Shoshma-shosharliksiz hayot (Alan Fadling) 3 bob

Алан Фадлинг.  Шошма-Шошарликсиз Ҳаёт - (3-боб) Узбек тилида     

Shoshma-shosharliksiz hayot (Alan Fadling) Audiokitob Uzbek tilida.Книга на Узбекском языке

                         

Мундарижа 

КИРИШ

1 БОБ. БЕТАРТИБ ҲАЁТ

2 БОБ. ШОШМАЙДИГАН ШОГИРД

3 БОБ. САМАРАДОРЛИК: ШОШИЛМАСЛИК – ДАНГАСАЛИК ДЕГАНИ ЭМАС

4 БОБ. ВАСВАСАГА ШОШМАСДАН ҚАРШИ ТУРИШ

5 БОБ. ШОШМАЙДИГАН СЕВГИ

6 БОБ. ШОШМА-ШОШАРЛИКСИЗ ИБОДАТ

7 БОБ. ХОТИРЖАМЛИК: ЯРАТИШ СУРЪАТИ

8 БОБ. АЗОБЛАР: ШОШМАСЛИК ЗАРУРАТИ

9 БОБ. КОМИЛЛИК: КОМИЛЛИК ВАҚТ ТАЛАБ ЭТАДИ

10 БОБ. ШОШМА-ШОШАРЛИКСИЗ ҲАЁТНИНГ РУҲИЙ АМАЛИЁТИ

11 БОБ. АБАДИЙ ҲАЁТ


3 БОБ ШОШИЛМАСЛИК – ДАНГАСАЛИК ДЕГАНИ ЭМАС

Кичкина бола қизиб турган печкага яқин келса, эс-ҳуши жойида одам секин ҳаракат қиладими? Йўқ, болани ҳимоя қилиш учун у тез ҳаракат қилади. Бундай ҳолатда шошилиш жуда яхши.

Фавқулодда вазиятлар тез ҳаракат қилишни талаб этади. Буни тасдиқлаш учун Муқаддас Каломдан бир нечта оятларни келтиришим мумкин. Худо адолатли ҳукм чиқариб, Садўмни оловли ёмғир билан йўқ қилмоқчи бўлганида, шаҳарни тезроқ тарк этишлари учун Лут бўлажак куёвларини шошилтирган (қаранг: Ибтидо 19:14). Юсуф ҳам қурғоқчилик вақтида акаларини шошилтириб, уйга тез қайтишларини ва отасини олиб Мисрга, овқат бор жойга олиб келишларини айтган. “Тез бўлинглар, отамнинг олдига қайтиб боринглар, унга шундай деб айтинглар: “…кечиктирмай, йўлга отланинг” (Ибтидо 45:9). Фиръавннинг сарой аёнларидан баъзилари Мусо Худонинг номидан гапираётганига ишониб, ўз қулларини ва чорвасини дарров пана жойга олиб келдилар ва уларни офатдан сақлаб қолдилар (қаранг: Чиқиш 9:20). Кейинроқ, Худо бутун Миср халқини йўқ қилмасидан олдин Мисрликлар Исроил халқини тезроқ ерларидан чиқиб кетишга ундади (қаранг: Чиқиш 12:33). Ҳорунни Мусога қарши кўтарилган исёндан, гуноҳдан сақлаш учун Мусо Ҳорунга тезроқ қурбонгоҳдан олов олиб, халқнинг олдига боришни буюрди (қаранг: Саҳрода 16:46).

Фавқулодда вазиятларда шошилиш керак, бундай фавқулодда вазиятлар эса афсуски, бўлиб туради. Мисол учун, жароҳат олган ёки мазаси қочган кишини тезроқ касалхонага олиб бориш лозим. Ортга суриб бўлмайдиган муаммолар тезроқ кўриб чиқилиши ва зудлик билан ҳал қилиниши керак. Муаммо шундаки, ҳар қандай вазиятни, ҳатто ҳар куни бўлиб турадиган ҳолатларни ҳам фавқулодда ҳолат сифатида қабул қилиб, шошишга ўрганиб қоляпмиз. Бизнинг танамиз мунтазам равишда босим остида бўлиш учун яратилмаган, стресс эса руҳиятимиз учун фойдали эмас, бироқ вақтни бекорчилик билан ўтказиш ҳам ақлли қарор эмас.

ШОШИЛМАСЛИК - СУСТКАШЛИК БЎЛГАН ВАҚТ

Мен вақтни беҳуда совуришни назарда тутяпман. Худо бизни даъват қилган меъёрли ҳаёт суръатидан ташқари, яна бошқа турдаги шошилмаслик мавжуд, яъни Худонинг даъватига ва Унинг аниқ кўрсатган иродасига жавоб қайтаришда сусткашлик қилиш. Мазкур шошилмаслик мен бу китобда айтаётган шошилмаслик билан бир хил эмас. Бундай сусткашлик – нажот куни эртага эмас, балки бугун эканини англамасликдан бошқа нарса эмас. Шошилмаслик – Худонинг бошқарувига эътиборсизликни билдирмайди. Аксинча, Унинг овозига янада эътиборли ва сезгир қилади.

Шошма-шошарликсиз ҳаёт тарзи ҳақида гапирганда, мен вақтни бекорчиликда ўтказишни назарда тутганим йўқ. Ҳикматлар китобида бекорчиликдан сақланиш ҳақида кўплаб огоҳлантиришлар бор, улардан бири шундай:

Эй танбал, чумолиларга бир қара, уларнинг хатти-ҳаракатларини кўриб, доно бўл. Уларнинг на раҳбари, на назоратчиси, на ҳукмдори бор. Лекин улар ёзда озиқ тўплашади, ўрим пайтида дон-дун йиғишади. Сен-чи, танбал, қачонгача ухлайсан?! Қачон ўрнингдан турасан? “Бироз ухлай, бир мизғиб олай”, дейсан. Шунинг учун қашшоқлик йўлтўсардай, муҳтожлик қароқчидай устингга келади.

Ҳикматлар 6:6-11

Меҳнаткаш инсон ишнинг охирига етган пайтда ишга шижоат билан берилмаганни танбал дейишади. Олтин ўрталикни қандай топиш мумкин? Шоҳ Сулаймон самарадорликни ер юзидаги энг кичкина жонзот – чумолидан ўрганишни маслаҳат беради. Чумолилар қишда очликдан нобуд бўлмаслик учун ҳеч ким айтмаса ҳам ёзда озуқа тўплашади. Чумолилар сусткашлик қилишмайди, бугун қилиш мумкин бўлган ишни “сал кейинроқ қиларман”, бироз дам олай, деб эртанги кунга қолдиришмайди. Бугун қилинадиган ишни айни пайтда шошмасдан қилиш мумкин.

