Руҳий жанг (Жон Буньянн) 8 bob

Жон Буньян. Руҳий жанг- (8-боб) Узбек тилида     

Ruhiy jang (Jon Bunyan) Audiokitob Uzbek tilida.Книга на Узбекском языке

                         

Мундарижа

Кириш

I Боб

II Боб

III Боб

IV Боб

V Боб

VI Боб

VII Боб

VIII Боб

IX Боб

X Боб

XI Боб

XII Боб

XIII Боб

XIV Боб

XV Боб

XVI Боб

XVII Боб

XVIII Боб


VIII Боб

Шу орада қария солномачи, шаҳарнинг собиқ ҳокими Идрок ва шаҳарнинг бир қанча оқсоқоллари йиғилдилар ва «Руҳ вайрон бўлса, биз ҳам шубҳасиз ўлишимиз керак», деб англаб етдилар. Узоқ маслаҳатлашганларидан кейин: «Эммануил ҳозир шаҳар дарвозасида турган пайтда Ундан кечирим сўрайлик», деб келишиб олдилар. Кечиримнинг мазмуни қуйидагича эди: «Биз, бахтиқаро шаҳарнинг эски фуқаролари, гуноҳимизни тушундик. Шоҳимизни ҳақорат қилганимиздан афсусланяпмиз, энди ҳаётимизни сақлаб қол, деб Унга илтижо қиляпмиз.»

Эммануил кечирим сўраб ёзилган мактубни олди–ю, илтимос қилганларни уялтириб, бетинч қилгандан кўра, мактубга жавоб бермай қўя қолди. Бу вақтда солномачининг уйига жойлашиб олган йўлбошчилар қалъа деворини бузишга ҳаракат қилиб, девортешар қуролларини бир зум ҳам тўхтатмадилар. Ниҳоят, Димоғдор деган ном билан машҳур бўлган девор қулаб, парча–парча бўлиб кетди. Иблис яшириниб олган қалъага йўл очилди. Ўша зоҳоти Эммануилга бу хабарни етказиш учун чопарлар жўнатилди. Бутун қароргоҳ хурсандчиликдан карнай чалиб: «Шоҳ Ўғлининг қалъага кириши — урушнинг тез орада тугашини ва Руҳни озод қилиш бошланганини исботлайди», деб тушундилар.

Эммануил ўрнидан турди ва Ўзи зарур деб ҳисоблаган яқинларини эргаштириб, шаҳарга кирди–да, марказга қараб йўл олди.

У олтин қурол–аслаҳалар билан қуролланиб олган эди. Эммануилнинг олдида Унинг байроғини олиб бордилар. Эммануилнинг юзларида вазмин ифода, хотиржамлик эди. Уйларидан чиққан одамлар Унинг зафарли юришига қараб: «Шоҳ Ўғли бизга меҳрибонлик кўрсатадими ёки ғазабини сочадими», деб ҳеч нарсани билолмасдан, Уни хавотирлик билан кузатардилар. Аҳоли Шоҳ Шадайнинг қонунини оёқ–ости қилганлари учун ўлимга лойиқ эканликларини, Иблисни ўзларининг шоҳи деб ихтиёрий равишда эътироф этганлари ҳам Шоҳ Ўғлига маълум эканини билишар, буларнинг ҳаммаси уларни ваҳимага соларди. Шунинг учун улар: «Эммануил исёнкор шаҳарни вайрон қилиб, бизни ўлимга ҳукм қилмаса эди», деб қўрқардилар. Яқиндагина ўзлари нафратланиб, шаҳарга киритишни Истамаганга меҳр билан боқиб, Унинг ғаройиб гўзаллигига маҳлиё бўлишар, Унга таъзим қилишар, оёқлари остига ўзларини отишар, Уни шоҳ қилиб сайламаганларига афсусланишарди. Шу тариқа Руҳ у ёқдан–бу ёққа ўзини урар, »Мени нима кутяпти экан–а», деб хаёлга ботиб, гоҳ қўрқувни унутиб, умид ҳам қиларди.

Эммануил қалъага яқин келиб, Иблисга: «Менга қара!» деб буйруқ берди. О, у махлуқ ғолиб Шоҳга кўринишдан шунчалик қўрқардики, тиришиб, Унга шунақанги хушомад қилардики! Бутун вужуди дағ–дағ титраётган Иблисни Эммануилнинг рўпарасига олиб келдилар. Эммануил: «У занжирбанд қилинсин, Шоҳ томонидан ҳукм қилинадиган кунгача қолдирилсин», деб буйруқ берди. Шунда маккор руҳ: «Мени тубсиз чуқурликка ташлатмагин, шаҳардан тинчгина чиқиб кетай, ижозат бер», деб ялина бошлади.

Иблисни занжирбанд қилганларидан кейин, Эммануил: «Уни бозор майдонига олиб бориб, бутун халқнинг кўзи ўнгида мақтанган қурол–аслаҳаларини олиб ташланглар», деб буйруқ берди. Шоҳ Ўғлининг илк тантанаси эди бу! Шу пайт карнайчилар хурсандчиликдан карнайларини чалдилар, қўшиқлар янгради, бутун лашкар шодликдан ҳайқирди.

Шундай қилиб, энди Руҳ шу кунгача қанчалик қаттиқ адашганини, бекордан–бекорга кимга ишонганини, адашиб кимга сажда қилганини тушунган эди.

Эммануил бутун шаҳар олдида Иблисни тор–мор қилгандан кейин: «Иблис аравага боғлансин!» деб амр берди. Воанаргес билан Ишончга: «Лашкарингизнинг бир қисмини олиб, қалъани қўриқланглар, Иблиснинг тарафдорларидан бирортаси уни озод қилишга уриниши мумкин», деб тайинлади ва Ўзи аравага ўтириб, зафар билан қаттиқ ҳайқириқлар ва ҳамду санолар остида бутун шаҳар бўйлаб Кўз дарвозаси олдидан ўтди. Ҳамма қаллоб Иблисни ҳақоратланган ҳолда кўриб, бирдан шод бўлганларидан ҳайқириб баланд овоз билан қўшиқ куйладилар: «У Ўз асирини қўлга олди, У ҳукмронларни, ҳукмронликни қўлларида ушлаб турганларни йиқитди. Иблис Унинг қиличи кучини билди. Иблис олдинги қуллари олдида масхара бўлди.» Карнай овози, ажойиб қўшиқ, ҳаяжонли ҳайқириқлар шу қадар баланд эдики, ҳатто само аҳли ҳам: «Бу хурсанчиликнинг сабаби нима экан», деб пастга кўз ташладилар. (Лука 15:7–10)

Бу воқеалар нима билан тугашини одамлар билолмай, кўриб, эшитиб туравердилар. Лекин нимадир уларни Эммануилга тортарди. Одамлар нигоҳини Эммануилдан узолмасдилар.

Эммануил душманни қилмишига яраша жазолаб: «Бундан кейин шаҳарда кўринма!» деб таъқиқлади ва уни ҳайдаб юборди. Хўрланган, шарманда бўлган Иблис кўздан ғойиб бўлди. У самарасиз ернинг четларидан маскан излашга мажбур бўлди. «Қаерда хотиржам бўла олармиканман», деб ўйлади, лекин ҳеч қаердан маскан топа олмади (Матто 12:43).

Иблис ҳайдаб юборилгандан кейин, шаҳар аҳли бутун эътиборини қўмондонлар Воанаргес билан Ишончга қаратдилар. Улар ҳали ҳам солномачи Виждоннинг уйида жойлашган эдилар. Бу мардлар фавқулодда куч–қудратга эга бўлган одамлар эдилар. Уларнинг юзлари шернинг юзларини эслатарди (Пар.12:8), овозлари эса қутурган денгизнинг ўкиришига ўхшарди (Ишаё 5:30). Лекин йўлбошчилар атрофдагиларни қўрқув ва ларзага солиб, ҳеч оғишмай ўз вазифаларини бажарардилар. Шунинг учун халқ келажагини ўйлаб, доимо юрагини ҳовучлаб, хавотирда яшарди. Анчагача аҳолидан ҳеч ким на тиним билди, на хотиржам бўлди, на умид қилди.

Шоҳ Ўғли шаҳарда истиқомат қилишни истамасдан, Отасининг бирлашган кучлари орасидаги қароргоҳга жойлашди. У йўлбошчи Воанаргесга шундай буйруқ жўнатди: «Қалъа ҳовлисига бутун жамоатни йиғиб, ҳамманинг кўзи олдида солномачи Виждонни, шаҳар ҳокими Идрокни ва Эркин Майл бекни қама.» Буйруқ ижро этилди. Аҳоли энди баттар қўрқиб қолди. Худди шаҳар вайрон қилинадиган пайт яқинлашгандай туюлаверди. «Биз қандай ўлим топар эканмиз, азобларимиз узоқ давом этармикан», деган ўй аҳолининг фикрини муттасил банд қилиб келди. Улар ҳатто: «Эммануил бизни дўзахга ташлашга буюради», деб қўрқардилар. Бу дўзахдан Иблис ҳам қўрқарди. Лекин улар шундай жазога лойиқ иш қилганларини тушунардилар. «Биз олийжаноб шаҳзоданинг қўлида ўламизми ёки Унинг қаҳрига дучор бўламизми» — уларни хавотирга солаётган нарса шу эди. Улар қамоққа олинган йўлбошчилари учун ташвиш тортардилар ва «Йўлбошчиларимиз қатл қилинса, шаҳарни вайрон қилинишининг бошланиши шу бўлади», деб ишонардилар. Шунинг учун улар маслаҳатга йиғилишиб, ўзларининг номидан ҳам, маҳбуслар номидан ҳам авф сўраб мактуб ёзиб, Умрпарвар деган орқали Эммануилга етказишга қарор қилдилар. Умрпарвар Шаҳзоданинг қароргоҳига йўл олди ва мактубни Унинг қўлига олиб бориб берди.

Мактуб қуйидаги мазмунда эди:

«Улуғ ва ғаройиб ҳукмдор, Иблиснинг ғолиби, Руҳнинг Фотиҳи! Биз, бахтсиз оламнинг бахтиқаро аҳолиси, афв этишингизни ёлвориб сўраймиз. Биз қилган жиноятларни, бошлиқларимизнинг гуноҳларини эсламанг, Ўзингизнинг буюк шафқатингизни бизга кўрсатинг. Бизни ўлдирманг. Сизнинг паноҳингиз остида яшашга ижозат беринг. Биз Сизга содиқ хизматкорлар бўламиз. Сизнинг ижозатингиз билан дастурхонингиздан ушоқларни териб еймиз. Омин.»

Юқорида айтилганидай, чопар Шоҳ Ўғли ҳузурига борди. Шоҳ Ўғли унинг қўлидан авф сўраб ёзилган мактубни олди. Лекин бир оғиз ҳам сўз айтмай, чопарга ижозат берди. Шаҳар аҳли бундан қаттиқ хафа бўлди. Лекин улар ўзларининг аҳволини ўйлаб кўриб: «Биз яна афв сўрашимиз ёки ўлишимиз керак бўлади», деб аниқ ишонч ҳосил қилдилар. Шундай қилиб, улар умумий йиғилишда иккинчи марта авф хати жўнатишга қарор қилдилар.

Улар иккинчи марта афв хати ёздилар–у лекин ким орқали юборишни билолмай қолдилар. «Олдин жўнатган чопаримиз Эммануилга маъқул келмади, шунинг учун унга ҳеч қандай эътибор бермади», деб ўйладилар. Улар йўлбошчи Ишончни: «биз учун кафил бўл», деб кўндиришга ҳаракат қилдилар. Лекин у: «Хиёнаткорлар учун илтимос қилишни бўйнимга олмайман», деб рад қилди. «Шуниси ҳам борки, — деб қўшимча қилди йўлбошчи Ишонч, — Шаҳзодамиз олийжаноб, сизлар биронта чопар орқали Унга яна бир марта мурожаат этишларингиз мумкин, юборилган чопарингиз фақат бўйнига арқон илиб олиб, шафқатдан бошқа нарса тўғрисида сўрамаса бўлди.»

Аҳоли қўрқувга тушиб, мактуб юборишни анча орқага сурдилар. Лекин ҳозирги аҳволига хавф кучайишидан қўрқиб, иккинчи марта илтимосларини жўнатишга қарор қилдилар. Бу мактубни Уйғонишсевар деган ҳамюртлари орқали юбормоқчи бўлдилар. У овлоқ жойда истиқомат қиларди. Ҳамюртлари чақиргач, келиб: «Руҳни қутқариш учун ҳамма нарсани ижро этишга тайёрман», деб айтди.

Чопар Шаҳзоданинг масканига йўл олди. Етиб боргач, қабул қилинишини сўради. Унинг олдига Эммануилнинг Ўзи чиқди. Чопар уни кўриши биланоқ таъзим қилди ва: «Руҳга раҳм қилинг!» деб мактубни узатди. Шаҳзода илтимосномани ўқиб, кўз ёшларини кўрсатмаслик учун юзини бурди. Чопар эса Ундан илтимос қилишини қўймади. Шаҳзода таъзим қилиб турган чопарга: «Қайтиб боравер–чи, илтимосингни ўйлаб кўраман», деб жавоб қилди.

Ҳамма хавотирланиб, чопарнинг қайтишини кутаётган эди. У: «фақат асир олинган бошлиқлар олдида — қамоқхонада юз берган воқеани айтаман», деди. Ҳамма уни қуршаб олди. Эркин майл бекнинг қўрқувдан ранги оқариб кетди. Солномачи Виждонни титроқ босди. Чопар юз берган воқеани сўзма–сўз айтиб берди. Охирида у деди: «Шаҳзода шунақангги чиройли эканки, юзидан нур ёғиб турибди. Уни кўрган одам ўша зоҳоти Унга нисбатан севгини ҳам, қўрқувни ҳам ҳис қилади. Буни мен ҳам сезиб турибман, лекин жавоби қандай бўлишини айта олмайман.»

Шундан кейин йиғилганлар чурқ этмай, эсанкираб, уй–уйларига тарқалишди. Асир тушган бошлиқлар эса, Шаҳзоданинг жавобини муҳокама қила бошладилар. Шаҳар ҳокими Идрок: «Жавоб жуда ҳам афсусланарли эмас», деб ҳисоблаган бўлса, Эркин Майл бек: «Бу ёмон аломат», деб тасдиқлади. Виждон эса «Бу — ўлимга ҳукм қилинишни билдиради», деб айтди. Йиғилишга аҳолидан баъзи кеч қолганлари уларнинг мулоҳазаларини бутунлай бўлмаса ҳам, қисман эшитдилар, тескари талқин қилиб, бошқаларга етказдилар. Ҳамма ўзича тушунди, лекин ҳамма бир хилда ҳақиқатдан узоқ эди. Бутун шаҳар безовта эди. Биттаси «Ҳаммамиз ҳалок бўламиз», деб умидсизликка тушиб, бақирса, бошқаси аксинча «Ҳаммамиз нажот топамиз», деб ҳайқирарди. Учинчиси «Шаҳзоданинг биз билан асло иши бўлмайди», деб айтса, тўртинчиси «Асир тушганлар ҳадемай қатл қилинадилар» деб мулоҳаза билдирдилар. Бу кун узунқулоқ гаплару тортишувлар билан ўтди. Кеч кирди, шаҳар аҳли эртасига эрталабгача умидсиз аҳволда тонг оттирдилар.

Бу шов–шув солномачининг гапидан келиб чиқди. У: «Шаҳзоданинг жавобидан ўлим ҳукми англашиляпти», деб хулоса чиқарди. Шаҳар аҳли Виждоннинг гапига ҳурмат билан қарашга ўрганиб қолган эди. Ҳатто бир вақтлар уни башоратгўй, унинг қарорини рад қилиб бўлмайди, деб ҳисоблашар эди.

Энди халқ муртадлик қилганларининг, Шоҳ Ўғлининг хоҳиш–иродасига ноқонуний қаршилик кўрсатганларининг аччиқ оқибатларини ҳис қила бошладилар. Уларни айбдорлик ва қўрқув ҳисси чулғаб олди, кимдир қаттиқроқ қўрқарди. Чунки Руҳнинг асир тушган бошлиқлари ҳаммадан кўра кўпроқ ўз айбларини англаб етган эдилар.

Ниҳоят, анча муҳокама қилганларидан кейин, шаҳар бошлиқлари Шаҳзодага учинчи марта мактуб жўнатишга қарор қилдилар. Мактуб мазмуни қуйидагича эди:

«Улуғ Эммануил, шафқатга тўлиқ оламнинг Ҳукмдори! Биз, Руҳнинг бахтиқаро, аянчли фуқаролари, Сизнинг порлоқ шафқатингиз олдида тан оламизки, Отангиз олдида, Сизнинг олдингизда гуноҳ қилдик. Биз бундан буён Руҳнинг шафкатли исмига, авф этилишга лойиқ эмасмиз. Агар Сиз бизни қатл қилишни лойиқ кўрсангиз, биз қатл қилинишга лойиқмиз, деб қабул қиламиз. Агар Сиз бизни зулматга улоқтиришни лозим топсангиз, биз бунга ҳам лойиқлигимизни биламиз, Сиз адолат қилган бўласиз. Сизнинг ҳукмингиз қандай бўлишидан қатъий назар, биз шикоят қилишга ҳақли эмасмиз. Лекин Сизга илтижо қиламиз: бизни шафқатингиздан бебаҳра қилманг. Бизни авф этинг, қилган гуноҳларимиздан бизни халос қилинг, токи биз Сизнинг ҳузур–ҳаловатингизни ва шафқатингизни мадҳ қилайлик. Омин.»

Шундан кейин «Афв хатини Эммануилга ким олиб боради», деган масалани кўтардилар. Бировлари: «Биринчи мактуб олиб борганни юборайлик», десалар, баъзилари: «Бошқасини жўнатиш керак, чунки биринчи юборганимиз топшириқни муваффақиятли бажара олмади», дедилар. Шаҳарда Олийжаноб Иш деган қария яшарди. Лекин бу исм унга ҳеч ҳам тўғри келмасди, чунки у биронта яхши иш қилмаган эди. Айримлари «Шуни жўнатиш керак», деб таклиф қилдилар. Бунга Виждон қарши чиқди: «Ўзимиз хавф остида қолиб, раҳм–шафқат сўраб турсак–да, исми илтимосимизни йўққа чиқарадиган бировни жўнатсак. Қандай қилиб такасалтанг Олийжаноб Иш афвга кафил бўла олади?! Ахир, Шаҳзода бу мактубни олиб борувчининг исмини сўраб қолса, у «Олийжаноб Иш» деган жавобни эшитади. Эммануил эса: «Олийжаноб Иш тирик экан, Руҳ ўзини–ўзи қутқараверсин», деб айтади–ку.

Виждоннинг Олийжаноб Иш номзодига қарши билдирган эътирозига ҳамма бир овоздан: «Яна Уйғонишсеварни жўнатиш керак», деб фикр билдирдилар. Ўша зоҳоти биттасини унга юбордилар. Уйғонишсевар келгандан кейин оқсоқоллардан: «Мен билан бирга Кўзёш ҳам борсин», деб илтимос қилди. Кўзёш истаксеварнинг яқин қўшниси, камбағал, лекин кўнгли тоза, бундай ишларда кўп фойдаси тегиши мумкин эди. Уйғонишсевар бўйнига арқондан қилинган сиртмоқни илди, Кўзёш қўлларини кўкрагига қовуштириб олди. Шу тариқа иккалови Шаҳзоданинг ҳузурига йўл олдилар.

Улар Эммануилнинг маконига яқинлашганларида, «Шаҳзода бизни роса шилқим экан–ку булар деб ўйламасмикан», деб саросимага тушиб қолдилар. Шунинг учун иккаласи олдин Ундан кечирим сўрадилар: «Биз Сизни кўп безовта қиляпмиз. Бунинг сабаби – Сизни безор қилиш ёки эзмаликни яхши кўришимиздан эмас, балки Сизга кўп муҳтожлигимиздандир.» Бунга қўшимча қилиб: «Шоҳ Шадайнинг олдида, Сизнинг олдингизда қанчалик гуноҳ қилганимизни эслаб, кечаю кундуз беҳаловатмиз», дедилар. Шундан кейин Уйғонишсевар Шаҳзоданинг оёқлари остига йиқилиб: «Бечора руҳга раҳм қил, уни афв эт!» деб хитоб қилди ва Унга мактубни берди.

Эммануил илтимосномани ўқиб, кўз ёшларини яшириш учун ўша зоҳоти бир лаҳза ундан юзини бурди. Кейин ундан «Исминг ким, нимага жамоат сени бу мактубни олиб келиш учун сайлади», деб суриштира бошлади. У шундай жавоб берди: « О, мендай бир кучукнинг исмини сўраб нима қиласиз? Ўзингиз ҳаммасини биласиз. Мен гўё Сизга ёқаман, деб кеккайиб, бу ерга келишга журъат қилмадим. Мен ҳам, ватандошларим ҳам яшашни истаймиз. Мен ўз номимдан ҳамда уларнинг номидан бизга ҳаёт ато этишингизни илтижо қилиб келдим. Бу арзимас қулларингизга илтифотсизлик қилманг, шафқатли қўлларингизни чўзинг.»

«Дўстингнинг исми ким?» — деб сўради Эммануил.

«Унинг исми — Кўзёш, менинг қўшним, ўзи бечора, дарди кўп қария.»

Шунда Кўзёш Шаҳзоданинг олдида мук тушиб, деди:

«О, Жаноби олийлари! Менинг отам Пушаймон бўлгани учун, менга шундай деб ном берганлар. Баъзан яхши одамларнинг ҳам ёмон болалари бўлади, кўз ёшларимда ўзимнинг нопокликларим яширинмаган. Янглишганларимни ибодатларимда кўриб турибман. Лекин барибир Сенга илтижо қиламан, — қариянинг кўзларидан ёш оқарди. — Ёшлигимиздаги гуноҳларимизни эслама, қулларинг нолойиқ бўлса ҳам илтифот қил, Ўзингнинг ижодинг бўлган Руҳга раҳм қил, Сенинг раҳм–шафқатингни дуо қилишимизга имкон бер».

Шундан кейин иккаласи ўрниларидан туриб, Шаҳзоданинг олдида титрай бошладилар. Лекин Унга қарашга журъат қила олмасдилар. Шаҳзода эса шундай жавоб берди:

«Руҳ Отамга қарши исён кўтарди, Отамни ўзининг Шоҳи деб эътироф этмади, ёлғончи қотил, Шадай пучга чиқарган бир қулни шоҳ деб тан олди. Сизлар қудратли ва кучли деб ҳисоблаганни ҳамтовоқлари билан бирга Отам зулматга ҳайдаб юборган эди. У узоқ вақт занжирбанд бўлиб қолди. У сизларга зоҳир бўлди, сизлар эса уни қабул қилдингизлар. Сизлар Менинг элчиларимга қарши жанг қилдингизлар. Улар Отамга, кўп куч жўнатинг, деб илтимос қилишди.

Шундан кейин Ўзим уларга ёрдамга келдим. Лекин элчиларимга қандай муносабатда бўлган бўлсангизлар, Менга ҳам шундай қилдингиз. Сизлар Мени эшитишни истамадингизлар, Менга қарши уруш олиб бордингизлар. Лекин Мен ҳар қандай ҳукмронликка эгалигимга ишонмай турганингизда, сизларнинг устингиздан ғалаба қилдим. Чунки бу ҳукмронлик Менга Отам томонидан берилган, сизлар шафқат сўраб илтижо қилмадингизлар. Энди эса ғам–кулфат ичида кўз ёш тўкяпсизлар. Мен оқ байроқни – шафқатни, қизил байроқни — адолатни, қора байроқни — жазони олиб чиқишни буюрдим. Нега ўшанда сукут сақладингизлар? Лекин шунга қарамай, илтимосларингизни қабул қиламан, муҳокама қилиб, Отамнинг шуҳрати ва Ўзимнинг шуҳратим учун жавоб бераман. Йўлбошчилар Воанаргес билан Ишончга айтинглар: эртага асирларни Менинг ҳузуримга олиб келсин. Йўлбошчилар Ҳукм билан Қатлга айтинглар: улар қалъага бориб, шаҳарда тинчликни таъминласинлар.»

У шу гапларни айтиб бўлиб, Ўзининг масканига жўнади. Элчилар эса орқаларига қайтиб кетдилар. Йўлда кетаётиб: «Барибир, раҳм–шафқат тўғрисида аниқ жавоб ололмадик», деб муҳокама қилиб кетдилар. Улар шунчалик қайғуга ботган эдиларки, асир тушган бошлиқлар азоб чекиб ётган қалъага аранг етиб келдилар.

Улар Эммануил билан бўлиб ўтган суҳбатни айнан етказдилар. Асирлар тўғрисидаги буйруқни айтганларида, асирлар дод–вой қилдилар. Ҳар бири ўлимни бўйнига олиб қўйди. Бутун шаҳар қанор кийиб, бошига кул сочди. Тун шу тариқа ўтди.

Тонг отгач, асирларни Эммануил ҳузурига олиб кетдилар. Воанаргес — асирларнинг олдида, Ишонч орқада борарди. Икковининг ўртасида бўйниларида арқон билан асирлар борарди. Асирлар кўкрагига уриб, осмонга қарашга журъат қилолмай, «Эҳ бечора Руҳ!» деб қаттиқ хитоб қилиб борадилар. Занжирларнинг шақир–шуқури уларнинг оҳ–воҳлари билан қоришиб, ҳавони шикоят овозларига тўлдириб юборган эди.

Асирлар Шаҳзоданинг маконига етиб борганларидан кейин, Унинг оёқлари остига ўзларини ташладилар. Кимдир: «Асирлар олиб келинди», деб хабар бергани кетди. Эммануил зоҳир бўлиб, Ўз тахтига ўтирди ва »Бахтиқароларни чақиринглар!» деб буйруқ берди. Улар яқинлашиб, яна Унинг оёқлари остига ўзларини ташладилар, титраб, уятдан қўллари билан юзларини беркитиб олдилар. Шаҳзода Воанаргесга бурилиб, деди:

— Уларга буюр, тик туришсин.

Улар, вужуди қалтираб, ўринларидан туришди.

— Иблис томонидан булғанишга ижозат берганлар сизларми? — деб сўради У асирлардан.

— Ижозат бергандан ҳам кўпроқ, Раббий, биз уни ўз хоҳишимиз билан сайладик.

— Унинг зулми остида яшаб хурсанд бўлдингизларми?

— Ҳа, Раббий! Чунки унинг қонунлари танамизга хуш ёқарди. Бошқа ҳаёт тарзи бизга бегона бўлиб қолган эди.

— Сизларни Иблисдан қутқариш учун келганимда, наҳотки сизлар Менинг мағлуб бўлишимни чин кўнгилдан истаган бўлсаларингиз?!

— Афсуски, истаган эдик, — деб жавоб беришди улар.

— Мана шундай муртадлигингиз ва бошқа жиноятларингиз учун қандай жазога лойиқсизлар?

— Ўлимга ва зулматга, Раббий. Биз ҳамма жазога лойиқмиз.

— Мен авф этишим учун биронта сабаб йўқми?

— Ҳеч ҳам йўқ, Раббий! Сиз адолатлисиз, биз гуноҳкормиз!

— Нимага бўйинларингизга арқон осиб олибсизлар?

— Агар бизга марҳамат қилиб, афв этмасангиз, бизни боғлаб, қатл қилинадиган жойга олиб боришлари учун.

— Ҳаммангизнинг фикрингиз бирми? — сўради яна Эммануил.

— Ҳа, Раббий. Ўзимизга келсак, биз Руҳ шаҳрининг туб аҳолисимиз. Лекин бизнинг шаҳарда Иблис тарафдорлари ўрнашиб олишган, улар учун биз жавоб бермаймиз.

Шундан кейин Шаҳзода Эммануил жарчини чақиртириб буюрди: «Карнайингни чалиб, шундай деб эълон қил: Шоҳ Шадайнинг ўғли Шаҳзода Отасининг исми билан ва Ўзининг шуҳрати ҳаққи–ҳурмати учун ғалаба қилди ва Руҳни тамомила итоат эттирди. Унинг ортидан асирлар эргашиши ва ҳар бир тантанали хабардан кейин «Омин» деб айтишлари шарт.»

Қандай айтилган бўлса, шундай ижро этилди. Шу лаҳзада самодан ғаройиб мусиқа янгради. Қароргоҳдаги лашкар хурсандчилик хитоблари ва тантанали қўшиқлар билан Шаҳзодани мадҳ қилдилар. Байроқлар ҳилпиради, фақат шаҳар аҳлининг қалбидан ташқари, ҳамма жойда шодлик ҳукмрон бўлди.

Шундан кейин Шаҳзода асирларни чақирди ва «Менинг олдимга туринглар!» деб буюрди. Улар титраб–қақшаб бўйсундилар. Шаҳзода уларга мурожаат этди: «Отамнинг хоҳиш– иродасига хилоф равишда Руҳ қилган жиноятларни, шаккокликларни, Отам Менга берган ҳукмронлик бўйича кечираман ва озод қиламан. Шунинг учун сизлар қилган ҳамма ёмонликлар ҳозирдан бошлаб кечирилади.» У шундай деб, еттита муҳр босилган ўрама қоғозни тақдим қилди ва шаҳар хокими Идрокка, Эркин Майл бекка ва солномачи Виждонга шундай буйруқ берди: «Бу хабарни бутун шаҳарга эълон қилинглар, қуёш чиққандан бошлаб, эртаси кун эрталабгача эълон қилинглар.»

Бундан ташқари, Шаҳзода уларнинг эгнидаги қанорни оқ либосларга, бошидаги кулни — зеб–зийнатга алмаштирди, уларга шодлик мойини суртди, умидсизлик руҳи ўрнига ҳамду сано руҳини берди. (Ишаё 61:3)

Шундан сўнг учаласи Шаҳзодадан олтин ва қимматбаҳо тошлардан қилинган зебу зийнатлар олдилар. Шаҳзода уларнинг бўйинларидаги арқонларни ечиб, олтин занжирлар осди. Асирлар Шаҳзоданинг меҳрибон сўзларини эшитганларида ва Унинг ҳадяларини кўрганларида, ҳушларидан кетишларига сал қолди. Чунки Унинг марҳамати шунчалик буюк, шунчалик кутилмаган бўлдики, асирлар довдираб қолдилар. Эркин Майл бек бардош бера олмай, ҳушидан кетиб йиқилди. Лекин Эммануил унга ёрдамга шошилди, унга қучоғини очди. Унга оламнинг бўсасидан берди, «Руҳан бардам бўл, тинчлан, ҳамма ваъдаларим бажо бўлади», деб тасалли берди. У шундай бўсадан иккала ўртоғига ҳам берди ва майин табассум билан деди: «Бу нарсаларни сизларга бўлган севгим, раҳм–шафқатим белгиси сифатида қабул қилинглар. Сенга эса, Виждон, бу юз берган воқеалар тўғрисида Руҳни хабардор қилишингни талаб қиламан.»

Кишанлар ҳам парча–парча қилиниб, уларнинг кўз олдида ҳавога улоқтирилди. Уларнинг одимлари озод ва эркин бўлди. Улар ўша он Эммануилнинг оёқлари остига йиқилиб, Унинг оёқларини ўпди ва кўз ёшларини оқизиб, баланд овозда: «Раббимизнинг шуҳрати Ўз жойида марҳаматлансин!» (Йиз. 3:12) деб хитоб қилдилар.

Шундан кейин Шаҳзода уларга: «Туринглар ўринларингиздан, шаҳарга қайтиб боринглар, кўрганларингизни, бошларингиздан кечирганларингизни аҳолига айтиб беринглар», деб буюрди. Шаҳзода Ўзининг хизматкорларидан бирига: «Йўл бўйи шаҳарга боргунча най, тамбур чалиб, уларнинг олдида бор», деб буюрди. Шундай қилиб, Руҳ шаҳри аҳолиси ҳеч қачон орзу қилмаган нарсалар юз берди. Бирдан улар ўзлари журъат қилмаган ва умид қилмаган нарсаларга эга бўлиб қолдилар.

Шаҳзода йўлбошчи Ишончга буюрди: «Ҳилпираган байроқлар олдида бор, солномачи шаҳар аҳлига ғаройиб воқеаларни ҳикоя қилиб бераётганда, сен иштирок этгин. Кейин ҳамма байроқларни Кўз дарвозасидан олиб ўтиб, Мен қалъага бориб ўрнашгунимча, қалъани эгаллаб тур.» Эммануил яна Ишончга: «Бу хабарни Ҳукм билан Қатлга ҳам етказ, улар зудлик билан шаҳардан чиқиб, қароргоҳга қайтсин», деб қўшиб қўйди.

Шундай қилиб, Руҳ олдинги тўртта лашкарбоши ва уларнинг лашкари пайдо қилган қўрқув ҳиссидан халос бўлди.


Книга на Узбекском языке: Духовная война (Жон Буньян)

Эта книга — волнующее аллегорическое повествование о борьбе человеческой души с силами зла, возглавляемыми князем тьмы. Ее автор, Джон Буньян, перу которого принадлежит знаменитое «Путешествие пилигрима», мастерски изобразил вечный конфликт, хорошо знакомый многим. Эта необычная аллегория непременно заинтересует всех, кто вовлечен в подобную духовную битву.
«Духовная война» Джона Буньяна была впервые издана в Англии, на родине писателя, в 1682 г. Со дня первой публикации этой замечательной книги она постоянно переиздавалась и была переведена на многие языки в том числе и на Узбекский язык (Руҳий жанг Жон Буньянн).



Shu bobni eshitish:


Download (0 mb)

AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

911. Xudoning irodasini izlash (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Haqiqiy sevgini izlash (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Rejalashtirilmagan homiladorlik (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. O'z joniga qasd qilish haqidagi fikrlar (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Jinsiy zo‘rlanish (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Ota-onaning ajralishi (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Nizolar (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Yaqin insonning vafot etishi (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    Сенинг Чўққиларинг томон йўл (Ханна Харвард)    Фаришталар ҳам сукут сақлаган эдилар (Макс Лукадо)    Худонинг Буюклиги (Эйден Тозер)    Яраланган юрак (Дэн Аллендер)    Худонинг Муқаддаслиги (Роберт Спраул)    Фарзандингиз учун қай тариқа чўпон бўлиш мумкин? (Тед Трипп)    Энага яна ёрдамга шошади (Мишель Лароу)    Сандон устида (Макс Лукадо)  Гувохлик ва биография (Николай Бойко Ерофеевич)    Турмуш ўртоғингиз нотўғри ёъл тутганда, Сиз тоғри ёъл тудинг (Лесли Верник)    Матонат соҳиби (Джош Макдауелл)    Бахтли оила (Абдулла Рашидов)    Zamonamiz durdonasi (Nikolay Boyko)    Худди Исо Каби (Макс Лукадо)    Уни Нажоткор деб аташлари таажжубли эмас (Макс Лукадо)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак