кўз очиб кўрганинг билан қувонгин.

19Жозибали оҳу ва гўзал кийик!

Унинг оғуши сени қониқтирсин,

доим унинг севгиси билан қаноатлангин.

20Нега энди, ўғлим, бегона хотинни кўнглинг қўмсайди?

Нимага бегона аёлнинг оғушини қучасан?

21Инсоннинг хатти–ҳаракатлари

Эгамизнинг кўзи олдида,

одамнинг барча ишларини кузатиб туради.

22Фосиқнинг ишлари унинг ўзини ушлайди,

гуноҳлари эса занжирга солади.

23У интизомсизлигидан ўлади,

аҳмоқлиги туфайли йўлдан озади.

 

6–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

Яна огоҳлантиришлар

 

1Ўғлим[26], ўзгага кафиллик қилиб,

бегона билан аҳдлашган бўлсанг[27],

2Ўз тилингдан илиниб,

сўзларинг тузоққа етаклаган бўлса,

3ўғлим, ўзганинг қўлига тушиб қолибсан,

ўзингни қутқар, бор, тиз чўкиб ёлвор.

4Кўзларингга на уйқу, на мизғиш бер.

5Овчидан қочган оҳу каби,

беданавоз қўлидан қочган беданадай ўзингни қутқар.

6Эй, танбал, чумолиларга бир қара,

уларнинг хатти–ҳаракатларини кўриб доно бўл.

7Уларнинг на раҳбари,

на назоратчиси, на ҳукмдори бор.

8Лекин улар ёзда озиқ тўплайди,

ўрим пайтида эса дон–дун йиғишади.

9Сен–чи, танбал, қачонгача ухлайсан?!

Қачон ўрнингдан турасан?

10“Бироз ухлай, бир мизғиб олай,

ёнбошлаб бирпас дам олай”, — дейсан.

11Шунинг учун қашшоқлик йўлтўсардай,

муҳтожлик эса қароқчидай устингга келади.

12Айёр ва нопоклар бузуқ сўзларни гапириб юрадилар.

13Кўз қисадилар,

оёқ–қўллари билан имо–ишора қиладилар.

14Юракларида доим ёвуз ният қилиб,

одамлар орасида жанжал чиқарадилар.

15Шунинг учун тўсатдан офатга учрайдилар,

шифо топмай тўсатдан ҳалок бўладилар.

16Олти нарса Эгамизга нафратли,

етти нарса жирканчдир. Булар:

17манманлик нигоҳи, ёлғончи тил,

бегуноҳ қонни тўкадиган қўллар,

18ёмон ниятли юрак,

ёвузликка югурадиган оёқлар,

19ёлғон гапирадиган сохта гувоҳ,

ака–укалар орасига нифоқ солувчилардир.

 

Зинога қарши огоҳлантириш

 

20Ўғлим, отанг насиҳатларига қулоқ сол,

онанг ўгитларини рад этма,

21уларни доим юрагингда сақла,

бўйнингга тақиб ол.

22Юрганингда сенга йўл кўрсатади,

ухлаганингда қўриқлайди,

уйғоқлигингда сенга гапиради.

23Чунки амрлар — чироқ,

танбеҳ — ҳаёт йўли,

панд–насиҳатлар эса нурдир.

24Улар сени бошқаларнинг хотинидан,

зинокор аёлнинг ширин сўзидан сақлайди.

25Юрагингда унинг гўзаллигини орзу қилмагин,

кўзларига маҳлиё бўлма.

26Фоҳишага биттагина нон ҳақи етарли,

аммо зино қилувчи бутун ҳаётингни олади.

27Кийимларни куйдирмасдан қўйинга чўғ солиб бўладими?!

28Оёқни куйдирмасдан чўғ устида юриб бўладими?!

29Ўзганинг хотини олдига кирганнинг аҳволи ҳам шундай,

бегона аёлга теккан жазосиз қолмайди.

30Қорни очлигидан ўзини тўйдириш учун ўғирлик қилса,

одамлар ундан нафратланмайди.

31Лекин қўлга тушиб қолганда ўғирланган молининг ҳақини

етти баробар қилиб қайтариши керак.

32Зино қилган ақлсиздир,

ўзини ўзи нобуд қилади.

33У кўп калтак еб шарманда бўлади,

бир умрга бадном бўлади.

34Чунки рашк эрни ғазаблантиради,

эр қасос олганда шафқат қилмайди.

35Ҳар қандай ҳадяни рад этади,

қанча пора берсанг олмайди.

 

7–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

1Ўғлим[28], сўзларимни асра,

амрларимни дилингда сақла.

2Амрларимни сақлаб яша,

таълимотимни кўз қорачиғингдек асра.

3Уларни бармоғингга боғла,

юрагинг қаърига ёзиб қўй.

4Доноликни синглим,

ақл–идрокни эса қардошим деб атагин.

5Улар сени зинокордан,

тилёғлама бузуқ аёлдан асрайди.

 

Ахлоқи бузуқ аёл

 

6Уйимнинг дераза панжараси ортидан қарадим,

7содда[29] ёшларнинг орасида,

бир ақлсиз йигитни кўриб қолдим.

8Йигит кўчадан ўтиб,

зинокор аёлнинг уйи томон кетаётган эди.

9Оқшом. Кеч.

Тун қоронғи эди.

10Шунда фоҳишага ўхшаб кийинган,

маккор ниятли аёл уни кутиб олгани чиқди.

11У шаллақи, ўжар, ҳеч қачон уйида турмайди.

12Бир қарасанг кўчада, бир қарасанг майдонда,

яна бир қарасанг ҳар хил бурчакда турган бўлади.

13У йигитни қучоқлаб, ўпиб,

беномусларча шундай деди:

14“Бугун қурбонлик келтирдим,

ваъдаларимни бажардим[30].

15Шунинг учун сени кутиб олишга чиқдим,

сени қидириб топдим.

16Ўрнимни Мисрдан келтирилган рангли мато билан безадим.

17Мирра, долчин, хушбўй атирлар сепдим.

18Қани, юр, тонгга қадар куёв–келиндай роҳат қилайлик,

ҳузур–ҳаловат қилайлик.

19Эрим ҳозир уйда эмас,

узоқ сафарга кетган.

20Бир ҳамён кумуш танга олиб кетган,

ой тўлмагунча қайтиб келмайди.”

21Кўп ширин сўзлар ва мулойим гаплар билан

у йигитни йўлдан урди.

22Йигит ўша заҳотиёқ, қушхонага кетаётган ҳўкиздай,

тузоққа оёқ қўяётган кийикдай[31] унинг орқасидан эргашди.

23У тузоққа кираётган қушдай,

найза жигарига тегмагунча ҳаётини йўқотишини билмайди.

24Ўғилларим, менга қулоқ солиб,

сўзларимга эътибор беринглар.

25Юрагингиз ўша аёлнинг йўлига бурилмасин,

унинг сўқмоқларида адашманг.

26У кўпларни ҳалок қилди,

қурбонлари ҳам кўп.

27Унинг уйи ўликлар диёрига[32] етакловчи йўлдир,

ўлимга олиб боради.

 

8–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

Доноликнинг улуғлиги

 

1Донолик[33] чорламайдими?!

Идрок овозини баланд қилиб чақирмайдими?!

2Қир–адирларда, йўл бўйларида,

чорраҳаларда,

3шаҳар дарвозаларида[34],

эшиклар олдида туриб жар солади:

4“Эй, инсонлар, сизларни чақиряпман,

одамзодга гапирмоқдаман.

5Соддалар[35], фаҳм–фаросатли бўлинг,

сиз, нодонлар, эса идрокли.

6Қулоқ солинг,

мен аъло гапларни гапираман, ростини айтаман.

7Чунки тилим ҳақиқатни гапиради,

фосиқликдан эса нафратланади.

8Ҳамма сўзларим тўғридир,

уларда на эгрилик, на бузуқлик бор.

9Фаросатлиларга равшан,

билим оладиганларга эса тўғридир.

10Кумуш ўрнига насиҳатларимни,

олтин ўрнига эса илм–маърифатни танланг.

11Чунки донолик қўҳинурдан аълороқдир,

ҳеч қандай шодлик У билан тенглаша олмайди.

12Мен, Донолик[36], ақл–идрок билан яшайман,

билим ва фаҳм–фаросат мендадир.

13Эгамиздан қўрқиш[37] ёмонликдан нафратланиш демакдир.

Мен мағрурлик ва манманликдан,

ёвузлик ва бузуқ тилдан нафратланаман.

14Менда маслаҳат ва ҳақиқат бор,

Мен идрокман,

қуввату куч ҳам Мендадир.

15Шоҳлар мен орқали ҳукм сурадилар,

ҳукмдорлар тўғри қонунлар чиқарадилар.

16Мен орқали раҳбарлар бошқарадилар,

амалдор ва барча одил ҳакамлар ҳукм чиқарадилар.

17Ким Мени севса ўшани севаман,

астойдил излаганлар Мени топадилар.

18Бойлик, шуҳрат, битмас–туганмас хазина,

фаровонлик Мендадир.

19Менинг ҳосилим тоза олтиндан ҳам,

танланган кумушдан ҳам яхшироқ.

20Мен тўғри йўлдан,

адолат сўқмоқларидан юраман.

21Мени севганлар бойликни мерос қилиб оладилар,

уларнинг хазинасини тўлдираман.

22Эгамиз ишини бошламасидан олдин,

Ўз ишларининг бошида Менга эга эди.

23Қадимдаёқ, энг бошида,

дунё яратилмасдан олдин,

Мен тайинланган эдим.

24Тубсиз денгизу, бепоён уммон,

ё бирорта булоқ кўз очмай туриб,

Мен дунёга келтирилганман.

25Тоғу тош, қир–адир барпо бўлмасдан олдин

Мен таваллуд топганман.

26У ҳали на ер, на далаларни,

на ернинг тупроғини яратган эди.

27Худо осмонни яратганда,

бепоён уммон узра фалакни барпо этганда,

Мен ўша ерда эдим.

28Осмонга булутларни жойлаб,

денгизларни сув билан тўлдирган чоғда,

29У сув тошиб кетмасин деб амр берганда,

ерга асос солганда[38],

30Мен унинг ёнида мусаввир эдим,

қошида кундан–кунга завқланиб,

доимо қувонардим.

31Дунёда, Унинг ерида одамзод билан хурсанд бўлардим.

32Ўғилларим, менга қулоқ солинглар,

йўлимдан юрганлар бахтлидир.

33Панд–насиҳатларимни тинглаб

доно бўлинглар, уни рад этманглар.

34Ҳар кун остонамда кутиб, эшигимни пойлаб,

сўзларимга қулоқ соладиган бахтлидир.

35Чунки Мени топган ҳаёт топади,

Эгамизнинг марҳаматига сазовор бўлади.

36Кўздан йўқотган ўзига зарар етказади,

Мендан нафратланган ўлимни севади.”

 

9–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

Донолик ва аҳмоқлик

 

1Донолик уй қурди,

уйининг етти устунини қўйди.

2Қурбонлик келтирди,

шароб тайёрлаб, дастурхон ёзди.

3Хизматкорларини шаҳарнинг энг баланд жойига юбориб,

улар орқали:

4“Ким содда[39] бўлса, бу ёққа келсин”, — деб чақирди,

ақлсизларга шундай деди:

5“Келинглар, таомимдан енглар.

Мен тайёрлаган шаробдан ичинглар.

6Ғафлатдан воз кечинглар, шунда яшайсизлар,

идрок йўлидан юринглар.”

7Мазах қилувчига танбеҳ берган таҳқирланади,

фосиқнинг хатосини айтган ҳақоратланади.

8Мазах қилувчига танбеҳ берма, бўлмаса сендан нафратланади.

Донога танбеҳ бер, шунда сени севади.

9Донога ўргатсанг, янада донороқ бўлади.

Солиҳни ўқитсанг, билимини кўпайтиради.

10Эгамиздан қўрқиш[40] доноликнинг бошидир[41],

Худони билиш идрокдир.

11Чунки Мен туфайли умрингга умр қўшилади.

12Доно бўлсанг ўзингга фойда,

мазах қилсанг ўзинг жабр тортасан.

13Аҳмоқ аёл шаллақи ва фаросатсиздир,

ҳеч нарсани билмайди.

14Уйининг эшиги олдида,

шаҳарнинг энг баланд жойида ўтириб,

15йўлида тўғри юрган,

ёнидан ўтиб кетаётганларни:

16“Кимки содда бўлса, бу ёққа келсин”, — деб чақиради,

ақлсизларга шундай дейди:

17“Ўғирланган сув шириндир,

беркитиб ейилган нон эса мазали.”

18Лекин у ерда арвоҳлар борлигини,

унинг меҳмонлари ўликлар диёрининг[42] қаърида эканлигини билмайдилар.

 

10–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

Сулаймоннинг ҳикматлари

 

1Сулаймоннинг ҳикматлари.

Доно фарзанд отага шодлик келтиради,

нодон фарзанд[43] эса онага қайғу.

2Ёвузлик билан топилган бойликдан наф йўқ,

тўғрилик эса ўлимдан қутқаради.

3Эгамиз солиҳнинг оч қолишига йўл қўймайди,

лекин фосиқнинг хоҳишини бажо қилмайди.

4Дангаса қўллар қашшоқлик келтиради,

тиришқоқ қўллар эса бойлик.

