Shoshma-shosharliksiz hayot (Alan Fadling) 10 bob

Алан Фадлинг.  Шошма-Шошарликсиз Ҳаёт - (10-боб) Узбек тилида     

Shoshma-shosharliksiz hayot (Alan Fadling) Audiokitob Uzbek tilida.Книга на Узбекском языке

                         

Мундарижа 

КИРИШ

1 БОБ. БЕТАРТИБ ҲАЁТ

2 БОБ. ШОШМАЙДИГАН ШОГИРД

3 БОБ. САМАРАДОРЛИК: ШОШИЛМАСЛИК – ДАНГАСАЛИК ДЕГАНИ ЭМАС

4 БОБ. ВАСВАСАГА ШОШМАСДАН ҚАРШИ ТУРИШ

5 БОБ. ШОШМАЙДИГАН СЕВГИ

6 БОБ. ШОШМА-ШОШАРЛИКСИЗ ИБОДАТ

7 БОБ. ХОТИРЖАМЛИК: ЯРАТИШ СУРЪАТИ

8 БОБ. АЗОБЛАР: ШОШМАСЛИК ЗАРУРАТИ

9 БОБ. КОМИЛЛИК: КОМИЛЛИК ВАҚТ ТАЛАБ ЭТАДИ

10 БОБ. ШОШМА-ШОШАРЛИКСИЗ ҲАЁТНИНГ РУҲИЙ АМАЛИЁТИ

11 БОБ. АБАДИЙ ҲАЁТ


10 БОБ ШОШМА-ШОШАРЛИКСИЗ ҲАЁТНИНГ РУҲИЙ АМАЛИЁТИ

Йигирма йил аввал содир бўлган бир воқеа худди кечагидек хотирамда сақланиб қолган. Худо билан бўлган бу учрашув бутун умрга хотирамда қолган. Фуллер семинариясидаги машғулотлар пайтида талабаларга, шу жумладан менга ҳам жамоатга тегишли ҳудудда ибодат орқали Худо билан ёлғиз қолишимиз учун уч соат вақт ажратилди. Ўша куни кундалигимга қуйидагиларни ёзиб қўйдим:

Раббим, Сен билан ёлғизликда ўтадиган бу уч соат давомида нима қилишни тасаввур ҳам қила олмайман. Сени яқиндан билишни хоҳлайман, лекин бу нарса менга бетартибликдек кўриняпти ва бу нарса менга ёқмаяпти. Илтимос, юрагимга ва онгимга тинчлик бер, токи бутун диққатимни Сенга қарата олайин. Сен билан суҳбатлашиш учун жасорат бер.

Сенга мурожаат қилар эканман, Сен – менинг Отам, Абба эканингни ёдимга солаётганингни ҳис қиляпман.

Мен бу ҳақиқат ҳақида ўйлаб кўришимга тўғри келди. Худо нима учун буни ёдимга солганини тушунмадим. Дам олувчиларга мўлжалланган курсида ўтириб, бу нимани англатиши ҳақида хаёл сурар эканман, бирдан хаёлимга: “Бор, арғимчоқда уч”, деган қатъий фикр келди. Бу фикр қайта-қайта келаверди, ҳеч хаёлимдан кетмади. Шунда жаҳлим чиқаётганини сезиб қолдим: “Арғимчоқда учишни хоҳламайман. Нима, мен ёш боламидим, бунақа бемаъни ишлар билан шуғулланадиган?” Қолаверса, атрофда катталар учун мўлжалланган арғимчоқ ҳам йўқ эди, ҳаммаси фақат ёш болалар учун эди. Устига-устак, бу арғимчоқлар йигирма ёшли йигитни кўтара олишига ҳам ишонмасдим.

Мен бу бефойда фикрнинг манбасини аниқлашга ҳаракат қилдим. Бу фикр қаердан келди? Иблис менга Худо билан мулоқот қилишимга халақит беришга уринмаяптими? Агар бу иблиснинг иши бўлса, бу билан у нимага эришмоқчи? Ҳечқиси йўқ. Эҳтимол, ўзимнинг ғоямдир? Бўлиши мумкин эмас! Бунақа тентаклик хаёлимга келиши мумкин эмас. “Раббим, агар арғимчоққа ўтиришимни Сен истаётган бўлсанг, сабабини тушунтир. Ахир, бу бемаънилик-ку! - Болалар майдончасида фарзандлари билан сайр қилиб юрган оналар мен ҳақимда нима ўйлашларини тасаввур қилишга ҳам қўрқдим, лекин Худонинг таклифига қарши чиқиш учун бундан бошқа эътироз топа олмадим. – Майли. Мен шу арғимчоққа ўтираман. Ҳеч бўлмаганда Сенга итоат этаётганимни кўрсатиш учун бўлса ҳам буни қиламан”.

Хуллас, арғимчоққа ўтирдим. Юзага келган вазиятнинг ноқулайлиги ва хижолатдан қийналиб ўтирдим. Бироз шундай ўтиргач, арғимчоқда тебрана бошладим, ўша заҳоти бошимга яна бир ажойиб фикр келди: “Мени ёш бола деб ҳисоблашса, бу менга ёқмайди. Назоратимдан чиқиб кетган вазиятга тоқат қила олмайман. Мен шунчаки заиф бўлишни истамайман”.

Юрагимда шундай сўзлар янгради: “Менинг ҳузуримга келувчилар ўзларини болалардек тутишлари ва ўз Отасини қучгандек Мени қучишлари шарт”. Бироқ Худо севгисининг бундай бебаҳо намоён бўлгани учун самимий миннатдорчилик билдириш ўрнига, мен ғазабни ҳис қилдим! Камига яна илтижо ҳам қилдим:

“Қандай бемаъни мурожаат! Сени Отажон деб чақириш менга ҳурматсизликдек, қўполликдек кўриняпти. Лекин афтидан, бу вазиятда мен Сен ҳақингда ва Сенинг улуғворлигинг ҳақида ўйлашдан кўра, кўпроқ ўз обрўйим ҳақида ўйлаётганга ўхшайман. Мени кечир, Абба. Отажон, мен Сенинг севимли фарзандинг эканимни тушундим. Сенинг назарингда ёш бола бўлиш яхши янгилик. Мулойимлигинг ҳамда ҳомийлигинг учун раҳмат. Ер юзидаги ҳеч бир ота Сен билан тенг бўла олмайди”.

Шошма-шошарликсиз ҳаёт тарзини ҳамда Исо билан мулоқотни ўрганиш жараёнида фойда берган айрим руҳий машқларни сизлар билан баҳам кўришимга ижозат беринг. Классик руҳий машқлар, яъни Худо билан ёлғиз қолиш, сукунатда ва ибодатда бўлиш мен учун энг муҳим машққа айланди.

ХУДО БИЛАН МАЗМУНЛИ ШАХСИЙ МУЛОҚОТ (МШМ)

Аббанинг севгисидан лол бўлиб, арғимчоқда ўтирган вақтимда, устозим Уэйн Андерсон айтган Худо билан мазмунли шахсий мулоқот ёки қисқача айтганда МШМ нима эканини ўзимда ҳис қилдим. Бу таъриф менга жуда ёқди, чунки “ёлғиз қолиш ва сукунат” ибораси менга космик аёздек туюларди. Уэйннинг таърифи эса менга анча илиқроқ ва қулайроқ туюлди. Устозим бизга Худонинг ҳузурида ёлғиз қолиш учун бир ойда ҳеч бўлмаганда бир неча соат ажратишни маслаҳат берган. У бу қоидага кўп йиллар давомида амал қилиб келган, буларнинг ҳаммаси Элтон Трубладнинг сўзларидан бошланган:

Янги имонга келган инсон Худо билан шахсий мулоқот қилиш учун бир ойда камида бир марта ёлғиз қолиш шарти – ўзига хос, жуда фойдали ва тарбиявий омил ҳисобланади. Бу нарса издошларини Ўзининг ёрдамидан вақтинча маҳрум қилиб бўлса ҳам вақти-вақти билан эргашувчилардан узоқлашган Масиҳнинг тажрибасига онгли равишда тақлид қилишдир. Бундай ёлғиз қолишнинг сабаби ўз истакларингизни қондириш учун эмас, балки ички оламингизни доимий равишда бойитишга бўлган эҳтиёждир. Учрашиш жуда осон бўлган одамдан фойда кам. Замонавий масиҳийлар Худо билан ёлғиз қолиш учун ҳар ойда 5-6 соат вақтларини жуда катта қийинчилик билан ажратадилар, бироқ бундай қийинчиликлар руҳий тарбиядан воз кечиш учун баҳона бўлолмайди. Бизларнинг қайси биримиз учун бундай “қурбонлик” қилиш жуда қийин бўлса, айнан ўша киши нажот берувчи ёлғизликка энг кўп муҳтождир.

Олтинчи бобда айтиб ўтилганидек, Исо вақти-вақти билан шогирдларига хизматни тўхтатиб, одамлардан узоқроқ бўлиш учун Ўзи билан боришга даъват қилган. Бундай даъватларнинг бири ҳақида Марк Хушхабарида ўқишимиз мумкин: “Келинглар, ёлғиз ўзимиз кимсасиз жойга борайлик, бироз дам олинглар” (Марк 6:31). Ўйлашимча, хизматлар ёки ишлар билан жуда банд бўлган ҳамда МШМ учун мунтазам равишда вақт ажратиши қийин бўлган имонлиларни рағбатлантириш учун бундан-да жиддийроқ сабаб топиш мушкул. Эҳтимол, кимдир аввалги самарадорлигини йўқотмаслик учун бундай машғулотдан бош тортар. Кимдир эса аксинча, бунга янги куч билан хизматга ёки ишга қайтиб, Худонинг топшириғини таъсирлироқ бажариш учун бир имконият, деб қарайди.    

Лекин МШМ учун ажратилган вақтнинг қанчалик қадрли эканини билганимдан кейин бошқа бир муаммога дуч келдим. Мен ёлғиз қолган вақтларимни иложи борича кўпроқ руҳий фаоллик билан, яъни ўқиш билан, ибодат кундалигини юритиш билан, хизматга тайёрланиш билан, дам олиш ва бошқа нарсалар билан тўлдиришни хоҳлайман. Вақтимнинг асосий қисмини кўплаб фойдали руҳий машқларга бағишлашни истайман. Бироқ, агар мен режа қилган ишларимнинг ҳаммасини бажарсам, Худо билан ёлғизликда ўтадиган вақтим бошқа кунлар каби ўта бандлик ва шошқалик билан ўтади. Ахир, МШМ нинг асосий мақсади Исонинг ҳузурида хотиржам ва бемалол мулоқот қилиш-ку. Биз билан учрашувдан У айнан шуни кутади. Биз бундай учрашув учун холи жой ва бемалол вақт топамиз, бу вақт давомида эса шунчаки Уни тинглашга қарор қиламиз ва Унинг ҳузурида эътиборли бўлишга ҳаракат қиламиз.  

Кўпинча, МШМ ҳақида гап кетганда, масиҳий етакчилар қуйидаги саволга дуч келишлари мумкин: “Худо билан ёлғизликда ва сукунатда қолган вақтингиз қандай кўринишда бўлади?” Мен бу саволга савол билан жавоб беришга одатланганман: “Аслида, сиз мендан қандай мавжуд эканимни сўраяпсизми?” Аҳмоқона эшитилади, тўғрими? Худо билан ёлғизликда ва сукунатда қолиш қандай кўринишда бўлади? Сиз барча нарсалардан холи бўлиб, сукунатда ва хотиржамликда Худонинг ҳузурида бўласиз. Бунга эришиш мушкул, лекин жуда арзирли мақсад. Кимдир вақтни беҳуда йўқотиш деб ҳисоблайдиган ҳолатга тушишимизда Худонинг Руҳи бизга ёрдам беришига ишонамиз. МШМ – иш кунига қараганда кўпроқ шанбага ўхшайди. Бу вақт самарадорлик билан эмас (ҳатто руҳий бўлса ҳам), балки хотиржамлик билан, ижодий идрок билан, мулоқот ҳамда вақт ўтказиш орқали қувватни тиклаш каби бошқа усуллар билан ўлчанади.

Бизларнинг кўпчилигимиз учун бу машқ муаммо ҳисобланади. Бизга “ҳаракатсизлик” ёки “ҳаракатни бекор қилиш” эмас, балки “ҳаракатдаги” руҳий интизомлар кўпроқ ёқади. Шунга қарамай, МШМ бизни одамлардан узоқлашиб, бутун диққатимизни Худога қаратишимиз учун кўп ишлардан ҳамда ўта банд бўлишдан воз кечишга чақиради. Бошқа одамлар билан бўладиган мулоқот ҳамда суҳбатлардан вақтинча танаффус қилиш орқали мен Унинг овозини эшитишим ва Унинг ҳузурини ҳис қилишим мумкин (ҳеч бўлмаганда, шунга ишонишим мумкин). Худо билан мулоқот қилиш учун ажратилган вақт охир оқибат ички безовталикни енгишимга ва шошқалоқликдан тийилишимга ёрдам беради. МШМ учун ёлғиз қолганимда хотиржамлик ҳолатини инкор этадиган табиатим худди беқарор ўсмир каби нола қилади, бироқ мен иродамни тўплаб, уни тинчланишга мажбур қиламан ва у секин-аста тинчланиб, доимо ташвишланишга мажбур қиладиган нолалари билан мени қийнашни бас қилади.

МШМни машқ қилиш эътиборли, эҳтиёткор бўлиш учун вақт ҳамда жой ажратишга ва Худонинг инояти билан Унинг ҳар қандай намоён бўлишига эътиборли бўлишга ёрдам беради. Баъзан Худо бизга шунчаки сукут сақлашни таклиф қилади. Бу худди кўп йиллардан бери бирга яшайдиган, бир-бири билан мулоқот қилиш учун сукунатни сўзлар билан тўлдиришга эҳтиёж сезмайдиган эр-хотинларга хос бўлган яқинликдан далолат эмасми?

Менинг хизматимнинг асосий қисми ўлчовли ва шошма-шошарликсиз ҳаёт тарзини ўрганишни хоҳлайдиган имонлиларга (уларнинг кўпчилиги етакчилар) устозлик қилишга бағишланган. Мен уларга Худони эшитиш ва Унинг ёнидан жим ўтиб кетмаслик учун тезликни камайтиришни ўрганишларига ёрдам бераман. Замонавий ҳаёт тарзи бизга бераётган босимни камайтиришга имкон берадиган семинарлар ташкил қиламан. Ҳаётим давомида яхши инсонлар яхши ниятлар билан гапирган, маълумотларга бой бўлган кўпгина семинарларда қатнашганман. Лекин одамлардан узоқлашиш ва Худо билан шошма-шошарликсиз вақт ўтказиш ҳар қандай сўзлардан муҳимроқ эканига ишончим комил. Бундай сукунатда биз бироз тинчланишимиз, Худонинг тинчлигида бўлишимиз, Унинг қувончини ҳис қилишимиз, Унинг овозини аниқроқ эшитишимиз ва Унинг кўрсатмаларини бошқа ҳар қандай овозлардан, қўлланмалардан ва маслаҳатлардан ажратиб олишимиз мумкин. Бундан ташқари, бундай руҳий ғамхўрлик барбод қилувчи шошқалоқликдан ҳамда ҳаддан ташқари бандликдан халос қилади.

Бу суҳбат Исо Ўз шогирдларини қандай огоҳлантирганини ёдимга солди: “Ибодат қилаётганингизда, бутпарастлар каби, беҳуда сўзларни ҳадеб такрорлайверманг. Улар, кўп сўзласам, ибодатим ижобат бўлади, деб ўйлайдилар. Уларга ўхшаманглар, чунки осмондаги Отангиз сўрамасингиздан олдин нимага муҳтожлигингизни билади” (Матто 6:7-8). Эътибор беринг, Исо бизни сукут сақлашга чақирмаяпти, балки беҳуда сўзларни такрорламасликни сўраяпти. Мен турли маҳзабдаги имонлилар билан ибодат қилганман. Ишонинг, хушхабарчи масиҳийлардек кўп сўзлайдиган ва сабрсиз ибодатчиларни кўрмаганман. Бироқ Исонинг таъкидлашича, Отани билмайдиган бутпарастлар шундай ибодат қиладилар, улар бир гапни қайта-қайта такрорлашади, чунки уларнинг фикрича, қанча кўп гапирса, ибодат сифатли бўлади ва Худо уларни тезроқ эшитиб, тезроқ жавоб беради.

Сўзларни қайта-қайта такрорлаб қилган ибодатларимиз Худода қандайдир таассурот уйғотишига ишонмайман, унда нима учун шунчалик кўп гапираман? Мени севадиган Ота нималарга муҳтож эканимни мен Ундан сўрамасимдан аввал билишини наҳотки унутиб қўйган бўлсам? Ёки Қодир Худога У билмайдиган ниманидир маълум қиламан, деб ўйлайманми? Ўйлашимча, Худо менинг муҳтожликларимни билишига ва мен ҳақимда ғамхўрлик қилишига бўлган ҳақиқий ишонч ибодатли ҳаётимни соддалаштиради. Шунинг учун ибодат қилишдан олдин Худонинг Руҳи ҳамда Унинг буюк раҳм-шафқати ҳар доим мен билан эканини ёдга олиш зиён қилмайди. Худо менга яхшилик тилайди. Эҳтимол, тинчлик бахш этувчи ҳақиқат муҳтожликларим ҳақида Худога айтишим ҳамда менга ёрдам беришга Уни кўндиришим шарт эмаслигини ёдда тутишимдан иборатдир. Мен шунчаки Ундан бу ҳақда сўрашим керак, холос.

Ҳар гал бугунги кунгача давом этиб келаётган суронли ҳаёт тарзидан халос бўлишим ҳақида гапирганимда, МШМ машқи менинг руҳий саломатлигимга бебаҳо ҳисса қўшишини яхши тушунаман. Худонинг ҳузурида сукунатда ёлғиз қолиш қилаётган ишларимнинг беҳудалигини кўрсатади. Лекин шу билан бирга Худо менга Унинг инояти сезиларли ўсишда ёрдам берганини эслатади. Худо билан биринчи учрашув вақтида ярим соат ёки бир соат ретрит қилишга тайёр бўлганман. Бироқ энди тушундимки, уларни шунчаки бизни севувчи Отанинг иноят инъоми сифатида қабул қилиш ўрнига, бор кучим билан ёлғиз қолишга ва сокинликка эришга ҳаракат қилган эканман. Шу билан бирга У билан мулоқот қилиш учун вақт ажратиш орқали ўзимнинг қатъиятлигим билан Худони ҳайратга солишга уринаётганимни билдим, аммо бундай уринишлар жуда кўп кучимни олиб қўйди. Вақт ўтиши билан МШМ вақтини Исо билан дўстона учрашув учун имконият сифатида қабул қилиш анча фойдалироқ эканини англадим (Юҳанно 15:15 га қаранг).

Баъзан буни бошқа имонлилар билан бирга машқ қилиш фойдали бўлади. Бундай ҳолатларда мен вақтни икки даврга бўламан: ёлғиз қолиш (фақат Масиҳ ва мен) ҳамда мулоқот (Масиҳ ва мен билан ҳамфикр бўлганлар гуруҳи). Бундай режалаштириш Худонинг тинчлигида бўлишнинг ажралмас қисми бўлган ҳаёт тарзини тартибга солиш бўйича қилган ҳаракатларимнинг самарасини исботлади. Ҳамкорликда Худо билан ёлғизликда ва сукунатда бирга бўлиш вақти менга қўшилганлар учун марҳаматга айланди.

Хўш, Худонинг ҳузурида бир неча соат тинчликда ва сукунатда бўлишни қандай режалаштириш мумкин? Менга ёрдам берган бир нечта маслаҳатларни келтириб ўтаман:

  • Олдиндан тайёрлаб қўйилган саволлар рўйхати билан Худонинг ҳузурига келманг, айниқса ҳозирда сизни қийнаётган муаммо билан. Ҳар гал Худонинг ҳузурига келганда, ҳали жавоб олмаган саволингизни ёки ҳали аниқланмаган вазиятни хотирада сақлаш фойдали бўлади. Эҳтимол, Худо юрагимизни ва онгимизни банд қилган муаммони тушунтириб берар ёки биз билан бутунлай бошқа масалани муҳокама қилишни истар. Шунинг учун шу кун учун белгиланган ишлардан озод бўлиш ва Худога эргашишга тайёр туриш жуда муҳим. Яхшиси, У қилишни истаган ишга дарҳол рози бўлиш ва У айтишни хоҳлаган сўзларга қулоқ солиш керак. Ҳатто, Худо ҳеч нима демасдан ёки қандайдир муҳим нарса қилмасдан, шунчаки биз билан бўлишни маъқул кўрса ҳам.
  • Биринчи йигирма ёки ўттиз дақиқада ҳеч нима қилманг, фақат эшитинг. Жим туриб тингланг. Қимирламай ўтиришингиз ёки секин юришингиз мумкин. Худони У яратган гўзалликларида кўришга ҳаракат қилинг. Сўровчи сифатида эмас, тингловчи сифатида ҳамду-санолар билан Худонинг ҳузурига киринг. Худони фақат қулоқларингиз билан эмас, балки кўзларингиз, онгингиз ва қалбингиз билан қабул қилишга тайёр туринг.
  • Худога миннатдорчилик билдиринг. Миннатдорчилик ва ташаккур айтиш – шошма-шошарликсиз ҳаёт тарзининг далили эканини англадим. Шошган вақтларимизда кўпинча, Худога ёки бошқа инсонга миннатдорчилик билдириш учун вақтимиз бўлмайди. У яратган яхшиликларни кўриш ва Унга ўз миннатдорчилигингизни билдириш учун вақт керак.
  • Худо билан учрашувингизни ташқи шовқинлардан иложи борича узоқроқда ўтказиш жуда фойдали. Бундай вазиятда ташвишланган қалбимнинг ҳаяжони яққол кўринади. Бу босқичда энг муҳими – Унинг ҳузурида қолиш учун тинчланиш ҳамда сукут сақлашга уриняпманми ёки ички исёнлар мени ўз исканжасига оляптими, шуни аниқлаш керак. Иккинчи ҳолатда, ички безовталик мени ҳаракатга келишга ундайди! Лекин агар мен Худонинг ҳузурида қолишни уддасидан чиқсам, Унинг севгиси қўрқувимни бостиради, Унинг тинчлиги безовталигимни тинчлантиради, Унинг тасаллиси азобимни камайтиради, Унинг раҳм шафқати итоатсизлигимни кечиради, Унинг инояти қалбимнинг энг зарур эҳтиёжларини қондиради. Агар бизни шошилишга, безовталанишга ва ҳаракат қилишга ундаётган ички овозларимизни жим бўлишга мажбур қиладиган даражада сабрли бўлсак, У ҳақиқатан Худо эканини ёдга оламиз.
  • Ташқи чалғитувчи омиллар пайдо бўлса (улар барибир пайдо бўлади) уларга қарши курашиш ўрнига, шунчаки уларни инкор қилинг. Эҳтимол, сиз буни Худо билан ёлғиз қолишнинг бир қисмига айлантирарсиз: улар учун Худога миннатдорчилик билдиришингиз мумкин; буни нима қилишни Ундан сўрашингиз мумкин; ёки уларни Худога топширишингиз мумкин. Бир марта, битта семинарда бўлганимда Худо билан ёлғиз қолиш учун тинч жой топган вақтимда, маҳаллий боғбон ғайриоддий шовқинли асбоб билан ерга тушган баргларни тозалашга киришди. Чалғитувчи омил ҳақида гапирганимда айнан шундай нарсаларни назарда тутганман! Бундан қаттиқ хафа бўлдим ва ўша боғбон билан ёки дам олиш маскани бошлиғи билан боғбоннинг ўйламай қилган иши ҳақида гаплашмоқчи бўлдим. Ўша пайтда бирдан Исо мени мана шу кичкинагина майдонга қараётгани учун боғбонга миннатдорчилик билдиришга даъват қилаётганини сезиб қолдим. Исога итоат қилганимда, юрагим тинчланди ва мен учун чалғитувчи бўлиб туюлган омил аслида мени Худога яқинлаштирди.

“УЧДАН БИР ҚИСМИ” ҚОИДАСИ

Мен ҳаётимнинг ўттиз йилидан кўпроғини масиҳийлик хизматига бағишлаганман. Бу вақт давомида кўплаб тадбирлар, якшанба хизматлари, конференциялар, ретритлар, етакчилик йиғилишларини ўтказганман. Сўнгги пайтларда бундай учрашувларни ўтказишда ёки уларни қандай ўтказишни ўргатишда дўстим ва ҳамкасбим Пол Женсен тавсия қилган қоидага амал қиладиган бўлдим. У буни “учдан бир қисми” қоидаси деб атайди ва у жуда оддий: у ёки бу ўқув машғулоти қанча вақт олишидан қатъий назар, унинг учдан бир қисмидан кам бўлмаган вақтни ўзлаштирилган билимларни амалда қўллаш учун ажратилиши керак, айниқса, ўзлаштирилган фан Худо билан мулоқотга хамда бошқалар билан ўзаро муносабатга алоқадор бўлса. Бу тамойил талабалар уйларига қайтганларида ўрганган билимларини мустақил равишда амалда қўллай олишлари учун фақат маъруза қилиш, тахминларга асосланиб дарс бериш орқали ўқитишларига йўл қўймайди.

Эҳтимол, сизда ҳам худди мендаги каби аллақачон унутилиб кетган, китоб токчасида ёки столнинг тортмасида чанг босиб ётган маърузалар ёзилган дафтарлар, ваъзлар ёки бошқа фойдали маълумотлар бордир. Бизнинг курс ўқитувчилари “учдан бир қисм” қоидасини ўқув материалларини расмий тақдим этиш ўрнига зарур кўникмалар бўйича амалий машғулотлар ўтказиш учун ажойиб имконият деб ҳисоблайдилар. Бундай шошмасдан ёндашиш назарий манбаларни тақдим этиш учун кам вақт қолдиради, аммо амалий кўникмаларни эгаллашга ёрдам беради ва ҳақиқатан ўргатади. Таълим беришга бундай ёндашиш Исониинг шогирдларини тайёрлашда Унинг одатларини акс эттиради.

Кўпинча, етакчилар гуруҳи билан бирга ретрит ёки амалий машғулот ўтказиш учун юзлаб, ҳатто минглаб миль йўл босишимга тўғри келади. Мени таклиф қилган томон менга ажратилган вақт ичида турли руҳий машғулотлар, назариялар ва бошқа муҳим маълумотлар ҳақида гапиришга улгуришимни кутишади. Уларнинг истакларини тушуниш мумкин: ҳар бир инсон қисқа вақт ичида ҳамда камроқ йўқотишлар билан максимал даражада фойдали кўникмаларга эга бўлишни хоҳлайди. Мен талабаларнинг бошларини нафақат билим билан тўлдиришга, балки бу билимлар уларнинг қалбидан жой олишига ва ҳаётларида амалга оширишларига ҳаракат қиламан. Бунга фақат олинган билимларни амалда биргаликда қўллаш орқали эришиш мумкин.

Мисол учун, хизматчиларга бажони дил маслаҳатлар бераман, ўзларининг ташкилий мақсадлари ҳамда вазифаларини баҳолашга имкон берадиган ретритлар ўтказишларига ёрдам бераман. Шундай ретритлардан бири келгуси йил учун хизмат мақсадларини белгилашга бағишланган эди. Бундай режалаштириш семинарлари ҳам қизиқарли, ҳам зерикарли бўлиши мумкин. Агар семинар иштирокчиларининг фикрлари фарқ қилса, зиддиятли вазиятлар ҳам юзага келиши мумкин. “Учдан бир қисми” қоидасига амал қилган ҳолда, ретритнинг биринчи учдан бир қисмини тадбиримизнинг асосий вазифаси бўлган режалаштиришдан бошқа ҳар қандай нарсага бағишлайман. Бунинг ўрнига, lectio divina*, ёлғиз қолиш ва сукунат, мулоҳазали шафоат, шунингдек, жамоавий машғулотлар каби руҳий интизомларга, яъни Худонинг бизнинг ҳаётимизда қилаётган ажойиб ишлари ҳақидаги гувоҳликлар, ҳамкорликдаги ибодатлар, ўзаро ёрдам ва ҳоказоларга эътибор қаратаман.

*Lectio divina (лотинча илоҳий ўқиш) – Муқаддас Ёзувларни ибодатли ўқиш. Lectio divinaнинг мақсади – Масиҳ билан бирликка эришиш учун имон орқали Худога қараш ва Масиҳ орқали Отага яқинлашишдир.

Мен ўтказган, режалаштиришга бағишланган сўнгги ретритларнинг бирида биринчи куннинг кўп қисмини Худонинг ҳузурини, Худонинг бошқарувини ва Унинг йўлини излашга бағишладик, иккинчи кунни эса келгуси йил учун хизмат мақсадимизни аниқлаш бўйича гуруҳда ижодий ишларга бағишладик. Ўша семинарда етакчилар жамоаси йиғилиши кутилмаганда режа қилинган муддатдан бир соат олдин тугади. Ҳар бир иштирокчи Худо билан шахсий мулоқотга, Каломнинг бир қанча калит сўзларини шахсан ҳамда жамоа билан муҳокама қилишга ва биргаликда қилинадиган ибодатларга мўлжалланган кўп соатлик режаларнинг сони ва сифатига таъсир қилмаганини (ахир, бунга анча кам вақт кетди), аксинча, уларнинг ишларини ўзлари тахмин қилганидан ҳам самаралироқ (ҳам сифати ҳам сони бўйича) бўлганини, аслида улар шунчаки “йиғилишни ибодат билан бошлаб”, икки кунни режа тузишга бағишламоқчи бўлганларини таъкидладилар. Ретрит Худо билан бемалол мулоқот қилиш билан бошлангани учун етакчилар гуруҳи янада жипс, самарали ва ғайратли ҳаракат қилишди. Бундай ажойиб натижалар қайта-қайта такрорланади.

Лекин ёлғиз қолиш, сукут сақлаш, мулоқот қилиш, шафоатли ибодат ёки lectio divina каби руҳий машғулотлар фақат амалий аҳамиятга эга, дегани эмас. “Учдан бир қисми” қоидаси Исонинг аниқ ва таъсирли сўзларини амалда соддалаштиради: “Сизлар аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродасини бажариш пайида бўлинглар, шунда қолган ҳамма нарса сизга берилади” (Матто 6:33). Албатта, асл нусхада “қолган ҳамма нарса” деганда, инсоннинг асосий эҳтиёжи - озиқ-овқат ва кийим-кечак назарда тутилган. Лекин менимча, хизмат қилиш йўл-йўриқларини ишлаб чиқаётганимизда ёки етакчиларни тайёрлаш дастурларини режалаштираётганимизда иноятли Худо биз муҳтож бўлган ҳамма нарсаларни (масалан, донолик, якдиллик, ижодий фикрлар, фаросат, ўзаро ғамхўрлик, тетиклик ҳамда куч) беришига ишонишга тўлиқ ҳаққимиз бор.

Етакчиларни тайёрлашда шошма-шошарликсиз ёндашувга бўлган ишончимни мустаҳкамлаётгани учун Худодан миннатдорман. Бу усул мен авваллари фойдаланган усулга таққослаганда анча самаралироқ. Учдан бирнинг биринчи қисми шошмасдан Худони излашга мўлжалланган икки кунлик ретритни ташкил қилиш, яъни Уни тинглаш ва Унга жавоб беришга имкон берувчи вақт такомиллашиши ва яхши ҳосил бериши мумкин бўлган ажойиб имкониятни юзага келтиради.

ТЕЗЛИКНИ КАМАЙТИРИНГ

Замонавий жамият тобора шошқалоқ бўлиб бораётган бир пайтда, мен секинлашиш бўйича руҳий интизомнинг аҳамиятини англашга ҳаракат қиляпман. Мана шу мақсадда вақти-вақти билан кичик тажрибалар ўтказяпман: баъзан трассада энг секин юрадиган қаторда юраман. (Жанубий Калифорнияда тезликнинг оддий чекланиши уни камайтириш билан баробар!) Шу билан бирга ўз ҳис-туйғуларимни тушунишга ҳаракат қиламан. Нимани ҳис қиляпман? Хавотирними? Хафачиликними? Ғазабними? Сабрсизликними? (Бундай қадам қўйганингизда қайси ҳис-туйғулар пайдо бўлишини кутяпсиз?) Мен жуда қўрққан салбий оқибатларни аниқлашга ҳаракат қиламан ва шу билан бирга умидларим ўзини оқлаган ёки оқламаганини ҳам аниқлайман. Тезликни камайтиришга бўлган реакциям чиндан ҳам шунчалик даҳшатлими, шундай бўлади, деган фикр менга қаердан келди? Қуйидаги савол ҳам мени ўйлантиради: тез юриш натижасида тежалган дақиқаларни қандай тақсимлайман? Манзилга бир неча дақиқа эртароқ етиб борганим билан руҳий ҳолатим қандай бўлади? Эҳтимол, агар тезликни бироз камайтирсам ва бўлаётган ҳодисаларга эътиборлироқ бўлсам, сал бўлса ҳам Исога кўпроқ ўхшаш бўламанми?

Пиёда юрганда ҳам шу руҳий машқни бажараман, бунинг учун баъзан секин юраман. Бу орқали қадимгиларнинг юриш санъатини ўрганаман. Ёки электрон мактубларга жавоб ёзиш чоғида мен жавоб ёзаётган инсон учун Худога раҳмат айтиш ёки У менга керакли сўзларни бериши учун атайлаб тўхтайман. Худонинг инояти ҳамда ўзгартирувчи қудрати билан тезликни камайтириш каби бундай машғулот менинг ўзимга ҳам қилаётган ишларимга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Тезликни камайтириш учун мен машқ қиладиган яна бир усул – замонавий гаджетлардан бутунлай воз кечиш ёки улардан фойдаланишни сезиларли даражада чеклашдан иборат. Сиз ҳам худди менга ўхшаб доимо чўнтагингизда телефон, сумкангизда айпэд олиб юрсангиз керак ва иш столингизни компютерсиз тасаввур қила олмасангиз керак. Ҳар ерда ҳозир бу технологиялар ҳаётимга мустаҳкам жойлашиб олиб, муносабатларимни тезлаштириб юбормоқда. Уяли телефон мен билан гаплашишни истаганлар учун деярли ҳар доим мени топиб беради. Уяли телефонлар пайдо бўлишидан кўп йиллар олдин Элтон Трублад ҳар доим топиш мумкин бўлган инсондан фойда кам, деб огоҳлантирган.

Мен бу руҳий интизомга катта қийинчилик билан амал қиламан. Мен ўрта мактабда ўқиб юрган вақтларимда, мактабнинг математика клуби аъзоси сифатида ўн олти тугмали калит билан дастурланган IMSAI 8080* процессорини йиғишда иштирок этганман.

*1975 йилнинг августида IMSAI 8080 компьютери пайдо бўлди. Унинг энг катта оператив хотираси 64 килобайт эди. Компьютерни бошқариш олд панелдаги тугмачалар орқали амалга оширилган. Тўлиқ клавиатуралик ноутбук дунё юзини кўришига ҳали тўққиз йил вақт бор эди.

Техникага иштиёқим кучли бўлса ҳам бу мен учун энг муҳими эмас. Шанба куни ҳақида Исо айтган машҳур сўзларга қўшимча қилиб айтишим мумкинки, мен техника учун яратилган эмасман, балки техника мен учун яратилган (Марк 2:27). Техника янгиликлари кўплаб эзгу мақсадларга эришиш имконини беради, лекин уларнинг ўзи мақсад эмас.

Ниҳоят, амалда бажариш осон бўлмаса ҳам, бир қарашда оддий, ҳаёт тарзимизни секинлаштиришга қодир бўлган тезликни камайтириш учун яна битта машқ ҳаворий Ёқуб томонидан таклиф қилинган: “…ҳар бир одам эшитишда чаққон, гапиришда вазмин, ғазаб келганда босиқ бўлсин” (Ёқуб 1:19). Тан олишим керак, кўпинча, суҳбатдошим билан гаплашаётганда, уни диққат билан тинглаш ва уни тушуниш ўрнига ўз фикрларимни ҳимоя қилиш учун хаёлан ишончли хулосаларни излайман. Суҳбатдошни эшита билиш – жуда муҳим бўлиб, мен бу кўникмани тўлиқ ўзлаштирмаганман. Семинарияда ўқиш даврида ваъз қилиш ва таълим беришга бағишланган машғулотларга қатнашганман, ўша жойда нотиқлик санъатини ўзлаштирганман, бироқ устозларимиз бизга тинглашни ўргатганларини эслай олмайман. Айтилган сўзларни яхши тушунмасдан туриб, ўзим яхши танимайдиган ўша одамни яхши ўйланмаган ва оддий маслаҳатларим билан хурсанд қилишга шошиламан. Айтайлик, мен унга ҳатто ёрдам бера олмасам ҳам, унинг ҳаётида нималар содир бўлаётганини, унинг сўзлари ортида қандай туйғулар яширинганини билмай туриб, унга муносиб ёрдам таклиф қила олмайман. Бундан ташқари, бизнинг шовқинли ҳамда вайсақи оламимизда диққат билан тинглаш ҳамда кам гапириш лаёқати янада кўпроқ қийинчилик туғдиради. Шунинг учун ҳаворий Ёқуб таклиф қилган маслаҳат – доно маслаҳат бўлиб, муносабатларимизни, ишимизни ва умуман, ҳаётимизни самарали қилади.

УЙҚУ

Биз уйқусизлик касалига учраган жамиятда яшаяпмиз. Касалликларни олдини олиш ва назорат қилиш маркази ходимлари катта ёшдаги инсонлар бир кунда етти соатдан тўққиз соатгача ухлашлари керак, деб ҳисоблашади. Лекин “2005-2007 йилларда соғлиқни сақлаш бўйича ўтказилган миллий тадқиқот” шуни кўрсатдики, катта ёшдаги аҳолининг деярли 30 фоизи ўртача олганда олти соатдан кам ухлайди. Бу маълумотлар сўнгги юз йилларда уйқунинг давомийлиги ўртача 20 фоизга қисқарганидан далолат беради. Нима учун етарлича ухламаймиз? Бунинг сабабларидан бири – замондошларимизнинг ўткинчи нарсалар учун ишлашга одатланиб қолгани: иложи борича кўпроқ ишлаш учун эрта туриб, кеч ётамиз.

Ўтган асрнинг ўрталарида яшаб ўтган ёзувчи, квакер, профессор Дуглас Стир шундай таъкидлаган:

Айрим эзгу ниятли масиҳийлар шунчалик бепарвоки, улар уйқуни кучни беҳуда сарфлаш деган носоғлом фикрга эгадирлар. Инсон яхши дам олганини ҳамда кучга тўлганини ҳис қилгандаги уйқуни етарлича уйқу деб ҳисоблаш мумкин. Ҳеч нарса мунтазам равишда етарлича ухламасликдек шахсий ибодатни мураккаблаштира олмайди.

Биз уйқуга ҳам дам олишнинг бошқа шакллари сифатида қараймиз, яъни уни ҳам вақтни беҳуда ўтказиш, фойдали ишларни мажбурий равишда тўхтатиш, деб ҳисоблаймиз. Бироқ, агар уйқу Худонинг бизга номаълум инъомларидан бири бўлса-чи? Албатта, биз бундай инъомни суистеъмол қилишимиз мумкин, лекин бунинг акси бўлиши эҳтимоли кўпроқ: бизларнинг кўпчилигимиз етарли даражада ухламаймиз. Авлиё Бенедиктнинг асрлар давомида синовдан ўтган Низомига қарайлик: “Авлиё Бенедиктнинг ҳаёт тарзи қуйидагича ташкил қилинган: бир кунда тўрт соат ибодат қилишга, олти соатдан тўққиз соатгача – ишлашга, етти соатдан тўққиз соатгача уйқу, тахминан тўрт соат – дам олиш ва овқатланишга, уч соат – ўқиш ва мулоҳаза қилишга”.

Вақт ҳақидаги анъанани эсласак, уйқу каби инъомнинг барча жозибаларини англашнинг бошқа йўли ҳам бор: тушликдан сўнг бироз мизғиб олиш. 2000 – 2001 йилларда Пекосдаги бенедикт-аббатида руҳий васийлик санъатини ўрганаётганимда, отахон Сэм билан танишдим. Бу аббатга келишдан олдин отахон Сэм қирқ йил роҳиб-траппист бўлган ҳамда қатъий ва чекланган турмуш тарзига амал қилган. У тунги иккида уйқудан уйғониш одатига содиқ қолган, аббатликнинг бошқа аъзолари эса бу қоидага амал қилишмаган. Жуда эрта уйғонгани учун тушликдан кейин отахон Сэмнинг бироз мизғиб олгиси келди. Шунда у монастр ҳовлисини кесиб ўтаётиб, ўзининг энг севимли руҳий тартибларидан бири бўлган илоҳий уйқуга кетишга тайёр эканини эълон қилди. Биз албатта, кулиб юбордик, лекин иш кунининг ёки иш фаолиятининг ўртасида Худонинг инъоми бўлган қисқа муддатли дам олиш одати нодонлик эмаслигига амин бўлдим.

ХУДОНИНГ БОШҚАРУВИНИ ИЗЛАШ

Руҳан бошқаришини сўраб Худога мурожаат қилганда, кўпчилик одамлар Ундан батафсил харита олишга умид қилишади. Боришимиз лозим бўлган манзилгача Худо бизга босқичма-босқич йўл кўрсатишини кутамиз. Биз Худони Google билан адаштириб қўйдик! Биз танлаган йўналиш Унинг йўналишига тўғри келиш келмаслиги билан қизиқиб кўриш тўғрироқ бўларди. Эҳтимол, биз Худодан У бизнинг боришимизни умуман истамайдиган йўлни кўрсатишини сўраётгандирмиз?

Тўсатдан, менга йўл харитасини бериш ўрнига Худо менга йўлбошчилик қилишни хоҳлаб қолса-чи? Агар йўналишни У танлашига қўйиб берсам, нима бўлади? Агар мен Ундан бир қанча кўрсатмаларни батафсил айтиб беришини талаб қилмасам, бунинг ўрнига қаёққа бурилишим кераклигини Худо айтиб беришига ишонсам, нима бўлади? Раббимиз бизни У билан ёнма-ён юришимизни исташини унутмаслигимиз керак, У танлаган йўл эса шошқалоқликдан холи. У мени Унинг кўрсатмаларини кутадиган ва бу кўрсатмаларни бажаришга шошиладиган тобе инсон сифатида эмас, балки Унинг ҳамроҳи сифатида кўришни хоҳлайди. Эҳтимол, Худонинг бошқарувини сўраш ўрнига, йўлбошчи сифтида Унга кўпроқ ишонишимизни, Ундан ёрдам сўраш ўрнига, У бизнинг ёрдамчимиз бўлишни хоҳлаши ҳақидаги ҳақиқатни англаб етишимизни, кучимизни мустаҳкамлашини сўраш ўрнига, У биз учун қалъа эканига ишонишни сўрашимиз тўғрироқ бўлар!

ХУЛОСА

Мен таклиф қилган руҳий машқларнинг барчасини эсланг: ёлғиз қолиш ва сукут сақлаш ёки Худо билан мазмунли шахсий мулоқот (МШМ), етакчиларни бемалол тайёрлаш, тезликни камайтириш, суҳбатдошни тинглай олиш, уйқу ва Худонинг бошқарувини излаш. Айтинчи, ривожланишнинг айни босқичида уларнинг қайси бири сиз учун кўпроқ қийинчилик туғдиряпти? Нима учун? Сизнингча, уларнинг қай бири сиз учун жозибалироқ кўриняпти? Худо сизни ушбу бобда берилган машқларнинг қайси бирини бажаришга чақиряпти? Улардан бирини танлаб, сиз билан мулоқот қилишни хоҳлайдиган, шошмайдиган Нажоткоримизга қурбонлик сифатида бағишлашингиз учун ибодат қиламан. Биринчи қадамни ташлагандан кейин иккинчи қадамни қўйинг. Шундай қилиб, аста-секин Худо билан бирга шошма-шошарликсиз юрадиган йулга тушиб оласиз.

ХУДО БИЛАН ШОШМА-ШОШАРЛИКСИЗ ЎТАДИГАН СОАТЛАР

  1. Қайси одатлар ёки руҳий машқлар ҳаётингиздаги шошқалоқликдан халос бўлишингизга ёрдам бериши мумкин? Қайси одатлар ёки машқлар ҳаётингизни тезлаштириб юбориши мумкин?
  2. Ушбу бобда берилган руҳий машқлар - ёлғиз қолиш ва сукут сақлаш ёки Худо билан мазмунли шахсий мулоқот (МШМ), етакчиларни бемалол тайёрлаш, тезликни камайтириш, суҳбатдошни тинглай олиш, уйқу ва Худонинг бошқарувини излаш – улардан қай бири сиз учун жозибалироқ? Нима учун? Қайсилари сиз учун қийиндек туюлади? Нима учун?
  3. Юқорида айтиб ўтилган руҳий машқларнинг қайси бирини бажаришга Худо сизни даъват қиляпти? Бу машқни қачондан бошлашни режа қиляпсиз? Ёрдам ҳамда ибодат орқали қўллаб-қувватлашини сўраб, кимга мурожаат қилмоқчисиз?

Книга на Узбекском языке: Жизнь без спешки  (Алан Фадлинг )

"Я нахожусь в процессе исцеления от зависимости. Не наркотической, нет, но не менее губительной: от спешки…" - с такого признания начинает свою книгу Алан Фадлинг и далее описывает собственный путь избавления от этого недуга, которым страдает современный мир, путь подражания ритму жизни Иисуса Христа.
Автор подтверждает, мы призваны работать. Продуктивность - не грех, но стремление всё больше повышать продуктивность нашего труда может сгубить нас. Как же найти баланс между нашим призванием работать и необходимостью отдыхать? В этой книге вы найдёте ответ на этот вопрос. По мнению автора, вечно спешащие люди лишь напрасно тратят силы, изматывая себя физически, эмоционально и духовно. То же самое происходит и с чрезмерно загруженными христианскими руководителями: они теряют духовные ориентиры, охладевают к молитве и упускают возможности, которые им предоставляет Бог. Автор предлагает брать пример с Иисуса Христа, Который, несмотря на интенсивное служение, вёл неторопливый образ жизни и уделял много времени уединенному общению с Отцом.



Shu bobni eshitish:


AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Турмуш ўртоғингиз нотўғри ёъл тутганда, Сиз тоғри ёъл тудинг (Лесли Верник)    Матонат соҳиби (Джош Макдауелл)    Бахтли оила (Абдулла Рашидов)    Zamonamiz durdonasi (Nikolay Boyko)    Худди Исо Каби (Макс Лукадо)    Уни Нажоткор деб аташлари таажжубли эмас (Макс Лукадо)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак