Чиқиш (2-Таврот) 4 bob
1 Шунда Мусо: — Исроил халқи гапимга қулоқ солмасдан: “Эгамиз сенга зоҳир бўлмаган”, деб менга ишонмаса, унда нима қиламан? — деб сўради.
2 — Қўлингдаги нима? — деб сўради Эгамиз. — Таёқ, — деб жавоб берди Мусо.
3 — Таёқни ерга ташла! — деб амр қилди Эгамиз. Мусо таёқни ерга ташлаган эди, таёқ илонга айланиб қолди. Мусо дарров илондан ўзини олиб қочди.
4 Эгамиз яна Мусога: — Қўлингни узатиб, илоннинг думидан ушла! — деб амр берди. Мусо қўлини узатиб, илоннинг думидан ушлаган эди, шу заҳоти илон Мусонинг қўлида яна таёққа айланиб қолди.
5 — Шу мўъжизани кўрсатасан! — деб амр берди Эгамиз, — токи Менинг халқим ота–боболари — Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси — Мен сенга зоҳир бўлганимга ишонсинлар.
6 Сўнгра Эгамиз яна: — Қўлингни қўйнингга тиқ! — деб амр берди. Мусо қўлини қўйнига тиқиб, чиқарган эди, қўлига яра тошиб, қордай оппоқ бўлиб қолди.
7 — Қўлингни яна қўйнингга тиқ! — деб амр берди Эгамиз. Мусо қўлини яна қўйнига тиқиб чиқарган эди, қўли танасининг қолган қисми сингари асл ҳолига қайтди.
8 — Агар сенга ишонмасалар ёки кўрсатган биринчи мўъжизангга эътибор бермасалар, иккинчи мўъжизага ишонадилар, — деди Эгамиз.
9 — Гапингга қулоқ солмай, иккала мўъжизага ҳам ишонмасалар, Нил дарёси сувидан олиб, қуруқ ерга тўк. Дарёдан олиб ерга тўккан сувинг қонга айланади.
10 — Ё Раббий! — деди Мусо. — Мен ҳеч қачон гапга чечан бўлмаганман. Мен, қулингга гапирганингдан буён ҳам худди шундайман. Ахир, менинг тилим чучук, секин гапираман.
11 Шунда Эгамиз: — Инсонга тил ато қилган ким? — деди. — Инсонни ким соқов, кар, кўрадиган ёки кўр қилиб яратади? Мен, Эгангиз, эмасми?!
12 Энди бор! Гаплашганингда, Мен сен билан бирга бўламан. Нимани гапиришингни Мен сенга ўргатиб тураман.
13 — Ё Раббий! — деди Мусо. — Илтижо қиламан: менинг ўрнимга бошқасини юбора қолгин.
14 Шундан кейин Эгамиз Мусодан қаттиқ ғазабланиб деди: — Аканг Ҳорун бор–ку! У ҳам Леви наслидан. Биламан, у гапга чечан. Ана, ўзи ҳам сенга пешвоз келяпти. Аканг сени кўриб хурсанд бўлади.
15 Ҳорун сенинг ўрнингга халқ билан гаплашади.
16 Ҳорун нима дейиши лозимлигини сен айтасан. Сен у учун Худога — Менга ўхшаган бўласан. Сизлар гапирганингизда, Мен икковингиз билан бирга бўламан. Ҳар икковингизга Мен нима қилишингизни айтиб тураман.
17 Мана бу таёғингни қўлингга ол, бу мўъжизаларни таёқ орқали кўрсатасан.
18 Мусо қайнатаси Ятронинг олдига қайтиб келиб, унга деди: — Ижозат беринг, Мисрдаги қабиладошларимнинг ёнига қайтай. Бориб билай–чи, улар ҳалиям тирикмикан. — Эсон–омон бор, — деб Ятро у билан хайрлашди.
19 Мусо ҳамон Мидиёнда яшар экан, Эгамиз унга: — Мисрга қайт, сенинг жонингни олмоқчи бўлганларнинг ҳаммаси оламдан ўтиб кетди, — деган эди.
20 Шундай қилиб, Мусо хотини билан ўғилларини эшакка миндирди. Худо, ол, деб тайинлаган таёқни қўлига олиб, Мисрга борадиган йўлга чиқди.
21 Эгамиз Мусога яна шуларни эслатди: — Мисрга борганингда, Мен берган қудрат билан сен фиръавннинг кўзи олдида ҳамма ажойиботларни кўрсат. Мен эса унинг юрагини тош қилиб қўяман. У халқимнинг кетишига ижозат бермайди.
22 Кейин сен фиръавнга Менинг шу гапимни етказ: “Эгамиз шундай айтмоқда: Исроил Менинг тўнғич ўғлимдир.
23 Ижозат бер, ўғлим бориб, Менга сажда қилсин, деб сенга айтган эдим. Аммо сен унга кетишга ижозат бермадинг. Шунинг учун энди сенинг тўнғич ўғлингни нобуд қиламан.”
24 Мусо ва унинг оиласи тунни ўтказгани йўлда тўхтадилар. Шу пайтда Эгамиз Мусонинг олдига бориб, сал бўлмаса уни ўлдирай деди.
25 Шу заҳоти хотини Зиппура тош пичоқ олиб, ўғлини суннат қилди. Суннат терисини Мусонинг оёқларига теккизиб: “Сени мен учун шу суннат қони ҳимоя қилди”, деди.
26 Шунда Эгамиз Мусонинг ҳаётини сақлади. Зиппура Мусога: “Сен шу суннат қони орқали ҳимоя қилиндинг”, деди.
27 Сўнгра Эгамиз Ҳорунга: — Мусони кутиб олгани саҳрога бор! — деб амр берди. Шундай қилиб, Ҳорун Мусони кутиб олгани Худонинг муқаддас тоғига кетди. Ҳорун Мусони топгач, у билан қуюқ саломлашди.
28 Мусо Эгамизнинг айтган ҳамма гапларини Ҳорунга гапириб берди. Бажариши керак бўлган ҳамма мўъжизалар ҳақида ҳам Ҳорунга сўзлаб берди.
29 Шундай қилиб, Мусо билан Ҳорун Мисрга боришгач, Исроилнинг барча оқсоқолларини тўпладилар.
30 Ҳорун Эгамизнинг Мусога айтган ҳамма гапларини оқсоқолларга сўзлаб берди. Уларнинг кўзи олдида мўъжизаларни кўрсатди.
31 Оқсоқоллар эшитиб кўрганларига ишондилар. Эгамиз Ўз халқини кузатиб турганини, уларнинг чеккан азобларини кўрганини эшитиб, Унга таъзим этиб, сажда қилдилар.