5Ёз пайтида ҳосил йиққан — доно ўғил,

ўрим пайти ухлаган эса отасига уят келтиради.

6Солиҳнинг бошида — барака,

фосиқнинг тили эса ёвузлик конидир.

7Солиҳнинг хотираси муборак бўлади,

фосиқнинг номи ёддан кўтарилади.

8Юрагида донолик бўлган амрларни қабул қилади,

эзма нодон эса ҳалок бўлади.

9Тўғри юрган хавф–хатарни билмайди,

йўлдан қайрилган эса жазо топади.

10Кўз қисган қайғуга сабаб бўлади,

эзма нодон ҳалок бўлади.

11Солиҳнинг тили — ҳаёт булоғи,

фосиқнинг тили — ёвузлик кони.

12Нафрат жанжал қўзғайди,

севги–муҳаббат эса ҳамма гуноҳларни беркитади.

13Идроклининг сўзларида — донолик,

нодоннинг орқасида эса қамчи.

14Донолар билимини орттиради,

нодоннинг тили эса ҳалокат келтиради.

15Бойнинг қалъаси — бойлиги,

камбағалнинг ҳалокати эса камбағаллигидадир.

16Солиҳнинг ҳақи — ҳаёт,

фосиқники эса жазо.

17Насиҳатга қулоқ солган ҳаёт йўлидадир,

танбеҳни тан олмаган йўлдан адашади.

18Нафратини яширган — ёлғончи,

ғийбат тарқатувчи эса аҳмоқдир.

19Гап–сўз кўп бўлса, жанжал ҳеч қачон тўхтамайди,

тилини тийган эса донодир.

20Солиҳнинг тили олтин кабидир,

фосиқнинг қалби эса ҳеч нарсага арзимайди.

21Солиҳнинг тили кўпларни озиқлантиради,

нодон эса ақлсизлиги туфайли ҳалок бўлади.

22Эгамизнинг марҳамати бойлик келтиради,

У бойликка ғам–ташвиш қўшмайди[44].

23Аҳмоқ ёмонлик қилишдан,

ақлли эса доноликдан завқланади.

24Фосиқ нимадан қўрқса, ўшанга дучор бўлади,

солиҳ эса орзусига етишади.

25Қуюндан кейин фосиқлар йўқ бўлади,

солиҳлар эса абадий мустаҳкамдир.

26Дангаса унга иш буюрганларга тишга қўйилган сирка,

кўзга кирган тутун кабидир.

27Эгамиздан қўрқиш[45] умрга умр қўшади,

фосиқнинг умри эса қисқаради.

28Солиҳнинг орзуси қувонч келтиради,

фосиқнинг нияти эса пучга чиқади.

29Эгамизнинг йўли солиҳлар учун қалъа,

ёмонлик қиладиганлар учун эса ҳалокатдир.

30Солиҳ ҳеч қачон ўрнидан қўзғатилмайди,

фосиқ эса ўша ерда яшамайди.

31Солиҳнинг тили донолик келтиради,

ёмон тил эса кесиб ташланади.

32Солиҳнинг тили марҳамат келтиради,

фосиқнинг тили эса эгрилик.

 

11–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

1Ёлғон тарози Эгамиз учун жирканчдир,

аниқ тарози тошлари эса Унинг қувончидир.

2Мағрурлик билан шармандалик келади,

донолик эса камтарлар биландир.

3Тўғриларнинг софдиллиги йўл кўрсатса,

хоинларнинг иккиюзламачилиги ҳалок қилади.

4Қиёмат кунида бойлик фойда бермайди,

солиҳлик эса ўлимдан сақлайди.

5Покдилнинг солиҳлиги йўлини тўғрилайди,

фосиқ эса фосиқлиги туфайли қоқилади.

6Tўғрининг солиҳлиги нажот беради,

сотқин эса ёмон ниятлари туфайли тутилади.

7Ёвуз ўлса, орзу–умидлари ҳам ўлади,

фосиқнинг ҳам хоҳиш–тилаклари поймол бўлади.

8Солиҳ ғам–ғуссадан қутулади,

фосиқ эса ғамга дучор бўлади.

9Имонсиз тили билан қўшнисини ҳалок қилади,

солиҳ эса илм–маърифати туфайли нажот топади.

10Солиҳнинг иши юришса, эл–юрт қувонади,

фосиқ ҳалок бўлса, тантана бўлади.

11Тўғри одамлар туфайли шаҳар баракали бўлади ва юксалади,

фосиқнинг тилидан эса эл–юрт вайрон бўлади.

12Қўшнисини камситган ақлсиздир,

идрокли сукут сақлайди.

13Ғийбатчи сирларни очади,

содиқ эса сир сақлайди.

14Йўл–йўриқ кўрсатувчиси бўлмаган халқ ҳалок бўлади,

маслаҳатчилар кўп бўлса, ғалаба келади.

15Бегонага кафиллик қилган кўп жабр кўради,

кафил бўлишдан нафратланадиган эса тинчгина юради.

16Меҳрибон хотин иззат–ҳурмат топади,

зўравон эса бойлик.

17Раҳмдил ўз жонига манфаат келтиради,

бағритош эса ўзига зарар етказади.

18Солиҳлик тарқатадиганлар ҳақиқий мукофот,

фосиқлар эса ёлғон мукофот оладилар.

19Солиҳликни кўзлаган инсон ҳаётга,

ёмонликни кўзлаган эса ўз ўлимига эришади.

20Эгри юрак Эгамизга жирканч,

покларнинг ишлари эса Унинг қувончидир.

21Фосиқ албатта жазосиз қолмайди,

солиҳнинг эса авлодлари ҳам нажот топадилар.

22Чиройли, аммо фаросатсиз аёл,

бурнига тилла сирға таққан чўчқа мисол.

23Солиҳнинг хоҳиши фақат эзгулик,

фосиқнинг кутганлари эса қаҳр–ғазабдир.

24Баъзиларнинг қўли очиқ, аммо бойлиги кўпаяверади.

Баъзилар лозим бўлганни беришга қизғанса ҳам қашшоқлашаверади.

25Сахийнинг бири икки бўлади,

бошқаларга яхшилик қилганнинг ўзи ҳам яхшилик кўради.

26Ғалласини қизғанганни халқ қарғайди,

сотганларга эса барака ёғилади.

27Эзгуликка интилган илтифот топади,

ёмонлик қидирганга эса ёмонлик келади.

28Бойлигига ишонган хонавайрон бўлади,

солиҳ эса барг каби яшнайди.

29Ўз оиласига ғам–ташвиш келтирадиган мерос олмайди,

нодон эса донога қул бўлади.

30Солиҳларнинг маҳсули — ҳаёт дарахти,

оқилу донолар одамларнинг юрагидан жой олади.

31Дунёда солиҳ қанча тақдирланса,

фосиқ билан гуноҳкор ундан ҳам кўпроқ жазоланади.

 

12–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

1Насиҳатни севган илм–маърифатни севади,

танбеҳдан нафратланадиган эса аҳмоқдир.

2Яхши одам Эгамизнинг марҳаматига сазовор бўлади,

нияти бузуқни эса У жазога ҳукм этади.

3Инсон ёвузлик билан камол топмайди,

солиҳ ҳеч қачон ўрнидан қўзғатилмайди.

4Яхши хотин эрининг бошидаги тожидир,

эрини уялтирадиган хотин бошга балодир.

5Солиҳнинг фикри–зикри — адолат,

фосиқнинг маслаҳати эса ёлғондир.

6Фосиқнинг сўзи қонга ташна,

тўғрининг тили эса қутқаради.

7Фосиқ ҳалокатга учраб йўқ бўлади,

солиҳнинг уйи эса мустаҳкам туради.

8Инсонни ақл–идрокига қараб улуғлайдилар,

эгри одам эса нафратга дучор бўлади.

9Ўзини катта тутиб нонга зор бўлгандан,

оддий бўлиб хизматкор бўлиш яхшироқ.

10Солиҳ ҳайвонга ҳам меҳрибонлик қилади,

фосиқнинг раҳмдиллиги ҳам золимликдир.

11Ерга ишлов берган тўйиб нон ейди,

бекор нарсани кўзлаган эса ақлсиздир.

12Фосиқ ёвузлик тўрига илинтирай дейди,

солиҳнинг илдизи яшнайди.

13Фосиқ тилининг гуноҳи билан тутилади,

солиҳ эса ғамдан фориғ бўлади.

14Одам сўзлари туфайли яхши нарсага эришади,

меҳнати уни тақдирлайди.

15Нодон ўз йўлини тўғри деб ўйлайди,

доно эса маслаҳатга қулоқ солади.

16Нодон ғазабини дарҳол билдиради,

ақли расо эса ҳақоратланганини беркитади.

17Тўғри гапирадиган ҳақиқатни айтади,

сохта гувоҳ ёлғон гапиради.

18Ўйламасдан айтилган сўз қиличдай жароҳатлайди,

дононинг гаплари эса шифо беради.

19Ростгўй лаблар абадийдир,

ёлғон тил эса бир лаҳзаликдир.

20Ёмон ният қиладиганнинг юрагида ёлғон,

тинчлик ўрнатганда эса қувонч бор.

21Солиҳга ҳеч қандай зарар тегмайди,

фосиқ эса ғам–ғуссадан қутулмайди.

22Ёлғончи тил Эгамизга жирканч,

тўғрилик билан иш қиладиганлар эса Унинг севинчидир.

23Ақлли билимини кўз–кўз қилмайди,

нодон ўз нодонлигини ошкор қилади.

24Тиришқоқ ҳукм суради,

дангаса эса қул бўлади.

25Юракдаги қайғу–алам одамни эзади,

ширин сўз эса юракни шод этади.

26Солиҳ ўзгаларга йўл кўрсатади[46],

фосиқ эса йўлдан адаштиради.

27Дангаса ўлжасини пиширишга ҳам эринади,

ғайратли эса қимматбаҳо бойликка эга бўлади[47].

28Солиҳликнинг йўлида ҳаёт,

бу йўлда ўлим йўқдир.

 

13–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

1Ақлли фарзанд[48] отасининг насиҳатларини қабул қилади,

мазах қилувчи эса танбеҳга қулоқ солмайди.

2Яхши одам сўзлари билан яхшиликка эришади,

хоин эса зўравонликка.

3Тилини тийган жонини асрайди,

тилига эрк берган эса ҳалокатга учрайди.

4Дангасанинг кўнгли хоҳлайди–ю,

аммо ҳеч нарсага эриша олмайди,

тиришқоқ эса орзусига етишади.

5Солиҳ ёлғондан нафратланади,

фосиқ эса уятли ва шармандали ишлар қилади.

6Солиҳлик тўғри юрадиганни ҳимоя қилади,

фосиқлик эса гуноҳкорни ҳалок қилади.

7Шундай одам бор, ҳеч нарсаси йўғ–у, ўзини бой кўрсатади.

Яна шундай одам бор, бойлиги кўп–у, ўзини қашшоқ кўрсатади.

8Жоннинг ҳақи — унинг бойлиги,

камбағал эса дўқ–пўписадан қўрқмайди.

9Солиҳларнинг чироғи доим чароғон,

фосиқники эса ўчиб қолади.

10Мағрурликдан фақат уруш чиқади,

насиҳатга қулоқ солган одамда эса донолик бор.

11Ҳийла билан топилган давлат йўқолади,

меҳнат билан топилгани эса кўпаяди.

12Рўёбга чиқмаган умид юракни эзади,

ушалган орзу эса ҳаёт дарахтидир.

13Панд–насиҳатлардан нафратланган

ўзига ҳалокат келтиради,

амрга қулоқ солган эса тақдирланади.

14Дононинг таълимоти — ҳаёт манбаи,

одамни ўлим тузоғидан халос этади.

15Идрокли инсон марҳаматга эришади,

хоиннинг йўли эса машаққатлидир[49].

16Зукко одам ақл билан иш қилади,

ақлсиз эса аҳмоқлигини кўрсатади.

17Ёмон хабарчи кулфат олиб келади,

содиқ хабарчи эса юракка шифо келтиради.

18Насиҳатга қулоқ солмаганларга қашшоқлик ва уят,

танбеҳга қулоқ солганларга эса ҳурмат–иззат.

19Амалга ошган тилак жонга роҳат беради,

нодон одам ёмонликдан айрилишни рад этади.

20Доно билан юрган доно бўлади,

аҳмоққа йўлдош бўлган эса ҳалок бўлади.

21Бахтсизлик гуноҳкорнинг кетидан қувиб юради,

солиҳнинг мукофоти эса бахт–саодатдир.

22Яхши одам болаларининг болаларига ҳам мерос қолдиради,

фосиқнинг бойлиги эса солиҳга насиб этади.

23Камбағалнинг даласида ғалла мўл,

лекин адолатсизлик туфайли вайрон бўлади.

24Калтакни аяган одам ўғлини ёмон кўради,

ўғлини севган эса ёшликдан тартиб–интизомга ўргатади.

25Солиҳ қорни тўйиб овқат ейди,

фосиқ эса оч қолади.

 

14–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

1Доно хотин ўз оиласини мустаҳкамлайди,

нодон хотин эса оиласини ўзи бузади.

2Тўғри йўлдан юрадиган Эгамиздан қўрқади[50],

эгри юрадиган эса Уни рад этади.

3Аҳмоқнинг сўзлари ўзига калтак келтиради,

дононики эса уни ҳимоя қилади.

4Ҳўкиз бўлмаса охур тоза,

лекин ҳўкизнинг кучи туфайли ҳосил кўп бўлади.

5Содиқ гувоҳ ёлғон гапирмайди,

сохта гувоҳ ёлғон гапиришдан тўхтамайди.

6Мазах қилувчи доноликни қидиради, аммо тополмайди,

идроклига эса билим олиш осон.

7Ақлсиздан узоқлаш,

чунки ундан маъноли сўз чиқмайди.

8Зийракнинг донолиги ўз йўлини билишидадир,

ақлсизнинг аҳмоқлиги эса уни йўлдан адаштиради.

9Аҳмоқ айб қурбонлиги устидан кулади[51],

тўғри одам эса Худонинг марҳаматига сазовор бўлади.

10Юрак ўз дардини ўзи билади,

хурсандлигига бошқалар кафиллик беролмайди.

11Фосиқларнинг уйи хароба бўлади,

тўғриларнинг чодири эса гуллаб–яшнайди.

12Шундай йўл борки, инсонга тўғри бўлиб кўринади,

аммо охири ўлимга олиб боради.

13Кулса ҳам юракда қайғу бор,

хурсандчиликнинг охири ғамдир.

14Юраги қинғир ўз эгрилигидан,

яхши одам эса тўғрилигидан мамнун.

15Содда[52] ҳар бир сўзга ишонаверади,

ақлли эса қадамини ўйлаб босади.

16Доно қўрқиб ёмонликдан узоқлашади,

нодон эса жаҳли тез ва бепарво[53].

17Баджаҳл ақлсизлик қилади,

бадният эса нафратга учрайди.

18Соддаларнинг насибаси — нодонлик,

ақллиларнинг тожи эса илму маърифатдир.

19Ёмонлар яхшиларнинг олдида,

фосиқлар эса солиҳларнинг дарвозасида таъзим қилади.

20Камбағалдан қўшнилари ҳам нафратланади,

бойнинг эса ўртоқлари кўп.

21Қўшнисини хор қилган — гуноҳкор,

муҳтожга марҳамат қилган эса бахтлидир.

22Нияти бузуқлар йўлдан адашмайдими?!

Яхши ниятлилар абадий севгига сазовор бўлади.

23Ҳар бир меҳнатдан фойда бор,

қуруқ гап эса камбағаллик келтиради.

24Оқилларнинг тожи — донолиги,

ақлсизнинг нодонлиги эса аҳмоқлигидир.

25Ростгўй гувоҳ жонни қутқарса,

ёлғончи гувоҳ алдайди.

26Эгамиздан қўрқиш — мустаҳкам қалъа,

фарзандларига ҳам Ўзи паноҳдир.

27Эгамиздан қўрқиш ҳаёт манбаидир,

у ўлимдан қутқаради.

28Халқининг кўплиги — шоҳнинг шуҳрати,

камлиги эса ҳокимнинг ҳалокатидир.

29Сабр–тоқатли одам ақл–идроклидир,

жаҳлдорлик аҳмоқликни билдиради.

30Хотиржам юрак танага ҳаёт бахш этади,

ҳасадгўйлик эса суякларни чиритади.

31Камбағалга зулм қилган уларни Яратганни таҳқирлаган,

муҳтожга ёрдам берган эса Худони улуғлаган бўлади.

32Фосиқ ўз қилмишлари туфайли ҳалокатга учрайди,

солиҳга эса ўлимида ҳам паноҳ бор.

33Донолик оқилнинг қалбида яшайди,

нодонлар орасида ҳам ўзини билдиради[54].

34Солиҳлик халқни юксалтирса,

гуноҳ шарманда қилади.

35Донолик билан иш қиладиган қул шоҳнинг марҳаматига сазовордир,

шармандали иш қиладиган эса унинг ғазабига учрайди.

 

15–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

1Юмшоқ жавоб ғазабни қайтаради,

қаттиқ сўз эса жаҳл чиқаради.

2Донолар тилидан илм–ҳикмат ёғилса,

нодонлардан аҳмоқлик чиқади.

3Эгамизнинг кўзлари ҳамма жойда,

У яхшию ёмонни кўриб туради.

4Ширин сўз — ҳаёт дарахти,

бузуқ тил — жоннинг ҳалокати.

5Аҳмоқ отасининг насиҳатини рад этади,

танбеҳга қулоқ солган эса идроклидир.

6Солиҳнинг уйида бойлик кўп,

фосиқнинг ҳосили эса ташвиш келтиради.

7Дононинг тили билим тарқатади,

аҳмоқнинг қалби эса ундай эмас.

8Фосиқнинг қурбонлиги Эгамизга жирканчдир,

тўғрининг ибодати эса Унинг қувончи.

9Фосиқнинг ишлари Эгамизга жирканчдир,

солиҳликка интилганни эса У севади.

10Тўғри йўлни ташлаб кетган қаттиқ жазо олади,

танбеҳдан нафратланган эса ўлади.

11Ҳатто Ўлим[55] ва Ҳалокат[56] ҳам Эгамиз нигоҳи остида экан,

одамзоднинг қалби Унга ҳеч нарса эмас.

12Масхара қилувчи танбеҳ берганларни ёқтирмайди,

у донолар олдига ҳам бормайди.

13Юрак шод бўлса, чеҳра очиқ,

ғамгин бўлса, руҳ тушкундир.

14Заковатли юрак илм қидиради,

ақлсизнинг оғзи аҳмоқлик излайди.

15Қийналганларга ҳар кун ташвиш,

лекин юрагида шодлик бўлса, доимо байрам.

16Кўп бойликка эга бўлиб ваҳима билан яшагандан кўра,

Эгамиздан қўрқиб[57] озгина бойлик билан яшаш яхшироқ.

17Гўшт еб нафрат билан яшашдан,

сабзавот еб севги билан яшаган афзалроқ.

18Баджаҳл жанжал чиқаради,

жаҳлни тиядиган эса тинчлантиради.

19Дангасанинг йўли тиканли четан девор каби,

тўғрининг сўқмоғи эса катта равон йўлдир.

20Ақлли фарзанд[58] отасини қувонтиради,

ақлсиз эса онасини хор қилади.

21Аҳмоқлик виждонсизга қувончдир,

ақлли эса тўғри юради.

22Маслаҳат бўлмаган жойда иш юришмайди,

маслаҳатчи кўп бўлса, муваффақиятли бўлади.

23Одам яхши жавоби туфайли қувонади,

ўз вақтида айтилган сўз қанчалик яхши.

24Донога тепадаги ҳаёт сўқмоғи

пастдаги ўликлар диёридан узоқлашиш учундир.

25Эгамиз такаббурнинг уйини хонавайрон қилади,

беванинг мол–мулкини сақлайди.

26Фосиқнинг ниятлари Эгамизга жирканч,

ёқимли сўзлар эса покдир.

27Очкўз ўз уйига ташвиш келтиради,

порадан нафратланадиган эса яшайди.

28Солиҳ ўйлаб жавоб беради,

фосиқнинг оғзидан эса ёмонлик чиқаверади.

29Эгамиз фосиқлардан узоқда,

лекин солиҳларнинг ибодатини эшитади.

30Кўздаги нур кўнгилни хушнуд этади,

хушхабар эса тан–жонга озиқ беради.

31Ҳаётбахш насиҳатга қулоқ солган

доноларнинг орасида бўлади.

32Насиҳатни рад қилган ўз жонини хор қилади,

танбеҳга қулоқ солган эса идрокли бўлади.

33Эгамиздан қўрқиш доноликни ўргатади,

камтарлик иззату икромдан олдинда.

 

16–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

1Режалар одамнинг юрагида,

тилдаги жавоб эса Эгамиздан.

2Одамнинг қилмишлари унинг назарида тўғри,

лекин Эгамиз юракнинг поклигини ўлчайди.

3Ишларингни Эгамизга топшир,

шунда режаларинг мустаҳкам бўлади.

4Ҳамма нарсани Эгамиз ўз мақсади билан яратди,

ҳатто фосиқлар ҳам кулфат куни учун яралган.

5Барча такаббурлар Эгамизга жирканч,

улар жазосиз қолмайдилар.

6Абадий севги туфайли гуноҳ кечирилади,

Эгамиздан қўрқиш[59] ёмонликдан узоқлаштиради.

7Эгамизга инсоннинг йўллари маъқул келганда,

душманлари билан ҳам яраштиради.

8Адолатсиз келган кўп даромаддан,

ҳалол меҳнат билан топилган озгинаси яхшироқ.

9Одам юрагида ният қилади,

Эгамиз эса унинг йўлини мустаҳкамлайди.

10Худонинг сўзлари шоҳнинг тилида,

ҳукм қилганда хато қилмайди.

11Тўғри тарозию паллалар Эгамизникидир,

тарози тошларини ҳам Худо яратган.

12Шоҳнинг ёмонлик қилиши қабиҳликдир[60],

чунки унинг тахти адолат туфайли мустаҳкам.

13Тўғри сўз шоҳнинг қувончидир,

у ростгўйларни яхши кўради.

14Шоҳнинг ғазаби ўлим даракчисидир,

доно уни тинчлантиради.

15Шоҳ юзидаги табассум ҳаётдан нишона,

Унинг марҳамати эса ёмғир келтирадиган булут кабидир.

16Доно бўлиш — олтиндан,

идрок топиш эса кумушдан ҳам яхшироқдир.

17Тўғрининг йўли ёмонликдан узоқлаштиради,

йўлини қўриқлаган эса ўз жонини асрайди.

18Мағрурликнинг ортидан ҳалокат келади,

такаббурликдан сўнг эса одам қоқилади.

19Такаббурлар билан ўлжа бўлишгандан кўра,

камтарин бўлиб камбағаллар орасида бўлиш яхшироқ.

20Гапга тушунадиган яхшилик топади,

Эгамизга умид боғлаган бахтли бўлади.

21Қалбида донолик бўлган фаросатли деб аталади,

ширинсуханлик ақл–идрокни кўпайтиради.

22Идрок ўзининг соҳиби учун ҳаёт булоғи,

аҳмоқлик эса аҳмоққа жазодир.

23Дононинг юраги тилига идрок беради,

сўзларини ишончли қилади.

24Ёқимли сўз асал кабидир,

жонга роҳат, суякларга малҳамдир.

25Шундай йўл борки, инсонга тўғри бўлиб кўринади,

аммо охири ўлимга олиб боради.

26Меҳнат қиладиган одам ўзи учун ишлайди,

чунки оч қорни уни ундайди.

27Фосиқ ёмонликни қўзғайди,

сўзлари куйдирадиган олов кабидир.

28Маккор жанжал чиқаради,

ғийбатчи эса яқин дўстларни ажратади.

29Ёвуз ўзгани алдаб, ёмон йўлга бошлайди.

30Кўзини қисган — ёмон ниятда,

лабини тишлаган эса ёвузлик қилган.

31Оқарган сочлар — шарофат тожи,

солиҳлик йўлида юрган унга эришади.

32Жаҳлини тийган — қудратлидан,

ўзини тута биладиган эса шаҳарни енггандан яхшироқ.

33Қуръа ташланади[61],

аммо барча қарор Эгамиздандир.

 

17–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

1Дастурхони тўла жанжалли уйдан,

бир тишлам қаттиқ нони бор тинч хонадон яхшироқ.

2Шармандали иш қиладиган ўғил устидан фаросатли қул ҳукмронлик қилади,

у ака–укалар қатори меросга шерик бўлади.

3Кумуш, олтин оловда синалади,

одамларнинг қалбини эса Эгамиз синайди.

4Фосиқлар ёвуз одамларнинг гапига киради,

ёлғончи эса ғийбатга қулоқ солади.

5Камбағални мазах қилган уларни Яратганни таҳқирлайди,

қийинчиликда қувонадиган жазосиз қолмайди.

6Набиралар — кексаларнинг тожу тахти,

ўғилларнинг шон–шуҳрати оталаридир.

7Яхши сўз нодонга ярашмагандек,

ёлғончилик улуғсифат одамга асло тўғри келмайди.

8Пора эгасининг назарида сеҳрли қимматбаҳо тош,

гўё ҳамма ерда омад келтиради.

9Гуноҳни беркитган дўстликни сақлайди,

уни кавлаштирган эса дўстни узоқлаштиради.

10Донога берилган битта танбеҳ

нодоннинг бошида синган юзта калтакдан таъсирлироқ.

11Фосиқ фақат ғалаён пайида бўлади,

шунинг учун унга ёвуз элчи юборилади.

12Тентакнинг аҳмоқлигига йўлиққандан кўра,

болаларидан айрилган она айиққа дуч келган яхшироқ.

13Яхшиликка ёмонлик қилганнинг хонадонидан

ёмонлик аримайди.

14Жанжалнинг бошланиши — сув уриб кетишидай,

чиқмай туриб уни тўхтат.

15Фосиқни оқлаш, солиҳни айблаш —

иккови ҳам Эгамизга жирканчдир.

16Бу нима?!

Нодоннинг қўлида бойлик бор,

“Донолик сотиб олай”, — дейди, лекин унда ақл йўқ.

17Дўст ҳар қачон севиш учундир,

ака–укалар ҳам оғир кун учун туғилган.

18Қўл ташлаб бировга кафиллик қиладиган ақлсиздир[62].

19Гуноҳни яхши кўрган уруш–жанжални севар,

ўзига бино қўйган[63] ҳалокат қидирар.

20Маккор юракли яхшиликка эришмайди,

эгри тил эса кулфатга дучор бўлади.

21Нодон фарзандли бўлиш қайғу келтиради,

аҳмоқнинг отаси эса шодлик нималигини билмайди.

22Шод юрак — шифобахш дори,

ғам–кулфат эса жоннинг эговидир.

23Фосиқ қўйнидан пора олиб

адолат йўлини ўзгартиради.

24Фаҳм–фаросатли инсон доноликка қарайди,

нодоннинг кўзи эса дунёнинг нариги четида.

25Аҳмоқ фарзанд[64] — отасига қайғу,

уни туққан онага эса ғамдир.

26Солиҳни жазолаш,

амалдорни одиллиги учун койиш яхши эмас.

27Кам гапирган — доно,

оғир, вазмин эса идроклидир.

28Аҳмоқ ҳам индамай ўтирса доно,

тилини тийган эса фаросатли ҳисобланади.

 

18–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

1Бошқалардан ажралган ўз истагини қондиришни хоҳлайди,

у бутун доноликка қаршидир.

2Нодон ақл–идрокни ёқтирмайди,

фақат ўзини кўрсатади.

3Фосиқ билан шармандалик келади,

ҳурматсизлик билан эса уят.

4Одамнинг сўзлари чуқур сувга ўхшайди,

донолик булоғи эса ошиб–тошган ирмоқдир.

5Фосиқнинг тарафини олиш,

ҳукмда солиҳни айблаш яхши эмас.

6Аҳмоқнинг тили жанжал чиқаради,

сўзлари эса калтак келтиради.

7Аҳмоқнинг тили ўзига ҳалокат,

сўзлари жонига тузоқдир.

8Ғийбатчининг сўзи ширин овқат кабидир,

одамнинг бутун аъзойи баданига сингиб кетади.

9Ишда дангаса бўлган одам бузғунчига оғайнидир.

10Эгамизнинг номи мустаҳкам қалъадир,

солиҳ у ерга бориб эсон–омон бўлади.

11Бойнинг бойлиги қалъасидир,

унинг назарида шаҳарнинг баланд девори.

12Такаббурлик ҳалокатга олиб боради,

камтаринлик эса шон–шуҳрат келтиради.

13Охиригача тингламай жавоб берган аҳмоқдир,

у шарманда бўлади.

14Одамнинг руҳи касалликка чидай олади,

лекин тушкун руҳга ким тоқат қила олади?!

15Ақллининг қалби билим олади,

доно илму маърифатга интилади.

16Совға эгасига ҳамма эшикларни очади,

катта одам олдига олиб боради.

17Биринчи гапирган одам бошқаси келиб,

текширмагунча, ҳақ кўринади.

18Қуръа[65] жанжални тўхтатади,

кучли рақибларни ҳам ажратади.

19Хафа бўлган биродарга яқинлашиш

кучли шаҳарни олишдан ҳам қийин,

ўртадаги жанжал қалъанинг қулфига ўхшайди.

20Одамнинг қорни оғзининг маҳсули,

тилининг самараси билан тўяди.

21Ўлим ҳам, ҳаёт ҳам тилнинг ҳукмидадир,

бирисини севган мевасини ейди.

22Хотин топган бахт топиб,

Эгамизнинг марҳаматига сазовор бўлади.

23Камбағал илтижо билан гапиради,

бой эса қўпол жавоб беради.

24Шундай дўст борки, у ҳалокат келтиради,

дўст борки, у туғишгандан ҳам яқинроқдир.

 

19–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

1Тўғри юрадиган камбағал эгри тилли аҳмоқдан яхшироқ.

2Билимсиз истак яхши эмас,

шошқалоқлар эса қоқилади.

3Нодоннинг нодонлиги ҳаётини бузади–ю,

Эгамиздан жаҳли чиқади.

4Бойлик дўстлар устига дўст келтиради,

камбағал эса дўстидан ҳам айрилади.

5Сохта гувоҳ жазосиз қолмайди,

ёлғон гапирувчи эса қочиб қутулмайди.

6Аъёнларнинг марҳаматини истайдиган кўп,

совға берувчига эса ҳамма дўстдир.

7Камбағалдан ҳамма ака–укалари нафратланади,

дўстлари ҳам узоқлашади,

қидирганда уларнинг изи ҳам йўқ.

8Доноликка эришган ўз жонини севади,

фаросатли бўлган эса яхшилик топади.

9Сохта гувоҳ жазосиз қолмайди,

ёлғончи ҳалок бўлади.

10Ҳашаматли яшаш аҳмоққа ярашмаганидек,

хўжайин устидан ҳокимлик қилиш

қулга ҳам тўғри келмайди.

11Одамнинг ақли жаҳлини тияди,

гуноҳни кечириш унга шуҳрат келтиради.

12Шоҳнинг ғазаби шернинг ўкиришига ўхшайди,

муруввати эса майсадаги шабнам кабидир.

13Нодон ўғил отасига ташвиш,

хотиннинг жанжали эса бетўхтов томадиган томчидайдир.

14Уй ва бойлик — отадан мерос,

фаросатли хотин эса Эгамиздандир.

15Дангасалик одамни уйқучи қилади,

ялқов эса оч қолади.

16Амрларга амал қилган ўз жонини асрайди,

ўз ҳаётини хор қилган эса ўлади.

17Камбағалга раҳм қилиш — Эгамизга қарз беришдай,

У яхшиликни қайтаради.

18Умид бор экан, фарзандингни[66] тарбия қил,

бузилиб, нобуд бўлишига йўл қўйма.

19Жаҳлдор жазосини олади,

уни бир қутқарсанг яна қутқаришингга тўғри келади.

20Насиҳатга қулоқ сол, панд–ўгитни қабул қил,

шунда умринг бўйи оқил бўласан.

21Инсоннинг юрагида ният кўп,

лекин фақат Эгамизнинг айтгани амалга ошади.

22Инсоннинг истаги — садоқатли севги,

камбағал ёлғончидан яхшироқдир.

23Эгамиздан қўрқиш[67] ҳаётга элтади,

одам ҳузур–ҳаловатда яшаб ташвишга учрамайди.

24Дангаса қўлини косага чўзади–ю,

оғзига олиб келишга эринади.

25Мазах қилувчини уриш!

Шунда содда[68] одамларга ақл киради.

Фаросатлига танбеҳ берсанг, билими ошади.

26Отасига зўравонлик қилиб, онасини ҳайдаган ўғил

уят ва шармандалик келтиради.

27Эй, ўғлим[69], агар насиҳатга қулоқ тутмасанг,

илм–маърифатдан юз ўгирган бўласан.

28Маккор гувоҳ адолат устидан кулади,

фосиқнинг оғзи ёвузликни ўзига олади.

29Мазах қилувчиларга ҳукм,

нодонларга эса калтак тайёрдир.

 

20–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

1Шароб — мазахчи, ароқ — жанжалкаш,

уларга алданганлар нодондир.

2Шоҳнинг ғазаби — шернинг ўкиришидай,

жаҳлини чиқарган жонини йўқотади.

3Жанжалдан ўзини тортиш — инсоннинг ҳурмати,

аҳмоқ эса жанжалга аралашади.

4Дангаса кузда[70] ер ҳайдамайди,

ўрим пайти эса қидириб ҳеч нарса тополмайди.

5Инсоннинг фикрлари — чуқур сув кабидир,

фаҳмли одам ташқарига чиқара олади.

6Кўпчилик ўзини содиқ деб айтади,

ҳақиқатан ҳам садоқатли бўлганни топиб кўр–чи!

7Солиҳ ҳалол яшайди,

унинг болалари нақадар бахтлидир!

8Ҳукмронлик қилаётган шоҳ

ўз кўзи билан барча ёмонликларни ажратади.

9“Қалбимни тозаладим, гуноҳимдан холиман”, деб

ким айта олади?!

10Икки турли тарози тоши ва нотўғри ўлчов —

иккови ҳам Эгамизга жирканчдир.

11Ҳатто ёш болани ҳам хулқидан,

тўғри ё поклигини ишларидан билса бўлади.

12Эшитадиган қулоқ, кўрадиган кўз —

икковини ҳам Эгамиз яратган.

13Уйқуни яхши кўрма,

бўлмаса камбағал бўласан,

кўзларингни оч, қорнинг тўяди.

14Харидор: “Яхши эмас, яхши эмас!” — дейди–ю,

нарироққа бориб мақтанади.

15Олтин бор, ёқут тошлар ҳам кўп,

бироқ энг қимматбаҳо нарса — билимли тил.

16Бегонага кафиллик қилганнинг[71] кийимини ечиб ол,

чет элликдан эса гаров ол.

17Ноҳақлик билан топилган нон ширин,

аммо кейин оғиз тупроқ билан тўлади.

18Маслаҳат билан режа туз,

ақлли йўл–йўриқ билан уруш олиб бор.

19Чақимчи сирларни очади,

оғзи бўш одам билан алоқада бўлма.

20Ким ота–онасини лаънатласа,

унинг чироғи зулматда ўчиб қолади.

21Бошида шошилиб олинган мерос

охирида баракали бўлмайди.

22Ёвузлик учун қасос оламан демагин,

Эгамизга умид боғлаб кутгин,

У сени қутқаради.

23Икки хил тарози тоши Эгамизга жирканчдир,

ёлғон тарози ҳам яхши эмас.

24Инсоннинг қадами — Эгамиздан,

шундай экан, у ўз йўлини қандай тушунсин?!

25Ўйламасдан Худога ваъда берган киши,

аҳд қилгандан кейин иккиланган одам тузоқдадир.

26Доно шоҳ ёвузларни ажратиб,

уларнинг устидан тегирмон тоши юргизади.

27Одамнинг руҳи — Эгамизнинг чироғи,

вужуднинг барча чуқурликларини текшириб туради.

28Абадий севги шоҳни асрайди,

ўша иноят туфайли унинг тахти мустаҳкамдир.

29Йигитнинг ғурури қувватида,

оқарган сочлар эса кексанинг шуҳратидир.

30Қамчининг жароҳати ёмонликка даводир,

калтак зарби вужуднинг энг чуқур жойларини тозалайди.

 

21–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

1Шоҳнинг юраги Эгамизнинг қўлида,

уни ирмоқдай хоҳлаган томонга буради.

2Одамнинг қилмишлари ўзининг назарида тўғри,

аммо Эгамиз юракларни синайди.

3Адолату ҳақиқатга амал қилиш

Эгамизга қурбонликдан афзалроқдир.

4Такаббур кўзлар ва мағрур юрак чироқ каби фосиқнинг гуноҳини кўрсатади.

5Меҳнаткашнинг режаси фақат мўл–кўлчилик келтиради,

шошқалоқ камбағалликка учрайди.

6Ёлғон билан бойлик топадиганлар

чиқиб кетадиган буғ кабидир, ўз ўлимини излайди.

7Ёвузнинг зўравонлиги бошига етади,

чунки адолат билан иш қилишни рад этади.

8Гуноҳкорнинг йўли — эгри,

софдилнинг иши — тўғри.

9Уришқоқ хотин билан кенг уйда умр кечиргандан кўра,

чордоқда яшаган афзал.

10Ёвузнинг кўнгли ёмонликка ташна,

қўшниси ундан раҳм–шафқат топмайди.

11Мазах қилувчи жазоланса, содда[72] одамлар доно бўлади,

донога йўл–йўриқ берилса, билими ошади.

12Худо одилдир, фосиқнинг уйини У кузатиб туради,

у фосиқни ҳалокатга мубтало қилади.

13Камбағалнинг йиғисига ким қулоқ солмаса,

ўзи йиғлаганда ҳам ҳеч ким жавоб бермайди.

14Яширинча берилган совға жаҳлни юмшатади,

енг ичидаги пора эса қаттиқ ғазабни.

15Адолатга амал қилиш солиҳларга севинч,

фосиқларга эса қўрқинчдир.

16Ақл–идрок йўлидан чиққанлар ўликлар орасидадир.

17Зиёфатни севган қашшоқлашади,

шароб билан мойни яхши кўрган одам бой бўлмайди.

18Фосиқ солиҳдан,

хоин эса тўғри кишилардан кўра, кўпроқ азоб чекади.

19Уришқоқ ва баджаҳл хотин билан яшагандан кўра,

чўлу биёбонда яшаш яхшироқ.

20Дононинг уйида ёғ ҳам, энг яхши нарсалар ҳам бор,

ақлсиз эса уни сарфлаб юборади.

21Тўғрилик ва иноят пайида бўлганлар

узоқ умр, солиҳлик ва шон–шуҳратга эришади.

22Доно энг қудратли шаҳарга бориб,

таянч бўлган қалъани ҳам вайрон қилади.

23Оғзини ва тилини қўриқлаган

ўз жонини ташвишлардан асрайди.

24Такаббур ва мағрурнинг номи “мазахчи”,

ҳамма нарсани манманлик билан қилади.

25Дангасанинг орзуси ўлимга олиб келади,

чунки қўллари ишга бормайди.

26Дангасанинг куни баднафслик билан ўтади,

солиҳ эса аямасдан беради.

27Фосиқларнинг қурбонлиги жирканчдир,

ёвуз ният билан келтирилгани эса ундан ҳам баттар.

28Сохта гувоҳ йўқ бўлади,

ҳақиқатга қулоқ солган эса қолади.

29Фосиқнинг юзи қаттиқ,

тўғри одам эса ўз йўлини билади.