Солиҳликка оид тинчлик билан вақтни беҳуда ўтказиш бир-бирига зид тушунча. Бекорчилик фойдали эмас, балки зарарли, шунинг учун Худо ҳам буни маъқулламайди. Шундай экан, Худонинг тинчлигида нафас ростлаш ва дам олиш учун югуриш йўлакчасидан четга ўтиш ёки тез ҳаракатланадиган қатордан четга чиқиш ҳақида ўйлаб кўришни маслаҳат бераман. Худо билан бамайлихотир ўтадиган бундай сайрни танбаллик деб бўлмайди. Бошқалардан фарқли ўлароқ, Исо Самовий Ота билан мулоқотда бамайлихотир вақт ўтказиш кераклигини билган. Исога қандай таъриф берганимиз ёдингиздами? Беташвиш, деган эдик, беташвишлик эса танбалликни билдирмайди. Беташвиш одам эътиборли ва ҳушёр бўлиши мумкин. Спортчи старт чизиғида югуришга шай, шу билан бирга хотиржам туради. Исонинг намунаси Худо билан бирга вақт ўтказиш – ҳақиқий дам олиш манбаи эканини кўрсатади.

Исонинг илоҳий ҳолати ҳамда намунасига қарамай, биз шошилмаслик ва танбаллик ўртасига тенглик белгисини қўйишда давом этяпмиз. Мисол учун, Жеральд Мэйнинг айтишича, юқори натижаларга эришишни мақсад қилиш бизни дам олишга худди йўл қўйиб бўлмайдиган худбинликка, масъулиятсизликка ва танбалликка қарагандек қарашга мажбур қилади: “Дам олишнинг зарурлигини англаган ҳолда, биз энди унинг қадрини бундай баҳоламаймиз; биз учун дам олиш – яна куч тўплаб олиш имкониятидир”. Шошилмаслик танбалликни англатмайди. Раббимиз энг юқори даражада эътиборли, меҳнаткаш, аниқ мақсадли ва масъулиятли бўлган.

Бренда Юланд солиҳликка оид тинчлик билан вақтни беҳуда сарфлаш орасидаги фарқни қуйидагича изоҳлайди:

Агар сизнинг бўш вақтингиз шубҳа-гумонлар, ташвишлар, бўкиб овқатланиш ёки ҳаддан ташқари жисмоний чарчашга бағишланса, бундай “нафас ростлаш”ни фойдали ҳам, самарали ҳам деб бўлмайди. Кўпчилик одамлар ижодий машғулотга алмаштирадиган вақтни беҳуда ўтказиш (масалан, ўйламасдан кераксиз нарсаларни нашр қилиш) ҳам бефойда.

Вақтни беҳуда совуриш дам олиш, тетиклашиш, илҳом олишга имкон бермайди, мулоҳаза қилишга йўл қўймайди, ҳаётий қувватни қайта тикламайди.

УМИДСИЗЛИК: ВАҚТНИ БЕҲУДА СОВУРИШ

Вақтни беҳуда ўтказишнинг кўпчилик эшитмаган яна бир тури – умидсизликдир (ингл.acedia). Acedia сўзи юнонча a – (эмас) ва keedos (севиш) сўзидан келиб чиққан. Моҳиятан, умидсизлик – сева олмасликдан бошқа нарса эмас. Бу ўзига хос зерикиш тури бўлиб, бизни йўлнинг ўртасида, илҳом бахш этувчи старт чизиғи билан марра чизиғини кесиб ўтишдаги хурсандчилик ўртасида пойлаб туради. Иш вақтининг ўртасида ҳам, ҳаёт йўлининг ўртасида ҳам, спорт тадбирлари ўртасида ҳам ёки катта ишни тугатиш арафасида ҳам биз таслим бўлишга, қўл силташга ёки воз кечишга тайёрмиз.

Умидсизлик бизнинг қулоғимизга: “Қаерда бўлса ҳам майли, фақат бу ерда эмас!”, деб шивирлаб, олисдаги хаёлий нарсалар учун бугунги ҳаётимиздан воз кечишга ундайди. Умидсизлик бизни хаёлот оламига жалб қилишга, ўзимизда бор бўлган нарсалардан қувониш ўрнига, эга бўлишимиз мумкин бўлган нарсалар ҳақидаги васвасага берилишга ундайди. Тан оламан, бундай умидсизлик - шошмасдан ҳаракат қилишдек кўринади, лекин умидсизликнинг илдизи бесаранжомлик, ташвишланиш ва албатта, юракнинг мунтазам безовталигидир.

Кэтлин Норрис ўзининг “Acedia and Me” («Севгисизлик ва Мен») китобида шундай таъкидлайди: “Бугунги кунда бизни қийнаётган кўплаб туйғулар – номаълум соғинч, ҳақиқатдан қочиб кетиш истаги, турли хил фобиялар ва иложсизликнинг фалаж қилувчи истаклари – буларнинг бари қадимий кийимларни замонавий либосга алмаштириб қўйган умидсизлик руҳидир”. Бу сизга таниш, тўғрими?

Эрамизнинг IV асрида яшаган масиҳий илоҳиётшунос, византиялик файласуф ва роҳиб Евагрий Понтийский бизга бир қанча қимматли маълумотлар қолдирган. Унинг ёзганларига кўра, умидсизликдан азоб чекаётган инсоннинг назарида “қуёш жуда секин ҳаракатланаётгандек ёки умуман силжимаётгандек, кун эса эллик соатдан иборатдек туюлади. Кейин умидсизлик руҳи уни мунтазам деразадан қарашга ва тўққиз бўлишига яна қанча қолганини билиш учун қуёшга қарашга ва атрофида биродарларидан ҳеч ким йўқлигини текшириш учун бошини кўтаришга мажбур қилади. Бундан ташқари, бу руҳ роҳибни танланган жойига, ҳаёт тарзига ва қилаётган ишига нисбатан нафрат уйғотишга ҳамда севгининг сўниб қолганига ва унга тасалли берадиган ҳеч ким йўқлигига ишонтиришга уринади”.

Тушкунлик бизни бефарқлик ва хаёлпарастликка берилишга ундайди ёки “майсалари яшилроқ” бўлган қўшни ўтлоққа жалб қилади. Нима бўлса ҳам фақат ҳозир ва шу ерда бўлмасанг бўлди. Мен бу ҳолатни руҳий чарчоқ, иштиёқнинг йўқолиши деб атаган бўлардим, бироқ бизда жадал ҳаёт маромини секинлаштирувчи ва Худо билан ёлғиз қолиш истагини уйғотувчи ягона туйғу ҳам мана шу. Раббимиз доимо биз билан бирга, тўғри, биз ҳар доим ҳам бу руҳий ҳақиқатни англаб етавермаймиз. Аксарият ҳолларда, биз худди Худо мавжуд эмасдек ёки У шунчалик узоқдаки, Унинг мавжудлиги аҳамиятсиздек ўзимизни тутамиз.

Руҳий заифлик, яъни тушкунлик бизни руҳий қонун қоидаларни зерикарли деб ҳисоблашга ва унга сарфланган вақтга ачинишга мажбур қилади. Натижада, руҳий ҳисларимизни йўқотамиз ва абадий ҳаёт – бизнинг бугунги кундаги ҳақиқатимиз эканини унутамиз. Ҳар бир кунни чексиз абадиятнинг бир лаҳзаси сифатида қабул қилиш орқали айни пайтда Худо бизга ишониб топширган хизматни шошилмасдан, шошма-шошарликсиз бажаришимиз мумкин. Ўзининг масъулиятига эътиборсизлик билан қараш ва шу билан бирга Худога бефарқ бўлиш инсон табиатига хос. “Истамайман” ибораси бизнинг бутунлай бефарқ эканимизни ифодалайди.

Умидсизлик – бугунги кундаги марҳаматларни қадрлай олмаслик экан, умидсизликка қарши синовдан ўтган восита бизнинг севимли ва ёқтирган ишимиз бўлиб келган ва ҳозир ҳам шундай. Биз умидсизлик васвасасига қарши турамиз ва узоқ-узоқлардаги тасаввур қилиб бўлмайдиган қандайдир ажойиб нарсаларни қидирмаймиз, бироқ ҳозир, шу ернинг ўзида ижобий томонларини кўришга ҳаракат қиламиз. Роҳиб ва профессор Колуба Стюарт шундай деган: “Авлиё Бенедикт бир-бирига хизмат қилиш, ўзаро итоакорлик, меҳнат, руҳий устозлик ва ҳар йили бўладиган Буюк рўза маросими роҳибларни кундалик ҳаётдаги зерикишлардан қутқариш усули эканини таъкидлаган”. Яхши нарсаларни янада яхшироғига алмаштириш ҳақидаги беҳуда орзуларга берилмасдан, сизга берилган нарсалардан завқланиб яшаш керак.

Қисқаси, умидсизликнинг акси – севги, Масиҳга бўлган садоқат, бошқа одамлар ҳақида чин юракдан қайғуришдир. Фикрларимиз чалкашиб кетишига йўл қўйсак, руҳий заковатни йўқотамиз ёки ўзимизнинг бошқа ўткинчи табиатимиз, шаҳват, ҳасад ва очкўзлик билан солиҳ ниятларимизни қуритамиз.

Баъзан иш кунимнинг ўртасида умидсизлик руҳи келиб, қулоғимга шивирлай бошлайди: “Қара, маърузалар ва бўладиган семинар устида қанчалик кўп ишладинг. Янги куч, янги ғайрат билан эртага яна давом этганинг яхши эмасми? Унгача ўзинг севган бир-иккита интернет сайтларга кир. Фейсбук ва Твиттердаги янгиликлардан хабар ол. Сенинг блогингга кимлар кирганини текшир. Қисқа танаффус қилиб, ўзинг севган видео ўйинлардан бирини ўйнаб, дам ол”. Умидсизлик руҳининг фосиқ, бефойда, кераксиз маслаҳатига кириб, Худо мана шу кун учун менга берган фойдали ва керакли ишни тўхтатаман.

Умидсизликнинг менга берган фикрларини рад қилиб, Худо Руҳининг ҳаёт бахш этувчи малҳамидан қувват оламан. Галатияликларга мактубнинг 5-бобида ҳаворий Павлус аввал Муқаддас Руҳга қаршилик қилиш ва У билан алоқани узиш орқали намоён бўладиган “танавий ишлар” ҳақида гапирган (буларга тўхталиб ўтирмаймиз), кейин эса Муқаддас Руҳнинг самараси ҳақида айтган:

Севги. Муқаддас Руҳсиз мен бепарво ва худбин, нафратланадиган ва нафратга учраган, бефарқ ва эътиборсиз бўлиб қоламан. Ким мен учун чиндан қадрли эканини англаб етмайман. Мен учун ким ҳақиқатан аҳамиятли эканини билмайман. Севги шошқалоқлик қилмайди.

Қувонч. Муқаддас Руҳсиз мен тушкунликка тушаман, солиҳликдан завқланиш ўрнига аччиқ туйғулар пайидан бўламан. Суст, ҳатто беғам ва бепарво бўлиб қоламан. Қизиқишим сусаяди ва завқланиш учун қилган уринишларим қувонч келтирмайди. Қаердан куч оламан, ҳақиқий завқ манбаини қаердан топаман?

Тинчлик. Муқаддас Руҳсиз мен ташвишланаман ва хавотирга тушаман, нотинч бўламан ва зўриқаман, ҳолдан тояман ва чарчайман. Менга тинчлик ва хотиржамликни нима беради? Тинчлик – шошилмасликнинг ҳосилидир.

Сабр-тоқат. Муқаддас Руҳсиз мен осонликча назоратни йўқотаман. Бир зумда бетоқат бўлиб, ғазабга тўламан. Ҳар қандай арзимаган нарсалар ҳам мени мувозанатдан чиқариши мумкин. Сабр-тоқат – шошқалоқликка қарши малҳамдир.

Яхшилик. Муқаддас Руҳсиз мен атрофдагиларга оддий яхшилик қилишга ҳам қодир эмасман. Мен шафқатсиз, қўпол ва ҳиссиз бўлиб қоламан. Ҳақиқий яхшилик шошилмасликни талаб қилади.

Меҳр-шафқат. Муқаддас Руҳсиз менинг яхшиликларим ўзига ишончга айланади. Мен ўзимни миш-миш гаплардан тия олмаслигимни, носоғлом турмуш тарзим туфайли соғлигим ёмонлашаётганини сезаман. Меҳр-шафқат – ҳақиқий ва ягона яхши бўлган Зот – Худо билан шошмасдан мулоқот қилишнинг самарасидир.

Имон. Муқаддас Руҳсиз мен асабий, ҳиссиётга берилувчан ва беқарор бўлиб қоламан. Садоқат – ўзгармас содиқликни ҳамда кўзланган мақсад учун ўзини бағишлашни ифода қилади.

Юмшоқлик. Муқаддас Руҳсиз мен қўпол ва жаҳлдор, талабчан ва қаттиққўл бўлиб қоламан. Юмшоқлик шошқалоқлик нима эканини билмайди.

Ўзини тутиш. Муқаддас Руҳсиз мен ўзимни назорат қила олмайман. Мен ўйин-кулгининг қулига айланаман, ҳукмронлик қилишга ҳаракат қиламан ва бефойда ишларни қиламан. Ўзини тутиш мени барча истакларимни амалга оширишга уринишдан сақлайди.

Биз Худо билан ва бошқа инсонлар билан муносабат қилиш учун етарлича вақт ажратганимизда ҳамда эътиборли бўлганимизда Муқаддас Руҳнинг ҳақиқий самарадорлиги намоён бўлади. Руҳий мустаҳкам илдиз отиши учун менга Худо ҳамда инсонлар билан муносабатимга кўпроқ вақт, шошмайдиган вақт керак. Айнан мана шу ҳақиқат Никодимнинг Исога қилган мурожаатида ўз ифодасини топган: “…Агар Худо Сиз билан бўлмаганда эди, Сиз бундай мўъжизаларни қила олмас эдингиз” (Юҳанно 3:2). Никодим Исонинг ишларида Худонинг марҳаматини кўрган. Аслида эса, Исода Отанинг ишлари ҳамда Муқаддас Руҳнинг самараси намоён бўлганди.

Умидсизлик сизни ҳолдан тойдиргандек туюлмаяптими? Агар шундай туюлаётган бўлса, тўхтанг. Қулоқ солинг, ўзингизга шундай савол беринг: “Мен билан содир бўлаётган нарсаларда қандайдир яхши нарсаларга эътиборсиз қолмаяпманми? Миннадорчилик билдириш лозим бўлган нарсаларни, қувонишим ва яқин дўстимга айтишим керак бўлган нарсаларни ўтказиб юбормаяпманми? Мисол учун, аввалига зерикарли кўринган ҳозирги ажойиб ишим ҳақида?” Диққат билан қаранг, енгингизни шимариб, бу марҳаматли ишни Худо билан бирга бошланг.

ЎТА БАНД БЎЛИШ НАҲОТКИ САМАРАЛИ БЎЛСА?

Бозор иқтисодиёти даврида омон қолиш ҳақида гапириб, Карл Оноре ўзининг “Оворагарчиликсиз: қандай қилиб шошқалоқликдан воз кечиш ҳамда яшашни бошлаш керак” номли китобида шундай деган:

Албатта, ишда тезлик муҳим аҳамият касб этади. Ишни тугаллашнинг сўнгги муддати эътиборли бўлишга ёрдам беради ва яхши натижага эришишга ундайди. Муаммо шундаки, бизларнинг кўпчилигимиз фавқулодда ҳолатга берилиб, ўзимизни бўш вақтдан, секинлашишдан ва янги куч тўплаб олиш имкониятидан маҳрум қиламиз. Стратегик режалар тузиш, ижодий фикрлаш, ўзаро муносабат қуриш каби шошмасдан ёндашиш зарур бўлган ишларга эса вақтимиз йўқ, буларга ажратилиши керак бўлган вақт эса аҳмоқона ишларга, орқада қолиб кетмасликка ёки шунчаки ўзини банд қилиб кўрсатишга сарфланади.

Меъёрий ҳаёт тарзи бизга тезроқ ва самаралироқ ишлашимиз керак бўлган ҳолларда ҳам халақит қилмайди. Қўл қовуштириб ўтиришдан ҳеч қандай фойда йўқ. Бу ҳаммага маълум. Ўзини ортиқча босимларсиз яхши ишлайдиган механизм каби ҳис қилиш яхши. Ўз ваҳийини англаш ва Худонинг даъватига ҳам руҳан, ҳам жисмонан тўлиқ бағишланишдан келадиган роҳатни ҳеч нима билан таққослаб бўлмайди. Биз газ тепкисини охиригача босганимизда муаммолар пайдо бўлади, шу билан меъёрий ҳаёт тарзининг аниқ талабларига жавоб бера олмаймиз.

Мен ва бошқа кўплаб инсонлар учун меъёрий ҳаёт тарзининг унчалик ҳам жозибали туюлмаслигининг асосий сабаби – “самарасиз” бўлиб қолиш ёки “Худо берган имкониятларни” қўлдан бой беришдан қўрқишдир. Қанчалик ғалати бўлмасин, ўзини бундай тутиш натижасида амалдаги иш унчалик ҳам самара бермаслигига амин бўлдим. Баъзан эшитиб қоламиз: “Камроқ – демак кўпроқ”. Баъзан эса кўпроқ – демак камроқ. Шундай ҳолатлар бўладики, биз қанчалик кўп ишласак ҳам натижа кам бўлади.

Ўта банд бўлиш муаммоси Исо билан яҳудий раҳнамолар ўртасидаги тортишувни ёдимга солди. Яҳудий раҳнамолар Исони шанба куни одамларга шифо бериб, ишлаганликда айблашган эди. Исо уларга шундай жавоб қайтарган: “Менинг Отам шу кунгача Ўз ишини қилиб келяпти, Мен ҳам Ўз ишимни қиляпман… Сизларга чинини айтайин: Ўғил Ўз-ўзидан ҳеч нарса қила олмайди. Фақат Отасидан кўрган ишларни қилади. Осмондаги Ота нималарни қилса, Ўғил ҳам худди шуларни қилади” (Юҳанно 5:17, 19).

Исо Ўзини Отанинг Шогирди деб ҳисоблаган ва барча ишларда Унга тақлид қилган. У ҳеч қачон Ўзи истаганини қилмаган. Исо нима қилган бўлса ҳам аввал Отанинг ишларини текширган. Шунинг учун, иш билан ўта банд бўлишим нодонлигимдан далолат беради, деб ўйлайман. Агар хизматда ўз фиркларимга таянсам, ўзимни Исонинг издоши деб аташга ҳаққим борми? Отанинг нима қилаётгани, қандай қилаётгани билан қизиқиб кўришни унутиб қўймаяпманми? Менинг қўл остимдаги инсонларга нисбатан Унинг мақсади нима эканини биламанми? У истаганидек ҳаракат қиляпманми ёки билмаган ҳолда Унинг иродасига қарши ҳаракат қиляпманми? Қайсидир ишларни қилишда ошириб юбормаяпманми, кейин Худо бу ишларимни қайтадан тўғрилаб чиқишига тўғри келмайдими?

Исо Ўз истаганини қилмай, Отага тақлид қилган, деган фикр мени Исонинг менга ҳам тегишли бўлган сўзлари ҳақида ўйлаб кўришга мажбур қилади: “…Менсиз ҳеч нарса қилолмайсизлар” (Юҳанно 15:5). Мен Худо учун ҳамма нарсага тайёрман, токи У мен учун тайёр қилиб қўйган барча эзгу амалларни қилайин ва У менда, мен орқали ва менинг атрофимда қилаётган ишларини охирига етказсин. Муаммо шуки, У айнан нимани мақсад қилганини биламанми? Усиз қулоғимгача ишга ботишим мумкинлигини, бироқ бундан фойда жуда камлигини сездим. Ўта даражада банд бўлишим – бенуқсон эмаслигимнинг яна бир исботидир.

Исонинг хизматларидан ҳеч қандай ортиқча изоҳ талаб қилмайдиган яна бир ғаройиб хусусиятни билиб олдим: Исо қилган барча ишлар одамлар билан боғлиқ эди. У одамларга таълим берди, шифолади, нопок руҳлардан озод қилди. Шубҳасиз, самарали меҳнат инсонлар учун хизмат қилади. Унда нима учун менинг ўта бандлигим одамларга ҳам уларнинг эҳтиёжига ҳам боғлиқ эмас? Менинг муҳим ишларимнинг аксарияти умуман ҳеч кимга керак эмас. Бефойда меҳнат – қоидага кўра, самарасиз меҳнатдир. У ҳолда, менинг бу ишимни бир зарра олтин топиш учун катта чуқур қазишга тенглаштирса бўлади.

Замонавий технологиялар ҳамда илғор илмий-техник тараққиётлар туфайли янада самарадор бўлдикми? Вэнди Вассерштейн ўзининг “Танбал” китобида шундай савол берган: “Ниҳоятда банд, ўта фаол раҳбарлар аслида қандайдир янги нарса яратишдими? Янги ҳокимият, жамият уларнинг ўзлари қилиши лозим бўлган вазифаларни бажаришяптими?” Уларни кўрган одамда “қаттиқ меҳнат қиляпти, қулоғигача ишга кўмилгани учун доим уйқусираб юради”, деган таассурот уйғонади. Баъзи қилаётган ишларимиз оҳакка сув қуйишдек гап. Қолаверса, қанчалик ғалати бўлмасин, бундай зўриқишни фойдасиз дейиш мумкин. Бажарилган ишнинг кўлами ҳайратга солиши мумкин, лекин на ижодий завқ, на қувонч келтирмайдиган бундай нарсалар тиним билмай ишлашга арзийдими? Мана шу нуқтаи назардан, айрим муҳим ишлар бефойда бўлиши мумкин.

Таққослаш учун Доминикан Республикасининг Кордильер тумани ғарбида жойлашган кичкинагина қишлоққа қилган сафар таассуротларимни айтиб беришим мумкин. Дўстим иккимизни бир ёш оила қучоқ очиб кутиб олди. Уларнинг уйи оддий уй бўлиб, Сьеага-де-Манабао деган жойда эди. Уларнинг кичкина, жуда ихчам уйи бетон плита устига қурилган эди. Уйнинг рандаланмаган ёғочдан ясалган деворлари тўқ яшил рангга бўялган, катта тунука эса том вазифасини ўтарди. Уйдаги жиҳозлар ва бошқа анжомлар оддий, лекин дид билан ясалган эди. Етти кишидан иборат оила яшайдиган бу уйнинг умумий майдони Америкадаги кўплаб уй бекаларининг ётоқхонасидан ҳам кичик эди. Уй бекаси Элли бизни гуруч, ловия ва товуқ гўштидан тайёрланган овқат билан меҳмон қилди (бу товуқ биз келмасимиздан сал олдин ҳовлида юрган эди). Бу таомни гулханда пиширишган.

Менинг таржимон дўстим Сэмюель Эллининг турмуш ўртоғи Хулиодан шароитлари бор ҳамда ривожланган шаҳарга кўчиб ўтиш истаги бор йўқлигини сўради. Хулио унга тахминан шундай жавоб қайтарди: “Менга бу ерда ҳукм сурадиган осойишталик ва хотиржамлик ёқади. Оиламда керакли барча нарсалар бор. Болаларимнинг атрофида уларни севадиган инсонлар бор, улар билан мулоқот қилишим учун вақтим етарли эканидан мен ҳам хурсандман. Бой одамлар қишлоғимиздан ер сотиб олиб, дам олиш кунлари келиб дам олиш учун катта уйлар қуришяпти. Мен эса шу ерда яшайман ва улар билан ўрин алмашиш ниятим йўқ”.

Мен бу инсонларнинг оддий ҳаётини бўрттириб кўрсатмоқчи эмасман. Уларнинг айримлари ўта ночор бўлиб, тирик қолиш учун ёрдамга муҳтож. Жуда кўпчилигининг тиббий ёрдам олиш имкони йўқ. Аргентинада, Буэнос-Айрес шаҳридаги камағаллар орасида яшайдиган ва ишлайдиган дўстим маҳаллий аҳолининг шошиб юриши ва беҳуда ишлар билан шуғулланишини кўп жиҳатдан тирик қолиш зарурати билан боғлиқ, деб ҳисоблайди. Албатта, ҳамма камбағал одамларнинг ҳаёти бир хил демоқчи эмасман, лекин Хулио ва Эллининг ҳаётини қўрқмасдан самарали ҳаёт деб айта оламан. Кимлар учундир оддий ва аҳамиятсиз кўринса ҳам улар ажойиб натижаларга эришган. Улар хотиржамлик ва қувончни сақлаб қола олдилар. Бизнинг саволларимизга жавоб берар экан, Хулио рафиқасини қучиб қўйди, мана шу оддий амалнинг ўзиёқ бу жуфтлик жуда кўп америкаликлар эга бўлмаган катта бойликка – ҳаётдан, инсонлардан, ҳатто Худодан лаззат олиш имконини берувчи бўш вақтга ва осойишта жойга эга эканини кўрсатади.

Бу ёш оила билан суҳбатлашар эканман, доимий шошилиб юришим сабабли ўзимни қанчалик чалкашиб кетганимни англадим, чунки бир инсонга зарур бўлганидан ҳам кўпроқ нарсаларга эга бўла туриб, аслида ўта ночор эканимни тушундим. Оломон орасида турган йигитга Исонинг айтган сўзлари нақадар тўғри экани менинг хулосаларим қанчалик ачинарли эканини тасдиқлади: “Эҳтиёт бўлинглар, ўзингизни ҳар қандай очкўзликдан сақланглар. Зеро, инсоннинг умри мол-мулкининг кўплигига боғлиқ эмас” (Луқо 12:15). Фаровон ҳаёт, мўл-кўл ҳаёт, мазмунли ҳаёт – кўпроқ моддий бойликка эга бўлиш дегани эмас. Лекин мен яшаётган жамият айнан мана шу бойликлар ҳаётимизни яхшилашига ишонади. Маданиятнинг бундай ишончига ҳеч ким шубҳа қилмагани учун кўпроқ пул топиб, моддий аҳволимни янада ўнглашим ҳаётимни яхшилайди, деган мақсадда бойликка эга бўлиш учун янада кўпроқ ишлашимга тўғри келса ҳам камдан-кам ҳолларда ўзимга бу саволларни бераман. Кўпроқ нарсаларга эга бўлишга уриниш шошилишга ундайди.

Бизда бор бўлган барча бойликка қарамай, ўзимни ва бошқа кўплаб америкаликларни қанчалик қашшоқ эканини ангаб етиш учун уйимдан минглаб миль узоққа боришимга тўғри келди. Роберт Бэнкснинг сўзларига кўра, “Моддий бойликлар туфайли АҚШ жамияти вақтнинг етишмаслигидан қийналади. Бу пайтда учинчи оламнинг кўплаб мамлакатлари бунинг акси – вақти кўп, лекин молиявий аҳволи ночорлигидан қийналмоқда. Бундай мамлакат одамлари ҳеч қаерга шошилмайдилар. Улар агар керак бўлиб қолса, бирон ишни қилиш учун етарли вақтлари борлигига ишонч билан яшамоқдалар”. Ҳа, ночор инсонлар менда бор бўлган имконият ва қулайликларга эга эмасдир, бироқ бўш вақтга бой. Биз, биринчи олам фуқароларига охири йўқ шошқалоқнинг асл қадрини англаб етиш вақти келди.

ЖАМОАТДА ҲАМ ВАҚТНИ БЕҲУДА ЎТКАЗИШ МУМКИНМИ?

Масиҳийлик хизмати ҳақида гап кетганда, баъзан жамоатга келганларга турли хилдаги топшириқлар ва масъулиятлар юклаб қўйишга ҳаракат қилаётгандек туюлишини тан олишимиз керак. Генри Нувен ўзининг “In The Way of the Heart” («Юракка элтувчи йўл») китобида бошқа мақсадни таклиф қилади:

“Асосийси, кўпинча сезилмаса ҳам Худонинг ҳузури чиндан мавжуд эканлигига эътибор беришда одамларга ёрдам бериш керак. Шунинг учун, жамоат етакчилари олдида турган вазифа одамларни банд қилиш эмас, балки уларни Худонинг шивирлаб айтган сўзларини эшитишга тўсқинлик қиладиган ўта бандликдан сақлашдир”.

Худони эшита олиш лаёқатигина самарали яшаш ва меҳнат қилиш имконини беради. Ҳаддан ташқари бандлик кутилган самарадорликни йўққа чиқариши мумкин.

Нувеннинг сўзлари жамоатда кенг қўлланилаётган амалиётга мос келмаётганлиги тасдиқланмоқда. Шундай бўлсада, қаердаки бўлмасин иложи борича, бизни шошилишдан сақлайдиган ва Худонинг овозига эътиборли бўлишимизга имкон берадиган руҳий амалиётни ривожлантириш лозим. Шошма-шошарликсиз ҳаёт тарзи бизга нафақат ҳақиқий нарсаларни, балки беҳудалик ортида турган, бизда ва атрофимизда Худо қилган ишларни кўрсатади. Худо билан мунтазам равишда ёлғиз бўлиш мени ҳақиқий ҳаётга қайтарди. Одатда, “ҳақиқий ҳаёт” деганда мен қиладиган ишларимни, электрон ёзишмаларни, ҳисоб-китобларни, режалар ва ҳар куни бажарадиган бошқа майда ишларни тушунаман. Лекин ҳақиқий ҳаёт – Исонинг Ўзидир. Исо билан муносабатдаги ҳақиқий ҳаёт бизнинг олдимизда абадийликка ва чексиз маконга йўл очади, унда озодликнинг чегараси йўқ. Ҳақиқий ҳаёт чексиз ва шошма-шошарликсиз ҳаётдир. Шошқалоқлик дунёқарашимни ўзгартириб, мени асосий нарсани иккинчи даражали нарсадан ажрата олмайдиган қолоқ инсонга айлантиради.

Бу фикрлар менга кўп йиллар давомида ўта бандликда ўтган вақтига ачинишларини ортиқ яширмайдиган инсонларни эслатади. Улар бир неча йиллар давомида ваъда қилинган руҳий етукликка, масиҳийча мукаммалликка эришиш умидида садоқат билан хизмат қилишган, натижада эса, бундай бандлик Руҳда ўсишларига ҳамда Раббимиз билан мустаҳкам муносабатга эришишларига ёрдам бермади. Бундай пушаймонлик уларнинг меҳнатлари руҳий ҳаётни ривожлантиришга қаратилмаганини кўрсатади. Бир чўпон шундай тан олади:

“Кўплаб инсонлар Худони топиш учун жамоатга келаётганларини кўриб, хурсанд бўламан… Лекин бу ҳолат менинг омадли чўпон эканимни билдирадими? Эҳтимол ҳа, эҳтимол йўқ. Буни омад дейишим билан бирга муаммоларим ортди, деб айтишим мумкин”.

Баъзи пайтларда ўта бандлик шундан далолат берадики, кўпчилигимиз нимадир қилаётганимизда ўзимизни яхши ҳис қиламиз. Бироқ, бандлик – бу ҳали самарадорлик, дегани эмас. Жеральд Мэй қуйидаги кузатувларини маълум қилади:

Бугунги кунда кўпчилигимиз самарадорлик учун, айвонда сояда дам олиш учун ибодат қилганимизда, бу бизга эҳтиётсизлик, масъулиятсизлик, бекорчилик, ҳатто худбинлик бўлиб кўринади. Дам олишнинг зарурлигини англаган ҳолда, биз энди уни қадрият деб ҳисобламаймиз; дам олиш биз учун – янада самаралироқ бўлиш учун куч тўплаб олиш имконияти, холос.

Бизларнинг кўпчилигимиз қилишимиз керак бўлган ишлар рўйхатини кўздан кечириш орқали ўзимизни аҳамиятли эканимизни ҳис қиламиз. Шунинг учун, бизга мутлақо нотаниш бўлган бир дақиқалик дам олишни катта қийинчилик билан ўзимизга раво кўрамиз.

Таъкидлаб ўтганимдек, самарали меҳнат – самарали дам олиш маҳсулидир (бу ҳақда еттинчи бобда кенгроқ тушунтириб бераман). Афсуски, бу усул мен учун ҳам ўзим амал қилмайдиган энг яхши усулдир. Ўзимча, шон-шуҳрат учун кўп меҳнат қилдим, деб ўйлайман, аслида эса, қандайдир арзирли иш қилиш ўрнига айлана бўйлаб югурдим, холос.

XX асрнинг энг машҳур ва нуфузли инглиззабон ёзувчиларидан бири, монах-траппист* Томас Мертон ҳам бу мавзуни эътибордан четда қолдирмаган:

Агар бизнинг хатти-ҳаракатларимиз Худога хизмат қилишга қаратилган бўлса, бу эзгу мақсадимиз бутун вақтимизни ва кучимизни йўққа чиқаришига йўл қўйиш орқали ўзимизга зарар қилишдан кафолатланганимизни билдирмайди. Хизмат қилиш фойдали ва зарур, бироқ бу хизматлар ўта кўпайиб кетганида, руҳий мувозанатни йўқотамиз, ибодатимиз совийди, бағритош бўлиб қоламиз ва илоҳий тамойилларни кўриш қобилиятимиз йўқолади. Бундай бағритошликка йўлиқмаслик учун жиддий ҳаракат қилиш ва шу билан бирга йўқотишлардан қўрқмаслигимиз керак.

*Траппист – 1664 йилда пайдо бўлган католик монахлик нишони аъзоси, ўта қатъий низомга эга.

Чарчоқлик юракни тошга айлантиради. Одатда, тиним билмай ишлайдиганлар кўпроқ атеросклероз (артерия қон томирининг торайиши) касаллигига учрайдилар. Бундай даражада кўп ишлаш бизнинг руҳий қалбимизни ҳам қаттиқлаштириши мумкин. Лекин бизнинг хатти-ҳаракатларимиз Худога хизмат қилишга қаратилган, деб ҳисобласак, нима қилишимиз керак? “Раббимиз учун ҳолдан тойиш” каби бундай вазиятга тушиб қолганда нима қилиш лозим? Нима учун бундай вазиятга тушиб қоламиз?

Баъзан бундай чалкашликда ўзимизни айблаймиз – қилаётган ишларимиз кимлигимизни намоён қилади. Иш бизнинг шахсимизни намоён қилади, бироқ шахсимизни белгиламайди. Бирламчи шахсни иккиламчи шахсга алмаштириш носоғлом фаолиятга ва қалбимиз учун ҳалокатли тузоққа олиб келиши мумкин. Бундай ўта фаоллик бир қатор натижалар билан лол қолдириши мумкин, бироқ юрагимизни тошга айлантириш орқали Муқаддас Руҳнинг фаолияти ҳамда қилган барча меҳнатимизни тўғри баҳолаш туйғусини сусайтиради. Сўзларимнинг тасдиғи сифатида Худонинг майдонида ҳолдан тойган бундай етакчиларнинг ҳаётида Муқаддас Руҳнинг қайси самаралари етишмаётганини эслатиб ўтмоқчиман. Албатта, булар сабр-тоқат, меҳр-шафқат, тинчлик ва мулойимлик.

Масиҳийча хизматларимиз миқдори руҳий етукликка беэътибор қолиб кетишга арзийди, деб ўйлаймизми? Бизнинг ютуқларимиз ортида Худонинг Руҳи турмаганини ҳамда бизнинг “ҳосилимиз” шубҳали эканини билиб туриб ҳам юзаки муваффаққиятимиздан қониқишга тайёрмизми?

Томас Мертон бизларнинг ҳар биримиз учун Худо тайёрлаб қўйган шошма-шошарликсиз ҳаёт инъомидан бехабар бўлганлар ҳақида гапириб, нима учун шундай эканини изоҳлаган:

Бундай шижоатли масиҳийлар ўзлари муҳим деб ўйлаган хизматга ўта фаол берилишади. Хизматга жон-жаҳди билан киришиш, ҳар доим янги муваффақиятларни англаш, янги, кўзга кўринадиган ва сезиларли натижаларга қониқмаслик ортидан улар ўзларини бир вақтда ўнлаб хизматларни қилмасалар Худога нима маъқул келишига ишона олмайдиган даражага олиб келишади. Баъзан улар шунчалик банд бўлганларидан ҳатто ибодат қилишга ҳам вақтлари йўқлигини айтиб, шикоят қилишади. Улар ўзларининг ёлғонларига шунчалик берилиб кетишганки, ҳатто кўз ёшлари сохталигини ҳам англаб етишмайди. Улар нафақат янги янги масъулиятларни зиммаларига олишади, балки ўзларини яна нима биландир банд қилиш учун доимо изланишади.

Мен ўзим ҳам энг аввало “Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродаси” пайидан бўлишдан олдин Унга хизмат қилишга интилаётганларнинг биттасиман. Исонинг “Сенинг Шоҳлигинг келсин, Сенинг ироданг бажо бўлсин”, деган ибодатига чин юракдан жавоб бериш ўрнига, менинг ибодатларим кўпроқ қуйидагича бўлади: “Менинг истагим бажо бўлсин, барча режаларим амалга ошсин”.

Бу муаммо яқинда пайдо бўлиб қолгани йўқ, икки аср илгари масиҳийлар бундай муаммога учрашмаган, деб айта олмаймиз. Айтишларича, ўн тўртинчи асрда яшаб ўтган файласуф ва теолог Екатерина Сиенская бир куни Худодан нима учун У илк жамоат давридаги масиҳийлар учун ҳақиқий Худо бўлган-у, ўзининг замондошлари учун У умуман мавжуд эмасдек туюлишини сўраган экан. Худонинг унга берган жавоби ҳозирги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган:

Инжил воқеалари давридаги Исо Унга ишонган одамлар учун шу даражада ҳақиқий бўлиб туюлардики, Унга содиқ шогирдлар сифатида келишарди. Улар Исонинг илҳом бағишлашини кутишган ва У Ўз ўчоғида эритган олтин ёки У Ўз қўллари билан ёзган мўйқалам бўлишни исташган. Исо уларнинг қалбларига севги қонунини ёзиши учун улар ўз юракларини Унга бағишлашган. Екатерина Сиенская даврида яшаган имонлилар эса ўзларини гўё Худо уларни кўрмайдигандек, эшитмайдигандек тутишган. Улар ўзлари истаганини қилишни ва гапиришни хоҳлашган ҳамда ўз ишлари билан шунчалик банд бўлишганки, Худо учун қалб эшиклари ёпилиб қолган.

Ўн тўртинчи асрда, ваҳоланки, йигирма биринчи асрда ҳам масиҳийлар Худонинг ҳузурини ҳис қилмасликларининг сабабларидан бири шошқалоқликдир.

Бугунги кундаги жамоатлар ҳақида нима дейиш мумкин? Афтидан, барча одамлар садоқатли ва ўзини Худога бағишлаган масиҳий жамоат ҳаётида (ҳеч бўлмаса, хизматларнинг бирида) фаол иштирок этиши шарт, деган хулосага келганга ўхшайди. У ҳар якшанба куни хизматда иштирок этиши, ёшидан келиб чиқиб, ўсмирлар ёки ёшлар гуруҳига қўшилиши, жинсига қараб – эркаклар ёки аёллар гуруҳига қўшилиши керак; бундан ташқари, уй гуруҳлари билан шуғулланишга улгуриши, имкониятга қараб, жамоат хизматчиларига хизмат қилиши керак ва ҳоказолар. Нима деб ўйлайсиз, Худодан завқланиш, Унга эргашиш ва Унинг ҳаётимизда аниқ мақсадлар билан Унга хизмат қилиш ҳақидаги таклифини эшитиш учун бу “ишларни” вақтинча тўхтатиш, жой бўшатиш ва шошилмайдиган вақт ажратиш мумкин эмасми?

“Шошилмайдиган вақт”га бағишланган китоб устида ишлар эканман, шошқалоқлик янада кўпроқ хато қилишимизга сабаб бўлишини янгидан-янги далилларига дуч келдим. Масиҳнинг шогирдлари Устозни эшитиш, У аслида биздан нимани исташини билиш учун тезликни камайтиришлари лозим.

Хўш, масиҳийнинг самарали ҳаёти ва ҳақиқий самарали хизмати нимага ўхшайди?

ИНОЯТ МЕВАЛАРИ

Асл самарадорлик ҳамда солиҳликка оид шошилмаслик қандай бўлади? Ҳаворий Павлуснинг эътирофи хаёлга келади, осон бўлмаган хизматида унга куч бағишлаган манбани у ҳеч қачон яширмаган: “Аммо Худонинг инояти туфайли энди ҳаворийман. Унинг менга кўрсатган инояти зое кетмади, зеро, мен ҳаворийларнинг ҳаммасидан ҳам кўпроқ меҳнат қилдим. Лекин аслида меҳнат қилган мен эмас, Худонинг иноятидир” (1 Коринфликлар 15:10). Иноят бизга самарали меҳнат қилиш қобилиятини беради, лекин самара бермайдиган ишлар билан банд бўлишга ҳеч қачон мажбур қилмайди.

Қисқача матал айтиб берай. Бир шоҳ бўлиб, унинг иккита хизматкори бўлган экан. Хизматкорлардан бири хўжайинга ёқмай қолишдан қўрқиб, ҳар куни қуёш чиқиши билан уйқудан тураркан ва хўжайини бажарилишини хоҳлайди, деб ўйлаган ишларни қиларкан. Хўжайини ундан айнан қайси ишларни қилишини исташини сўраш учун шоҳни безовта қилишни хоҳламай, эрталабдан кечгача тиним билмай меҳнат қиларкан. Иккинчи хизматкор ҳам хўжайинини мамнун қилишга интилиб, барвақт тураркан. Лекин иш бошлашдан аввал бугун айнан қайси ишларни бажарилганини кўришни исташини сўраш мақсадида шоҳнинг ҳузурига кириш учун бир неча дақиқа вақт ажратар экан. Хўжайинидан жавоб олганидан кейингина иккинчи хизматкор ишга киришиб, шоҳ тайинлаган ишларни қиларкан. Бу пайтда эса, шошқалоқ хизматкор аллақачон ишга киришган ва анчайин ишларни қилишга улгурган бўларкан. Энди савол туғилади, улардан қайси бири хўжайиннинг хоҳишини бажариб, уни хурсанд қилган? Ҳақиқий самарадорлик эрталабдан кечгача Худога хизмат қилиш эмас, балки бугунги кун учун Худо бизга тайинлаган ишларни муваффақиятли бажаришдир. Ҳақиқий самарадорлик – биз шунчаки хизматкор эмас, Шоҳнинг Самовий Ота Шоҳлигида хизматга даъват қилинган ўғил ва қизлари эканимизга ишонишни англатади. Хўш, сиз ҳалиям Унинг топшириқларини кутяпсизми ёки аллақачон маълум топшириқларни бажаришга киришдингизми?

Бизнинг икки йиллик “The Journey” дастуримизни битирувчиларидан бири семинарда менга айтиб берган ҳикоя ҳеч ёдимдан чиқмайди. Мен етакчилар тайёрлаш Институти ходимлари билан бирга бу дастурни олиб бораман. Бу дастур олтита ретрит ҳамда руҳий шаклланиш ва етакчилик сифатларини ривожлантиришдан иборат. Бу дастурда масиҳийлар йигирма ёки йигирма бешта талабадан иборат гуруҳларда биргаликда таълим олишади. Ўша битирувчи қиз бундай йиғилишларда тез-тез олқишлаш қисмини олиб боришга муваффақ бўлган. Бир сафар турли давлатлардан келган хизматчилар йиғилишда иштирок этаётганларида, бу қиз Худони эшитиш ва Унга жавоб қайтариш учун икки дақиқалик сукут сақлашни таклиф қилибди. Бундай йиғилиш учун ноодатий машғулот! Кимдир унинг бу таклифини вақтни беҳуда ўтказиш, деб ҳисоблаши мумкин. Лекин Худо Ўзига ажратилган сокин дақиқадан унумли фойдаланган.

Етакчилар йиғилишида қатнашганлардан бири қатъий тартиб ҳукм сураётган мамлакатда кенг миқёсда хизмат олиб бораётган инсон эди. У ҳукумат масиҳийларни шафқатсизларча таъқиб қилишни бошлаганидан буён уларнинг бошига тушган азоблар ҳақида сўзлаб берган эди. Икки дақиқалик сукунатда Худо бу етакчига бундай вазиятда қандай йўл тутиш кераклигини кўрсатди. Бу режа Худо иноятининг ёрқин далили бўлиб, Худодан келганига ҳеч қандай шубҳа йўқ эди. Икки дақиқалик сукунат (айрим етакчилар вақтни беҳуда сарфлаш, деб ўйлаган икки дақиқа) бу етакчига илоҳий донолик ва илоҳий бошқарувни англашига ёрдам берди. Ҳақиқий самарадорлик – Худонинг Руҳи билан фаол ҳамкорликдан бошқа нарса эмас.

Менинг хизматимда Худонинг инояти, менда амал қилаётган инояти акс этадими? Менинг ҳаётим Масиҳнинг ҳаётидек бир маромдами? Менинг хизматларимнинг маҳсули бошидан охиригача менда амал қилаётган Худо иноятининг маҳсули деб, ишонч билан айта оламанми? Ёки мен қилаётган ишлар ўз кучимнинг ва машаққатли меҳнатимнинг самарасими? Бу икки самарадан қайси бири абадий? Худонинг ҳузурида бўлган ҳолда шошилмасдан хизмат қилишни ўргандимми? Исо ҳам шундай қилмаганми? Раббимиз бирон марта шошилгани ҳақида ҳеч қандай далил топа олмадик. Тўғрисини айтганда, кўпинча, Исо Ўз издошларини ҳайрон қолдирган, чунки У умуман шошилмаган. Исо шошма-шошарликсиз ва самарали ҳаёт кечирган. Кўпчилигимиз учун бу тушунарсиз.

ХУДО БИЛАН ШОШМА-ШОШАРЛИКСИЗ ЎТАДИГАН СОАТЛАР

  1. Охирги марта тез ҳаракат қилишингизга тўғри келган вақтни эслай оласизми? Бошқача айтганда, айнан Муқаддас Руҳ сизни шошилтирган вақтни эслайсизми?
  2. Васвасага енгилиб, вақтни беҳуда совурган пайтларингизни эслайсизми? Қайси самарали ишлар, аввал эътиборга олмагансиз-у, лекин энди маълум бўлишича, Муқаддас Руҳнинг даъвати бўлган?
  3. Эҳтимол, бу китобдаги меъёрий ҳаётнинг имтиёзлари ҳақидаги фикрлар сизни пассив фикрлаш, пассив ҳаёт кечириш, пассив хизмат қилишга ундаётгандир?
  4. Ҳаётингизнинг қайси соҳаларида тушкунликка тушаяпсиз ёки у билан курашяпсиз?
  5. Ўзингизни муҳим инсон эканингизга ишонтириш учун беҳуда ҳаракат қилиш васвасаси биз ҳаракат қилаётгандек, Худо билан самарали мулоқотда бўлишга қандай халал бериши мумкин?

Книга на Узбекском языке: Жизнь без спешки  (Алан Фадлинг )

"Я нахожусь в процессе исцеления от зависимости. Не наркотической, нет, но не менее губительной: от спешки…" - с такого признания начинает свою книгу Алан Фадлинг и далее описывает собственный путь избавления от этого недуга, которым страдает современный мир, путь подражания ритму жизни Иисуса Христа.
Автор подтверждает, мы призваны работать. Продуктивность - не грех, но стремление всё больше повышать продуктивность нашего труда может сгубить нас. Как же найти баланс между нашим призванием работать и необходимостью отдыхать? В этой книге вы найдёте ответ на этот вопрос. По мнению автора, вечно спешащие люди лишь напрасно тратят силы, изматывая себя физически, эмоционально и духовно. То же самое происходит и с чрезмерно загруженными христианскими руководителями: они теряют духовные ориентиры, охладевают к молитве и упускают возможности, которые им предоставляет Бог. Автор предлагает брать пример с Иисуса Христа, Который, несмотря на интенсивное служение, вёл неторопливый образ жизни и уделял много времени уединенному общению с Отцом.



Shu bobni eshitish:


AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак