Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ



ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ

Кириш

 

Филиппи шаҳри Грециянинг шимолидаги Македония ҳудудида жойлашган эди. Филиппи шаҳри Павлус Хушхабарни тарғиб этган Европадаги биринчи шаҳар эди. Унинг фаолияти натижасида бу шаҳарда имонлилар жамоати юзага келди.

Павлус бу мактубини Филиппиликлар юборган ҳадялар ва уларнинг ибодатлари учун миннатдорчилигини билдириш ҳамда уларга бўлган меҳр–муҳаббатини изҳор этиш ниятида ёзган. Бу мактубни ёзган пайтда Павлус қамоқда эди. Бу мактубда у Хушхабарни тарғиб қилиш учун қамоқдан озод бўлиш истаги, аммо ўлимга ҳам маҳкум қилиниши мумкинлиги ҳақида ёзади. Бу мактуб ёзилган вақтда Павлус жамоатда ўргатилаётган ёлғон таълимотлар туфайли ҳам кўп азият чекаётган эди. Бу таълимот Павлус тарғиб қилган Хушхабарнинг ҳақиқатларининг тескариси эди. Баъзи одамлар, масиҳийлар Мусонинг қонунларига амал қилмасалар, нажот топмайдилар, деб таълим бераётган эдилар. Павлус мана шундай одамларга нисбатан ҳушёр бўлишни ва уларнинг таълимотларига қулоқ тутмасликни маслаҳат беради.

Бу мактубдан кўриниб турибдики, Павлус қийин аҳволда бўлса ҳам, Исо Масиҳга бўлган имони туфайли хурсандчилик ва ишончга тўла. Фурсатдан фойдаланиб, Павлус ўз мактубида Филиппилик имонлиларга тасалли беради. Ўзининг ҳаётидаги ва уларнинг бошига тушган қийинчиликларга қарамай, уларни жасоратли ва имонли бўлишга ундайди. Улар Мусо қонунларига амал қилиш билан эмас, балки Худонинг инояти туфайли Исо Масиҳга тегишли эканликларини эслатади. У яна Исо Масиҳга ишониб яшаганларга Худо шодлик ва тинчлик бериши ҳақида ҳам ёзади. Худонинг халқи аҳил яшашлари кераклигини эслатади. Шунингдек уларга, худбинлик ва мағрурлик ихтиёрида бўлманглар, балки Исо Масиҳга ўхшаб, камтарин бўлинглар, деб илтижо қилади: “Фикр–зикрингиз Исо Масиҳникидай бўлсин. Исо Масиҳ Худонинг табиатига эга эди, шунда ҳам У Худо билан тенглигини маҳкам тутмади. Аксинча, У бу улуғворликдан воз кечиб, қул табиатига кирди, инсон бўлиб туғилди. У инсон қиёфасида яшаб, ўзини паст тутди. Итоаткорлик билан яшаб, ҳатто ўлимга, хочдаги ўлимга ҳам рози бўлди.” (2:5-8)

 

1–БОБ - ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ

 

Дуойи салом

 

1Исо Масиҳнинг қуллари Павлус ва Тимўтийдан Филиппи шаҳридаги барча Исо Масиҳнинг азизларига ҳамда жамоат етакчилари ва хизматчиларига салом! 2Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга иноят ва тинчлик ато қилсин.

 

Павлуснинг Филиппилик имонлилар учун шукронаси ва ибодати

 

3Ҳар сафар сизларни ёдга олганимда Худойимга шукрона айтаман. 4Ҳаммангиз учун ибодат қилганимда, ҳар доим шодлик билан ибодат қиламан, 5чунки сизлар Хушхабарга ишонганингиздан бошлаб то ҳозирга қадар ўша Хушхабарни ёйишда мен билан бирга иштирок этиб келмоқдасизлар. 6Худо сизларнинг ҳаётингизда бошлаган эзгу ишини Исо Масиҳ келадиган кунгача битиришига аминман. 7Сизларни яхши кўрганим учун ҳаммангиз ҳақингизда шундай фикр қилишим ўринлидир. Ахир, қамоқдалигимда ҳам, Хушхабар ҳақиқат эканлигини ҳимоя қилиш ва таъкидлашимда ҳам Худо берган иноятда сизлар менга шериксизлар. 8Мана, Худо шоҳид: мен сизларни роса соғинганман, чунки сизларни Исо Масиҳникидай бўлган меҳр–муҳаббат билан яхши кўраман.

9Сизларнинг муҳаббатингиз янада ошиб, билим ва ақл–идрок билан бойисин, деб ибодат қиляпман, 10чунки мен сизларнинг аъло нарсаларни танлайдиган бўлиб, Масиҳ келадиган кунда пок ва айбсиз бўлишингизни истайман. 11Токи сизларнинг ҳаётингиз Исо Масиҳ кучи орқали солиҳлик самарасига тўлиб, Худога шараф ва мақтов келтирсин.

 

Хушхабар ёйилаётганидан Павлус хурсанд

 

12Эй биродарлар, шуни билишингизни истайманки, бошимга тушганларнинг ҳаммаси Хушхабарнинг янада кўпроқ ёйилишига туртки бўлди. 13Масиҳ туфайли қамалганлигим бутун сарой қўриқчиларига ва бу ердагиларнинг ҳаммасига маълум бўлди. 14Менинг қамоқдаги вазиятим кўп биродарларнинг Раббимиз Исога бўлган ишончини оширди, шунинг учун улар қўрқмасдан, катта жасорат билан Масиҳ ҳақидаги хабарни тарғиб қилмоқдалар.

15Тўғри, Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни баъзилар бахиллик ва хасадгўйлик билан, баъзилар эса яхши ният билан тарғиб қиляптилар. 16Яхши ният билан тарғиб қилаётганлар мени яхши кўрганлари учун ва мен Хушхабарни ҳимоя қилишга тайинланганимни билиб шундай қиляптилар. 17Қолганлар эса Хушхабарни рақобат руҳи билан тарғиб қиляптилар. Улар пок ниятда эмас, балки менинг қамоқда тортаётган азобларим кўпайсин, деб шундай қиляптилар. 18Аммо нима фарқи бор? Ёмон ниятдами, яхши ниятдами, муҳими, Масиҳ ҳақидаги Хушхабар тарғиб қилинмоқда. Мана шу мени хурсанд қилади.

 

Павлус Масиҳни улуғлашни истайди

 

Мен хурсанд бўлишда давом этавераман, 19чунки биламан, сизларнинг ибодатларингиз орқали ва Исо Масиҳ Руҳининг ёрдами билан мана шуларнинг ҳаммаси менинг озод бўлишимга олиб келади. 20Ишонч билан умид қиламан: иснодга қолмайман, аксинча, жасорат кўрсатаман. Ҳа, умидим шуки, ҳозир ҳам олдингидай, ўлсам ҳам, яшасам ҳам менинг танам орқали Масиҳ улуғланади. 21Зотан, мен учун ҳаёт Масиҳдир, ўлим эса ютуқдир. 22Ахир, тирик қоладиган бўлсам, самарали ишлар қилавераман, шундай экан, нимани танлашни ҳам билмайман. 23Икки йўлнинг қай бирини танлашни билмай, бошим қотиб қолди. Менинг истагим бу дунёдан кетиб, Масиҳ билан бирга бўлишдир. Шундай бўлса жуда яхши бўларди. 24Аммо тирик қолишим сизлар учун зарурроқдир. 25Бунга ишончим комил, шунинг учун тирик қолишимни биламан. Сизларнинг имонингиз мустаҳкамланиб, қувончингиз ошиб боравериши учун мен сизлар билан бирга қоламан. 26Шундай қилиб, мен яна сизларнинг олдингизга келганимда, мен туфайли Исо Масиҳдан янада кўпроқ фахрланасиз.

 

Ҳаётни Масиҳга бағишлаб яшаш

 

27Нима бўлишидан қатъий назар, Масиҳ Хушхабарига лойиқ тарзда ҳаёт кечиришингиз керак. Шундай яшангларки, мен сизларни кўришга борганимда, Хушхабарнинг самараси бўлган имон учун якдиллик билан курашиб, бир руҳда мустаҳкам турганингизни кўрай! Аммо сизларни кўришга боролмасам, шундай хабар эшитай. 28Сизларга қаршилик кўрсатаётганлардан ҳеч ҳайиқманглар. Сизларнинг қатъиятингиз уларнинг ҳалок бўлишидан, сизларнинг эса нажот топишингиздан далолат беради. Бу Худонинг ишидир. 29Зотан Худо сизларга нафақат Масиҳга ишониш, балки Унинг учун азоб–уқубат тортиш шарафини ато қилган. 30Ахир, сизлар азоб–уқубатларимни кўрдингиз, ҳозир ҳам азият чекаётганим ҳақида эшитяпсиз. Энди мана шу курашда сизлар менинг шерикларимсиз.

 

2–БОБ - ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ

 

Масиҳдан ўрнак олинг

 

1Масиҳга тегишли бўлганингиз сизларга далда беряпти, Унинг севгисидан тасалли топяпсиз, Муқаддас Руҳ билан мулоқотдасиз, юракларингиз меҳр–шафқатга тўла. 2Шундай экан, менинг шодлигимга шодлик қўшиб, бир хил фикр қилинг, бир–бирингизга меҳр–муҳаббат кўрсатинг, якдиллик билан ҳамфикр бўлинг. 3Ҳеч бир ишни худбин ниятда қилманг, шуҳратпараст бўлманг, аксинча камтарлик билан бошқаларни ўзингиздан баландроқ кўринг. 4Фақат ўзингизнинг эмас, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланг.

5Фикр–зикрингиз Исо Масиҳникидай бўлсин. 6Исо Масиҳ Худонинг табиатига эга эди, шунда ҳам У Худо билан тенглигини маҳкам тутмади. 7Аксинча, У бу улуғворликдан воз кечиб, қул табиатига кирди, инсон бўлиб туғилди. У инсон қиёфасида яшаб, 8ўзини паст тутди. Итоаткорлик билан яшаб, ҳатто ўлимга, хочдаги ўлимга ҳам рози бўлди. 9Шунинг учун Худо Уни энг юқорига юксалтирди ва Унга ҳар қандай исмдан юқори исмни ато этди. 10Токи Исонинг олдида еру осмондаги ва ер остидаги борлиқ жон тиз чўксин, 11ҳар бир тил Исо Масиҳни Раббий, деб тан олсин. Мана шу Отамиз Худога шуҳрат келтиради.

 

Нажотингиз ёрқин кўриниб турсин

 

12Эй азизларим, мана шуларни ёдда тутиб, ҳар доимгидай итоаткор бўлишда давом этаверинглар. Фақатгина сизлар билан бўлганимда эмас, ҳатто ёнингизда бўлмасам ҳам, Худонинг олдида қўрқув ва титроқ билан шундай яшангларки, нажот топганингиз ёрқин кўриниб турсин. 13Зотан Худо Ўзини хушнуд қиладиган ишларни қилишингиз учун сизларга куч ва хоҳиш беради.

14-16Мана шу бузуқ ва эгри насл орасида Худонинг нуқсонсиз, айбсиз ва пок фарзандлари бўлишингиз учун ҳамма нарсани нолимай, баҳслашмай қилинглар. Ҳаётбахш хабарни маҳкам тутар экансиз, ўша бузуқ ва эгри насл орасида самодаги юлдузлар каби порлайсизлар. Шунда Масиҳ келган куни, меҳнатим зое бўлмаганидан, қилган ишларим беҳуда кетмаганлигидан фахрланаман. 17Сиз имонингизга асосланиб, хизмат қилиб келяпсиз, шу сизнинг қурбонлигингиздир. Агарда менинг жоним фидо бўлиб, ҳаётим сизнинг қурбонлигингиз устига тўкиладиган шароб назридай бўлиб қолса ҳам, хурсанд бўламан, ҳаммангиз билан бирга шодланаман. 18Худди шунингдек, сизлар ҳам хурсанд бўлинглар ва мен билан бирга шодланинглар.

 

Павлус Тимўтийни ва Эпафродитни Филиппига жўнатмоқчи

 

19Раббимиз Исонинг иродаси билан яқинда Тимўтийни сизларнинг олдингизга юбораман, деб умид қиламан. Шунда аҳволингиздан хабардор бўлиб, кўнглим таскин топади. 20Тимўтийни юборишимнинг сабаби шуки, сизлар учун худди мендай чин кўнгилдан жон куйдирадиган бошқа ҳеч ким йўқ. 21Қолганлар Исо Масиҳга хизмат қилишни эмас, балки ўз манфаатини кўзлайди. 22Ўзларингиз биласизлар, биз Хушхабарни ёйишда Тимўтий билан бирга ота–ўғилдай хизмат қилдик. У ўзининг ҳурматга лойиқ эканлигини кўрсатди. 23Шунинг учун тақдирим аниқ бўлиши биланоқ Тимўтийни сизларнинг олдингизга юбораман, деб умид қиламан. 24Ўзим ҳам яқинда олдингизга бораман. Бу ҳақда Раббимизнинг Ўзи менда ишонч ҳосил қилди.