30Эгамизга қарши донолик ҳам,

идрок ҳам, режа ҳам йўқ.

31От жанг куни учун тайёрланади,

ғалаба эса Эгамизнинг қўлида.

 

22–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

1Яхши ном — энг катта бойликдан ортиқ,

марҳаматга сазовор бўлиш эса

кумушу олтиндан ҳам яхши.

2Бой билан камбағалнинг бир ўхшашлиги бор,

икковини ҳам Эгамиз яратган.

3Эс–ҳушли хавф–хатарни кўриб яширинади,

содда[73] эса тўхтамасдан бораверади, шунинг учун қийналади.

4Камтарлик ва Эгамиздан қўрқиш[74]

бойлик, ҳурмат ва ҳаёт келтиради.

5Эгрининг йўлида тиканзор ва тузоқлар бор,

ўз жонини асраган ундан узоқлашади.

6Болани тўғри йўлга солиб тарбияла,

шунда қариганда ҳам йўлидан адашмайди.

7Бойлар камбағаллар устидан ҳукмронлик қилади,

қарздор эса қарз берганнинг қулидир.

8Фосиқликни эккан ташвиш йиғади,

жаҳл қамчиси эса синади.

9Сахий барака топади,

чунки ўз нонини камбағаллар билан баҳам кўради.

10Мазах қилувчини орадан қув!

Шунда ғавғо кетади,

жанжалу ҳақорат ҳам барҳам топади.

11Покдилликни севиб,

хушмуомала бўлганга шоҳ дўст бўлади.

12Эгамиз илм–маърифатли инсонни асрайди,

У хоиннинг сўзларини пучга чиқаради.

13Дангаса: “Ташқарида шер бор,

кўчада мени ўлдиради”, — дейди.

14Бузуқ аёлнинг оғзи тубсиз чоҳдир,

Эгамизнинг ғазабига учраганлар унга тушади.

15Ақлсизлик боланинг дилига ўрнашган,

танбеҳ қамчиси уни ажратиб юборади.

16Бой бўламан деб қашшоқни эзган ҳам,

бойга совға қилган ҳам камбағаллашади.

 

Ўттизта доно насиҳат

 

17Доноларнинг сўзларига қулоқ тут,

қалбингни билимимга оч.

18Чунки бу сўзларни қалбингда сақласанг,

дилинг яшнайди,

улар доим тилингда тайёр бўлсин.

19Эгамизга умид боғлагин деб

бугун шуларни ўргатяпман.

20Сенга билим ва маслаҳат билан

ўттизта насиҳат ёзиб бермаганмидим?!

21Бу ҳақиқат сўзларини ўрганиб,

сени юборганларга айтиб беришинг учун эди.

 

Биринчи насиҳат

 

22Камбағалдан камбағаллиги учун ўғирлама,

бахтсизни дарвоза олдида ҳукм қилганда қийнама.

23Чунки Эгамиз ҳимоя қилиб,

улардан олганнинг жонини олади.

 

Иккинчи насиҳат

 

24Уришқоқ билан дўстлашма,

баджаҳл билан юрма.

25Бўлмаса сен ҳам уларнинг йўлига тушиб қоласан,

жонингни тузоққа илинтирасан.

 

Учинчи насиҳат

 

26Бегона билан қўл ташлашма,

ўзганинг қарзига кафиллик берадиганларнинг бириси бўлма[75].

27Тўлаш учун ҳеч нарсанг бўлмаса,

нега тагингдаги тўшагингни олиб кетиши керак?!

 

Тўртинчи насиҳат

 

28Ота–боболаринг қўйган қадимий чегараларни бузма[76].

 

Бешинчи насиҳат

 

29Ўз ишига моҳир устани кўрганмисан?

У оддий одамларга эмас, шоҳга хизмат қилади.

 

23–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

Олтинчи насиҳат

 

1Ҳоким билан овқатланишга ўтирганда,

олдингга қўйилган нарсаларга назар сол.

2Агар иштаҳанг катта бўлса,

бўғзингга пичоқ қўй.

3Унинг неъматларини кўнглинг тусамасин,

чунки у алдайдиган таомдир.

 

Еттинчи насиҳат

 

4Бой бўлай деб кўп ҳаракат қилма,

фаҳму фаросат билан бу фикрингдан воз кеч.

5Бойлик кўз очиб–юмгунча йўқ бўлади,

қанот қоқиб бургутдай осмонга учиб кетади.

 

Саккизинчи насиҳат

 

6Хасиснинг овқатидан ема,

унинг неъматларини кўнглинг тусамасин.

7Чунки у кўнглида ўзининг фойдасини ҳисоблайди[77],

“Егин, ичгин”, — дейди–ю, кўнгли сен билан эмас.

8Еган луқмангни қайт қиласан,

ширин сўзларинг ҳавога учиб кетади.

 

Тўққизинчи насиҳат

 

9Аҳмоққа гап гапирма,

ҳикматли сўзларингни рад этади.

 

Ўнинчи насиҳат

 

10Қадимий чегараларни бузма[78],

етимларнинг даласини тортиб олма.

11Чунки уларнинг Ҳимоячиси қудратли,

У етимларнинг тарафини олади.

 

Ўн биринчи насиҳат

 

12Юрагингни насиҳатга,

қулоқларингни эса идрок сўзларига оч.

 

Ўн иккинчи насиҳат

 

13Боладан танбеҳни аяма,

чунки таёқ билан урсанг ўлмайди.

14Таёқ билан уриб жазоласанг,

жонини дўзахдан[79] сақлайсан.

 

Ўн учинчи насиҳат

 

15Ўғлим[80], қалбингда донолик бўлса,

юрагим қувонади.

16Тилингдан тўғри сўз чиқса,

кўнглим ҳам шодланади.

 

Ўн тўртинчи насиҳат

 

17Гуноҳкорларга ҳавас қилма,

доим Эгамиздан қўрқиб[81] юр.

18Чунки албатта келажак бор,

умидинг рўёбга чиқади.

 

Ўн бешинчи насиҳат

 

19Ўғлим, тинглаб доно бўл,

юрагингни тўғри йўлга сол.

20Майхўр ва очкўзлик билан гўшт ейдиганлар орасида бўлма.

21Чунки майхўр ва очкўз қашшоқ бўлади,

уйқучилик эса жулдур кийим кийдиради.

 

Ўн олтинчи насиҳат

 

22Сени дунёга келтирган отангга қулоқ сол,

онанг қариганда хор қилма.

23Ҳақиқатни сотиб ол,

донолик, йўл–йўриқ, идрок ҳам ол, уларни сотма.

24Солиҳ отасининг бошини кўкка етказади,

доно фарзанд[82] уни хурсанд қилади.

25Ота–онанг сендан хурсанд бўлсин,

сенга ҳаёт берган онанг шод бўлсин.

 

Ўн еттинчи насиҳат

 

26Ўғлим, менга қалбингни оч,

кўзларинг ишларимни кузатсин.

27Чунки бузуқ хотин — тубсиз чоҳ,

зинокор хотин тор қудуқдир.

28У қароқчи каби пойлаб туради,

одамлар орасида вафосизликни орттиради.

 

Ўн саккизинчи насиҳат

 

29Қайғу кимда, ким ғам–ташвиш тортади,

ким жанжал қилади, шикоят қилган ким?

Ким сабабсиз яраланади?

Кимнинг кўзлари қип–қизил?

30Шароб ичишга берилганлар,

хуш ҳидли майни тотиб кўришга кўп борган.

31Шаробнинг қизиллигига,

қадаҳда чўғдай товланишига,

текис қуйилишига қарама.

32Охирида у илон каби чақади,

қора илондай заҳар сочади.

33Кўзларинг ғалати нарсаларни кўради,

юрагингда эгри фикрлар бўлади.

34Денгиз ўртасида ётгандай,

кема устунида ухлагандай бўласан.

35“Мени урдилар, оғримади,

калтакладилар, лекин билмадим.

Қачон уйғонаман?!

Яна бир ичай”, — дейсан.

 

24–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

Ўн тўққизинчи насиҳат

 

1Фосиқларга ҳавас қилма,

улар билан бирга бўлишга интилма.

2Чунки улар зўравонликни ният қилади,

тиллари эса ёмонликни гапиради.

 

Йигирманчи насиҳат

 

3Уй донолик билан қурилади,

идрок билан мустаҳкам бўлади.

4Хоналар эса билим билан турли қимматбаҳо,

қимматли бойликка тўлади.

 

Йигирма биринчи насиҳат

 

5Доно сипоҳлар кучли сипоҳлардан[83],

илм–маърифатлилар эса кучи борлардан қудратлироқдир.

6Яхши одам йўл–йўриқ билан урушга боради,

маслаҳатчилар кўплиги туфайли ғалаба қилади.

 

Йигирма иккинчи насиҳат

 

7Аҳмоқ доноликка етишмайди,

ҳукмда оғзини оча олмайди.

 

Йигирма учинчи насиҳат

 

8Ёмон ният қилувчининг номи шаккокдир.

9Аҳмоқлик билан тузилган режа гуноҳдир,

мазахчидан одамлар жирканади.

 

Йигирма тўртинчи насиҳат

 

10Ташвишли кунда ожиз бўлганнинг кучи камдир.

 

Йигирма бешинчи насиҳат

 

11Ўлимга маҳкум бўлганларни,

дорга олиб кетилаётганларни қутқар.

12“Билмайман”, — десанг ҳам,

юракни синайдиган Худо кўрмайдими,

жонни асрайдиган буни билмайдими?

Ҳаммага уларнинг ишига яраша қайтармайдими?

 

Йигирма олтинчи насиҳат

 

13Ўғлим[84], асал еб кўргин, у яхши,

асалари муми оғзингга шириндир.

14Донолик жонингга асалдайдир,

унга эришсанг келажагингни топасан,

умидинг рўёбга чиқади.

 

Йигирма еттинчи насиҳат

 

15Эй, фосиқ, солиҳнинг уйига пистирма қурма,

уй–жойига тегма.

16Солиҳ етти марта йиқилса ҳам туриб кетаверади,

фосиқ эса ҳалокатга учрайди.

 

Йигирма саккизинчи насиҳат

 

17Душманинг йиқилганда севинма,

қоқилгани учун юрагинг қувонмасин.

18Бўлмаса Эгамиз буни кўриб ёқтирмай,

ғазабини ундан ўгиради.

 

Йигирма тўққизинчи насиҳат

 

19Фосиқлардан жаҳлинг чиқмасин,

ёмонларга ҳавас қилма.

20Чунки ёмонларнинг келажаги йўқ,

фосиқларнинг чироғи эса ўчиб қолади.

 

Ўттизинчи насиҳат

 

21Эй, ўғлим, Эгамиздан ҳам, шоҳдан ҳам қўрқ,

уларга қарши бош кўтарма[85].

22Чунки улардан кулфат кутилмаганда келади,

икковидан келадиган ҳалокатни ким билади?!

 

Доно ўгитлар

 

23Қуйидаги сўзлар ҳам донолардан.

Ҳукмда тарафгарчилик қилиш яхши эмас.

24Фосиққа “солиҳсан” деганни эл лаънатлайди,

халқлар ундан нафратланади.

25Унга танбеҳ берганлардан хурсанд бўлади,

улар қут–барака топадилар.

26Тўғри жавоб берадиганларни эса ҳамма севади.

27Ташқаридаги юмушингни бажар,

даладаги барча ишларингни тартибга сол,

кейин уйингни қургин.

28Сабабсиз ўзгага қарши гувоҳлик берма,

тилинг билан алдама.

29“Менга нима қилган бўлса, мен ҳам шундай қиламан,

қилмишига яраша қайтараман”, — дема.

30Дангасанинг даласидан,

нодоннинг узумзори ёнидан ўтдим.

31Ана, ҳамма ёқ тиканзор,

ҳамма ерда қичитқи ўт,

тош девор ҳам қулаб, ер билан битта бўлиб ётибди.

32Қараб, ўйлаб кўрдим,

уни кўриб сабоқ олдим.

33“Бироз ухлай, бир мизғиб олай,

ёнбошлаб бирпас дам олай”, — дейди.

34Шунинг учун қашшоқлик йўлтўсардай,

муҳтожлик эса қароқчидай устига келади.

 

25–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

Сулаймоннинг бошқа ҳикматлари

 

1Қуйидагилар ҳам Сулаймоннинг ҳикматларидир. Бу ҳикматлар Яҳудо шоҳи Ҳизқиёнинг[86] одамлари томонидан ёзиб олинган.

2Сирли қилиш — Худонинг шуҳрати[87],

ишларни текшириб билиш эса шоҳ шарафидир.

3Осмон баланд, денгиз чуқур,

шоҳнинг юраги ҳам шундай,

уни тушуниш қийин.

4Кумушдан чиқиндини олиб ташла,

ўшанда яхши идиш қолади.

5Фосиқни шоҳ олдидан чиқариб ташла,

шунда шоҳнинг тахти ҳақиқат билан мустаҳкам бўлади.

6Шоҳнинг олдида ўзингни юқори қўйма,

улуғ одамлар турганда тўрига чиқма.

7Чунки ўзинг кўриб турган амирлар олдида

биров сени пойгакка туширгандан кўра,

“Тўрига ўтинг” дегани яхшироқ.

8Шошилиб арз қилма,

охирида қўшниларнинг олдида уялиб қолсанг нима бўлади?

