Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ



ЕРЕМИЁ

Кириш

 

Еремиё пайғамбар уруш даврида яшаган. Вужудга келган янги кучли шоҳликлар атрофидагиларини забт этарди. Кичкинагина Яҳудо шоҳлиги жанг қилаётган иккита кучли шоҳликнинг орасида қолиб кетган эди. Орадан кўп вақт ўтмай Бобил шоҳлиги Яҳудони забт этди. Яҳудо халқи озодликни қўлдан бериб, Бобил шоҳлигининг мустамлакасига айланди. Еремиё пайғамбар бу воқеаларнинг гувоҳи эди.

Еремиё йигирма ёшга тўлар–тўлмас, Яҳудо халқига Худонинг сўзини етказа бошлади. Унинг фаолияти милоддан аввалги 586 йилгача, яъни Бобил Яҳудо юртини забт этгунча давом этди. Сўнг эса Мисрга қочиб кетаётган одамлар Еремиёни мажбуран ўзлари билан олиб кетишди. Аммо Еремиё Мисрда ҳам одамларга Худонинг сўзини етказишда давом этди.

Еремиёнинг кўп башоратларида ёзилган санаси кўрсатилган. Аммо бу башоратлар хронологик тарзда жойлашмай, мавзулар бўйича жойлаштирилган.

Кўпинча Еремиё Худонинг сўзини одамларга аниқ ва тўғри етказиб бериш учун ўз башоратларини нафақат оғзаки, балки ҳаракатлар орқали ҳам тасвирлаб берган (13:1-11, 19:1-11, 27:1-28:17, 32:1-44, 43:7-13 га қаранг).

Яҳудо халқини Худо жазоламоқчи эканлигини Еремиё одамларга айтади. Уларни Бобилликларга таслим бўлишга чақиради. Шу сабабдан ичи қора одамлар Еремиёни хоинга чиқаради. Улар Еремиёни зиндонга ташлашади, ҳатто унинг жонига суиқасд уюштирмоқчи бўлишади. Шунда пайғамбар Еремиё Худога ёлвориб, ичидаги ҳамма дардини айтади. Китобнинг бу қисмлари одамлар орасида “Муножот” деб ном олган (11:18-23, 12:1-6, 15:10-11, 15:15-21, 17:14-18, 18:19-23, 20:7-18 га қаранг).

Еремиё пайғамбар Яҳудо халқига: “Сизлар Эгамиз билан тузган аҳдни буздингиз, ёлғиз Унга хизмат қилмай, бутпарастликка берилиб кетдингиз”, дея уларга кўп танбеҳ беради. Шу қилмишлари учун Яҳудо халқи Худонинг қаҳрига учраб, Бобилликларга таслим бўлишларини, сўнг эса Бобилга сургун қилинишларини башорат қилади. Аммо бир кунмас — бир кун Худо сийлаган халқини ўз юртига қайтариб олиб келишини, улар билан янги аҳд тузишини айтади: “Мен келажакда Исроил халқи билан тузадиган аҳд шундай бўлади: Мен қонунимни одамларнинг ичига солиб қўяман, қонунни одамларнинг юракларига ёзаман. Мен уларнинг Худоси бўламан, улар эса Менинг халқим бўладилар. Шундан кейин одамлар бир–бирига “Эгамизни таниб–билинг”, деб айтмайдиган бўлишади. Чунки уларнинг ҳаммаси — каттасидан тортиб кичигигача Мени биладиган бўлади. Мен уларнинг айбларини кечираман, гуноҳларини ҳеч қачон эсга олмайман.” Эгамизнинг каломи шудир.” (31:33–34)

 

1–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

1Ушбу китобда Хилқиё ўғли Еремиёнинг сўзлари баён этилган. Еремиё Бенямин ҳудудидаги Онотўт шаҳрида яшаган руҳонийлардан бири эди. 2Омон ўғли Йўшиё Яҳудода ҳукмронлик қилган даврнинг ўн учинчи йилида, Эгамизнинг сўзи илк бор Еремиёга аён бўлган эди. 3Шундан сўнг, Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим давридан тортиб, то Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Зидқиё ҳукмронлигининг ўн биринчи йилигача, Эгамиз Еремиёга Ўз сўзини бир неча марта аён қилган эди. Зидқиё ҳукмронлигининг ўн биринчи йили, бешинчи ойида Қуддус аҳолиси Бобилга сургун қилинди.

 

Эгамиз Еремиёни танлайди

 

4Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

5“Онанг қорнида сенга шакл бермасимдан олдин сени билган эдим,

Туғилмасингдан олдин сени Ўзим учун ажратиб олган эдим.

Халқларга сени пайғамбар этиб тайинлаган эдим.”

6Мен Унга шундай жавоб қайтардим:

— Ё, Эгам Раббий! Мен тузук гапира олмайман. Ҳали жуда ёшман.

7Эгамиз эса менга шундай деди:

— Ўзингни, ёшман, деб айтма! Мен сени кимнинг олдига юборсам, ўшаларнинг олдига борасан. Сенга амр қилган ҳамма гапларимни уларга айтасан. 8Сен улардан қўрқма. Мен сен билан бирга бўламан, сени халос қиламан. Эгангнинг каломи шудир.

9Сўнг Эгамиз қўлини узатиб, лабимга теккизди–ю деди:

— Мана, сўзларимни оғзингга солиб қўйдим. 10Халқлар ва шоҳликларни қўпориб, йўқ қилишинг учун, вайрон қилиб, ағдаришинг учун, бунёд этиб, мустаҳкамлашинг учун бугун сенга изн бердим.

 

Иккита ваҳий

 

11Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилиб, шундай деди:

— Эй Еремиё, нимани кўряпсан?

— Бодом шохини, — деб жавоб бердим мен.

12— Тўғри кўрдинг, — деди Эгамиз. — Бодом шохи Менинг ҳушёр туришимни билдиради. Айтган сўзларимни Мен тез орада бажо келтираман.

13Эгамиз менга Ўз сўзини яна аён қилиб, деди:

— Нимани кўряпсан?

— Шимолда қайнаб турган бир қозонни. Қозон биз томонга ағдарилай–ағдарилай деб турибди, — дедим.

14Эгамиз менга шундай деди:

— Бу юртнинг бутун аҳолиси устига шимолдан фалокат ёғилади.

15Эгамиз шундай демоқда: “Мен шимолдаги шоҳликларининг барча халқларини чақириб оляпман. Уларнинг шоҳлари келиб, ўз тахтларини Қуддус дарвозаларининг ёнига ўрнатадилар. Қуддус деворларини қуршаб оладилар, Яҳудо шаҳарларининг ҳаммасига ҳужум қиладилар. 16Шу йўсин Мен халқимга қарши ҳукмимни эълон қиламан, чунки Ўз халқим Мени тарк этиб, қабиҳлик қилди. Улар бегона худоларга қурбонликлар келтириб, ўз қўлларининг ижодига сажда қилдилар. 17Сен эса бўлақол, белингни боғла. Буюрганларимнинг ҳаммасини уларга бориб айт. Улардан қўрқма. Акс ҳолда уларнинг олдида сени даҳшатга соламан. 18Бугун Мен сени бир қалъадай, темир устундай ва бронза девордай мустаҳкам қилдим. Сен бутун юртга — Яҳудо шоҳларига, шаҳзодаларига, руҳонийларига, юрт аҳолисига қарши чиқасан. 19Улар сенга ҳужум қилишади, лекин сени енга олишмайди. Мен сен билан бирга бўламан, сени халос қиламан.” Эгамизнинг каломи шудир.

 

2–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Худо Исроил халқига ғамхўрлик қилади

 

1Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:

2— Қуддусга бориб, жар сол. “Эгангиз шундай деб айтмоқда:

Ёшлигингдаги вафодорлигинг ёдимда,

Келинчаклигингдаги севгинг эсимда.

Сен саҳрода Менга эргашган эдинг,

Экин экилмаган ерда орқамдан юрар эдинг.

3Эй Исроил, сен Менга бағишланган эдинг,

Ўримимнинг илк ҳосилига ўхшаган эдинг.

Ўша ҳосилни еган ҳар ким айбдор ҳисобланарди,

Бундайларнинг бошига кулфат келар эди”, деб айтмоқда Эгамиз.

 

Исроил аждодларининг гуноҳи

 

4Эй Ёқуб хонадони, жамики Исроил уруғлари, Эгамизнинг сўзларини эшитинглар. 5“Эгамиз шундай демоқда:

Ота–боболарингиз Мендан нима айб топдилар?

Нима учун Мендан узоқлашдилар?

Улар бетайин бутларга сиғиндилар,

Ўзлари ҳам бетайин бўлиб қолдилар.

6Улар Менга интилмайдилар.

Мен эса уларни Мисрдан олиб чиққан эдим,

Чўлдан, чуқурликларга тўла саҳродан олиб ўтгандим,

Зулмат қамраган қақроқ ерда олиб юрган эдим.

Одам яшамаган, оёқ етмаган жойдан олиб ўтган эдим.

7Мен сизларни ҳосилдор юртга олиб келгандим,

Меваларидан, мўл ҳосилидан енглар, деган эдим.

Аммо сизлар келиб, юртимни ҳаром қилдингизлар,

Мулкимни жирканч бир жойга айлантирдингизлар.

8Руҳонийлар Менга интилмайдилар,

Қонун ҳимоячилари Мени билмадилар,

Ҳукмдорлар Менга қарши бош кўтардилар,

Пайғамбарлар Баал номидан башорат қилдилар,

Ҳеч нарсага ярамайдиган бутларга кўнгил боғладилар.

 

Эгамиз Ўз халқини айблайди

 

9Эгамиз шундай демоқда:

— Мен сизларни яна бир бор айблайман,

Набираларингизни ҳам айблайман.

10Ғарбдаги Кипр қирғоқларига бориб кўринглар,

Шарқдаги Кедарга одам жўнатиб, билиб келинглар.

Бундай воқеа ҳеч юз берганмикан?

11Бирон халқ ўз худоларидан воз кечганмикан?!

Xудoлари ҳақиқий бўлмаса–да, улардан юз ўгирганмикан?!

Менинг халқим эса ўз улуғвор Худосидан воз кечди,

Қадрсиз бутларга Мени алмаштирди.

12Эй осмон, бундан ҳайратлангин,

Ваҳима ичра титрагин.

— Эгамизнинг каломи шудир. —

13Менинг халқим иккита гуноҳ қилди:

Улар Мени — ҳаётбахш сув булоғини тарк этдилар.

Ўзлари учун сардобалар қазидилар,

Сувни ушлаб туролмайдиган ёриқ сардобалар қурдилар.

 

Бевафоликнинг оқибати

 

14Исроил қулмиди?! Ёки қулликда туғилганмиди?

Нечун унда у ғанимларига ўлжа бўлди?

15Ғанимлари унга шердай ўкирди,

Овози борича унга бўкирди.

Ўшалар дастидан Исроил юрти хароб бўлди,

Шаҳарлари вайрон бўлиб, ҳувиллаб қолди.

16Нуф ва Тахпанхасдаги халқлар

Сочингни қириб ташладилар.

17Эй Исроил, сенга йўл кўрсатган Худони тарк этдинг,

Шу қилмишинг билан ўз бошингни ўзинг единг.

18Энди нега Мисрга борасан?

Нил сувидан ичиш учунми?!

Нечун Оссурияга йўл оласан?

Фурот сувидан ичиш учунми?!

19Қабиҳлигинг ўзингнинг бошингга етади,

Хиёнатинг сени маҳкум қилади.

Эганг Худони тарк этганинг

Нақадар ёмон ва аламли эканини

Кўриб, билиб қўйгин.

Сен Мендан қўрқмас экансан”, демоқда

Парвардигори Олам — Раббий.

 

Исроил халқи Худога сажда қилишдан бош тортади

 

20“Эгамиз шундай демоқда:

— Эй Исроил, сен анча олдин бўйинтуруғингни синдирган эдинг,

Кўп вақт олдин кишанларингни узган эдинг.

“Сенга хизмат қилмайман!” деб айтган эдинг.

Ҳар бир баланд тепаликда бутларга сажда этдинг,

Ҳар бир яшил дарахт остида фоҳишадай ётдинг.

21Мен сени аъло токдай эккан эдим,

Сен энг сара уруғдан пайдо бўлган эдинг.

Нечун энди айниб қолдинг?

Нега ёввойи токка айланиб қолдинг?

22Сен ўзингни ишқор билан ишқаласанг ҳам,

Кўп совун ишлатиб, ўзингни ювсанг ҳам,

Айбдорлик доғларинг кетмайди,

Булар доим кўз ўнгимда бўлади”,

Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.

23Шундай экан, қандай қилиб:

“Булғанмадим”, деб айтасан?!

Нега “Баалга сиғинмадим”, дейсан?!

Водийда қилган ишларингга қара,

Қилган қилмишларинг ҳақида ўйлаб кўр,

Сен ҳирси қўзиган она туяга ўхшайсан,

Ўзингни у ёқдан–бу ёққа урасан.

24Саҳрода улғайган бир қулонга ўхшайсан,

Шаҳватинг қўзиганда, ҳавони искайсан.

Сенинг ҳирсингни ким қондира олади?

Ҳеч бир эркак сенга эришиш учун ўзини уринтириши шарт эмас,

Жуфтлашиш даврида сени осонликча топиб олишади.

25Эй Исроил, бошқа худоларнинг кетидан югураверма,

Чориғинг йиртилгунча, томоғинг қуригунча улар кетидан юравермагин.

Лекин сен шундай дединг:

“Гапирганинг бефойда,

Ахир, мен ўша худоларни севиб қолдим,

Уларнинг кетидан бормасам бўлмайди.”

 

Исроил халқи жазоланади

 

26Қўлга тушган ўғри шарманда бўлгандай,

Исроил халқи ҳам шарманда бўлади.

Уларнинг ўзлари, шоҳлари, аъёнлари уятга қолади,

Руҳонийлару пайғамбарлари шарманда бўлади.

27Улар ёғочга: “Менинг отам сенсан” дейишади,

Тошга: “Туққан онам сенсан”, деб айтишади.

Аммо Менга юз бурмай, орқа ўгиришади,

Бошларига кулфат келганда эса,

“Бизга нажот бер!” дея Менга ёлворишади.

28Хўш, ўзларингиз учун ясаган худоларингиз қани?

Кулфат чоғида сизларни қутқара олса, келсин.

Шаҳарларингиз қанча кўп бўлса,

Худоларингиз ҳам шунчадир, эй Яҳудо халқи.

29“Нечун Мен билан даъволашасиз?!

Ҳаммангиз Менга қарши бош кўтардингиз!” деб айтмоқда Эгамиз.

30Эй халқим, сени жазолаганим зое кетибди.

Сен барибир гапимга кирмадинг.

Сенинг қиличинг йиртқич арслондай,

Пайғамбарларингни қириб ташлади.

31Эй бу насл, Эгангнинг гапларига қулоқ сол!

Наҳотки Мен Исроил учун саҳродай бўлган бўлсам?!

Наҳотки, зулмат қоплаган қоронғи ердай бўлган бўлсам?!

Нечун халқим: “Энди озодмиз, олдингга қайтиб бормаймиз”, деб айтади?

32Қиз бола тақинчоқларини унутадими?!

Келинчак ўз либосини эсдан чиқарадими?!

Йўқ! Аммо халқим Мени унутди,

Орадан сон–саноқсиз кунлар ўтиб кетди.

33Ошиқларни топишга нақадар устасан!

Энг бузуқ аёл ҳам сендан ўрганса бўлади.

34Сен кийимларингни доғ қилдинг,

Айбсиз қашшоқларнинг қонига беладинг,

Улар уйингга ўғри бўлиб тушмаган эди.

Шунга қарамай сен:

35“Айбсизман”, деб айтасан.

“Эгамиз ғазабидан тушгани аниқ”, дейсан.

“Гуноҳ қилмадим”, деганинг учун,

Мен сени жазолайман.

36Нега сен енгилтаклик қиласан?

Нега иттифоқчиларингни ўзгартирасан?

Сен Оссуриядан ёрдам олмаганингдай,

Мисрдан ҳам ҳеч қандай ёрдам олмайсан.

37Сен Мисрдан чиқиб келасан,

Уялганингдан юзингни қўлинг билан тўсасан.

Зеро, сен умид боғлаган халқни Эгамиз рад этди.

Сен улардан ҳеч қандай наф кўрмайсан.”

 

3–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Бевафо Исроил

 

1Эгамиз шундай демоқда: “Бир одам хотини билан ажрашди, дейлик. Агар хотини бориб, бошқасига турмушга чиқса, олдинги эри уни қайта никоҳига олиши мумкинми?! Бундай бемаънигарчилик юртни ҳаром қилиб юбормайдими?! Эй Исроил, сен кўп ўйнашлар орттириб фоҳишалик қилдинг. Энди қайси юз билан олдимга қайтиб келмоқчисан?!

2Атрофингдаги яланг қирларга назар солиб, қара!

Сен фоҳишалик қилмаган бирор жой қолдими?!

Сен йўл бўйларида ўтириб, ўйнашларингни кутдинг.

Чўлда босқинчилик қилишга шай турган қароқчидай бўлдинг.

Менга қилган бевафолигинг ва фосиқлигинг билан,

Бутун юртни ҳаром қилдинг.

3Шу сабабдан ёмғир ёғмади,

Баҳорда ёғингарчилик бўлмади.

Сен фоҳишадай безбетсан,

Уят деган нарсани билмайсан.

4Энди эса Менга: “Отажонимсан”, деяпсан,

“Ёшлигимдан буён дўстимсан”, деб айтяпсан!

5“Ҳадеб мендан жаҳлинг чиқаверадими?” дейсан,

“Бир умр менга ғазабингни сочасанми?” деб айтасан,

Ўзинг эса имконинг борича ёвузлик қилаверасан.”

 

Исроил ва Яҳудо халқлари тавбага чақирилади

 

6Шоҳ Йўшиё даврида Эгамиз менга шундай деди: “Бевафо Исроилнинг қилмишларини кўрдингми? Ҳар бир баланд тепаликда ва ҳар бир яшил дарахт остида у фоҳишалик қилди. 7-8Барча қилмишларидан кейин ҳам, олдимга қайтиб келади, деб ўйлаган эдим. Лекин у қайтиб келмади. Шунинг учун Мен садоқатсиз Исроилга талоқ хатини бериб, жўнатиб юбордим. Унинг синглиси Яҳудо эса буни кўрган эди. Шунга қарамай бу мунофиқ заррача ҳам қўрқмади, у Менга вафо қилмай, фаҳшга берилди. 9Исроил тош ва ёғочдан ясалган худоларга сиғиниб, зино қилган эди. Енгилтаклик билан фоҳишалик қилиб, юртни ҳаром этган эди.” 10“Буларга қарамай, унинг мунофиқ синглиси Яҳудо, Менга соф кўнгил билан қайтмади. У кўзбўямачилик қилди”, деб айтмоқда Эгамиз.

11Кейин Эгамиз менга шундай деди: “Бевафо Исроил мунофиқ Яҳудога қараганда ўзини солиҳ қилиб кўрсатди. 12Қани, шимолга бор, у ерда ушбу сўзларимни жар солиб айт:

— Эгамиз шундай деб айтмоқда: Эй бевафо Исроил, Менга юз бур! Энди Мен сенга ғазабимни сочмайман, Мен раҳмдилман. Сендан то абад ғазабланмайман.” Эгамизнинг каломи шудир. 13“Фақатгина гуноҳингни тан олгин: сен Эганг Худога қарши бош кўтардинг, ҳар бир яшил дарахт остида бегона худоларга сажда этиб, зино қилдинг, Менинг гапимга кирмадинг”, деб айтмоқда Эгамиз.

14Эгамиз шундай демоқда: “Эй садоқатсиз фарзандлар, олдимга қайтинглар! Зеро, Мен хўжайинингизман. Ҳар бир шаҳардан биттангизни, ҳар бир хонадондан иккитангизни олиб, Қуддусга олиб келаман. 15Мен сизларга кўнглимдаги чўпонларни бераман. Улар сизларни донолик ва билим билан бошқаришади. 16Сизлар юртда кўпайиб, ували–жували бўласизлар. Шунда халқ Менинг аҳд сандиғим ҳақида гапирмайдиган бўлади. Улар сандиқ ҳақида ўйлашмайди, уни эсга ҳам олишмайди. Уларга зарурати бўлмагани учун, янгисини ясашмайди. 17Зеро, ўша вақтда Қуддус “Эгамизнинг Тахти”, деб аталади. Ҳамма халқлар Менга сажда қилиш учун Қуддусда, Менинг ҳузуримда тўпланадилар. Шундан кейин улар ҳеч қачон ёвуз юракларининг ўжарликларини қилмайдилар. 18Ўша кунларда Яҳудо ва Исроил халқлари бирлашади. Улар шимолдаги юртдан Мен ота–боболарингизга мулк қилиб берган юртга бирга қайтиб келишади.”

 

Худо халқининг зинокорлиги

 

19Мен, Эгангиз, ичимда шундай деган эдим:

“Сени жон–жон дея Ўзимга фарзанд қилиб олган бўлар эдим,

Сенга ажойиб юртни совға қилган бўлар эдим,

Халқларнинг энг гўзал мулкини сенга берган бўлар эдим.

Мени “Отажоним дейсан”, дея ният қилган эдим,

Мендан ҳеч қачон юз ўгирмайсан, деб ўйлаган эдим.

20Аммо, эй Исроил, Менга бевафолик қилдинг!

Сен эрига хиёнат қилган аёлдай бўлдинг”, деб айтмоқда Эгамиз.

21Яп–яланг қирлар узра фиғон эшитилмоқда,

Исроил халқи доду фарёд солмоқда.

Зотан, улар ҳақ йўлдан озган эдилар,

Ўзларининг Эгаси Худони унутиб юборган эдилар.

22Эй, садоқатсиз фарзандларим, орқага қайтинглар!

Бевафо қалбингизга Мен шифо бераман.”

Сизлар шундай дейсизлар:

“Мана, олдингга қайтяпмиз,

Ахир, Эгамиз Худо Сенсан.

23Биз қирларда бутларга сажда қилар эдик,

Қаттиқ шовқин–сурон кўтарар эдик.

Аммо ҳаммаси беҳуда экан.

Ягона Нажоткоримиз Сенсан.

24Бу ярамас бутлар болалигимиздан буён,

Oталаримизнинг меҳнатини йўққа чиқарди,

Уларни мол–қўйларидан айирди,

Ўғил–қизларидан жудо қилди.

25Келинг, шармандаликни ўзимизга тўшак қилайлик,

Уятни ёпинчиқ қилиб, устимизга ёпайлик!

Ахир, ота–боболаримиз билан биз

Эгамиз Худога қарши гуноҳ қилдик.

Ёшлигимиздан то бугунгача

Эгамиз Худонинг гапига кирмадик.”

 

4–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Тавбага ундов

 

1Эгамиз шундай демоқда:

“Эй Исроил, қани энди қайтсанг,

Қани энди, Менга қайтиб келсанг!

Ҳузуримдан жирканч бутларингни улоқтириб ташласанг,

Қани энди, Менинг йўлимдан озмай юрсанг.

2Қани энди, ҳақиқат, адолат ва тўғрилик ила

“Эгамиз шоҳид!” дея қасам ичсанг.

Шунда халқлар Мен орқали барака топади,

Улар Мен билан фахрланади.”

3Эгамиз Яҳудо халқига ва Қуддус аҳолисига шундай деб айтмоқда:

“Ерингизни шудгор қилинг,

Тиканлар орасига уруғ сепманг.

4Эй Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолиси,

Ўзингизни Мен, Эгангизга, бағишланг,

Юрагингизни суннат қилинг.

Акс ҳолда, ёвуз қилмишингиз учун

Ғазабимни устингизга оловдай ёғдираман,

Оловни ҳеч ким ўчира олмайди.

 

Яҳудо халқига келадиган фалокатлар

 

5Яҳудода эълон қилинг, Қуддусда жар солинг.

Бутун юрт бўйлаб бурғу чалинсин,

Баланд овозда ҳайқиринг: “Тўпланинглар!

Мустаҳкам шаҳарларга қочайлик!”

6Қуддусга қочиб келиш учун ишора беринг,

Имилламай, тезроқ қочинг!

Мен шимолдан кулфат келтирмоқдаман,

Даҳшатли ҳалокат олиб келмоқдаман.

7Ана, халқларни ҳалок этувчи йўлга тушди,

У шер каби чакалакзордан чиқди.

Юртингизни хароб қилгани уясини тарк этди.

Эвоҳ, энди шаҳарларингиз вайрон бўлади,

Ҳаммаси ҳувиллаб қолади.

8Марсия айтиб, фарёд қилинглар,

Қанорга ўраниб олинглар.

Ахир, Эгамизнинг алангали ғазаби

Бизни четлаб ўтмади.

9Эгамиз шундай демоқда: “Ўша куни шоҳ билан аъёнларнинг юраги орқага тортиб кетади. Руҳонийлар билан пайғамбарлар даҳшатга тушади.” 10Шунда мен дедим: “Ё, Эгам Раббий, Сен Қуддус аҳолисини ёмон лақиллатдинг! Қилич уларнинг бўғзида турган бир пайтда, Сен уларга тинчлик ваъда қилдинг.”

11Ўша пайт келганда Эгамиз Қуддус аҳолисига шундай деб айтади: “Саҳродаги яланг қирлардан чиққан гармсел халқим томон эсмоқда. У донни хашакдан тозалайдиган майин шабада эмас, 12балки Мен юборган кучли бир гармселдир. Мен сизларга қарши Ўз ҳукмимни эълон қилмоқдаман.”

 

Яҳудо душманлар қуршовида

 

13Қаранг! Душман булутдай кўтарилмоқда.

Уларнинг жанг аравалари қуюн кабидир,

Отлари бургутдан ҳам чаққондир.

Эвоҳ, шўримиз қурисин! Хонавайрон бўлдик!

14“Эй Қуддус, нажот топишинг учун юрагингни покла.

Қачонгача юрагингда ёвуз ният сақлайсан?!

15Ана, Дан шаҳридан хабарчининг овози эшитилмоқда,

Эфрайим қирларидан бир шум хабар келмоқда.

16Халқларга буни айтинглар,

Қуддусда шундай эълон қилинглар:

“Олис юртдан босқинчилар келмоқда,

Улар Яҳудо шаҳарларига қарши ҳайқирмоқда.

17Босқинчилар дала қўриқчиларига ўхшаб,

Қуддусни қуршаб олишади.

Зотан Қуддус аҳли Менга қарши бош кўтарди”, демоқда Эгамиз.

18Тутган йўлингиздан, қилган қилмишингиздан

Бу кулфат бошингизга келди–ку!

Жазоингиз шудир.

Оҳ, нақадар аччиқ бўлмаса бу кулфат!

Нақадар юракни эзади–я!”

 

Еремиё ўз халқи учун қайғуради

 

19Вой жоним, адойи тамом бўлдим!

Вой юрагим! Қинидан чиққудай бўляпти!

Сукут сақлаб тура олмайман,

Эшитяпман бурғу садоларини,

Эшитяпман урушга даъватларни.

20Кулфат кетидан кулфат келди,

Бутун юрт хонавайрон бўлди.

Бир зумда чодирларим бузилиб кетди,

Чодиримнинг пардалари йўқ бўлди.

21Қачонгача ёв байроғи кўзим олдида ҳилпираб тураверади?!

Қачонгача бурғу овози қулоғимга чалинаверади?!

22Эгамиз шундай жавоб берди:

“Ахир, Менинг халқим бефаросат,

Улар Мени танишмайди.

Улар нодон, ақлсиз фарзандлардир.

Ёмонлик қилишга уста,

Яхшилик қилиш эса қўлларидан келмайди.”

 

Келаётган кулфат ҳақидаги ваҳий

 

23Мен ерга қарадим, ер айқаш–уйқаш эди,

Кўзимни осмонга тикдим, осмонда нур кўринмасди.

24Тоғларга қарадим, тоғлар силкинаётган эди,

Ҳамма қирлар ларзага келган эди.

25Қарадим, аммо инсон зоти кўринмади,

Ҳатто кўкдаги қушлар ҳам учиб кетган эди.

26Қарадим, ҳосилдор ерлар чўлга айланган эди,

Ҳамма шаҳарлар вайрон бўлган эди.

Бунга сабаб Эгамизнинг қаттиқ қаҳри эди.

27Зеро, Эгамиз шундай деган эди:

“Бутун юрт вайрон бўлади,

Лекин юртни бутунлай йўқ қилиб юбормайман.

28Бутун дунё аза тутади,

Осмон ҳам қоп–қора бўлиб кетади.

Буни Мен айтдим, шахтимдан қайтмайман.

Қарор қилдим, қароримни ўзгартирмайман.”

29Отлиқ ва камончилар ҳайқириғидан

Ҳар бир шаҳар аҳолиси қочиб қолади.

Улар чакалакзорлар оралаб югуришади,

Қояларга чиқиб, ораларига яшириниб олишади.

Ҳамма шаҳарлар ҳувиллаб қолади,

У ерларда яшайдиган одам бўлмайди.

30Сен эса, эй харобазорга айланган шаҳар,

Нега устингга қирмизи либос кийиб олдинг,

Oлтин тақинчоқлар билан безандинг?

Нега кўзларингни бўяб олдинг?

Бекорга безаниб олибсан!

Ўйнашларинг сендан нафратланади,

Жонингга қасд қилмоқчи улар.

31Ана, кимдир тўлғоқ тутган аёлдай бақирмоқда,

Кимдир илк бор туғаётган аёлдай инграмоқда.

Қиз Қуддус энтикиб қичқирмоқда,

Қўлларини чўзиб шундай демоқда:

“Шўрим қурисин! Қотилларим олдида мадорим қолмади.”

 

5–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Қуддус аҳолисининг гуноҳлари

 

1Эгамиз шундай дейди:

“Қуддуснинг ҳар бир кўчасига кириб чиқинглар,

Атрофингизга қараб, билиб олинглар,

Шаҳар майдонларида қидириб кўринглар,

Бирон адолатли, ростгўй одам бормикан.

Агар шундай одамни топиб келсангиз,

Мен Қуддус аҳолисининг гуноҳидан ўтаман.

2Улар “Эгамиз шоҳид!” дея қасам ичадилар,

Аммо ичган қасамлари ёлғон.”

3Эй Эгам, Сен ҳақиқатни излайсан.

Сен бу халқни урган эдинг,

Аммо улар оғриқ сезмадилар.

Уларни деярли йўқ қилиб юборганингда ҳам,

Гапингга кирмадилар.

Бетларини тошдан ҳам қаттиқ қилдилар,

Тавба қилишни хоҳламадилар.

4Шунда мен ичимда дедим:

“Эҳа, булар камбағал–ку!

Шунинг учун уларнинг фаросати йўқ,

Улар Эгамизнинг йўлини билмайди,

Худосининг қонунини танимайди.

5Қани, бойларнинг олдига борай–чи,

Улар билан гаплашиб кўрай–чи,

Эгамизнинг йўлини улар албатта билади,

Улар Худосининг қонунини танишади.”

Аммо уларнинг ҳаммаси бўйинтуруғини синдирган экан,

Эгамизга итоат этишдан бош тортган экан.

6Шунинг учун ўрмондан чиққан шер уларни ўлдиради,

Чўлдан келган бўри уларни ғажиб ташлайди.

Қоплон шаҳарлари олдида писиб туради,

Шаҳардан чиққан ҳар бир одамни тилка–пора қилади.

Ахир, улар кўп гуноҳ қилдилар,

Худога кўп хиёнат этдилар.

7“Сизларни қандай қилиб кечираман?!

Фарзандларингиз Мени тарк этдилар–ку!

Худо бўлмаган бутларнинг номини ўртага қўйиб онт ичдилар.

Мен уларнинг эҳтиёжларини қондирар эдим,

Улар эса зино қилаверар эдилар,

Фоҳишаларнинг уйига тўдалашиб борар эдилар.

8Улар ҳирси қўзғаган айғир отлар каби эди,

Ҳар бири қўшнисининг хотинига кишнар эди.

9Мен уларни бунинг учун жазоламайми?!

Шундай бир халқдан ўч олмайми?!”

Эгамизнинг каломи шудир.

10“Қани, уларнинг узумзорларига киринглар,

Токларини кесиб ташланглар.

Аммо бутунлай йўқ қилманглар.

Новдаларини синдиринглар,

Энди улар Меники эмас.

11Ахир, Исроил ва Яҳудо халқлари

Менга бутунлай ҳиёнат қилишди.”

Эгамизнинг каломи шудир.

 

Эгамиз Исроилни тарк этади

 

12Исроил халқи Худо ҳақида ёлғон гапирди,

Улар шундай деди: “Худо барибир ҳеч нарса қилмайди.

Ҳеч қандай кўргилик бошимизга тушмайди!

Қаҳатчилик, уруш бўлмайди!

13Пайғамбарларининг бемаъни сўзлари шамолга ўхшайди,

Худонинг сўзи уларга аён бўлмаган.

Бу кулфатлар ўзларининг бошига тушсин!”

14Шунинг учун Парвардигори Олам — Эгамиз шундай демоқда:

“Эй Еремиё, халқим айтган бу сўзлари учун,

Мен Ўз сўзларимни сенинг оғзингда оловдай қиламан.

Бу халқ эса ўтин каби бўлади,

Олов уларни ёндириб ташлайди.”

15Эгамиз шундай демоқда:

“Эй Исроил халқи,

Мен олисдаги бир халқни қўзғатаман.

Уларни сизга қарши юбораман.

Улар кучли, қадимги бир халқдир.

Бу халқнинг тилини сизлар билмайсизлар,

Уларнинг гапларини тушунмайсизлар.

16Уларнинг ҳаммаси моҳир жангчилардир,

Ўқлари ўлим элчиларидир.

17Улар ҳосилингизни, нонингизни еб битиришади,

Ўғил–қизларингизни ўлдиришади.

Мол–қўйларингизни бўғизлашади,

Узумзору анжирзорларингизни йўқ қилишади.

Суянган мустаҳкам шаҳарларингизни

Қилич билан вайрон қилишади.”

18Эгамиз шундай демоқда: “Шундай кунларда ҳам Мен Ўз халқимни бутунлай қириб юбормайман. 19Халқим сендан: “Нима учун Эгамиз Худо бундай ишларни қилди?” деб сўраганда, сен, эй Еремиё, уларга шундай жавоб бер: “Сизлар Худони тарк этиб, юртимизда бегона худоларга хизмат қилдингизлар. Энди ўзга юртда бегоналарга худди шундай хизмат қиласизлар.”

 

Худо халқни огоҳлантиради

 

20“Бориб, Ёқуб наслига шундай деб айт,

Яҳудо халқига шундай деб эълон қил:

21Сизларнинг кўзингиз бор, аммо кўрмайсизлар,

Қулоғингиз бор, аммо эшитмайсизлар.

Эй ақлсиз, бефаросат одамлар,

Гапларимни эшитинглар!”

22Эгамиз шундай демоқда:

“Наҳотки Мендан қўрқмасангизлар?!

Менинг олдимда титрамасангизлар?!

Ахир, Мен қумни денгизга чегара қилиб қўйдим,

Қумни ўтиб бўлмайдиган абадий тўсиқ қилдим.

Тўлқинлар кўпириб, кўтарилса ҳам,

Тўсиқдан устун келолмайди.

Ҳайқириб ўкирса ҳам,

Ундан ошиб ўтолмайди.

23Аммо бу одамлар ўжар ва исёнкордир,

Улар йўлдан озиб, Мени тарк этдилар,

24Улар ичларида ҳеч қачон айтмайдилар:

“Эгамиз Худодан қўрқайлик,

У ўз вақтида ёмғир ёғдиради–ку.

Kузда ҳам, баҳорда ҳам еримизни суғоради–ку.

Ўрим–терим мавсумини ўз вақтида беради–ку”, деб.

25Гуноҳларингиз сизларни булардан маҳрум этди,

Айбларингиз сизларни баракадан жудо этди.

26“Ҳа, халқим орасида ярамас одамлар бор.

Улар қуштутар каби писиб ётишар,

Тузоқ қўйиб, одамларни ўз домига тортишар.

27Овчи қафасни қушларга тўлдиргандай,

Улар уйларини ҳийлага тўлдирдилар.

Шу туфайли кучайиб, давлат орттирдилар,

28Семириб, ялтираб кетдилар.

Қабиҳ ишларининг чеки–чегараси йўқ.

Улар етимни оқлашга ҳаракат қилмайди,

Йўқсилнинг ҳақини ҳимоя этмайди.

29Уларни бу учун жазоламайми?!

Шундай бир халқдан ўч олмайми?!”

Эгамизнинг каломи шудир.

30“Қўрқинчли ва даҳшатли ишлар

Бу юртда содир бўлмоқда:

31Пайғамбарлар ёлғондан башорат қилмоқда,

Руҳонийлар ўзларича халқни бошқармоқда,

Халққа буларнинг ҳаммаси хуш келмоқда.

Аммо охирида улар нима қилар экан–а?”

 

6–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Қуддус душманлар қуршовида

 

1Эй Бенямин насли,

Жонингизни қутқаринглар!

Қуддусдан қочиб чиқинглар!

Тахува шаҳрида бурғу чалинглар!

Байт–Xакерем шаҳрида олов ёқиб, белги кўрсатинглар.

Ана, шимолдан бир фалокат келяпти,

Даҳшатли бир ҳалокат яқинлашяпти.

2Қиз Қуддус гўзал ва латофатлидир,

Аммо Мен уни йўқ қилиб ташлайман.

3Шаҳар атрофига жойлашиб олган чўпонлардай,

Душманлар Қуддусни қамал қилади.

Ҳар бири ўз лашкари учун жой танлайди.

4Улар шундай деб айтишади:

“Қуддусга қарши жангга тайёрланинглар!

Бўла қолинглар, кундуз куни уларга ҳужум қиламиз!

Шўримиз қурисин! Кун ҳам ботяпти,

Oқшом соялари бўй чўзиб қолди.

5Энди тунда ҳужум қиламиз,

Шаҳардаги қалъаларни вайрон этамиз!”

6Сарвари Олам душман лашкарига шундай демоқда:

“Дарахтларини кесиб ташланглар,

Қуддус деворига қиялатиб тупроқ уйинглар.

Бу шаҳар жазоланиши керак,

Шаҳар зўравонликка тўлиб–тошган.

7Булоқдан сув қайнаб чиққани сингари,

Қуддусдан қабиҳликлар қайнаб чиқяпти.

Зўравонлигу бузғунчилик садолари эшитиляпти.

У ерда кўрганим хасталигу яралар.

8Эй Қуддус, эсингни йиғиб олгин,

Йўқса Мен сендан юз ўгираман.

Сени ташландиқ бир жойга айлантираман,

Юртингни ҳувиллатиб қўяман.

9Душманларингга айтаман,

Улар сени шип–шийдам қиладилар,

Бир шингил узуми қолмаган токка ўхшатиб қўядилар.”

Сарвари Оламнинг каломи шудир.

 

Исёнкор Исроил

 

10Эй Эгам! Кимга гапирай, кимни огоҳлантирай?!

Ким менинг гапларимга қулоқ солади?!

Қара, уларнинг қулоқлари ёпиқ,

Улар ҳеч нарсани эшитмайди.

Сенинг сўзингдан улар хафа бўлади,

Уни эшитишни хуш кўрмайди.

11Аммо ичим Сенинг ғазабингга тўлган эди,

Жаҳлимни тийишдан чарчадим.

Эгамиз менга шундай деди:

“Ғазабимни кўчадаги болаларга сочгин,

Тўдалашиб турган йигитларга сочгин.

Ғазабим эркагу аёлларга тушади,

Мункиллаган қариялар ҳам ундан қочиб қутулмайди.

12Уйлари, далалари ва хотинлари

Бошқа бировларга берилади.

Мен бу юрт аҳолисига қарши қўл кўтараман.”

Эгамизнинг каломи шудир.

13“Улар кичкинасидан тортиб каттасигача,

Нафсини тиёлмай ҳаром йўл билан пул топишади.

Пайғамбардан тортиб руҳонийгача —

Ҳаммаси товламачилик қилишади.

14Халқимнинг яраларини юзаки даволашади.

Аҳвол оғир бир пайтда “ҳаммаси яхши”, деб айтишади.

15Жирканч ишлари учун уяладиларми?

Йўқ, уялмайдилар!

Қизариш деган нарсани билмайдилар.

Шунинг учун бошқалардай ҳалок бўладилар,

Уларни жазолаб, хонавайрон қиламан”, деб айтмоқда Эгамиз.

 

Исроил Худонинг йўлини тарк этади

 

16Эгамиз Ўз халқига шундай деб айтмоқда:

“Чорраҳаларда туриб қаранг,

Қадимги йўллар ҳақида сўранг,

Яхши йўл қаерда эканлигини билиб олинг.

Ўша йўлдан юринг,

Шунда кўнглингиз таскин топади.”

Аммо улар: “Йўқ, у йўлдан юрмаймиз”, дедилар.

17Эгамиз қўриқчиларни қўйиб, уларга: “Бурғунинг жанговар садоларига қулоқ солинглар”, деб тайинлади. Улар эса “Қулоқ солмаймиз”, деб айтдилар.

18“Шунинг учун, эй халқлар, эшитинг!

Халқим не ҳолга тушишини билиб олинг.

19Эй замин, қулоқ сол!

Мен бу халқнинг бошига кулфат келтираман,

Ёмон ниятларининг оқибатидир шудир.

Зотан улар сўзларимга кирмадилар,

Қонунларимни рад этдилар.

20Шава юртидан келтирилган зираворларни нима қиламан?!

Олис юртдан олиб келинган хушбўй қамишни нимага ишлатаман?!

Куйдириладиган назрларингизни Мен қабул қилмайман,

Қурбонликларингиздан хушнуд бўлмайман.”

21Шу сабабдан Эгамиз демоқда:

“Мен бу халққа тўғоноқ соламан,

Оталар фарзандлари билан бирга қоқилиб тушадилар,

Қўшнилар ёр–биродарлари билан бирга ҳалок бўладилар.”

 

Шимолдан босқинчилар келади

 

22Эгамиз шундай демоқда:

“Ана, шимолдаги юртдан одамлар келмоқда,

Дунёнинг четидан буюк бир халқ қўзғалмоқда.

23Камону найзалар билан қуроллангандир улар,

Шафқат қилмайдиган золимдир у одамлар.

Улар отларини елдиради,

Тўлқинланган денгиздай гувиллаб келади.

Эй қиз Қуддус, улар қаршингда саф тортадилар,

Жанг қилишга шай бўлиб турадилар.”

24“Улар ҳақидаги бу хабарни эшитдик,

Мадоримиз қолмади.

Азобу изтироб чекдик

Дард тутган аёл каби.

25Далаларга борманглар,

Кўчаларда юрманглар!

Душман қиличини тутган.

Атрофни даҳшат қамраган.”

26Эй халқим, қизалоғим!

Қанорга ўраниб, кулга белангин.

Ёлғиз фарзанд учун аза тутгандек,

Аччиқ–аччиқ йиғлагин.

Ана, ҳалок этувчи келяпти,

У тўсатдан сенга ҳужум қилади.

27Эй Еремиё, халқимни текширгин,

Темирни синагандай уларни синагин,

Тутган йўлларини билиб олгин.

28Уларнинг ҳаммаси ўжар ва бебошдир,

Бировларга туҳмат қилиб юрадилар.

Бағрлари мис ва темир каби қаттиқ,

Ҳаммаси бузғунчилик қиладилар.

29Ана, босқонга тўхтовсиз дам берилмоқда,

Ўчоқдаги олов ловуллаб ёнмоқда.

Аммо бундай олов ҳам уларни тозалай олмади,

Улар фосиқлигича қолди.

30Уларни “сифатсиз кумуш”, деб атайдилар,

Ахир, Эгамиз уларни рад этди.

 

7–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Еремиё Маъбадда воизлик қилади

 

1Еремиёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди: 2“Эганг уйининг дарвозаси олдига бор. Ўша ерда туриб, баланд овозда шундай деб айт: Эй жамики Яҳудо халқи — Эгамизга сажда қилиш учун мана бу дарвозалардан кирганлар! Эгамизнинг гапларини эшитинглар. 3Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Ёмон йўлингиздан қайтинглар. Турмуш тарзингизни ўзгартиринглар. Шундагина бу юртда яшашингизга ижозат бераман. 4“Эгамизнинг Маъбади шу ерда! Мана, Эгамизнинг Маъбади, шунинг учун ҳеч қандай хавф–хатар йўқ!” деган ёлғон сўзларга ишонманг.

5Агар ҳақиқатан ёмон йўлингиздан қайтсангиз, турмуш тарзингизни ўзгартирсангиз, бир–бирингизга нисбатан адолатли бўлсангиз, 6мусофирларга, етим ва беваларга зулм қилмасангиз, бу юртда айбсиз одамнинг қонини тўкмасангиз, бошингизга фалокат келтирадиган бошқа худоларга эргашмасангиз, 7бу ерда қолишингизга ижозат бераман. Мен ота–боболарингизга абадий мулк қилиб берган бу юртда сизлар яшайверасизлар.

8Аммо сизлар ёлғон сўзларга ишоняпсизлар. 9Ўғирлик қиляпсизлар, одам ўлдиряпсизлар, зино қиляпсизлар, ёлғондакам қасам ичяпсизлар, Баалга назрлар атаб, ўзингиз билмаган худоларга эргашяпсизлар. 10Шундай экан, нима учун сизлар Менинг номим билан аталган уйимга келиб, “Биз хавф–хатардан холимиз!” деб айтяпсизлар?! Бундай жирканч ишларни давом эттириш учунми?! 11Айтинглар–чи, Менинг номим билан аталган бу уй сизлар учун қароқчилар уяси бўлиб қолдими?! Қилган барча ишларингизни Мен Ўз кўзим билан кўриб турибман–ку!” деб айтмоқда Эгамиз. 12“Қани, Шилў шаҳрига боринглар! Мен илк бор ўша жойни улуғланишим учун танлаган эдим. Аммо халқим Исроилнинг қабиҳликлари туфайли ўша жойни не аҳволга солганимни кўриб қўйинглар. 13Бундай ёвуз ишларни қилаётганингизда, Мен сизларга қайта–қайта гапирдим. Аммо сизлар гапларимга қулоқ солмадингиз. Сизларга хитоб қилдим, аммо жавоб бермадингиз”, деб айтмоқда Эгамиз. 14“Шундай экан, Мен Шилўни не кўйга солган бўлсам, Ўз номим билан аталган уйимни ҳам ўша аҳволга соламан. Сизлар умид боғлаган бу уйимни ва ота–боболарингизга берган бу юртни Шилўнинг аҳволига тушираман. 15Қондошингиз Эфрайим халқини улоқтирганимдай, сизларни ҳам Ўз ҳузуримдан улоқтириб ташлайман.”

 

Халқнинг итоатсизлиги

 

16Эгамиз шундай деди: “Эй Еремиё, сен бу халқ учун ибодат қилма! Улар учун фарёд қилиб, илтижо қилма! Уларни деб, Менга ёлворма! Мен сенга қулоқ солмайман. 17Яҳудо шаҳарларида, Қуддус кўчаларида улар нималар қилаётганини кўрмаяпсанми?! 18Болалар ўтин йиғишади, оталари олов ёқишади, хотинлар эса хамир қориб, Само Қироличасига атаб нонлар ёпишади. Ғазабимни келтириш учун бегона худоларга шароб назрини келтиришади.” 19Эгамиз шундай демоқда: “Бу қилмишлари билан улар Менга эмас, ўзларига зарар келтирмоқда–ку! Ўзларини шарманда қилишмоқда–ку!” 20Шу сабабдан, Эгамиз Раббий демоқда: “Мен қаҳру ғазабимни бу заминга, инсонлару ҳайвонларга, даладаги дарахтлару экинларга сочаман. Ғазабим сўнмас оловдай ёнади.”

21Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Сизлар қурбонликларнинг гўштини ейсизлар, куйдириладиган қурбонликларингизнинг гўштини ҳам ўзларингиз еяверинглар. 22Мен ота–боболарингизни Мисрдан олиб чиққанимда уларга нафақат қурбонликлар ва куйдириладиган қурбонликларга оид амрлар берган эдим, 23балки уларга яна шундай амр берган эдим: “Менга итоат қилинг! Шунда Мен сизнинг Худойингиз, сизлар эса Менинг халқим бўласизлар. Фақат Мен кўрсатган йўлдан юринглар, шунда бахтиёр бўласизлар.” 24Аммо улар итоат қилишни ҳам, қулоқ солишни ҳам хоҳламадилар. Ёвуз юракларининг ўжарликларини қилдилар. Олдинга юрмай, орқага кетдилар. 25Аждодларингиз Мисрдан чиққан кунидан бошлаб шу кунга қадар, кетма–кет пайғамбар қулларимни уларнинг олдиларига жўнатдим. 26Аммо улар Менга қулоқ ҳам солмадилар, эътибор ҳам бермадилар. Улар қайсар эдилар, ёвуз қилмишлари билан ота–боболаридан ҳам ўтиб тушдилар.

27Эй Еремиё, сен бориб, айтганларимнинг ҳаммасини уларга етказасан, лекин улар сенга қулоқ солишмайди. Уларга хитоб қиласан, аммо улар сенга жавоб беришмайди. 28Шунинг учун сен уларга шундай деб айт: “Сизнинг халқингиз Эгаси Худога итоат қилмади, Унинг гапига кирмади. Ҳақиқат қолмабди, оғзингиздан ҳақ сўз чиқмайдиган бўлди.”

 

Хиннум сойлигида қилинган гуноҳлар

 

29“Эй Қуддус аҳолиси, аза тутинг!

Сочингизни қириб ташланг.

Марсиянгиз яланг қирлар узра нола қилсин,

Зеро, Эгамизнинг тоқати тоқ бўлди,

У бу наслни рад этиб, ташлаб кетди.

30Эгамиз шундай демоқда: “Яҳудо халқи ўзининг Эгаси олдида қабиҳликлар қилди. Улар Менинг номим билан аталган уйимга макруҳ бутларини ўрнатдилар. Уйимни ҳаром қилдилар. 31Шуниси етмагандек, Хиннум сойлигидаги Тофатда саждагоҳлар қурдилар. У ерда ўз ўғилу қизларини оловда куйдирдилар. Аммо Мен уларга буни амр қилмаганман, бунақасини хаёлимга ҳам келтирмаганман.” 32Эгамиз шундай демоқда: “Қараб туринг! Шундай кунлар келадики, одамлар бу жойни Тофат ёки Хиннум сойлиги, деб атамайди. Бу жой “Қирғин водийси” деб ном олади. У ерда кўп мурдалар дафн қилинади, мурдалар кўплигидан қабрларга жой етмай қолади. 33Бу халқнинг жасадлари қушларга ва ёввойи ҳайвонларга ем бўлади, ҳеч ким уларни ҳайдамайди. 34Яҳудо шаҳарларида ва Қуддус кўчаларида шоду хуррамлик садолари бўлмайди, келин–куёвнинг овози эшитилмайди. Бу юрт ҳувиллаб қолади.”

 

8–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

1Эгамиз шундай демоқда: “Ўша вақтда Яҳудо шоҳларининг суяклари, аъёнларнинг, руҳонийларнинг, пайғамбарларнинг ва Қуддус аҳолисининг суяклари қабрлардан олиб чиқилади. 2Уларнинг суяклари қуёш, ой ва осмон юлдузлари олдида сочиб ташланади. Зотан бу одамлар осмон жисмларини севар эдилар, ўшаларга хизмат қилар эдилар, уларга эргашиб, маслаҳат солар эдилар, ўшаларга сажда этар эдилар. Уларнинг суякларини ҳеч ким йиғиб кўммайди, гўнгдай ер устида ётаверади. 3Бу ёвуз наслнинг омон қолганларини Мен турли жойларга сургун қиламан. Ўшанда улар яшашдан кўра ўлимни афзал кўрадиган бўладилар.” Сарвари Оламнинг каломи шудир.

 

Гуноҳ ва жазо

 

4Уларга бориб айт: Эгамиз шундай деб айтмоқда:

Йиқилган одам турмайдими?!

Йўлдан адашган ортига қайтмайдими?!

5Нима учун бу халқ Мен кўрсатган йўлдан озди?

Нима учун Қуддус аҳли тўғри йўлга қайтмаяпти?

Улар ёлғонга қаттиқ ёпишиб олдилар,

Ҳузуримга қайтишдан бош тортдилар.

6Мен уларнинг гапларига яхшилаб қулоқ солдим,

Биронтаси тўғри гап айтмайди.

Ҳеч бири қилмишидан пушаймон бўлмайди,

“Нималар қилиб қўйдим?” демайди.

Улар жангга чопган отга ўхшайдилар

Ўз йўлларидан қайтмайдилар.

7Ҳаттоки осмондаги лайлаклар

Қайтиб келиш вақтини билади.

Каптар, қалдирғочу турналар

Мавсумда кўчиш вақтига амал қилади.

Менинг халқим эса ўз Эгасининг

Қонун–қоидаларини билмайди.

8Сизлар: “Биз дономиз” деб айтасиз,

“Бизда Эгамизнинг қонунлари бор”, деб мақтанасиз.

Аслида тафсирчилар қаллоблик қилиб,

Қонунимни ўзгартирдилар.

9Бундай донолар шарманда бўлади,

Саросимага тушиб, тузоққа илинади.

Эгамизнинг сўзини рад этганларни

Доно, деб бўладими?!

10Шунинг учун уларнинг хотинларини бошқаларга бераман,

Далаларини босқинчиларга топшираман.

Зотан уларнинг кичигидан тортиб каттасигача

Нафсини тиёлмай ҳаром йўл билан пул топишади.

Пайғамбаридан тортиб руҳонийсигача —

Ҳаммаси товламачилик қилишади.

11Халқимнинг яраларини юзаки даволашади.

Аҳвол оғир бир пайтда “ҳаммаси яхши”, деб айтишади.

12Жирканч ишлари учун улар уяладиларми?

Йўқ, улар уялмайдилар!

Қизариш деган нарсани билмайдилар.

Шунинг учун бошқалардай ҳалок бўладилар,

Уларни жазолаб, хонавайрон қиламан”, деб айтмоқда Эгамиз.

13“Мен уларнинг ҳосилини тортиб оламан.

Токларида узум қолмайди,

Анжир дарахтлари мева тугмайди,

Барглари тўкилиб хазон бўлади.

Уларга нима берган бўлсам,

Ҳаммасидан жудо бўлишади.”

Эгамизнинг каломи шудир.

14Яҳудо одамлари бир–бирига айтишади:

“Бу ерда нима қилиб ўтирибмиз ахир?

Қани бўлинглар, йиғилишиб,

Мустаҳкам шаҳарларга қочиб борайлик,

Ўша ерда жон таслим қилайлик.

Эвоҳ, Эгамизга қарши гуноҳ қилдик!

Эгамиз Худо бизни ўлимга маҳкум этди,

Заҳарли сувдан бизга ичирди.

15Биз тинчликни изладик,

Аммо яхшилик келмади.

Шифо топмоқчи эдик,

Аммо ваҳимага дучор бўлдик.

16Ана, душман Дан шаҳрига етиб келди,

У ердан отларининг пишқиргани эшитилмоқда.

Айғирларнинг кишнагани

Бутун юртни титратмоқда.

Душман юртимизни яксон қилмоқчи,

Шаҳарларни вайрон этиб, одамларни ўлдирмоқчи.”

17Эгамиз шундай демоқда:

“Мен орангизга илонларни юборяпман,

Бу заҳарли илонлар сизларни чақади,

Бу илонларни ўйнатиб бўлмайди.”

 

Еремиёнинг халқи учун тортган жафоси

 

18Қайғуларимга тасалли топа олмаяпман,

Юрак–бағрим эзилиб кетди.

19Халқим фарёд этмоқда,

Юрт бўйлаб дод–войлари эшитилмоқда:

“Наҳотки Эгамиз Қуддусни тарк этган бўлса?!

“Наҳотки Шоҳимиз Сионда бўлмаса?!”

Эгамиз шундай жавоб берди:

“Улар бутлари билан қаҳримни келтирдилар–ку!

Яроқсиз бегона тасвирлари билан Мени ғазаблантирдилар–ку!”

20Халқ эса шундай деб нолимоқда:

“Ўрим вақти ўтди,

Ёз ҳам тугади,

Биз эса ҳануз қутқарилмадик!”

21Халқим тортган азоблардан эзилиб кетдим,

Қайғуриб, ваҳимага тушдим.

22Нима, Гиладда малҳам йўқмиди?!

Табиб йўқмиди?!

Ундай бўлса, нега халқим шифо топмаяпти?

 

9–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

1Кошкийди, бошим бир булоқ бўлса,

Кўзларим ёшлар чашмаси бўлса.

Халқим ҳалокатга учрагани учун,

Кечаю кундуз йиғлаган бўлар эдим!

2Қанийди, саҳрода бир қўнолғам бўлсайди,

Мен халқимни тарк этган бўлардим,

Уларнинг орасидан чиқиб кетардим!

Ахир, уларнинг ҳаммаси зинокор, хоинлар тўдасидир.

3Эгамиз шундай демоқда:

“Халқим тилларини камон каби қайириб,

Ёлғон сўзларни ўқдек отишади.

Халқим ноҳақлик қилиб, юртда кучайиб бормоқда,

Ёмонлик кетидан ёмонлик қилмоқда,

Улар Мени тан олмайдилар.”

4“Қўшнингиздан эҳтиёт бўлинг,

Қариндошингизга ишонманг.

Ҳамма қариндошингиз ёлғончи,

Ҳамма қўшнингиз туҳматчи.

5Қўшни қўшнисини алдайди,

Биронтаси тўғри гап гапирмайди.

Тили ёлғон гапиришга ўрганиб қолган.

Ҳолдан тойгунча гуноҳ қилишади.

6Эй Еремиё, сен ёлғончилар орасида яшаяпсан,

Улар ёлғонлари дастидан

Мени тан олишни хоҳламаяптилар.”

Эгамизнинг каломи шудир.

7Шу сабабдан Сарвари Олам демоқда:

“Мен халқимни синовдан ўтказиб, поклайман.

Уларни бошқа нима ҳам қилар эдим?!

8Уларнинг тили ҳалокат келтирадиган ўққа ўхшайди,

Оғзидан фақат ёлғон сўзлар чиқади.

Қўшниларига ширин гапиришади,

Ичларида эса уларни тузоққа туширмоқчи бўлишади.

9Шундай экан, булар учун уларни жазоламайми?! — деб айтмоқда Эгамиз,

Шундай бир халқдан ўч олмайми?!”

10Мен тоғлар учун фарёд қилиб, йиғлайман,

Даштдаги яйловлар учун марсия айтаман,

Чунки яйловларнинг ҳаммаси қуриб қолган.

У ердан ҳеч ким ўтмайди,

Сигирларнинг маъраши эшитилмайди.

Қушлару ҳайвонлар бу ерларни тарк этган.

11Эгамиз шундай деди:

“Мен Қуддусни вайрон қиламан,

Бу ерни чиябўриларнинг маконига айлантираман.

Яҳудо шаҳарлари ҳувиллаб қолади,

У ерда биронта ҳам одам қолмайди.”

12Мен Эгамиздан сўрадим: “Эй Эгам, нечун бу юрт шу қадар вайрон бўлиб кетди? Нечун саҳро каби ҳувиллаб қолди? У ерда биронта ҳам сайёҳ кўринмайди. Қайси фаросатли одамнинг бунга ақли етади?! Сен буларни ким орқали халққа етказасан?”

13Эгамиз шундай жавоб берди: “Мен халқимга қонунлар берган эдим, лекин улар рад этдилар, Менга итоат этмадилар, қонунларимга риоя қилмадилар. 14Аксинча, юракларининг ўжарликларини қилдилар, ота–боболари ўргатгандек Баалга сиғиндилар.” 15Шунинг учун Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: “Мен бу халққа аччиқ ўтдан едириб, заҳарли сувдан ичираман. 16Ўзлари ва ота–боболари билмаган халқлар орасига Мен уларни тарқатиб юбораман. Уларнинг кетидан қилич жўнатиб, қирдириб ташлайман.”

 

Қуддус аҳолиси аза тутади

 

17Сарвари Олам шундай демоқда:

“Энди қулоқ солинг!

Йиғичиларни чақириб келинг,

Уларнинг энг моҳирлари келсин.”

18Халқ шундай деди:

“Уларга айтинг, тезроқ келсин.

Биз учун марсия айтишсин,

Кўзимиздан ёшлар оқсин,

Киприкларимиздан сувлар тўкилсин

19Ана, Қуддусдан фарёд эшитилмоқда:

“Хонавайрон бўлдик!

Қандай шармандагарчилик!

Юртимизни тарк этишга мажбурмиз,

Уйларимиз вайрон бўлди.”

20Эй аёллар, Эгамизнинг сўзини эшитинг,

Унинг оғзидан чиққан ҳар бир сўзига қулоқ солинг.

Қизларингизга марсия айтишни ўргатинг,

Бир–бирингизга йиғи қўшиғини ёдлатинг.

21Ана, деразалардан ўлим ўрмалади,

Қалъаларимизга кириб олди.

Кўчалардаги болаларни йўқ қилиб ташлади,

Майдонлардаги ёшларни қириб юборди.

22Эй аёллар, сизлар айтинг:

— Эгамиз шундай демоқда:

“Одамларнинг жасадлари ётади

Даладаги гўнг каби,

Ўроқ солинган буғдой каби.

Уларни ҳеч ким йиғиштириб олмайди.”

23Эгамиз шундай деб айтмоқда: “Донолар донолиги билан мақтанмасин. Кучлилар кучи билан мақтанмасин. Бойлар бойлиги билан мақтанмасин. 24Ким мақтанмоқчи бўлса, Худони биламан, деб мақтансин, Худони тушунаман, деб мақтансин. Мен Эгангизман. Мен меҳр–шафқат кўрсатаман, ер юзида адолату ҳақиқат ила иш тутаман. Бундай қилишдан Мен завқланаман.” Эгамизнинг каломи шудир.

25Эгамиз шундай демоқда: “Шундай кунлар келадики, бадани суннат қилинган, юраги эса суннат қилинмаган одамларнинг ҳаммасини Мен жазолайман. 26Ҳа, Мен Мисрликларни, Эдом наслини, Оммон халқини, Мўабликларни, сочини олдириб юрадиган чўл қабилаларининг ҳаммасини ва улар билан бирга Ўз халқим Яҳудони жазолайман. Чунки аслида, бу халқларнинг ҳаммаси суннатсиз, уларнинг юраги суннат қилинмаган.”

 

10–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Бутлар ҳақида

 

1Эй Исроил халқи, Эгамиз сизларга айтаётган сўзларга қулоқ солинг. 2Эгамиз шундай демоқда:

“Бошқа халқларга тақлид қилманглар,

Бошқа халқлар сингари

Осмондаги аломатлардан қўрқманглар.

3Халқларнинг удумлари беҳуда!

Улар ўрмондан дарахт кесади,

Ҳунарманд болтаси билан унга шакл бериб,

4Кумушу олтин билан безатади.

Йиқилиб кетмасин, дея мих билан маҳкамлайди,

5Бутлари полиздаги қўриқчиларга ўхшайди.

Улар гапира олмайди.

Уларни кўтариб юриш керак бўлади,

Ўзлари юра олмайди.

Улардан қўрқманглар,

Уларнинг қўлидан ҳеч қандай ёмонлик келмайди,

Яхшилик ҳам қила олмайди.”

 

Еремиё Худонинг шаънига ҳамду санолар айтади

 

6Эй Эгамиз, Сенга ўхшаши йўқ!

Сен буюкдирсан,

Сенинг номинг улуғ ва қудратлидир.

7Эй элларнинг Шоҳи,

Сендан қўрқмайдиган бирор зот борми?!

Сен бунга лойиқдирсан.

Халқларнинг донишмандлари орасида,

Уларнинг шоҳлари орасида

Сенга ўхшаши йўқ.

8Аҳли донишу шоҳлар аҳмоқ ва бефаросат.

Улар бетайин ёғоч бутларидан маслаҳат олишади.

9Бутларини ясаш учун кумушни Таршишдан,

Олтинни Уфаздан келтиришади.

Бутларни ҳунарманду заргарлар ясаган.

Кўк ва сафсар либослар билан безаган,

Ҳаммаси — моҳир усталарнинг ишидир.

10Аммо Эгамиз ҳақ Худодир.

У барҳаёт Худо ва абадий Шоҳдир.

Ғазабланганда ер силкинади,

Унинг қаҳрига халқлар дош бермайди.

11— Бошқа халқларга шундай деб айт: “Бу худолар еру осмонни яратмаган. Улар ер юзидан ва осмон остидан йўқ бўлиб кетади.”

12Эгамиз қудрати ила ерни яратди,

Донолиги ила дунёни бунёд этди,

Идроки ила осмон гумбазини ўрнатди.

13Унинг овозидан осмондаги сувлар гулдурайди,

У дунёнинг тўрт бурчидан булутлар олиб келади.

Ёмғир ёғдиришдан олдин момақалдироқни гулдиратади,

Омборларидаги шамоллардан эсдиради.

14Унинг олдида ҳамма одамлар аҳмоқ ва нодондир.

Заргарлар ўз бутлари туфайли шарманда бўлади,

Уларнинг санамлари жонсиз ва сохтадир.

15Бу бетайин бутлар алдамчидир.

Уларни жазолаганим заҳоти йўқ бўлишади.

16Ёқубнинг Худоси эса ундай эмас.

Бутун борлиқни У яратган,

Исроил қабиласини Ўзига мулк қилган.

Унинг номи Сарвари Оламдир.

 

Сургун вақти яқинлашиб келмоқда

 

17Эй қуршовда яшаганлар!

Бор–йўғингизни йиғиштириб олинг.

18Зеро, Эгамиз шундай демоқда:

“Мен сизларни Исроил юртидан улоқтириб ташлайман,

Бошингизга кулфат ёғдираман,

Токи сизлар буни сезинглар.”

19Шўрим қурисин! Шунчалик азобларга қолдим!

Оғир яраланган эканман.

Аммо ўзимга ўзим “Бошимда шу дард бор экан,

Унга чидашим керак”, дедим.

20Чодирим йиқитилган, иплари узиб ташланган.

Фарзандларим кетди, улар йўқ бўлди.

Энди чодиримни ким тикади?!

Чодиримнинг пардаларини ким осади?!

21Ахир, чўпонлар аҳмоқ,

Улар Эгамиздан маслаҳат олмадилар.

Шунинг учун ҳам ишлари ўнгидан келмади,

Қўйлари ҳар ёққа тарқалиб кетди.

22Эшитинглар! Бир хабар келмоқда!

Ана, шимолдан шовқин–сурон кўтарилмоқда!

Лашкарлар Яҳудо шаҳарларини хароб қилар эмиш,

Чиябўрилар яшайдиган маконга айлантирар эмиш.

23Эй Эгам, биламан,

Одам зоти ўз тақдирини ўзи белгилай олмайди,

Ўз қадамини ўзи бошқара олмайди.

24Эй Эгам, мени жаҳл устида жазоламагин.

Адолатинг ила ҳақ йўлга солгин,

Акс ҳолда мени йўқ қилиб юборасан.

25Сени тан олмайдиган халқлар устига қаҳрингни соч,

Сенга сажда қилмайдиган эллар устига соч,

Ахир, улар Ёқуб наслининг бошини едилар.

Ҳаммасини ҳалок этиб, йўқ қилдилар,

Юртини харобазорга айлантирдилар.

 

11–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Еремиё ва Аҳд

 

1Еремиёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди: 2“Менинг Исроил халқи билан тузган аҳд шартларимга қулоқ сол. Буларни Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолисига етказ. 3Уларга айт: Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: “Ушбу аҳд шартларига риоя қилмаган ҳар бир одам лаънати бўлсин! 4Мен ота–боболарингизни Мисрдан, ўша темир ўчоқ ичидан олиб чиққан эдим. Уларга, гапларимга қулоқ солинглар, ҳамма амрларимни бажаринглар, деб айтган эдим. Агар шундай қилсангиз, сизлар Менинг халқим, Мен эса сизнинг Худойингиз бўламан, деб айтдим. 5Мен ота–боболарингизга берган қасамимни бажариш учун шу сўзларни айтган эдим. Мана, Мен уларга ваъда қилган, сут ва асал оқиб ётган юртда сизлар яшаб юрибсизлар.”

“Омин, эй Эгам, айтганинг келсин”, дедим мен.

6Эгамиз менга шундай деди: “Айтадиган гапларимнинг ҳаммасини Яҳудо шаҳарларида ва Қуддус кўчаларида шундай деб эълон қилгин: Ушбу аҳднинг шартларини эшитинглар, уларга риоя қилинглар. 7Мен ота–боболарингизни Мисрдан олиб чиққанимдан бери уларни огоҳлантириб келдим. Уларга: “Менинг гапларимга қулоқ солинглар”, деб қайта–қайта айтдим. 8Аммо улар итоат қилмадилар, Менга қулоқ солмадилар. Аксини қилиб, ёвуз юракларининг ўжарликларини бажардилар. Шунинг учун аҳдда ёзилган ҳамма лаънатларни уларнинг бошига солдим. Мен уларга буюрган аҳдимнинг шартларини бажармаганлари учун шундай қилдим.”

9Эгамиз менга деди: “Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолиси Менга қарши фитна уюштиришмоқда. 10Улар ота–боболарининг эски гуноҳларига қайтишди. Ота–боболари сингари гапларимга қулоқ солмай, бегона худоларга эргашиб, сажда қилишди. Яҳудо халқи Исроил халқига тақлид қилди, Мен ота–боболари билан тузган аҳдимни улар бузишди.” 11Шунинг учун Эгамиз шундай деб айтмоқда: “Уларнинг бошларига шундай кулфат келтираманки, биронтаси ҳам қутулиб қололмайди. Менга илтижо қилишса ҳам, уларнинг илтижоларига қулоқ солмайман. 12Ўшанда Яҳудо халқи билан Қуддус аҳолиси худоларига илтижо қилишади. Улар бу худоларига қурбонликлар келтиришар эди. Аммо кулфат куни ўша худолари уларни асло қутқаролмайди. 13Эй Яҳудо халқи, шаҳарларингиз сони қанча бўлса, худоларингиз ҳам шунчадир. Қуддусдаги кўчалар қанча кўп бўлса, қурбонгоҳларингиз ҳам шунчадир. Сизлар бу қурбонгоҳларни жирканч Баалга қурбонликлар келтириш учун қургандингизлар.”

14“Эй Еремиё, сен бу халқ учун ибодат қилма. Улар учун илтижо қилиб ёлворма. Уларнинг бошларига кулфат тушиб, илтижо қилганларида, Мен уларга қулоқ солмайман. 15“Aзиз халқим шунча жирканч ишлар қилди. Энди уйимга киришларига нима ҳақлари бор?! Ваъдалару қурбонликлар билан кулфатнинг олдини олиб бўлармиди?! Ахир, халқим қабиҳликлар қилаётганда севинди–ку!”

16Эгамиз Ўз халқини “Яхши мева берадиган, мафтункор ям–яшил зайтун дарахти”, деб атаган эди. Аммо энди Эгамиз бўроннинг даҳшатли товуши остида дарахтга ўт қўяди, унинг шох–шаббалари ёниб кетади. 17Бу дарахтни эккан Сарвари Оламнинг Ўзи уни йўқ қилишга амр берди. Зеро, Исроил ва Яҳудо халқлари қабиҳликлар қилдилар. Баалга қурбонликлар келтириб, Худони ғазаблантирдилар.

 

Еремиёнинг жонига қасд қилишади

 

18Эгамиз менга душманларимнинг фитнасини аён қилди. Эгамиз уларнинг ёвуз қилмишларини кўрсатгани учун, мен бу ҳақда хабар топдим. 19Мен бўғизланишга олиб кетилаётган ювош қўзидай бўлган эканман. Душманларим менга қарши фитна уюштирганларини пайқамаган эканман. Улар шундай деб айтишган эди:

“Дарахт ва унинг мевалари кесилгандай,

Келинглар, уни ҳам бу дунёдан даф қилайлик,

Унинг хотирасини ўчирайлик!”

20Эй Сарвари Олам,

Сен адолат билан ҳукм қиласан,

Инсоннинг юрагини, хаёлларини синайсан.

Душманларимдан ўч олганингни кўрай,

Даъвоимни Ўзинг ҳал қил!

21Шунда Эгамиз менга шундай деди: “Эй Еремиё, Онотўт аҳолиси сенга: “Эгамизнинг номидан гапирма, бўлмаса ўласан”, деб айтиб юришибди.” 22Аммо Мен, Сарвари Олам, шундай демоқдаман: “Мен уларни жазолайман! Йигитлари қиличдан ўлади. Ўғил–қизлари қаҳатчиликдан нобуд бўлади. 23Уларнинг биронтаси омон қолмайди. Белгиланган вақтда Онотўт аҳолисининг бошига кулфат келтираман.”

 

12–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Еремиё Эгамизга саволлар беради

 

1Сен билан даъволашганимда, эй Эгам,

Сен ҳар доим ҳақ бўлиб чиқасан.

Шундай бўлса–да, Сен билан яна гаплашмоқчиман,

Адолат хусусида савол бермоқчиман.

Нечун фосиқларнинг иши юришади?

Нечун мунофиқлар роҳатда яшайди?

2Уларни Сен экиб ундирдинг,

Улар ўсиб ҳосилга кирдилар.

Номинг уларнинг оғзидан тушмайди,

Аммо диллари Сендан узоқдир.

3Лекин Сен, эй Эгам, мени биласан.

Сен мени синагансан,

Дилим Сенга мойил эканини Ўзинг кўрдинг.

Энди ёвларимни бўғизланадиган қўйлардай судрагин!

Бўғизлашга тайёрлаб, ажратиб қўйгин!

4Оҳ, қачонгача ер қақраб ётади?

Қачонгача ҳамма даладаги ўтлар қурийди?

Бу ерда яшайдиган фосиқларнинг дастидан,

Қушлару ҳайвонлар нобуд бўлди.

Бу одамлар: “Бизга нима бўлишини

Еремиё қаердан ҳам биларди?!” деб айтишади.

5Эгамиз менга деди: “Эй Еремиё,

Сен одамлар билан пойга қилиб ҳолдан тойган бўлсанг,

Қандай қилиб отлар билан пойга қиласан?!

Фақат осойишта юртда ўзингни бехатар сезсанг,

Иордан бўйидаги чакалакзорда нима қиласан?!

6Ҳатто қариндошларинг ҳам сендан юз ўгирди,

Ўз оиланг сенга хиёнат қилди.

Овози борича сенга дўқ урди.

Улар сенга ширин гапиришса ҳам,

Уларнинг сўзларига ишонма.”

 

Эгамиз Ўз халқи учун қайғуради

 

7Эгамиз шундай деб айтди:

“Мен хонадонимни тарк этдим,

Мулк қилиб олган халқимни рад этдим.

Севган халқимни душманларининг қўлига бердим.

8Ўз халқим Менга

Ўрмондаги шердай бўлиб қолди.

У Менга қараб бўкирди,

Шунинг учун ундан нафратландим.

9Ўз халқим Менга

Олачипор калхатдай бўлиб қолди.

Бошқа калхатлар халқимни ўраб олди!

Боринг, барча ёввойи ҳайвонларни йиғинг,

Халқимни ғажиб ташлашсин.

10Тўда–тўда чўпонлар узумзоримни хароб қилдилар,

Даламни улар пайҳон қилдилар.

Ҳа, гўзал даламни ташландиқ чўлга айлантирдилар.

11Улар еримни хароб қилдилар,

Ташландиқ ерим кўз олдимда қақраб ётибди.

Бутун юртим вайрон бўлди,

Аммо бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

12Босқинчилар саҳродаги

Ҳамма яланг қирларни эгаллаб олдилар.

Энди Менинг қиличим бутун юртни вайрон қилади,

У бошидан бу бошигача ҳаммани қириб ташлайди.

Бехатар яшаётган биронта одам қолмайди.

13Менинг халқим буғдой экди,

Аммо тикан ўриб олди,

Зўр бериб ишлади,

Аммо ҳеч нарсага эришмади.

Қаттиқ қаҳрим ҳосилини нобуд қилди.

Улар ҳосилсиз қолиб, шарманда бўлишди.”

 

Эгамиз қўшни халқларга ваъда беради

 

14Эгамиз шундай демоқда: “Мен халқимга Исроил юртини мулк қилиб берган эдим, аммо унинг ёвуз қўшнилари халқимга ҳужум қилиб, юртимни талон–тарож қилдилар. Мен бу ёвуз халқларни ўз юртларидан суғуриб ташлайман. Яҳудо халқини уларнинг исканжасидан суғуриб оламан. 15Ўша ёвуз халқларни суғуриб ташлаганимдан кейин, уларга яна раҳм–шафқат қиламан. Ҳаммасини ўз юртларига, ўз мулкларига қайтариб олиб келаман. 16Илгари бу халқлар Исроил халқига Баал номи билан қасам ичишни ўргатган эдилар. Агар энди улар халқим Исроилнинг йўлини астойдил ўргансалар, “Эгамиз шоҳид” дея Менинг номим билан қасам ичсалар, халқим орасида ўрнашиб оладилар. 17Борди–ю, биронта халқ Менга итоат этмаса, ўша халқни таг–томири билан қўпориб ташлайман.” Эгамизнинг каломи шудир.

 

13–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Зиғир толасидан тўқилган қийиқча

 

1Эгамиз менга шундай деди: “Бор, ўзинг учун зиғир қийиқча сотиб ол. Уни белингга боғла, аммо сувга теккизма.” 2Эгамизнинг амрига биноан мен қийиқча сотиб олиб, белимга боғлаб олдим. 3Кейин Эгамиз менга шу сўзини аён қилди: 4“Сотиб олган белингдаги қийиқчани қўлингга олгину Поро анҳорининг бўйига туш. Қийқчани қоянинг ёриқ жойига яшириб қўй.” 5Мен Эгамиз буюрганидек қилдим. Қийиқчани Поро анҳорининг бўйига яшириб қўйдим. 6Орадан анча кун ўтгандан сўнг, Эгамиз менга шундай деди: “Қани, Поро анҳорининг бўйига бор, Менинг амримга биноан у ерда яшириб қўйган қийиқчани олиб кел.” 7Шунда мен бориб, қийиқчани ўзим яшириб қўйган жойдан ковлаб олдим. Аммо қийиқча чириб кетган, ҳеч нарсага ярамайдиган бўлиб қолган эди.

8Шунда Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди. 9Эгамиз шундай демоқда: “Мен Яҳудо халқининг мағрурлигини ва Қуддус аҳолисининг такаббурлигини қийиқча каби чиритаман. 10Бу фосиқ халқ сўзларимни эшитишдан бош тортди, ўжар юрагининг хоҳишини бажарди. Бегона худоларга эргашди, уларга хизмат қилиб, сажда этди. Улар ўша чириб кетган қийиқча каби, ҳеч нарсага ярамайдиган бўладилар. 11Қийиқча одамнинг белига ёпишиб тургани каби, Мен жамики Исроил ва Яҳудо халқларини Ўзимга яқин тутар эдим: Улар Менинг халқим бўлишади, Менга шон–шуҳрат, олқишлар ва шараф келтиришади, деб шундай қилган эдим. Аммо улар қулоқ солмадилар.” Эгамизнинг каломи шудир.

