Джон Макартур. Хузур халоват амрлари - (10-боб) Китоб Ўзбек тилида
Xuzur xalovat amrlari (Djon Makartur) O‘zbek tilida Audiokitob
Бахт томон ягона йўл
Мундарижа
Сўз боши
1-боб. Ўзингизни синанг
2-боб. «Ғоят бахтлидирлар…» (Мат. 5:1-2)
3-боб. «Руҳан камбағал бўлганлар бахтлидир…» (Мат. 5:3)
4-боб. «Йиғлаётганлар бахтлидир…» (Мат. 5:4)
5-боб. «Беозор бўлганлар бахтлидир…» (Мат. 5:5)
6-боб. «Адолатга очу чанқоқлар бахтлидир…» (Мат. 5:6)
7-боб. «Раҳмдил бўлганлар бахтлидир…» (Мат. 5:7)
8-боб. «Покдил бўлганлар бахтлидир…» (Мат. 5:8)
9-боб. «Тинчлик ўрнатувчилар бахтлидир…» (Мат. 5:9)
10-боб. «Адолат йўлида жабр кўрганлар бахтлидир…» (Мат. 5:10-12) 1-қисм
11-боб. «Адолат йўлида жабр кўрганлар бахтлидир…» (Мат. 5:10-12) 2-қисм
12-боб. Хулоса
10-боб «Адолат йўлида жабр кўрганлар бахтлидир…»
(Мат. 5:10-12)
1-қисм
«Адолат йўлида жабр кўрганлар бахтлидир, чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир. Мен туфайли одамлар сизни ҳақоратлаб қувғин этса, сиз ҳақда ёлғон гапириб фисқу ғийбат қилса бахтлисиз! Севининглар ва хурсанд бўлинглар, чунки сизга осмон мукофоти буюк. Сиздан аввал ўтган пайғамбарлар ҳам шундай қувғин бўлган».
Мени тақводор, ҳузур-ҳаловат амрларини бажарадиган одам бир вақтнинг ўзида тинчлик ўрнатувчи ва умумий хотиржамликнинг бузувчиси бўлгани ҳақидаги мисралар ҳаяжонга солади. Улар бу учун жабр-зулм кўрадилар ва таҳқирланадилар. Исо ҳам худди шу ҳақда гапирганини биз эслаймиз. У худди тинчлик Шоҳи сифатида келганини, аммо ерга тинчлик эмас, қилич келтирганини айтади (қаранг: Мат. 10:34).
Сиз ҳузур-ҳаловат амрларини ўрганганингизда ва бу амрларга қатъий риоя қиладиган одамни тасаввур қилишга ҳаракат қилганингизда, ўзингизни йўқотиб қўйдингиз, тўғрими? Бунинг ҳаммаси жуда тўғри, ҳақиқат бўла олмайдигандай, чиройли витринани эслатгандай туюлади. Наҳотки, ҳар куни бу ақлга сиғмайдиган талабларни бажариб яшаш мумкин? Наҳотки, бу буюк мезонларга мос келиш мумкин?
Эҳтимол, Худо бизга худди ёғочдан, тошдан ёки шишадан ясалган авлиёларга муносабатда қилгандай муносабатда бўлар. Менинг ўйлашимча, йўқ. Менимча, Тоғдаги ваъзнинг бу муқаддимасида Исо ҳақиқий масиҳийнинг суратини чизади. Албатта, бу юксак камолотдир. Аммо Худо ҳеч қачон инсон гуноҳкор эканлиги сабабли Ўз талабларини пасайтирмайди. Инсон Масиҳда Худо томондан белгиланган мезонларга етиб олиши учун Худо унга фақат Масиҳни ҳадя қилади.
Биз аллақачон кўрдикки, Худонинг бу тамойилларига асосан яшайдиган одам ҳақиқатан бахтлидир, уни ҳақиқатан Худо марҳаматлагандир. Ҳақиқатда ҳам Руҳдан туғилган ҳар қандай одам Исо Масиҳнинг олдига юрагидаги ушбу ниҳолчалар билан келади, гарчи улар қанчалар заиф ва ривожланмаган бўлса ҳам. Эҳтимол, бу сифатларнинг куртаклари илгари ҳам ўзини намоён этгандир. Шунинг учун ҳам улар то кучга тўлмагунча ва бизни Масиҳга ўхшаган қилмагунча ўстириш зарур.
Балки, биз бу амрларни фақат жуда кам даражада бажара олармиз. Аммо агар бир куни қайғули руҳ билан, ўз гуноҳларимиз ҳақидаги қайғули кўз ёшлар билан Масиҳ ҳузурига келган бўлсак; агар биз итоаткорлик билан муқаддас Худо олдида руҳий очлик ва тақводорлик ташналигини ҳис қилиб бош эгсак; агар биз мурувватни, покликни ва Худо билан ярашишни қидирсак ва агарда буларнинг бари биз билан бирга бўлса — демак, биз аллақачон Унинг Шоҳлигига кирганмиз.
Энди бу ниҳоллар ўсиши ва мустаҳкамланиши керак. Ва уларнинг заифлигига, нимжонлигига қарамай, бу куртаклар сизнинг ҳаётингизни бошқаради ва тўғри йўлга солади.
САККИЗИНЧИ АМР —
ОЛДИНГИ ЕТТИТАСИНИНГ НАТИЖАСИ
Агар сиз етти зинанинг ҳаммасини босиб ўтган бўлсангиз, демак, саккизинчисига кўтарилишга тайёрсиз: «Адолат йўлида жабр кўрганлар бахтлидир, чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир». Биз Худо хоҳлаганидай яшай бошлаганимизда, оғриқ ва азоб уқубатларга дуч келамиз. Биз тинчлик ўрнатувчилар бўламиз. Бироқ бир вақтнинг ўзида биз хотиржамликни бузувчилар ҳам бўламиз.
Ҳаворий Ёқубнинг сўзларига қулоқ тутайлик: «Эй биродарларим, турли синовларга дучор бўлганингизда, уни катта севинч билан қабул қилинглар. Шуни билингларки, имонингизнинг синалишидан сабр-тоқат ҳосил бўлади. Сабр-тоқат тўла самарасини кўрсатсин, токи сизлар ҳеч бир нарсадан камчиликсиз, комил ва нуқсонсиз одамлар бўлинглар» (Ёқуб. 1:2-4). Ҳаворий Бутрус бизга қуйидагича насиҳат қилади: «Худо ҳар хил меҳру иноятнинг манбаидир. Исо Масиҳ орқали У бизни Ўзининг абадий, улуғвор жаннатига даъват этган. Қисқа бир муддат азоб чекканингиздан кейин, Ўзи сизларни мақсадингизга эриштиради, куч-қудратли, саботли ва мустаҳкам қилиб қўяди» (1 Бут. 5:10).
Ҳақиқий масиҳийнинг ҳузур-ҳаловат амрларида санаб ўтилган барча хусусиятлари ёвузлик ва гуноҳ дунёсининг ғазабини қўзғайди. Дунё руҳан камбағаллар билан мулоқот қила олмайди. Чунки у такаббурлик, худбинлик руҳига мубтало ва фақат ўз муваффақиятлари ва ютуқлари билангина банд. Дунё гуноҳлар ҳақида қайғуришни ёмон кўради. У умуман гуноҳга эътибор беришни ҳам хоҳламайди. Дунё ҳаммаси яхши деб ўзини ишонтирмоқчи бўлади. Дунё итоаткорликни ёмон кўради. Чунки у такаббурликка сиғинади. У беозорликка чидай олмайди. Чунки беозор биладики, инсоннинг ўзи ҳеч нарсага арзимайди ва ўз кучи билан эриша олмайдиган ниманидир излайди. Дунё мурувват, поклик ва тинчлик ўрнатувчилик ҳақида деярли ҳеч нарса билмайди. Бу барча масиҳийлик қадриятларининг дунёвий тизимига сира мос тушмайди.
Бундан бир неча йил илгари Cosmopolitan журнали (1978 йилнинг февралида) тадқиқот натижаларини нашр қилди. Бундан мақсад — ҳақиқий бахтли одамлар қандай одамлар эканлигини аниқлаш эди. Натижа шундай бўлди: бахтли одамлар бошқаларга яхши муносабатда бўлар экан. Аммо улар ўз манфаатларидан воз кечишни хоҳламайдилар. Бахтли одамлар салбий туйғуларга ёки хафагарчиликларга сабаб бўладиган бирон нарсада қатнашишни истамайдилар. Бахтли одамлар ўз-ўзларига ишонадилар. Бу ишонч уларга хос тўқлик туйғуларига асослангандир.
Воажаб! Фарзийларнинг ҳақиқий сурати! Бу тавсиф бахтли одамнинг Исо берган ўша таърифига тамомила зиддир. У ўзига ишонган одам эмас, балки ўзини камбағал, ҳеч нарсасиз кўрган одамгина бахтли дейди. Яна Унинг айтишича, ким мағрур эмас, камтар бўлса; ўз-ўзидан мамнун бўлмай гуноҳлари ва муқаддас Худодан узоқлаштирилгани учун қайғурса; ким ёрдамга муҳтож эканлигини тан олиб, итоаткорлик билан Худога мурожаат қилса; ким таъқиблар хавфига қарамасдан тинчлик ўрнатса ва мурувватли бўлса — ўша бахтлидир.
Дунёвий дунёқараш ва илоҳий ҳақиқат орасида қанчалар тубсиз жарлик борлигини биз энди аниқ кўряпмиз. Қаерда дунё масиҳийликка дуч келса, ўша ерда доимо адоват ва жанжаллар пайдо бўлади, бир-бирини айблашлар ва таъқиблар бошланади. Агар сиз ҳузур-ҳаловатнинг биринчи еттита амрини бажарсангиз, албатта ҳақиқат учун жон куйдирасиз ва зарар кўрасиз.
Бизнинг охирги амримизнинг учта таркибий қисмини кўриб чиқайлик: таъқиб қилишлар, онт ичиш ва янгича ички кайфият. Биринчисидан бошлаймиз.
ЗИДДИЯТ ВА ЖАБР-ЗУЛМ
10-оятда жабр-зулм ҳақида анча умумий қилиб айтилган: «Адолат йўлида жабр кўрганлар бахтлидир…». 11-оят эса аниқроқ тушунча беради: «Мен туфайли одамлар сизни ҳақоратлаб қувғин этса, сиз ҳақда ёлғон гапириб фисқу ғийбат қилса, бахтлисиз!» Аммо баъзи бир фарқларга қарамай, иккала оятда ҳам битта амр ҳақида сўз юритилади. Амрнинг иккала қисмида айтилган гапларнинг натижаси 10-оятнинг сўнгида шаклланган: «…Чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир».
Шундай экан, нега битта амрда биз икки хулосани кўряпмиз? Менинг фикримча, Парвардигор жабр кўрганларни ҳам, ҳақоратланганларни ҳам марҳаматлагани учун. Улар кимлар, бу жабр кўрганлар, ҳақиқат учун қувғин қилинганлар ва Раббий номи учун ҳақоратланганлар? Матнда бу ҳақда ҳеч нима дейилмаган, аммо буни билиб олиш қийин эмас.
10 ва 11-оятларда марҳамат қилинганлар — 3–9-оятларда ўша марҳаматланган одамлардир. Уларнинг ҳаммаси ҳузур-ҳаловат амрлари бўйича яшайдиганлар, улар Шоҳлик табаалари. Сиз биринчи етти амрга қанчалар риоя қилган бўлсангиз, саккизинчи амрда сўз юритиладиган ҳузур-ҳаловатдан шунчалик баҳрамандсиз.
Тимотийга Иккинчи мактубда Павлус бизнинг замонамизни эслатадиган келажак кўринишини тасвирлаган. У шундай ёзади: «Бошимга келган қувғинларни — Антиохия, Икония ва Листра шаҳарларида чеккан азобларимни эшитдинг. Қандай қувғинларга сабр-тоқат қилдим! Раббим мени ҳаммасидан қутқарди» (2 Тим. 3:11). Павлуснинг ёзишича, у Исо Масиҳ ҳақида гувоҳлик бериб турувчи Шоҳлик ўғли каби яшагани учун қувғин қилинган эди.
12-оятда у қўшимча қилади: «Севининглар ва хурсанд бўлинглар, чунки сизга осмон мукофоти буюк. Сиздан аввал ўтган пайғамбарлар ҳам шундай қувғин бўлган».
Мана сизга Масиҳга ўхшамоқчи бўлган ҳар қандай одамнинг жабр кўришига далил! Бошқа мактубда Павлус жуда оддий фикрни билдирган: «Ўша вақтда табиий йўл билан туғилган Исмоил илоҳий ваъда бўйича туғилган Исҳоққа зулм этди. Ҳозир ҳам худди шундай» (Гал. 4:29). Ўша пайтдан бери ҳеч нарса ўзгармади. Биз то масиҳийлар эканлигимизни ҳеч ким билмагунча, ҳамма нарсада муваффақият қозонаверамиз. Аммо масиҳийча яшай бошлаганимиз заҳоти, ҳузур-ҳаловат амрларига риоя қилиб яшай бошлаганимиз заҳоти ва Масиҳга ўхшаб гуноҳларни фош қилиб, яъни Унинг азоб-уқубатларига шерик бўлиб бу дунёда тақводор ҳаёт кечиришни бошлаганимиз заҳоти, биз ҳақиқатан ҳам тез орада танадан туғилганлар руҳдан туғилганларни доимо таъқиб қилишларига гувоҳ бўламиз.
Бу дунёда иблис ва унинг малайларига қарши туриб яшаш — биздан Эзгу хабарни қабул қилмайдиган одамлар томонидан зиддият ва жабр-зулмни қўзғатиш демакдир. Масиҳ амрлари бўйича яшаш — дунёнинг ғазабини бундан бошқа яна нима қўзғата олади? Исо Масиҳ бу дунёда яшаган пайтида ҳам худди шундай бўлган. Ҳеч кимда Исо Масиҳникига ўхшаган меҳр-муҳаббат йўқ эди. Баъзилар Унинг муҳаббатига жавоб беришди, баъзилар эса ҳатто Унинг дунёсига киришди. Аммо илгари сира кўрилмаган бу севги олийжаноблигига, сахийлигига, раҳмдиллигига ва тинчликсеварлигига қарамасдан, ҳамма ерда инсоний нафратга дуч келарди.
Нега? Чунки У ҳеч қачон ён бермас эди. Тақводорларнинг турмуш тарзига қаранг. Сиз уларнинг доимо ўз эътиқодлари учун жарб чекканларини кўрасиз. Бу ҳолат ўз укаси Ҳобилнинг тақводорлигига чидай олмаган имонсиз ака томонидан ўлдирилганида бошланган эди. Бу ҳар доим ҳам жуда қимматга тушарди.
Пуритан ёзувчиси Томас Уотсон шу билан боғлиқ ўз туйғуларини жуда ифодали қилиб қуйидагича тасвирлаган:
Эътиқод ҳеч қачон тақводорларни — улар қандай беозор, мурувватли ва пок юракли бўлмасинлар, жабр-ситамлардан қутқара олмайди. Улар ўз арфаларини бир четга қўйиб, қўлларига хоч олишларига тўғри келади. Самоларга йўл тиканлар билан қопланган ва қон билан суғорилган… Агар сиз Масиҳнинг кетидан юрмоқчи бўлсангиз, мана шуларни ҳисобга олинг: сиз қилич ва даррага дуч келасиз. Майли, хоч сизнинг эътиқодингизнинг рамзи бўлсин.
ЖАБР-СИТАМЛАР —
НАЖОТ ТОПИШИМИЗНИНГ ИСБОТИ СИФАТИДА
Нима бўлганда ҳам, жабр-зулмлар бизнинг нажот топишимизнинг энг ишончли исботидир. Муқаддас Ёзув шундай дейди: «Худо сизларга Масиҳга ишонишнигина эмас, балки Масиҳ учун азоб чекиш тақдирини ҳам насиб этган…» (Флп. 1:29). Бундан сал олдинроқ нима дейилганига эътибор қилайлик: «Сизларга қаршилик кўрсатаётганларнинг ҳеч қандай дўқ-пўписаларидан чўчиманглар. Ана шу уларнинг ҳалок бўлишидан, сизларнинг эса халос бўлишингиздан далолат бермоқда. Зотан бу — Худонинг иши» (Флп. 1:28).
Бошқача қилиб айтганда, бизнинг душманларимиз Инжил ваъзидан, бизда ва бизнинг ҳаёт тарзимизда бўлган Масиҳдан нафратланиб бизга қарши бош кўтарганлар. Шуни билингки, бу уларнинг лаънатланганликларининг исботи ва уларни дўзах азоби кутаётганлигининг тасдиғидир. Биз учун эса бу нажот топиш белгисидир. Агар сиз гуноҳлардан фориғ бўлган Худо фарзанди сифатида яшасангиз ва бу даҳрий дунёнинг адоватли муносабатларига дуч келсангиз, демак, сиз ҳақиқатан ҳам нажот топгансиз.
Ҳаворий Павлус: «…токи бу қайғулар билан яна бирортаси йўлдан тойиб кетмасин…» (Сал. 3:3), деб огоҳлантирган. Биз жабр-зулмлардан қўрқмаслигимиз керак. Нима учун? Сўнг жавоб берилади: «…Тақдиримиз қайғули эканлигини ўзларингиз биласизлар». Худонинг режаси ана шундай. Биз ҳамма нарсада Масиҳга ўхшашимиз керак: ҳамма севадиган ва нафратланадиган, ҳурмат қиладиган ва ғазабланадиган. 4-оятда Павлус қўшимча қилади: «Биз ёнингизда бўлганимиздаёқ, биз учун қайғусизлик бўлмайди, деб сизларга таъкидлаган эдик. Билганингиздек, худди шундай бўлди».
Павлус масиҳийнинг тақдири ана шундай эканлиги ҳақида гапиради. Шундай бўлиш керак. Сиз Масиҳ учун жабр-ситам чекишингизни ва жабр-зулмлар — бу сизни жабрловчиларнинг лаънатланиш белгиси эканлигини сиз билгансиз, дейди Павлус.
Агар бизнинг ҳаётимиз хотиржам ўтаётган бўлса, агар жабр-зулм йўқ бўлса, агар биз ҳеч кимга халақит бермаётган бўлсак, ҳеч кимнинг тинчини бузмасак ва атрофимизда жанжаллар бўлмаса, шунда ўзимиздан сўрашимиз керак: бизда ҳамма нарса жойидами?
Бугунги кунда биз, Шимолий Америка аҳолиси, анча яхши шароитда яшаяпмиз. Давлатимиз томонидан ўз эътиқодимиз учун қувғинларга, жабр-ситамларга дучор қилинганмиз. Бироқ ҳаммаси ўзгариши ҳам мумкин. Аммо сиз қаерда яшаманг, агар сиз гуноҳлари кечирилган Худо ўғлининг ҳаёт тарзини олиб борсангиз, агар амрларга риоя қилсангиз, агар сиз ўз Самовий Отангизга итоаткор бўлсангиз ва дунёга Масиҳ тақводорлиги билан кирсангиз, сиз доимо шайтоннинг асабига тегасиз. Ҳар доим.
Бизнингча, дунёда масиҳийларга муносабат ўзгарганлиги сабабли, биз ўз-ўзимиз билан ғурурлана оламиз. Чунки биз машҳур бўлиб боряпмиз. Масиҳийлар орасида ҳатто машҳур одамлар ҳам учраб туради. Масиҳийлар ўзлари яшаётган жамиятнинг бир қисми бўлиб боряптилар. Аммо бунинг сабаби дунёнинг ўзгаргани эмас. Бунга сабаб — биз тақводорлик мезонларини пасайтирдик. Бизнинг орамизда шундай одамлар борки, улар ўзларини масиҳий деб атайдилар. Аммо улар тақводорлик ҳаётига мос равишда яшамайдилар ва масиҳий номига лойиқ эмаслар. Агар бу шундай бўлмаганда эди, улар яшаб турган жамият бундайларни улоқтириб юборарди.
Дунё бизга сабрлироқ бўлганга ўхшаб кўринади. Аммо аслида биз унга сабрлироқ бўлдик. Биз машҳурликни, шон-шуҳратни ва одамларнинг рағбатларини ахтарамиз. Аммо биз Худога ёқадиган тақводорона ҳаёт билан яшасак, дунё биз билан низолашади ва биздан нафратланади. Албатта, бундан бизнинг ҳаммамиз бутун ҳаёт давомида таҳқирланишимиз керак, деган хулосага келмаслигимиз лозим. Масиҳнинг айтишича, дунё бизнинг орамиздан ўз қурбонларини танлаб олади. Бу дунёда тақводорлик ҳаётини кечирадиган барча инсон эртами, кечми, ўзларига нисбатан душманларча муносабатни сезадилар. Нима яхшироқ: тириклайин гулханда куйдирилишми ёки бутун ҳаёт давомида сизнинг эътиқодингиз одамларга ёқмагани сабабли хизмат зинасидан биронтасига ҳам кўтарилмай ўтишми — буни айтиш қийин. Ёки Масиҳга содиқ бўлганингиз учун бутун умр қувғинга дуч келишми? Ёки сиз қўшниларингизнинг заиф томонларига йўл бермай, уларни фош қилганингиз учун улар ўзларини сиздан олиб қочадилар. Сиз ҳатто ўз қўшниларингиз томонидан ҳам таҳқирланиб яшайсиз.
Албатта, буларнинг ҳаммасини четлаб ўтиш ва жабрзулмни билмай ҳам яшаш мумкин. Бунинг учун, биринчидан, дунё мезонларига мос бўлиш ва дунё ахлоқ тарзи ва этикасини қабул қилиш керак. Бу дунёдаги одамлар қандай яшаса, шундай яшаш лозим: уларнинг ҳазил-мутойибаларига кулиш, уларнинг эрмакларини севиш, улар Худони мазах қилаётганларида жилмайиш. Унинг номи беҳуда тилга олинишига кўз юмиш. Уларнинг гуноҳкор эканликларини, улар Исо Масиҳсиз ҳалокатга учрашларини уларнинг юзларига айтмаслик. Шунингдек, улар ўлимга маҳкумликлари ҳақида индамаслик. Ҳеч қачон, ҳеч қандай вазиятда уларга дўзах азоблари ҳақида эслатмаслик!
Сиз сира жабр кўрмаслигингизни мен сизга ваъда қиламан. Агар сиз шундай ҳаётни танласангиз, унда ўзингиздан сўранг: сизда эътиқод борми? Эҳтимол, сиз итоатсизликда яшаётган масиҳийдирсиз. Балки, сиз умуман масиҳий эмасдирсиз. Ҳар қандай вазиятда ҳам Исонинг сўзларини унутманг: «Ким Мендан ва Менинг сўзларимдан уялса, Инсон Ўғли ҳам Ўзи, Отаси ва муқаддас фаришталар салобати ила келганда, ундан уялади» (Лк. 9:26). Раббий яна шундай деган: «Сиз ҳақда хуш гапирса-да ҳамма инсонлар, бу ҳолда ҳам ҳолингизга вой! Сохта пайғамбарларга ҳам оталари шу йўлни тутган» (Лк. 6:26). Буни доимо эсда тутинг. Агар сизни бу дунёда яхши кўришса, демак, сиз ўз ҳақингиздаги ҳақиқатни билмайсиз. Сиз ё ўзингизнинг масиҳий эканлигингизни беркитяпсиз, ёки сиз умуман масиҳий эмассиз.
Исо ҳузур-ҳаловат амрлари ҳақида одамларга айтиб, Ўз хизматини эндигина бошлаган пайтдаёқ Ундан нафратланганлар. «Фарзийлар эса дарров ташқарига чиқиб, Исони ҳалок қилиш чорасини топмоқ учун Ҳиродчилар билан тил бириктиришди» (Мк. 3:6). Исо зўрға Ўз Шоҳлигининг тамойилларини айтиб улгурди. Шу заҳотиёқ Унга бўлган нафрат тўлқини авж ола бошлади. Исо фарзийлар ва оломонга қараб шундай деди: «Қулоқ солинглар, Мен сизларга чинини айтаман: Менинг Шоҳлигимда яшаш учун сиз ҳақ тўлашингиз керак. На ҳурматиззатни, на мукофотни, на обрўни, на маъқуллашларни ва на умумхалқ муҳаббатига сазоворликни кутманг. Агар сиз Менинг Шоҳлигимга кирмоқчи бўлсангиз, жабр-зулм чекишингиз керак. Сиз буни албатта билишингиз лозим».
Биз бу мавзуни кўпроқ тарғиб қилишимиз керак: биз одамларга Худо уларни бу дунёда яшагандай яшамасликка чорлашини ва бу учун ҳақ тўлаш кераклигини айтишимиз лозим. Тоғдаги ваъздан юз йиллардан ортиқ вақт ўтгандан сўнг Тертуллианга бир одам мурожаат қилди ва шундай деди: «Мен Масиҳга келдим. Аммо нима қилиш кераклигини билмайман. Менинг ишим бор, бироқ мен унинг адолатли эканлигига ишонмайман. Ахир, мен қандайдир қилиб яшашим керак-ку!» Тертуллиан жавобан шундай деди: «Яшашинг шартмикан?»
Бизнинг танлаш имкониятимиз йўқ. Биз ҳатто бу учун ўлишга тўғри келса ҳам фақат Масиҳга содиқликни танлашимиз мумкин. Илк масиҳийлар ўзларининг Масиҳга садоқатлари учун қандай ҳақ тўлаганларини сиз биласизми? Ўша пайтларда мажусийлар ибодатхоналарида турли худолар шарафига жуда кўп базмлар ва байрамлар уюштириларди. Бу тадбирлар кўпроқ дўстларнинг норасмий учрашувларига ўхшаб кетарди. Бу ерда мусиқа янграр, йиғилганлар рақсга тушиб, қурбонликлар қилишарди. Иш шунга бориб етдики, худоларга қурбонлик бераётган одамлар қурбонлик гўштини бекор сарфлашни хоҳламай қолдилар. Шунинг учун улар олдин олов устида ўлган ҳайвоннинг жунини куйдирардилар. Кейин эса гўштнинг бир қисмини ажратиб руҳонийга берардилар. Қолганини эса дўстлари даврасида авж олаётган хурсандчиликларни давом эттириш учун ўзларига олиб қолардилар. Масиҳий бўлганларидан кейин бундайлар ўзларидан шундай деб сўраганлар: Мен ва дўстларим нима билан шуғулланамиз? Бундан кейин ҳам санамлар учун мўлжалланган гўштни еявераманми? Бундан кейин ҳам ўйин-кулги қилиш учун бутпарастлар ибодатхонасига боравераманми? Ёки бу нарсаларни ташлаш учун ҳақ тўлашим керакми? Айнан ана шу танлов бугунги кунда бизнинг олдимизда ҳам турибди.
Яҳудийни шармандалик билан ибодатхонадан, ҳатто ўз оиласидан ҳайдаб, бор мол-мулкидан маҳрум қилишлари мумкин эди.
Агар биз Шоҳликда яшашни хоҳласак, биз халқ оломони орасида ёлғиз бўлишимизни билишимиз керак. Худди шунинг учун ҳам биз бир-биримизга муҳтожмиз.
МАСИҲИЙЛИКНИНГ ИЛК
АСРИДАГИ ЖАБР-ЗУЛМЛАР
Ўша узоқ ўтмишда ҳам масиҳийлар ўз эътиқодлари учун жабр-зулм чекишларига тўғри келган. Уларнинг баъзиларини йўлбарсларга ташлаганлар, баъзиларини ёқиб юборганлар. Нерон масиҳийларга елим (смола) суришни буюрган ва тунги сайрларини ёритиш учун улардан тирик машъалалар қилган. У масиҳийларни ёввойи ҳайвонларнинг териларига солиб тикишни буюрган. Кейин эса уларга овчи итларни қўйиб юборишган. Бундан мақсад — итлар уларни тилка-тилка қилиб ташлашини хоҳлаган.
Масиҳийларни қийноқ исканжасига қўйиб, уларнинг териларини шилиб олишган. Шилинган тери ўрнига эритилган қўрғошин қуйишган. Яна қиздирилган мис бўлакларини таналарининг энг сезгир жойларига босишган, кўзларини ўйиб олишган. Булар камлик қилгандай, масиҳийларнинг тана аъзоларини кесиб олиб, уларнинг кўз ўнгида оловда пиширишган. Азобни чўзиш мақсадида бир вақтнинг ўзида совуқ сув қуйиб, қўл ва оёқларини ёқишган.
Римликлар Исонинг: «Менинг танамни енг ва қонимни ичинг» деган сўзларини баҳона қилиб, масиҳийларни одамхўрликда айблашган. Римликлар, масиҳийлар бирбирларининг гўштини ейди, деб уларга туҳмат қилишган. Улар масиҳийларнинг шаббат кечаларини айш-ишрат базмлари деб кўрсатиб, уларни бадном этишга ҳаракат қилишган. Масиҳийлар бир-бирларини қутлайдиган тинчлик бўсаси ҳам ноқонуний деб эълон қилинган.
Масиҳийларни Римга ўт қўйишда айблашган. Улар, Худо барибир ҳамма нарсани кулга айлантиради, деганлари учун масиҳийларга жиноятчи каби тамға ёпиштиришган (қаранг: 2 Бут. 3:10). Шунинг учун Римдаги ҳар бир ёнғинни — бу масиҳийларнинг иши, деб айблаш қулай бўлган.
Масиҳийликнинг илк асрларидаги жабр-зулмлар тарихи бизга жуда кўп нарсаларни очиб бериши мумкин. Масиҳ замонасида Рим империяси Британия оролларидан то Эвфрат дарёсигача, Олмониянинг шимолий чегараларидан то Шимолий Африкагача чўзилган эди. Бу ўша пайтдаги дунёнинг деярли ҳаммасини ўз ичига олган жуда катта ҳудуд эди. Римликларнинг энг катта ташвиши — империяни бирлаштириш эди. Улар Рим империясининг рамзи бўла оладиган ягона одам ҳоқон, шоҳ эканлигини тушунардилар.
Шунинг учун ҳоқонни худо қилиш керак эди. Агар ҳаммани унга сиғинишга ва уни худди худо каби ҳурмат қилишга мажбур этилса, унда ҳамма жойда унинг шарафига ибодатхоналар қуриб ташласа бўлади. Бу эса ҳоқонликнинг жуда катта ҳудудини бирлаштиришга ёрдам берарди. Аввалига бу жуда секинлик билан амалга ошди. Аммо бир неча йилдан сўнг ҳоқонга ҳақиқий эътиқод қилиш тасдиқланди. Ҳар йили ҳоқонга мажбурий раишда мадҳия ўқиш маросими жорий қилинди. Бу маросим «Хоқон — Худо» сўзлари билан ўтказиларди.
Ҳоқонга мадҳия ўқиганларнинг ҳаммаси libellus номли гувоҳнома олишарди. Шундан сўнг улар ўз хоҳишларига кўра истаган худога эътиқод қилиш ҳуқуқини қўлга киритишарди. Римликларга қандайдир бирлаштирувчи омил керак эди. Ҳоқоннинг шахси ана шундай омил бўлди. Масиҳийлар эса фақат: «Исо — бизнинг Раббимиз» дея олардилар, холос. Шунинг учун уларнинг ҳеч бири libellus унвонини олмади. Натижада улар доимо ўз Худоларига ноқонуний равишда эътиқод қилишарди.
Улар Масиҳни танлашди. Улар муросага келишдан бош тортишди. Уларни эътиқодидан қайтган муртадлар, қўзғолончилар, жиноятчилар, рим ҳоқонлигига таҳдид солувчилар деб аташди. Уларни бир шоир: «Ягона жиноятчи Исо Масиҳга эътиқод қилган бир гуруҳ жабр кўрганлар», деб атади. Улар ўз эътиқодлари учун ҳар қандай азобга чидашга рози эдилар. Сиз-чи? Сиз тайёрмисиз?
ЖАБР-ЗУЛМНИНГ УЧ ТУРИ
Эҳтимол, масиҳийларга бизнинг жамиятимизда шундай чидам билан муносабатда бўлишларига сабаб — бизнинг мезонларимиз пасайганидир. Биз доимо дунё билан муроса қиламиз. Исо, ҳузур-ҳаловат амрлари йўлида жабр-зулм муқаррар, деб огоҳлантирган. Бизни қандай жабр-зулмлар кутаяпти? 11-оятда мана нима дейилган: «Мен туфайли одамлар сизни ҳақоратлаб қувғин этса, сиз ҳақда ёлғон гапириб фисқу ғийбат қилса, бахтлисиз!» Бу ерда жабр-зулмнинг барча уч тури санаб ўтилган: ҳақоратлаш, қувғин қилиш ва ғийбат.
«Қувғин қилинганлар» деб таржима қилинган грекча сифатдош dioko феълидан ясалган. У «кимнингдир кетидан қувмоқ», «ҳайдаб чиқармоқ» маъносини билдиради. Кейинчалик бу феъл «чарчатмоқ, ҳолдан тойдирмоқ ва камситмоқ» маъносини олди. Аслида Исо шундай деган: «Камситилганлар бахтлидир. Адолат йўлида жабр кўрганлар бахтлидир».
Барча ҳузур-ҳаловат амрларидаги каби бу ерда ҳам гап инсоннинг ҳаётдаги нуқтаи назари ҳақида кетяпти. Бундай ҳаётий нуқтаи назарда одам ҳар қандай жабр зулмга тайёр бўлади. Бундай одам мард ва қўрқмас бўлади ва у шундай дейди: «Мен бу дунёда Исо Масиҳ буюрганидай одам бўламан. Мен бу дунёга Масиҳ хоҳлаган гапларни гапираман. Ва агар шу учун мени таъқиб қилишса, майли, шундай бўла қолсин».
Грекча матнда бу ерда жабр-зулм кўришга рози одамларнинг чидамлиликларини кўрсатувчи мажҳул сифатдош қўлланилган. …рози одамлар, бахтлидир. Мажҳул сифатдош перфект шаклига эга. Бу эса ҳаракат натижаси ҳозир давом қилаётганини билдиради. Масиҳ амрларига мос ҳаётнинг натижаси — тақводорнинг ҳар қандай ҳолатларни итоаткорлик билан қабул қилишга доимий розилигидир. Менинг фикримча, бизнинг энг заиф жойимиз айнан ана шунда.
Менинг ўзимга бу осон эмас. Мен ҳар доим ҳам айтганимни қилмайман. Кўпинча менда ёвузликка қарши туриш ва уни фош қилиш учун журъатим етишмайди. Мен доим ҳам номасиҳий дунёда масиҳийча яшашни истамайман. Менда кўпинча жанжаллардан қочиш учун дунё мезонларига мосланиш истаги туғилади.
Албатта, мен ўзимни: «Агар мен бу одамларга ёқсам ва улар менга яхши муносабатда бўлсалар, бу ҳеч ҳам ёмон эмас. Чунки мен аста-секин уларга эзгу хабарни етказаяпман», — деб оқлайман. Аммо Худога ўз сўзида турмайдиган тарғиботчилар ва гувоҳлар, шунингдек, қўрқоқ пайғамбарлар ва ёлғончи эзгуликка чорловчилар керак эмас. Унга жасур, ҳар қандай жабру ситамларга чидашга тайёр хизматчилар керак.
1 аср масиҳийлари жабр-зулмларга, ҳақоратларга ва сўкишларга чидашга тайёр эдилар. Натижада кўпчилик озодликдан маҳрум эди, кўпчилик ҳалок ҳам бўлди. Агар биз ҳақиқий масиҳийлик ҳаёти билан яшасак, биз барча йигитлар каби базм кечаларига бормаймиз, бизнинг туманимиз қизлари қилаётган ишларни қилмаймиз. Биз илгари мулоқотда бўлган баъзи бир оилалар билан мулоқот қилмаймиз, улар қилган ишни қилмаймиз. Уларни биздан ўзларини олиб қочишга нима мажбур қилади? Бизнинг Масиҳга манзур ҳаёт тарзимиз. Энди биз уларнинг давраларига мос эмасмиз. Аммо худди шундай бўлиш керак.
Oneididzo грекча сўзи «сўкиш; кимгадир таъна қилиш» маъносини билдиради. Бу сўз Матто Хушхабарида Масиҳни хочга михлаётганларида ишлатилган (Мат. 27:44). Одамлар Унинг устидан кулганлар, Уни мазах қилганлар, Уни сўкканлар ва юзига ҳақоратли, ёвуз ва шафқатсиз сўзларни айтганлар.
Шундай қилиб, биз нафақат илгари яшаган жамиятдан қувғин бўламиз, балки бизни ёмонлаб ғийбат ҳам қилишади. Одамлар биз ҳақимизда ғазаб билан гапиришади. Бизнинг номимиз уларнинг ғазаб ва нафратларига сабаб бўлади. Исога худди шундай йўл тутганлар (қаранг: Лк. 22:64-65). Энг ёмони, ана шу ғийбатчиларнинг ичида биз учун азиз бўлган кишилар ҳам бўлиши мумкин.
Мен доимо одамларнинг совуқ муносабатларидан азоб чекканман. Мен Худо хизматкори эканлигимни билиб кўплар ўзларини четга тортадилар. Айниқса, улар менинг бошқа Худо хизматкорларига ўхшамаслигимни — мен кўпроқ сабрсизроқ ва илтифотсизроқ эканлигимни кўриб, улар ўзларини кўпроқ четга тортишлари мени янада ҳайрон қолдиради.
Менга қарата айтилган ёмон сўзларни қабул қилишга аллақачон ўрганганман. Ваъзхонлик учун хибсга тушишнинг қандай эканлигини мен биламан. Кунларнинг бирида мен Жанубда қора танли тақводорларга ваъз ўқидим. Ваъз тугагандан кейин мен унча узоққа кетиб улгурмай, кетимдан полиция машинаси қувиб етди. Ва мени қамоқхонага жўнатишди. Полициячилар, агар яна шундай қилсанг, ечинтириб, дарра билан савалаймиз, деб дўқ-пўписа қилишди. Бу воқеа Америка Қўшма Штатларида бўлиб ўтган эди!
Мен бунга чидай олишимга ишонаман. Лекин Исонинг айтишича, биз ҳақимизда «ёмон гапириб ғийбат қилишади». Агар сўзларим ёки ўзим кимгадир ёқмасам, бу мени ташвишлантирмайди. Аммо менга ўзим айтмаган гапларни айтгансан дейишса, бунга чидаш қийинроқ. Бундай ҳолда ўз-ўзингни ҳимоя қилишга ва ёлғончиларни фош этишга тўғри келади.
Одамлар Исони рим аскарининг ноқонуний туғилган ўғли эканлигини исботлаб беришга ҳаракат қилганлар. Жамоатнинг бутун тарихи давомида Худонинг болаларига туҳмат қилиб келинган. Артур Пинкнинг таъкидлашича, инсон ахлоқсизлигининг энг ёрқин исботи шуки, Масиҳ дуолари ҳадя қилинган инсоннинг албатта одамлар томонидан лаънатланиши муқаррар. Инсон табиатан гуноҳкор эканлигининг қандай ажойиб кўриниши-а! Дунё лаънатлаганларга Масиҳ марҳамат қилади.
Худога ёққан ҳаёт имонсизларнинг қаттиқ ғазабини ва нафратини қўзғайди. Бу илоннинг муқаддас уруғга нафратидир. Масиҳ томондан яҳудийлар учун белгиланган мезонлар шунчалар баланд эдики, бу мезонлар уларни ер тишлатди. Ва сўнгида У шундай қўшимча қилди: «Ҳа, агар сиз бундай ҳаёт тарзини танласангиз, унда таъқибларга дуч келасиз, ўз уйларингиздан, ўз иш жойларингиздан, умуман жамиятдан ҳайдаласиз. Одамлар сиз ҳақингизда ёлғон гапиришади ва сизни ғийбат қилишади».
Худо амрларига содиқ кишилар билан нега бундай бўлиши керак? Келинг, ўйлаб кўрайлик. Нега бу дунёнинг одамлари бизни ҳайдашади? Аслида улар биздан унчалик нафратланмайдилар. Бу бизга бироз бўлса-да таскин беради, шундай эмасми? Улар кимни ёмон кўришади? Масиҳни. Уларга биз эмас, бизнинг ҳаёт тарзимиз, яна ҳам аниқроқ қилиб айтганда, бизнинг қалбимизда яшовчи Масиҳ ёқмайди.
Исо Ўз шогирдларига шундай деган: «Агар улар Мени ўлдиришган бўлса, сизни ҳам ўлдиришади. Агар улар Мендан нафратланишса, улар сиздан ҳам нафратланадилар. Агар улар Мени ҳайлашса, сизни ҳам ҳайдашади. Чунки сизлар Меники эканлигингизни улар биладилар» (қаранг: Юҳ. 15:18). Исо гуноҳкор дунёга муқаддасликни ҳаракатда кўрсатиб берди. Ўзининг узоқ тарихи давомида дунё ҳеч қачон бунданда мукаммалроқ одамни кўрмаган. Ва борган сайин дунё ўзининг гуноҳли мағрурлигига ботиб борарди.
ХУДОНИ ҲУРМАТ ҚИЛУВЧИ
ТАҚВОДОРЛАРНИ ТАН ОЛМАЙДИГАН
ГУНОҲКОРЛАРНИНГ ФОШ ҚИЛИНИШИ
Исо келганда дунё муқаммал Инсонни кўрди ва унинг ўзига бўлган ишончидан асар ҳам қолмади. Дунё устида турган пойдевор тобора қулаб борарди. Ўз айбларини сезган одамлар мукаммал одамни ўлдиришди. Бу билан улар ўзлари мос келмаган мезонларни йўқ қилмоқчи бўлишди. Ҳар доим шундай бўлади ҳам. Инсонда Масиҳ яшай бошлагани заҳоти, бу дунё эришиши мумкин бўлмаган мезонларни белгилай бошлайди. Худди шу дунё бор кучи билан ўзининг бахтли яшаётгани ҳақидаги сохта тасаввурларни сақлаб қолиш учун ҳам уларни йўқ қилишга ҳаракат қилади.
Адолатли Аристид, грек-эрон уруши даврининг сиёсий ва ҳарбий арбоби, Афинадан қувғин қилинган эди. Бу учун Афинанинг барча фуқаролари овоз беришди. Уларнинг биттаси ўзининг овоз беришдаги иштирокини бундай изоҳлайди: «Уни доимо «Адолатли» дейишлари жонимга тегиб кетди».
Масиҳнинг шогирдлари билан ҳам худди шундай воқеалар содир бўлди. Андрей ўз ваъзи учун хочга тортилди. Ривоят қилишларича, унинг жон талвасасини чўзиш учун хочга арқон билан бойлаб ташлашган.
Афсоналарга қараганда, тўққиз ойлик қамоқдан сўнг ҳаворий Бутрус боши пастга қаратилган ҳолда хочга тортилган.
Павлус Нероннинг буйруғига кўра боши танасидан жудо қилинган.
Ёқуб, Матто, Матто, Вартоломей ва Тома ҳам азоб-уқубатли ўлим топишди. Фақат Патмос оролида сургунда танҳоликдан ўлган Юҳанно бундан истисно эди.
Италияда XV-асрда Саванарол исмли одам яшаган. У бутун дунёга машҳур, буюк ислоҳотчи ва ваъзхонлардан бири бўлган. У айтган инсоний гуноҳларни ва Римкатолик жамоатининг порахўрлигини қатъий қоралаши Реформацияга йўл очиб берди.
Унинг ваъзи худди момақалдироққа ўхшарди. Айблов эса шунчалар кучли эдики, уни эшитган одамлар ваъздан сўнг сўзсиз саросимага тушиб тарқалишарди. Унинг тингловчилари кўпинча вужудлари титраб, ларзага келиб йиғлашарди. Одамлар бундай ваъзга чидай олмасдилар. Шунинг учун ҳам улар гуноҳларига тавба қилиш ўрнига Саванаролани гулханда қатл қилишди. Агар ҳозирги замон масиҳийлари ўз ғояларини ҳимоя қилишда жасурроқ ва муросасизроқ бўлганларида, агар улар ҳузур-ҳаловат амрларини ўз юракларида асраганларида эди, дунё уларни шундай очиқ чеҳра билан қабул қилмасди, деб ўйлайман.
Дон Ричардсон ўзининг «Замин ҳукмдорлари» номли китобида миссионер Стэн Дейлнинг тарихини ҳикоя қилиб берган. У Ғарбий Ирианнинг қирғоқларида яшовчи қабилаларга (Янги Гвинея ороли) ваъз ўқирди. Стэн тоғ ён бағрида жойлашган кичкина қишлоқда тўхтади. Хелук номли тез оқар дарё тоғдан пастликда жойлашган водийга шиддат билан оқиб тушарди.
Бу қабила қандайдир умуман ақлга тўғри келмайдиган жамоатга эътиқод қиларди. Уларнинг муқаддас ҳисобланмиш кичик-кичик ерлари бор эди. Агар тасодифан ҳатто ёш гўдак эмаклаб, бу ерларнинг бирига кириб қолгудек бўлса, қишлоқ аҳолиси бу болани, ҳаром, деб ҳукм чиқарар, бутун қишлоқ уни лаънатлар эди. Шунинг учун улар бундай болани қоядан тўғри дарёга улоқтиришар экан. Агар кимдир бу урф-одатларга қарши бирон сўз айтгудек бўлса, уни ўша ердаёқ ўлдиришар экан. Шунинг учун ҳар қандай эътирозлар, қаршиликлар ва ўзгаришларга йўл қўйилмасди.
Қабиладошлардан бири уларнинг анъаналари ҳақида беҳурматлик билан гапирганда, туб аҳоли унинг танасини ёй ўқлари билан илма-тешик қилиб ташлашди. Бечора одамнинг танаси қамишзор ботқоққа ўхшаб қолди. Қишлоқда то кичкина гавдали, қўрқмас, оёқлари қийшиқ австралиялик Стэн Дел пайдо бўлмагунча бу ҳолат давом этаверди. Ақл бовар қилмайди, аммо бу ажойиб одам ўз юрагини, хотинининг юрагини ва бешта фарзандларининг юрагини ана шу ёввойи, нафақат инсон боши учун ов қилувчи, балки одамхўр бўлган қабила аъзоларига нисбатан муҳаббатга тўлдира олди.
Стэн Дейл бу одамларни уларнинг эътиқодлари ва урф-одатлари етаклаган зимистон қоронғуликдан ва ўлимдан қутқариш учун келди. Унга нима бўлди? Мен унинг китобидан парча келтираман:
Беруэй исмли коҳин Кембу, худди тасодифан қилгандай орқадан келди ва Стэнннинг кўтарилган ўнг қўли тагига камондан ўқ отди. Бошқа коҳин Буну учли қамиш найзасини Стэн Дейлнинг ўнг елкасининг пастроғига отди.
…Янги ўқлар Стэн танасига санчилишда давом қиларди. Аммо у ўқларни суғуриб олиб, бирин-кетин синдириб ташлайверди. Ҳар томондан ўнлаб ўқлар у томонга тинмай учиб келарди. Бироқ Стэн олдингидай ўқларни суғуриб олиб то кучи етгунга қадар синдириб ташлайверди. Стэннинг танасига ўттиздан ортиқ ўқ санчилгандан сўнг унинг олдига Налимо яқинлашди.
У қандай қилиб шунча вақт йиқилмай, оёғида тик турибди? — деб ўйлади Налимо. — Нега у йиқилмаяпти? Унинг ўрнида бошқа одам бўлганда аллақачон ерда думалаб ётган бўларди. Ва тўсатдан Налимонинг юрагини ўқ тешиб ўтди. Бу қўрқув эди. Эҳтимол, у ўлмайдигандир! Одатда ҳеч қандай ички туйғуни билдирмайдиган Налимонинг юзи тўсатдан ўзгарди…
Стэн ўз душманлари олдида қимирламасдан қатъият билан турарди. Фақат ҳар сафар яна бир ўқ танасига кирганда, у бир қалқиб тушарди…
Элликта ўқ, олтмишта! Сон-саноқсиз яралардан қон сизиб тушарди. Аммо Стэн ҳамон тик турарди. Налимо нафақат ўзини даҳшат қамраб олганини кўрди. Жазонинг бошланиши пайтида жангчилар ташаббусга тўла, ўзларига ишонган бўлсалар, эндиликда улар Стэнни йиқита олмаганларидан жазавага тушиб, ўқларни аламзадалик билан тирик нишонга отардилар. Жангчиларнинг юзларида ҳатто ваҳима бор эди. Чунки Стэн ҳеч йиқилишни хоҳламасди. Балки, Кусахо ҳақдир! Наҳотки, улар руҳларнинг кўринмас дунёсини ўзлари ўйлаганларидай ҳимоя қилиш ўрнига, унга қарши даҳшатли жиноят содир қилишди?
«Йиқил! — қичқиришарди улар. — Ўл!» Бу илтижо эди: «Илтимос, ўлгин!»
Йему Филга (Фил Мастерс — у ҳам миссионер ва Стэннинг сафдоши) жангчиларга улар ўқ отаётганларида, сени мўлжалга оляпмиз, деган гапларини эшитмади. Фил қочиб кетишга ёки қаршилик қилишга ҳаракат ҳам қилмасди. У жуда кўп марта хатарга юзма-юз келди. Аммо ҳеч қачон ўлимга дуч келмади. Бироқ Стэн унга ўлимни қандай қарши олишни кўрсатди. Бу яхши намуна эди. Ва унга катта жасорат билан риоя қилиш керак эди.
Ва яна ўқни биринчи бўлиб Беруэй отди. Филни йиқитиш учун Стэнга отилган ўқдан кам ўқ ишлатилмади.
Йему ва бошқалар Филнинг ўлганлигига ишонч ҳосил қилиш учун фурсат кутишарди.
Иккала миссионер ҳам йиқилгандан сўнг, ёввойилар уларнинг тилка-пора қилинган таналарини судраб олиб кетишди. Шох-шаббалар босилган чуқурга беркитишди…
Буну титраб-қақшаб Стэн ва Филнинг бошларини таналаридан жудо қилди.
Мана, баъзида эътиқод учун қандай ҳақ тўлаш керак. Бу ҳикоя жуда ажойиб тугаган: ўша қишлоқ ва у ерга яқин бошқа қишлоқлар аҳолиси Исо Масиҳга имон келтиришди. Улар ўша воқеадан сўнг одамхўрлик базмларига йиғилмай қўйишди. Энди аҳоли фақат Раббийни улуғлаш учун йиғиладиган бўлди. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, отаси ўлганда ҳали ёш бола бўлган Стэннинг бешинчи фарзанди отасининг китобини ўқиб, нажот топди.
Агар биз дунё гуноҳига қарши турсак, бу учун ҳақ тўлашимизга тўғри келади, худди Саванаролга ўхшаб, худди Стэн Дейлга ўхшаб. Бўлажак авлодлар ҳам буни қилишлари керак. Ваҳий Китобининг 6-бобида қурбонлик бериладиган жойда туриб Худога фиғон қилаётган одамлар ҳақида гапирилади. Улар азобланганлар ва Масиҳ учун жон берганлар. Ва ҳар доим шундай бўлади.
Шоҳликнинг табааси бўлишдек олий шараф учун тўлов бериш ва ниманидир қурбон қилиш керак. Аммо бу қурбонликнинг меваси абадийдир. Бу ҳаёт билан хайрлашар эканмиз, биз Осмон Шоҳлигини мерос қилиб оламиз (Мат. 5:10). Бу ерда бизнинг ҳамма нарсамизни тортиб олсалар-да, Раббий самоларда берган нарсаларга ҳеч ким тега олмайди.
Ана шундай: биз ҳузур-ҳаловатнинг сўнгги амри ҳақида сўз бошлашимиз биланоқ, у тугади. Кейинги бобда биз қасамёд қилишни ва жабр-зулмнинг оқибати бўлган янгича қувонч ҳолатини кўриб чиқамиз.
Thomas Watson, The Beatitudes (Edinburgh: Banner of Truth, 1975), 259.
Ушбу китобдан олинган: William Barklay, The Gospel of Matthew (Philadelphia: Westminster. 1956), 1:106-107.
William Barklay, The Daily Study Bible, vol. 1, The Gospel of Matthew (Philadelphia: Westminster. 1956), 107–110.
Arthur W. Pink, An Exposition of the Sermon on the Mount (Grand Rapids: Baker, 1950), 39.
William Barklay, The Daily Study Bible, vol. 2, The Gospel of John (Philadelphia: Westminster, 1956), 2:216.
Don Richardson, Lords of the Earth (Glendale, Calif.: Regal, 1977), 304–307. Copyright Gospel Light Publications, Ventura, Calif. 91209. Рухсат билан фойдаланилган.
Книга на Узбекском языке: - Заповеди блаженства (Джон Макартур)
Недавно Господь вдохновил меня на проповедь библейской доктрины о спасении. Я глубоко озабочен тем, что многие проповедники - евангелисты, выступающие по радио и телевидению, а также в печати не совсем точно освещают вопрос о спасении человека. Церковь снова встретилась с древней проблемой, известной под именем "поверхностной веры" или "легко доставшейся благодати".
Многие люди только примкнули к Иисусу Христу. Им говорят, чтобы они просто "верили в Христа", а все остальное приложится само собою. Несмотря на то, что Евангельская Весть поистине очень проста, такое "легковесное" учение совершенно недостаточно, в сравнении с тем, что говорит Иисус Христос в проповеди о блаженствах.
Тщательное изучение Евангелия от Матфея и особенно Нагорной проповеди дает нам совершенно ясное представление о том, какими должны быть условия истинного спасения. Заповеди блаженства поразили меня как ничто другое в жизни. Они указывают на путь, вернее раскрывают те совершенства, которыми должна обладать истинно спасенная душа и открывают источник подлинного счастья.
На всех серий проповедей, с которыми я выступил почти за одиннадцать лет моего служения в церкви "Община Благодати", в этой серии наиболее ясно изложены вопросы сознания греховности, самоанализа и ответственности за обращение погибающих.
Материал в этой книге изложен в форме серии проповедей на отдельные темы с примерами истинного спасения, провозглашенным нашим Господом Иисусом Христом.
Я молюсь о том, чтобы вы, услышав проповедь Господню, стали новым человеком.
С искренним уважением ваш брат во Христе,
Джон МакАртур