9Қўшнингнинг ўзи билан гаплаш,

сирни бошқаларга очма.

10Бўлмаса, эшитганлар сени уятга қўяди,

номинг бир умрга ёмон бўлади.

11Ўз ўрнида айтилган сўз тилла узукка қўйилган ёқут кўздайдир.

12Дононинг танбеҳи тинглаган қулоққа

тилла сирға ва олтин безакдайдир.

13Садоқатли хабарчи уни юборганларга ўрим пайтидаги қордайдир,

хўжайинининг қалбини севинтиради.

14Қилмаган совғаси билан мақтанадиган одам

ёмғирсиз булут ва шамол кабидир.

15Сабр–тоқат билан гапирилса амалдор ҳам кўнади,

мулойим сўз эса тошни ҳам синдиради.

16Асал топсанг, етарлича егин,

ортиқчаси қайт қилдиради.

17Қўшнингникига ҳадеб кираверма,

бўлмаса сендан безиб, ёмон кўриб қолади.

18Ўзгага қарши сохта гувоҳлик берган одам

болта, қилич, ўткир ўққа ўхшайди.

19Ташвишли кунда вафосизга суяниш,

синган тиш ва чўлоқ оёққа ишониш кабидир.

20Ғамгин одам олдида қўшиқ айтиш

аёзда уст–бошини ечиб ташлагандай, жароҳатга сирка суртиш кабидир.

21Душманинг оч бўлса, овқат бер,

чанқаган бўлса, сув ичир.

22Шунда унинг бошига ёнаётган чўғ йиққандай бўласан,

Эгамиз эса сени тақдирлайди.

23Шимолдан эсадиган шамол жала,

ғийбат эса ғазаб келтиради.

24Кенг уйда уришқоқ хотин билан яшашдан кўра,

чордоқда яшаган яхшироқ.

25Узоқ юртдан келган хушхабар

чарчаган одамга совуқ сув кабидир.

26Фосиққа бош эгган солиҳ

лойқаланган булоқ ва бузилган қудуқдайдир.

27Кўп асал ейиш яхши эмас,

иззатталаб бўлиш ҳам ҳурмат келтирмайди.

28Ўзини тута олмайдиган одам

деворсиз вайрона шаҳар кабидир.

 

26–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

1Ақлсизга иззат–ҳурмат кўрсатиш

ёзда ёққан қор, йиғим–терим пайтидаги ёмғир кабидир.

2Қушлар бекорга осмонга кўтарилмагандай,

сабабсиз лаънат ҳам одамга тегмайди.

3Отга — қамчи, эшакка — сувлуқ,

ақлсизнинг орқасига эса — таёқ.

4Нодонга нодонлигига яраша жавоб берма,

бўлмаса сен ҳам унга ўхшаб қоласан.

5Нодонга нодонлигига яраша жавоб бер,

тағин ўзича доно бўлиб кетмасин.

6Ақлсиз орқали хабар юборган одам

оёғини кесиб ташлагандай азоб чекади.

7Аҳмоқнинг оғзидаги матал чўлоқ оёқдайдир.

8Ақлсизга иззат–ҳурмат кўрсатиш

палахмонга тош боғлаб қўйиш кабидир.

9Нодоннинг тилидаги матал

мастнинг қўлидаги тикандайдир.

10Аҳмоқни ва йўлдан ўтган ҳар бир мастни ёллаган одам

тўғри келганни отадиганга ўхшайди.

11Ўз қусуғига қайтиб келадиган ит каби,

нодон ҳам ўз ақлсизлигини такрорлайди.

12Ўзини доно деб ўйлаганни кўрганмисан?

Ундан кўра, ақлсиздан умид кўпроқ.

13Дангаса: “Кўчада шер бор,

у очиқ майдонда юрибди”, — дейди.

14Эшик ўз ўқида айланади,

танбал эса ўз ўрнида.

15Дангаса қўлини косага чўзади–ю,

оғзига олиб келишга эринади.

16Танбал ўз назарида

фаросат билан гапирадиган етти кишидан ҳам донороқ.

17Бошқаларнинг жанжалига аралашган

дайди итнинг қулоғидан чўзгандайдир.

18Телба ўт, найза ва ўлим ёғдиради.

19Бировни алдаб: “Фақат ҳазиллашган эдим” деган ҳам шундай.

20Ўтин бўлмаса, ўт ўчиб қолади,

чақимчи бўлмаса, жанжал тўхтайди.

21Кўмир — чўғ учун, ўтин — олов учун,

уришқоқ эса жанжал чиқариш учундир.

22Ғийбатчининг сўзи — энг ширин овқат,

бутун аъзойи баданга сингиб кетади.

23Ширин сўзли ёмон ниятли одам

кумуш[88] суви юритилган сопол идиш кабидир.

24Душман тилида бошқача сўзлайди,

дилида эса алдашни ният қилади.

25У юмшоқ сўзлаганда ишонма,

чунки юраги қабиҳликка тўла.

26Нафрат ёлғон билан яширилган бўлса ҳам,

ёмонлиги эл–юртга ошкор бўлади.

27Бировга чуқур қазиганнинг ўзи унга тушади,

тош думалатганга эса ўша тош қайтади.

28Ёлғончи тил ўзи яралаганни ёмон кўради,

хушомадгўй эса ҳалокат келтиради.

 

27–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

1Эртанги кун билан мақтанма,

унинг нима олиб келишини билмайсан–ку!

2Сени ўзинг эмас, бошқалар,

ўз оғзинг эмас, ўзгалар мақтасин.

3Тош ҳам, қум ҳам оғир,

ақлсизнинг ғазаби эса икковидан ҳам оғирроқ.

4Жаҳл — золим, ғазаб бир тошқиндир,

рашк олдида ким бардош бера олади?!

5Ошкора танбеҳ пинҳона меҳрдан яхшироқ.

6Душманнинг ширин сўзи эмас,

дўстнинг калтаклаши садоқатни кўрсатади.

7Тўқ одам асални ҳам оёқ ости қилади,

очга эса аччиқ нарса ҳам ширин.

8Ўз уйини ташлаб кетган одам

инидан айрилган қушга ўхшайди.

9Хушбўй мой ва муаттар атир кўнгилни шод қилади,

дўстнинг самимий маслаҳати эса қувонч келтиради.

10Ўз дўстингни ва отангнинг дўстини ташлама,

оғир кунда акангникига чопма,

яқин қўшни узоқдаги акадан яхшироқ.

11Эй, ўғлим[89], доно бўл, қалбимни қувонтир,

шунда биров мени танқид қилса ҳам,

жавоб қайтара оламан.

12Эс–ҳушли одам хавф–хатарни кўриб яширинади,

содда[90] эса тўхтамасдан бораверади, шунинг учун қийналади.

13Бегонага кафиллик қилсанг, кийимини ечиб ол,

чет элликдан эса гаров ол[91].

14Тонг–саҳарлаб дўстига ҳамду сано айтган одам

унга лаънат ўқиган бўлади.

15Жанжалкаш хотин

ёмғирли кунда тўхтамай томаётган чаккага ўхшайди.

16Уни бошқариш шамолни бошқариш

ёки ўнг қўл билан мойни ушлаш демакдир.

17Темир темирни ўткирлайди, инсон эса дўстини.

18Анжирни парвариш қилган одам

унинг мевасидан баҳраманд бўлади,

соҳибига яхши қараган эса иззат–ҳурматли бўлади.

19Сув инсоннинг юзини акс эттиргани каби,

юраги ҳам унинг кўзгусидир.

20Ўлим ва Ҳалокат[92] ҳеч тўймаганидай,

инсоннинг кўзи ҳам асло тўймайди.

21Кумуш, олтин оловда синалади,

одам эса мақтовда.

22Аҳмоқни келига солиб дон билан бирга янчсанг ҳам,

аҳмоқлиги ундан ажралмайди.

23Қўйларингнинг аҳволини яхши бил,

подаларингга яхши қара.

24Чунки бойлик ҳам, тож ҳам абадий эмас.

25Ўтлар қуриб, янги кўкатлар ўсиб чиққанда,

қир–адирдаги ўт–ўланлар йиғиб олинганда,

26қўзилар кийим–кечагингни,

эчкилар эса дала баҳосини қоплайди.

27Эчкиларнинг сути кўп,

сенга ҳам, уй аҳлингга ҳам,

ҳатто хизматкорларингга ҳам етарли.

 

28–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

1Фосиқни ҳеч ким қувмаса ҳам қочаверади,

солиҳ эса шердай ботир.

2Юртда исён бўлганда бошлиқ кўпаяди,

ақл–идрокли туфайли эса тинчлик бўлади.

3Ожизларни эзадиган камбағал

овқат қолдирмайдиган селдайдир.

4Қонунни тан олмайдиганлар фосиқларни мақтайди,

қонунга амал қиладиганлар эса улар билан курашади.

5Фосиқ адолатни тушунмайди,

Эгамизга интилган эса ҳамма нарсани тушунади.

6Камбағал бўлиб тўғри юриш,

бой бўлиб эгри юргандан яхшироқ.

7Доно фарзанд[93] қонунга риоя қилади,

ярамасга улфат бўлган эса отасини шарманда қилади.

8Судхўр ва очкўз

қашшоқларга ачинадиганга бойлик йиққан бўлади.

9Қонундан юз ўгирганнинг ибодати ҳам жирканчлидир.

10Тўғри одамни ёмон йўлга бошлаган одам

қазиган чуқурига ўзи тушади,

покдил эса яхшилик топади.

11Бой ўзининг назарида доно,

ақлли камбағал эса ўзини текширади.

12Солиҳ мартабага эришганда катта байрам,

фосиқ лавозимга келса одамлар яширинади.

13Ўз гуноҳларини яширган ютуққа эришмайди,

уларни тан олиб, воз кечган марҳамат топади.

14Доим Худодан қўрққан[94] бахтлидир!

Бағри тош одам эса балога учрайди.

15Ожиз халқ устидаги ёвуз ҳукмдор

ириллаётган шер ва ҳужум қилаётган айиқдайдир.

16Ақлсиз ҳукмдор жуда золим,

адолатсиз фойдадан нафратланадиган узоқ яшайди.

17Агар биров одам ўлдирган бўлса, ўлгунча қочиб юрсин,

унга ҳеч ким ёрдам бермасин.

18Тўғри юрадиган нажот топади,

эгри йўлдан юрадиган эса йиқилади.

19Ўз ерига ишлов берганнинг нони мўл бўлади,

орзу–хаёлларга берилган эса қашшоқликка учрайди.

20Содиқ баракали бўлади,

бойишга шошилган жазосиз қолмайди.

21Тарафкашлик яхши эмас,

бир тўғрам нон деб одам вафосизлик қилади.

22Хасис одам бойлик орқасидан қувиб,

бошига қашшоқлик келишини билмайди.

23Танқид қиладиган одам

хушомадгўйга қараганда кўпроқ марҳамат топади.

24Ота–онасининг мулкини ўғирлаб,

“Бу гуноҳ эмас” деган одам бузғунчига шерикдир.

25Очкўз жанжал чиқаради,

Эгамизга ишонган эса тўқ яшайди.

26Ўзигагина ишонган аҳмоқдир,

ақл билан юрадиган эса нажот топади.

27Камбағалга берган одам кам бўлмайди,

кўриб кўрмасликка олган эса кўп лаънатга учрайди.

28Фосиқлар мартабага эришса одамлар яширинади,

ҳалокатга йўлиққанда эса солиҳлар кўпаяди.

 

29–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

1Танбеҳ олса ҳам ўжарлигича қоладиган одам

бирданига ҳалокатга учрайди, шифо топмайди.

2Солиҳлар кўпайганда халқ севинади,

фосиқ ҳукмрон бўлганда эса фиғон чекади.

3Доноликни севган ўғил отасини севинтиради,

фоҳиша билан алоқада бўлган мол–мулкини барбод қилади.

4Шоҳ юртни адолат билан мустаҳкамлайди,

совғани севадиган эса хароб қилади.

5Дўстига хушомад қилган одам

ўз[95] оёқларига тузоқ қўйгандай бўлади.

6Фосиқнинг гуноҳи қопқон,

солиҳ эса қўшиқ айтиб қувонади.

7Солиҳ ожизнинг ҳақ–ҳуқуқини билади,

фосиқда эса бундай тушунча ҳам йўқ.

8Мазах қилувчилар шаҳарда тўполон қилади,

донолар эса ғазабни тинчлантиради.

9Доно аҳмоқ билан судлашганда,

аҳмоқ аччиқланса ҳам, кулса ҳам ҳаловат нима билмайди.

10Қонхўр покдил инсондан нафратланади,

тўғрининг жонини олмоқчи бўлади[96].

11Нодон бор жаҳлини тўкиб солади,

доно эса ичида сақлайди.

12Ҳукмдор ёлғонга қулоқ солса,

барча хизматкорлари фосиқ бўлади.

13Золим билан ожизнинг бир ўхшашлиги бор:

икковига ҳам Эгамиз кўз нури берган.

14Шоҳ камбағални адолат билан ҳукм қилса,

унинг тахти абадий мустаҳкам туради.

15Қамчи билан насиҳат ақл беради,

ўз ҳолига ташлаб қўйилган бола эса

онасига уят келтиради.

16Фосиқ кўпайганда гуноҳ ҳам кўпаяди,

солиҳ эса фосиқнинг ҳалокатини кўради.