 

Шароб мешлари

 

12Исроил халқининг Худоси — Эгамиз менга шундай деди: “Еремиё, халққа айт: Шароб мешлари шароб билан тўлдирилиши керак. Борди–ю, улар сенга: “Шароб мешлари шароб билан тўлдирилиши кераклигини ўзимиз ҳам биламиз”, деб айтишса, 13сен уларга шундай деб жавоб бер: “Эгамиз демоқда: Мен бу юртдаги ҳамма одамларни маст қиламан. Довуд тахтида ўтирган шоҳдан тортиб, руҳонийлар, пайғамбарлар ва Қуддуснинг бутун аҳолисигача — ҳаммани маст қиламан. 14Мен уларни бир–бирларига, ота–оналарни болаларига қарши қилиб қўяман. Уларни аямай йўқ қилиб ташлайман, уларга ачинмайман, раҳм–шафқат қилмайман.” Эгамизнинг каломи шудир.

 

Еремиё мағрурлик ҳақида огоҳлантиради

 

15Эшитинглар, қулоқ солинглар,

Катта кетманглар,

Зотан, Эгамиз гапирмоқда.

16Худо устингизга зулмат юбормасдан олдин,

Қоронғи қирларда қоқилмасингиздан олдин,

Эгангиз Худони улуғланг.

Акс ҳолда сиз кутаётган ёруғликни

У зулматга айлантиради,

Уни тим қоронғи қилади.

17Агар сиз гапларимга қулоқ солмасангиз,

Мағрурлигингиз учун қалбим пинҳон йиғлайди.

Мен аччиқ–аччиқ кўз ёш тўкаман,

Ахир, Эгамизнинг қўйлари

Aсирликка олиб кетилади.

18Эгамиз менга деди:

“Шоҳга ва она маликага шундай дегин:

Тахтдан тушинглар,

Ахир, чиройли тожингиз

Бошингиздан тушиб кетди.

19Нагав чўлидаги шаҳарлар беркитилган,

Дарвозаларни очадиган кимса йўқ.

Яҳудо халқи асирликка олиб кетилди,

Ҳа, бутун халқ сургун қилинди.”

20Эй Қуддус, шимолдан келаётганларга бир қара!

Қани сенинг чиройли қўйларинг?

Қани сенга топширилган сурувинг?

21Сен иттифоқдошларингга ўзинг устозлик қилган эдинг,

Эгамиз ўшаларни бошингга чиқарганда, нима дер экансан?

Шунда сен тўлғоқ тутган аёлдай бўлиб қоласан–ку!

Дард азобида қолиб кетасан–ку!

22“Нега булар бошимга тушди?” дерсан.

Сен кўп гуноҳ қилдинг,

Этагинг кўтарилди, хўрландинг.

23Ҳабашистонлик терисининг рангини ўзгартира оладими?!

Қоплон терисидаги холларини йўқота оладими?!

Шу сингари сизлар ҳам яхшилик қила олмайсизлар,

Ёмонлик қилишга одатланиб қолгансизлар!

24Гармсел сомонни тўзғитгандай,

Эгамиз ҳам сизларни сочиб ташлайди.

25Бу сизларнинг қисматингиздир,

Бошингизга ёғиладиган кулфатингиздир.

Сизлар Эгамизни унутдингизлар,

Сохта худоларга инондингизлар.

26Худо кўйлагингиз этагини баланд кўтаради,

Шармандангизни чиқаради.

27У кўрди далаларда, қирларда

Қилган жирканч ишларингизни,

Зино ва шаҳвоний қийқириқларингизни.

Кўрди уятсизларча қилган фоҳишабозлигингизни.

Эй Қуддус, ҳолингга вой!

Қачонгача булғаниб юрасан?!

 

14–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Даҳшатли қурғоқчилик

 

1Еремиёга Эгамизнинг қурғоқчилик ҳақидаги сўзи аён бўлди:

2“Яҳудо аза тутмоқда,

Шаҳарлари адойи тамом бўлди.

Одамлар қайғуга ботган,

Бағрларини ерга бериб ётибди,

Қуддусдан фарёд кўтарилмоқда.

3Асилзодалар хизматкорларини сувга юбордилар.

Хизматкорлар сардобаларга борган эдилар,

Аммо сув топа олмадилар.

Идишлари бўм–бўш қайтиб келдилар.

Улар тушкунликка тушдилар,

Шарманда бўлиб қолдилар,

Уятдан юзларини беркитиб олдилар.

4Ёмғир ёғмагани–чун ер ёрилиб кетди,

Деҳқонлар умидсизликка тушди,

Юзларини беркитиб олишди.

5Ҳатто чўлдаги она оҳу ҳам,

Ўт–ўлан бўлмагани учун,

Янги туғилган оҳучаларини ташлаб кетмоқда.

6Қулонлар яланг қирларда туриб,

Чиябўрилар каби ҳансираяпти,

Ўт йўқлигидан қулонларнинг кўзлари киртайиб қолган.”

7Гуноҳларимиз бизга қарши гувоҳлик берса–да,

Ўз номинг ҳақи–ҳурмати бизга раҳм қил, эй Эгам.

Ахир, биз Сенга кўп хиёнат қилдик,

Сенга қарши гуноҳ ишлар қилдик.

8Эй, Исроилнинг ёлғиз умиди,

Кулфат вақтида Қутқарувчиси!

Нечун юртимизда мусофирга ўхшайсан,

Бир кечагина тунайдиган сайёҳга ўхшайсан?

9Нега саросимага тушган одамга ўхшайсан?

Нега ёрдам бера олмайдиган жангчига ўхшайсан?

Эй Эгам, Сен бизнинг орамиздасан–ку!

Биз Сеникимиз.

Бизни тарк этма!

10Эгамиз бу халқ ҳақида шундай демоқда:

“Улар ўзларини сира тия олмайдилар,

Дайдиб юришни ҳақиқатан яхши кўрадилар.

Шунинг учун Мен улардан рози эмасман,

Энди қабиҳликларини ёдга оламан,

Гуноҳлари учун уларни жазолайман.”

11Сўнг Эгамиз менга шундай деди: “Бу халқ учун ибодат қилма. 12Улар рўза тутишса ҳам, Мен уларнинг илтижоларига қулоқ солмайман. Менга атаб қурбонликлар куйдиришса ҳам, дон назрларини олиб келишса ҳам қабул қилмайман. Аксинча, уларни қаҳатчилик, уруш ва ўлат орқали қириб ташлайман.”

13Мен эса шундай дедим: “Ё Эгам Раббий, пайғамбарлар бу халққа, уруш ва қаҳатчилик бўлмайди, сизлар бу юртда чинакамига осойишта ҳаёт кечирасизлар, деб айтишмоқда–ку.”

14Эгамиз менга шундай жавоб берди: “Пайғамбарлар Менинг номимдан ёлғон гапиришмоқда. Мен уларни юбормаганман, уларга гапиришни буюрмаганман. Улар сизларга уйдирмаларни ўзларича башорат қилишяпти, беҳуда фол очиб, хаёлларига келган ёлғонларни гапиришяпти. 15Ўша пайғамбарлар Менинг номимдан гапиришса ҳам, уларни Мен жўнатмаганман. Улар: “Юртда уруш ва қаҳатчилик бўлмайди”, деб айтаётган эканлар, аммо Мен айтаманки, ўша пайғамбарлар уруш ва қаҳатчиликдан нобуд бўлишади. 16Уларнинг гапларини тинглаётган одамлар ҳам уруш ва қаҳатчиликдан ўлади. Жасадлари Қуддус кўчаларида ётади. Уларнинг, хотинларининг, ўғил–қизларининг жасадларини кўмадиган одам бўлмайди. Қилган қабиҳликларини Мен ўзларининг бошларига соламан.”

17Сен уларга шундай деб айт:

“Кечаю кундуз кўзларимдан ёш оқяпти,

Ўзимни тўхтата олмаяпман.

Зеро, бокира қизим — Менинг халқим,

Қаттиқ зарба еди, оғир яраланди.

18Далага чиқаман,

Эвоҳ, ана, қиличдан ҳалок бўлганлар ётибди.

Шаҳарга кираман,

Ана, очарчиликдан ўлганлар ётибди.

Пайғамбару руҳонийлар эса пул дардида юрибдилар,

Одамларга бефойда сўзлар беряптилар.”

 

Одамлар Худога илтижо қилишади

 

19Эй Эгамиз, наҳотки Яҳудони бутунлай рад этган бўлсанг?!

Наҳотки Қуддусдан ҳазар қилсанг?!

Нечун бизни оғир яраладинг?

Шифо топа олмаяпмиз–ку!

Биз тинчликни изладик, аммо яхшилик келмади,

Шифо топмоқчи эдик, аммо ваҳимага дучор бўлдик.

20Эй Эгамиз, Сенга қарши гуноҳ қилдик!

Қабиҳликларимизга иқрор бўлдик,

Ҳа, ота–боболаримизнинг айбларини тан оламиз.

21Номинг ҳақи–ҳурмати бизни рад этма,

Улуғвор тахтинг турган жойни хор қилма.

Биз билан тузган аҳдингни ёдингда тут,

Ўтинамиз, аҳдингни бузма.

22Халқларнинг бетайин бутлари ёмғир ёғдира олармиди?!

Ёғингарчилик осмоннинг хоҳиши билан бўлармиди?!

Буларни қилишга қодир Сен эмасми, эй Эгамиз Худо?!

Биз умидимизни Сенга боғлаганмиз,

Зотан буларнинг ҳаммасини қила оладиган Сенсан.

 

15–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Яҳудо халқининг қисмати

 

1Эгамиз менга деди: “Ҳатто Мусо билан Шомуил ҳузуримда туриб, ёлворганда ҳам, Мен бу халққа ачинмаган бўлардим. Бу халқни ҳузуримдан ҳайда! Йўқолишсин! 2Улар сендан “Қаерга борамиз?” деб сўрашса, уларга шундай деб айт: Эгамиз шундай демоқда:

Ҳамма пешанасидагини кўрсин,

Баъзилар ўлатга йўлиқиб нобуд бўлсин,

Баъзилар қиличдан ўтказилсин,

Баъзилар очликдан қирилиб кетсин,

Баъзилар асирликка тушиб, сургунга кетсин.

3Эгамиз демоқда: “Уларнинг бошига тўрт хил бало–офатни келтираман: улар қиличдан ҳалок бўлишади, жасадларини итлар судрайди, қушлар ва ёввойи ҳайвонлар уларни ғажиб ташлайди. 4Ҳизқиё ўғли Манаше Яҳудо шоҳлиги тахтида ўтириб, Қуддусда кўп қабиҳликлар қилган эди. Ўша қабиҳликлар туфайли дунёдаги барча шоҳликлар халқимдан ҳазар қиладиган бўлади.”

5Эгамиз шундай демоқда:

“Эй Қуддус, ким сенга ачинар экан?!

Ким сен учун мотам тутар экан?!

Биронтаси сенга келиб,

Ҳол–аҳвол сўрармикан?!”

6Эгамиз шундай демоқда:

“Сен Мени рад этдинг,

Менга орқа ўгирдинг.

Сенга раҳм қилавериб чарчадим.

Энди сенга қарши қўл кўтараман,

Сени йўқ қилиб юбораман.

7Мен сени юртнинг ҳар бир шаҳрида

Буғдойни совургандай совураман.

Сени фарзандларингдан жудо қиламан.

Эй халқим, сени нобуд этаман,

Ахир, сен ўз йўлингдан қайтмадинг.

8Мен беваларингни денгиз қумидан ҳам кўп қиламан,

Йигитларингнинг оналарига қарши

Куппа–кундуз куни қирғин этувчини жўнатаман.

Тўсатдан бошларига даҳшат ва азоб–уқубат соламан.

9Етти фарзанднинг онаси ҳолдан тойиб, жон беради.

Унинг қуёши кундуз куни ботади,

У хўрланиб, шарманда бўлади.

Омон қолганлари душман қиличидан ўлади.”

Эгамизнинг каломи шудир.

 

Еремиё Эгамизга шикоят қилади

 

10Шўрим қурисин! Нега онам мени дунёга келтирган экан–а?! Мен бутун юрт билан тортишиб, жанжаллашяпман. Қарз олмаган, қарз бермаган бўлсам ҳам, ҳамма мени қарғамоқда.

11Эгамиз шундай деди: “Эй Қуддус аҳли, Мен айримларингизни омон қолдираман, ўшаларга яхшироқ тақдир ато қиламан. Қолганингизнинг устига эса душман тортиб келаман, бошингизга кулфату оғир кунлар соламан. 12Эй Яҳудо халқи, сиз бронза ва темирни синдира олмаганингиз каби, шимолдан сизга ҳужум қиладиган душманларни ҳам синдира олмайсизлар.”

13“Сизлар юртингизнинг ҳамма жойида кўп гуноҳлар қилдингизлар. Шунинг учун бойликларингиз ва хазиналарингиз душманларга текин ўлжа бўлади. 14Ўзингиз билмаган юртда душманларингизга хизмат қиласизлар. Менинг ғазабим оловдай сизларни ямламай ютади”, деб айтмоқда Эгамиз.

15Шунда мен дедим:

Эй Эгам, Сен ҳаммасини биласан,

Ёдга ол мени, ёрдам бергин,

Мени қувғин қилганлардан ўч олгин.

Ғанимларимга сабр–тоқат қилиб,

Тағин мени ҳалок қилиб юборма.

Сени деб хўрланганимни эсингдан чиқарма.

16Айтган ҳар бир сўзингга ташна эдим.

Сўзларингдан шодланар эдим,

Сўзларинг дилимга қувонч бағишлар эди.

Зеро, мен Сенга тегишлиман,

Эй Парвардигори Олам — Эгамиз.

17Мен хушчақчақ улфатлар даврасида ўтирмадим,

Уларнинг хурсандчилигига шерик бўлмадим.

Қўлинг остида ёлғиз ўзим ўтирар эдим,

Сен мени ғазабга тўлдирган эдинг.

18Нега менинг дардим зўрайяпти?

Нега оғир ярам тузалмаяпти?

Наҳотки ёзда қуриган булоқ каби

Умидларимни барбод қилсанг?!

19Эгамиз демоқда:

“Агар тавба қилсанг, сени яна хизматимга оламан.

Бўлмағур гаплар ўрнига тўғри сўзлар гапирсанг,

Сени Ўзимнинг сўзловчим қиламан.

Шунда сен уларнинг олдига бормайсан,

Улар сенинг олдингга келишади.

20Мен сени бу халқ қаршисида

Мустаҳкам бронза девордай қиламан.

Улар сенга ҳужум қилишади,

Лекин сени енга олишмайди.

Ўзим сен билан бирга бўламан,

Сени халос қилиб, қутқараман.

21Ҳа, фосиқлар қўлидан халос қиламан,

Золимлар чангалидан озод этаман.”

Эгамизнинг каломи шудир.

 

16–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Еремиёнинг ҳаёти учун Эгамизнинг режаси

 

1Эгамизнинг қуйидаги сўзи менга аён бўлди: 2“Оила қурма, бу юртда ўғил–қизларинг бўлмасин. 3Бу юртда туғилган ўғил–қизлар ҳақида ва уларни дунёга келтирган ота–оналар ҳақида Мен, Эганг, шундай деяпман: 4Улар оғир хасталиклардан ҳалок бўлишади. Улар учун ҳеч ким аза тутмайди, жасадларини кўмадиган ҳеч–ким бўлмайди, жасадлари гўнг каби ер устида ётаверади. Улар қиличдан ва қаҳатчиликдан ҳалок бўлишади, жасадлари қушлар ва ёввойи ҳайвонларга ем бўлади.”

5Зеро, Эгамиз шундай деб айтмоқда: “Азадор уйга кирма, мотам тутма, таъзия билдирма. Мен бу халқни тинчлик–хотиржамлигимдан маҳрум қилдим. Мен бу халқни севмайман, уларга меҳр–шафқат кўрсатмайман. 6Бу юртнинг каттаю кичиги ўлиб кетади, уларни ҳеч ким кўммайди. Ҳеч ким улар учун аза тутмайди, қайғудан баданини тилмайди, сочини олдирмайди. 7Азадорларга тасалли бериш учун ҳеч ким овқат олиб чиқмайди. Ҳеч ким ота ёки онасидан жудо бўлганларга тасалли бериш учун бир коса шароб узатмайди.

8Зиёфат бўлаётган уйга кирма, улар билан ўтириб, еб–ичма.” 9Зеро, Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Сенинг замонингда шоду хуррамлик садоларига, келин–куёвнинг хурсандчилик овозларига чек қўяман. Буни ўз кўзинг билан кўрасан.

10Айтганларимнинг ҳаммасини одамларга гапириб берганингда, улар сендан шундай деб сўрайдилар: “Нега Эгамиз бизга бундай кулфатларни раво кўряпти? Айбимиз нима? Эгамиз Худога қарши нима гуноҳ қилдик?” 11Сен уларга шундай жавоб бер: Эгамиз айтмоқда: Ота–боболарингиз Мени тарк этдилар. Мендан юз ўгириб, қонунларимга риоя қилмадилар. Бошқа худоларга эргашдилар, уларга хизмат қилиб, сажда этдилар. 12Сизларнинг гуноҳларингиз эса ота–боболарингизникидан ҳам ошиб тушди. Мана, ҳар бирингиз ёвуз юрагингизнинг ўжарликларини бажаряпсиз, Менга қулоқ солмаяпсиз. 13Шунинг учун Мен сизларни бу ердан бошқа бир юртга улоқтириб юбораман. У юртни ўзингиз ҳам, ота–боболарингиз ҳам билмайдилар. У ерда сизлар кечаю кундуз бошқа худоларга хизмат қиласизлар. Энди Мен сизларга раҳм қилмайман.”

 

Халқ сургундан қайтади

 

14Эгамиз демоқда: “Шундай кунлар келадики, одамлар онт ичганда: “Исроил халқини Мисрдан олиб чиққан Эгамиз шоҳид”, деб айтмайдиган бўлади. 15Бунинг ўрнига улар: “Исроил халқини шимолдаги юртдан ва Ўзи сургун қилган барча бошқа юртлардан олиб чиққан Эгамиз шоҳид”, деб онт ичадиган бўлишади. Мен халқимни Ўзим ота–боболарига берган юртга қайтариб олиб келаман.”

 

Яқинлашиб келаётган жазо

 

16Эгамиз шундай демоқда: “Мана, Мен талай душманни юборяпман. Улар халқимни балиқчилар каби тутиб оладилар. У душманлар кетидан бошқаларни жўнатаман, улар овчилар каби халқимни ҳар бир тоғда, ҳар бир тепаликда, қояларнинг жарликларида овлайдилар. 17Мен халқимнинг тутган ҳамма йўлларини кўриб турибман. Уларнинг ёвуз йўллари Мендан яширин эмас. Ҳамма гуноҳлари кўз ўнгимда. 18Қилган гуноҳлари ва қилмишлари учун халқимга икки баробар қилиб қайтараман. Зотан улар жонсиз, жирканч худолари билан юртимни ҳаром қилдилар, Менинг мулкимни макруҳ бутларга тўлдирдилар.”

 

Еремиёнинг ибодати

 

19Эй Эгам, менинг қудратим, қўрғонимсан,

Кулфат кунида паноҳимсан.

Дунёнинг тўрт бурчагидан халқлар

Сенинг олдингга келиб, айтади:

“Аждодларимизнинг сохта бутларидан бўлак ҳеч нарсаси йўқ эди,

Бу бетайин бутларидан фойда бўлмаган эди.

20Инсон ўзи учун худоларни ясай оладими?!

Бундай худолар ҳақиқий Худо эмас–ку!”

21“Шундай экан, уларга сабоқ берай,

Куч–қудратимни уларга кўрсатиб қўяй.

Шунда Эгангиз Mен эканлигимни билиб олишади.”

 

17–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Яҳудо халқининг гуноҳи ва жазоси

 

1Эй Яҳудо халқи, сизларнинг гуноҳингиз темир қалам билан ўйиб ёзилган. Сизларнинг гуноҳингиз тош юракларингиз устига ва қурбонгоҳларингиз шохларига олмос учи билан ўйиб битилган. 2Ҳатто фарзандларингиз ҳам баланд қирлардаги ва серсоя дарахтлар остидаги қурбонгоҳларга бориб, Ашеранинг устунларига сажда қилишади. 3Бутун юртда қилган гуноҳларингиз эвазига Мен Ўз тоғимни, сизнинг ҳамма бойликларингизни, хазиналарингизни ва барча саждагоҳларингизни душманга ўлжа қилиб бераман. 4Сизларга Мен мулк қилиб берган юртдан ўз айбингиз туфайли айриласизлар. Мен сизларни ўзингиз билмаган бир юртга жўнатаман, душманларингизга ҳаммангизни қул қилиб бераман. Сизлар Мени ғазаблантирдингиз, ғазабим сўнмас олов каби ёнмоқда.

 

Ҳикматли сўзлар

 

5Эгамиз шундай демоқда:

“Умидини инсонга боғлаган,

Фоний банданинг кучига ишонган,

Юраги Эгамиздан узоқлашган одам лаънатидир.

6Бундай одам саҳродаги бутадай бўлади,

Фаровон ҳаёт кўрмайди.

Чўлнинг қақроқ жойларида,

Шўр босган бўм–бўш ерларда яшайди.”

7“Эгамиздан умид қилган киши бахтлидир,

Ёлғиз Унга инонган саодатлидир!

8Бундай киши сув бўйига ўтқазилган дарахтга ўхшайди,

Оқар сувлар томон илдиз отади.

Куннинг жазирамасидан қўрқмайди,

Барглари доим ям–яшил бўлади.

Қурғоқчилик келганда ҳам безовта бўлмайди,

Мева беришдан тўхтамайди.”

9“Одамнинг юраги шунчалик айёр–ки,

Унинг давоси йўқ!

Унинг ичидагини ким билади?!

10Аммо Мен, Эгангиз, одамнинг юрагини биламан,

Унинг ўй–фикрларини текшираман.

Қилмишига яраша жазолайман,

Қилган ишига яраша тақдирлайман.”

11Ноҳақлик билан бойлик орттирган киши,

Ўзи қўймаган тухумларни босиб ётган какликка ўхшайди.

Бундай киши умрининг ярмида

Бойликларидан маҳрум бўлади,

Ҳаёти охирлаб қолганда аҳмоқ бўлиб чиқади.

12Муқаддас маконимиз

Азалдан юксалтирилган улуғвор тахтдир!

13Эй Эгамиз, Сен Исроилнинг ёлғиз умидисан!

Сени тарк этганларнинг ҳаммаси шарманда бўлур,

Сендан юз ўгирганларнинг исмлари тупроққа ёзилур.

Эй Эгамиз, улар Сени тарк этдилар.

Ҳа, ҳаётбахш сувлар булоғидан воз кечдилар.

 

Еремиё Эгамиздан мадад тилайди

 

14Эй Эгам, менга шифо бер, соғайиб кетай.

Мени қутқаргин, нажот топай.

Ахир, ёлғиз Сени олқишлайман.

15Қара, бу одамлар устимдан кулишяпти,

“Эгамизнинг таҳдидли сўзлари қани?!

Айтганлари бажо бўлсин–чи энди!” деб айтишяпти.

16Мен эса халқингга чўпон бўлдим,

Хизмат қилишдан бош тортмадим.

Офат куни келишини хоҳламаганимни биласан.

Оғзимдан чиққан ҳар бир сўз Сенга аёндир.

17Мени ваҳимага солмагин,

Кулфат кунида паноҳим Сенсан.

18Мени қувғин қилганлар шарманда бўлсин,

Мени эса шарманда қилма.

Душманларим саросимага тушсин,

Мени эса довдиратиб қўйма.

Уларнинг бошларига кулфат келтир,

Жазосини икки баробар оғирроқ қилгин.

 

Шаббат кунига риоя қилиш

 

19Эгамиз менга шундай деди:

— Яҳудо шоҳлари кириб чиқадиган Халқ Дарвозаси олдига бориб тур, сўнг Қуддуснинг бошқа дарвозалари олдига ҳам бор. 20Борганингда халққа шундай деб айт: “Эй Яҳудо шоҳлари, эй Яҳудо халқи, бу дарвозадан ўтиб юрган бутун Қуддус аҳолиси, Эгамизнинг сўзини эшитинглар! 21Эгамиз шундай деб айтмоқда: Шаббат куни юк ташиманглар, Қуддус дарвозаларидан юкни кўтариб кирманглар. Ҳушёр бўлинглар, тағин ҳаётингизга ўзингиз зомин бўлиб қолманглар. 22Шаббат куни уйингиздан бирон юкни кўтариб чиқманглар, ҳеч қандай иш қилманглар. Мен ота–боболарингизга амр қилганимдек, Шаббат кунини муқаддас деб билинглар. 23Ота–боболарингиз гапларимга эътибор бермаган, Менга қулоқ солмаган эдилар. Улар қайсарлик қилиб, сўзларимни тингламагандилар, гапимга кирмагандилар.” 24Энди Эгамиз шундай демоқда: “Борди–ю, сизлар гапларимга қулоқ солсангизлар, Шаббат куни шаҳар дарвозаларидан юк ташимасангизлар, ўша муборак кунни муқаддас деб билиб, ҳеч қандай иш қилмасангизлар, 25Қуддус тахтида доим Довуд наслидан бўлган шоҳ ўтиради. Жанг араваларию отларни миниб олган шоҳлар ва аъёнлар шаҳар дарвозаларидан киришади. Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолиси улар билан бирга кирадилар. Қуддусдан то абад одам аримайди. 26Шунда Яҳудо шаҳарларидан, Қуддус атрофидаги қишлоқлардан, Бенямин ҳудудидан, қирлардан, ғарбдаги қирлар этакларидан, Нагав чўлидан одамлар келади, улар Эгамизнинг уйига куйдириладиган ва бошқа қурбонликларни, шукрона ва дон назрларини, хушбўй тутатқиларни олиб келадилар. 27Борди–ю, сизлар гапимга қулоқ солмасангизлар, Шаббат кунини муқаддас деб билмай, юк ташиб, дарвозалардан кириб чиқсангизлар, Мен шаҳар дарвозаларини ёндириб юбораман. Олов Қуддус саройларини йўқ қилади, ҳеч ким уни ўчира олмайди.

 

18–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Еремиё кулолнинг уйида

 

1Эгамиз Еремиёга шу сўзини аён қилди: 2“Қани бўл, кулолнинг уйига бор. Ўша ерда сенга бир гап айтаман.” 3Мен кулолнинг уйига бордим. Кулол чарх уриб, ишлаётган эди. 4У лойдан ясаётган идиш бузилиб қолди, шундан кейин у ўзи хоҳлаган шаклдаги бошқа бир идишни ясади.

5Эгамиз Ўз сўзини менга аён қилиб, 6деди: “Эй Исроил хонадони, наҳотки бу кулол қилган ишни Мен сизларга қила олмасам?! Сизлар Менинг қўлимда кулол қўлидаги лойга ўхшайсизлар. 7Мен бирон халқни ёки шоҳликни қўпориб ташлашимни, йўқ қилиб вайрон қилишимни эълон этишим мумкин. 8Аммо ўша халқ ёвуз қилмишларидан қайтса, Мен ҳам уларнинг бошларига фалокат келтириш ниятимдан қайтаман. 9Шундай пайтлар ҳам бўладики, Мен бирон халқ ёки шоҳликка: “Сизларни қайта бунёд этиб, мустаҳкам қиламан”, деб айтаман. 10Аммо ўша халқ Менинг олдимда қабиҳлик қилса ёки айтганларимга қулоқ солмаса, Мен ниятимдан қайтаман, уларга қилмоқчи бўлган яхшилигимни қилмайман.”

11Шундай экан, Яҳудо халқи билан Қуддус аҳолисига айт: “Эгамиз шундай демоқда: Мана, Мен бошингизга соладиган кулфатни тайёрлаяпман, сизларга қарши режалар тузяпман. Бўлди энди, ҳар бирингиз ёмон йўлингиздан қайтинглар. Турмуш тарзингизни ўзгартиринглар. Эски қилмишларингиздан воз кечинглар.”

12Аммо улар: “Гапирганинг бефойда!” — дейишади. “Биз барибир хоҳлаганимиздай яшаймиз, ёвуз юракларимизнинг ўжарликларини қилаверамиз”, деб айтишади.

 

Халқ Эгамизни рад этади

 

13Шунинг учун Эгамиз демоқда:

“Халқлардан сўраб–суриштиринг–чи,

Бунақасини ҳеч эшитганмикан?!

Бокира қиз Исроил жирканч бир иш қилди.

14Лубнондаги қорлар ҳеч эриганми?!

Азим чўққиларни ҳеч тарк этганми?!

Унинг муздек сувлари ҳеч адо бўлганми?!

15Менинг халқим эса Мени тарк этди,

Улар беҳуда бутларга тутатқи тутатдилар.

Бутлари туфайли халқим қоқилди,

Азалий йўлидан адашди.

Тўғри йўлни тарк этиб, сўқмоқлардан юриб кетди.

16Шу сабабдан юрти ҳувиллаб қолади,

Юртнинг аҳволидан одамлар қотиб қолади,

Ўтган–кетганлар даҳшатга тушади,

“Ё тавба”, деб, ёқасини ушлашади.

17Шарқдан эсган шамол каби,

Мен уларни душманлари олдида сочиб ташлайман.

Бошларига кулфат тушган куни

Уларга орқа ўгираман,

Уларга назар солмайман.”

 

Еремиёга қарши фитна

 

18Сўнг одамлар шундай дедилар: “Қани, Еремиёга қарши фитна уюштирайлик. Ахир, қонунни ўргатадиган руҳонийлар, маслаҳат берадиган донишмандлар ва Худонинг сўзини айтадиган пайғамбарлар ҳар доим бор. Еремиёга туҳмат қилайлик, унинг гапларига умуман эътибор бермайдиган бўлайлик.”

19Эй Эгам, мени тингла,

Рақибларим гапларини эшит!

20Наҳотки яхшиликка ёмонлик қайтаришса?!

Эсингдами, ҳузурингда туриб,

Улар учун Сенга ёлворгандим,

Улардан Сенинг қаҳрингни қайтаргандим.

Улар эса менга чуқур қазидилар.

21Шундай экан, болаларини очликдан ўлдир,

Ҳаммасини қилич измига топшир.

Хотинлари болаларидан жудо бўлсин,

Ҳаммаси бева бўлиб қолсин.

Эркаклари ўлатдан қирилиб кетсин,

Йигитлари жангда ҳалок бўлсин.

22Тўсатдан устига босқинчи юборганингда,

Уйларидан дод–фарёдлар кўтарилсин!

Ахир, улар мени тутиб олмоқчи бўлиб, чуқур қазидилар,

Оёғимни сиртмоққа илинтирмоқчи бўлдилар.

23Мени ўлдириш учун фитна қилдилар,

Буни Сен биласан, эй Эгам.

Уларнинг гуноҳларини кечирма,

Жиноятларидан ўтма.

Ғазабланиб, жазоларини бергин,

Улар Сенинг олдингда йиқилиб қолсинлар.

 

19–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Синган кўза

 

1Эгамиз менга шундай деди: “Бориб кулолдан бир сопол кўза сотиб ол. Сўнг ёнингга халқ оқсоқолларидан ва бош руҳонийлардан олиб, 2Синган кўзалар дарвозаси яқинидаги Хиннум сойлигига туш. Мен сенга айтадиган сўзларни оқсоқолларга сен ўша ерда айтасан. 3Сен уларга шундай деб айт: “Эй Яҳудо шоҳлари, Қуддус аҳолиси, Эгамизнинг сўзларини эшитинглар. Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: Мен бу жойга шундай фалокат ёғдираманки, бу фалокатни эшитганларнинг бошидан ҳуши учади. 4Зотан халқим Мени тарк этди, бу ерни ҳаром қилди. Улар ўзлари билмаган, ота–боболари ҳам, Яҳудо шоҳлари ҳам билмаган бегона худоларга қурбонликлар куйдирдилар. Бу ерни бегуноҳ одамларнинг қонига тўлдирдилар. 5Баалга атаб саждагоҳлар қурдилар. У ерда ўз ўғил–қизларини Баалга қурбонлик қилиб куйдирдилар. Мен уларга буни амр қилмаганман, бунақасини хаёлимга ҳам келтирмаганман.” 6Эгамиз шундай демоқда: “Қараб туринглар! Шундай кунлар келадики, одамлар бу жойни Тофат ёки Хиннум сойлиги, деб атамайди, балки бу жой “Қирғин водийси” деб аталадиган бўлади. 7Мана шу жойда Мен Яҳудо ва Қуддуснинг режаларини барбод қиламан. Халқимни душманларга мағлуб қилиб бераман, уларда қасди борларнинг қўлига топшираман. Жасадларини қушларга, ёввойи ҳайвонларга ем қиламан. 8Мен бу шаҳарни шундай вайрон қиламанки, унинг олдидан ўтган–кетган ҳар бир киши шаҳарнинг аянчли аҳволидан даҳшатга тушиб, қотиб қолади. 9Душманлар шаҳарни қамал қилиб, одамларни қириб ташламоқчи бўладилар. Қамал пайтида азобда қолган халқ ўғил–қизларининг ва бир–бирининг этини ейдиган бўлади.”

10Эй Еремиё, ўзинг билан келганларнинг олдида кўзани синдир. 11Уларга шундай деб айт: “Сарвари Олам шундай демоқда: Мана бу кўза чилпарчин бўлиб, тузатиб бўлмайдиган аҳволга тушгани каби, Мен бу халқни ва бу шаҳарни чилпарчин қиламан. Ўликлар Тофатда дафн қилинади, ўликлар кўплигидан қабрларга жой етмай қолади.”

12Эгамиз шундай демоқда: “Мен бу шаҳарни ва унинг аҳолисини шундай аҳволга соламанки, бу шаҳар Тофатга ўхшаган бўлиб қолади. 13Қуддусдаги хонадонлар ва Яҳудо шоҳларининг саройлари Тофат каби ҳаром бўлади. Чунки у ерлардаги ҳамма уйларнинг томларида самовий жисмларга атаб қурбонликлар куйдирилган, бегона худоларга шароб назрлари келтирилган.”

14Еремиё Эгамизнинг амри билан Тофатда башорат қилди, сўнг у ердан қайтиб келгач, Эгамизнинг уйи ҳовлисида туриб халққа деди: 15“Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: Энди Мен айтган сўзимга биноан бу шаҳар ва унинг атрофидаги қишлоқларга фалокат келтираман, чунки сизлар ўжарлик қилиб, сўзларимни эшитишни хоҳламадингизлар.”

 

20–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Еремиё руҳоний Пашхур билан баҳс қилади

 

1Иммар ўғли Пашхур руҳоний бўлиб, Эгамиз уйининг бош назоратчиси эди. У Еремиёнинг башорат қилиб айтган бу сўзларини эшитди. 2Шу сабабдан Еремиёни калтаклатиб, Эгамиз уйининг ҳовлисидаги Юқори Бенямин дарвозаси томонда кишанлаб қўйишни буюрди. 3Эртаси куни эрталаб Пашхур Еремиёнинг кишанларини ечганда, Еремиё унга шундай деди: “Эгамиз сенга Пашхур эмас, “Даҳшат қамраган”, деб исм қўйган. 4Зеро, Эгамиз шундай деб айтмоқда: “Мен сени ва ҳамма дўстларингни ваҳимага соламан. Дўстларинг душманлари қўлида ҳалок бўлаётганини ўз кўзинг билан кўрасан. Мен бутун Яҳудо халқини Бобил шоҳининг қўлига топшираман. Бобил шоҳи халқимни асир қилиб, ўзининг юртига олиб кетади. Уларни қиличдан ўтказади. 5Мен бу шаҳарнинг бойликларини, бор нарсасини, қимматбаҳо буюмларини, Яҳудо шоҳларининг хазиналарини душманнинг қўлига бераман. Улар шаҳарни талон–тарож қилишади. Барча бойликларини Бобилга олиб кетишади. 6Сен ҳам, эй Пашхур, ўз хонадонинг билан Бобилга сургун бўласан. Сен у ерда жон бериб, дафн қилинасан. Ёлғон башоратларингга қулоқ солган дўстларинг ҳам ўша кўйга тушади.”

 

Еремиё Эгамизга шикоят қилади

 

7Эй Эгам, сен мени кўндирдинг,

Мен ҳам кўндим.

Мендан устун келдинг, мени енгдинг.

Мен ҳаммага мазах бўлдим,

Ҳамма устимдан кулмоқда.

8Гапирганимда жар солишим керак,

“Зўравонлик! Ҳалокат!” дея бақиришим керак.

Сенинг сўзинг туфайли ҳаммага кулги бўлдим,

Кун бўйи мени масхара қилишяпти.

9Борди–ю, мен: “Бўлди, Эгам ҳақида сўзламайман,

Унинг номидан гапирмайман” десам,

Сенинг сўзинг олов каби ичимни ёндиради,

Ўт қўйгандай суякларимни зирқиратади.

Сўзингни ичимда сақлаб туришдан чарчадим,

Ҳа, уни бошқа ушлаб тура олмайман.

10Эшитяпман, кўпчилик ғийбат қиляпти.

Атрофимни даҳшат қамраган!

“Фош бўлсин! Уни фош қилайлик!” деб айтяптилар.

Ҳатто менинг яқин дўстларим ҳам

Қоқинишимни пойлаб турибдилар,

“Еремиё тузоққа тушади,

Шунда уни енгамиз,

Ундан қасдимизни оламиз”, деяптилар.

11Аммо Эгам мен билан биргадир,

У баҳодир жангчига ўхшайди.

Мени қувғин қилганлар қоқилиб тушади,

Улар мендан устун келолмайди.

Иснодга қолади, муваффақиятга эришолмайди.

Улар то абад доғда қолади,

Шармандагарчилиги ҳеч қачон унутилмайди.

12Эй Сарвари Олам, сен солиҳ кишини синайсан,

Одамнинг дилини, ўй–хаёлини биласан.

Душманларимдан ўч олганингни кўрайин,

Ахир, даъвоимни Сенга топширдим!

13Эгамизга қўшиқ куйланглар!

Эгамизга ҳамду санолар айтинглар!

Зеро, У бечора банданинг жонини

Бадкирдорлар қўлидан қутқарди.

14Эвоҳ, туғилган куним қуриб кетсин!

Онам мени туққан кун хосиятсиз бўлсин!

15Отамга хабар олиб келган одам лаънати бўлсин,

“Ўғил кўрдинг!” дея, уни хурсанд қилган қуриб кетсин.

16Эгамиз шафқатсизларча вайрон қилган

Кўҳна шаҳарлардай бўлсин ўша одам.

У эрталабданоқ доду фарёдлар эшитсин,

Кундуз куни уруш наъраларини эшитсин.

17Ахир, у мени онамнинг қорнидаёқ ўлдирмади.

Шунда онамнинг қорни қабрим бўлган бўларди,

Онам то абад ҳомиладор бўлиб қолган бўларди.

18Нимага ҳам туғилдим экан–а?!

Машаққату қийинчилик кўриш учунми?!

Умримни шармандаликда хазон қилиш учунми?!

 

21–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Қуддуснинг мағлубияти ҳақида башорат

 

1Шоҳ Зидқиё Еремиё пайғамбарнинг олдига Малкиё ўғли Пешхур ва Масиё ўғли руҳоний Зафаниёни юборди. Шунда Эгамиз Ўз сўзини Еремиёга аён қилди. Пешхур билан Зафаниё Еремиёга шундай дедилар: 2“Ўтинамиз, биз учун Эгамизга ёлвор, чунки Бобил шоҳи Навухадназар бизга ҳужум қиляпти. Балки Эгамиз аввалгидек мўъжизалар кўрсатиб, Навухадназарни орқага чекинтирар.”