25Ҳозир эса Эпафродитни ёнингизга юборишни лозим кўрдим. У сизларнинг юборган элчингиз, муҳтожлигимда менга мадад берган биродарим, ҳамкорим ва сафдошимдир. 26Эпафродит сизларни жуда соғинган. Унинг касаллиги ҳақида эшитганингизни ҳам билиб қаттиқ қайғуряпти. 27Ҳақиқатан ҳам у ўлар ҳолатда касал эди, аммо Худо унга раҳм–шафқат кўрсатди. Бу билан Худо фақат унга эмас, балки ғамимга ғам қўшилмасин, деб менга ҳам шафқат қилди. 28Шундай қилиб, яна Эпафродитни кўриб, севининглар, деган ниятда уни тез орада олдингизга юбораман. Шундай қилсам, ғамим анча енгиллашади. 29Раббимиз Исога ишонганлар бир–бирларини қандай кутиб олсалар, сизлар ҳам Эпафродитни худди шундай қилиб, катта қувонч билан кутиб олинглар. Бундай инсонларга муносиб бўлган иззат–ҳурматни унга кўрсатинглар. 30Ахир, у Масиҳга хизмат қилиш йўлида бир ўлимдан қолди. Сизларнинг ўрнингизга ҳам менга хизматни қилиб, ўз жонини аямади.

 

3–БОБ - ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ

 

Масиҳни таниб–билишдан афзалроқ ҳеч нарса йўқ

 

1Энди эса, эй биродарларим, Раббимиз Исо туфайли шодланинг! Сизларга бир хил нарсаларни ёзаверсам ҳам зерикмайман, ёзганларим сизларни ҳар хил балолардан асрайди. 2Итдай бўлганлардан, ёвузлик қиладиганлардан, танасини кесадиганлардан эҳтиёт бўлинглар! 3Чунки биз, Худо Руҳининг ёрдами билан сажда қилувчилар, ҳақиқий суннат қилинганмиз. Биз Исо Масиҳ туфайли фахрланамиз, инсоний хусусиятларимизга ишонмаймиз.

4Ваҳоланки, мен ўз хусусиятларимга ишонсам бўлади. Ахир, бундай қилишга менда ҳамманикидан ҳам кўра кўпроқ сабаб бор. 5Mен саккиз кунлигимда суннат қилинганман, Исроил авлодидан, Бенямин қабиласиданман. Мен ҳақиқий ибронийман. Фарзий бўлиб, қонунларга сўзсиз риоя қилардим. 6Жон–жаҳдим билан жамоатни қувғин қилардим. Қонунларга риоя қилишга асосланган солиҳликка келсак, айбсиз эдим. 7Аммо мен учун фойда бўлган буларнинг ҳаммасини энди Масиҳ туфайли зарар, деб ҳисоблайман. 8-9Ҳа, ҳамма нарса қадрсиздир, чунки Раббим Исо Масиҳни таниб–билишдан афзалроқ ҳеч нарса йўқ, деб ҳисоблайман. Уни деб, мен ҳамма нарсадан воз кечдим. Масиҳга сазовор бўлиш, бутунлай Унга тегишли бўлиш учун ҳамма нарсани ахлат, деб билдим. Энди қонунга риоя қилиш орқали солиҳликка эришишга умид қилмайман, аксинча Масиҳга бўлган имоним билан солиҳликка эришишга интиламан. Ҳа, бу солиҳликни Худо имон туфайли беради. 10Мақсадим шуки, Исо Масиҳни билай, Уни тирилтирган қудрат менинг ҳаётимда ҳам ўз кучини кўрсатсин, Масиҳнинг азобларига шерик бўлай. Унинг ўлим пайтидаги фикр–зикри менинг ҳаёт тарзим намунаси бўлсин. 11Бир кун келиб, мен ўликдан тирилишга эришаман, деб умид қиламан.

 

Ютуқ томон интилиш

 

12Мен мақсадимга етдим ёки камолотга эришдим, деб айтолмайман. Аммо мен унга етишай, деб интиламан, чунки Исо Масиҳ айнан шу мақсад учун мени Ўзиники қилиб олган. 13Биродарлар, мен ўзимни ўша мақсадга етишганман, деб ҳисобламайман. Ортда қолганларни унутиб, олдинга интиламан. Фақатгина 14ўша мақсадни кўзлаб, Исо Масиҳ орқали Худо мени чақириб, ато қиладиган самовий ютуқ томон интилмоқдаман. 15Биз ҳаммамиз, имон жиҳатидан етукликка эришганлар, шундай ўйлашимиз керак. Агар сизлар бирор нарса ҳақида бошқача фикрда бўлсангиз, Худо сизларга ноҳақ эканлигингизни аён қилади. 16Нима бўлишидан қатъий назар, қай даражага эришган бўлсак, энди шу бўйича яшашда давом этаверайлик.

17Биродарларим, мендан ўрнак олаётганларга қўшилинглар. Бизнинг намунамиз бўйича яшаётганларга эътибор бериб, улардан ўрганинглар. 18Ахир, мен сизларга олдин кўп марта айтганман, ҳозир ҳам кўзларимга ёш тўлиб, қайтаряпман: Масиҳ хочининг душмани бўлиб яшаётганлар кўп. 19Уларнинг охири — ҳалокат, уларнинг худоси нафсдир. Уятсиз қилиқларидан фахрланадилар. Уларнинг ўй–хаёллари фоний дунёдаги нарсаларга берилган. 20Бизнинг ватанимиз эса самодадир. Бизлар нажоткоримиз бўлган Раббимиз Исо Масиҳнинг ўша ердан келишини интизорлик билан кутяпмиз. 21Раббимиз бутун борлиқни Ўзига бўйсундириш кучига эгадир. Мана шу куч билан У бизнинг ожиз, фоний танамизни Ўзининг улуғвор танасига ўхшатиб ўзгартиради.

 

4–БОБ - ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ

 

Турли панд–насиҳатлар

 

1Шундай қилиб, севимли биродарларим, сизларга айтганларим бўйича, Раббимиз Исо билан бўлган муносабатингизда маҳкам туринглар. Азизларим, мен сизларни жуда соғиндим. Сизлар менинг қувончимсиз, фахримсиз!

2Эводия ва Синтиха, сизлардан илтимос қиламан, Раббимиз ҳақи якдил фикрда бўлинглар. 3Эй вафодор ҳамкорим, сендан ҳам ўтинаман, бу аёлларга ёрдам бер, чунки улар мен билан бирга, Климент ҳамда исмлари ҳаёт китобида ёзилган бошқа ҳамкорларим қатори xушхабарни тарғиб этишда тер тўкдилар.

4Ҳар доим Раббимиз Исо туфайли шодланинг! Яна бир бор айтаман, шодланинг! 5Ҳаммага нисбатан мулойим бўлинг. Раббимиз яқинда келади. 6Ҳеч нарсадан ташвиш қилманглар. Аксинча, ҳар қандай шароитда ибодат ва илтижода бўлиб, ҳар бир муҳтожлигингизни Худонинг олдида миннатдорчилик билан изҳор қилинглар. 7Шунда Худо берадиган, инсон хаёлига сиғмайдиган тинчлик Исо Масиҳ орқали сизларнинг юракларингизни ва ўй–хаёлларингизни қўриқлайди.

8Энди эса, эй биродарларим, фикр–зикрингиз ҳақиқий, шарафли, тўғри, пок, ёқимли, таҳсинга сазовор нарсаларда бўлсин. Ҳа, олқишга лойиқ, аъло нарсалар ҳақида фикр юритинглар. 9Таълимотимни қабул қилдингиз. Энди мендан ўрганганларингизнинг, кўрган–эшитганларингизнинг ҳаммасини бажаринглар. Шунда тинчлик берадиган Худо сизлар билан бирга бўлади.

 

Павлуснинг миннатдорчилиги

 

10Сизлар мен учун яна ғамхўрлик қилаётганингиздан жуда хурсанд бўлиб, Раббимиз Исога шукр қиляпман. Албатта, сизлар олдин ҳам мен учун ғамхўрлик қилардингиз, лекин буни кўрсатишга имкониятингиз бўлмаган эди. 11Буларни муҳтожликдан айтаётганим йўқ, чунки мен ҳар қандай шароитда борига қаноат қилишга ўрганганман. 12Ҳар қандай шароитда ва ҳар ерда ҳам тўқ бўлиш, ҳам оч қолиш, мўл–кўлчилигу муҳтожликда яшаш сирларини ўрганганман. Мен танқисликда ҳам, мўл–кўлчиликда ҳам қандай ҳаёт кечиришни биламан. 13Менга куч–қувват берадиган Исо Масиҳнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан. 14Нима бўлишидан қатъий назар, сизлар қийинчиликларимга шерик бўлиб яхши қилдингизлар.

15Ахир, сиз, Филиппиликлар, ўзларингиз биласизлар–ку, мен сизларга Хушхабарни айтган пайтимдан бошлаб, Македониядан кетганимдан кейин ҳам фақат сизлар менга моддий жиҳатдан ёрдам берардингиз. Сизлардан бошқа ҳеч бир жамоат бундай қилмади. 16Ҳатто Салоникада бўлганимда ҳам сизлар бир–икки марта менга ёрдам бериб, эҳтиёжимни қондирдингиз. 17Мен сизлардан бирор нарса ундириб олиш ниятида гапираётганим йўқ. Аксинча, сизларнинг фойдангиз кўпайишини кўзлаяпман. 18Ҳозир менда керакли ҳамма нарса бор, ҳатто ортиғи билан бор. Епафродитдан бериб юборган ҳадяларингизни олдим. Энди ҳеч бир муҳтожлигим қолмади. Бу ҳадяларингиз хушбўй назрдай, Худога маъқул бўладиган ёқимли қурбонлик кабидир. 19Худойим Ўзининг ажойиб бойлиги билан Исо Масиҳ орқали сизларнинг ҳар бир эҳтиёжингизни қондиради. 20Отамиз Худога абадулабад шон–шарафлар бўлсин! Омин.

 

Сўнгги саломлар

 

21Исо Масиҳга тегишли бўлганларнинг ҳаммасига салом айтиб қўйинг. Ёнимдаги биродарлар ҳам сизларга салом айтяпти. 22Худонинг азизлари бўлганларнинг ҳаммаси, айниқса Қайсар хизматида бўлганлар, сизларга салом йўллаяптилар.

23Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти сизларга ёр бўлсин!

 




Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ


Injil Uzbek tili: Yangi Ahd. Latin online
 Matto | Mark | Luqo | Yuhanno | Havoriylar | Yoqub | 1 Butrus | 2 Butrus | Yuhannoning 1chi | Yuhannoning 2chi | Yuhannoning 3chi | Yahudoning | Rimliklarga | Korinfliklarga 1chi | Korinfliklarga 2chi | Galatiyaliklarga | Efesliklarga | Filippiliklarga | Kolosaliklarga | Salonikaliklarga 1chi | Salonikaliklarga 2chi | Timo‘tiyga 1chi | Timo‘tiyga 2chi | Titusga | Filimo‘nga | Ibroniylarga | Vahiy  
Injil Uzbek tili: Eski Ahd. Latin online
IBTIDO | ZABUR

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак

Kitoblar - Kutubxona  |  Simfoniya  |  Guvohliklar  |  Musiqa mp3  |  VIDEO  |  UzLatin.com   |  Telegram kanal @kitoblar_elektron_uz


Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musiqasi


(skachat Hamdu-Sano-Xudoga.pdf 2 mb)
Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika
(skachat Hamdu-Sanolar_Imon-yuli.pdf 1 mb)
Online Yangi o'zbek MP3. Ayni damda musiqa javonida 3gb. guruh. Ҳамду санолар
++ KANAL MP3 https://t.me/uzbekmusika ++


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак
Uzbek tilida Muqaddas Kitob Injil skachat - Audio mp3, Download (.zip 624mb)



Yaxshi audio kitoblarni O`zbek tilidagi

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

O'zbek tilidagi Kinolar

Uzbek tilidagi Kinolar

KitoBook.com