17Фарзандингга[97] тарбия бер:

у сенга ором беради,

қалбингни шодликка тўлдиради.

18Ваҳий бўлмаса эл–юрт йўлдан озади,

Худонинг қонунига амал қилган бахтлидир!

19Қул фақат сўз билан тарбияланмайди,

сўзни тушунса ҳам амал қилмайди.

20Шошилиб гапирадиганни кўрганмисан?

Ундан кўра, нодонда умид кўпроқ.

21Қулни ёшлигидан эркалатиб ўстирса,

оқибатда хўжайинига қайғу бўлади[98].

22Сержаҳл одам жанжал чиқаради,

серзарда эса кўп гуноҳ қилади.

23Одамнинг мағрурлиги уни паст қилади,

камтарин эса иззат–ҳурмат топади.

24Ўғрига шерик бўлган ўз жонини ёмон кўради,

у танбеҳ эшитса ҳам чурқ этмайди.

25Одамдан қўрқиш тузоққа илинтиради,

Эгамизга умид боғлаган эса

хавф–хатардан холи бўлади.

26Ҳукмдор марҳаматини қидирган кўп,

лекин инсонни ҳукм қиладиган Эгамиздир.

27Фосиқ солиҳга жирканч,

тўғри юрадиган эса фосиққа жирканчдир.

 

30–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

Ағурнинг сўзлари

 

1Ёхининг ўғли Ағурнинг Ихтиёлга берган, Ител ва Ўхалга айтган сўзлари[99]:

2“Ростдан ҳам одамлар орасида энг ақлсизи эканман,

инсоннинг ақл–идроки менда йўқ.

3На доноликни ўрганибман,

на Худони билибман.

4Ким осмонга кўтарилган, осмондан тушган?

Шамолни ҳовучларига йиққан ким?

Ким сувни ўз кийимига ўраган?

Ернинг барча чегараларини ўрнатган ким?

Унинг исми нима?

Ўғлининг исми–чи?

Биласан–ку!

5Худонинг ҳар бир сўзи ҳақиқатдир,

Ўзи эса Унга умид боғлаганнинг қалқони.

6Унинг сўзларига қўшма,

У жазоласа, ёлғонинг фош этилса нима қиласан?

7Сендан икки нарсани сўрайман,

ўлмасимдан олдин қилгин.

8Сохталик ва ёлғонни мендан узоқлаштир,

менга қашшоқлик ҳам, бойлик ҳам эмас,

фақат насибамни бергин.

9Қорним тўйганда: “Эгам ким ўзи?” деб айтмайин,

камбағалликдан ўғирлик қилиб Уни бадном қилмайин.

10Қул сени лаънатламаслиги учун эгасига ёмонлама,

бўлмаса жазоланасан.

11Шундай насл борки, отасига лаънат ўқийди,

онасини дуо қилмайди.

12Шундай насл борки, ўзининг назарида пок,

лекин ифлослигидан тозаланмаган.

13Шундай насл бор, кўзлари қанчалик такаббур,

қарашлари эса мағрур.

14Шундай насл борки, тишлари — қилич,

қозиқ тишлари эса пичоқ,

ер юзидан камбағални,

одамлар орасидан муҳтожни йўқотади.

15Зулукнинг икки қизи бор:

“Бер, бер!” — деб айтади.

Ҳеч қачон қониқмайдиган уч нарса,

етарли, демайдиган тўрт нарса бор.

16Дўзах[100], бепушт бачадон,

сувсираган тупроқ ҳамда олов, етарли, демайди.

17Отани мазахлайдиган,

онага бўйсунишни рад этадиган кўзларни қузғунлар чўқийди,

калхат болалари ейди.

18Мени ҳайрон қолдирадиган уч нарса бор,

тўрт нарса борки, ақлимга сиғмайди:

19Ҳаводаги бургутнинг йўли,

тош устидаги илоннинг йўли,

денгиз ўртасидаги кеманинг йўли ҳамда

қизга юрадиган эркакларнинг йўли.

20Зинокор аёлнинг йўли ҳам шундайдир:

у еб бўлгач, оғзини артиб:

“Ҳеч бир эгрилик қилмадим–ку!” — дейди.

21Ер уч нарсадан ларзага келади,

тўрт нарсани кўтара олмайди:

22Қул шоҳлик қилганда,

аҳмоқ тўйганда,

23Ёмон кўрилган аёл эрга текканда,

чўри бекасининг ўрнини олганда.

24Ер юзида тўртта кичкина нарса бор,

лекин ўта доно:

25Чумолилар заиф,

лекин егулигини ёзда тайёрлайди.

26Бўрсиқ камқувват,

лекин инини қояга қуради.

27Чигирткаларнинг[101] сардори йўқ,

лекин барчаси ҳамжиҳат юриш қилади.

28Ўргимчакни[102] қўл билан ушласа бўлади,

лекин саройда ҳам юради.

29Юриши салобатли уч нарса,

қадами улуғвор тўрт нарса бор:

30Шер ҳайвонлар ичида энг кучлиси,

ҳеч нимадан қочмайди.

31Мақтаниб юрадиган хўроз[103],

серка ва ғолиб шоҳ[104].

32Ўзингни юқори қўйиб аҳмоқлик

ёки ёмон ният қилган бўлсанг,

оғзингни қўлинг билан юм.

33Чунки кув пишса ёғ чиқади,

бурунга урса қонайди,

жаҳлни қўзғатса жанжал чиқади.”

 

31–БОБ - СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ

 

Шоҳга маслаҳат

 

1Шоҳ Лемулнинг сўзлари. Бу сўзларни унга онаси ўргатган:

2“Ўғлим, нима десам экан?

Нима дейин, эй, жигарбандим?

Худодан тилаб олган ўғлим, сенга не айтай?

3Қувватингни хотинларга берма,

шоҳни бузадиганларга ҳаётингни сарф қилма.

4Эй, Лемул, шоҳлар учун эмас шароб,

май амалдорлар учун эмас!

5Улар ичиб қонунни унутади,

эзилган халқнинг ҳукмида эгрилик қилади.

6Майни ҳалок бўлаётганга,

шаробни эса қайғу чекканга бергин.

7Улар ичиб камбағаллигини унутсин,

фалокатларини эсламасин.

8Оғзингни гунг учун очгин,

бошига кулфат тушганларнинг тарафини олгин.

9Гапир, адолат билан ҳукм қил,

бечора ва камбағалларни ҳимоя қил.”

 

Фаросатли хотин

 

[105]

10 Фаросатли хотинни ким топа олади?

Унинг баҳоси гавҳардан ҳам баланд.

11Эри унга юракдан ишонади,

ҳеч нарсага муҳтож бўлмайди.

12У эрига ёмонлик эмас,

бир умр яхшилик қилади.

13Жун ва сурп топади,

хурсанд бўлиб ўз қўли билан ишлайди.

14Савдо кемалари каби узоқдан нонини келтиради.

15Қоронғуда ўрнидан туриб,

уй аҳлини овқатлантиради,

хизматкорларига топшириқ[106] беради.

16Ўйлаб дала сотиб олади,

ўз қўли билан узумзор яратади.

17Белини маҳкам боғлаб,

қўлларига қувват беради.

18Қилган ишининг роҳатини кўради,

тунлари ҳам чироғи ўчмайди.

19Қўлини чархга қўяди,

бармоқлари дукни тутади.

20Камбағалларга қўлини узатади,

муҳтожларга раҳм қилади.

21Уй аҳли учун қиш–қировдан қўрқмайди,

чунки улар ҳаммаси қалин кийинтирилган.

22Ўзи учун сўзана тикади,

либоси эса кимхоб ва шойидандир.

23Эри юрт оқсоқоллари орасида ўтиради,

шаҳар дарвозасида[107] танилган.

24Яна шойидан кийим тикиб сотади,

савдогарларга белбоғ етказиб беради.

25Либоси — қувват, шараф,

у келажакка қараб қувонади.

26Донолик билан сўзлайди,

меҳр билан насиҳат қилади.

27Уй аҳлига яхши қарайди,

дангасалик қилмайди.

28Болалари туриб дуо қилади,

эри ҳам мақтайди.

29“Фаросатли аёллар кўп,

аммо сен ҳаммасидан аълосан.”

30Жозиба алдамчи, чирой эса ўткинчидир,

аммо Худодан қўрқадиган аёл кўкка кўтарилади.

31Меҳнатининг мевасини кўрсин,

ишлари дарвозаларда уни шарафласин.

 


[1] 1:1 - Сулаймон — 3 Шоҳлар 4:32 га кўра, Сулаймон 3000 матал ёзган.

[2] 1:4 - Соддалар — “Сулаймоннинг ҳикматлари” китобида соддалар деб таржима қилинган ибронийча сўз одатда яхши ёки ёмон гапни осонликча қабул қилаверадиган одамларга ишора қилади.

[3] 1:7 - Эгамиздан қўрқиш — “Сулаймоннинг ҳикматлари” китобида бу ифода Эгамизни севиш ва Унга ишониш маъносини билдиради. Худодан қўрқадиган одам Унга сажда қилади, ишонади, Унинг амрларига итоат этади.

[4] 1:7 - ...бошидир — яъни илдиз ёки асос ёхуд жуда асосли ва муҳим қисм.

[5] 1:7 - нодон — “Сулаймоннинг ҳикматлари” китобида, шунингдек, Эски Аҳдда, нодон ёки аҳмоқ деб таржима қилинган ибронийча сўзлар ахлоқи қусурли бўлган одамларга ишора қилади. Чунки ундай одамлар Худони севишни ва Унга ишонишни рад қиладилар.

[6] 1:8 - Ўғлим — бу, сўзловчи ўз ўғлига мурожаат қиляпти, дегани эмас. Одатда донишманд муаллим ўз талабасига шундай мурожаат қиларди.

[7] 1:12 - дўзах — ибронийча матнда Шеўл, бошқа жойларда ўликлар диёри, деб таржима қилинган. Одамлар Шеўлни ер остидаги тубсиз чуқурлик, деб тушунардилар.

[8] 1:20 - Донолик — “Сулаймоннинг ҳикматлари” китобида донолик баъзан олам яратилишида Худо билан бўлган мавжудотни шахслантиради.

[9] 1:21 - ...шаҳар дарвозаларида... — Қадимги пайтларда одамлар ижтимоий, савдо–сотиқ ва ҳуқуқий масалаларни ҳал қилиш учун шаҳар дарвозаларида йиғилишарди.

[10] 2:1 - Ўғлим — 1:8 изоҳига қаранг.

[11] 2:5 - Эгамиздан қўрқиш — 1:7 изоҳига қаранг.

[12] 2:18 - ўлимШеўл, яъни ўликлар диёри назарда тутилган. Одамлар Шеўлни ер остидаги тубсиз чуқурлик, деб тушунардилар.

[13] 3:1 - Ўғлим — 1:8 изоҳига қаранг.

[14] 3:6 - ...У йўлларингни тўғрилайди — ёки У сўқмоқларингни идора қилади.

[15] 3:7 - ...Эгамиздан қўрқ — 1:7 изоҳига қаранг.

[16] 3:12 - фарзанд — ибронийча матнда ўғил.

[17] 3:12 - Худо — ибронийча матнда Эгамиз.

[18] 3:12 - Ота...жазолайди — Ибронийча матндан. Қадимий грекча таржимада Эгамиз севганига танбеҳ беради, суйган ўғлини жазолайди.

[19] 4:7 - ...бор–йўғингни бериб бўлса ҳам идрок ол — ёки яна нима олсанг олавер, аммо билим ол.

[20] 4:10 - Ўғлим — 1:8 изоҳига қаранг.

[21] 4:26 - Тўғри йўлни танлаб юргин... — ёки эҳтиёт бўлиб сўқмоқларингни англаб ол.

[22] 5:1 - Ўғлим — 1:8 изоҳига қаранг.

[23] 5:5 - ўликлар диёри — ибронийча матнда Шеўл. Одамлар Шеўлни ер остидаги тубсиз чуқурлик, деб тушунардилар.

[24] 5:7 - Ўғлим — қадимий грекча таржимадан. Ибронийча матнда ўғилларим.

[25] 5:15 - ...Ўз сардобангдаги, ўз қудуғингдаги сувни... — Қадимги Исроилда сув жуда танқис бўлиб, қудуқлар эҳтиёт қилиб қўриқланарди. Кимдир ўз қудуғидангина сув ичиши шарт бўлгани сингари, фақат ўз хотини билангина жинсий алоқа қилиши керак.

[26] 6:1 - Ўғлим — 1:8 изоҳига қаранг.

[27] 6:1 - ...ўзгага кафиллик қилиб, бегона билан аҳдлашган бўлсанг... — 1-5–оятлар бирортасининг қарзини тўлаш учун шоша–пиша қилинадиган таклифга қарши огоҳлантиради (яна 17:18, 20:16, 22:26, 27:13 га қаранг).

[28] 7:1 - Ўғлим — 1:8 изоҳига қаранг.

[29] 7:7 - содда — 1:4 изоҳига қаранг.

[30] 7:14 - ...қурбонлик келтирдим, ваъдаларимни бажардим — Ваъдани бажариш учун келтирилган тинчлик қурбонлигига ишора. Тинчлик қурбонлигининг гўштини назр қилувчи тановул қилган. Аёл ёш йигитга: “Уйимга кел, қурбонлик гўштини мен билан бирга баҳам кўр”, деб шама қиляпти.

[31] 7:22 - ...тузоққа оёқ қўяётган кийикдай... — Қадимий сурёнийча ва грекча таржималардан. Оятнинг бу қисмидаги ибронийча матннинг маъноси баҳсли.

[32] 7:27 - ўликлар диёри — 5:5 изоҳига қаранг.

[33] 8:1 - Донолик — 1:20 изоҳига қаранг.

[34] 8:3 - ...шаҳар дарвозаларида... — 1:21 изоҳига қаранг.

[35] 8:5 - Соддалар — 1:4 изоҳига қаранг.

[36] 8:12 - Донолик — 1:20 изоҳига қаранг.

[37] 8:13 - Эгамиздан қўрқиш — 1:7 изоҳига қаранг.

[38] 8:29 - ...ерга асос солганда... — Қадимги Исроил халқининг тасаввурига кўра, ер теп–текис бўлиб, ер остида улкан денгиз бор эди, денгиз тубига кетган улкан устунлар ерни ушлаб турарди. Бу устунлар денгизнинг энг тубидаги пойдеворга таянарди.

[39] 9:4 - содда — 1:4 изоҳига қаранг.

[40] 9:10 - Эгамиздан қўрқиш — 1:7 изоҳига қаранг.

[41] 9:10 - ...бошидир — 1:7 изоҳига қаранг.

[42] 9:18 - ўликлар диёри — 5:5 изоҳига қаранг.

[43] 10:1 - ...фарзанд...фарзанд... — Ибронийча матнда ...ўғил...ўғил....

[44] 10:22 - ...У бойликка ғам–ташвиш қўшмайди — ёки қийин иш Эгамизнинг марҳаматига ҳеч нарса қўшмайди.

[45] 10:27 - Эгамиздан қўрқиш — 1:7 изоҳига қаранг.

[46] 12:26 - Солиҳ ўзгаларга йўл кўрсатади... — ёки солиҳ одам дўстликда эҳтиёткордир ёхуд солиҳ одам зарардан халос қилинади. Оятнинг бу қисмидаги ибронийча матннинг маъноси баҳсли.

[47] 12:27 - ...ғайратли эса қимматбаҳо бойликка эга бўлади — ёки ғайратли эса ўз мулкини юқори баҳолайди. Оятнинг бу қисмидаги ибронийча матннинг маъноси баҳсли.

[48] 13:1 - фарзанд — ибронийча матнда ўғил.

[49] 13:15 - ...хоиннинг йўли эса машаққатлидир — ёки хоиннинг йўли давом этмас. Оятнинг бу қисмидаги ибронийча матннинг маъноси баҳсли.

[50] 14:2 - ...Эгамиздан қўрқади... — 1:7 изоҳига қаранг.

[51] 14:9 - Аҳмоқ айб қурбонлиги устидан кулади... — Айб қурбонлиги — гуноҳ қурбонлигининг махсус тури. Бирор одам бошқасини алдаганда, ўғрилик қилганда ёки бошқа бировга зарар етказганда шу қурбонлик турини келтирган. Аҳмоқ гуноҳ ва айбга аҳамият бермайди, аммо солиҳ одам эътибор қаратиб, Худонинг марҳаматидан лаззат олади.

[52] 14:15 - Содда — 1:4 изоҳига қаранг.

[53] 14:16 - бепарво — ёки такаббур. Бу ўриндаги ибронийча сўзнинг маъноси баҳсли.

[54] 14:33 - ...нодонлар орасида ҳам ўзини билдиради — Ибронийча матндан. Қадимий грекча ва сурёнийча таржималарда аммо аҳмоқлар юрагида у маълум бўлмайди.

[55] 15:11 - Ўлим — ибронийча матнда Шеўл, бошқа жойларда ўликлар диёри, деб таржима қилинган (шу бобнинг 24–оятига қаранг). Одамлар Шеўлни ер остидаги тубсиз чуқурлик, деб тушунардилар.

[56] 15:11 - Ҳалокат — ибронийча матнда Аваддон, яъни Шеўл — “ўликлар диёри” учун ишлатилган бошқа сўз. Одамлар Аваддон сўзи остида тамомила вайрон бўлиб, йўқ бўлиб кетган жой ёки аҳволни тушунганлар.

[57] 15:16 - ...Эгамиздан қўрқиб... — 1:7 изоҳига қаранг.

[58] 15:20 - фарзанд — ибронийча матнда ўғил.

[59] 16:6 - Эгамиздан қўрқиш — 1:7 изоҳига қаранг.

[60] 16:12 - Шоҳнинг ёмонлик қилиши қабиҳликдир... — ёки шоҳ ёмонлик қилишдан нафратланади.

[61] 16:33 - Қуръа ташланади... — Қуръа ёғоч бўлаклари ёки тошлардан қилинган бўлиб, ундан бирор нарсани қандай ёки қачон қилишни билиш учун фойдаланилган. Худонинг хоҳиш–иродаси баъзан қуръа ташлаш орқали аниқланган.

[62] 17:18 - Қўл ташлаб...ақлсиздир — 6:1 изоҳига қаранг.

[63] 17:19 - ...ўзига бино қўйган... — Ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси — ўз дарвозасини баланд қилиб қурадиган одам.

[64] 17:25 - фарзанд — ибронийча матнда ўғил.

[65] 18:18 - Қуръа — 16:33 изоҳига қаранг.

[66] 19:18 - фарзанд — ибронийча матнда ўғил.

[67] 19:23 - Эгамиздан қўрқиш — 1:7 изоҳига қаранг.

[68] 19:25 - содда — 1:4 изоҳига қаранг.

[69] 19:27 - ўғлим — 1:8 изоҳига қаранг.

[70] 20:4 - кузда — куз қадимги Исроилда экиш мавсумининг бошланиши эди.

[71] 20:16 - Бегонага кафиллик қилганнинг... — 6:1 изоҳига қаранг.

[72] 21:11 - содда — 1:4 изоҳига қаранг.

[73] 22:3 - содда — 1:4 изоҳига қаранг.

[74] 22:4 - Эгамиздан қўрқиш — 1:7 изоҳига қаранг.

[75] 22:26 - Бегона билан қўл ташлашма...бўлма — 6:1 изоҳига қаранг.

[76] 22:28 - Ота–боболаринг қўйган қадимий чегараларни бузма — Қадимги Исроилда бирортасининг мулки чегара вазифасидаги тошлар билан ажратиларди. Агар кимдир бу тошларни силжитиб қўйса, кимнингдир ота–бобосидан қолган ерни улар ўғирлаётган ҳисобланарди ва бу оғир жиноят деб тушуниларди.

[77] 23:7 - Чунки...ҳисоблайди... — Ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси — у ўзининг жонини ҳисоблагани учун, демак, у шундайдир. Оятнинг бу қисмидаги ибронийча матннинг маъноси баҳсли.

[78] 23:10 - Қадимий чегараларни бузма... — 22:28 изоҳига қаранг.

[79] 23:14 - дўзах — 1:12 изоҳига қаранг.

[80] 23:15 - Ўғлим — 1:8 изоҳига қаранг.

[81] 23:17 - ...Эгамиздан қўрқиб... — 1:7 изоҳига қаранг.

[82] 23:24 - фарзанд — ибронийча матнда ўғил.

[83] 24:5 - Доно сипоҳлар кучли сипоҳлардан... — Қадимий грекча, сурёнийча ва орамийча таржималардан. Ибронийча матнда доно одам кучлидир ёки доно сипоҳ кучлидир.

[84] 24:13 - Ўғлим — 1:8 изоҳига қаранг.

[85] 24:21 - ...уларга қарши бош кўтарма — ёки исёнчилар билан дўст бўлма ёхуд уларга қарши исён кўтарадиганлар билан дўст бўлма.

[86] 25:1 - Яҳудо шоҳи Ҳизқиё — шоҳ Ҳизқиё милоддан олдинги 716-687 йилларда Яҳудо, яъни жанубий шоҳликда ҳукмронлик қилган. Исроил, яъни шимолий шоҳликни Оссурия халқи қулатгандан кейин Яҳудода ҳукмдорлик қилган биринчи шоҳ Ҳизқиё бўлган эди. У ҳукмдорлик қилган пайтда Яҳудода катта руҳий жонланиш бўлган эди.

[87] 25:2 - Сирли қилиш — Худонинг шуҳрати... — Худонинг ишлари инсоннинг тушунчасидан ташқаридадир. Инсон зоти ҳамма яратилган нарсалар устидан Худонинг ҳукмронлиги ва назорати йўлларини тушуна олмайди. Бу — Худонинг буюклиги ва улуғворлиги жиҳатидир. Яхши шоҳ эса ишларни текшириб, кўл остидагиларга аниқлаб беради. Яхши шоҳ доно ва адолатли ҳукмдор бўлиши учун Худонинг хизматкори сифатида Унинг хоҳиш–иродасини билишга ҳаракат қилади.

[88] 26:23 - кумуш — ёки тозаланмаган кумуш ёхуд сир. Оятнинг бу қисмидаги ибронийча матннинг маъноси баҳсли.

[89] 27:11 - ўғлим — 1:8 изоҳига қаранг.

[90] 27:12 - содда — 1:4 изоҳига қаранг.

[91] 27:13 - Бегонага кафиллик қилсанг...гаров ол — 6:1 изоҳига қаранг.

[92] 27:20 - Ўлим ва Ҳалокат — ибронийча матнда Шеўл ва Аваддон. 15:11 изоҳларига қаранг.

[93] 28:7 - фарзанд — ибронийча матнда ўғил.

[94] 28:14 - ...Худодан қўрққан... — 1:7 изоҳига қаранг.

[95] 29:5 - ўз — ёки унинг.

[96] 29:10 - ...тўғрининг жонини олмоқчи бўлади — ёки аммо тўғри одам унинг жонини қутқаришни истайди. Оятнинг бу қисмидаги ибронийча матннинг маъноси баҳсли.

[97] 29:17 - Фарзанд — ибронийча матнда ўғил.

[98] 29:21 - ...оқибатда хўжайинига қайғу бўлади — ёки охирида у ўғилга ўхшаган бўлади. Бу ўриндаги ибронийча сўзнинг маъноси баҳсли.

[99] 30:1 - Ёхининг ўғли Ағурнинг...айтган сўзлари — Ибронийча матндан. Қадимий грекча таржимада Ёхининг ўғли Ағурнинг сўзлари: “Толиққанман, эй Худойим, толиққанман, бемажолман.... Қадимий грекча таржима ибронийча матндаги ундошларнинг қандай бўлиниши кераклигини ва матндаги қайси унлилар бу ундошлар билан келиши лозимлигини бошқача тушунишга асосланган. Бошқа баъзи таржималар матнни шу йўл билан тушунтиради.

[100] 30:16 - Дўзах — 1:12 изоҳига қаранг.

[101] 30:27 - чигирткалар — чигирткалар баъзан тўда–тўда бўлиб келиб, далалардаги ҳосилга катта зарар етказади.

[102] 30:28 - Ўргимчак — ёки калтакесак.

[103] 30:31 - Мақтаниб юрадиган хўроз... — Қадимий грекча, сурёнийча ва орамийча таржималардан. Ибронийча матнда бу гапнинг маъноси баҳсли.

[104] 30:31 - ғолиб шоҳ — ёки ўз халқини бошлаб бораётган шоҳ ёхуд ўз лашкарини бошлаб борадиган шоҳ. Ибронийча матнда бу гапнинг маъноси баҳсли.

[105] 31:10 - 10-31–оятлар ибронийчада мувашшаҳ услубида ёзилган шеърдир. Бу шеърнинг ҳар бир оятидаги биринчи сўз иброний алифбоси тартиби бўйича бошланади.

[106] 31:15 - топшириқ — ёки таом улуши.

[107] 31:23 - ...шаҳар дарвозасида... — 1:21 изоҳига қаранг.




Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ


Injil Uzbek tili: Yangi Ahd. Latin online
 Matto | Mark | Luqo | Yuhanno | Havoriylar | Yoqub | 1 Butrus | 2 Butrus | Yuhannoning 1chi | Yuhannoning 2chi | Yuhannoning 3chi | Yahudoning | Rimliklarga | Korinfliklarga 1chi | Korinfliklarga 2chi | Galatiyaliklarga | Efesliklarga | Filippiliklarga | Kolosaliklarga | Salonikaliklarga 1chi | Salonikaliklarga 2chi | Timo‘tiyga 1chi | Timo‘tiyga 2chi | Titusga | Filimo‘nga | Ibroniylarga | Vahiy  
Injil Uzbek tili: Eski Ahd. Latin online
IBTIDO | ZABUR

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак

Kitoblar - Kutubxona  |  Simfoniya  |  Guvohliklar  |  Musiqa mp3  |  VIDEO  |  UzLatin.com   |  Telegram kanal @kitoblar_elektron_uz


Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musiqasi


(skachat Hamdu-Sano-Xudoga.pdf 2 mb)
Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika
(skachat Hamdu-Sanolar_Imon-yuli.pdf 1 mb)
Online Yangi o'zbek MP3. Ayni damda musiqa javonida 3gb. guruh. Ҳамду санолар
++ KANAL MP3 https://t.me/uzbekmusika ++


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак
Uzbek tilida Muqaddas Kitob Injil skachat - Audio mp3, Download (.zip 624mb)



Yaxshi audio kitoblarni O`zbek tilidagi

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

O'zbek tilidagi Kinolar

Uzbek tilidagi Kinolar

KitoBook.com