3Еремиё уларга шундай деб жавоб берди: 4“Бориб, Зидқиёга Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг сўзларини айтинглар: Сизлар қўлингизга қурол олиб, сизларни қамал қилган Бобил шоҳига ва Бобилликларга қарши жанг қиляпсизлар. Аммо қўлингиздаги қуролларингизни Мен Бобилликларга эмас, балки ўзларингизга қарши ишлатаман. Мана шу шаҳар марказида қуролларингизни уйиб ташлайман. 5Мен Ўзим сизларга қарши чиқаман. Ўз қудрату ажойиботларим билан, қаҳру ғазабим билан сизларга қарши жанг қиламан. 6Бу шаҳар аҳолисини йўқ қиламан. Одамлару ҳайвонлар ўлатдан нобуд бўладилар.” 7Эгамиз шундай демоқда: “Шундан кейин Мен Яҳудо шоҳи Зидқиёни, унинг аъёнларини, шаҳарда урушдан, қаҳатчиликдан ва ўлатдан омон қолган ҳамма одамларни Бобил шоҳи Навухадназарнинг қўлига бераман. Уларда қасди борларга топшираман, душман қўлига бераман. Душманлар шаҳар аҳолисини шафқатсизларча қириб ташлайдилар. Биронта одамнинг ҳам қонидан кечмайдилар, уларга ачинмайдилар, раҳм қилмайдилар.”

8“Сен бу халққа шундай деб айт: Эгамиз демоқда: Мен сизларга иккита йўлни — ҳаёт ва ўлим йўлини бердим. 9Шаҳарда қолганлар қилич, қаҳатчилик ва ўлатдан нобуд бўладилар. Шаҳардан чиқиб, Бобилликларга таслим бўлганлар эса тирик қоладилар. Бу одамлар ҳеч бўлмаса ўз жонларини сақлаб қоладилар. 10Мен бу шаҳарга яхшилик эмас, кулфат келтиришга қарор қилдим. Бу шаҳарни Бобил шоҳига таслим қилиб бераман. Навухадназар шаҳарга ўт қўяди.” Эгамизнинг каломи шудир.

 

Яҳудо шоҳининг хонадони жазоланади

 

11“Яҳудо шоҳининг хонадонига шундай деб айт: Эгамизнинг сўзини эшитинглар, 12эй Довуд сулоласи! Эгамиз шундай демоқда:

Ҳар куни эрталабдан адолат қилинглар,

Жабрдийдаларни зўравонлар қўлидан қутқаринглар.

Акс ҳолда қилган ёвузликларингиз туфайли

Менинг ғазабим аланга олади,

У ғазабимни сўндиришга ҳеч кимнинг қурби етмайди.”

13Эгамиз шундай демоқда:

“Эй, водийдаги қоя устида қурилган Қуддус,

Мен сенга қаршиман!

Сизлар айтасиз: “Ким ҳам бизга қарши чиқа оларди?!

Ким ҳам қўрғонларимизга кира оларди?!”

14Мен қилмишингизга яраша жазоингизни бераман.

Шоҳнинг саройига ўт қўяман,

Олов атрофдаги ҳамма нарсани ёндиради.”

Эгамизнинг каломи шудир.

 

22–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Яҳудо шоҳининг хонадони ҳақида башорат

 

1Эгамиз менга шундай деди: “Яҳудо шоҳи саройига бориб, қуйидаги гапларимни айт: 2Эй, Довуд тахтида ўтирган Яҳудо шоҳи, эшит. Аъёнларинг ва мана бу саройга кирган одамларинг ҳам сен билан бирга Эгамизнинг сўзини эшитсин. 3Эгамиз шундай демоқда: Адолат ва тўғрилик билан иш тутинг. Жабрдийдаларни зўравонларнинг қўлидан қутқаринг. Мусофирларга, етим ва беваларга ноҳақлик қилманг, уларни эзманг. Бу ерда бегуноҳ одамнинг қонини тўкманг. 4Борди–ю, сизлар ҳақиқатан ҳам буларга риоя қилсангизлар, Қуддус тахтида доим Довуд наслидан бўлган шоҳ ўтиради. Жанг араваларию отлар минган шоҳлар сарой дарвозаларидан киришади. Аъёнлар ва халқ ҳам улар билан бирга киради. 5Борди–ю, бу амрларимга риоя қилмасангизлар, Мен Ўзимнинг номим ҳақи онт ичиб айтаманки, бу сарой вайрон бўлади.” Эгамизнинг каломи шудир.

6Эгамиз Яҳудо шоҳининг саройи ҳақида шундай демоқда:

“Сен Мен учун гўзал Гилад юртига ўхшайсан,

Бамисоли Лубноннинг юксак чўққиларисан.

Лекин қасам ичиб айтаманки, сен саҳрога ўхшаб қоласан,

Ҳувиллаган бир шаҳарга айланиб қоласан.

7Сенга қарши босқинчиларни жўнатаман,

Қуролланган одамларни юбораман.

Улар сара садрларингни кесадилар,

Ёғочларингни оловга ташлайдилар.

8Кўплаб халқлар бу шаҳар олдидан ўтаётиб, бир–бирларидан: “Нега Эгамиз бундай буюк шаҳарни шу кўйга солган экан–а?” деб сўрайдилар. 9Уларга шундай жавоб беришади: “Шаҳар аҳолиси ўзларининг Эгаси Худо билан тузган аҳдини бузди. Бошқа худоларга сажда қилиб, хизмат қиладиган бўлди.”

 

Еремиё шоҳ Ёҳухоз ҳақида башорат қилади

 

10Ўлган шоҳингиз учун йиғламанг,

У учун аза тутманг.

Ундан кўра сургун бўлган шаҳзодангиз учун қайғуринг,

У учун аччиқ–аччиқ кўз ёш тўкинг.

Ахир, у энди қайтиб келмайди,

Она юртини бошқа кўрмайди.

11Шоҳ Йўшиёдан кейин Яҳудо тахтига Йўшиёнинг ўғли Ёҳухоз ўтирган эди. Шоҳ Ёҳухоз сургун қилингандан кейин Эгамиз у ҳақда шундай деди: “У бу ерга ҳеч қачон қайтиб келмайди. 12Сургун қилинган ерда оламдан ўтади, бу юртни бошқа кўрмайди.”

 

Еремиё Ёҳайиқим ҳақида башорат қилади

 

13“Уйини ноҳақлик билан қурганнинг ҳолига вой!

Юқори хоналарини адолатсизлик билан бино қилганнинг ҳолига вой!

Бундай одам биродарини текинга ишлатади,

Унинг меҳнат ҳақини бермайди.

14У шундай дейди:

“Мана, ўзим учун катта сарой қурдим,

Юқори қаватдаги хоналарни кенг қилдирдим.”

У уйига катта ойналар қўйдирмоқда,

Деворларини садр ёғочи билан қопламоқда,

Уларни қирмизи рангга бўямоқда.

15Сен ўзинг учун кўп садр ёғочини йиғдинг,

Бу билан сен яхши шоҳ бўлиб қолмадинг!

Сенинг отанг ҳам хоҳлаганича еб–ичган,

Аммо доим ҳақиқату адолатни ўрнатган.

Шу сабабдан унинг иши юришган.

16У фақиру бечорани ҳимоя қилган,

Шунинг учун фаровон ҳаёт кечирган.

Худони билиш дегани шу эмасми?!”

Эгамизнинг каломи шудир.

17“Сен эса фақат ноҳақ фойдани кўзлайсан.

Бегуноҳ одамнинг қонини тўкасан,

Зўравонлик ва зулм ўтказасан.”

18Шу сабабдан Йўшиё ўғли Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим ҳақида Эгамиз шундай демоқда:

“Унинг учун ҳеч ким аза тутмайди,

“Вой, жигарим! Вой, жигарим!” дея йиғламайди.

“Хўжайиним! Олампаноҳим!” дея ҳеч ким кайғурмайди.

19Уни ўлган эшакнинг аҳволига соладилар,

Қуддус дарвозаларидан судраб чиқиб, отиб юборадилар.

 

Қуддуснинг қисмати

 

20Эй Қуддус, Лубнонга чиқиб фарёд қилгин,

Башан ўлкасига бориб, хитоб этгин.

Аборим тоғларида туриб, овозинг борича бақиргин,

Чунки ҳамма ўйнашларинг йўқ бўлди.

21Фароғатда яшаганингда, сенга гапирдим,

Сен эса “Гапингга қулоқ солмайман!” деб айтдинг.

Ҳа, ёшлигингдан шу йўлни тутгансан,

Гапимга сен кирмагансан.

22Шамол ҳамма чўпонларингни супуриб кетади,

Ўйнашларинг сургун бўлади.

Сен эса қабиҳ ишларинг туфайли уятда қоласан,

Шармандаи шармисор бўласан.

23Сен “Лубнон” саройида яшаб юрибсан,

Садр дарахтлари орасида ин қургансан,

Аммо туғаётган аёл каби дард чекасан,

Азобдан инграйсан.

 

Шоҳ Еҳайихинни Худо ҳукм қилади

 

24Ёҳайиқим ўғли Ёҳайихин ҳақида Эгамиз шундай демоқда: “Эй Яҳудо шоҳи Ёҳайихин, борди–ю, сен Менинг ўнг қўлимдаги муҳр узугим бўлганингда эди, Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, сени улоқтириб ташлаган бўлар эдим. 25Сен кимдан қўрқсанг, сени ўшанинг қўлига бераман, сенда қасди борларнинг қўлига топшираман. Сени шоҳ Навухадназарнинг ва Бобилликларнинг қўлига бераман. 26Сени ва сени туққан онангни бегона бир юртга, киндик қонинг тўкилмаган бир ерга улоқтириб юбораман. Сизлар ўша ерда ўласизлар. 27Сизлар бу юртга қайтиб келишни орзу қиласизлар, аммо қайтиб келмайсизлар.”

28Ёҳайихин ташлаб юбориладиган синиқ хумдай бўлиб қолади,

Ҳеч кимга керак бўлмайдиган сопол идишга ўхшаб қолади.

У болалари билан сургун бўлади!

Ўзи билмаган юртга улоқтириб ташланади!

29Эй юрт, юрт, юрт!

Эгамизнинг сўзини эшит!

30Эгамиз шундай демоқда:

“Бу одамнинг фарзандларини насабномага киритманг,

Уни ҳаётда омади йўқ, деб қайд қилинг.

Унинг зурриётидан бирортаси муваффақият қозонмас,

Бирортаси Довуд тахтига чиқа олмас.

Яҳудода улар ҳеч қачон ҳукмронлик қилмайдилар.”

 

23–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Келажакка умид

 

1Эгамиз шундай демоқда: “Чўпонлар яйловимдаги қўйларни тарқатиб юборяптилар, уларни йўқ қиляптилар. Бундай чўпонларнинг ҳолига вой!” 2Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: “Эй халқимни боққан чўпонлар, сизлар қўйларимни ўз ҳолига ташлаб қўйдингизлар. Уларни тарқатиб, узоқларга қочириб юбордингизлар. Бу қилган ёвуз қилмишингиз учун Мен сизларни ўз ҳолингизга қўймай жазолайман.” Эгамизнинг каломи шудир. 3“Мен қўйларимни ҳар хил юртларга ҳайдаб юборган эдим. Энди Ўзим уларни йиғиб оламан, ўзларининг яйловига олиб келаман. Улар баракали бўлиб, кўпаядилар. 4Мен улар устидан бошқа чўпонларни тайинлайман. Чўпонлар қўйларимни боқадилар. Шунда қўйларим ҳеч нарсадан қўрқмайди, саросимага тушмайди. Уларнинг биронтаси ҳам йўқолмайди”, деб айтмоқда Эгамиз.

5Эгамиз демоқда: “Шундай кунлар келадики, Мен Довуд наслидан солиҳ бир новдани чиқараман. Бу Шоҳ донолик билан ҳукмронлик қилади. Адолат ва тўғрилик билан иш тутади. 6Унинг ҳукмронлиги даврида Яҳудо халқи бехатар яшайди, Исроил халқи осойишта ҳаёт кечиради. Ўша Шоҳни “Эгамиз нажоткоримиздир”, деб аташади.”

7Эгамиз демоқда: “Шундай кунлар келадики, одамлар онт ичганда: ‘Исроил халқини Мисрдан олиб чиққан Эгамиз шоҳид’, деб айтмайдиган бўлади. 8Бунинг ўрнига улар: ‘Исроил наслини шимолдаги юртдан ва сургун қилинган барча бошқа юртлардан олиб чиққан Эгамиз шоҳид’, деб онт ичадиган бўлади. Улар ўз юртларида яшашади.”

 

Еремиё сохта пайғамбарлар ҳақида башорат қилади

 

9Пайғамбарлар ҳақида:

Юрак–бағрим эзилиб кетди,

Вужудим титраб кетмоқда.

Эгамиз туфайли,

Унинг айтган муқаддас сўзи туфайли

Мен маст одамга ўхшаб қолдим,

Шаробга бўккан кишидай бўлиб қолдим.

10Эвоҳ, юрт зинокорларга тўлиб кетди,

Лаънат туфайли ер қақраб қолди,

Даштдаги яйловлар қуриб ётибди.

Пайғамбарлар қабиҳлик қилишга шошилади,

Кучини ҳақсизлик йўлида ишлатишади.

11Эгамиз шундай демоқда:

“Пайғамбару руҳонийлар бетавфиқдирлар,

Ҳатто Менинг уйимда ҳам қабиҳлик қилганларини кўрдим.”

12“Шу сабабдан юрган йўллари сирпанчиқ бўлади,

Улар зулматга ғарқ бўлишади.

Ҳаммаси йиқилиб қолади.

Жазо оладиган йили,

Бошларига кулфат келтираман”, деб айтмоқда Эгамиз.

13“Самария пайғамбарлари орасида

Жирканч бир ишни кўрдим:

Улар Баал номидан башорат қилишди,

Халқимни йўлдан оздиришди.

14Аммо Қуддус пайғамбарлари орасида

Бундан ҳам баттароғини кўрдим:

Улар зино қилиб, ёлғон ичида яшашади,

Ёвузларнинг ишини қўллаб туришади,

Шунинг учун ҳеч ким ёмон йўлидан қайтмаяпти.

Назаримда уларнинг ҳаммаси Садўм одамларидай бўлиб қолган,

Қуддус аҳолиси Ғамўра аҳолисига ўхшаб қолган.”

15Сарвари Олам пайғамбарлар ҳақида шундай демоқда:

“Мен уларга аччиқ ўтдан едираман,

Заҳарли сувдан ичираман,

Зеро, Қуддус пайғамбарлари туфайли

Юртимда бетавфиқлар кўпайиб кетди.”

16Сарвари Олам шундай демоқда: “Сизларга башорат қилаётган пайғамбарларнинг гапларига қулоқ солманглар. Улар қўйнингизни пуч ёнғоққа тўлдиряпти. Улар Менинг оғзимдан чиққан сўзларни эмас, ўз дил орзуларини айтишяпти. 17Эгангизнинг сўзидан нафратланган одамларга улар ҳадеб “Ҳаммаси яхши бўлади” дейишади. Юрагидаги ўжарликларни бажарганларга “Бошингизга бало–қазо етмайди”, дейишади.”

18Хўш, Эгамизнинг кенгашида улардан қайси бири қатнашибди?!

Худонинг сўзини қайси бири эшитибди?!

Қайси бири эътибор билан Уни тинглабди?!

19Ана, бўрон кўтарилди!

Бу Эгамизнинг ғазабидир.

Унинг ғазаби қуюн гирдоби бўлиб,

Фосиқларнинг бошига тушди.

20Эгамиз кўнглидаги ниятини бажармагунча,

Уни охиригача етказмагунча,

Ғазабидан тушмайди.

Кейинчалик буни англаб оласизлар.

21Эгамиз шундай деди:

“Бу пайғамбарларни Мен юбормадим,

Улар ўзлари югуриб бордилар.

Уларга Мен гапирмадим,

Улар эса башорат қилдилар.

22Агар ўша пайғамбарлар кенгашимда бўлганларида эди,

Сўзларимни халқимга етказган бўлардилар.

Халқимни ёмон йўлдан,

Ёвуз қилмишлардан қайтарган бўлардилар.”

23Эгамиз шундай демоқда: “Мен ҳамма ёқдаман — яқинда ҳам, узоқда ҳам ўша Худоман.” 24“Ким Мендан яширина олади?! Еру кўкни тўлдириб турган Мен эмасми?!” деб айтмоқда Эгамиз. 25“Менинг номимдан ёлғон башорат қилган пайғамбарларнинг: “Мен бир туш кўрдим! Худо менга бир туш берди!” деганларини эшитдим. 26Қачонгача бу давом этади?! Улар юракларидаги ҳийлаю найрангларини, ёлғон башоратларини бас қилишадими, йўқми?! 27Уларнинг ота–боболари Мени унутиб, Баалга сажда қилган эдилар. Шу сингари бу сохта пайғамбарлар “Халқ Эгамизни унутсин”, дея бир–бирларига тушларини айтишади.” 28Эгамиз шундай демоқда: “Майли, туш кўрган пайғамбар тушини айтсин, сўзимни эшитган эса уни садоқат билан эълон қилсин. Ахир, сомон билан буғдойнинг фарқи бор–ку!” 29Эгамиз шундай демоқда: “Менинг сўзим оловдай куйдиради. Қояни ёрадиган болғадай зарба беради.” 30Эгамиз демоқда: “Бу пайғамбарлар “Эгамизнинг сўзи” деб бир–биридан гап ўғирлайди. Мен уларга қаршиман.” 31“Ҳа, Мен ўша пайғамбарларга қаршиман”, — деб айтмоқда Эгамиз. “Улар ўзларича валдираб юрадилар, яна “бу Эгамизнинг сўзлари”, деб айтадилар. 32Уйдирма тушларини айтган пайғамбарларга қаршиман! Улар ёлғонларию телбалиги билан халқимни йўлдан оздиришмоқда. Уларни Мен тайинламаганман, халқимнинг олдига Мен юбормаганман. Халқимга уларнинг заррача ҳам фойдаси йўқ.” Эгамизнинг каломи шудир.

 

Юк ҳақида

 

33Эгамиз менга деди: “Эй Еремиё, агар халқимдан бўлган бирорта одам, пайғамбар ёки руҳоний сендан: “Бу сафар Эгамиз бизга нима юкламоқчи?” деб сўраса, сен шундай деб жавоб бер: “Сизлар ўзларингиз Эгамизга юк бўлдингизлар. Энди У сизларни улоқтириб ташлайди.” 34Борди–ю, бирон одам, пайғамбар ёки руҳоний: “Эгамизнинг сўзи бизга юк бўлди”, деб айтадиган бўлса, Мен ундай одамни бутун хонадони билан жазолайман. 35Сизлар бир–бирингиздан: “Эгамиз нима деб жавоб берди?” ёки “Эгамиз нима деб айтди?” деб сўранглар. 36Аммо “Эгамиз бизга нима юкламоқчи?” дея бошқа сўраманглар. Зеро, одамлар бу иборани ишлатиб, ўз сўзларини ишонарли қилмоқчи бўладилар, барҳаёт Худо, Сарвари Олам — Худойимизнинг сўзларини бузиб айтадилар. 37Сизлар эса пайғамбарнинг олдига борганингизда, ундан: “Эгамиз сизга нима жавоб берди?” ёки “Эгамиз сизга нима деди?”, деб сўранглар. 38Борди–ю, сизлар гапимга кирмай, “Эгамиз бизга нима юкламоқчи?” деб яна сўрасангизлар, 39Мен сизларни юк кўтаргандай кўтариб, Ўз ҳузуримдан улоқтириб ташлайман. Ота–боболарингизга Ўзим берган шаҳарни ҳам шу кўйга соламан. 40Абадий иснод ва шармандаликка дучор қиламан. Бундай шармандаликни унутиб бўлмайди.”

 

24–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Икки сават анжир

 

1Эгамиз менга Маъбад олдида турган икки сават анжирни кўрсатди. Бу воқеа Бобил шоҳи Навухадназар Қуддусдаги Яҳудо шоҳи Ёҳайихинни, Яҳудо аъёнларини, ҳунармандлару темирчиларни Бобилга асир қилиб олиб кетгандан сўнг содир бўлди. Шоҳ Ёҳайихин Ёҳайиқимнинг ўғли эди. 2Мен кўрган саватларнинг бирида яхши чиллаки анжирлар, бошқасида эса ёмон, еб бўлмайдиган анжирлар бор эди.

3Эгамиз мендан:

— Еремиё, нимани кўряпсан? — деб сўради.

— Анжирларни, — деб жавоб бердим мен. — Яхши анжирлар ниҳоятда яхши экан, ёмонлари эса еб бўлмайдиган даражада ириб кетган экан.

4Шунда Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди: 5Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: “Бобилликларнинг юртига сургун бўлган Яҳудо асирлари ўша яхши анжирларга ўхшайди. Мен уларга илтифот кўрсатаман. 6Назаримни солиб, яхшилик қиламан, уларни бу юртга қайтариб олиб келаман. Уларни йўқ қилмайман, балки қайта бунёд этаман. Қўпориб ташламайман, балки барқарор қиламан. 7Қалбларига Мени билиш истагини соламан, улар Мени, Эгамиз, деб тан оладилар. Бутун қалблари билан Менга қайтадилар. Улар Менинг халқим, Мен эса уларнинг Худоси бўламан.”

8Аммо Яҳудо шоҳи Зидқиё тўғрисида, унинг аъёнлари, Қуддуснинг омон қолган аҳолиси ва Мисрга қочиб борганлари тўғрисида Эгамиз шундай демоқда: “Улар еб бўлмайдиган анжирларга ўхшайди. Ириган анжирларни нима қилишса, Мен ҳам уларни шундай қиламан. 9Уларнинг бошига шундай кулфат соламанки, буни кўрган ер юзидаги барча халқлар даҳшатга тушади. Мен уларни тарқатиб юборган ҳамма жойда одамлар уларнинг устидан кулади, уларни мазах қилади, хор қилади, номини қарғишларда ишлатади. 10Мен уларга ва ота–боболарига берган юртдан уларни қириб ташламагунимча бошларига уруш, очарчилик ва ўлат юбораман.

 

25–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Шимолдан келган душман

 

1Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим ҳукмронлигининг тўртинчи йилида Еремиёга Яҳудо халқи тўғрисида Эгамизнинг сўзи аён бўлди. Бобил тахтига худди ўша йили Навухадназар ўтирган эди. 2Пайғамбар Еремиё Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолисига шундай деди: 3“Омон ўғли Йўшиё Яҳудода ҳукмронлик қилган даврнинг ўн учинчи йилидан тортиб то бугунга қадар Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилиб келмоқда. Мана, йигирма уч йилдирки, мен сизларга тўхтовсиз гапиряпман, аммо сизлар гапларимга қулоқ солмаяпсизлар. 4Эгамиз олдингизга пайғамбар қулларини бирин–кетин юборган бўлса ҳам, сизлар уларнинг гапларини эшитмадингиз, уларга қулоқ солмадингиз. 5Улар сизларга айтишган эди: “Қабиҳ ишларингизни бас қилинглар. Ёмон йўлдан қайтинглар. Шунда Эгамиз сизларга ва ота–боболарингизга абадий мулк қилиб берган юртда қоласизлар. 6Бошқа худоларга эргашманглар. Уларга хизмат қилманглар, сажда этманглар. Ясаган бутларингиз билан Эгамизни ғазаблантирманглар. Шунда Эгамиз бошингизга фалокат келтирмайди.” 7Аммо сизлар гапимга қулоқ солмадингизлар. Бутларингиз билан Мени ғазаблантириб, ўз бошингизга фалокат келтирдингизлар.” Эгамизнинг каломи шудир.

8Шу сабабдан Сарвари Олам демоқда: “Сизлар гапимга кирмаганингиз учун, 9Мен шимолдаги барча қабилаларни йиғиб оламан. Бобил шоҳи қулим Навухадназарни ҳам чақираман. Уларни сизларга қарши, бу юрт аҳолиси ва ён–атрофингиздаги халқларга қарши тортиб келаман. Мен сизларни тамомила қириб битираман. Аҳволингизни кўрган одамлар қотиб қолади, сизларни кўрганлар даҳшатга тушади. Мен юртингизни абадий харобазорга айлантираман. 10Шундай қиламанки, орангизда шоду хуррамлик садолари бўлмайди, келин–куёвнинг овози эшитилмайди, тегирмоннинг товуши чиқмайди. Чироғингиз ёнмайди. 11Бутун юрт вайрон бўлиб, харобазорга айланади. Бу халқлар етмиш йил мобайнида Бобил шоҳига хизмат қилишади.”

12Эгамиз шундай демоқда: “Етмиш йилдан кейин эса Мен Бобил шоҳини, унинг халқини ва Бобилликларнинг бутун юртини қилган гуноҳлари учун жазолайман. Уларнинг юрти то абад ҳувиллаб қолади. 13Ўзим айтган ҳамма кулфатларни ўша юртга ёғдираман. Бу китобда ёзилган ҳамма фалокатларни келтираман. Еремиёнинг ҳамма халқларга қарши айтган башоратларини амалга ошираман. 14Бобилликлар кўплаб халқлару буюк шоҳларга қул бўладилар. Қилган қилмишларига яраша жазоларини оладилар.”

 

Худо халқларни ҳукм қилади

 

15Исроил халқининг Худоси — Эгамиз менга шундай деди: “Қўлимдаги косани ол. Бу коса ғазабим шаробига тўла. Мен сени юборадиган ҳамма халқларга бу косадаги шаробдан ичир. 16Улар шаробдан ичадилар, гандираклаб қолиб, ақлдан озадилар. Ахир, Мен уларга қарши қилич юбораман.”

17Мен Эгамизнинг қўлидаги косани олдим. Эгамиз мени қайси халқлар олдига юборган бўлса, ўша халқларга шаробдан ичирдим: 18Қуддус, Яҳудо юртининг шаҳарлари ва у ердаги шоҳу аъёнлар хонавайрон бўлсин, деб мен уларга шаробдан ичирдим. Бугунгача уларнинг аҳволидан одамлар ёқасини ушлайди, халқимнинг номини қарғишларда ишлатишади. 19Сўнг мен Мисрга йўл олдим. Фиръавн, унинг хизматкорлари, аъёнлари, бутун халқи 20ва у ерда яшаётган мусофирларга шаробдан ичирдим. Сўнг Уз номли юртнинг шоҳларига, шунингдек, Ашқалон, Ғазо, Эхрон ва талафот кўрган Ашдодда ҳукмронлик қилган ҳамма Филист шоҳларига шаробдан ичирдим. 21Сўнг мен Эдом, Мўаб, Оммонга, 22Тир, Сидон ва денгиз ортидаги юртларнинг шоҳларига шаробдан ичирдим. 23Дедон, Темо, Буз ва сочини олдириб юрадиган бошқа ҳамма халқларга шаробдан ичирдим. 24Ҳамма Арабистон шоҳларига, саҳрода яшайдиган ҳар хил кўчманчи қабилаларнинг ҳамма шоҳларига шаробдан ичирдим. 25Зимри, Элам ва Мидия юртларининг ҳамма шоҳларига шаробдан ичирдим. 26Шимолдаги узоғу яқинда бўлган ҳамма шоҳларга шаробдан ичирдим. Ер юзидаги барча салтанатларга бирин–кетин бориб келдим. Охири косадаги шаробдан Бобил тахтида ўтирган шоҳ ичадиган бўлди.

27Эгамиз менга деди: “Уларга шундай деб айт, Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: Ғазаб косамдан ичинглар! Маст бўлиб қусинглар! Турмайдиган бўлиб йиқилинглар, чунки Мен сизларнинг устингизга қилич юборяпман.”

28Борди–ю, улар қўлингдаги косани олишдан ва шароб ичишдан воз кечсалар, сен уларга шундай деб айт: “Сарвари Олам сизларга “Ичишингиз шарт!” деб айтмоқда. 29Мана, Ўзимга тегишли Қуддус шаҳрига кулфат ёғдира бошладим. Сизлар жазодан қочиб қутулармидингиз?! Йўқ, жазодан қутула олмайсизлар! Мен ер юзидаги барча одамларни уруш балосига гирифтор этаман.” Сарвари Оламнинг каломи шудир.

30“Шунинг учун, эй Еремиё, сен бу сўзларнинг ҳаммасини уларга айт:

Эгамиз юксакдан ўкиради,

Муқаддас маконидан садо беради.

Юртига шиддат билан ўкиради.

Узум эзувчилар каби бақиради,

Ер юзидаги ҳамма инсонларга ҳайқиради.

31Гумбурлаши дунёнинг четигача эшитилади.

Зеро, Эгамиз халқларга даъво қилмоқда,

Дунёдаги одамзодни У ҳукм этмоқда,

Фосиқларни қиличдан ўтказмоқда.”

Эгамизнинг каломи шудир.

32Сарвари Олам шундай демоқда:

“Қаранглар, фалокат келмоқда,

Халқдан халққа юқмоқда!

Дунёнинг тўрт бурчагидан

Кучли бўрон кўтарилмоқда!

33Ўша куни бутун ер юзи, бу бошидан нариги четигача Худонинг қудратидан нобуд бўлган одамларнинг жасадларига тўлади. Марҳумлар учун ҳеч ким марсия айтмайди, ҳеч ким уларни йиғиб кўммайди. Улар ер устида гўнгдай ётаверади.

34Эй чўпонлар, уввос солиб йиғланглар!

Эй йўлбошчилар, кулга беланинглар!

Бўғизланадиган кунингиз етиб келди,

Жасадларингиз ерда сочилиб ётади,

Чилпарчин бўлган қимматбаҳо кўзадай бўлади.

35Чўпонлар ҳеч қаерга қоча олмайди,

Йўлбошчилар қутулолмайди.

36Эшитинг! Йўлбошчилар фарёд қилмоқда,

Чўпонлар ҳўнграмоқда!

Эгамиз уларнинг яйловларини нобуд қиляпти.

37Сокин майсазорларини пайҳон этяпти.

Ахир, Эгамизнинг ғазаби аланга олди.

38Ўлжа қидириб уясидан чиққан шердай,

Эгамиз Ўз маконидан чиқди.

Эгамизнинг алангали ғазаби туфайли,

Уруш балоси туфайли

Бутун юрт харобазорга айланади.

 

26–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Еремиёни ўлимга ҳукм қилмоқчи бўлишади

 

1Йўшиё ўғли Ёҳайиқимнинг Яҳудодаги илк ҳукмронлиги даврида Еремиёга Эгамиз Ўз сўзини аён қилди. 2Эгамиз шундай деди: “Эй Еремиё, уйимнинг ҳовлисига бориб тур. Яҳудо шаҳарларидан уйимга сажда қилмоқчи бўлиб келган ҳамма одамларга гапир. Мен сенга амр қилган барча сўзларни, биронтасини ҳам қолдирмай уларга айт. 3Балки, улар Мен айтган гапларга қулоқ солиб, ёвуз йўлларидан қайтишар. Шунда Мен ҳам шахтимдан қайтаман. Қилган қабиҳликлари туфайли бошларига келтирмоқчи бўлаётган фалокатни келтирмайман. 4Сен уларга шундай деб айт: Эгамиз демоқда: “Сизлар Менга қулоқ солмадингизлар, берган қонунларимни бажармадингизлар. 5Олдиларингизга қайта–қайта пайғамбар қулларимни жўнатдим, аммо сизлар уларнинг гапига кирмадингизлар. Агар энди айтганларимни бажармасангизлар, 6Мен бу уйни Шилўнинг кўйига соламан. Бу шаҳарни эса ер юзидаги халқлар орасида лаънати қиламан.”

7Руҳонийлар, пайғамбарлар ва бутун халқ Еремиёнинг Эгамиз уйида айтаётган бу гапларини эшитишди. 8Еремиё Эгамизнинг амр қилган ҳамма сўзларини бутун халққа айтиб бўлгач, руҳонийлар, пайғамбарлар ва бутун халқ унга ташланиб: “Ўлдиринглар уни!” — дея бақира бошлашди. 9“Сен ҳали Эгамиз номидан башорат қиладиган бўлиб қолдингми?! “Бу уй Шилўнинг кўйига тушади, бу шаҳар эса вайрон бўлиб ҳувиллаб қолади”, деб айтишга қандай журъат этдинг?!” Эгамиз уйидаги бутун оломон Еремиёни ўраб олди.

10Бундан хабар топган саройдаги Яҳудо аъёнлари Эгамизнинг уйига келдилар. Қозилик қилиш учун Янги дарвозанинг кираверишидаги курсиларга ўтирдилар. 11Шунда руҳонийлар билан пайғамбарлар етиб келган аъёнларга ва халойиққа мурожаат қилиб дедилар: “Бу одам ўлимга лойиқ! У шаҳримизга қарши башорат қилди, буни ўз қулоғингиз билан эшитдингиз.”

12Еремиё ўз навбатида шундай деди: “Сизлар эшитган барча сўзларни гапиришим учун, мени Эгам юборди. “Бу уйга ва шаҳарга қарши башорат қил”, деди. 13Агар сизлар ёмон йўлингиздан қайтсангиз, турмуш тарзингизни ўзгартирсангиз, Эгангиз Худога итоат этсангиз, Эгамиз ҳам шахтидан қайтади, сизларга эълон қилган фалокатни бошингизга келтирмайди. 14Мана, мен сизнинг ихтиёрингиздаман. Нимани тўғри, деб билсангиз, менга шуни қилинг. 15Фақат билиб қўйинглар: агар мени ўлдирсангизлар, сизлар ҳам, шаҳар аҳолиси ҳам айбсиз одамнинг қонини тўккан бўласизлар. Зотан, бу сўзларнинг ҳаммасини сизларга айтишим учун Эгамизнинг Ўзи мени юборган.”

16Сўнг аъёнлар билан бутун халойиқ руҳонийларга ва пайғамбарларга шундай дедилар: “Йўқ, бу одам ўлимга лойиқ эмас. У бизга Эгамиз Худо номидан гапиряпти–ку!” 17Юртнинг бир нечта оқсоқоли ҳам чиқиб, тўпланган бутун оломонга шундай дедилар: 18“Яҳудо шоҳи Ҳизқиё даврида башорат қилиб юрган Мўрашатлик Михо ҳам Яҳудо халқига шундай деб айтган эди:

“Сарвари Олам демоқда:

Қуддус даладай шудгор қилинади,

Сион харобазор бўлади,

Эгамизнинг уйи турган тоғни

Қалин ўрмонзор қоплайди.”

19Ўшанда Яҳудо шоҳи билан бутун халқ пайғамбарни ўлдирганмиди?! Аксинча, шоҳ Эгамиздан қўрқиб, Ундан марҳамат сўраган эди. Эгамиз эса шахтидан қайтиб, уларга эълон қилган фалокатни бошларига келтирмади. Биз–чи? Биз ўзимизнинг бошимизга ўзимиз фалокат келтиряпмиз–ку!

20Эгамизнинг номидан башорат қилган яна бир одам бор эди. У Хират–Ёримлик Шамаё ўғли Уриё эди. У ҳам худди Еремиёга ўхшаб бу юрт ва шаҳарга қарши башорат қилган эди. 21Шоҳ Ёҳайиқим, унинг ҳамма соқчилари ва аъёнлари Уриёнинг сўзларини эшитдилар. Шунда шоҳ Уриёни ўлдиришга қасд қилди. Бундан хабардор бўлган Уриё қўрққанидан Мисрга қочиб кетди. 22Шоҳ Ёҳайиқим унинг орқасидан Ахбор ўғли Элнатанни одамлари билан жўнатди. 23Улар Уриёни Мисрда тутиб олиб, шоҳнинг олдига олиб келган эдилар. Шоҳ уни ўлдириб, жасадини авом халқнинг қабристонига ташлаган эди.”

24Шунга қарамай, Шофон ўғли Охихам Еремиёнинг тарафини олди. Еремиёни ўлдирмоқчи бўлган оломоннинг қўлига топширишга йўл қўймади.

 

27–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Еремиё ва ҳўкиз бўйинтуруғи

 

1Йўшиё ўғли Зидқиё Яҳудода ҳукмронлик қилаётган илк даврида, Эгамиз Ўз сўзини Еремиёга аён қилди. 2Эгамиз менга шундай деди: “Ёғочдан бир бўйинтуруқ яса, қайишлар ёрдамида уни гарданингга осиб ол. 3Сўнг эса Қуддусга — шоҳ Зидқиё ҳузурига келган элчилар орқали Эдом, Мўаб, Оммон, Тир ва Сидон шоҳларига хабар жўнат. 4Уларга қуйидаги хабарни етказишларини буюр: Исроилнинг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Шоҳларингизга айтинглар, 5бу дунёни, ер юзидаги одамзоду ҳайвонларни Мен Ўз қудратим ва ажойиботларим билан яратганман. Шундай экан, уларни хоҳлаган одамга бераман. 6Ана шу юртларнинг барчасини Мен Бобил шоҳи қулим Навухадназарга бердим. Ҳаттоки ёввойи ҳайвонларни ҳам унинг измига топширдим, улар ҳам Навухадназарга хизмат қилишади. 7Навухадназарнинг шоҳлиги қулагунча ҳамма халқлар унга, унинг ўғлию неварасига хизмат қилади. Кейин эса Навухадназарнинг ўзи ҳам кўплаб халқларга ва буюк шоҳларга хизмат қилишга мажбур бўлади.

8Бобил шоҳи Навухадназарга хизмат қилмаган, унга бўйин бермаган ҳар бир халқ ва шоҳликни Мен урушга, қаҳатчилигу ўлатга гирифтор этиб, қириб ташлайман. Ўша халқни Навухадназар орқали бутунлай йўқ қилмагунимча қўймайман.” Эгамизнинг каломи шудир. 9“Сизлар Бобил шоҳига хизмат қилмайсизлар”, дея каромат қилаётган пайғамбарларингизга, фолбинларингизга, туш таъбирчиларига, башоратгўй одамларингизга, сеҳргарларингизга ишонманглар. 10Улар сизларга ёлғон башорат қиляптилар. Агар уларга қулоқ солсангизлар, Мен сизларни бу ердан чиқариб юбораман. Узоқ юртларга сургун қиламан, оқибатда сизлар ҳалок бўласизлар. 11Бобил шоҳининг бўйинтуруғи остида бўйин эгган, унга хизмат қилган ҳар бир халқни эса Мен ўз юртида қолдираман. Улар ўз жойида яшаб, ўз ерига ишлов берадилар.” Эгамизнинг каломи шудир.

12Мен Яҳудо шоҳи Зидқиёни ҳам худди шундай деб огоҳлантирдим: “Бобил шоҳига бош эгинг, унинг ўзига ҳам, халқига ҳам хизмат қилинг, шунда жонингизни сақлаб қолган бўласиз. 13Эгамиз: “Бобил шоҳига хизмат қилмаган ҳар бир халқ уруш, қаҳатчилик ва ўлатдан нобуд бўлади” деган эди. Наҳотки ўзингизнинг ва ўз халқингизнинг жонига зомин бўлсангиз?! 14“Бобил шоҳига хизмат қилманг”, деб айтаётган пайғамбарларнинг гапларига қулоқ солманг, улар сизларга ёлғон башорат қиляпти.

15Ўша пайғамбарлар ҳақида Эгамиз шундай деб айтди: “Уларни Мен юбормаганман. Улар Менинг номимдан ёлғон башорат қилишяпти. Шундай экан, Мен сизларни ва сизларга башорат қилаётган пайғамбарни бу юртдан улоқтириб ташлайман. Ҳаммангиз ҳалок бўласизлар.”

