Shoshma-shosharliksiz hayot (Alan Fadling) 4 bob

Алан Фадлинг.  Шошма-Шошарликсиз Ҳаёт - (4-боб) Узбек тилида     

Shoshma-shosharliksiz hayot (Alan Fadling) Audiokitob Uzbek tilida.Книга на Узбекском языке

                         

Мундарижа 

КИРИШ

1 БОБ. БЕТАРТИБ ҲАЁТ

2 БОБ. ШОШМАЙДИГАН ШОГИРД

3 БОБ. САМАРАДОРЛИК: ШОШИЛМАСЛИК – ДАНГАСАЛИК ДЕГАНИ ЭМАС

4 БОБ. ВАСВАСАГА ШОШМАСДАН ҚАРШИ ТУРИШ

5 БОБ. ШОШМАЙДИГАН СЕВГИ

6 БОБ. ШОШМА-ШОШАРЛИКСИЗ ИБОДАТ

7 БОБ. ХОТИРЖАМЛИК: ЯРАТИШ СУРЪАТИ

8 БОБ. АЗОБЛАР: ШОШМАСЛИК ЗАРУРАТИ

9 БОБ. КОМИЛЛИК: КОМИЛЛИК ВАҚТ ТАЛАБ ЭТАДИ

10 БОБ. ШОШМА-ШОШАРЛИКСИЗ ҲАЁТНИНГ РУҲИЙ АМАЛИЁТИ

11 БОБ. АБАДИЙ ҲАЁТ


4 БОБ. ВАСВАСАГА  ШОШМАСДАН  ҚАРШИ ТУРИШ

Марк – йирик бир компания раҳбари. У атрофдаги инсонларда яхши таассурот қолдиришни қойил қилади. У хонага кирганида ҳамманинг эътиборини ўзига тортади, худди буйруққа итоат қилгандек, ҳамма унга қарайди. Жамиятдаги мавқеи ва таъсирли ривожланиши сабабли унга эътибор бермасликнинг иложи йўқ. Умуман олганда, Марк “ботқоқдан подшоҳликга”ча кўтарилди, унга қараб туриб, бошлаган ҳар қандай ишида муваффақиятга эришади, деган таассурот уйғонади кишида.

Боб – Маркнинг энг ишончли ва тажрибали маслаҳатчиси: у бирон марта ҳам дўстига панд бермаган. Кўп йиллардан бери Боб Марк раҳбарлик қилаётган компаниянинг бошқарув эъзоси бўлибгина қолмай, Маркнинг руҳий устози ҳамдир. Марк Боб берган маслаҳатларнинг биронтаси омадсиз бўлганини эслай олмайди. Бизнесменлар орасида Боб ҳақиқий ишбилармон доҳий ҳисобланади, Марк эса ўз жамоасида шундай қимматли ўйинчи борлигидан мамнун. Улар деярли талабалик давридан таниш бўлиб, Марк ўз дўстига бутунлай ишонади. Уларнинг дўстлиги худди ота ва ўғил ўртасидаги муносабатга ўхшайди, тўғри, сўнгги пайтларда уларнинг дўстлиги жиддий синовларга дуч келди.

Маркнинг компанияси ўз тарихидаги энг катта шартномани имзолашга тайёр, лекин уларнинг ортида улардан ҳам кучлироқ йирик компания турибди. Бундай масъулиятли вазиятда имзоланиши лозим бўлган шартноманинг ҳар битта майда тафсилотигача танишиб чиқиш керак. Қўйилган биргина ножўя қадам ҳам компанияни хавфга қўйиши мумкинлиги сабаб, хато қилиш мумкин эмас. Хуллас, ўртага Маркнинг компанияси тикилган эди.

Вазиятнинг ҳар томонлама жиддийлигини англаган Боб шартноманинг алоҳида бандларини ҳуқуқий томондан яхшилаб ўрганиб чиқиш лозимлигини Маркка айтди. Бобнинг бир қатор шубҳалари бор эди ва Маркка роппа-роса бир ҳафтадан кейин у билан алоқага чиқмагунча ҳеч нарса қилмасликни тайинлади. Текширувлар тугамагунича Марк ҳеч қандай қарор чиқармаслиги ва ҳеч қандай ҳужжатга имзо чекмаслиги керак эди. “Буни менга қўйиб бер”, - деди Боб, Марк ҳам истамайгина рози бўлди. Ахир, Боб бошлиқ, қарор қабул қилиш ҳам унинг ихтиёрида, фақат қадрдон дўстининг маслаҳатигина уни тўхтатиб турарди.

Кун ўтгани сайин Марк янада кўпроқ асабийлаша бошлади. Йирик компания уни ташвишга солар ва муҳим шартномани бекор қилиш билан таҳдид қиларди. Марк телефон орқали Боб билан боғланишга ҳаракат қилар, лекин Боб қўнғироққа жавоб бермасди. У ҳатто СМСга ҳам, овозли хабарга ҳам, электрон почтага ҳам жавоб қайтармасди, худди сувга тушган тошдек жим эди. Марк эса ўзини қўйгани жой топа олмас, идорадагиларнинг барчаси худди кишанлангандек юрар эди. Ҳафта охирлаб қолса ҳам Бобдан ҳеч қандай хабар йўқ эди. Маркнинг эса жаҳли чиққан. Унинг назарида битим хавф остида эди. Энди ортиқ сусткашлик қилиш мумкин эмас. Боб жуда узоқ вақт қолиб кетди. У нималарни аниқлашининг аҳамияти йўқ. Агар рақобатчи компания битимни имзолашга яқин турган бўлса, унинг ҳаракатлари беҳуда.

Шунинг учун шартомадан маҳрум бўлишдан чўчиб, Марк бир-иккита қўнғироқ қилганидан сўнг битимни имзолади. Ташвиш ортда қолди, Марк ғалабани нишонлади, бироқ сўзида турмаган дўстидан хафа бўлди. Ниҳоят, у Бобга ўзининг ажойиб ғалабаси ҳақида айтишни сабрсизлик билан кутаётган эди. Марк битим имзоланганини тасдиқлаш учун навбатдаги қўнғироқни амалга ошириб, гўшакни қўйган лаҳзада, унинг хонасига Боб кириб келади:

- Дўстим, сен барча тафсилотларни яхшилаб ўрганиш учун кетган вақтга ачинмайсан. Битим, биз ўйлагандек фойдали эмас. Мен диққат билан текшириб чиққанимда, унда ўта ножўяликларни топдим. Бу битим минага ўхшайди ва уни имзолаган ҳар қандай инсон қаттиқ пушаймон бўлади. Бу шубҳали иш. Ундан воз кечиш керак, дарҳол!

Маркнинг қиёфаси ўзгарганини кўриб, Боб нима бўлганини сўради.

- Мен аллақачон барчаси билан келишиб қўйдим. Битим бузилай деб турганди, бизга рақобатчи бўлган компания уларга фойдалироқ таклиф билан чиқишган, яна бироз кечиктирсак, шартномани улар қўлга киритишар эди. Шу сабабдан мен қўнғироқ қилиб, шартнома имзоланганини тасдиқладим.

Боб қичқириб юборди:

- Нима ҳақида ўйладинг? Лоақал ўйлаб кўрдингми ўзи? Бутун компанияни хавф остига қўйдинг-ку! Бу битимнинг бефойда экани маълум бўлгач, барча акцияларимизнинг нархи қадрсизланиб кетади. Марк, директорлар кенгаши бошингни талаб қилади. Сенинг қўшиғинг куйлаб бўлинди.

ШОУЛ ВА ШОМУИЛ

Бу вазият Эски Аҳддаги шоҳ Шоул ва унинг маслаҳатчиси Шомуил ҳақидаги воқеани эсга солади. Шоул – Исроил халқига хизмат қилувчи шоҳ, Шомуил эса Худонинг пайғамбари бўлиб, Шоулнинг доно ва ишончли маслаҳатчиси эди. Шомуил Шоулдан у қайтиб келиб, Исроил халқини ҳимоя қилиши учун Худога куйдирилган қурбонлик келтиргунича кутиб туришини тайинлайди (қаранг: 1 Шоҳлик 13:8). Чиндан ҳам Шоул етти кун кутади, лекин олдинда турган хавф ҳамда қўшиннинг талвасага тушганини кўриб, пайғамбарни кутмасдан, Худога қурбонлик қилади. Шоҳ қурбонликни қилиб бўлиши билан Шомуил келиб қолади. Шомуил аввалдан келишилгандек, роппа-роса бир ҳафтада қайтиб келган эди. Худонинг пайғамбари ўз сўзида туришига ишониш ҳамда Худога таяниш ўрнига Шоул фавқулодда қарор чиқарди. Шошқалоқлик билан чиқарилган бу қарор унинг тахтдан қулашига – шошқалоқлик учун жуда қиммат нарх тўлашига сабаб бўлди. Муқаддас Битикларда шошқалоқлик қилган, Худонинг режасига эътиборсиз бўлган ёки Худо ваъда қилганларни тезроқ олиш умидида бошқа йўлни танлаганлар ҳақида кўплаб фожиали воқелар баён этилган.

Шошқалоқлик билан чиқарилган қарорлар қимматга тушиши мумкин, лекин Шоулнинг ҳолатида у ниҳоятда қимматга тушди. Бироқ шошилмаслик бундан ҳам қийин. Замонавий жамиятда етакчиларнинг тез қарор чиқариши, тўлиқ иш жадвали ҳамда режалаштирилган ишларнинг кўплиги ҳурматга сазовор ҳисобланади. Ўта даражада бандлик ўзига хос юқори мавқе рамзи бўлиши мумкин. Лекин юқорида берилганларнинг биронтаси ҳам Раббимизнинг ердаги ҳаёт тарзига мос келмайди.

Ҳеч бўлмаса, Лазарнинг аҳволи ҳақида хабар топганидан кейин Исо қандай йўл тутганини ёдга олайлик. Яқин дўсти ҳаста эканини эшитиб, унинг ҳузурига “шошилиш” ўрнига, Исо яна икки кун кутди. Сиз қандай ўйлайсиз билмадим-у, лекин буни шошилиш деб бўлмайди. Яирнинг ўлим тўшагида ётгани қизининг ҳузурига Исо шунчалик “шошилдики”, йўл-йўлакай қон кетишдан қийналаётган аёлни ҳам шифолашга улгурди. Исо ғайратли ва фаол, шу билан бирга хотиржам ва шошилмас эди.

Берган ваъдасини бажариш ва Ибромга ўғил ато қилишдан аввал йигирма беш йил кутган Худони шошқалоқликда айблаш мумкинми? Йўқ, Ибром билан Сорай Ўз ваъдасини бажариши учун Худога “ёрдам” бериш мақсадида шошқалоқлик қилиб, ўша даврнинг маданий анъанаси бўйича Ҳожарнинг ёрдамида Исмоилни дунёга келтиришди. Назарида бир кун минг йилдек бўлган Худо учун шошишнинг нима кераги бор? (қаранг: 2Бутрус 3:8)

Шошқалоқлик – кучли васваса. Шошқалоқлик жаҳл билан, ўйламасдан ҳаракат қиладиган инсоний реакцияни намоён қилади: “Мен қаттиқ ҳаракат қилишим керак, акс ҳолда имкониятни қўлдан бой бераман!” Шошқалоқлик – агар дарҳол ушлаб қолинмаса, исталган имконият бир умрга қўлдан кетади, деган ёлғон фикр билан бизни алдайди. Исо Иордан дарёсида сувга чўмганидан кейин Муқаддас Руҳ Уни саҳрога олиб боргани ва Исонинг иблис билан учрашгани васвасага оид шошқалоқ ҳамда бу васвасага солиҳлик билан қарши туришни акс эттиради. Исо ёвуз шайтоннинг барча васвасаларига моҳирлик билан жавоб қайтаради.

МУҚАДДАС РУҲНИНГ БОШҚАРУВИ

“Осмондан эса: “Сен Менинг севикли Ўғлимсан, Сендан ниҳоятда мамнунман”, деган овоз келди!”, Руҳ Исони “саҳрога бошлаб кетди” (Луқо 3:22; 4:1). Саҳрода эса васваса қилувчи иблис Худонинг сўзларини саволга айлантирмоқда. Худо нуқта қўйган (ёки ундов белгисини қўйган жойларга ҳам) васваса қилувчи иблис сўроқ белгисини қўяди. У Худонинг ўзгармас ваъдаларига агар деган сўзни қўшади. У Худонинг инъомларини Худони алдаш йўли билан эришиш мумкин бўлган мукофотга айлантиришга уринади. Арча остига қўйилган янги йил совғалари устига унинг нархи ёпиштирилганини кимдир кўрганми?

Муқаддас Руҳ Исони саҳрога олиб боради ва у ерда қирқ кун давомида “иблис Уни синовдан ўтказади”. Худди Исога ўхшаб, сиз ҳам хизматга киришишдан аввал ўттиз йил кутишингизни тасаввур қилинг. Хизматингизнинг бошланишини шундай тасаввур қилган бўлармидингиз? Бу ерда ҳам Худонинг йўллари бизниинг йўлларимиз эканини кўрсак бўлади. Биз ҳам ўз йўлларимизни тиқиштирмасдан, Исонинг йўлларидан юришни ўрганишимиз керак. Ҳа, ўттиз йил кутганига қарамасдан, хизматни бошлашдан аввал Исо яна қирқ кунга саҳрога кетди. Бу ҳам Унинг ҳеч қаёққа шошилмаганини яна бир бор исботлайди.

Муқаддас Руҳнинг бошқаруви ҳақида ўйлаганда қайси биримиз саҳрода бўлиб қолишни орзу қиламиз? Менимча, ҳеч ким. Одатда, биз марҳаматли, осойишта ва қулай шароитда бўлишга умид қилган ҳолда бутунлай бошқа йўналишни кутамиз. Лекин Муқаддас Руҳ Исони оғир синовлар, қийинчилик ва ноқулайлик томон етаклади. Қирқ кунлик бундай “марҳамат” бир кундек ўтиб кетмайди. Бундай вақт жуда секин ўтади ва шошмаслик ҳар доим ҳам бизга кўзни қамаштирувчи бахтни ваъда қилмаслигини тушунамиз.

Бу қирқ кунлик рўза давомида Исо “иблиснинг синовидан ўтганини” биламиз. Ўйлайманки, бу васвасани иблиснинг Исони шошилтиришга қилган ҳаракати деб ҳисоблаш мумкин. Иблис Исони У муҳтож бўлган нарсани олишга ва бажариши лозим бўлган ишни Худонинг иродасисиз бажаришга ундайди: “Қани бўл! Ўзингга керак бўлган нарсани ол! Худо Сенга топширган ишни қил! Қани олға! Нимани кутяпсан?” Лекин Исо шошқалоқлик васвасасига қарши турди. Қандай ажойиб! Биз учун нақадар ғаройиб намуна!

Исо саҳрода бўлган вақтда рўза тутиши Унинг шошилмаслик хусусиятини қийинлаштирган холос. Ҳар гал рўза тутганимда (аслида ҳеч қачон қирқ кунлик рўза тутмаганман) секинроқ ҳаракат қилишга мажбур бўламан: овқат емаганим учун жисмоний имкониятларим сустлашади. Тезликнинг бундай сустлашиши танам калорияга тўлиб-тошган одатий ҳолдагига қараганда кўпроқ руҳий ҳақиқатга диққат қилишимга ёрдам берган.

Васвасага қарши энг катта курашимиз ёлғиз қолганимизда муҳтожлик ёки очликни ҳис қилганимизда содир бўлишини ҳайрон қоладиган жойи йўқ! Исонинг тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳатто жисмоний ҳолати яхши бўлмаса ҳам У васвасага қарши туришга қодир. Исо кимга хизмат қилиши, кимга сажда қилиши, кимга Ўз ҳаётини бағишлаши ва кимдан қочиши кераклиги яхши биларди. Шундай бўлса ҳам, биз кўпинча катта қийинчилик билан тўғри танлов қиламиз. Бундай ҳолларда, Худонинг Руҳи бизни саҳрога етаклаганида нима учун худди Худо бизни ташлаб қўйгандек туюлишини яхши биламиз. Аслида бундай вазиятларда биз Худо билан янада яқинроқ бўламиз ва Унинг овозини эшитиш орқали биз Унинг қудратига тўлиқ тобе эканимизни англаймиз.

Кимдир Одам Ато дуч келган васвасани Исо дуч келган васваса билан таққослашга уринган: Одам Ато қирқ кун рўза тутмаган бўлса ҳам васвасага енгилди, қирқ кун рўза тутган Исо эса иблисга қарши тура олди. Одам Ато жаннат боғида васвасага йўлиқди, Исо эса жазирама саҳрода. Одам Ато боғдаги битта дарахтнинг мевасидан бошқа ҳар қандай мевалар билан қорнини тўйғазиши мумкин эди, Исода эса ҳеч қандай имконият йўқ эди. Иблис жисмонан ҳолдан тойган Исонинг олдига келди, лекин Исо оғир аҳволда бўлса ҳам унга қарши турди.

Иблис Исода Отанинг севгисига нисбатан шубҳа уйғотиш ва шошилинч қарор чиқариш учун уч маротаба ҳаракат қилди. Исонинг унга берган жавоблари душманнинг ёлғон ваъдаларига қандай қарши туриш ва қандай қилиб Худонинг ҳақиқатига содиқ қолиш учун ибратли намунадир.

БИРИНЧИ ВАСВАСА: ИСТАГАНИНГНИ ОЛ

Шунда иблис Исога деди: Агар Сен Худониинг Ўғли бўлсанг, бу тошга буюр, нонга айлансин! Исо унга шундай жавоб берди: Инсон фақат нон билан яшамайди, балки Худонинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан яшайди.

Луқо 4:3-4

Иблис ҳар бир васвасаси билан Исонинг қалбига Унинг ким экани ва нимага даъват қилинганига шубҳа уруғларини экишга уринган. Худонинг ўзгармас ваъдаларига иблис “агар” деган сўзни қўшимча қилишни ёқтиради. Худо бизнинг қалбимиз тинчлик ва хотиржамликда бўлишини истаган бир пайтда иблис қалбимизга шубҳа ва ишончсизлик экишга уринади. Биз кутишимиз лозим бўлган пайтда иблис бизни қочишга ундайди.

Иблис:

- Исо Сен очсан. Ҳозироқ бу тошни нонга айлантир!

Исо:

- Нон – бу Мен муҳтож бўлган нарса эмас. Мен ўз вақтида Менинг эҳтиёжларим ҳақида қайғурадиган Отага ишонишни афзал кўраман.

Иблис Исога барча эҳтиёжлари учун Ўзи қайғуришини ва Отани кутмасдан Ўзи истаганидек ҳаракат қилишни таклиф қиляпти. Худди шу йўл билан у сиз билан бизни ҳам васвасавга солади.

Илоҳиётшунос Косукэ Кояма ўзининг “Three Mile an hour God” китобида Исо қирқ кун рўза тутишидан юзлаб йиллар олдин Иброҳимнинг авлодлари қирқ йил саҳрода саргардон юришларининг сабаби улар “инсон фақат нон билан яшамайди” деган сабоқни ўзлаштиришлари қанчалик муҳим бўлгани ҳақида гапиради. Исроил халқи мана шу биргина сабоқни ўзлаштиришлари учун улар Канъон юртига киришларидан аввал Худо уларга қирқ йил вақт сарфлади. Биргина сабоқ учун қирқ йил вақт сарфланганига эътибор беринг! Худо қанчалик сабр қилган ва шошилмаган!” Бизни шошилишга ундайдиган васваса Худонинг сабр-тоқат ҳамда ишонч ҳақидаги сабоғини ўзлаштиришимизга халақит беради. Зотан, Худо ҳеч қачон шошилмайди, чунки Унинг мақсади сифатли иш қилишдир.

