Чиқиш (2-Таврот) 11 bob
1 Эгамиз Мусога айтганди: “Мен фиръавннинг бошига ҳам, Миср юртига ҳам яна битта фалокат юбораман, ўшандан кейингина бу ердан кетишингизга у сизларга ижозат беради. Бу юртдан ўзи сизларни ҳатто ҳайдаб чиқаради.
2 Энди Исроил халқига айт: ҳамма эркагу аёл Мисрлик қўшнисидан олтин, кумуш тақинчоқлар сўраб олсин.”
3 Эгамиз Мисрликларни шундай қилдики, улар Исроил халқига илтифот кўрсатдилар. Мусони ҳам Миср юртида, фиръавннинг аъёнлари, Миср халқи кўз олдида ғоят улуғ қилган эди.
4 Шунда Мусо фиръавнга деди: — Эгамиз шундай айтмоқда: “Тун ярмида Миср бўйлаб юраман.
5 ШундаМисрдаги ҳамма тўнғич ўғиллар — тахтда ўтирган фиръавннинг тўнғичидан тортиб, қўл тегирмонида ўтириб ишлаётган чўри хотиннинг тўнғич ўғлигача нобуд бўлади. Ҳатто чорванинг биринчи эркак боласигача нобуд бўлади.
6 Бутун Миср бўйлаб қаттиқ фарёд кўтарилади. Бунақа воқеа илгари бўлмаган, бундан кейин ҳам бўлмайди.
7 Исроил халқи яшаган ерларда эса тинчлик ҳукм суради. Уларга қарашли бирорта одамга ёки бирорта ҳайвонга ҳатто ит ҳам ҳуриб қўймайди. Ўшанда Мен, Эгангиз, Исроил халқини Миср халқидан айирганимни билиб оласизлар.”
8 Ўшанда аъёнларинг ҳаммаси келиб, менга икки букилиб таъзим қилади. Менга: “Сен ҳам, сенга эргашган халқинг ҳам кетинглар”, деб ёлворасизлар. Мен ўшандан кейин кетаман. Мусо ғазаб билан фиръавннинг ҳузуридан чиқиб кетди.
9 Эгамиз Мусога шундай деган эди: “Мисрда Менинг ажойиботларим кўпайиши учун фиръавн сизларнинг гапингизга қулоқ солмайди.”
10 Мусо билан Ҳорун фиръавннинг олдида ҳамма ажойиботларни кўрсатиб бўлдилар. Лекин Эгамиз фиръавннинг юрагини тош қилиб қўйди. Фиръавн ўз юртидан Исроил халқининг кетишига ижозат бермади.