16Сўнг мен руҳонийларга ва бутун халққа гапирдим: “Эгамиз шундай демоқда: Эгамизнинг уйига қарашли ашёлар Бобилдан яқинда олиб келинади, деб айтаётган пайғамбарларга қулоқ солманглар. Улар сизларга ёлғон башорат қилишяпти. 17Уларга қулоқ солманглар! Жонингизни сақлаб қолмоқчи бўлсангизлар, Бобил шоҳига хизмат қилинглар. Акс ҳолда шаҳар вайрон қилинади! 18Агар улар ҳақиқатан ҳам пайғамбарлар бўлишса, агар чиндан ҳам Менинг каломим уларга аён бўлган бўлса, унда улар Менга — Сарвари Оламга ёлворишсин. “Сенинг уйингдаги, шоҳ саройидаги ва Қуддусдаги қолган ашёлар Бобилга олиб кетилмасин”, деб Менга илтижо қилишсин. 19-20Бобил шоҳи Навухадназар Яҳудога бостириб келиб, тахтда ўтирган Ёҳайиқим ўғли Ёҳайихинни Яҳудо амалдорлари билан бирга асир қилиб олиб кетганда, Маъбаддаги иккита бронза устунни, ҳовузни, тагкурсиларни ва Қуддусдаги айрим идишларни қолдириб кетган эди. Ўша қолган–қутган ашёлар ҳақида Сарвари Олам шундай демоқда: 21“Мен, Исроил халқининг Худоси, Сарвари Олам уйимда, шоҳ саройида ва Қуддусда қолган ашёлар ҳақида айтадиган гапларимни эшитинглар: 22Ашёларнинг ҳаммаси Бобилга олиб кетилади. Мен уларни олиб келгани бормагунимча, ўша ерда қолади. Сўнг эса Мен уларни қайтариб олиб келаман, шу ерга жойлаштираман.” Эгамизнинг каломи шудир.

 

28–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Еремиё ва Ханониё пайғамбар

 

1Айни ўша йили, яъни Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳукмронлик қилаётган илк даврида, тўртинчи йилининг бешинчи ойида Ханониё пайғамбар Эгамиз уйидаги руҳонийлар ва халқ олдида менга гапирди. Ханониё Гивонлик Оззурнинг ўғли эди. У менга шундай деди: 2“Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: Бобил шоҳи солган бўйинтуруқни Мен синдириб ташладим. 3Шоҳ Навухадназар уйимдан Бобилга олиб кетган ҳамма ашёларни Мен икки йил ичида бу ерга қайтариб олиб келаман. 4Бундан ташқари, Бобилга сургун бўлган Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим ўғли Ёҳайихинни ва у билан бирга ҳамма асирларни қайтариб олиб келаман. Мен Бобил бўйинтуруғини синдириб ташлайман.” Эгамизнинг каломи шудир.

5Шунда мен Эгамиз уйида ҳозир бўлган руҳонийлар ва халқ олдида Ханониёга 6шундай дедим: “Омин! Эгамиз шундай қилсин. Башорат қилган сўзларингизни Эгамизнинг Ўзи бажо айласин. Ўз уйининг ашёларию асирларни Бобилдан қайтариб, бу ерга олиб келсин. 7Энди эса мен сизга ва халққа айтмоқчи бўлган мана бу гапларимни эшитинг. 8Сиздан ва мендан олдин ўтган пайғамбарлар кўп юртлару буюк шоҳликларга қарши уруш, очарчилик ва ўлатни башорат қилган эдилар. 9Тинчликни башорат қилган пайғамбарнинг башорати бажо бўлганидан кейингина, халқ уни “ҳақиқатан ҳам Эгамизнинг элчиси”, деб тан олар эди.”

10Сўнг Ханониё пайғамбар Еремиёнинг гарданидаги бўйинтуруқни олиб синдирди–да, 11тўпланиб турган халойиққа мурожаат қилиб деди: “Эгамиз айтмоқда, худди шундай қилиб, Мен икки йил ичида Бобил шоҳи Навухадназарнинг халқларга солган бўйинтуруғини олиб, синдириб ташлайман.” Бу гаплардан кейин Еремиё ўз йўлига кетди.

12Ханониё пайғамбар Еремиё пайғамбарнинг гарданидаги бўйинтуруқни синдиргандан кейин, кўп ўтмай Эгамиз Еремиёга Ўз сўзини аён қилиб деди: 13“Ханониёнинг олдига бориб, шундай деб айт: Эгамиз айтмоқда, сен ёғоч бўйинтуруқни синдирдинг, аммо ўшанинг ўрнига Мен темирини ясайман. 14Зеро, Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: Мен бу халқларнинг гарданига темир бўйинтуруқ соламан. Уларнинг ҳаммаси Бобил шоҳи Навухадназарга хизмат қилишади. Ҳа, уларнинг ҳаммаси Навухадназарга бош эгади. Мен ҳатто ёввойи ҳайвонларни ҳам Навухадназарнинг измига топшираман.” 15Еремиё пайғамбар Ханониё пайғамбарга деди: “Менга қара, Ханониё, Эгамиз сени юбормаган. Сен эса бу халқни ёлғон гапларингга ишонтириб қўйдинг. 16Шу қилганинг учун Эгамиз шундай демоқда: Мен сени ер юзидан даф қиламан. Сен ўз башоратларинг билан халқни Эгангга қарши қўзғатганинг учун шу йилиёқ ўласан.”

17Ўша йилнинг еттинчи ойида Ханониё оламдан ўтди.

 

29–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Еремиёнинг Бобилдаги яҳудийларга ёзган мактуби

 

1Еремиё пайғамбар Бобилда асирларнинг орасида омон қолган оқсоқолларга, руҳонийларга, пайғамбарларга ва асирликда юрган бутун халққа Қуддусдан бир мактуб йўллади. Бу асирларни шоҳ Навухадназар Қуддусдан Бобилга сургун қилган эди. 2Шоҳ Ёҳайихин, она малика, аъёнлар, Яҳудо ва Қуддус йўлбошчилари, ҳунармандлару темирчилар Қуддусдан сургун қилингандан кейин бу мактуб ёзилди. 3Еремиё мактубини Шофон ўғли Эласах ва Хилқиё ўғли Гамариё орқали жўнатди. Яҳудо шоҳи Зидқиё бу одамларни Бобил шоҳи Навухадназар ҳузурига юборганди. Мактуб қуйидаги мазмунда эди: 4“Исроил Худоси — Сарвари Олам Қуддусдан Бобилга сургун қилган барча одамларга шундай демоқда: 5Ўзларингизга яшаш учун уйлар қуринглар, боғ–роғлар яратинглар, меваларидан тановул қилинглар. 6Уйланинглар, ўғил–қизлар кўринглар, ўғилларингизга қизлар олиб беринглар. Қизларингизни турмушга беринглар, улар ҳам ували–жували бўлишсин. Ўша ерда кўпайинглар, сонингиз камаймасин. 7Мен сизларни сургун қилган ўша шаҳарнинг тинч ва фаровон ҳаёти учун меҳнат қилинглар. Ўша шаҳар учун Менга ибодат қилинглар. Шаҳар тинч бўлса, сизлар ҳам тинч бўласизлар.” 8Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Орангиздаги пайғамбарлар билан фолбинлар сизларни лақиллатишмасин. Улар кўрган тушларини айтганларида қулоқ солманг, 9улар Менинг номим билан башорат қилиб айтаётган ҳамма гаплари ёлғондир. Уларни Мен олдингизга юбормаганман.” Эгамизнинг каломи шудир.

10Эгамиз шундай демоқда: “Бобил ҳукмронлигига етмиш йил бўлгандан кейин, Мен олдингизга бораман. Берган эзгу ваъдамга биноан сизларни шу ерга қайтариб, олиб келаман. 11Ахир, Мен сизлар тўғрингизда тузган режаларимни биламан. Бу режаларим сизларга кулфат эмас, фаровонлик олиб келади, ёруғ келажагу умид беради.” Эгамизнинг каломи шудир. 12“Ўша дамларда Менга қилган илтижою ибодатларингиз ижобат бўлади. 13Мени бутун қалбингиз билан изласангизлар, топасизлар. 14Ҳа, Мени топасизлар, — деб айтмоқда Эгамиз. — Мен сизларни яна фаровонликка эриштираман. Сизларни сургун бўлган барча халқлар орасидан, ҳамма юртлардан йиғиб оламан. Сизларни чиқариб юборган она юртингизга қайтариб олиб келаман.” Эгамизнинг каломи шудир.

15Сизлар: “Эгамиз бизга Бобилда пайғамбарлар берди”, деб айтишингиз мумкин. 16Энди Довуд тахтида ўтирган шоҳ ҳақида, ҳануз Қуддусда яшаб келаётган бутун халқ ҳақида, сизлар билан сургунга кетмаган қариндош–уруғингиз ҳақида Эгамизнинг айтган сўзларини эшитинг. 17Сарвари Олам шундай демоқда: “Мен уларнинг бошига уруш, очарчилик ва ўлат балосини келтираман. Уларни еб бўлмайдиган чирик анжирга ўхшатиб қўяман. 18Қилич, очарчилик ва ўлат билан уларнинг кетидан қуваман. Буларни кўрган ер юзидаги ҳамма шоҳликлар даҳшатга тушади. Мен уларни тарқатиб юборган жойда уларнинг аҳволини кўрган ҳамма одамлар даҳшатга тушиб, ёқасини ушлайди. Уларни масхара қилиб, номини қарғишларда ишлатишади. 19Ахир, улар гапимга қулоқ солмадилар”, деб айтмоқда Эгамиз. “Мен уларнинг олдиларига пайғамбар қулларимни узлуксиз юбориб турдим. Бироқ улар пайғамбарларимга қулоқ солмадилар.” Эгамизнинг каломи шудир.

20Шундай экан, эй Мен Бобилга сургун қилган асирлар, гапларимга қулоқ солинглар! 21Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам Хулаё ўғли Ахаб ва Масиё ўғли Зидқиё ҳақида шундай демоқда: “Улар Менинг номим билан ёлғон башоратлар айтиб юришибди. Мен уларни Бобил шоҳи Навухадназар қўлига топшираман. Сизларнинг кўзингиз олдида ўлдиртириб юбораман. 22Шундан кейин Бобилдаги Яҳудолик асирлар бировни қарғаганда шундай деб айтадиган бўлади: “Илойим, бошингга Бобил шоҳи тириклайин ёқиб юборган Зидқиё ва Ахабнинг куни тушсин.” 23Ахаб билан Зидқиёнинг қисмати шудир, чунки улар Исроилда разилликлар қилдилар. Қўшниларининг хотинлари билан зино қилдилар. Мен уларга амр қилмаган бўлсам ҳам, Менинг номимдан ёлғон гапирдилар. Қилган қилмишларини биламан, Ўзим шуларга гувоҳман.” Эгамизнинг каломи шудир.

 

Шамаёнинг мактуби

 

24-25Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам менга Нахаламлик Шамаё тўғрисида бир хабар берди. Шамаё ўзбошимчалик қилиб, Қуддусдаги ҳамма одамга, Масиё ўғли руҳоний Зафаниёга ва бошқа ҳамма руҳонийларга бир мактуб жўнатган экан. У мактубида руҳоний Зафаниёга шундай деб ёзган экан:

26“Эгамизнинг Ўзи сизни Ёҳайидо ўрнига руҳоний қилиб тайинлади. Сиз Эгамиз уйининг назоратчиси сифатида, ўзини пайғамбар қилиб кўрсатган ҳар бир телбани кишанлаб, занжирбанд қилишингиз лозим. 27Нега энди Онотўтлик Еремиёга индамай юрибсиз? У сизларнинг орангизда ўзини пайғамбар қилиб кўрсатиб юрибди–ку! 28У Бобилга, бизга мактуб жўнатиб, мактубида: “Сизлар узоқ йиллар давомида сургунда яшайсизлар. Ўзларингизга яшаш учун уйлар қуринглар, боғ–роғлар яратинглар, мевасидан тановул қилинглар”, деб ёзибди.”

29Бу мактубни Еремиёга руҳоний Зафаниё ўқиб берди. 30Шунда Эгамиз Еремиёга Ўз сўзини аён қилди: 31“Сургундаги барча одамларга шундай деб ёз: Нахаламлик Шамаё ҳақида Эгамиз демоқда: Шамаёни Мен юбормаганман. У эса башорат қилиб, сизларни ёлғон гапларига ишонтириб қўйди. 32Шунинг учун Мен уни бутун хонадони билан бирга жазолайман. Бу халқ орасида унинг авлодидан бўлган биронта одам ҳам тирик қолмайди. Уларнинг биронтаси ҳам халқимга Мен қиладиган яхшилигимни кўрмайди, чунки Шамаё ўз гаплари билан халқимни Менга қарши қўзғатмоқчи бўлди.” Эгамизнинг каломи шудир.

 

30–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Эгамиз Ўз халқига ваъда беради

 

1Эгамизнинг сўзи Еремиёга аён бўлди. 2Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай деди: “Мен сенга айтган барча сўзларимни ўрама қоғозга ёзиб қўй. 3Шундай кунлар келадики, Мен халқим Исроилни ва Яҳудони яна фаровонликка эриштираман. Ота–боболарига берган юртга уларни олиб келаман. Улар ўша юртга эгалик қиладилар.” Эгамизнинг каломи шудир.

4Қуйида Эгамизнинг Исроил ва Яҳудо ҳақида айтган сўзлари ёзилган:

5“Эгамиз шундай демоқда,

Саросима хитобларини эшитдик.

Ана, ваҳима садолари эшитилмоқда! Тинчлик йўқ!

6Қани, сўраб кўринг:

Эркак киши туғадими?

Нега унда мен кўрган ҳар бир кучли эркак

Дард тутган аёлдай белини ушлаб олган?

Нега ҳар бир эркакнинг юзи бўздай оқарган?

7Эвоҳ, нақадар даҳшатли бу кун!

Бундай кун ҳеч қачон бўлмаган.

Ёқуб насли учун бу жабр куни бўлади,

Аммо бу кундан халқим қутқарилади.”

8Сарвари Олам шундай демоқда: “Ўша куни Мен халқимнинг бўйнидаги бўйинтуруқни синдираман, кишанларини узиб ташлайман. Менинг халқим энди ҳеч қачон ажнабийларга қул бўлмайди. 9Улар Менга — Ўз Эгаси Худога ва Мен тахтга ўтқизадиган Довуд авлодидан бўлган шоҳга хизмат қилишади.

10Эгамиз шундай демоқда:

“Эй қулим Ёқуб, қўрқма!

Эй Исроил халқи, саросимага тушма!

Мен сени олис юртдан озод қилиб олиб келаман,

Наслингни сургун бўлган мамлакатдан қутқараман.

Эй Ёқуб насли, сен юртингга қайтасан,

Осойишта ва бехатар яшайсан.

Энди ҳеч ким сени қўрқитмайди.”

11Эгамиз шундай демоқда:

“Мен сен билан бирга бўламан,

Ўзим сени қутқараман.

Сени халқлар орасига тарқатган эдим,

Энди ўша халқларнинг ҳаммасини қириб ташлайман.

Сени эса қириб юбормайман,

Аммо жазосиз ҳам қолдирмайман,

Адолат ила жазоингни бераман.”

12Мана, Эгамиз халқига шундай демоқда:

“Ярангни даволаб бўлмайди,

Сенинг дардинг тузалмасдир.

13Арзингни эшитадиган одам йўқ,

Яранг учун дори–дармон йўқ,

Сени даволаб бўлмайди.

14Ҳамма ўйнашларинг сени унутди,

Уларнинг сен билан иши йўқ.

Мен душман каби сенга ҳамла қилдим,

Шафқатсиз жазоингни бердим.

Оғир жиноятинг, кўп гуноҳларинг учун,

Сени шу кўйга солдим.

15Нечун жон аччиғида бақиряпсан?!

Ярангни даволаб бўлмайди, ахир!

Оғир жиноятинг, кўп гуноҳларинг учун

Сени шу кўйга солдим.

16Аммо сени ҳалок қилганлар ҳалок бўлади,

Душманларингнинг ҳаммаси сургун қилинади.

Сени талон–тарож қилганлар таланади.

Сенга ҳужум қилганлар босиб олинади.

17Душманлар сени “Ташлаб кетилган”, деб аташса ҳам,

“Ҳеч кимнинг Қуддус билан иши йўқ”, деб айтишса ҳам,

Мен сени соғайтираман,

Ярангга шифо бераман.”

Эгамизнинг каломи шудир.

18Эгамиз шундай демоқда:

“Мен Ёқуб наслининг чодирларини қайта тиклайман.

Халқим хонадонларига раҳм–шафқат қиламан.

Шаҳар ўз вайроналари устида қайта бунёд бўлади,

Сарой ўз жойида тикланади.

19У ердан шукрона қўшиқлари эшитилади,

Шодлик ҳайқириқлари янграб туради.

Мен халқимни кўпайтираман,

Уларнинг сони камаймайди.

Уларни обрў–эътиборли қиламан,

Ҳеч ким уларни оёқ ости қилмайди.

20Фарзандлари олдингидай фаровон ҳаёт кечиради,

Жамоаси олдимда мустаҳкам туради.

Уларга жабр қилганларни Мен жазолайман.

21Шаҳзодаси ўзларидан чиқади,

Ҳукмдори Менинг халқимдан бўлади.

Мен уни Ўзимга яқинлаштираман,

Шунда у Менга яқинлаша олади.

Зотан ҳеч ким ўзидан ўзи

Менга яқинлашишга журъат этмайди!” деб айтмоқда Эгамиз.

22Шунда сизлар Менинг халқим,

Мен эса сизларнинг Худойингиз бўламан.

23Қаранглар, Эгамиз ғазабга минди,

Унинг қаҳри бўронга ўхшайди,

Авж олган тўфондай,

Фосиқларнинг бошига тушади.

24Эгамиз ниятини тўлиқ бажармагунча,

Ўз ғазабидан тушмайди.

Кейинчалик буни англаб оласиз.”

 

31–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Исроил халқи она юртига қайтиб келади

 

1Эгамиз шундай демоқда: “Ўша вақтда Мен ҳамма Исроил қабилаларининг Худоси бўламан, улар эса Менинг халқим бўлади.”

2Эгамиз шундай демоқда:

“Қирғиндан омон қолган Исроил халқи

Ором излаб сафарга чиққанда,

Саҳрода иноят топди.

3Мен қадимда Исроилга зоҳир бўлиб, шундай деган эдим:

Сени мангу севги билан севдим,

Сенга содиқ бўлиб келдим.

4Эй бокира қиз Исроил,

Мен сени қайтадан бунёд этаман.

Сен қайта бино бўласан.

Сен яна чилдирмаларингни чаласан,

Қувонч ила рақсга тушасан.

5Самария қирларида яна узумзорлар барпо қиласан.

Ток эккан деҳқонлар ўз ҳосилидан ейдилар.

6Шундай кунлар келадики,

Соқчилар Эфрайим қирларида жар соладилар:

“Келинглар, Эгамиз Худонинг олдига борайлик!

Келинглар, Қуддусга чиқайлик!”

7Эгамиз шундай демоқда:

“Ёқуб насли учун севинч ила қўшиқ айтинг,

Ҳа, халқлар сардори учун Худони мадҳ қилинг.

Худога ҳамду санолар ўқинг, Унга ёлвориб айтинг:

“Эй Эгамиз, Ўз халқингни халос қилгин!

Исроилнинг омон қолганларини қутқаргин!”

8Мен уларни шимолдан олиб келаман,

Дунёнинг тўрт бурчагидан йиғиб оламан.

Ораларида кўру чўлоқлар бўлади,

Ҳомиладор аёллару тўлғоқ тутаётганлар бўлади.

Катта бир жамоа бўлиб, бу ерга қайтиб келишади.

9Улар йўл юриб, кўз ёш тўкишади,

Уларни бошлаб келаётганимда илтижо қилишади.

Мен уларни сув булоқлари бўйлаб етаклайман,

Қоқилмасин деб, текис йўлдан олиб юраман.

Зотан, Мен Исроилнинг отасидирман,

Эфрайим Менинг тўнғич ўғлимдир.

10Эй халқлар, Эгамизнинг сўзини эшитинглар,

Денгиз ортидаги юртларда шундай эълон қилинглар:

“Эгамиз Исроил халқини тарқатиб юборди,

Аммо энди уни қайта йиғиб олади,

Чўпон сурувини қўриқлагандай,

Эгамиз Исроилни қўриқлайди.”

11Зеро, Ёқуб наслини Эгамиз озод қилди,

Улардан кучлироқ бўлган бир халқдан бу наслни қутқарди.

12Ёқуб насли Қуддус қирларида қувонч ила ашула айтади,

Эгамиз берган баракадан қувонади.

Буғдой, шароб ва зайтун мойи туфайли,

Сурувдаги қўзилару подалардаги бузоқлар туфайли

Уларнинг юзидан нур сочилади.

Улар суғорилган боққа ўхшайдиган бўлади,

Бутунлай қайғуни унутиб юборишади.

13Қизлар хурсанд бўлиб, рақсга тушадилар,

Эркакларнинг ёшу қариси шод бўлади.

Мен уларнинг қайғусини қувончга айлантираман,

Ҳасрат ўрнига таскин ва шодлик бераман.

14Руҳонийларни аъло сифатли овқатлар билан тўйғизаман,

Халқимни баракалардан баҳраманд қиламан.”

Эгамизнинг каломи шудир.

 

Эгамизнинг Исроилга бўлган меҳр–шафқати

 

15Эгамиз шундай демоқда:

“Рама шаҳридан бир нидо эшитилур,

Аччиқ бир нолаю оҳу фиғон бу.

Болалари учун йиғлар Роҳила,

Овунишни хоҳламас,

Ахир, улар энди йўқ.”

16Эгамиз шундай демоқда:

“Бўлди бас, йиғлама,

Кўз ёшларингни тўкма.

Зеро, меҳнатинг тақдирланади,

Фарзандларинг душман юртидан қайтиб келади.

17Келажагинг учун умид бор,

Болаларинг ўз юртига қайтиб келади.”

Эгамизнинг каломи шудир.

18Эфрайимнинг ҳасратини эшитдим:

“Мени жазоладинг, ўзимга сабоқ олдим.

Мен ўжар бир бузоққа ўхшаган эдим.

Мени қайтар, олдингга қайтиб борай,

Ахир, Эгам Худо Сенсан.

19Сендан юз ўгирганимдан пушаймон бўлдим,

Эсим жойига келгач, кўксимга урдим.

Ёшликда иснодга қолганим туфайли

Шармандаю шармисор бўлдим.”

20“Эфрайим — Менинг азиз ўғлоним,

Суюкли фарзандимдир у!

Унга қарши кўп гапирганим билан,

Хаёлимдан уни кеткизмайман.

Унга ич–ичимдан ачиниб кетдим,

Албатта унга раҳм қиламан.”

Эгамизнинг каломи шудир.

21Эй бокира қиз Исроил,

Ўзинг учун йўл белгиларини қўй,

Йўналиш устунларини ўрнат.

Келган йўлингни аниқлаб ол.

Қайт, ўз шаҳарларингга қайт.

22Эй вафосиз қиз,

Қачонгача иккиланасан?!

Эгамиз дунёда янги бир нарса яратади:

Исроил Ўз Худосига чирмашиб олади.

 

Худо халқининг ёрқин келажаги

 

23Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Мен халқимни яна фаровонликка эриштираман. Шунда Яҳудо юртидаги ва барча шаҳарларидаги одамлар Қуддусни шундай дуо қиладиган бўлишади:

‘Эй муқаддас тоғ,

Солиҳлик макони,

Эгамиз сенга барака берсин!’

24Одамлар Яҳудо юртида ва унинг ҳамма шаҳарларида яшайдилар. У ерда деҳқонлар ва қўйларни боқадиган чорвадорлар бўлади. 25Мен чанқаганларнинг чанқоғини қондираман, толиққан жонга ором бераман.” 26Шунда одамлар мириқиб ухлаб, кучга тўлиб уйғонадилар.

27Эгамиз шундай демоқда: “Шундай кунлар келадики, Мен Исроил ва Яҳудо юртларини одамларга ва ҳайвонларга тўлдираман. 28Илгарилари Мен бу халқни қўпориб, вайрон қилган бўлсам, уларни ағдариб ташлаб, яксон этган бўлсам, бошларига фалокат келтирган бўлсам, энди уларни қайта бунёд этиб, мустаҳкам қиламан.” Эгамизнинг каломи шудир.

29Ўшанда одамлар шундай деб айтмайдиган бўлади:

“Оталари аччиқ узум ейишган эди,

Болаларининг эса тиши қамашди.”

30Аксинча, ҳар бир одам қилган гуноҳи учун ўзи ўлим жазосини тортади. Ким аччиқ узум еган бўлса, ўшанинг тиши қамашади.”

31Эгамиз демоқда: “Шундай кунлар келадики, Мен Исроил ва Яҳудо халқлари билан янги аҳд тузаман. 32Бу янги аҳд Мен уларнинг ота–боболари билан тузган аҳдга ўхшамайдиган бўлади. Мен ота–боболарини қўлидан етаклаб, Мисрдан олиб чиққанимда, улар билан аҳд тузган эдим. Мен уларга содиқ хўжайин эдим, аммо улар ўша аҳдимни бузишди.”

33Эгамиз шундай демоқда: “Мен келажакда Исроил халқи билан тузадиган аҳд шундай бўлади: Мен қонунимни одамларнинг онгига солиб қўяман, қонунимни юракларига ёзаман. Мен уларнинг Худоси, улар эса Менинг халқим бўладилар. 34Шундан кейин одамлар бир–бирига: ‘Эгамизни таниб–билинг’, демайдиган бўлишади. Чунки уларнинг ҳаммаси — каттасидан тортиб кичигигача Мени биладиган бўлади. Мен уларнинг айбларини кечираман, гуноҳларини ҳеч қачон эсга олмайман.” Эгамизнинг каломи шудир.

35Кунни ёритсин, дея Эгамиз қуёш ато қилди.

Кечаси нур сочсин, дея ой ва юлдузларни яратди.

У денгизни кўпиртирар,

Tўлқинларини ўкиртирaр,

Унинг номи Сарвари Оламдир.

У шундай демоқда:

36“Агар табиатдаги бу тартиб бузилса,

Исроил насли ҳам халқ сифатида йўқ бўлади.”

37Эгамиз шундай демоқда:

“Осмону фалакни ўлчаб бўлмагандай,

Замин пойдеворини текшириб бўлмагандай,

Мен ҳам Исроил наслини тарк этолмайман,

Қилган қилмишлари учун уларни ташлаб кетолмайман.”

Эгамизнинг каломи шудир.

38Эгамиз шундай демоқда: “Шундай кунлар келяптики, Қуддус Мен учун қайта тикланади. Бутун шаҳар Ханонил минорасидан тортиб, то Бурчак дарвозасигача қайта қурилади. 39Шаҳар кенгаяди, чегараси ғарбдаги Горив тепалигигача бориб, Гўах томон бурилади. 40Ўликлар кўмилган, ахлат ташланган бутун Хиннум сойлиги ва Қидрон сойлигининг шарқидаги От дарвозасигача чўзилган ҳамма далалар Мен учун муқаддас бўлади. Қуддус шаҳри энди ҳеч қачон вайрон қилинмайди, харобага айланмайди.”

 

32–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Еремиё дала сотиб олади

 

1Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳукмронлигининг ўнинчи йилида Еремиёга Эгамизнинг сўзи аён бўлди. Ўша йили Бобил шоҳи Навухадназар ҳукмронлигининг ўн саккизинчи йили бўлиб, 2айни вақтда у лашкарлари билан Қуддусни қамал қилиб турган эди. Еремиё эса Яҳудо шоҳи саройидаги соқчилар ҳовлисига қамаб қўйилган эди. 3(Шоҳ Зидқиёнинг ўзи Еремиёни ўша ерга қаматиб, шундай деган эди: “Нега сен Эгамизнинг номидан башорат қилиб юрибсан? Сен шундай деб юрган эмишсан: “Эгамиз бу шаҳарни Бобил шоҳининг қўлига топширади, шаҳар таслим бўлади. 4Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳам Бобилликларнинг қўлидан қочиб қутулолмайди. У Бобил шоҳининг қўлига топширилади. У ўз кўзи билан шоҳ Навухадназарни кўради, Навухадназар у билан юзма–юз гаплашади.” 5Яна шундай деб юрган эмишсан: “Навухадназар Зидқиёни Бобилга олиб кетади. Эгамиз Зидқиёни жазоламагунча Зидқиё ўша ерда қолади.” Яна: “Агар Бобилликларга қарши жанг қилсангизлар, мағлуб бўласизлар”, деб айтган экансан.)

6Эгамиз Еремиёга Ўз сўзини аён қилиб деди: 7“Эй Еремиё, сенинг олдингга Шаллум амакингнинг ўғли Ханомил келади. У сенга: “Онотўтдаги даламни сотиб ол. Энг яқин қариндошим бўлганинг учун, даламни сотиб олиш ҳуқуқига эгасан”, деб айтади.”

8Кейин, худди Эгамиз айтганидек, соқчилар ҳовлисига амакиваччам Ханомил кириб келди. У менга шундай деди: “Бенямин ҳудудида жойлашган Онотўтдаги даламни сотиб олсанг, деган эдим. Сен яқин қариндошим бўлганинг учун, даламни ўзингга мулк қилиб олиш ҳуқуқига эгасан. Даламни сотиб олақол.” Шунда менга ҳақиқатан ҳам Эгамиз гапирганини билдим.

9Мен амакиваччам Ханомилдан Онотўтдаги далани сотиб олиб, унга 43 мисқол кумушни ўлчаб бердим. 10Кейин васиқага қўл қўйиб, уни муҳрладим, ҳаммасини гувоҳлар олдида қилдим, кумушни тарозида ўлчаб бердим. 11Сўнг муддат ва шартлари баён қилинган васиқанинг муҳрланган нусхасини, шунингдек, очиқ нусхани 12Борухга бердим (Борух Нериёнинг ўғли, Махсиёнинг невараси эди). Соқчилар ҳовлисида ўтирган ҳамма яҳудийлар, васиқага қўл қўйган гувоҳлар ва амакиваччам Ханомил бунинг шоҳиди бўлдилар. 13Мен уларнинг олдида Борухга шундай дедим: 14“Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: “Бу васиқанинг иккала нусхасини, муҳрланган ва очиқ нусхаларини олиб, хумчага солиб қўй, токи улар узоқ йиллар давомида сақланиб қолсин. 15Зеро, бу юртда одамлар яна уйлар, далалар ва узумзорлар сотиб оладиган бўлишади.” Исроил халқининг Худоси — Сарвари Оламнинг каломи шудир.”

 

Еремиёнинг ибодати

 

16Мен васиқани Нериё ўғли Борухга берганимдан сўнг, Эгамизга ибодат қилдим: 17“Ё Эгам Раббий! Сен Ўз қудратинг ва ажойиботларинг билан еру осмонни яратдинг. Сенинг қўлингдан келмайдиган нарса йўқ. 18Сен минг–минг авлодларга Ўзингнинг мустаҳкам севгингни кўрсатасан, аммо оталарнинг гуноҳлари учун болаларни жазолайсан. Эй, буюк ва қудратли Худо! Сарвари Оламдир Сенинг номинг. 19Сен доно режалар тузиб, буюк ишлар қиласан. Фоний бандалар қилаётган барча ишларни кузатиб турасан. Уларни қилмишига яраша жазолайсан, қилган ишига яраша тақдирлайсан. 20Сен Мисрда ёдда қоладиган аломату мўъжизалар кўрсатдинг. Ҳозирги кунда ҳам Исроил ва бутун одамзод орасида Сенинг номинг ниҳоятда машҳур. 21Аломату мўъжизаларинг, Ўз қудратингу ажойиботларинг, буюк бир даҳшатинг билан Сен Ўз халқингни Мисрдан олиб чиққан эдинг. 22Ота–боболарига ваъда қилган, сут ва асал оқиб ётган юрт уларга берган эдинг. 23Улар бу юртга келиб, уни мулк қилиб олдилар. Аммо Сенга бўйсунмадилар, қонунларингга риоя қилмадилар. Буюрган амрларингни бажармадилар. Шу сабабдан Сен бу фалокатларнинг ҳаммасини уларнинг бошига солдинг. 24Ана энди Бобилликлар Қуддусга ҳужум қиляптилар. Қуддусни қўлга киритиш учун, шаҳар деворига қиялатиб тупроқ уйяптилар. Қирғин, очарчилик ва ўлат дастидан шаҳар таслим бўлади. Ўзинг кўриб турганингдек, айтганларингнинг бари бажо бўляпти. 25Эй Эгам Раббий, шаҳар Бобилликларга таслим бўлаётган шундай бир пайтда Сен менга: “Гувоҳлар олдида кумушга дала сотиб ол”, дединг–а!

26Эгамиз Еремиёга Ўз сўзини аён қилди: 27“Мен Эгангман. Мен барча тирик жоннинг Худосиман. Қўлимдан келмайдиган иш йўқ!” 28Эгамиз яна шундай деди: “Мен бу шаҳарни Бобилликларга, Бобил шоҳи Навухадназарга таслим қилиб бераман. Улар шаҳарни қўлга киритадилар. 29Сизларга ҳужум қилиб келаётган бу Бобилликлар шаҳарга ўт қўядилар. Қуддусдаги уйларни ёндириб ташлайдилар! Ахир, Қуддус аҳолиси уйларининг томлари устида Баалга қурбонликлар куйдириб, бошқа худоларга шароб назрларини келтириб, Мени ғазаблантирди.”

30Эгамиз шундай демоқда: “Исроил ва Яҳудо халқлари ёшлигидан бери олдимда фақат қабиҳлик қилишади. Қачон қараса, Исроил халқи ўз ишлари билан Мени ғазаблантириб юради. 31Бу шаҳар бино бўлгандан бери, то бугунга қадар, шаҳар аҳолиси Мени қаттиқ ғазаблантириб келмоқда. Мен уларни ҳузуримдан даф қиламан, 32чунки Исроил ва Яҳудо халқлари — шоҳларию аъёнлари, руҳонийларию пайғамбарлари, Яҳудо ва Қуддусда яшаган ҳамма одамлар қилган ёвузликлари билан жаҳлимни чиқардилар. 33Улар Менга юз бурмай, орқа ўгирдилар. Мен уларни тўғри йўлга солмоқчи бўлиб астойдил ҳаракат қилгандим, аммо улар Менга қулоқ солмадилар, ўзларига сабоқ олмадилар. 34Менинг номим билан аталган уйга жирканч бутларини ўрнатиб, уйимни ҳаром қилдилар. 35Хиннум сойлигида Баалга саждагоҳлар қурдилар. У ерда ўғил–қизларини Мўлахга оловда куйдириб қурбонлик қилдилар. Мен уларга бундай жирканч ишни амр қилмаганман, бу ҳатто хаёлимга ҳам келмаган. Натижада бу қилмишлари туфайли Яҳудо жазога лойиқ бўлди.”

 

Умид ваъдаси

 

36Сизлар бу шаҳар ҳақида “Қуддус шаҳри қирғин, очарчилик ва ўлат дастидан Бобилликлар олдида таслим бўлади”, деб айтяпсизлар, аммо Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: 37“Мен ғазаб, қаҳр ва қаттиқ жаҳл устида турли юртларга халқимни тарқатиб юборган эдим, энди уларни йиғиб оламан. Уларни яна мана шу ерга олиб келаман. Улар бу ерда осойишта умр кечирадилар. 38Улар Менинг халқим, Мен эса уларнинг Худоси бўламан. 39Улар Мендан ҳар доим қўрқсин, деб уларни якдил қиламан, ҳаммасини ҳаётнинг бир мақсади томон йўналтираман. Шунда ўзларига ҳам, болаларига ҳам яхши бўлади. 40Мен улар билан абадий аҳд тузаман. Уларга доим яхшилик қилишдан қочмайман. Мендан юз ўгириб кетмасликлари учун, уларнинг юракларига Мендан қўрқиш ҳиссини солиб қўяман. 41Мен уларга яхшилик қилганимдан хурсанд бўламан, уларни жону дилим билан бу юртда албатта мустаҳкам ўрнаштираман.”

42Эгамиз шундай демоқда: “Мен бу халқнинг бошига катта фалокатни қандай ёғдирган бўлсам, ваъда қилган барча эзгуликларимни ҳам устиларига худди шундай ёғдираман. 43Одамлар бу юрт ҳақида “Ҳа, юртимиз Бобилликларга таслим бўлди, одамлар ва ҳайвонларсиз ҳувиллаб қолди”, деб айтишяпти. Аммо шундай кун келадики, бу юртдаги далалар яна сотиладиган бўлади. 44Одамлар бу далаларни кумушга сотиб оладилар, гувоҳлар олдида васиқаларга қўл қўйиб, муҳр босадилар. Бундай ҳодиса Бенямин ҳудудида, Қуддус атрофида, Яҳудо шаҳарларида, қирларда, ғарбдаги қирлар этакларида ва Нагав чўлида содир бўлади. Ахир, Мен халқимни яна фаровонликка эриштираман.” Эгамизнинг каломи шудир.

 

33–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Эгамизнинг иккинчи умид ваъдаси

 

1Еремиё соқчилар ҳовлисида қамоқда ўтирганда, Эгамиз унга иккинчи марта Ўз сўзини аён қилди. 2Оламни яратган, ерга шакл бериб ўрнатган, номи Эгамиз бўлган Худо шундай демоқда: 3“Менга илтижо қил, сенга жавоб бераман. Сен ҳали билмайдиган буюк сирларни сенга айтаман.” 4Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: “Сизлар душманнинг қамал иншоотларидан ва унинг қиличидан сақланмоқчи бўлиб, шаҳрингиз деворларини мустаҳкам қилдингиз. Бунинг учун уйларингизни, ҳатто Яҳудо шоҳларининг саройларини буздингизлар. 5Сизлар Бобилликлар билан жанг қиласизлар. Улар эса вайрона уйларингизни жасадларга тўлдирадилар. Мен қаҳр–ғазабга тўлиб, халқимни қираман! Халқимнинг қабиҳликлари туфайли бу шаҳардан юз ўгирдим. 6Шунга қарамай, бу шаҳарга яна шифо бераман, уни соғайтираман. Аҳолисини соғ–саломат қилиб, чексиз тинчлик ва осойишталикдан баҳраманд этаман. 7Мен Яҳудо ва Исроил халқларини яна фаровонликка эриштираман, аввалгидай қайта бунёд этаман. 8Менга қарши қилган барча гуноҳларидан уларни поклайман. Бош кўтариб, қилган гуноҳларини кечираман. 9Ер юзидаги ҳамма халқлар олдида Қуддус Менга шуҳрат, қувонч ва шон–шараф келтиради. Қуддусга қилган яхшилигимни, унинг равнақини кўрган барча элларни қўрқув ва титроқ босади.”

10Эгамиз шундай демоқда: “Сизлар, бу ҳувиллаган шаҳарда на одам, на ҳайвон бор, деб айтасизлар. Айтганингиз ҳам бежиз эмас. Яҳудо шаҳарлари билан Қуддус кўчалари ҳувиллаб қолган, у ерда на одам, на ҳайвон бор. Бироқ у ерда сиз яна бир бор 11қувончу шодлик садоларини, келин–куёв овозларини эшитасиз. Одамлар Эгасининг уйига яна шукрона назрларини келтирадилар, шундай деб яна куйлайдилар:

Шукрона айтинг Сарвари Оламга, У яхшидир!

Унинг содиқ севгиси абадийдир!

Мен бу юртни илгариги фаровонлигига эриштираман.” Эгамизнинг каломи шудир.

12Сарвари Олам шундай демоқда: “Одам ва ҳайвонсиз ҳувиллаб қолган бу жойда, юртнинг ҳамма шаҳарларида яна яйловлар бўлади, чўпонлар у ерда қўйларини ўтлатишади. 13Қирлардаги шаҳарларда, ғарбий қирлар этакларидаги, Нагав чўлидаги ва Бенямин ҳудудидаги шаҳарларда, Қуддус атрофида, Яҳудо шаҳарларида чўпонлар яна қўйларини санайдиган бўлади.” Эгамизнинг каломи шудир.

14Эгамиз шундай демоқда: “Мен Исроил ва Яҳудо халқларига берган эзгу ваъдамни бажараман. Ваъдамни бажарадиган кунлар яқинлашиб келяпти. 15Ўша кунларда Мен Довуд наслидан солиҳ бир новдани етиштираман. Юртда у адолату тўғрилик ила иш тутади. 16Ўша кунларда Яҳудо халқи бехатар яшайди, Қуддус аҳолиси осойишта ҳаёт кечиради. Қуддус шаҳри “Эгамиз нажоткоримиздир” деб ном олади.”

17Эгамиз шундай демоқда: “Довуднинг насли Исроил тахтида абадий ўтиради. 18Леви авлодидан бўлган руҳонийлар эса ҳузуримда қурбонликлар куйдириб, дон назрларини келтирадилар, улар абадулабад Менга қурбонликлар қиладилар.”

19Эгамизнинг сўзи Еремиёга аён бўлди. 20Эгамиз шундай деди: “Борди–ю, биронтангиз тун ва кун билан тузган амримни бузишга қодир бўлсангиз, уларнинг тартибини ўзгартира олсангиз, 21шундагина Мен ҳам Довуд ва Менга хизмат қилаётган Леви авлоди билан тузган аҳдимни бузаман, Довуд сулоласини тахтдан тушираман. 22Мен қулим Довуд наслини ва Менга хизмат қилаётган Леви авлодини осмондаги юлдузлардай, денгиздаги қумдай сон–саноқсиз қиламан.”

23Еремиёга Эгамизнинг сўзи аён бўлди: 24“Бу одамларнинг гапини эшитдингми? Улар, Эгамиз Ўзи танлаган иккита халқни — Исроил ва Яҳудони рад этди, деб айтиб юришибди. Бу одамлар халқимдан шунчалик ҳазар қилишадики, уни энди халқ деб тан олишдан ор қилишяпти.” 25Эгамиз шундай демоқда: “Мен кун ва тунга берган амримни, осмону фалак учун ўрнатган қонун–қоидаларимни ҳеч қачон ўзгартирмайман. 26Шу сингари Ёқуб авлодини ва қулим Довуд сулоласини рад этмайман. Мен доимо Довуд наслидан шоҳ танлайман. Уни Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб авлодининг устидан ҳукмрон қилиб қўяман. Мен халқимни яна фаровонликка эриштираман, уларга раҳм–шафқат кўрсатаман.”

 

34–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Зидқиё учун хабар

 

1Бобил шоҳи Навухадназар ўз лашкарлари, қўли остидаги барча шоҳликлару халқлар билан бирга Қуддусга ва унинг ён–атрофидаги шаҳарларга қарши жанг қилаётган эди. Шунда Еремиёга Эгамизнинг сўзи аён бўлди. 2Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: “Қани бўл, Еремиё, Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳузурига бор. Унга айт: Эгамиз шундай демоқда: “Мен бу шаҳарни Бобил шоҳига таслим қиламан, у шаҳарга ўт қўяди. 3Сен ҳам Бобил шоҳининг қўлидан қочиб қутула олмайсан. Одамлар сени тутиб оладилар. Бобил шоҳининг қўлига топширадилар. Сен ўз кўзинг билан Бобил шоҳини кўрасан, у сен билан юзма–юз гаплашади. Кейин сени Бобилга жўнатиб юборади.

4Бироқ, эй Яҳудо шоҳи Зидқиё, Эгамизнинг сўзини эшит! Эгамиз сен ҳақингда шундай демоқда: Сен қиличдан ҳалок бўлмайсан. 5Тинчгина оламдан кўз юмасан. Одамлар ота–боболарингни, сендан олдин ўтган шоҳларни қандай дафн қилишган бўлса, уларнинг шарафига қандай гулхан ёқишган бўлса, сенинг шарафингга ҳам шундай гулхан ёқишади. Йиғи–сиғи қилиб: “Вой, хожам!” дея марсия айтишади.” Эгамизнинг каломи шудир.”

6Еремиё пайғамбар буларнинг ҳаммасини Қуддусда Яҳудо шоҳи Зидқиёга айтди. 7Шу орада Бобил шоҳининг лашкарлари Қуддус, Лахиш ва Озикаҳ шаҳарларига ҳужум қилаётган эдилар. Яҳудонинг мустаҳкам шаҳарларидан ўшаларгина ёвга ҳанузгача таслим бўлмаган эди.

 

Қулларнинг озор чекиши

 

8Шоҳ Зидқиё Қуддусдаги бутун аҳоли билан аҳд қилиб, иброний қулларини озодликка чиқаришни эълон қилгандан кейин, Еремиёга Эгамизнинг сўзи аён бўлди.

9Зидқиё қилган аҳдга кўра, ҳамма иброний қулларига ва чўриларга озодлик берилиши лозим эди. Яҳудий биродарларни қулликда тутиш ман этилган эди. 10Аъёнлар билан бутун халқ аҳд шартларига кўнди. Улар ўз қуллари билан чўриларини озод қилишга, уларни бундан кейин қул қилиб олмасликка рози бўлган эдилар. Барча қулдорлар аҳдга риоя қилган ҳолда, қулларига озодлик беришди. 11Кейинчалик эса ўз фикрларидан қайтиб, озод қилган қул ва чўриларни мажбурлаб, ўзларига яна қул қилиб олишди.

12Шунда Эгамизнинг сўзи Еремиёга аён бўлди. 13Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: “Мен ота–боболарингизни Мисрдаги қулликдан олиб чиққанимда, улар билан аҳд қилиб, шундай деган эдим: 14Ўзини сизга сотиб, олти йил хизмат қилган ҳар бир иброний қулини озод қилинглар.” Аммо ота–боболарингиз айтганларимга эътибор бермадилар, Менга қулоқ солмадилар. 15Яқинда эса сизлар тавба қилган эдингизлар. Менинг номим билан аталган уйимда — ҳузуримда туриб, биродарларингизни озод қилишга аҳд қилган эдингиз. Менинг назаримда бу ишингиз тўғри эди. 16Кейин эса сизлар фикрингиздан қайтдингизлар. Мени бадном қилдингизлар. Ўз хоҳишига кўра, озод қилинган қулу чўриларингизни қайтариб олдингизлар, уларни қул бўлишга мажбур қилдингизлар.” 17Эгамиз шундай демоқда: “Сизлар Менга итоатсизлик қилиб, ёру дўстларингизни, қўни–қўшниларингизни қўйиб юбормадингиз, шунинг учун Мен сизларни қўйиб юбораман. Мана, уруш, қаҳатчилигу ўлатга йўлингиз очиқ! Аҳволингизни дунёдаги барча шоҳликлар кўриб, даҳшатга тушади. 18Аҳдимни бузган бу одамларни Мен жазолайман. Улар ҳузуримда аҳд тузган эдилар, бузоқни икки қисмга бўлиб, икки бўлаги орасидан ўтган эдилар. Аммо аҳд шартларига риоя қилмадилар. Шунинг учун Мен уларни бўғизланган бузоқнинг ҳолига тушираман. 19Бузоқнинг икки бўлаги орасидан ўтган Яҳудо аъёнларини, Қуддус маъмурларини, сарой амалдорларини, руҳонийларини ва халқ оммасини жазолайман. 20Улардан қасди борларга ўзларини топшираман, душман қўлига бераман. Жасадлари қушларга ва ёввойи ҳайвонларга ем бўлади. 21Яҳудо шоҳи Зидқиёни ҳам аъёнлари билан бирга душман қўлига бераман, улардан қасди борларга топшираман. Вақтинчалик чекинган Бобил шоҳининг лашкарларига уларни таслим қиламан. 22Мен буйруқ бериб, Бобилликларни бу шаҳарга қайтариб олиб келаман. Улар сизларга ҳужум қиладилар. Шаҳарни қўлга олиб, ўт қўядилар. Яҳудо шаҳарлари вайрон бўлади, у ерда ҳеч ким яшамайди.” Эгамизнинг каломи шудир.

 

35–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Еремиё ва Рахав насли

 

1Йўшиё ўғли шоҳ Ёҳайиқим ҳукмронлик қилган даврда Эгамиз Ўз сўзини Еремиёга аён қилди: 2“Қани бўлақол, Еремиё, Рахав хонадони ҳузурига бориб, у ердаги одамлар билан гаплаш. Сўнг Эганг уйидаги ён хоналарнинг бирига уларни таклиф қилгин–да, шаробдан қуйиб бер.” 3Мен бориб, Хаваззинёнинг невараси — Еремиё ўғли Язаниёни ака–укалари билан бирга, ҳамма ўғилларини ва бутун Рахав хонадонини чақириб, 4Маъбадга бошлаб келдим. Уларни Йихдалиё ўғли Ханон пайғамбарнинг ўғилларига қарашли хонага олиб кирдим. Бу хонанинг ёнида Маъбад аъёнларининг хонаси, тагида эса Шаллум ўғли Масиёнинг хонаси жойлашган эди. Масиё Маъбад дарвозабони бўлиб хизмат қилар эди. 5Мен дастурхонга идишларни тўлдириб шароб тортдим, пиёлалар қўйдим. Сўнг Рахаб наслига:

— Марҳамат қилиб, шаробдан ичинглар, — деб таклиф қилдим.

6Улар шундай дедилар:

— Биз шароб ичмаймиз. Aждодимиз Рахав ўғли Ёҳунадов бизга шундай амр қилган эди: “Зинҳор шароб ичманглар, болаларингиз ҳам ичмасин. 7Уйлар қурманглар, экин экманглар, узумзорлар барпо қилманглар, уларни ўзингизга мулк қилиб олманглар. Кўчиб борган жойингизда узоқ вақт яшай олишингиз учун, чодирларда кун кечиринглар.” 8Шунинг учун биз аждодимизнинг амрига бўйсуниб, ҳеч қачон шароб ичмаймиз, хотинларимиз ҳам, ўғил–қизларимиз ҳам шароб ичмайдилар. 9Ўзимиз учун уйлар қурмаймиз, бизда на узумзор, на дала бор, на экин экамиз. 10Биз аждодимиз Ёҳунадовнинг амрига итоат қилиб, бир умр чодирларда яшаб келдик. 11Аммо Бобил шоҳи Навухадназар бу юртга бостириб келгандан сўнг, Бобил ва Орам лашкарларидан қўрқиб, Қуддусга келишга қарор қилган эдик. Шу сабабдан ҳозир биз Қуддусда яшаб юрибмиз.

12Шундан сўнг Еремиёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди. 13Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам унга шундай деди: “Қани бўл, Еремиё, Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолисининг ҳузурига бориб, шундай деб таъна қил: Сизлар ўзи сабоқ оласизларми?! Менга итоат қилишни ўрганасизларми ўзи?! 14Ана, кўриб қўйинг, Рахав насли ўз аждодининг амрига итоат қилгани учун, бугунга қадар шаробни оғзига ҳам олмай юрибди. Мен эса сизларга қайта–қайта гапирган бўлсам ҳам, сизлар Менга итоат қилмадингизлар. 15Мен пайғамбар қулларимни олдингизга қайта–қайта жўнатдим. Улар орқали сизларни шундай деб огоҳлантирган эдим: “Сизларга ва ота–боболарингизга Мен берган бу юртда яшай олишингиз учун, ёмон йўлингиздан қайтинглар. Турмуш тарзингизни ўзгартиринглар. Бошқа худоларга эргашманглар. Уларга хизмат қилманглар.” Аммо сизлар қулоқ солмадингизлар, гапимга кирмадингизлар. 16Ёҳунадовнинг авлоди ўз аждоди буюриб кетган амрни ижро этди, бу халқ эса Менга итоат қилмади.”

17Шунинг учун Исроил халқининг Худоси, Парвардигори Олам — Эгамиз шундай демоқда: “Мен Яҳудо ва Қуддус аҳолисига гапирган эдим, аммо улар гапларимга қулоқ солмадилар, уларни чақирган эдим, аммо Менга жавоб бермадилар. Шунинг учун Ўзим айтган барча бало–қазоларни уларнинг бошларига ёғдираман.”

18Рахав хонадонига эса Еремиё шундай деди: “Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: Сизлар аждодингиз Ёҳунадовнинг амрига итоат этдингиз, унинг насиҳатларини рад этмай, айтганларининг ҳаммасини бажардингиз, шунинг учун, 19Рахав ўғли Ёҳунадов авлодидан бўлган киши ҳузуримда абадулабад хизмат қиладиган бўлади.” Исроил халқининг Худоси — Сарвари Оламнинг каломи шудир.

 

36–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Борух ўрама қоғозга ёзилган сўзларни Маъбадда ўқийди

 

1Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим ҳукмронлигининг тўртинчи йилида Еремиёга Эгамизнинг шу сўзи аён бўлди: 2“Ўрама қоғоз ол. Исроил, Яҳудо ва барча шоҳликларга қарши Мен айтган сўзларни ёзиб қўй. Сенга илк бор Йўшиё даврида аён қилган сўзимдан тортиб, то бугунга қадар айтган барча гапларимни ёз. 3Балки Яҳудо халқи Мен бошларига келтирмоқчи бўлган фалокатлар ҳақида эшитиб, ёвуз йўлларидан қайтар. Шунда Мен уларнинг гуноҳу айбларини кечираман.”

4Еремиё Нериё ўғли Борухни чақириб, Эгамизнинг айтган ҳамма сўзларини ёздирди. 5Сўнг Еремиё Борухга тайинлаб деди: “Эгамизнинг уйига кириш менга ман этилган. 6Шунинг учун рўза куни сен ўзинг у ерга борасан. У ердаги одамларга мен сенга ёздирган Эгамизнинг сўзларини ўрама қоғоздан ўқиб берасан. Ўша куни Яҳудонинг турли шаҳарларидан келган халойиқ Эгамизнинг уйида бўлади, улар ҳам ўқиганингни эшитишсин. 7Балки улар Эгамизга ёлвориб, ёвуз йўлларидан қайтишар. Ахир, Эгамиз қаҳру ғазабини уларга сочишини эълон қилди!” 8Нериё ўғли Борух Еремиёнинг айтганларини тўла–тўкис бажарди. У Эгамизнинг уйига борди, ўрама қоғозга битилган Эгамизнинг сўзларини ўқиди.

9Бу воқеа Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим ҳукмронлигининг бешинчи йили, тўққизинчи ойида содир бўлди. Қуддус аҳолиси билан Яҳудо шаҳарларидан келган бутун халқ Эгамизга бағишлаб рўза тутган эди. 10Шунда Борух Эгамиз уйининг Янги дарвозаси ёнидаги юқори ҳовлида жойлашган Шофон ўғли котиб Гамариёнинг хонасидан туриб, ўрама қоғозга битилган Еремиёнинг сўзларини бутун халққа овоз чиқариб ўқиб берди.

 

Борух ўрамни аъёнларга ўқиб беради

 

11Гамариё ўғли Михиё ўрама қоғозга битилган Эгамизнинг сўзларини эшитгач, 12дарҳол шоҳ саройидаги котибнинг хонасига жўнади. Барча аъёнлар ўша ерда жамулжам бўлиб ўтирган экан: улар — котиб Элишама, Шамаё ўғли Далоё, Ахбор ўғли Элнатан, Шофон ўғли Гамариё, Ханониё ўғли Зидқиё ва бошқа аъёнлар эдилар. 13Борух ўрама қоғоздан халққа ўқиб берган барча сўзларни Михиё уларга айтиб берди. 14Аъёнлар Куши ўғли Шаламиё авлодидан бўлган Натаниё ўғли Ёҳудини Борухнинг олдига жўнатиб, шундай гапни айтиб юбордилар: “Халққа ўқиб берган ўрама қоғозни олиб, ҳузуримизга келгин.” Нериё ўғли Борух ўрама қоғозни олиб аъёнларнинг олдига борди. 15Аъёнлар Борухга: “Қани, ўтир, бизга ҳам ўрама қоғоздаги сўзларни ўқиб бер”, дедилар. Борух ўқиди. 16Аъёнлар эшитган сўзларидан ваҳимага тушиб, бир–бирига қараб қолдилар. Сўнг Борухга: “Бу ҳақда шоҳни хабардор қилишимиз зарур”, дедилар. 17Улар Борухдан сўрадилар:

— Буларни қаердан олиб ёздинг? Бу сўзларни сенга айтган мабодо Еремиё эмасми?

18— Ҳа, Еремиёнинг ўзи айтиб турди, мен эса унинг айтганларини сиёҳ билан ўрама қоғозга ёздим, — деб жавоб берди Борух.

19— Еремиё билан бориб, бирон жойга яшириниб олинглар, ҳеч ким бу ҳақда билмасин, — деб тайинлашди аъёнлар.

 

Шоҳ ўрама қоғозни ёқиб юборади

 

20Аъёнлар ўрама қоғозни котиб Элишаманинг хонасида қолдирдилар, ўзлари эса шоҳ ҳузурига бориб, ҳамма гапни етказдилар. 21Шоҳ ўрама қоғозни олиб келиш учун Ёҳудини жўнатди. Ёҳуди котиб Элишама хонасидан ўрама қоғозни олиб келиб, уни шоҳга ва шоҳ ҳузуридаги аъёнларга ўқиб берди. 22Кеч куз. Шоҳ қишки саройида ўтирар, ёнидаги манқалда ўт ёниб турар эди. 23Ёҳуди ўрама қоғоздан уч–тўрт устунни ўқиб бўлиши биланоқ, шоҳ Ёҳайиқим котибнинг пичоқчаси билан ўрамнинг ўша қисмини қирқиб, манқалдаги оловга ташлайверди. У ўрама қоғознинг ҳаммасини оловда ёндириб бўлгунча шундай қилаверди. 24Ўрама қоғоздаги сўзларни эшитган шоҳ билан хизматкорлар қўрқмадилар, қайғудан кийимларини йиртмадилар. 25Элнатан, Далоё ва Гамариё шоҳга ёлвориб, ўрама қоғозни ёндирманг, деб илтимос қилган бўлсалар ҳам, шоҳ уларга қулоқ солмади. 26У шаҳзода Ярахмалга, Озриёл ўғли Сараёга ва Абдал ўғли Шаламиёга, Еремиё пайғамбарни ва котиб Борухни тутиб келинглар, деб буюрди. Эгамиз эса Еремиё билан Борухни яшириб қўйган эди.

 

Еремиё Худонинг сўзларини бошқатдан ёздиради

 

27Еремиё Борухга ёздирган ўрама қоғозни шоҳ ёқиб юборгандан кейин, Еремиёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди: 28“Еремиё, бошқа бир ўрама қоғоз ол. Унга Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим ёндириб юборган аввалги ўрама қоғоздаги ҳамма сўзларни ёз. 29Яҳудо шоҳи Ёҳайиқимга эса шундай деб айт: Эгамиз демоқда:

— Ўрама қоғозда “Бобил шоҳи албатта келади, юртни вайрон қилади, одамлару ҳайвонларни қириб ташлайди”, деб ёзилгани учун, сен Еремиёга дўқ қилибсан, ўрама қоғозни ёқиб юборишга журъат этибсан. 30Шунинг учун, эй Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим, Эгамиз сен ҳақингда шундай демоқда: Сенинг авлодингдан биронтаси ҳам Довуд тахтида ўтирмайди. Сенинг жасадингни одамлар улоқтириб юборишади, ўлигинг куннинг жазирамасигда, туннинг совуғида қолади. 31Мен сени, сенинг авлодингу аъёнларингни қилган гуноҳларингиз учун жазолайман. Ўзим айтган барча фалокатларни сизларнинг бошингизга, Қуддус аҳолиси ва Яҳудо халқининг бошига ёғдираман, чунки сизлар Менга қулоқ солмадингизлар.”

32Еремиё бошқа бир ўрама қоғоз олиб, Нериё ўғли котиб Борухга берди. Сўнг Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим ёндириб юборган аввалги ўрама қоғоздаги барча сўзларни унга ёздирди. Аммо бу сафар ўрамга шунга ўхшаш мазмундаги кўп хабарлар қўшилган эди.

 

37–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Шоҳ Зидқиё Еремиёдан маслаҳат сўрайди

 

1Бобил шоҳи Навухадназар Йўшиё ўғли Зидқиёни Ёҳайиқим ўғли Ёҳайихиннинг ўрнига Яҳудо шоҳи қилиб тайинлади. 2Аммо на шоҳ, на аъёнлари, на юртдаги халқ Эгамизнинг Еремиё орқали айтган сўзларига қулоқ солар эдилар.

3Шоҳ Зидқиё Шаламиё ўғли Ёҳухал билан Масиё ўғли руҳоний Зафаниёни Еремиё пайғамбарнинг олдига юборар экан, шу гапларни айттириб юборди: “Илтимос, биз учун Эгамиз Худога илтижо қил.” 4Еремиё шу вақтгача қамоққа олинмаганлиги учун, халқ орасида бемалол юрар эди. 5Шу орада фиръавн лашкарлари Мисрдан чиқишди. Қуддусни қамал қилиб турган Бобилликлар бу хабарни эшитишгач, Қуддусдан чекиндилар.

6Шунда Эгамиз сўзини Еремиёга аён қилди. 7Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: “Худонинг сўзини билмоқчи бўлиб, икковингизни олдимга юборган Яҳудо шоҳига шундай деб айтинг: Сизларга ёрдам бермоқчи бўлиб келаётган фиръавн лашкарлари ўзларининг юрти — Мисрга қайтиб кетишади. 8Бобилликлар эса Қуддусга қайтиб келиб, шаҳарга қарши жанг қиладилар. Улар шаҳарни қўлга олиб, ёндириб юборадилар.”

9Эгамиз яна шундай демоқда: “Бобилликлар энди қайтиб келишмайди, деб ўзларингизни алдаманглар, чунки улар албатта қайтиб келишади. 10Борди–ю, сизлар Бобилликларнинг бутун лашкарини мағлуб қилганингизда ҳам, уларнинг чодирларида қолган ярадорлар келиб, шаҳрингизга ўт қўйган бўларди.”

 

Еремиё зиндонга ташланади

 

11Фиръавн лашкарлари яқинлашиб келаётганлиги учун, Бобилликлар Қуддусдан чекиндилар. 12Шунда Еремиё Бенямин ҳудудидаги халқ орасида ўзига тегишли ер улушини кўриш учун Қуддус шаҳридан кетмоқчи бўлди. 13У Қуддуснинг Бенямин дарвозасига етиб олгач, соқчилар бошлиғи Йириё: “Сен Бобилликларнинг олдига қочиб кетмоқчисан”, деб уни қамоққа олди. Йириё Шаламиёнинг ўғли, Ханониёнинг невараси эди. 14“Ёлғон! — деди Еремиё — Мен Бобилликларнинг олдига қочмоқчи эмасман.” Аммо Йириё Еремиёнинг гапига қулоқ солишни истамай, уни ҳибсга олиб, аъёнларнинг олдига олиб борди. 15Аъёнлар Еремиёдан ғазабланиб, уни калтаклашди. Сўнг котиб Йўнатаннинг зиндонга айлантирилган уйига қамаб қўйишди. 16Шундай қилиб, Еремиё узоқ вақт зиндон ҳужраларидан бирида ётди.

17Орадан вақт ўтди. Шоҳ Зидқиё Еремиёни саройига чақиртириб:

— Эгамиздан бирон хабар борми? — деб яширинча сўради.

— Ҳа, бор, — деди Еремиё. — Сиз Бобил шоҳининг қўлига тушасиз. 18Нега улар мени зиндонга ташлашди? Мен аъёнларингизга ва бу халққа қарши нима гуноҳ қилибман?! — деди яна у. 19— “Бобил шоҳи сизга ҳужум қилмайди, юртимизга у тажовуз қилмайди”, деб башорат қилган пайғамбарларингиз қани?! 20Ёлвораман, Олампаноҳим, илтижоимни рад этманг, мени котиб Йўнатаннинг уйига қайтариб юборманг. У ерда адои тамом бўламан.

21Шоҳ Зидқиё, Еремиёни соқчилар ҳовлисига қамаб қўйинглар, шаҳарда нон қолмагунча, ҳар куни унга новвой растасидан биттадан нон олиб беринглар, деб буюрди. Шундай қилиб, Еремиё соқчилар ҳовлисида қолди.

 

38–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Еремиёни сардобага ташлашади

 

1Маттон ўғли Шафатиё, Пашхур ўғли Гадалиё, Шаламиё ўғли Юхал ва Малкиё ўғли Пешхур Еремиёнинг халққа айтган шу сўзларини эшитган эдилар: 2“Эгамиз демоқда: Шаҳарда қолганлар қиличдан, қаҳатчилик ва ўлатдан нобуд бўладилар. Бобилликларнинг олдига чиққанлар эса тирик қоладилар. Бундай одамлар ҳеч бўлмаганда ўз жонларини сақлаб қоладилар.”

3Улар яна Эгамизнинг Еремиё орқали айтган шу сўзларни ҳам эшитган эдилар: Эгамиз демоқда: “Бобил шоҳининг лашкарлари албатта бу шаҳарни таслим қилиб, қўлга киритадилар.”

4Аъёнлар шоҳга арз қилиб:

— Бу одамни йўқ қилиш керак! — дедилар, — чунки у ўзининг бемаъни гаплари билан шаҳарда қолган жангчилару одамларнинг руҳини туширмоқда. У халқимизнинг фойдасини эмас, зарарини кўзламоқда.

5— Жуда соз, — деди шоҳ, — у билан хоҳлаганингизни қилинг. Мен сизларга монелик қила олмайман.

6Аъёнлар Еремиёни ушлаб, арқонларга боғлаб сардобага туширдилар. Соқчилар ҳовлисидаги бу сувсиз сардоба шаҳзода Малкиёга тегишли бўлиб, сардобада балчиқдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Еремиё балчиққа ботиб қолди.

7Шоҳ саройининг амалдори Ҳабашистонлик Обидмалек Еремиё сардобага ташланганлиги ҳақида хабардор бўлди. Шоҳ ўша пайтда Бенямин дарвозасидаги маҳкамада эди. 8Обидмалек саройдан чиқди–да, шоҳнинг олдига бориб деди:

9— Шоҳ ҳазратлари, Еремиё пайғамбарни сардобага ташлаган одамлар қабиҳлик қилишибди. Шаҳарда нон қолмаган бўлса, Еремиё у ерда очликдан ўлади–ку.

10Шоҳ Ҳабашистонлик Обидмалекка шундай амр қилди:

— Бу ердан ўттизта одамни олгинда, бориб Еремиёни сардобадан чиқариб ол. Тағин у ерда ўлиб қолмасин.

11Обидмалек ёнига одамларни олиб, сарой хазинасининг остки қисмида жойлашган хонага кирди. У ердан эски–туски кийимлар ва латта–путта топиб, уларни арқонларга боғлаб, Еремиёга туширди. 12Сўнг Еремиёга деди: “Арқон танангизга ботмаслиги учун, латталарни арқон билан қўлтиғингиз орасига қўйинг.” Еремиё айтилгандай қилди. 13Одамлар Еремиёни арқонлар ёрдамида сардобадан чиқариб олдилар. Еремиё соқчилар ҳовлисида қолди.

 

Зидқиё Еремиёга маслаҳат солади

 

14Шоҳ Зидқиё Еремиё пайғамбарни чақиртирди, уни Эгамиз Маъбадининг учинчи киришида кутиб олди.

— Сендан бир нарса сўрамоқчиман, — деди шоҳ. — Мендан ҳеч нарса яшира кўрма.

15— Сизга ҳақиқатни айтсам мени ўлдиришингиз аниқ, — деди Еремиё. — Сизга маслаҳат берганим билан, барибир қулоқ солмайсиз.

16Шоҳ Зидқиё Еремиёга махфий равишда онт ичиб деди:

— Бизга ҳаёт бахшида этган Худо шоҳид, мен сени ўлдирмайман. Жонингга қасд қилаётган одамларнинг қўлига ҳам сени топширмайман.

17Шундан кейин Еремиё Зидқиёга деди:

— Исроил халқининг Худоси, Парвардигори Олам — Эгамиз демоқда: Агар сиз Бобил шоҳининг аъёнларига таслим бўлсангиз, ўз жонингизни сақлаб қоласиз, бу шаҳар ҳам оловга ем бўлмайди. Сиз ва бутун хонадонингиз тирик қоласизлар. 18Борди–ю, Бобил шоҳининг аъёнларига таслим бўлмасангиз, Бобилликлар бу шаҳарни енгиб, унга ўт қўядилар, ўзингиз ҳам уларнинг қўлидан қочиб қутулолмайсиз.

19— Мен Бобилликлар томонга қочиб ўтган яҳудийлардан қўрқаман, — деди шоҳ. — Бобилликлар мени уларнинг қўлига топширишса, улар мени хўрлашади.

20— Топширишмайди, — деди Еремиё. — Айтганларимни қилиб, Эгамизнинг сўзига итоат қилсангиз, ҳаммаси яхши бўлади, жонингизни сақлаб қоласиз. 21Борди–ю, таслим бўлишдан бош тортсангиз, Эгамиз менга ваҳий орқали аён қилганлари бажо бўлади: 22Саройингизда қолган ҳамма аёллар Бобил шоҳининг аъёнлари олдига чиқарилади. Ўша аёллар сизга шундай дейишади:

Ишонган дўстларингиз

Сизни алдаб, енгиб кетишди.

Оёғингиз лойга ботганда,

Ишонган дўстларингиз сизни ташлаб кетишди.

23Сизнинг хотину бола–чақаларингиз Бобилликларнинг олдига чиқарилади. Сиз ўзингиз ҳам Бобилликларнинг қўлидан қочиб қутула олмайсиз. Бобил шоҳи сизни қўлга тушириб, шаҳарни ёндириб юборади.”

24— Суҳбатимиз ҳақида ҳеч кимга оғиз очма, акс ҳолда ўласан, — деди Зидқиё Еремиёга. 25— Борди–ю, аъёнлар сен билан гаплашганимни билиб қолиб, сенга: “Шоҳ билан нималар ҳақида гаплашдинг? Биздан бирон нарсани яширмай айт, бўлмаса ўласан”, — деб айтишса, 26сен уларга: “Мени Йўнатаннинг уйига қайтариб юборманг, шоҳим, акс ҳолда у ерда адои тамом бўламан, деб илтижо қилдим”, дея жавоб бер.

27Аъёнлар Еремиёнинг олдига келиб, уни сўроққа тутишди. Еремиё шоҳ буюрган гапларни айтиб, жавоб берди. Шундан кейин аъёнлар унга бошқа савол бермадилар, чунки шоҳ билан Еремиё орасида бўлган суҳбатни ҳеч ким эшитмаган эди. 28Еремиё Қуддус қулаган кунга қадар соқчилар ҳовлисида қолди.

 

39–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Қуддус қулайди

 

1Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳукмронлигининг тўққизинчи йили, ўнинчи ойида Бобил шоҳи Навухадназар Қуддусга қарши бор қўшини билан келиб, шаҳарни қамал қилди. 2Зидқиё ҳукмронлигининг ўн биринчи йили, тўртинчи ойининг тўққизинчи кунида Бобилликлар Қуддус деворини ёриб, шаҳарга кирдилар. 3Шаҳар қўлга олингач, Бобил шоҳининг ҳамма аъёнлари шаҳарнинг Ўрта дарвозасидаги маҳкамаларда қўмондонлик қароргоҳини жойлаштирдилар. Аъёнларнинг орасида Наргалшаразар, Самгарнаву, бош маслаҳатчи Сарсаҳим ва амалдор Наргалшаразар бор эдилар. 4Яҳудо шоҳи Зидқиё ва унинг ҳамма лашкарлари уларни кўрдилару қочдилар. Улар ярим кечаси шоҳнинг боғи орқали ўтиб, икки девор орасидаги дарвозадан чиқдилар–да, Иордан водийсига қараб кетдилар. 5Аммо Бобил лашкарлари Зидқиёнинг орқасидан қувиб, Ерихо текислигида уларга етиб олишди. Улар Зидқиёни қўлга олиб, Хомат юртидаги Ривло шаҳрига — Бобил шоҳи Навухадназарнинг ҳузурига олиб боришди. Шоҳ Навухадназар Зидқиёни ҳукм қилди, 6Ривлода Зидқиёнинг ўғилларини кўзи олдида ўлдирди, сўнг ҳамма Яҳудо аъёнларини қатл қилди. 7Зидқиёнинг эса кўзларини ўйиб, Бобилга олиб кетиш учун кишанлади. 8Бобилликлар шоҳ саройига ва одамларнинг уйларига ўт қўйиб, Қуддус деворларини йиқитдилар. 9Қўриқчилар сардори Набизарадон шаҳарда қолган бутун халқни, Бобил шоҳи томонга ўтган қочоқларни Бобилга асир қилиб олиб кетди. 10У Яҳудо юртида ҳеч вақоси бўлмаган қашшоқ одамларнигина қолдирди. Ўша одамларга дала ва узумзорларни берди.

 

Еремиё озод бўлади

 

11Шоҳ Навухадназар қўриқчилар сардори Набизарадон орқали Еремиёга оид қуйидаги амрни берди: 12“Еремиёни қарамоғингизга олиб, унга яхши қаранглар. Асло зарар етказманглар, сизлардан нима сўраса бажаринглар.” 13Қўриқчилар сардори Набизарадон, бош назоратчи Навушазбон, шоҳ маслаҳатчиси Наргалшаразар ва Бобил шоҳининг ҳамма бош амалдорлари одам юбориб, 14Еремиёни қўриқчилар ҳовлисидан олиб келишини буюрдилар. Уни эсон–омон уйига элтиб қўйиш учун, Гадалиёга топширдилар. Гадалиё Охихамнинг ўғли, Шофонинг невараси эди. Шундай қилиб, Еремиё ўз халқининг орасида қолди.

 

Обидмалек

 

15Еремиё соқчилар ҳовлисида қамоқда ўтирганда, унга Эгамизнинг сўзи аён бўлган эди: 16“Ҳабашистонлик Обидмалекнинг олдига бориб, шундай деб айт: Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам айтмоқда, Мен айтган сўзларимни бажо қиламан. Бу шаҳарга яхшилик эмас, ёмонлик келтираман. Сен ўзинг бунинг гувоҳи бўласан.” 17Эгамиз яна шундай демоқда: “Лекин ўша куни Мен сени қутқариб қоламан. Ўзинг қўрқадиган одамларнинг қўлига сени бермайман. 18Сени, албатта қутқараман, жангда ҳалок бўлмайсан. Менга умид боғлаганинг учун, жонинг омон бўлади.” Эгамизнинг каломи шудир.

 

40–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Еремиё Гадалиё билан қолади

 

1Қўриқчилар сардори Набизарадон Еремиёни Бобилга олиб кетилаётган Қуддус ва Яҳудо асирлари орасидан занжирбанд ҳолда топиб олиб, уни Рама шаҳрида озод қилди. Шундан сўнг Еремиёга Эгамизнинг сўзи аён бўлди. 2Қўриқчилар сардори Набизарадон Еремиёни ёнига чақириб шундай деди: “Эганг Худо, бу юртга фалокат келтираман, деб айтган эди. 3Мана, ҳозирги кунда Эганг айтганини қилиб, юртингга фалокат келтирди, чунки сизлар Эгангизга қарши гуноҳ қилдингизлар, Унинг айтганини қилмадингизлар. Шу сабабдан бундай кулфат бошингизга тушди. 4Ҳозир мен қўлингдаги кишанларни ечаман, сени озод қиламан. Агар мен билан Бобилга бормоқчи бўлсанг, марҳамат, сенга яхши қарайман. Борди–ю, Бобилга боришни истамасанг, ихтиёринг ўзингда. Мана, бутун юрт сенинг рўпарангда турибди, хоҳлаган ерингга боравер. 5Бу юртда қоладиган бўлсанг, Охихам ўғли Гадалиёнинг олдига бор. Бобил шоҳи Гадалиёни Яҳудо шаҳарларига ҳоким қилиб тайинлади. Гадалиё Шофон деган одамнинг неварасидир. Сен унинг ёнида қолиб, халқинг орасида яшашинг мумкин ёки хоҳлаган жойингга боришинг мумкин.” Қўриқчилар сардори Еремиёга егулик билан совға бериб, озод қилди. 6Еремиё Миспах шаҳрига — Охихам ўғли Гадалиёнинг олдига бориб, юртда қолган одамлар орасида ўрнашди.

 

Яҳудо ҳокими Гадалиё

 

7Баъзи яҳудий лашкарбошилари ва жангчилар таслим бўлмаган эдилар. Охихам ўғли Гадалиёни Бобил шоҳи юртга ҳоким қилиб тайинлаганини, юртда қолган энг қашшоқ эркак, аёллар ва болаларни Гадалиенинг ихтиёрига топширганини улар эшитдилар. 8Сўнг Миспахга келиб, Гадалиёга учрашдилар. Келганлар — Натаниё ўғли Исмоил, Кариёх ўғли Йўханон, Танхумат ўғли Сараё, Натуфолик Эфайнинг ўғиллари, Махолик Язаниё ва уларнинг лашкарлари эди. 9Гадалиё келганларга ва уларнинг одамларига шундай деб, онт ичди: “Бобилликларга тобе бўлишдан қўрқманглар. Юртда ўрнашиб, Бобил шоҳига хизмат қилаверинглар, шунда ҳаммаси яхши бўлади. 10Мен эса Миспахда қоламан. Келадиган Бобилликларнинг олдида вакилингиз бўламан. Сизлар ўрнашиб олган шаҳарларингизда яшайверасизлар. Меваларни йиғиштириб олинглар, шароб ва зайтун мойини тайёрлаб, ғамлаб қўйинглар.”

11Бобил шоҳи баъзи одамларга Яҳудо юртида қолишга ижозат берганини ва Гадалиёни ҳоким қилиб тайинлаганини Мўаб, Оммон, Эдом ва бошқа юртларда яшаётган яҳудийлар ҳам эшитишди. 12Шунда улар сургун қилинган ҳамма жойлардан Яҳудо юртига — Миспахдаги Гадалиёнинг олдига қайтиб келишди. У ердан бир талай мева йиғиштириб, кўп шароб тайёрлашди.

 

Гадалиёни ўлдириб кетишади

 

13Бир куни Кариёх ўғли Йўханон ва қирлардаги лашкарбошилар Миспахга Гадалиёнинг олдига келиб сўрадилар: 14“Оммон шоҳи Баалис сизни ўлдиртириш учун Натаниё ўғли Исмоилни юборганидан хабарингиз борми?” Аммо Гадалиё уларга ишонмади. 15Шунда Йўханон ҳеч кимга билдирмай Гадалиёга деди: “Ижозат беринг, бориб Исмоилни ўлдирай. Бу ҳақда ҳеч ким билмайди. Нима учун у сизни ўлдиришига йўл қўйишимиз керак? Борди–ю, Исмоил ниятига етса, атрофингизга йиғилган барча яҳудийлар тарқалиб кетадилар, Яҳудода қолган одамларнинг боши эса балога қолади.” 16Аммо Гадалиё: “Ундай қилма! Исмоил ҳақида айтган гапларинг ёлғон”, деди.

 

41–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

1Ўша йилнинг еттинчи ойида шоҳ Зидқиёнинг бош лашкарбошилардан бири бўлган Натаниё ўғли Исмоил ўнта одами билан бирга Миспахга — Охихам ўғли Гадалиёнинг ҳузурига борди. Исмоил шоҳ уруғидан бўлган Элишаманинг набираси эди. Гадалиё келганлар билан бирга дастурхон атрофида ўтириб овқатланаётганда, 2Натаниё ўғли Исмоил ва у билан келган ўнта одам қиличларини яланғочлаб, Бобил шоҳи ҳоким қилиб тайинлаб кетган Гадалиёни чопиб ташлади. 3Гадалиё билан бирга Миспахда бўлган ҳамма яҳудийларни Исмоил қиличдан ўтказди. У ердаги Бобиллик сипоҳларни ҳам ўлдирди.

4Эртаси куни Гадалиё ўлдирилганлиги ҳақидаги хабар тарқалмай туриб, 5Шакам, Шилў ва Самариядан саксонта одам келди. Улар қайғудан соқолини олган, кийимларини йиртган, таналарини тилган эдилар. Улар дон ва тутатқиларни назр қилиш учун Маъбадга кетаётган эдилар. 6Натаниё ўғли Исмоил уларни кутиб олиш учун Миспахдан йиғлаб чиқди. Уларга яқинлашгач: “Қани ичкарига, Гадалиёнинг олдига киринглар”, деди. 7-9Улар шаҳарга киришлари биланоқ, Исмоил билан унинг одамлари уларни ҳам қириб ташладилар. Аммо келганлардан ўнтаси Исмоилга ёлвориб дедилар: “Илтимос, бизни ўлдирма! Далаларда яшириб қўйган буғдой, арпа, зайтун мойи ва асалимиз бор.” Исмоил уларни ўлдирмай, ҳаётларини асраб қолди. Ўлдирган одамларнинг жасадларини эса катта сардобага ташлади. У жасадларга тўлдирган бу сардобани Яҳудо шоҳи Осо Исроил шоҳи Башо ҳужум қилган пайтда қурдирган эди. 10Исмоил Миспахда омон қолган ҳамма одамларни асир қилиб олди. Уларнинг орасида Бобиллик қўриқчилар сардори Набизарадон Гадалиёнинг ихтиёрига топширган маликалар ва Миспахдаги ҳамма одамлар бор эди. Натаниё ўғли Исмоил уларнинг ҳаммасини асир қилиб, Оммон юртига жўнади.

11Натаниё ўғли Исмоилнинг қилган жиноятлари ҳақида Кариёх ўғли Йўханон ва лашкарбошилар хабар топдилар. 12Улар бор одамларини тўплаб, Исмоил билан жанг қилиш учун йўлга тушдилар. Улар Исмоилга Гивондаги катта ҳовуз ёқасида етиб олдилар. 13Исмоилнинг асирлари Кариёх ўғли Йўханонни ва унинг ёнидаги ҳамма лашкарбошиларни кўриб, хурсанд бўлиб кетишди. 14Исмоил Миспахдан асир қилиб олган ўша одамларнинг ҳаммаси орқага — Кариёх ўғли Йўханоннинг олдига югуриб келишди. 15Натаниё ўғли Исмоил эса саккизта одами билан Йўханондан қочиб, Оммон юртига кетди. 16Шундай қилиб, Кариёх ўғли Йўханон ва унинг лашкарбошилари Миспахдаги фожиада омон қолган аёлу бола–чақаларни, сарой амалдориларию жангчиларни Гадалиёнинг қотили Исмоилнинг қўлидан озод қилдилар. Уларни ўзлари билан Гивондан олиб кетдилар. 17-18Йўханон лашкарлари Бобилликлардан қўрққанлари учун, Мисрга йўл олдилар. Чунки Бобил шоҳи юртга ҳоким қилиб тайинлаган Гадалиёни Исмоил ўлдирган эди. Сўнг ҳаммаси йўлда Байтлаҳм ёнидаги Химхам қўнолғасида тўхтадилар.

 

42–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Халқ Еремиёдан ибодат қилишини сўрайди

 

1Ҳамма лашкарбошилар, Кариёх ўғли Йўханон, Ҳўшайё ўғли Озариё ва каттаю кичик одам 2Еремиёнинг олдига бориб, шундай дедилар: “Илтимос, бир оғиз гапимизга қулоқ солинг. Эгангиз Худога биз учун ибодат қилинг, тирик қолганлар учун сўранг. Ўзингиз кўриб турибсиз, илгарилари биз ниҳоятда кўпчилик эдик, энди эса саноқли одам қолдик. 3Биз қаерга боришимизни, нима қилишимизни Эгангиз Худо бизга кўрсатсин.” 4Еремиё пайғамбар уларга шундай жавоб берди: “Яхши, илтимосингизга биноан Эгамиз Худога ибодат қиламан. Эгамиз нимаики деса ҳаммасини сизларга айтаман, ҳеч нарсани сизлардан яширмайман.” 5Улар эса Еремиёга шундай дедилар: “Агар биз Эгангиз Худонинг сиз орқали айтган биронта сўзига риоя қилмасак, Унинг Ўзи орамизда адолатли ва садоқатли шоҳид бўлсин. 6Биз Эгамиз Худонинг ҳамма амрларига, яхши ёки ёмон бўлишидан қатъий назар, итоат қиламиз. Эгамиз Худога итоат қилсак, ҳаммаси яхши бўлади.”

 

Еремиёнинг ибодатига Эгамиз жавоб беради

 

7Орадан ўн кун ўтди. Еремиёга Эгамизнинг сўзи аён бўлди. 8Еремиё Кариёх ўғли Йўханонни, лашкарбошиларни ва одамларнинг каттаю кичигини тўплаб, 9уларга шундай деди:

— Мен илтимосингизга биноан Исроил халқининг Худоси — Эгамизга илтижо қилдим. У менга шундай деди: 10“Энди шу юртда қолсангизларгина Мен сизларни барбод қилмайман, балки қайта бунёд этаман, қўпориб ташламайман, балки мустаҳкам ўрнаштираман. Сизларнинг бошингизга фалокат келтирганимдан пушаймонман.” 11Эгамиз шундай деб айтди: “Бундан буён Бобил шоҳидан қўрқманглар. Мен сизлар билан биргаман. Шундай экан, ундан қўрқманглар. Ўзим сизларни қутқараман, унинг қўлидан озод қиламан. 12Мен сизларга раҳм–шафқат қиламан. Бобил шоҳи сизларга ачиниб, она юртингизга ўрнаштиради.” 13Аммо Эгангиз Худога бўйсунмай: “Бу ерда қолмаймиз. 14Мисрга кетамиз, у ерда уруш кўрмаймиз, бурғу садоларини эшитмаймиз, нонга зор бўлмаймиз, у ерда яшаймиз”, деб айтадиган бўлсангизлар, 15эй Яҳудо халқининг омон қолганлари, Эгамизнинг сўзини эшитиб қўйинглар! Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Агар сизлар Мисрга бориб, у ерда ўрнашиб олишни қарор қилган бўлсангизлар, 16ўша ерга борганингизда ўзларингиз қўрқаётган урушга дуч келасизлар. Сизлар очарчиликдан қўрқяпсизлар, аммо очарчилик кетингиздан Мисрга эргашиб боради, у ерда нобуд бўласизлар. 17Мисрга бориб, у ерда ўрнашиб олишга жазм қилган ҳар бир киши қиличдан, очарчилик ва ўлатдан нобуд бўлади. Ундай одамлардан биронтаси ҳам тирик қолмайди, Мен уларнинг бошларига келтирадиган кулфатдан ҳеч ким қочиб қутулмайди.”

18Исроил халқининг Худоси Сарвари Олам шундай демоқда: “Агар сизлар Мисрга боргудек бўлсангизлар, Мен Қуддус аҳолисига ёғдирган қаҳримни Мисрда сизларнинг устингизга ёғдираман. Аҳволингизни одамлар кўрганда даҳшатга тушади. Сизларни мазах қилиб, номингизни қарғишларда ишлатишади. Сизлар бу юртни бошқа ҳеч қачон кўрмайсизлар.” 19Эй, Яҳудо халқининг омон қолганлари, Эгамиз сизларга, Мисрга борманглар, деб айтди. Билиб қўйинглар, бугун мен сизларни огоҳлантириб қўйяпман, 20сизлар катта хато қиляпсизлар. Ўзларингиз мени Эгангиз Худонинг олдига жўнатиб: “Илтимос, Эгамиз Худога илтижо қил, Эгамиз Худо нима деса, ҳаммасини қиламиз”, деган эдингизлар. 21Эгангиз Худонинг менга айтган ҳамма сўзларини бугун сизларга айтдим, аммо сизлар Унинг айтган биронта сўзига итоат қилишни хоҳламаяпсизлар. 22Сизларга айтиб қўяй: бормоқчи бўлаётган жойингизда сизлар қиличдан, очарчилик ва ўлатдан нобуд бўласизлар.

 

43–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Еремиёни Мисрга олиб кетишади

 

1Еремиё Эгаси Худо ўзига аён қилган бу сўзларнинг ҳаммасини бутун халққа айтиб бўлгач, 2Ҳўшайё ўғли Озариё, Кариёх ўғли Йўханон ва бошқа сурбетлар Еремиёга шундай дедилар: “Ёлғон гапиряпсан! Эгамиз Худо сенга, Мисрга бориб яшаманглар, деб айтмаган. 3Нериё ўғли Борух сени гижгижлаб юрибди. У бизни Бобилликларнинг қўлига тушириб, ҳалок қилмоқчи ёки сургун қилиб юбормоқчи.” 4Шундай қилиб, Кариёх ўғли Йўханон, лашкарбошилар ва бутун халқ Эгамизнинг амрига итоат қилмадилар, улар Яҳудо юртида қолишдан бош тортдилар. 5Яҳудога турли юртлардан қайтиб келган ҳамма одамларни Кариёх ўғли Йўханон ва лашкарбошилар ўзлари билан олиб кетдилар. 6Булардан ташқари, улар қўриқчилар сардори Набизарадон Охихам ўғли Гадалиё ёнида қолдириб кетган ҳамма эркагу аёлларни, бола–чақа, маликалар, Еремиё пайғамбар ва Нериё ўғли Борухни ҳам ўзлари билан олиб кетдилар. 7Улар Эгамизнинг амрига итоат қилмай, Мисрга жўнаб, Тахпанхас шаҳрига етиб бордилар.

8Тахпанхасда Еремиёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди: 9“Яҳудийларнинг кўзи олдида катта тошларни ол. Бу тошларни Тахпанхас шаҳридаги фиръавн саройининг кираверишига, ҳовлидаги ғишт йўлаги остига кўмиб қўй. 10Сўнг яҳудийларга шундай деб айт: Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: Мен Бобил шоҳи қулим Навухадназарни бу ерга олиб келаман. У мана шу кўмилган тошларнинг устига тахтини ўрнатиб, шоҳона чодирини тикади. 11У келиб Мисрни вайрон қилади, ҳар бир одам пешанасидагини кўради:

Баъзилар ўлатга йўлиқиб, нобуд бўлади,

Баъзилар асирликка тушиб, сургун қилинади,

Баъзилар қиличдан ўтказилади.

12Менинг амрим билан Навухадназар Миср худоларининг саждагоҳларига ўт қўяди. Баъзи бутларини ёндиради, баъзиларини ўзи билан олиб кетади. Қўйчивон тўнини бит–бургадан астойдил тозалагандай, Навухадназар ҳам Миср юртини қиртишлаб тозалайди. Сўнг соғ–саломат ўз юртига қайтиб кетади. 13У Мисрдаги Қуёш саждагоҳига ўрнатилган бутсимон тошларни бузиб ташлайди. Миср худоларининг саждагоҳларини ёқиб юборади.”

 

44–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Эгамиз Мисрдаги яҳудийларга танбеҳ беради

 

1Мисрнинг шимолидаги Мигдол, Тахпанхас ва Нуф шаҳарларида, шунингдек Мисрнинг жанубида истиқомат қилаётган яҳудийлар тўғрисида Еремиёга Эгамиз шу сўзини аён қилди: 2“Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда:

— Мен Қуддус ва Яҳудонинг ҳамма шаҳарларига келтирган барча фалокатларни сизлар ўз кўзингиз билан кўрдингизлар. Ўша шаҳарлар ҳозир хароб бўлиб, ҳувиллаб ётибди. 3Яҳудо одамлари қабиҳ ишлари билан Мени ғазаблантирдилар. Улар бегона худоларга сиғиниб, қурбонликлар куйдирдилар. Бу бегона худоларни на уларнинг ўзлари, на сизлар, на ота–боболарингиз биладилар. 4Мен Яҳудо халқи олдига пайғамбар қулларимни қайта–қайта жўнатдим. “Мен нафратланадиган жирканч ишларингизни қилманглар” деб халқимдан ўтинган эдим. 5Аммо Яҳудо халқи қулоқ солмади, гапларимга эътибор ҳам бермади. Қабиҳликларидан қайтмади, бегона худоларга қурбонликлар қилишда давом этди. 6Шунда аччиқ ғазабим Яҳудо шаҳарлари билан Қуддус кўчаларига ловуллаган олов бўлиб тушди. Ҳозир ўша жойлар ҳувиллаб, ташландиқ бўлиб ётибди.”

7Энди Исроил халқининг Худоси, Парвардигори Олам — Эгамиз шундай демоқда: “Нега ўз бошингизга бундай фалокат келтирмоқчисизлар?! Яҳудо юртидан келган эркагу аёл, бола–чақанинг бошига етиб, ҳаммангиз битта қолмай қирилиб кетмоқчимисизлар?! 8Сизлар Мисрда ўрнашиб олиб, бегона худоларга қурбонликлар қиляпсизлар. Қилмишларингиз билан жаҳлимни чиқаряпсизлар. Эҳтиёт бўлинглар, яна бошингизга фалокат тилаб олманглар. Дунё халқларининг қарғишига қолиб, ҳаммага кулги бўлиб қолманглар. 9Яҳудо шаҳарларида ва Қуддус кўчаларида қилган қабиҳликларингизни унутдингизми?! Буларни ота–боболарингиз, Яҳудо шоҳларию маликалари, ўзларингиз ва хотинларингиз қилгансизлар–ку! 10Мана бугунгача сизлар Мендан заррача ҳам қўрқмадингизлар, надомат қилмадингизлар. Сизлар ота–боболарингизга берган қонун–қоидаларим бўйича яшамаяпсизлар.”

11Шунинг учун Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: “Мен бошингизга офату фалокат келтираман. Яҳудо халқини йўқ қилишга қатъий қарор қилдим. 12Мисрда яшашга қарор қилган яҳудийларнинг омон қолганларини ҳалок этаман. Ҳаммаси Мисрда ўлиб кетади. Каттаю кичиги қилич ва қаҳатчиликдан нобуд бўлади. Уларнинг аҳволини кўрганлар ваҳимага тушади. Уларни мазах қилиб, номини қарғишларда ишлатишади. 13Мисрда яшаган ўшаларни Мен Қуддусни жазолагандай, уруш, қаҳатчилик ва ўлат ила жазолайман. 14Мисрда яшайман, деб келган яҳудийларнинг омон қолганларидан биронтаси қочиб қутула олмайди. Улардан ҳеч ким тирик қолмайди, Яҳудо юртига қайтиб боролмайди. Ўз юртига қайтиб боришни орзу қилган одамлардан фақатгина бир–икки қочоқ она юртига қайтиб боришга муваффақ бўлади.”

15Хотинлари бошқа худоларга қурбонлик келтирганини билган эркаклар, ўша ерда турган аёллар — Мисрнинг шимолий ва жанубий ҳудудида яшаган яҳудийларнинг кўпчилиги бир овоздан Еремиёга шундай дедилар: 16“Сен Эгамизнинг номидан бизга башорат қилиб айтган сўзларингга қулоқ солмаймиз. 17Биз Само Қироличасига қурбонликлар қиламиз, шароб назрини келтирамиз, деб онт ичганмиз, бу онтимиздан қайтмаймиз. Биз ўзларимиз, ота–боболаримиз, шоҳларимиз, аъёнларимиз Яҳудо шаҳарларида, Қуддус кўчаларида нима қилган бўлсак шуни қилаверамиз. Нега десангиз, ўша замонларда биз истаганимизча нон ер эдик, турмушимиз фаровон эди, ғам чекмас эдик. 18Аммо Само Қироличасига қурбонликлар қилишни ва шароб назрини келтиришни тўхтатганимиздан бери етишмовчиликдан бошимиз чиқмайди. Қанча одамларимиз очарчиликдан ўлиб, урушда қирилиб кетди.” 19Хотинлар ҳам шундай деб айтдилар: “Биз Само Қироличасига қурбонликлар қилаверамиз, шароб назрларини келтираверамиз! Само Қироличасига шароб назр қилишимизни, унинг шаклида нонлар ёпишимизни эрларимиз билади–ку!”

20Сўнг Еремиё бундай жавоб берган эркагу аёлларга ва бутун халойиққа деди: 21“Сизлар, ота–боболарингиз, шоҳларингиз, аъёнларингиз, бутун юрт халқи Яҳудода ва Қуддус кўчаларида бошқа худоларга назрлар келтирган эдингизлар. Бу назрларингизни Худо унутган, дейсизми?! Ёки Унинг бундан хабари йўқ, деб ўйлайсизми?! 22Эгамиз ёвуз қилмишларингизга, жирканч ишларингизга ортиқ тоқат қила олмагани учун, ҳозир юртингиз ҳувиллаб, ташландиқ бўлиб ётибди. Одамлар юртингизнинг номини қарғишларда ишлатишмоқда. 23Ахир, сизлар бегона худоларга қурбонликлар келтириб, Эгамизга қарши гуноҳ қилдингизлар. Эгамизга итоат этмадингизлар, Унинг қонун–қоидаларини ва шартларини бажармадингизлар. Шунинг учун бу кўргилик бошингизга келди. Шуларнинг оқибатида ҳозир шу аҳволга тушиб юрибсизлар.”

24Еремиё уларнинг ҳаммасига, айниқса, хотинларга қарата шундай деди: “Эй Миср юртидаги яҳудийлар, Эгамизнинг сўзини эшитинглар. 25Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: Сизлар хотинларингиз билан бирга “Само Қироличасига албатта қурбонликлар қиламиз, шароб назрларини келтирамиз”, деб онт ичибсизлар. Онтингизни ҳам бажарибсизлар. Жуда соз, айтганингизни қилаверинглар! Ичган онтингиздан асло қайтманглар! 26Лекин, эй Миср юртида яшаб юрган яҳудийлар, Эгангизнинг шу сўзини эшитиб қўйинглар: “Мен Ўзимнинг буюк номим билан онт ичиб айтаманки, бундан буён Миср юртидаги биронта яҳудий Менинг номимни тилга олмайди, “Эгам Раббий шоҳид” дея онт ичмайди. 27Мен уларнинг бошига яхшилик эмас, ёмонлик келтираман. Мисрдаги яҳудийларнинг ҳаммаси, битта ҳам қолмай қиличдан ва очарчиликдан нобуд бўлишади. 28Бир–иккитагина одам қирғиндан қочиб, Мисрдан Яҳудога қайтиб боради. Ўшанда Мисрга яшагани борган яҳудийларнинг ҳаммаси кимнинг сўзи ҳақ бўлиб чиққанини — Менинг сўзимми ёки уларникими билишади.”

29Эгамиз шундай демоқда: “Мен сизларни мана шу ерда жазолайман. Айтганларимнинг ҳаммаси бажо бўлишига ишонч ҳосил қилишингиз учун, сизларга шундай бир аломат бераман: 30Мен Яҳудо шоҳи Зидқиёни унинг ашаддий душмани бўлган Бобил шоҳи Навухадназарга таслим қилганимдай, Миср фиръавни Хофрани ҳам унинг жонига қасд қилаётган душманига таслим қилиб бераман.” Эгамизнинг каломи шудир.

 

45–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Худо Борухга ваъда беради

 

1Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим ҳукмронлигининг тўртинчи йили эди. Еремиё юқоридаги сўзларни Нериё ўғли Борухга айтиб, ўрама қоғозга ёздиргандан сўнг, унга шундай деди: 2Эй Борух, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз сен ҳақингда шундай деди, 3сен: “Шўрим қурсин! Эгам қайғу устига қайғу орттирди, юрак–бағрим эзилиб кетди, жонимни қўярга жой тополмаяпман”, деб айтган экансан. 4Шунинг учун Эгамиз сенга шундай гапларни айтиб қўйишимни буюрди: “Мен бутун юрт бўйлаб бунёд қилган ҳамма нарсамни бузиб ташлайман, мустаҳкам қилиб ўрнатганларимни қўпориб ташлайман. 5Сен ўзинг учун катта режалар тузма! Мана, Мен барча одамзоднинг бошига кулфат ёғдираман. Аммо сенинг жонингни сақлаб қоламан, борган жойингда сени асрайман.” Эгамизнинг каломи шудир.

 

46–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Миср лашкари Кархамишда мағлуб бўлади

 

1Эгамиз халқлар ҳақида Еремиёга Ўз сўзини аён қилди.

2Бу Миср ҳақида башорат эди. Аниқроғи, Миср фиръавини Нехонинг лашкарлари тўғрисида эди. Улар Фурот дарёси бўйидаги Кархамиш шаҳрида қароргоҳ қурган эдилар. (Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим ҳукмронлигининг тўртинчи йилида Бобил шоҳи Навухадназар бу лашкарларни мағлуб қилди).

3“Каттаю кичик қалқонларни тайёр тутинг!

Қани, энди жангга киринг!

4Отларга эгар уринг,

Чопқир отларни мининг!

Дубулғаларни кийиб олинг,

Жанговар ҳолатга туринг.

Найзаларни ўткирланг,

Совутларни кийиб олинг!

5Нималарни кўряпман?!

Миср лашкари ваҳимага тушди,

Улар орқага чекинди,

Жангчилари тор–мор бўлди.

Улар орқага қарамай шошилиб қочдилар.

Атрофни даҳшат қамради.”

Эгамизнинг каломи шудир.

6Чаққонлар қоча олмайдилар,

Сипоҳлар қочиб қутулолмайдилар.

Улар шимолда, Фурот дарёси бўйида

Қоқилиб йиқилиб тушадилар.

7Ким у Нил дарёсидай қирғоғидан чиқиб кетган?!

Ким у сувлари тошқин дарё каби бўлиб қолган?!

8Миср Нилдай ҳаддидан ошган,

Сувлари тошқин дарёга ўхшаб қолган.

У айтади:

“Мен кўтарилиб, ер юзини қоплайман,

Шаҳарларни вайрон қиламан,

Аҳолисини қириб ташлайман.”

9Эй отлиқлар, ҳужум қилинг!

Жанг араваларини учиртиринг!

Эй қалқон тутган Ҳабашистонликлару Ливияликлар,

Эй камон ушлаган Лидияликлар,

Қани, жангга киринг!

10Ахир, бу Сарвари Олам — Раббийнинг кунидир.

Бу кун қасос куни бўлади,

Худо душманларидан ўч олади.

Унинг қиличи тўйгунча эт ейди,

Чанқоғи босилгунча қондан ичади.

Ўша куни Фурот бўйидаги шимолий юртда,

Сарвари Олам — Раббий ёвларини қурбон қилади.

11Эй, бокира қиз Миср,

Гиладга бор, малҳам олгин.

Аммо сен бекорга дори–дармон йиғасан,

Барибир дардингга шифо топмайсан.

12Халқлар шарманда бўлганингни эшитди,

Фарёдларинг билан ер юзини тўлдирдинг.

Жангчиларинг бир–бирига урилди,

Ҳаммаси мағлуб бўлиб йиқилди.

 

Навухадназар Мисрга ҳужум қилади

 

13Бобил шоҳи Навухадназар Мисрга ҳужум қилиши ҳақида Еремиёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди:

14Мисрда шундай деб эълон қилгин,

Мигдол шаҳрида шундай деб хабар бергин,

Нуф ва Тахпанхас шаҳарларида жар солиб айтгин:

“Жойларингизни эгалланг!

Жангга шай туринг!

Зеро, қилич атрофдаги ҳаммани қиради.”

15Жангчиларингиз мағлуб бўлади!

Улар бардош бера олмайди.

Зеро, Эгамизнинг Ўзи уларни уради.

16Улар қайта–қайта қоқиладилар,

Бир–бирининг устига йиқиладилар.

Шунда ўзларига ўзлари айтадилар:

“Қани, бўлинглар,

Халқимизнинг олдига қочиб қолайлик!

Киндик қонимиз тўкилган юртга борайлик.

Бу қирғиндан қочиб қутулайлик.”

17Улар шундай деб бақирадилар:

“Фиръавн катта гапирди,

Аммо фурсатни қўлдан бой берди.”

18Худо Шоҳдир,

Сарвари Оламдир Унинг номи.

У шундай демоқда:

“Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи айтаманки,

Сизларга қарши бир ғаним келаётир.

У тоғлар орасидаги Товур тоғидай забардаст,

Денгиз бўйидаги Кармил тоғидай улкан.

19Эй қиз Миср,

Тугунингни йиққин,

Сургунга кетишга ҳозирлангин!

Ана, Нуф шаҳри вайрон бўлади,

Кимсасиз, ҳувиллаб қолади.

20Миср чиройли бир ғунажинга ўхшайди,

Аммо шимол сўнаси унга ёпирилади.

21Мисрнинг ёлланма аскарлари

Боқилган бузоқларга ўхшайди.

Аммо кулфат куни келганда,

Жазо оладиган вақти етганда,

Уларнинг ҳаммаси орқага қочади,

Душман қаршисида чекинади.

22“Бостириб келаётган душман дастидан

Миср қочаётган илондай вишиллайди.

Душманлар дарахт кесувчилар каби

Болта кўтариб, Мисрга ҳужум қилишади.”

23Эгамиз шундай демоқда:

“Мисрнинг ўрмони қалин бўлса–да,

Душманлар уни кесиб ташлайди.

Ахир, душманлар чигирткадан ҳам кўп,

Саноғига етиб бўлмайди.

24Қиз Миср шарманда бўлади,

Шимолдаги халқнинг қўлига тушади.”

25Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Мен Нў шаҳрининг худоси Омонни жазолайман. Фиръавннинг, Мисрнинг, у ердаги шоҳлар ва худоларнинг, фиръавнга умид боғлаган ҳамманинг адабини бераман. 26Уларнинг жонларига қасд қилаётган Бобил шоҳи Навухадназарнинг ва аъёнларининг қўлига бераман. Аммо вақт ўтиб, Мисрда илгаригидек одамлар яшайдиган бўлади.” Эгамизнинг каломи шудир.

 

Эгамиз Ўз халқини қутқаради

 

27“Эй қулим Ёқуб, қўрқма!

Эй Исроил халқи, саросимага тушма!

Мен сени олис юртдан озод қиламан,

Наслингни сургун бўлган мамлакатдан қутқараман.

Эй Ёқуб насли, сен юртингга қайтасан,

Осойишта ва бехатар яшайсан.

Энди ҳеч ким сени қўрқитмайди.”

28Эгамиз шундай демоқда:

“Сен, эй қулим Ёқуб, қўрқма,

Мен сен билан бирга бўламан.

Сени халқлар орасига тарқатиб юборган эдим,

Энди ўша халқларнинг ҳаммасини қириб ташлайман.

Сени эса қириб юбормайман,

Аммо жазосиз ҳам қолдирмайман.

Адолат ила жазоингни бераман.”

 

47–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Филист халқининг тақдири

 

1Фиръавн Ғазо шаҳрига ҳужум қилишидан олдин, Филист халқи ҳақида Эгамизнинг шу сўзлари Еремиёга аён бўлди:

2Эгамиз айтмоқда:

— Қаранг, шимолда душманлар тўпланмоқда,

Улар сувга ўхшаб кўпириб келмоқда.

Жўшқин дарё каби тошиб ҳовлиқмоқда.

Улар тўфондай бутун юртни босиб кетади,

У ердаги ҳаммани —

Шаҳарлар ва одамларни чўктиради.

Халқ доду фарёд қилади,

Юрт аҳолиси фиғон чекади.

3От туёқлари тасир–тусур уради,

Аравалар тарақ–туруқ қилади,

Ғилдираклар гурсиллайди.

Эркаклар ичидан зил кетадилар.

Ҳатто болаларини қутқаргани ҳам

Улар орқага қайтмайдилар.

4Ҳа, ўша кун келади,

Филист халқи қириб ташланади!

Омон қолган иттифоқчилари йўқ қилинади.

Тир ва Сидон шаҳарларига ёрдам келмайди,

Хафтўр соҳилларидан келган Филистларни

Эгамизнинг Ўзи йўқ қилади.

5Ғазо аҳолиси қайғудан сочларини олдиради,

Ашқалон одамларининг дами ичига тушиб кетади.

Эй, Филист забардастларидан омон қолганлари!

Қачонгача ғам чекиб, баданингизни тиласиз?!

6“Шўрим қурсин! Эй Эгамнинг қиличи!

Қачон тиниб–тинчийсан сен?!

Бўлди етар, тинчланақол!

Қинингга кир, дамингни ол!”

7Эвоҳ, Эгамнинг Ўзи амр этган бўлса,

Қандай дам олсин у қилич?!

“Ашқалон шаҳрига ва соҳилга ҳужум қил” деган бўлса,

Қандай тинчлансин у қилич?!

 

48–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Мўабнинг тақдири

 

1Исроил халқининг Худоси — Сарвари ОламМўаб ҳақида шундай демоқда:

“Наво аҳолисининг ҳолига вой!

Уларнинг шаҳри хароб бўлади.

Хиратайим шармандаларча мағлуб бўлади,

Унинг қалъаси уятга қолади,

Ер билан яксон қилинади.

2Мўабнинг довруғидан асар ҳам қолмайди.

Душман Хашбон шаҳрини қўлга киритади,

Мўаб халқини илдизидан қуритишни режа қилади.

Мадмон шаҳрида сукунат ҳукм суради,

Қилич унинг изига тушади.

3Ана, Хўронаймдан фарёд эшитилмоқда!

“Хонавайрон бўлдик!” дея хитоб қилишмоқда.

4“Мўаб вайрон бўлди–ку!” дея додлашмоқда.

Гўдаклари бўғилиб йиғламоқда.

5Одамлар аччиқ–аччиқ йиғлаб,

Лухит тепалигига чиқишади.

Ҳатто Хўронаймга тушиш йўлида

Аччиқ фиғон овозлари эшитилади.

6Тезроқ қочинг!

Чўлдаги юлғундай

Жонингизни сақлаб қолишга тиришинг!

7Эй Мўaб, сен куч ва бойлигингга таяндинг,

Энди эса мағлуб бўласан.

Худойинг Хамўш сургун қилинади,

Руҳонийларингу аъёнларинг асир қилиб олиб кетилади.

8Ҳар бир шаҳрингга вайрон этувчи келади,

Бирорта шаҳринг омон қолмайди.

Водий вайрон қилинади,

Ясси тепалик яксон этилади.”

Эгамизнинг каломи шудир.

9Мўaб учун қабр тоши тайёрланг,

Кўп ўтмай Мўаб йўқ бўлади.

Шаҳарлари вайрон қилинади,

Ҳаммаси ҳувиллаб қолади.

10Эгамизнинг ишидан бўйин товлаган киши лаънати бўлсин! Қон тўкишдан ўзини тийган бундай киши лаънати бўлсин!

 

Мўаб шаҳарлари вайрон бўлади

 

11Мўаб ёшлигидан бехатар ўсган,

Тиндирилган шароб каби тинч яшаган.

Гўё бир идишдан бошқасига қуйилмаган,

Ҳеч қачон ўз юртидан сургун бўлмаган.

Шу боис унинг таъми ўзгармаган,

Муаттар ҳиди сақланиб қолган.

12Эгамиз шундай демоқда:

“Аммо шундай кунлар келмоқдаки,

Мен Мўабга қарши одамларни жўнатаман.

Улар Мўабни шароб тўккандай тўкиб ташлайдилар.

Идишларини бўшатиб, чилпарчин қиладилар.

13Мўаб халқи ўз худоси Хамўш дастидан шарманда бўлади,

Исроил халқининг ҳолига тушади.

Ахир, Исроил ҳам Байтилдаги бузоққа инониб,

Шармандаи шармисор бўлган эди–ку!

14“Биз қаҳрамонлармиз,

Жасур жангчилармиз”, деб

Aйтишга қандай ҳаддингиз сиғди?

15Худо Шоҳдир,

Сарвари Оламдир Унинг номи.

У шундай демоқда:

“Мўаб вайрон бўлади,

Шаҳарлари босиб олинади.

Энг сара йигитлари қириб ташланади.

16Мўабга кулфат яқинлашмоқда,

Фалокат унга елдай учиб келмоқда.

17Эй Мўаб қўшнилари, қайғуринглар,

Эй Мўабни таниганлар, мотам тутинглар.

Айтинглар: “Эвоҳ, салтанат ҳассаси синди.

Қудратли ва улуғвор ҳасса парчаланди.”

18Эй Дибонда яшаганлар,

Тўрдаги ўрнингиздан туринглар,

Ердаги тупроққа ўтиринглар.

Зеро, Мўабни ҳалок этувчи сизга қарши чиқади,

У қўрғонларингизни қулатади.

19Эй Арорда яшайдиганлар,

Кўчага чиқиб кузатиб туринглар!

Қочиб кетаётган эркагу аёллардан

“Нима бўлди?” деб сўранглар.

20Оҳ, Мўаб шарманда бўлди, вайрон қилинди.

Уввос солиб, фарёд қилинглар!

Мўаб хароб бўлганини

Арнон дарёси бўйларида эълон қилинглар.”

21Худо ясси тепаликларда жойлашган ҳамма шаҳарларни: Хўлунни, Яхазни, Мифатни, 22Дибонни, Навони, Байт–Диблатайимни, 23Хиратайимни, Байт–Гамулни, Байт–Миённи, 24Харийўтни, Бозрахни жазолайди. Хуллас, узоқ–яқинда жойлашган ҳамма Мўаб шаҳарлари вайрон бўлади. 25Мўабнинг қудрати синади, кучи кесилади. Эгамизнинг каломи шудир.

 

Мўаб шарманда бўлади

 

26Ўзини Эгамиздан устун қўйган Мўабни маст қилинглар. Ўз қусуғида ўзи думалаб ётсин, одамларга кулги, масхара бўлсин. 27Эй Мўаб, эсингдами, Исроил устидан кулган эдинг! У ўғримидики, у ҳақда гапирганингда бошингни чайқаган эдинг!

28“Эй, Мўаб аҳолиси!

Шаҳарларни тарк этинг,

Қоялар орасида яшаб юраверинг.

Тоғ дарасида ин қурган кабутарлардай бўлинг.

29Эшитганмиз Мўабнинг мағрурлигини,

Манманлиги, киборлиги, такаббурлигини!

Нақадар такаббурдир у!

Ниҳоятда гердайиб кетган!”

30Эгамиз шундай демоқда:

“Мен бу халқнинг сурбетлигини биламан.

Улар беҳуда мақтанадилар.

31Шундай экан, Мўаб учун мен йиғлайман,

Бутун Мўаб халқи учун фарёд қиламан.

Хир–Харасот аҳолиси учун кўз ёш тўкаман.

32Эй Сивмо қишлоғининг узумзорлари,

Мен ҳам Язир шаҳри сингари сизлар учун қайғураман.

Сизнинг новдаларингиз ўсиб кетди,

Ҳатто Ўлик денгиздан ҳам ошиб ўтди,

Шохларингиз Язир шаҳригача етди.

Аммо ёзги мевалар ва узумларингизга

Зараркунанда тушди.

33Мўабнинг ҳосилдор ерларида

Шодлигу хурсандчилик барҳам топди.

Мен узум сиқиш чуқурлардаги

Шаробни тортиб оламан.

Энди ҳеч ким шодликдан ҳайқириб узум эзмайди,

Шодон қийқириқлар энди эшитилмайди.”

34“Хашбон, Элалей аҳли фарёд чекади,

Уларнинг овози Яхазгача эшитилади.

Садоси Зўвардан Хўронаймгача жаранглайди,

То Эглат–Шалишиёгача етиб боради.

Ҳатто Нимрим сувлари нобуд бўлади.

35Эгамиз шундай демоқда:

Мўаб саждагоҳларида қурбонлик қилганларни йўқ қиламан,

Ўз худоларига атаб тутатқи тутатганларни ўлдираман.

36Қалбим най каби нола қилиб,

Мўаб учун қайғурмоқда.

Ҳа, қалбим най каби,

Хир–Харасот одамлари учун йиғламоқда.

Ахир, уларнинг йиққан бойлиги йўқ бўлди.”

37Қайғудан ҳамма сочини олдирган,

Ҳамма соқолини қириб ташлаган,

Ҳамма қўлларини тилган,

Белларига қанор ўраб олган.”

38Эгамиз шундай демоқда:

Мўабдаги ҳамма томлар устида,

Ҳамма шаҳар майдонларида

Фақат марсия айтилади.

Зотан Мен Мўабни синдириб ташлайман,

Кераксиз идишдай чилпарчин қиламан.

39Мўаб чил–чил синади!

Одамлари аччиқ–аччиқ йиғлайди!

Шармандаликдан Мўаб юзини яширади!

Мўаб ҳаммага масхара бўлади,

Унинг аҳволидан қўшни халқлар ваҳимага тушади.”

 

Мўаб қутула олмайди

 

40Эгамиз шундай демоқда:

“Қаранглар!

Душман бургут сингари Мўабга ҳужум қилмоқда,

Қанот кериб Мўаб узра парвоз этмоқда.

41Мўаб шаҳарлари энди олинади,

Қалъалари қўлга киритилади.

Ўша куни Мўаб лашкарлари ваҳимага тушади,

Улар дард тутган аёл каби бўлиб қолади.

42Ахир, Мўаб ўзини Эгамиздан устун қўйди–да,

Энди у нобуд бўлади.

43Эй Мўаб аҳли, сизни ваҳима,

Тузоқ ва чоҳ кутмоқда!”

Эгамизнинг каломи шудир.

44“Ваҳимадан қочган чуқурга тушар,

Чуқурдан чиққан эса тузоққа илинар.

Мен Мўабнинг бошига

Жазо йилини келтираман.”

Эгамизнинг каломи шудир.

45“Ҳолдан тойган қочоқлар

Хашбон шаҳри соясида тўхтайди.

Аммо олов чиқади Хашбон шаҳридан,

Аланга чиқади шоҳ Сихўннинг шаҳридан.

Ёнғин бутун Мўаб юртини ямлаб ютади,

Исёнкор одамларнинг бошини ейди.

46Эй Мўаб, ҳолингга вой!

Хамўшга сиғинганлар нобуд бўлади,

Ўғил–қизларинг асирликка тушади.

47Аммо кейинчалик

Мен Мўаб халқини яна фаровонликка эриштираман.”

Эгамизнинг каломи шудир.

Мўаб тўғрисидаги башоратлар ўз ниҳоясига етди.

 

49–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Эгамиз Оммон халқини ҳукм қилади

 

1ЭгамизОммон халқи тўғрисида шундай деди:

“Исроил тирноққа зормиди?!

Унинг меросхўри йўқмиди?!

Нимага унда Мўлахга топинадиганлар

Гад ҳудудини эгаллаб олишди?

Нимага Оммон халқи Гад шаҳарларида яшаяпти?”

2Эгамиз демоқда:

“Бу қилмишлари учун шундай кунлар келадики,

Мен Оммонликларнинг Рабба шаҳрига қарши жанг эълон қиламан.

Рабба шаҳрини вайроналар уюмига айлантираман,

Атрофдаги қишлоқларига ўт қўяман.

Шунда Исроил халқи босқинчиларининг ерларини босиб олади.”

Эгамизнинг каломи шудир.

3Дод сол, эй Хашбон!

Ай шаҳри вайрон бўлди!

Эй Рабба аҳолиси, фарёд қилинг!

Қанорга ўраниб, марсия айтинг,

Саросимага тушиб баданингизни тилинг.

Ахир, худойингиз Мўлах сургун қилинади,

Руҳонийлару аъёнларингиз асирга олиб кетилади.

4Эй исёнкор қиз Оммон,

Нечун кучинг билан мақтанасан?

Сенинг кучинг қирқилади!

Сен бойлигингга ишонасан,

“Бизга ҳужум қилишга ким журъат этар?”, дейсан.

5Сарвари Олам — Раббий шундай демоқда:

“Мен Ўзим сенга ҳар томондан даҳшат соламан.

Ҳаммангиз тумтарақай бўлиб қочасизлар,

Қочоқларингизни ҳеч ким тўплай олмайди.

6Аммо шундан сўнг Мен Оммон халқини яна фаровонликка эриштираман.” Эгамизнинг каломи шудир.

 

Эдом халқи ҳукм қилинади

 

7Сарвари Олам Эдом ҳақида шундай деди:

Темонда фаросатли киши қолмадими?

Оқилона насиҳат берадиган топилмадими?

Ақлларини моғор босдими?

8Эй Дедонликлар, қочинглар,

Чуқур ғорларда бекиниб олинглар!

Вақт келди Эсов наслини жазолашга,

Фалокат келтираман унинг бошига.

9Боғингизда узум терган одамлар

Бир–икки бош узум қолдиради–ку!

Кечаси уйга тушган ўғри

Фақат хоҳлаган нарсасини олади–ку!

10Мен эса Эсовнинг бор–йўғини тортиб оламан,

Унинг пана жойларини ошкор қиламан,

У ҳеч қаерга яширина олмайди.

Унинг болалари ҳалок бўлади,

Оға–ини, қўшнилари ўлади.

Ундан асар ҳам қолмайди.

11Етимларингизни қолдиринг,

Уларнинг жонини асрайман.

Беваларингиз Менга инониб яшасин.

12Эгамиз шундай демоқда: “Айбсиз одамлар жабр тортса–ю, сен, эй Эдом, жазосиз қоласанми?! Йўқ, сен жазодан қочиб қутулолмайсан. Жазо косасидан албатта ичасан. 13Ўз номим билан қасам ичиб айтаманки, Бозрах шаҳри вайрон бўлади. Унинг аянчли аҳволи одамларни ваҳимага солади. Ўтган–кетганлар уни мазах қилиб, номини қарғишларда ишлатади. Ён–атрофидаги ҳамма шаҳарлар ҳам то абад ташландиқ бўлади.” Эгамизнинг каломи шудир.

14Мен, Еремиё, Эгамиздан бир хабар олдим,

Жарчи бу хабарни халқларга эълон қилди:

“Тўпланинг! Шаҳарга ҳужум қилинг,

Қани, жангга отланинг!

15Эй Эдом, сени халқлар орасида арзимас қилиб қўяман,

Бутун одамзод сендан ҳазар қиладиган бўлади.

16Важоҳатинг сени алдади,

Такаббурлигинг сени аҳмоқ қилди.

Сен–ку тик қояда яшайсан,

Азим чўққиларни эгаллагансан.

Бургут каби инингни баланд қурган бўлсанг ҳам,

Сени у ердан тортиб тушираман.”

Эгамизнинг каломи шудир.

17Эдомнинг бошига тушадиган кулфатлар шу қадар даҳшатли бўладики, бу юртнинг олдидан ўтган ҳар бир киши ваҳимага тушиб, қотиб қолади. 18Садўм, Ғамўра ва атрофдаги шаҳарлар қандай вайрон бўлган бўлса, Эдом ҳам худди шундай вайрон бўлади. У ерда ҳеч ким яшамайди. 19Мен Иордан чакалакзоридаги арслондай яйловдаги қўйларга ҳужум қиламан. Бир зумда Эдом халқини ўз юртидан ҳайдаб чиқараман. Ўзим хоҳлаган инсонни у ерга бош қиламан. Ахир, ким Менга тенг кела олади?! Ким Мендан ҳисобот сўрай олади?! Қайси чўпон Менга қарши тура олади?! 20Шундай экан, Эдом халқига қарши тузган режаларимни эшитиб қўйинг. Темон аҳолисига қилган ниятларимга қулоқ тутинг: Йиртқичлар сурувдаги қўзичоқларни судраб кетади. Қилмишлари туфайли ям–яшил яйловлари пайҳон бўлади. 21Эдом гурсиллаб қулаганда, ер юзи ларзага келади. Халқнинг доду войлари Қизил денгизгача эшитилади. 22Қаранглар! Душман бургутдай Бозрахга ҳужум қилмоқда. Қанот кериб шаҳар узра парвоз этмоқда. Ўша куни Эдом лашкарлари дард тутган аёл каби ваҳимага тушади.

 

Дамашқ ҳукм қилинади

 

23Қуйидаги хабар Дамашқ ҳақидадир:

Хомат билан Арпад аҳли шум хабар эшитишади,

Шунинг учун улар саросимага тушади.

Юрагига тушган ғулғула босилмайди,

Жўшқин денгиз каби тинчланмайди.

24Дамашқ мадорсиз қолади,

Орқага қочмоқчи бўлади,

Бутун вужудини ваҳима қамраб олади.

Дард тутган аёлдай азобу қийноқда қолади.

25Эвоҳ, машҳур шаҳар тарк этилади!

Қувонч макони ташлаб кетилади!

26Ўша куни йигитлари майдонларда ўлади,

Ҳамма сипоҳлари ҳалок бўлади.”

Сарвари Оламнинг каломи шудир.

27“Мен Дамашқ деворларига ўт қўяман,

Олов Банҳадад қалъаларини ёндириб ташлайди.”

 

Кедар ва Хазор ҳукм қилинади

 

28Бобил шоҳи Навухадназар мағлуб қилган Кедар ва Хазор шоҳликлари ҳақида Эгамиз шундай дейди:

“Қани бўлинг, Кедарга ҳужум қилинг!

Ўша шарқ қабилаларини ҳалок этинг!

29Қўлга киритинг чодирларию қўйларини,

Пардаларию бор бисотини.

Туяларини ўзингизга олинг.“

Одамлар бақиради:

“Атрофни даҳшат қамради!”

30Эгамиз шундай демоқда:

“Эй Хазор аҳолиси!

Қочинг! Узоқларга бош олиб кетинг.

Чуқур ғорларда яшириниб олинг.

Зеро, Бобил шоҳи Навухадназар

Сизларга қарши бир режа тузди,

Сизларни ҳалок этиш ниятида юрибди.”

31Эгамиз шундай демоқда:

“Эй Бобил лашкарлари,

Қани, хотиржам бўлган халққа ҳужум қилинглар!

Бехатар яшаётганларга ташланинглар!

Улар саҳрода ёлғиз яшайдилар,

Шаҳарларининг на дарвозалари, на тамбалари бор.

32Уларнинг туяларини ўлжа оласиз,

Мол подаларини қўлга киритасиз.

Сочини олдириб юрган Хазорликларни

Мен тўрт томонга тарқатиб юбораман.

Уларнинг устига ҳар ёқдан кулфат ёғдираман.”

Эгамизнинг каломи шудир.

33Хазор то абад ташландиқ бўлиб қолади,

Чиябўрилар маконига айланади.

У ерда ҳеч ким яшамайди,

У жойларга ҳеч ким бориб ўрнашмайди.

 

Элам ҳукм қилинади

 

34Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳукмронлигининг бошида Эгамиз Еремиё пайғамбарга Элам юрти тўғрисида Ўз сўзини аён қилди.

35Сарвари Олам демоқда: “Мен Элам мерганларини нобуд қиламан. Қудратининг манбаини синдираман. 36Улар устига тўрт томондан душман соламан. Ҳаммасини ер юзининг тўрт томонига тарқатиб юбораман. Эламликлар қочиб бормаган бирон бир юрт қолмайди.” 37Эгамиз демоқда: “Мен Эламни қасди бор душманлари қаршисида саросимага соламан. Қайнаган ғазабимни устиларига кулфат қилиб ёғдираман. Ортидан қилич солиб, ҳаммасини битта қолдирмай қириб ташлайман. 38Уларнинг шоҳини аъёнлари билан бирга йўқ қиламан. Эламда Ўз тахтимни ўрнатаман.

39Аммо кейинчалик Мен Элам халқини яна фаровонликка эриштираман.” Эгамизнинг каломи шудир.

 

50–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Бобил мағлуб бўлади

 

1ЭгамизБобил юрти ва Бобилликларнинг диёри хусусида Еремиё пайғамбар орқали шундай сўзларни айтди:

2“Халқларга эълон қилинг, хабар етказинг!

Байроқ кўтариб, янгиликни айтинг.

Ҳеч нарса яширмай шундай жар солинг:

“Бобил қулайди,

Уларнинг худоси Бэл шарманда бўлади,

Худоси Мардух парча–парча қилинади.

Бобил бутлари хор бўлади,

Санамлари синдириб ташланади.

3Шимолдаги бир халқ Бобил устига бостириб келади. Улар бутун юртни вайрон қилишади. У ерда ҳеч ким яшамайдиган бўлади. Одамлар ва ҳайвонлар у ердан қочиб кетади.

 

Исроил халқи сургундан қайтиб келади

 

4Эгамиз шундай демоқда: “Ўша кунлар келганда, Исроил халқи Яҳудо халқи билан бирга кўз ёш тўкиб, Эгаси Худога интиладиган бўлади. 5Улар юзларини Қуддус томон бурадилар, у ерга олиб борадиган йўлни суриштирадилар. Эгамизга боғланиб қоладилар, У билан унутилмас, абадий бир аҳд тузадилар.

6Менинг халқим адашган қўйларга ўхшайди. Чўпонлари уларни йўлдан адаштириб, тоғларга ҳайдаб юбордилар. Улар тоғлару қирларда дарбадар кезиб, оромгоҳини унутдилар. 7Қўйларимга ким дуч келган бўлса, қўйларимни еди. Душманлар эса шундай деди: “Бизнинг айбимиз йўқ. Уларнинг ўзлари Эгасига қарши гуноҳ қилди. Эгаси улар учун асил яйловдай эди, ота–боболари Эгасига умид боғлаган эди.”

8Эй Исроил халқи, Бобилдан қочиб чиқинг! Бобилликларнинг юртини тарк этинг! Сурувни бошқариб кетаётган серкадай биринчи бўлиб чиқинг. 9Мана, Мен шимолдаги қудратли халқларни Бобилга қарши қўзғатяпман. Улар саф тортиб, Бобилга ҳужум қиладилар. Бобил жангда мағлуб бўлади. Душман ўқларининг ҳаммаси тўғри нишонга тегади, уларнинг ўқлари мерганларнинг ўқларидайдир. 10Бобил талон–тарож қилинади, ҳамма талончилари ўлжага тўяди.” Эгамизнинг каломи шудир.

 

Бобил қулайди

 

11Эй, халқимни талаган Бобилликлар!

Сизлар севиниб, хурсанд бўляпсизлар,

Ўтлоқдаги бузоқдай шодон сакраяпсизлар,

Отлар каби кишнаяпсизлар.

12Аммо билиб қўйинг, она юртингиз хор бўлади,

Сиз туғилган юрт оёқ ости қилинади.

Юртингиз халқлар орасида арзимас бўлиб қолади,

Чўл, қақроқ ер, саҳрога айланади.

13Эгамиз Бобилга қаҳрини сочади,

У ерда ҳеч ким яшамайди.

Бутунлай ташландиқ бўлиб қолади.

У ердан ким ўтса ёқасини ушлайди,

Бобил харобаларини кўриб қотиб қолади.

14Эй мерганлар!

Бобил aтрофига саф тортинг!

Унга қарши ўқ узинг!

Ўқингизни сира аяманг.

Ахир, Бобил Эгамизга қарши гуноҳ қилди.

15Ҳар ёқдан Бобилга шундай деб хитоб қилинг!

“Бобил таслим бўляпти,

Истеҳкомлари йиқиляпти,

Деворлари ўпирилиб тушяпти.”

Мана бу — Эгамизнинг қасосидир.

Сизлар ҳам Бобилдан ўч олинг,

Қилмишларини ўз бошига қайтариб солинг.

16Бобилдаги уруғ сепувчиларни йўқ қилинг,

Ўрим мавсумида ўроқчиларни ўлдиринг.

Душман қиличидан ҳамма қочсин,

У ердаги асирлар ўз халқи орасига қайтсин,

Она юртига қочиб борсин.

 

Исроил тикланади

 

17Эгамиз шундай дейди: “Исроил халқи шерлар ҳар ёққа тумтарақай қочириб юборган қўйларга ўхшайди. Илк бор Исроилга Оссурия шоҳи ташланган эди, Исроилнинг суякларини эса Бобил шоҳи Навухадназар ғажиган эди. 18Шу сабабдан Мен, Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам, Оссурия шоҳини қандай жазолаган бўлсам, Бобил шоҳини ва унинг юртини ҳам худди шундай жазолайман. 19Исроилни ўз яйловига қайтариб олиб келаман, улар Кармил тоғининг ён бағирларида ва Башанда ўтлаб юрадилар. Эфрайим қирларида ва Гиладда юриб, қоринларини тўйғизадилар. 20Ўша кунлар келганда Исроилдан бирон гуноҳ топилмайди, Яҳудо ҳам бенуқсон бўлади. Зеро, Мен асраган халқимни кечираман.

 

Худо Бобилни ҳукм қилади

 

21Эгамиз шундай демоқда:

“Маротайим юртига бостириб боринглар,

Пахўд аҳолисига ҳужум қилинглар,

Уларни тамомила қириб битиринглар.

Сизларга Мен буюрган ҳамма ишни бажаринглар.”

22Бобилдан жанг шовқин–сурони кўтарилмоқда,

Ҳамма ёқ харобага айланмоқда.

23Бобил бутун дунёни болғадай парча–парча қилди,

Эҳ, энди ўзи синиб парчаланиб кетди!

Бобилнинг аҳволи халқларни ваҳимага солди.

24Эй Бобил, Мен сенга тузоқ қўйгандим,

Билмасдан тузоғимга тушиб қолдинг.

Сени фош қилдим, қўлга олдим.

Ахир, сен Менга қарши чиққан эдинг.”

25Эгамиз Ўз аслаҳахонасини очди,

Ғазаб қуролларини олиб чиқди.

Сарвари Олам — Раббий

Бобилликлар юртида бир иш қилишга шайланди.

26Узоқ юртлардан Бобилга ҳужум қилинг!

Омборхона эшикларини бузинг!

Бобилни дондай уюм–уюм қилиб йиғинг,

Ҳаммасини йўқ қилинг.

Ундан асар ҳам қолмасин!

27Ёш жангчиларини ўлдиринг,

Ҳаммасини қириб ташланг.

Бобилнинг ҳолига вой, унинг куни битди,

Жазо оладиган вақти етди.

28Бобилдан қочиб келаётганларнинг гапларини эшитинг. Улар Қуддусга келиб, Эгамиз Худо Ўз Маъбади учун олган қасосини эълон қилишмоқчи.”

29“Бобилга ҳужум қилиш учун камончиларни йиғинглар. Шаҳарни қуршовга олинглар, биронта одам қочиб кета олмасин. Бобилликларнинг қилган ишига яраша жазосини беринглар, қилмишларини ўз бошига қайтариб солинглар. Зеро, улар Исроил халқининг Муқаддас Худоси — Эгамизга нисбатан такаббурлик қилдилар. 30Ўша куни Бобилликларнинг йигитлари майдонларда ўлиб кетади, ҳамма сипоҳлари ҳалок бўлади.” Эгамизнинг каломи шудир.

31Сарвари Олам — Раббий шундай демоқда:

“Эй такаббур Бобил, Мен сенга қарши чиқяпман!

Сенинг кунинг битди,

Сени жазолайдиган вақт етди.

32Бу такаббур халқинг қоқилиб тушади,

Сени ҳеч ким турғизиб қўймайди.

Мен ҳамма шаҳарларингга ўт қўяман,

Олов атрофдаги ҳамма нарсани ёндириб юборади.

33Сарвари Олам шундай демоқда: “Исроил ва Яҳудо халқлари зулм исканжасида қолишди. Душманларнинг ҳаммаси уларни қаттиқ тутиб турибди. Уларни қўйиб юборишдан бош тортяпти. 34Аммо уларнинг Қутқарувчиси қудратлидир, Унинг номи Сарвари Оламдир. У халқини астойдил ҳимоя қилади, юртига ором беради. Бобилликларни эса тинчликдан маҳрум қилади.”

35Эгамиз шундай демоқда:

“Бобилликларга ўлим!

Бутун Бобил аҳолиси,

Аъёнларию донишмандларига ўлим!”

36Фолбинларига ўлим!

Нақадар аҳмоқдир улар!

Жангчиларига ўлим!

Нақадар ваҳимага тушган улар!

37Отларию жанг араваларига ўлим!

Ёлланган жангчиларига ўлим!

Аёлларга ўхшаган заифдир улар!

Зийнату бойликларини йўқ қилинг,

Таланг, ўлжа қилиб олинг.

38Бутун юртга қурғоқчилик келсин!

Дарёлари қуриб кетсин.

Зеро, бу юрт бутлар макони бўлди,

Ваҳимага солган ўша бутлар туфайли

Одамлари ақлдан озди.

39Шунинг учун Бобилда сиртлонлару туяқушлар яшайди. У ер ёввойи дашт ҳайвонларининг маконига айланади. Инсон зоти энди у ерда ҳеч қачон яшамайди, Бобил то абад бўм–бўш бўлиб қолади. 40Садўм, Ғамўра ва атрофдаги шаҳарлар қандай вайрон бўлган бўлса, Бобил ҳам шундай вайрон бўлади. У ерда ҳеч ким яшамайди.

41Ана, шимолдан оломон келмоқда.

Дунёнинг бир четида

Қудратли халқлару кўп шоҳлар қўзғалмоқда.

42Камону найзалар билан қуролланган улар,

Шафқат қилмайдиган золимдир бу одамлар.

Улар отларини елдиради,

Денгиздай гувиллаб келади.

Эй қиз Бобил, улар сенга қарши чиқади,

Жанг қилгани саф тортишади.

43Бобил шоҳи бу хабарни эшитди,

Қўлларида мадор қолмади.

Дард тутган аёл каби

Азобу изтиробда қолди.

44Мен Иордан чакалакзоридаги арслондай яйловдаги қўйларга ҳужум қиламан. Бир зумда Бобил халқини ўз юртидан ҳайдаб чиқараман. Ўзим хоҳлаган инсонни у ерга бош қиламан. Ахир, ким Менга тенг кела олади?! Ким Мендан ҳисобот сўрайди?! Қандай чўпон Менга қарши тура олади?! 45Шундай экан, Бобил юртига қарши Мен тузган режаларни эшитинглар. Бобил халқи тўғрисида қилган ниятларимга қулоқ тутинглар: Йиртқичлар сурувдаги қўзичоқларни судраб кетади. Қилмишлари туфайли ям–яшил яйловлари пайҳон бўлади. 46Бобил гурсиллаб қулаганда, ер юзи ларзага келади, халқнинг доду войлари олисдаги элларга эшитилади.

 

51–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Бобил ҳукмининг давоми

 

1Эгамиз шундай демоқда:

“Мен Бобилга ва унинг аҳолисига қарши,

Ҳалокат келтирадиган шамол қўзғатаман.

2Бобилга ажнабийларни жўнатаман.

Улар буғдойни совургандай,

Бобилни совуриб ташлайдилар.

Унинг бор–йўғини шилиб оладилар.

Кулфат куни унга ҳар ёқдан ёпириладилар.

3Бобил камончиларининг совут кийишига,

Ўқ узишларига имкон берманг.

Бобил йигитларига раҳм қилманг!

Лашкарини тамомила қириб битиринг.

4Улар Бобил юртида чопиб ташланадилар,

Кўчаларида оғир яраланиб ётадилар.

5Исроил ва Яҳудо халқлари

Сарвари Олам олдида гуноҳ қилган бўлсалар ҳам,

Худоси уларни тарк этмади.

Исроилнинг Муқаддас Худоси улардан юз ўгирмади.

6Бобилдан қочиб чиқинглар!

Жонингизни қутқариб қолинглар!

Бобилнинг гуноҳи туфайли қирилиб кетманглар,

Зотан Эгамиз Бобилдан ўч олмоқда,

Қилган қилмишларига яраша жазосини бермоқда.

7Бобил Эгамизнинг қўлидаги олтин косадай эди,

Бобил бутун дунёни маст қилди.

Дунё халқлари косадаги шаробдан ичди,

Ҳаммаси ақлдан озди.

8Бобил бирданига қулайди, бузиб ташланади.

Унинг учун фарёд қилинг!

Яраларига малҳам суртинг,

Зора тузалиб қолса!

9Бобилда яшаган ажнабийлар айтишади:

“Бобилни тузатмоқчи эдик, аммо у тузалмади.

Энди уни ташлаб кетайлик,

Ҳар биримиз юртимизга қайтиб кетайлик.

Ахир, Бобилнинг жазоси бошидан ошди,

Кўкдаги булутларгача етиб борди.”

10Исроил халқи дейди:

“Эгамиз бизни оқлади.

Юринглар, Қуддусга борайлик,

Эгамиз Худонинг буюк ишларини

У ерда эълон қилайлик.

11Ўткирланг ўқларни!

Тўлдиринг ўқдонларни!

Эгамиз Ўз Маъбади учун Бобилликлардан ўч олмоқчи бўлди. У бутун Бобил юртини вайрон қилишни режалаштириб қўйган эди. Режасини амалга ошириш учун Мидия шоҳларини Бобилга қарши қўзғатган эди.

12Бобилга қарши байроқ кўтаринг.

Қўриқчилар сафини кучайтиринг,

Соқчилар қўйинг.

Пистирма қўйишга тайёр туринг.

Эгамиз режаларини амалга оширади,

Бобилга қарши айтганларини бажаради.

13Эй сероб сувлар бўйидаги шаҳар,

Бой хазинага эга бўлган шаҳар!

Сенинг кунинг битди.

Ҳаётинг ипи узилди.

14Сарвари Олам Ўз номи билан қасамёд қилиб деди:

“Чигирткадай гала–гала душманни сенга қарши юбораман.

Улар юртинг узра ғолибона ҳайқиради.”

 

Худога ҳамду сано қўшиғи

 

15Эгамиз қудрати ила ерни яратди,

Донолиги ила дунёни бунёд этди,

Идроки ила осмон гумбазини ўрнатди.

16Унинг овозидан осмондаги сувлар гулдурайди,

У дунёнинг тўрт бурчидан булутларни олиб келади.

Ёмғир ёғдиришдан олдин момақалдироқ чақтиради,

Омборларидаги шамоллардан эсдиради.

17Унинг олдида ҳамма одамлар аҳмоқ ва нодондир.

Заргарлар ясаган бутлари туфайли шарманда бўлишади.

Ясаган санамлари сохтадир, уларнинг жони йўқ.

18Бу бетайин бутлар алдамчидир.

Уларни жазолаган куним йўқ бўлишади.

19Ёқубнинг Худоси эса ундай эмас.

У бутун борлиқни яратган,

Мероси бўлган Исроилни бино қилган.

Унинг номи Сарвари Оламдир.

 

Эгамизнинг болғаси

 

20Эй Бобил, сен Менинг болғам, уруш қуролимсан.

Сен билан эздим Мен халқларни,

Сен билан парчаладим шоҳликларни.

21Сен билан пачақладим отлару чавандозларни,

Мажақладим жанг араваларию аравакашларни.

22Сен билан эздим эркагу аёлларни,

Сен билан урдим ёшу қариларни,

Сен билан ўлдирдим йигиту қизларни,

23Сен билан эздим чўпонлару уларнинг сурувларини,

Сен билан урдим деҳқонлару уларнинг ҳўкизларини,

Сен билан ўлдирдим ҳокимлару аъёнларни.

 

Бобилнинг жазоси

 

24Эгамиз шундай демоқда: “Қуддусга қилган барча ёвузликлари учун Бобилликларни ва бутун Бобил юртини сизнинг кўзингиз олдида жазолайман.”

25Эгамиз шундай демоқда:

“Эй Бобил, сен тоғдай бўлиб,

Бутун дунёни вайрон қилдинг.

Шу боис Мен сенга қаршиман!

Мен сенга қарши қўл кўтараман,

Сени қоялардан пастга думалатиб юбораман,

Куйиб абгор бўлган тоққа айлантираман.

26Сендан на пештоқ учун тош,

На пойдевор учун тош олинади.

Сен то абад ташландиқ бўлиб қоласан.”

Эгамизнинг каломи шудир.

27“Байроқни кўтаринг!

Халқларга бурғу чалинг!

Халқларни Бобилга қарши урушга тайёрланг.

Арарат, Миннах ва Ашканоз шоҳликларини

Унга қарши тўпланг.

Бобилга қарши жанг қиладиган лашкарбошини тайинланг,

Чигиртка галасидай кўп отлар келтиринг.

28Халқларни Бобилга қарши урушга тайёрланг.

Мидия шоҳларини, уларнинг ҳокиму аъёнларини,

Уларнинг қўли остидаги ҳамма юртларни

Бобилга қарши сафарбар қилинг.

29Бутун дунё дағ–дағ титрамоқда,

Зеро, Эгамиз Ўз режасини амалга оширмоқда.

Бобил вайрон бўлади,

Эвоҳ, кимсасиз ҳувиллаб қолади.

30Бобил сипоҳлари жангдан воз кечишади,

Қалъаларида писиб ётишади.

Уларнинг мадори қолмайди,

Аёллардай заиф бўлиб қолишади.

Бобилнинг душмани шаҳар биноларига ўт қўяди,

Шаҳар дарвозаларини бузади.

31Чопар кетидан чопар югурар,

Хабарчи кетидан хабарчи келар.

Бобил шоҳига шундай хабар етказмоқчи улар:

“Шаҳрингиз қулади,

32Дарёнинг кечув жойлари қўлга олинди,

Тўқайларга ўт қўйилди,

Сипоҳлар саросимага тушди.”

33Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда:

“Қиз Бобил хирмондаги буғдойга ўхшайди.

Тез орада ўрим вақти етиб келади,

Ҳадемай у янчилади.”

34Қуддус аҳолиси шундай деди:

“Бобил шоҳи Навухадназар бизни ғажиди, эзди,

Бизни бўм–бўш идишдай қилиб қўйди.

У аждаҳодай бизни ямлади,

Лаззатларимиз билан қорнини тўйғизди,

Кейин эса бизни тупуриб ташлади.”

35Қуддус аҳолиси айтсин:

“Мажақланган танам учун Бобилдан ўч олинсин”, дея.

Сион аҳолиси айтсин:

“Тўкилган қоним учун Бобилликлар жазолансин”, дея.

 

Эгамиз Исроилга ёрдам беради

 

36Эгамиз шундай демоқда:

“Мен даъвоингизни эшитиб,

Сизни ҳимоя қиламан.

Сизлар учун ўч оламан.

Бобилнинг булоғини қуритаман,

Дарёларини сувсиз қолдираман.

37Бобилни бир уюм тошга айлантираман,

Чиябўриларнинг макони қиламан.

Бобилнинг аҳволидан одамлар даҳшатга тушади,

Уни кўрганлар қотиб қолади.

У ерда бирон кимса яшамайди.

38Бобилликлар шер каби ўкиришади,

Шер болаларидай бўкиришади.

39Айни қизишган пайтларида

Уларга ўткир ичимликдан ичираман.

Уларни масту шодон қиламан.

Сўнг улар абадий уйқуга кетишади,

Ҳеч қачон уйғонишмайди.”

Эгамизнинг каломи шудир.

40“Мен уларни қўзичоқ, қўчқор ва такалардай

Қассоб олдига олиб бораман.”

 

Бобилнинг қисмати тўғрисидаги ашула

 

41Эҳа, Бобил шаҳри қулади–я!

Бутун дунё ғурури мағлуб бўлди–я!

Унинг қисматидан халқлар даҳшатга тушди!

42Денгиз сувлари Бобилни босди,

Шовқин тўлқинлар уни қоплаб олди.

43Ана, шаҳарлари хароб бўлди,

Улар чўлу саҳрога айланди.

Энди у ерда ҳеч ким яшамайди,

Инсон қадами у ерга етиб бормайди.

44Бобил худоси Бэлни Мен жазолайман,

Ютганларини оғзидан чиқараман.

Энди халқлар унинг олдига оқиб бормайди,

Бобил деворлари қулаб тушади.

 

Худо Бобилдаги Исроил халқига хабар беради

 

45Эй халқим, чиқиб кет у ердан!

Қочиб қол Эгангнинг қаҳридан!

Жонингни қутқаргин!

46Юртдаги миш–мишлар сизни қўрқитмасин,

Юрагингизга ғулғула солмасин.

Бир йил бир миш–миш бўлади,

Кейинги йили бошқаси чиқади.

Ҳа, юртдаги зўравонлик ҳақида миш–миш чиқади,

Шоҳлар орасидаги уруш ҳақида миш–миш тарқалади.

47Мана, шундай кун келяптики,

Мен Бобилнинг сохта худоларини жазолайман.

Бутун Бобил юрти шарманда бўлади,

Кўчаларида жасадлар ётади.

48Ҳа, Бобилга қарши шимолдан

Қирғин келтирувчи келади.

Шунда Бобилнинг ҳалокатидан

Еру осмон шодланади,

У ердаги барча мавжудот хурсанд бўлади”, деб айтмоқда Эгамиз.

49“Ахир, Бобил Исроил халқининг умрига зомин бўлди,

Ер юзидаги кўп халқларнинг бошини еди,

Ана энди унинг қилмишлари ўзининг бошига етди.

50Эй, қиличдан омон қолганлар!

Қочинглар, ўйланманглар!

Олис юртда Эгангизни эсланглар.

Қуддус ҳақида ўйланглар.

51Сизлар айтасиз: “Шарманда бўлдик.

Ҳақоратлар эшитдик.

Юзимиз шувут.

Ахир, Эгамиз уйининг муқаддас хоналарини

Ажнабийлар оёқ ости қилди.”

52Эгамиз эса шундай демоқда:

“Мана, шундай кунлар келяптики,

Мен Бобилнинг сохта худоларини жазолайман.

Бутун юрт узра

Ярадорларнинг фарёдлари эшитилади.

53Бобил осмонга чиқиб олса ҳам,

Баланд қалъасини мустаҳкам қилса ҳам,

Мен унга қарши қирғин келтирувчини юбораман.”

Эгамизнинг каломи шудир.

 

Бобил вайрон бўлади

 

54Эгамиз шундай демоқда:

“Ана, Бобил халқидан доду фарёд кўтарилмоқда,

Бобил юртидан вайрон–талқон садолари келмоқда.”

55Эгамиз Бобилни вайрон қилади,

Шанғиллаган товушини ўчиради.

Душманлар шиддатли тўлқинлардай ўкиради,

Қулоқ тешгудек қилиб бақиради.

56Қирғин келтирувчи Бобилга қарши чиқади,

Сипоҳларини асирликка олади.

Камонларини синдиради.

Ахир, Эгамиз жазолайдиган Худодир,

У роса Бобилнинг жазосини беради.

57Худо Шоҳдир,

Сарвари Оламдир Унинг номи.

У шундай демоқда:

“Маст қиламан Бобил амалдорларию донишмандларини,

Ҳокимларини, аъёнларию жангчиларини.

Улар абадий уйқуга кетадилар,

Ҳеч қачон уйғонмайдилар.”

58Сарвари Олам шундай демоқда:

“Бобилнинг қалин деворлари ер билан яксон қилинади,

Баланд дарвозалари ёндириб ташланади.

Эллар беҳуда тинкасини қуритади.

Халқларнинг тер тўкиб эришганлари оловга ем бўлади.”

 

Еремиёнинг башорати Бобилда овоза қилинади

 

59Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳукмронлигининг тўртинчи йили. Шоҳ Зидқиё Бобилга бормоқчи бўлиб йўлга отланганда, Еремиё пайғамбар Нериёнинг ўғли, Махсиёнинг невараси Сараёга кўрсатмалар берди. Сараё бу сафарда жавобгар бир шахс эди. 60Еремиё ўрама қоғозга Бобилнинг бошига тушадиган барча кулфатларни батафсил баён қилиб ёздирган эди. 61У Сараёга шундай тайинлади: “Бобилга борганингдан кейин, ўрама қоғоздаги ҳамма сўзларни халққа баланд овозда ўқиб бер. 62Кейин эса шундай хитоб қил: “Эй Эгам, Сен Ўзинг бу жойни вайрон қиламан, дегансан. Бу ерда на одамлар, на ҳайвонлар яшайди, бу жой то абад ташландиқ бўлади, деб айтгансан.” 63Ўрама қоғозни ўқиб бўлганингдан кейин, унга бир тош боғлагин–да, Фурот дарёсининг ўртасига улоқтириб юбор. 64Кейин шундай деб айт: “Бобил ҳам шунга ўхшаб чўкиб кетади. Эгамиз Бобилга ёғдирадиган кулфатлар туфайли Бобил ҳеч қачон ўнгланмайди. Унинг бутун аҳолиси ўлади.”

Еремиёнинг башоратлари тугади.

 

52–БОБ - ЕРЕМИЁ

 

Қуддус қулайди

 

1Зидқиё йигирма бир ёшида шоҳ бўлди ва Қуддусда ўн бир йил ҳукмдорлик қилди. Онасининг исми Хамутал бўлиб, Либналик Еремиёнинг қизи эди. 2Зидқиё ҳам, Ёҳайиқим каби, Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилгани учун 3Эгамиз Қуддус ва Яҳудо халқидан ғоят ғазабланган, оқибатда уларни Ўз ҳузуридан қувиб юборган эди.

Зидқиё Бобил шоҳига қарши исён кўтарди. 4Зидқиё ҳукмронлигининг тўққизинчи йили, ўнинчи ойнинг ўнинчи кунида Бобил шоҳи Навухадназар Қуддусга қарши бор лашкарини тортиб келиб, шаҳарни қамал қилди. Шаҳар девори атрофида баланд қурилмалар ясатди. 5Шоҳ Зидқиё ҳукмронлигининг ўн биринчи йилигача шаҳар қамалда қолди. 6Тўртинчи ойнинг тўққизинчи куни шаҳарда очарчилик шу қадар кучайдики, халқ бир луқма нон тополмай қолди. 7Бобилликлар Қуддус деворини ёриб кирдилар. Улар Қуддусни ҳар томондан қуршаб олишган бўлсалар–да, Яҳудо сипоҳлари шоҳ билан бирга қочиб кетдилар. Улар тунда саройнинг боғи яқинидаги икки девор орасидаги дарвозадан чиқиб, Иордан водийси томонга қочдилар. 8Аммо Бобил сипоҳлари шоҳнинг орқасидан қувиб, Ерихо текислигида Зидқиёга етиб олдилар. Зидқиёнинг ҳамма лашкарлари шоҳни ташлаб қочиб кетдилар. 9Бобил сипоҳлари шоҳ Зидқиёни ушлаб, Хомат юртидаги Ривло шаҳрига, Бобил шоҳи ҳузурига олиб келдилар. Бобил шоҳи Зидқиёни ўша ерда ҳукм қилди. 10Ривлода Зидқиёнинг кўзи олдида ҳамма ўғилларини, сўнг Яҳудо аъёнларини қатл қилди. 11Зидқиёнинг эса кўзларини ўйиб, уни кишанлаб қўйди. Бобил шоҳи уни ўзи билан Бобилга олиб кетди. Зидқиё умрининг охиригача зиндонда ётди.

 

Маъбад вайрон бўлади

 

12Бобил шоҳи Навухадназар ҳукмронлигининг ўн тўққизинчи йили, бешинчи ойининг ўнинчи кунида Бобил шоҳи хизматидаги қўриқчилар сардори Набизарадон Қуддусга кирди. 13У Эгамизнинг уйига, шоҳ саройига, Қуддусдаги ҳамма уйларга, ҳар бир ҳашаматли иморатга ўт қўйди. 14Қўриқчилар сардори бошчилигида ҳамма Бобил лашкарлари Қуддус деворларини йиқитдилар. 15Набизарадон баъзи қашшоқларни, шаҳарда тирик қолганларни, Бобил шоҳи томонга ўтган қочоқлару қолган–қутган ҳунармандларни асир қилиб олиб кетди. 16Узумчилик ва деҳқончилик билан машғул бўлсинлар, дея ҳеч вақоси йўқ, қашшоқ одамлардан баъзиларинигина қолдирди, холос.

17Бобилликлар Эгамизнинг уйидаги бронза устунларни, араваларни, бронза ҳовузни парчаладилар, ҳамма бронзани Бобилга олиб кетдилар. 18Эгамизнинг уйида хизмат пайтида ишлатиладиган буюмларни — қозонларни, куракларни, қайчиларни, тоғорачалар ва куракчаларни, барча бронза ашёларни ҳам олиб кетдилар. 19Қўриқчилар сардори Набизарадон олтин ва кумушдан ясалган тоғораларни, оловкуракларни, тоғорачаларни, товоқларни, чироқпояларни, куракчаларни ва шароб назри учун ишлатиладиган идишларни ҳам олиб кетди. 20Эгамизнинг уйи учун шоҳ Сулаймон ясаттирган иккита устунга, ҳовузга, ҳовуз остидаги ўн иккита буқага ва араваларга беҳисоб бронза сарф қилинган эди. 21Ҳар бир устуннинг баландлиги 18 тирсак, тевараги 12 тирсак эди. Устунларнинг ичи кaвак бўлиб, деворларининг қалинлиги тўрт энли эди. 22Иккала устуннинг тепасида биттадан устунқош бор эди. Устунқошларнинг баландлиги 5 тирсакдан, атрофлари бронзадан ясалган тўрсимон безак ва анор тасвири билан безатилган эди. 23Устунқошнинг ҳар бир томонига тўқсон олтита анор тасвири туширилган эди. Ҳаммаси бўлиб тўрсимон безакдаги анорлар сони юзта эди.

 

Яҳудо халқи Бобилга сургун қилинади

 

24Қўриқчилар сардори Набизарадон олий руҳоний Сараёни, ундан кейинги руҳоний Зафаниёни ва учта дарвозабонни ҳам асирга олди. 25Қуддусда қолган сипоҳларнинг лашкарбошисини, шоҳнинг еттита шахсий маслаҳатчисини, халқни лашкар сафига ёзган лашкарбошининг котибини ва халқдан шаҳарда қолган олтмиш кишини ҳам банди қилди. 26Уларнинг ҳаммасини Ривлога, Бобил шоҳи ҳузурига олиб келди. 27Бобил шоҳи уларни Хомат юртида, Ривлода қатл қилди. Шундай қилиб, Яҳудо халқи ўзларининг юртидан сургун қилиндилар.

28Навухадназар сургун қилган халқнинг миқдори қуйидагичадир:

Ҳукмронлигининг еттинчи йили 3.023 нафар яҳудийни, 29ўн саккизинчи йили Қуддус аҳолисидан 832 нафар кишини, 30йигирма учинчи йили қўриқчилар сардори Набизарадон Яҳудодан 745 нафар кишини сургун қилди. Ҳаммаси бўлиб сургун қилинган халқнинг миқдори 4.600 киши эди.

31Яҳудо шоҳи Ёҳайихин сургунда юрганига ўттиз етти йил бўлганда, Эвилмардух Бобил шоҳи бўлди. Эвилмардух ўша йилнинг ўн иккинчи ойи йигирма бешинчи куни Яҳудо шоҳи Ёҳайихинга илтифот кўрсатиб, уни зиндондан олиб чиқди. 32Унга яхши муносабатда бўлди, Бобилга сургун қилинган бошқа шоҳлардан кўра баландроқ мартаба берди. 33Шундай қилиб, Ёҳайихин зиндон кийимларини ечди. Умр бўйи доимо Бобил шоҳининг дастурхонидан таом еди. 34Умрининг охиригача Бобил шоҳи тарафидан кундалик эҳтиёжи ҳар доим қондирилди.

 




Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ


Injil Uzbek tili: Yangi Ahd. Latin online
 Matto | Mark | Luqo | Yuhanno | Havoriylar | Yoqub | 1 Butrus | 2 Butrus | Yuhannoning 1chi | Yuhannoning 2chi | Yuhannoning 3chi | Yahudoning | Rimliklarga | Korinfliklarga 1chi | Korinfliklarga 2chi | Galatiyaliklarga | Efesliklarga | Filippiliklarga | Kolosaliklarga | Salonikaliklarga 1chi | Salonikaliklarga 2chi | Timo‘tiyga 1chi | Timo‘tiyga 2chi | Titusga | Filimo‘nga | Ibroniylarga | Vahiy  
Injil Uzbek tili: Eski Ahd. Latin online
IBTIDO | ZABUR

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак

Kitoblar - Kutubxona  |  Simfoniya  |  Guvohliklar  |  Musiqa mp3  |  VIDEO  |  UzLatin.com   |  Telegram kanal @kitoblar_elektron_uz


Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musiqasi


(skachat Hamdu-Sano-Xudoga.pdf 2 mb)
Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika
(skachat Hamdu-Sanolar_Imon-yuli.pdf 1 mb)
Online Yangi o'zbek MP3. Ayni damda musiqa javonida 3gb. guruh. Ҳамду санолар
++ KANAL MP3 https://t.me/uzbekmusika ++


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак
Uzbek tilida Muqaddas Kitob Injil skachat - Audio mp3, Download (.zip 624mb)



Yaxshi audio kitoblarni O`zbek tilidagi

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

O'zbek tilidagi Kinolar

Uzbek tilidagi Kinolar

KitoBook.com