Лекин иблис Адан боғида Худо Одам Ато ва Момо Ҳавонинг эҳтиёжини қондиришга шошмаётганига, улардан муҳим бир нарсани яшираётганига ва уларнинг ўзлари ўша нарсани олишлари кераклигига шаъма қилган. Бундай ўғирлик шошқалоқлик билан чиқарилган қарор эди. Васвасага тушиб, Одам Ато билан Момо Ҳаво Худо билан муносабатни бузди. Худодек бўлиш имкониятини қўлдан бермасликка уриниш оқибатида улар Худо билан ҳақиқий ва яқин муносабатдан маҳрум бўлишди. Улар ўзлари учун ғаройиб кўринган нарсага эга бўлиш учун Отадан мустақил бўлиш васвасасига тушдилар. Иблиснинг васвасасига енгилиб, уларни барча керакли нарсалар билан таъминлашни ваъда қилган Худога ишонмасликларини кўрсатдилар. Янги найранг ўйлаб топиш билан ўзини уринтирмаган иблис Исони ҳам худди шундай найранг билан васвасага солган. (Сўнгги икки минг йилда иблиснинг ишончли усуллари ўзининг самарали таъсирга эга эканлигини кўрсатганини тан олишимиз керак.)

Такрор айтаман, шошқалоқлик - жаҳл билан, ўйламасдан ҳаракат қиладиган инсоний реакциядир, масалан: “Тезроқ ҳаракат қилиш керак, чунки бошқа бундай имконият бўлмаслиги мумкин”. Васваса ҳаракат қилиш истаги билан ҳаракатнинг ўзи ўртасидаги масофани қисқартиришга уринади. (Турли нарсаларга тобе бўлган инсон учун бу масофа деярли мавжуд эмас.) Бироқ донолик эса аксинча, бизнинг ният ва мақсадларимиз Худонинг Руҳидан ёки бошқа манбаадан келганини таҳлил қилишга ундайди.

Бундан ташқари, “фақат нон” ҳақидаги сабоқ шуни кўрсатадики, шошқалоқлик – одатда, инсоннинг ўзига берадиган баҳоси унинг моддий аҳволига боғлиқ эканини кўрсатади. Бизнинг назаримизда моддий аҳволимиз қанчалик яхши бўлса, биз шунчалик аҳамиятлимиз. “Британиялик воиз Морган Кэмпбелл масиҳийларни шошилтириш – иблиснинг иккинчи ҳийласи эканини айтган. Иблиснинг биринчи ва инкор қилиб бўлмас ҳийласи – материализм бўлиб, ғарб олами жуда узоқ йиллардан бери бу ҳийла исканжасида қолган. Моддий фаровонлик ҳамда аҳмоқона бандлик кўзларимизни кўр қилиб қўйгани учун биз руҳий кураш олиб бораётганимизни унутиб қўйдик». Биз иложи борича кўпроқ пул топиш ва аслида кераксиз бўлган нарсаларни кўпроқ сотиб олиш учун тиним билмай меҳнат қиламиз. Айлана бўйлаб бундай югуриш фақат ҳаёт тарзимизни тезлаштиряпти, холос. Бошқача айтганда, васваса бизни қуйидаги нотўғри тенгламанинг асирига айлантиряпти: кўп нарсаларга эга бўлиш + кўпроқ сарфлаш = яхши ҳаёт. Бу васвасага берилиб, биз ўта даражада банд бўлиш тузоғига тушиб қоламиз ва буни ўзимиз англаб етмаймиз. Эҳтимол, бошқа бир таққослаш усули ўз ҳаётимизга диққат билан қарашимизга ёрдам берар.

Ҳаммамизга яхши таниш бўлган Мавлуд байрамини (яъни Янги йилни) ёдга олайлик: болалар меҳмонхонага югуриб киришиб, арча остига қўйилган совғаларни талашиб-тортишиб олишади ва ота-оналарига раҳмат айтишни ҳам унутиб, совғаларни шу ернинг ўзида очишади. Раҳмат айтиш қанчалик ёқимли эканини улар билишмайди. Улар олган совғаларидан қувониш ҳиссини йўқотишган. Миннатдорчилик – моддий нарсаларга берилиш орқали биз йўқотиб бораётган сифатдир. Материализм миннатдорчиликни Худонинг ёрдами билан эришилган барча ютуқ ва муваффақиятларни англаб етишга халал берадиган кераксиз нарса деб ҳисоблайди.

Биз Исодан ўрнак олиб, бундай васвасаларга қарши туришимиз керак. Ва албатта, ҳаёт мазмуни овқатдан (уй-жой, кийим-кечак ва бошқа моддий нарсалардан) иборат эмаслигини ёдда тутишимиз лозим. Ҳаёт – биз абадийликда бўлишни ўрганадиган мактабдир. Инсон Худонинг таъминотини, мададини ва ҳимоясини миннатдорчилик билан қабул қилгандагина ҳаётдан қувона олади. Лекин васваса бизни Худога ишониш вақтни беҳуда ўтказиш эканига ишонтиришга уринади.

Ўтган асрда инглиз бенедикт-аббати Ширли Картер Хьюсон шундай деган эди: «Ҳаётимизнинг ҳар онини Худонинг хизматига бағишлашга ҳаракат қилганимизда, имонсизлар айтганидек, кутиш ёки ҳеч нима қилмаслик ҳам худди ибодатга ёки солиҳ меҳнатга бағишланган вақтдек Худо учун қурбонлик ҳисобланади. Ҳатто пуритан  Мильтон ҳам «шунчаки тайёр ҳолда кутиб турган инсон ҳам хизмат қилаётган» бўлишини англаб етган. Иблис сизни шошилтиришига йўл қўйманг».

ИККИНЧИ ВАСВАСА: ҲУКМРОНЛИК ҚИЛ!

Сўнг Исони иблис тепаликка олиб чиқиб, бир лаҳзада Унга оламнинг барча шоҳликларини кўрсатди. У Исога деди: Сени ана шу шоҳликлар устидан ҳукмрон қиламан, уларнинг шон-шуҳратини Сенга бераман. Буларнинг ҳаммаси менга берилган, мен эса истаганимга бераман. Менга сажда қил, шунда ҳаммаси Сеники бўлади. Исо жавоб бериб деди: Ёзилганки: «Эганг Худога сажда қил, фақат Унга хизмат қил».

Луқо 4:5-8

Иблис:

- Сен Худо Шоҳлиги яқинлашди, деб айтдинг. Балки шундайдир. Мен эса агар бир мартагина менга сажда қилсанг, бутун дунёнинг шоҳликларини ҳозирнинг ўзидаёқ оёқларинг остига ташлашим мумкин!

Исо:

- Ҳеч қачон. Мен ёлғиз Худога сажда қиламан ва фақат Унга хизмат қиламан. Вақти-соати келганда У Менга Ўз Шоҳлигини намоён қилади ва ҳокимият беради.

