Чиқиш (2-Таврот) 34 bob
1 Эгамиз Мусога амр берди: — Иккита тош лавҳани кесиб ол. Улар олдингиларига ўхшаган бўлсин. Мен ўша тош лавҳаларга сен синдирган лавҳалардаги амрларни ёзаман.
2 Эрталабга тайёр бўл, Синай тоғига чиқиб, тоғ чўққисида Мени кутиб олишга ҳозир бўлиб тур.
3 Лекин сен билан бирга ҳеч ким чиқмасин. Тоғнинг бирор жойида ҳеч ким бўлмасин. Тоғнинг яқинида ҳаттоки мол–қўйлар ҳам боқилмасин.
4 Эгамиз амр этгандай, Мусо олдингиларига ўхшаган иккита тош лавҳани кесди. Эртасига саҳарда туриб, қўлига иккала тош лавҳани олиб, Синай тоғига чиқди.
5 Эгамиз булут ичида тушиб келди. Мусо билан бирга туриб, Ўзини Мусога маълум қилди.
6 Мусонинг олдидан ўтиб, баланд овоз билан гапирди: — Мен Эгангман! Мен Эгангман! Раҳмдил ва иноятли, жаҳли тез чиқмайдиган Худоман, севгим ва садоқатим мўлдир.
7 Минг–минг авлодларга содиқ севгимни кўрсатавераман. Фосиқликни, исённи ва гуноҳларни кечираман. Лекин айбдорларни асло жазосиз қолдирмайман. Мен уларни жазолайман, уларнинг гуноҳлари оқибатидан фарзандлари, набиралари ва чеваралари ҳам қочиб қутулмайди.
8 Ўша заҳоти Мусо икки букилиб таъзим айлаб, сажда қилди.
9 Сўнгра: — Ё Раббий! — деди. — Агар мен Сендан марҳамат топган бўлсам, илтижо қиламан, Сен биз билан боргин. Бу халқ ўжар бўлса ҳам, фосиқлигимизни ва гуноҳларимизни кечиргин, бизни Ўзингнинг халқинг қилиб қабул эт.
10 Эгамиз айтди: “Мен энди Исроил халқи билан аҳд тузаман. Бутун халқинг кўзи олдида ажойиботлар кўрсатаман. Бунақа ажойиботлар ер юзида ёки биронта халқ орасида бўлмаган. Мен, Эгангиз, сизларга кўрсатадиган ўша даҳшатли ишни сен билан бирга бўлган бутун халқ кўради.
11 Мен сизларга бугун берадиган амрларга итоат қилинглар. Мен сизларнинг олдингиздан Амор, Канъон, Хет, Париз, Хив ва Ёбус халқларини қуваман.
12 Эҳтиёт бўлинглар, сизлар кирадиган юртнинг аҳолиси билан сулҳ тузманглар. Бўлмаса, сизларни тузоғига илинтириб олади.
13 Сизлар уларнинг қурбонгоҳларини бузинглар, бутсимон тошларини майдалаб ташланглар, Ашерага аталган устунларни кесиб ташланглар.
14 Бошқа худоларга сажда қилманглар. Мен, Эгангизнинг номи Рашкчидир: Мен сизларнинг севгингизни бошқа худолар билан баҳам кўрмайдиган Худоман.
15 Ўша юртнинг аҳолиси билан сулҳ тузманглар. Улар ўз худолари ортидан ҳирс билан эргашадилар. Улар билан сулҳ тузсангиз, ўз худоларига қурбонликлар келтираётганларида сизларни ҳам ўзларига қўшилишга таклиф қиладилар. Сизлар улар билан бориб, қурбонликларидан тановул қиласиз.
16 Кейин уларнинг қизларини ўғилларингизга олиб берасизлар. Улар ўз худоларига ҳирс билан сажда қилганда, ўғилларингизни ҳам ўша худоларга ҳирс қўйишга бошлайдилар.
17 Ўзларингизга худолар тасвирларини ясаманглар.
18 Хамиртурушсиз нон байрамини ҳар йили нишонланглар. Мен сизларга амр этганимдай, Абиб ойининг белгиланган вақтида етти кун хамиртурушсиз нон енглар, чунки сизлар Абиб ойида Мисрдан чиққансизлар.
19 Тўнғич ўғилларингиз, ҳамма чорвангизнинг — мол–қўйларингизнинг биринчи туғилган эркак боласи Меники.
20 Эшакнинг туғилган биринчи эркак боласини Эгамиздан бир қўзи ёки улоқча эвазига сотиб олинглар. Агар эшакни қайтариб сотиб олмасликка қарор қилсангиз, эшакнинг бўйнини синдириб ўлдиришингиз керак. Сизлар Эгамиздан ҳамма тўнғич ўғилларни ҳам қайтариб сотиб олишингиз лозим. Ҳар ким Менинг ҳузуримга муносиб назрлар олиб келиши лозим.
21 Ҳамма ишларингизни бажаришингиз учун олти кун бор. Еттинчи кун эса иш қилманглар. Ҳатто экин–тикин пайтида ҳам, ўрим–йиғим пайтида ҳам дам олинглар.
22 Ҳар йили буғдой ўримини йиғиштиришни бошлаганингизда, далангизга эккан уруғнинг илк ҳосилидан назр қилинглар. Шу орқали Ҳосил байрамини* нишонланглар. Кузда Чайла байрамини нишонланглар.
23 Ҳамма эркакларингиз ҳар йили учала байрамда Мен, Исроил халқининг Худоси — Эгангиз Раббийнинг ҳузурига келиб сажда қилсин.
24 Сизларнинг ерингиздан халқларни қуваман, чегараларингизни кенгайтираман. Ҳар йили уч марта Мен, Эгангиз Худога сажда қилишга келганингизда, сизларнинг мулкингиз бўлган ерни ҳеч ким босиб олмайди.
25 Менга қилинган қурбонликнинг қонини хамиртуруш қўшилган нон билан бирга назр қилманглар. Фисиҳ зиёфатининг қурбонлик гўштини эрталабгача қолдирманглар.
26 Ерингиздан олган илк ҳосилнинг энг яхшисини Мен, Эгангиз Худонинг уйига олиб келинглар. Улоқчани онасининг сутида қайнатманглар.”
27 Кейин Эгамиз Мусога: — Бу сўзларни ёзиб ол! — деб амр қилди. — Шу сўзларга биноан Мен сен билан ҳамда Исроил халқи билан аҳд тузаман.
28 Мусо ўша ерда Эгамизнинг ҳузурида емай–ичмай, қирқ кечаю қирқ кундуз бўлди. Эгамиз иккита тош лавҳага аҳд сўзларини — ўнта амрни ёзди.
29 Мусо қўлига иккита лавҳани олиб, тоғдан тушди. У Худо билан гаплашгани учун юзидан нур сочилар эди. Мусонинг ўзи эса буни билмасди.
30 Ҳорун ҳам, жамики Исроил халқи ҳам Мусони кўриб, унинг юзидан нур ёғилиб тургани учун бирортаси унга яқин келишга қўрқарди.
31 Мусо Ҳорунни ва барча жамоа оқсоқолларини чақирди, улар Мусонинг олдига келишди. Мусо улар билан гаплашгандан кейин,
32 жамики Исроил халқи унга яқинроқ келди. Мусо Синай тоғида Эгамиз берган амрларни бажаришни халққа буюрди.
33 Мусо улар билан гаплашиб бўлгандан кейин, юзига ёпинчиқ ёпиб олди.
34 Мусо Эгамизга гапириш учун Унинг ҳузурига борганда, юзидаги ёпинчиқни олиб ташлар эди. У чиқиб, Эгамиз, айт, деб буюрган ҳамма амрни Исроил халқига етказарди. Шунда Исроил халқи
35 Мусонинг юзи ҳамон нур сочиб турганини кўрарди. Сўнгра Мусо кейинги сафар Эгамиз билан гаплашиш учун боргунига қадар юзини ёпиб оларди.