Иблис ҳозирнинг ўзида Исога ҳукмронлик қилиш қудратини таклиф қилмоқда. У ваъда бериб, бунинг учун кутишга, азоб чекишга, хочга михланишга ҳожат йўқлигини таъкидламоқда. У бизга ҳам шундай қилишни таклиф қилмоқда! Иблиснинг ҳийласи оддий. Худони ва Унинг режаларини айланиб ўтиш орқали у бизга куч-қудрат ҳамда улуғворлик беришини айтиб, васвасага солади. Куч-қудрат ва ҳукмронлик таклифи бизга жозибадор кўринади. Биз ўзимизни энг яхши томонларимизни кўрсатишни истаймиз, бошқаларнинг олдида юксалишни, бизни ҳурмат қилишларини истаймиз. Лекин буларнинг бари “нурлар Отаси” томонидан бериладиган инъом сифатида “юқоридан келади”, ҳеч ким уларга лойиқ бўла олмайди. Ҳақиқий руҳий қудрат ва улуғворлик ҳар доим инъом қилинади. Шунинг учун Худонинг Ўзи уни ўз вақтида беришини кутмасдан, бу қудратга эга бўлишга уриниш – шайтоний васвасадир. Васваса бизга: “Истаганингни ол”, дейди. Иноятли Худо эса барча руҳий инъомлар Ундан олиниши кераклигини ва Унинг халқи учун хизмат қилиши кераклигини айтади.

Иблис Исони Худонинг даъватини амалга оширишга ва бу дунё устидан ҳукмронлик қилишга ундаяпти, лекин буни қачон ва қай тарзда содир бўлишини биладиган Худога ишонмай, Ўзи мустақил равишда амалга оширишга ундаяпти.

Иблис ўз тузоғини қандай алдамчи хўрак билан безади? У Исога шундай ваъда берди: “Сен ҳозирнинг ўзида бутун дунёга ҳукмронлик қилишинг мумкин”, у ҳақиқатга қарши деярли гуноҳ қилмади, чунки бу дунё иблиснинг ҳукмронлиги остида. Хўракнинг ортида нима яширинган эди, тузоқ нимадан иборат эди? “Менга сажда қил ва бутун дунё устидан ҳукмронликни қўлга кирит”. Ёлғоннинг отаси бўлган иблиснинг барча найрангларида бўлганидек, иблиснинг ёлғонларида қисман бўлса ҳам ҳақиқат мавжуд. Иблис чиндан ҳам бу оламда катта қудратга ва кучли таъсирга эга бўлиши мумкин, лекин у мутлақ ҳукмронлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган. Унинг таклифи – умумий олиб қараганда, очиқчасига ёлғон бўлмаса ҳам шубҳага солишга уринишдир.

Бизни тузоққа тушириш учун иблис қандай хўракдан фойдаланади? “Сиз юзага келган вазиятга катта таъсир кўрсатишингиз ва ҳозирнинг ўзида вазиятни яхши томонга ўзгартиришингиз мумкин”. Хўш, бунинг ортида қандай тузоқ бор? “Шунчаки, Худо сени нимага даъват қилган бўлса, ўшани қил. Буни Худо билан биргаликда қилиш учун кутиш ёки ташвишланишга ҳожат йўқ”.

Отанинг режасига кўра, қайси йўл билан Унинг Ўғли осмонда ҳам ерда ҳам бутун ҳокимиятга эришиши лозим эди? Бу йўл азоб чекиш йўли эди (қаранг: Филип. 2:5-11). Биз, яъни Унинг издошлари бошқа қандайдир йўлга умид қилишга ҳаққимиз борми?

Худонинг улуғворлигини ўзлаштириб олиш васвасасига қандай қарши туриш керак? Бунинг учун Раббимиздан кўз узмаслигимиз, Уни улуғлашимиз, Ўзи белгилаган вақтда Худо бизни улуғворликка етказишига ишонишимиз керак. Мустақил равишда ўз-ўзимизни юксалтиришимиз жисмоний томондан имконсиз, руҳий томондан эса беъманиликдир. Ҳақиқий руҳий таъсир Худо томонидан инъом қилиб берилади, уни ўз кучимиз билан олишнинг имкони йўқ.

УЧИНЧИ ВАСВАСА: ХУДО СЕНГА БЕФАРҚ ЭМАСЛИГИНИ ИСБОТЛА!

Кейин иблис Исони Қуддусга олиб борди. Уни Маъбаднинг энг юқори жойига чиқариб, шундай деди: Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, Ўзингни бу ердан пастга ташла. Ахир, ёзилган-ку: “Худо Сен тўғрингда фаришталарига амр беради, фаришталар Сени қўриқлайди. Оёғинг тошга қоқилиб кетмасин дея, фаришталар қўлларида Сени кўтариб боради”. Исо иблисга жавобан деди: яна ёзилган-ки: “Эганг Худони синама”.

Луқо 4:9-12

Иблис:

- Сен Худонинг Ўғли эканингни исботлашинг учун кутишинг керак эмас. Мўъжиза қил - шу Маъбаднинг томидан пастга сакра, Сени қутқариш учун Худо юборган фаришталар Сенинг илоҳий Зот эканингни бир зумда исботлайдилар.

Исо:

- Нима учун Мен Ўз Отамни синашим керак?

Иблис бизни ўз шуҳратимиз ҳақида ўйлашга ва Худо бизни юксалтиришини кутмасликка ундайди. Иблис Исони учинчи марта васвасага солиб, ғазаблантирадиган савол беради: «Худо чиндан ҳам Сен ҳақингда қайғурадими?» Ва буни рад этиб бўлмайдиган даллилар билан текширишга Исони ишонтиришга уринади.

Иблис Исони томидан сакрашга даъват қилган Қуддусдаги Маъбад Худонинг ҳузури маскан қилган жой эди. Исо Ўзида Иммануэлнинг жисмоний қиёфасини намоён қилди, Иммануэл – “Худо биз билан” деган маънони билдиради, мана шу ҳақиқатнинг тантанаси сифати ҳар йили Мавлуд байрамини нишонлаймиз. Иблис Исони васвасага солиб, Худо Уни севишини ва ўлишига йўл қўймаслигини исботлаш учун Худонинг ҳузури мавжуд бўлган жойда Ўзини хавф остига қўйишга ундайди. Лекин илоҳиётшунос Генри Нувеннинг сўзларига кўра, Исо комиллик билан буни рад қилади.

Биз ҳар доим Худонинг иродасини Унинг режаларига мос равишда бажарамизми? Ўзининг асосий мақсадига эришиш учун бизни Худонинг йўлидан қайтаришга уриниш чоғида иблис Муқаддас Каломдан оятлар келтириши мумкин. Лекин Муқаддас Каломдан оят келтириш – бизнинг хатти-ҳаракатларимизнинг тўғрилигини тасдиқлайдиган сеҳр эмас. Иблиснинг васвасасига қарши туришни истаганлар Масиҳ Худога итоат қилганидек, Худога итоат қилишлари лозим.

Иблис Исони васвасага солиб, Худонинг ҳимояси ишончли эканини текширишга ундайди ва Худо Каломининг тўғрилигини амалда исботлашни таклиф қилади. “Худони Ўз ваъдасини бажаришга мажбур қил”, - дейди иблис. Иблис Худонинг ваъдаларида севги билан мустаҳкамланган муносабатни эмас, балки ҳуқуқий битимни кўришимизни истайди. Худонинг шифо бериш бўйича Муқаддас Каломда берган ваъдаси ҳақида гувоҳлик берган воиз телевизор орқали шундай деган: “Мен Худони Ўз ваъдасини бажаришга ва бу Унга ёқадими, йўқми, мени шифолашга мажбур қилишга қатъий қарор қилдим!” Бундай сўзларни айтиш учун Худони ким деб ўйлаш керак?

Худонинг севгисига шубҳа уйғотувчи ёки Худо билан муносабат қилмасликка ундовчи васвасадан қандай қутулиш мумкин? Бунинг учун Унинг севгисига ишониш лозим, Унинг содиқлигига ишонч ҳосил қилгандан кейин янада кучлироқ ишониш керак. Айни пайтда бошимизга қийинчилик тушса, аввалги қийинчилик вақтида Худо бизга қандай ғамхўрлик қилганини эсласак ва бизнинг кимлигимизни ҳамда нимага муносиб эканимизни Унинг Ўзи ҳал қилишига қўйиб берсак, биз бундан фақат ютамиз.

САБР-ТОҚАТЛИ БЎЛИНГ!

Баъзан барчамизга ҳам гўё Худо айрим ваъдаларини бажаришга кечикаётгандек ёки Унинг бошқарувини сўраб қилган ибодатимизга жавоб беришга шошмаётгандек туюлади. Ҳаётимизда маълум ҳодисалар биз истагандек тезда юз бермайди. Бу ҳолат Худога ёрдам беришимиз кераклигини билдирмайдими? Ёдимда, бир вақтлар кўпгина етакчилар рафиқам иккимизни қўллаб-қувватлаб, Худо бизнинг хизматимизни кенгайтирмоқчи эканини башорат қилишган. Ўша пайтларда биз жуда кичкина жамоатда ёшларга чўпонлик қилардик. Атрофимизда ҳар хил ёшлар бор эди. Ўша пайтларда ҳар хил, деярли нотаниш инсонлар билан гаплашардик, улар ҳам бир-бирларини танимасдилар, лекин бир хил гапларни айтишарди. Бу эса бизнинг қалбимиздан илиқ жой олди. Лекин кейин ойлар, ойлар кетидан йиллар ўтди. Орадан ўн йил ўтиб, ҳар қандай холис гувоҳ ҳам бизнинг атрофдагиларга таъсиримиз нафақат ўсмай қолганини, балки сусайиб кетганини ҳам айтиши мумкин эди. Эҳтимол, биз ниманидир нотўғри эшитгандирмиз? Буларни ўйлаб, шундай хулосага келдим, рафиқам иккимиз бизга башорат қилишган руҳий осмонўпар бино Раббимиз томонидан белгиланган вақтда барпо қилинади, деб ўйлаган эканмиз. Лекин менинг уринишларимсиз ҳам бизнинг хизматимиз олдида янги эшиклар очилиши учун йигирма йил кутишга тўғри келди. Ҳозирда бу хизматни кимдир осмонўпар бино билан таққослайди, деб ўйламайман, лекин бир нарса аниқ-ки, қурилиш ишлари давом этмоқда.

Агар узоқ кутишга тўғри келса, Худонинг ваъдалари амалга ошишига ишониш осон бўлмайди. Саҳрода Исонинг иблис билан қилган суҳбати шуни кўрсатадики, васвасага дуч келганда Муқаддас Калом бизни даъват қилган нарсада қатъий туришни - Худога ишонишни* ўрганишим лозим.

*Инглизча таржимада: Худога мунтазир бўл.

Исо хизматга киришишдан олдин ўттиз йил кутишга ва қирқ кун саҳрода рўза тутишга тайёр эди. Унинг ўрнаги бизни ҳам Отага шундай ишонишга даъват қилади. Исо бизга маълум вазиятларда энг яхши нарса кутиш эканини кўрсатди. Муқаддас Руҳ бизни шундай вазиятга соладики, унда қандайдир ҳаракат қилиш эмас, балки кутиш Худога ишониш бўлади. Ахир, Худодан бошқа ҳеч ким бизда, биз учун ва биз орқали амал қила олмайди. Худо вақтлар ва муддатлар устидан ҳукмронлик қилади, ҳамда мукаммал бўлмаса ҳам буни муваффақиятли даражада уддалайди! Келажакни Худо кўра олганидек кўра олмаганимиз учун биз Унинг у ёки бу ҳаракатини тўғри ёки нотўғри эканлиги ҳақида ҳукм чиқара олмаймиз. Биз ҳатто эртанги кунимизни ҳам кўра олмаймиз, лекин бизни кутиш ўрнига шошилишга ундайдиган вазиятларни жуда яхши биламиз. Лекин шошқалоқлик бизнинг тушунчамизни янада торайтириб, бизни ўзига хос руҳий сўқирга айлантира олади.

Носоғлом шошқалоқлик – бу васвасадир. Буни ҳал қилишда Худо билан муносабатимизни тасвирлайдиган жиҳатлардан бири сифатида Муқаддас Битикларда кўп ишлатиладиган ҳамда биз америкаликларга унчалик ҳам ёқмайдиган, ҳаракатни ифодалайдиган кутиш феъли ёрдам беради. Мана, Муқаддас Битикларда нима деб ёзилган:

Жонимиз Эгамизга мунтазирдир*, У бизнинг мададкоримиз, қалқонимиздир. Биз Муқаддас Худога умид боғлаймиз, У туфайли юрагимиз шодликка тўла. Эй Эгам! Ҳамон Сенга умид боғлаймиз, содиқ севгинг бизга ёр бўлсин.

Забур 32:20-22

*Инглизча таржимада: “Бизнинг қалбимиз Худога мунтазир”.

Умидсизлик бизни ўйламасдан, қўрқув билан ҳаракат қилишга ундаган вақтда солиҳлик билан шошмасдан ҳаракат қилиш умидга тўла қалбимизда амал қилади. Биз кутганимизда Худо ҳақидаги, Унинг содиқлиги ва шартсиз севгиси ҳақидаги тасаввуримиз кучаяди. Шошқалоқлик эса тасаввуримизни хиралаштиради. Машиналар тез юрадиган катта йўлда атрофдаги гўзалликни кўра олмайман. Мунтазам равишда шошиб юрганда ҳам худди шундай бўлади. Бир сафар ёзда дадам ва акам билан Орегон штатида соҳил бўйлаб тўрт юз миль масофани 5 кунда босиб ўтганмиз. Велосипеднинг тезлиги атрофнинг гўзаллигидан баҳраманд бўлиш имконини берган. Автомагистралдаги тезлик йўлдан бошқа нарсани кўришга имкон бермайди. Велосипедда қилган бу саёҳатимиз мени ёрқин таассуротлар билан бойитди ва шошма-шошарликсиз ҳаёт тарзининг катта имтиёзларга эга эканини яна бир бор исботлади.

Сабрли бўл, мунтазир бўл Эгамизга*, ғайирлик қилмагин йўлларини топганларга, фосиқ ниятларин амалга оширганларга. Ғазабдан ўзингни тий, қаҳрдан қайтгин, ич-этингни ема, бу фақатгина зарарга олиб боради.

Забур 36:7, 8

Бошқаларнинг муваффақият қозонаётганини, ўзларининг фосиқ ва бузғунчи ниятларини амалга ошираётганини кўриб, биз ҳам шошилишни истаб қоламиз. Жаҳл билан ҳукм қилишга, ҳатто қасос олишга уринамиз. Ғазаб – қалбнинг шошқалоқлигидир. Шошмайдиган қалб сабр-тоқатда намоён бўлади. Шубҳа – қалбнинг сабрсизлигини кўрсатади. Тинчликка фақат хотиржамлик ва қалбнинг сокинлиги билан эришилади. Агар ич-ичимдан Худо мени ҳимоя қилишига ва менга ғамхўрлик қилишига шубҳа қилсам, шошилишни бошлайман. Ўшанда, бу ишни Худо қилишига ишонмаганим боис ўзимга ўзим ғамхўрлик қилишга шошиламан.

Шунинг учун Эгам кутмоқда, сизларга шафқат кўрсатай деб. Мана У қўзғалмоқда, Ўз меҳрини кўрсатай деб. Ахир, Эгам адолатли Худодир. Унга умид боғлаганлар бахтиёрдир**.

Ишаё 30:18

*Инглизча таржимада “Эгамиз билан хотиржам бўл, сабр билан Уни кут”.

**Инглизча таржимада “…Уни кутган барча бахтиёрдир”.

Мен ишонадиган Худо сахийлигининг чегараси йўқ. Қолаверса, бизга Ўзининг меҳр-шафқатини кўрсатишни истайди. Агар Худонинг мени марҳаматлаши ҳақидаги ҳақиқий истагига кўпроқ ишонганимда эди, муаммоларга ва қийинчиликларга дуч келганимда қўрқувдан титрамас эдим. Агар Худо менга қўлларим билан ушлаб қола оладиганимдан ҳам кўпроғини беришни хоҳлашига ишонсам, нимагадир эришишга ва эгалик қилишга шошилган бўлармидим?

Қалбимда айтаман: “Эгамдир менинг бор-йўғим, шундай экан, ёлғиз Ундадир менинг умидим”. Эгамиз Ўзига умид боғлаганларга яхшилик қилади*, Унга интилган ҳар бир жонга эзгулигини кўрсатади. Эгамизнинг нажотини тоқат ила кутиш яхшидир.

Марсия 3:24-26

*Инглизча таржимада: “Уни кутганларга Эгамиз яхшилик қилади”.

Бу ўринда Еремиё ўзига ўзи мурожаат қилмоқда, менда ҳам ўзи билан ўзи гаплашиш нотўғри эмаслигига ишонч ҳосил қилиш имкони бор эди. Эгам менинг бор-йўғим, ҳар куни идишимни овқат билан тўлдирадиган У эканини ўзимизга эслатиб туриш фойдадан ҳоли бўлмайди. Қалбим ўзини қайсар боладек ёки нодон ўсмирдек тутганида, мен қалбимга гапиришим ва Худо ҳали бирон марта ҳам идишимни овқатсиз қолдирмаганини, барча эҳтиёжларимни қондиришини эслатишим мумкин. Баъзан нима учун ўзимни бундай тутишимни тушунмайман, гўё бу олам – мени “шведча дастурхон” тизимида овқатлантирадиган ресторан-у, бу ресторан ҳозир ёпиладигандек, идишда эса ҳеч нарса қолмагандек ҳис қиламан. Идишимга мен муҳтож бўлган барча нарсаларни Ўзи солиб қўядиган Худога шошмасдан ишонишни ўргансам эди!

Амалда ўз-ўзига бундай гапириб туриш ўз фикрларига диққат қилиш лаёқатини ўз ичига олиши мумкин. Ушбу руҳий амалиёт еттита (ёки саккизта) ҳалокатли фикрларга алоҳида эътибор қаратган саҳро оталарининг кўп асрлик анъаналарига асосланган. Уларнинг асосий ташвишлари гуноҳнинг ўзидан ҳам гуноҳга етакловчи ўй-хаёллар бўлган. Муқаддас Калом мени “Ҳар қандай ўй-хаёлни Масиҳга бўйсундириб, асир қилишга” чақиради (2-Коринфликлар 10:5), лекин агар мен ўз ўй-хаёлларимга қулоқ солишни билмасам, бу маслаҳат бефойда. Агар онгим ўз ҳолича ишласа ва мен фикрлаш жараёнида иштирок этмасам, тушмаслигим керак бўлган вазиятга тушиб қоламан. Гап шундаки, фикрларнинг барчаси ҳам менга тегишли эмас. Баъзи фикрлар Худо Руҳининг илҳоми билан келади. Бошқалари эса иблиснинг васвасаси орқали келади. Фикрларимга диққат билан қарасам, уларнинг манбаи нима эканини англай оламан ва бу фикрларни қабул қилиш ёки инкор қилишга қарор қиламан.

Яқинда, бу китобнинг битта бобини чет эллик биродарларга ўқиб беришга тайёргарлик кўраётганимда безовта бўлиб, ўзимга ишончим йўқолди. Ўша заҳотиёқ, бундай ноқулай ҳолат маълум фикрлар туфайли пайдо бўлганини сездим. Мисол учун: бу боб овоз чиқариб ўқишга мос эмас; ёки конференцияда китобдан оят ўқиш вақтни беҳуда кетказиш; ёки ўйлаб кўр, таржимон ёрдамида ўқиш учун қанча вақт керак, бу кимга керак? Бу фикрларга қулоқ солиб, уларнинг тушкун оҳангини ҳеч қандай қийинчиликларсиз аниқладим ва шу заҳотиёқ уларнинг манбаи Исонинг Руҳи бўлиши мумкин эмаслигини англадим. Шундан кейин бу фикрларга “имон билан қатъий” қарши турдим ва биринчи қилган режам бўйича тайёрланишда давом этдим.

Тайёрланган оятни конференцияда ўқигач, унинг таъсири ёмон фикрларни қулоғимга пичирлаган натижадан тубдан фарқ қилганига ишонч ҳосил қилдим. Тингловчиларда қизиқиш пайдо бўлгани ўз вақтида Муқаддас Руҳга қулоқ солиб, иблиснинг ёмон фикрларини фош қилганим тўғри бўлганини яна бир марта исботлади. Ҳозирнинг ўзида бошимизда қандай фикрлар бор? Уларнинг манбаини аниқлай оласизми?

Каломдан Худонинг ҳузурига ишониш ҳамда Унинг вақти келишини кутишнинг самарали эканига ишонч ҳосил қилишга ёрдам берадиган яна бир оятни кўриб чиқсак:

Эй биродарларим, Раббимиз Исо келадиган кунга қадар сабр-тоқат қилинглар! Ахир, деҳқон ҳам даласи мўл ҳосил етиштиришини кутади. У кузги ва баҳорги ёмғирни пойлаб, қанча сабр-тоқат қилади! Сизлар ҳам сабр қилинглар. Дадил бўлинглар, чунки Раббимизнинг келадиган куни яқинлашиб қолди. Биродарларим, маҳкум бўлмаслигингиз учун бир-бирингиздан шикоят қилманглар. Мана, ҳукм қилувчи Раббимиз Исо остонада турибди!

Ёқуб 5:7-9

Қимматбаҳо ҳосил бир кечада униб чиқмайди. Биз ҳар доим ҳам Худонинг ваъдалари ҳосилини ўзимиз истагандек тезда йиғиб олмаймиз. Ҳа, ҳаёт заводдаги конвейрдан кўра, кўпроқ деҳқончиликка ўхшайди. Биз ҳаётда ҳосилнинг пишишини кутишимиз керак, чунки ҳаёт инъом қиладиган ёки мураккаблаштирадиган кўп жараёнларни бошқариш имкониятидан маҳруммиз. Биз ёмғир, қуёш, аёз, ўсимликлар касаллиги, қишлоқ хўжалиги зараркунандалари ва бошқа кўплаб нарсаларга таъсир кўрсата олмаймиз. Ер ҳосил беради. Лекин ҳосил етилгунча кутмасдан уни ердан суғуриб олишга уринамиз.

Худо Ибромга Сорайнинг ўғил туғиши ҳақида берган ваъдасини эслайлик. Гап шундаки, Ибром ҳам Сорай ҳам жуда қариб қолишган ва оиласининг кенгайишига умид қилмай қўйишган эди. Шунинг учун бу ваъданинг амалга ошишини улар имконсиз деб ўйлашди. Ваъда берилганидан кейин орадан ўн йил ўтди ва Сорай Худога ёрдам бериш керак, деб ўйлади. У Ибромга ўз чўриси Ҳожар билан ётишни ва шу йўл билан ваъда қилинган болани дунёга келтиришни маслаҳат берди (қаранг: Ибтидо 16 боб). Лекин Ҳожарнинг Худо белгилаган вақт келишини тезлаштиришга уриниш натижасида дунёга келган, Исмоил деб аталган ўғли Исроил халқининг сон-саноқсиз авлодлари учун доимий душман бўлган халқни бошқаради. Худони ҳисобга олмасдан, Унинг режаси амалга ошишини ва белгилаган вақти келиши кутмасдан ҳаракат қилиши ҳозирда ҳам нафақат Худонинг халқи, балки барча халқларга хосдир. Ибромнинг шошқалоқлиги беқиёс оқибатларни келтириб чиқарди. У “шошган одам Худони кечиктиради” деган ҳақиқатни тасдиқловчи аниқ ва фожиали ўрнак кўрсатди.

Худо билан юришнинг айни босқичида қайси фикрлар сизни васвасага солади? Ғазаб, шаҳват, мағрурлик, ҳасад билан курашиш сиз учун қийинми? Эҳтимол, шошма-шошарликсиз ҳаёт тарзи сизга бундай ёмон фикрларнинг бефойда эканини тушунишингизга имкон берар? Ҳатто ўзингизни кимсасиз саҳрода ёлғиз қолгандек ҳис қилганингизда ҳам Унга ишонишингиз учун Худо сизга ғамхўрлик қилишни хоҳлашини англаб етишингизга нима ёрдам бериши мумкин? Худо сизни Ўз Шоҳлигида ҳаёт кечиришингизни исташи ва умрингиз бу дунёда ҳам акс этиши ҳақидаги шубҳалардан халос бўлишингизга нималар ёрдам бериши мумкин? Худонинг буюк севгиси ва ҳимоясига кўпроқ суяниш учун бугуннинг ўзида қандай амалий қадам ташлашимиз мумкин? Ички оламингиз тинчликка эришиш орқали қалбингиз бу оламни ҳам руҳан ҳам жисмонан идрок этишингизга ёрдам бериши учун ибодат қиламан. Руҳий кўзлар сизга Худонинг сахий таъминотини, Унинг муқаддас даъватини ҳамда беқиёс севгисини кўра олишингизда ёрдам берсин.

ХУДО БИЛАН ШОШМА-ШОШАРЛИКСИЗ ЎТАДИГАН СОАТЛАР

  1. Агар шошқалоқлик – Худо сизга инъом қилишни истаган нарсаларни мустақил равишда олиш васвасаси бўлса, ҳаётингизнинг қайси соҳаларида бундай васваса борлиги ҳақида ўйлаб кўринг. Унинг меҳр-шафқати ва инояти бу васвасани енгишингизда ёрдам бериши учун Худонинг олдида бу гуноҳингизни эътироф этишни хоҳлайсизми?
  2. Қайси ибодатларингизга жавоб олишни ёки Худонинг қайси ваъдалари амалга ошишини кутяпсиз? Бу кутишлар қайси васвасалар билан ўтяпти? Худо Ўз ваъдасини бажаришини сабр билан кутишга даъват қилаётганини қаердан биласиз?
  3. Иблиснинг учта васвасасидан (пул, ҳокимият ва шон-шуҳрат – Худонинг севгисига шубҳа) қайси бири бу босқичда сизга кўпроқ қийинчилик туғдиради? Бундай васвасаларни енгиб ўтган Исонинг намунаси сизга ёрдам беряптими?

Книга на Узбекском языке: Жизнь без спешки  (Алан Фадлинг )

"Я нахожусь в процессе исцеления от зависимости. Не наркотической, нет, но не менее губительной: от спешки…" - с такого признания начинает свою книгу Алан Фадлинг и далее описывает собственный путь избавления от этого недуга, которым страдает современный мир, путь подражания ритму жизни Иисуса Христа.
Автор подтверждает, мы призваны работать. Продуктивность - не грех, но стремление всё больше повышать продуктивность нашего труда может сгубить нас. Как же найти баланс между нашим призванием работать и необходимостью отдыхать? В этой книге вы найдёте ответ на этот вопрос. По мнению автора, вечно спешащие люди лишь напрасно тратят силы, изматывая себя физически, эмоционально и духовно. То же самое происходит и с чрезмерно загруженными христианскими руководителями: они теряют духовные ориентиры, охладевают к молитве и упускают возможности, которые им предоставляет Бог. Автор предлагает брать пример с Иисуса Христа, Который, несмотря на интенсивное служение, вёл неторопливый образ жизни и уделял много времени уединенному общению с Отцом.



Shu bobni eshitish:


AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак