Жон Буньян. Руҳий жанг- (14-боб) Узбек тилида
Ruhiy jang (Jon Bunyan) Audiokitob Uzbek tilida.
Мундарижа
Кириш
I Боб
II Боб
III Боб
IV Боб
V Боб
VI Боб
VII Боб
VIII Боб
IX Боб
X Боб
XI Боб
XII Боб
XIII Боб
XIV Боб
XV Боб
XVI Боб
XVII Боб
XVIII Боб
XIV Боб
Шаҳарда Синчков деган биттаси истиқомат қиларди. Руҳ аҳолиси уни жуда яхши кўрарди. Унинг бир одати бор эди: у доимо, шаҳарга бирон нарса хавф солмаяптимикан, деб у ёқдан–бу ёққа юрарди. У ҳаддан ташқари шубҳаланувчи бўлиб: «Иблислар ичкаридан ва ташқаридан аҳолига зарар етказмасин», деб доимо хавфсирарди.
Бир куни у кечаси ҳар бир овозга қулоқ солиб сайр қилиб юрган эди. Бир пайт у Разил дарвозасига келди. Ўша ерда Синчковнинг қулоғига шивирлашга ўхшаган бир нарса эшитилди. У сергак бўлиб, яқинроқ борди ва билдики, ҳадемай Иблис яна шаҳарни эгаллар экан, аҳоли найзага илиниб улоқтирилар экан, Шоҳнинг йўлбошчилари ва лашкарлари эса ўлдирилар ёки ҳайдаларкан. Бу воқеа тез орада бўлар экан.
Синчков ишга киришди. У зудлик билан билганларини шаҳар бошлиғига етказиш учун жўнади. Шаҳар бошлиғи ҳам воиз Виждонни чақирди ва унга юз беражак даҳшатли воқеани айтди. Воиз «Қўнғироқлар чалинсин», деб буйруқ берди ва бутун шаҳарни оёққа турғизди. Аҳоли тўплангач, воиз уларга «Ҳушёр бўлинглар», деб эшитанларини айтиб берди. «Бу хабарни, — деб таъкидлади воиз, — аллаким эмас, айнан Синчковнинг ўзи етказди. Бу одам соғлом фикри, идроклилиги билан ҳаммага маълум, у қуруқ иғвогар эмас, балки ҳамма масалани ипидан–игнасигача текширади. Мен ҳозир уни чақиртираман, унинг ўзи билганларини сизларга айтиб беради.»
Синчков келиб, эшитганларини батафсил айтиб берди. «Афсус, — деб мурожаат қилди воиз унга, — биз осонлик билан Иблисга ишонишимиз мумкин, чунки биз Шоҳ Шадайни ғазаблантирдик, Эммануилни ғазаблантирдик. Шунинг учун У бизни тарк этди. Бунинг устига биз ҳар доим иблислар билан суҳбат қурдик, Шаҳзоданинг ҳадяларини менсимадик. Ички ва ташқи душманларимиз бизни ҳалок қилишга қасд қилганларига ажабланмасак ҳам бўлади. Хасталикдан тамомила заифлашиб, кўпгина соғлом фикрли одамларимиздан айрилдик, иблислар эса кучайиб кетдилар.»
Шаҳар аҳли бу хабарни эшитганларидан кейин, улар дод–фарёд қилдилар. Лекин дарров эсларини йиғиб олиб, телбаларча ахлоқсизликларини ўнглашга киришдилар. Эммануилга икки карра кўп кечирим сўраб мактуб ёза бошладилар. Сўнгра улар шаҳар бошлиқларига мурожаат этиб: «Тунги ва кундузги соқчиларни икки баробар кўпайтирсангиз, шаҳарни мустаҳкамлаб, ҳаммага етарли қурол тайёрлаб берсангиз, токи душманнинг ҳужумини муваффақият билан даф қилайлик», деб илтимос қилдилар.
Шоҳнинг қўмондонлари ҳам йиғилишиб: «Душманга қарши тайёр бўлиб туришимиз учун шаҳарни қандай қилиб мустаҳкамласак экан», деб муҳокама қила бошладилар. Улар Руҳни самимий яхши кўрар эдилар, лекин шаҳарда узоқ вақт қолганлари учун, уларга ҳам оммавий хасталик юққан эди. Гарчи улар бошқаларга ўхшаб хасталикдан ўлмаган бўлсалар–да, роса озиб кетдилар. Лекин бу хабар уларни шунчалик ҳайратга солдики, у ўзларидан ҳамма заифликларни қоқиб ташладилар ва янги куч билан ишга киришдилар. Улар қуйидагича чоралар кўришга қарор қилдилар:
1. Шаҳарнинг ҳамма дарвозалари маҳкам беркитилсин, дарвозадан кириб, чиқадиганларнинг ҳаммаси яхшилаб текширилсин. Руҳни ҳалок қилиш учун фитна уюштирганлар шаҳардан чиқиб кетишни хаёл қилсалар, ушланиб, ҳукмга олиб келинсин. (Йиғи. 3:40).
2. Шаҳарда ўрнашиб олган иблисларнинг ҳамда иблисларга бошпана бериб, уларни ҳимоя қилган фуқароларнинг исмлари, манзили аниқлансин. Ҳаммаси катта майдонда намуна учун жазолансин. (Ибр. 12:15,16)
3. Ҳамма уйлар томидан ертўласигача қараб чиқилсин, фитнада иштирок этганлар аниқлансин ва қамалсин. (Ерем. 5:26).
4. Умумий рўза эълон қилинсин, тавба қилиш ва Эммануилнинг ҳамда Шоҳ Шадайнинг исмини шарафлаш учун бир кун белгилансин. (Ноил 1:14; 2:15, 16) Агарда фуқаролардан кимдир бунга риоя қилмаса ва ўзларининг дунёвий ишлари билан машғул бўлсалар, бундай одамлар иблислар деб қаралсин ва зудлик билан Иблиснинг ҳамма хизматкорларига ўхшаб ҳукм қилинсин.
5. Яна Эммануилга кечирим сўраб мактуб ёзишга, Синчков билган ва айтганларни ёзма равишда Унга баён қилишга қарор этилди.
6. Ниҳоят, Синчковга умум манфаати йўлида ҳаракат қилгани учун бутун шаҳар номидан миннатдорчилик эълон қилишга, соқчилар бошлиғи ўрнини эгаллашни илтимос қилишга қарор этилди.
Ҳаммаси жой–жойида қилинди. Синчков ўз манфаатидан кечиб вазифасини бажаришга киришди. У фақат шаҳарнинг ҳар бир аҳолисини кузатиб қолмади, балки шаҳар ташқарисига ҳам чиқиб, атрофда юз бераётган воқеалардан ҳам хабардор бўлиш учун юрарди.
Шундай қилиб, у ўз саёҳати давомида Дўзах дарвозалари ёнидаги Шубҳа мамлакатига дуч келиб қолди. Ҳамма Иблис бошчилигида юришга тайёрланаётганини ўша ерда билиб олди. У шошилинч равишда шаҳарга қайтди, ҳамма бошлиқларни чақириб, янги хабарни айтди. «Душманнинг лашкари 20000 дан ортиқ бўлиб, қария Умидсиз бошчилигида отланяпти экан», деб қўшимча қилди. Умидсизни улар жуда ҳурмат қилишар, чунки у Иблиснинг садоқатли хизматкори ҳисобланарди. Бундан ташқари, Руҳнинг масканлари унга яхши маълум эди. Эммануил шаҳарга кирганда, У Умидсизни ҳақорат қилгани учун, қасос олмоқчи эди.
Шаҳар бошлиқлари ва йўлбошчилари бу тафсилотларни эшитгач, Шаҳзоданинг ҳамма иблисларга тегишли қонунларини ҳозироқ ижро этиш зарур, деб ҳисобладилар. Шунинг учун «Ҳамма уйлар тинтув қилинсин», деган буйруқ бўлди. Жаноб Мулоҳаза билан Эркин Майл бекнинг уйидан иккита иблис топилди. Мулоҳазанинг уйидан — ўзига Доно Эҳтиёткор деб исм берган Маккорни, Эркин Майл бекнинг уйидан — ўзига Безарар Қувонч деб исм берган Ҳиссиётни топдилар. Уларни ушлаб, қамадилар ва зиндонбон Садоқатнинг назорати остига бердилар. Садоқат уларга шундай қаттиқ муносабатда бўлиб, шунақанги кишан урдики, орадан маълум вақт ўтгач, иккови ҳам сил касаллиги билан зиндонда ўлди. Уларнинг хўжайинлари эса, низомга кўра, катта майдонга олиб келинди. Улар бу ерда изза бўлиб, аҳолига намуна бўлсин деб, ҳамманинг олдида тавба қилишлари керак эди. Жазо қуйидагича эди: айбдорлар ўзларининг айбини ҳамманинг олдида баланд овоз билан айтар, ўзларини айбдор деб тан олиб, ҳаёт тарзимни ўзгартираман, деб ваъда берарди.
Лекин йўлбошчилар ва оқсоқоллар шу билан хотиржам бўла олмадилар. Улар иблисларни шаҳардаги ва шаҳар девори орқасидаги ертўлалардан, ғорлардан, ҳандақлардан излашда давом этдилар. Улар кўпинча уларнинг изига тушар, баъзан узоқдан кўриб қолишар, бутун кучларини ишга солиб, уларни тутишга ҳаракат қилишарди, лекин ҳаммаси беҳуда кетарди. Уларнинг йўли шунақанги айланма, шунчалик кучли ҳимоя қилинган, ўзлари шунчалик уддабурон эдиларки, таъқиб қилувчиларнинг қўлидан сирғалиб чиқиб кетар эдилар. Шу пайтда ҳамма иблислар қаёққадир гумдон бўлишарди. Баъзан шаҳар аҳли билан қўлтиқлашиб, шаҳар бўйлаб сурбетларча сайр қилиб юрган пайтлари ҳам бўларди. Лекин уларни душман деб ҳисоблаганларида, кўздан ғойиб бўлардилар. Синчковнинг хатти–ҳаракатлари билан улар шаҳар аҳли олдида қўрқувга тушадиган бўлдилар.
Бу пайтда Иблис лашкарини юришга бутунлай қуроллантириб бўлди. Умидсиз бош қўмондон этиб тайинланди. Унинг қўл остида байроқдорлари билан тўққизта қўмондон бор эди. Бундан ташқари, еттита олий ҳарбий бошлиқлар ҳам бўлиб, қуйида улар тўғрисида айтилади. Энди олдинги тўққизта қўмондонни байроқлари ва герблари билан таърифлаймиз.
1. Шубҳанинг Худо танлаган бошлиғи, қўмондон Fазаб; байроғи қизил рангда, байроқдори — Вайрона, тамғаси — каттакон қизил аждар тасвирида (Ваҳий 12:3).
2. ШубҳанингХудо даъват қилган бошлиғи, қўмондон Қаҳр; байроғи бўзарган рангда, байроқдори — Булут, тамғаси — учиб бораётган алангали илон (Саҳро. 21).
3. Шубҳанинг Худо ҳузур–ҳаловатидаги бошлиғи, қўмондон Лаънати; байроғи қизил рангда, байроқдори — Руҳсиз, тамғаси — қоп–қора ўғрихона (Матто 22:13; Ваҳий 9:1).
4. Шубҳа билан имонда бир қўмондон Тўймас; байроғи қизил рангда, байроқдори — Юҳо, тамғаси — очиқ ҳайвон оғзи (Ҳикмат. 27:20).
5. Шубҳа билан қатъийликда бир қўмондон Олтингугурт; байроғи қизил рангда, байроқдори — Аланга, тамғаси — олтингугурт ҳиди бор, ёниб турган кўк аланга (Забур 10:6; Ваҳий 14:10).
6. Шубҳанинг ўликларни тирилтирадиган бошлиғи, қўмондон Азоб; байроғи — бўзарган рангда, байроқдори — Қийноқ, тамғаси — қора қурт тасвири (Марк 9:44–48).
7. Шубҳанинг нажотда бошлиғи, қўмондон Хавотир; байроғи — қизил рангда, байроқдори — Ташвиш, тамғаси — ўлимнинг мудҳиш тасвири (Ваҳий 6:8).
8. Шубҳанинг абадий шуҳратли бошлиғи, қўмондон Қабр; байроғи — бўзарган рангда, байроқдори — Чирик, тамғаси — бош ва суяклар тасвири (Ерем. 5:16).
9. Шубҳанинг қабрдаги ҳузур–ҳаловат қўмондони, лашкарбоши Иложсиз; байроғи — қизил рангда, байроқдори — Ночор, тамғаси — қиздирилган темир ва тош юрак (1 Тим. 4:2; Рим. 2:5).
Бу қўмондонлар устидан еттита олий қўмондонлар бор эди, Улар — бек Болзабул, Люцифер, Легион, Аполлион, Қаҳрли ва Велиал эдилар. Булар устидан бошлиқ — шафқатсиз, қайсар қария Умидсиз эди. Бутун лашкар устидан — зулмат шоҳи Иблиснинг ўзи турар эди.
Шундай қилиб, улар Дўзах дарвозасига қараб йўл олдилар. Бу ерга уларнинг садоқатли дўстлари ўз фаолиятлари тўғрисида ҳисобот бериш учун келишлари керак эди. Лекин бизга маълумки, шаҳар Синчковнинг меҳрибонлиги туфайли сергак бўлиб турар, аҳоли огоҳлантирилган эди. Дарвозада икки қатор соқчи турар, деворлар устига оғир тошлар отадиган палахмонлар ўрнатилган, бир сўз билан айтганда, ҳаммаси тайёр ҳолда эди. Шаҳар сергакланди. Лекин афсус, бечора аҳоли ўзларига томон дўмбира ва қўрқинчли байроқларни кўтариб келаётган лашкарни кўриб, қаттиқ қўрқиб кетди.
Иблис Руҳга яқин келди ва ғазаб билан Овоза дарвозасига ташланди. У: «Дўстларим шаҳар ичида бемалол киришим учун ҳамма тайёргарликни кўриб қўйган», деб умид қилган эди. Дарвоза маҳкам беркитилган, деворлар устига ўрнатилган палахмонлардан дўзах лашкарлари устига дўлдай тош ёғдирилди. Шунинг учун Иблис тош етиб бора олмайдиган масофага чекинишга мажбур бўлди. У ўша ерда тепаликлар барпо қилиб, бу тепаликларга Дўзахнинг заҳарли илони деб, энг баланд тепаликка эса ўзининг номини қўйди. Аҳоли қўрқувдан курашни давом эттира олмасин, деб ўша ердан бутун қўрқинчли кучи билан аҳолининг кўзи ўнгида пайдо бўлди. Лекин шаҳарнинг қўмондонлари, яқинда хасталикни бошларидан кечириб ҳали яхши бўлиб кетмаган бўлсалар ҳам, шундай чаққонлик билан ҳаракат қилдиларки, Иблис яна чекинишга мажбур бўлди.
Шаҳарнинг шимолида — Иблис деб аталадиган тоғда зулмат беги ўз байроғини ўрнатишга буйруқ берди. Бу байроқда Руҳ шаҳри баҳайбат алангада ёниб тургани тасвирланган эди. Бундан ташқари, ҳар куни тунда дўмбирачи шаҳар девори олдига келиб, дўмбирасини чалар ва «Аҳолидан бири элчи бўлиб чиқсин», деб талаб қиларди. Бу ҳодиса фақат тунда бўларди, чунки кундуз куни душман лашкарлари устига тошлар дўлдай ёғиларди. Бек Иблис шаҳарга дўмбирачи орқали шундай эълон қилди: «Мен аҳоли билан музокара қилмоқчиман, дўмбира шовқинидан аҳоли безор бўлиб менинг хоҳишимга кўра олдимга чиқмагунча, дўмбира чалишга буйруқ беравераман.» Шаҳар аҳли умидсизликка тушиб, титрай бошлади, лекин душманнинг таҳдидларига ҳам, насиҳатларига ҳам эътибор бермади. Бир куни дўмбирачи узоқ дўмбира чалгандан кейин аҳолига шундай деди: «Менинг ҳукмдорим сизларга шуни айтишни буюрди: агар сизлар ўз ихтиёрингиз билан таслим бўлсаларингиз, заминдаги жамики фаровонликни оласизлар, агар қайсарлик қилсаларингиз, у куч билан олади.» Лекин бу гаплар аҳолига етиб бормади, чунки улар йўлбошчилари ёнида — қалъада эдилар. Дўмбирачи қайтиб кетишга мажбур бўлди.
Иблис кўрдики, дўмбира кутилган натижани бермайди. Энди у «Менинг шартларимни эшитинглар», деб элчи жўнатадиган бўлди. Лекин аҳолидан бирортаси ўрнидан қўзғалмади ва бир марта унинг гапига кириб, кўп азоб тортганларини эслаб, унга жавоб бермадилар.
Шундан кейин Иблис ўз элчиси — қўмондон Қабрни юборди. У девор олдига келиб шу сўзларни айтди: «Эй мазлум Руҳнинг аҳолиси! Бек Иблиснинг номидан сизларга айтяпман: бегимизга дарвозани очиб, зудлик билан уни ўзларингизнинг қонуний шоҳингиз деб қабул қилинглар. Агар унинг айтганларини қилмасаларингиз, шаҳарни олганимиздан кейин, ҳаммангиз қабрга тиқиласизлар. Менга қатъий жавобингизни айтинг. Мен сизларга шу нарсани эслатиш учун келдим: бек Иблис – сизларнинг қонуний ҳукмдорингиз, ўзларингиз ҳам тан олган эдингизлар. Эммануил вақтинча Иблиснинг устидан ғалаба қилган бўлса ҳам, унинг ҳуқуқлари йўқолгани йўқ. Эй Руҳ! Эсингни йиғиб ол, тинчликни истайсанми ёки урушними? Агар мўминлик билан итоат этсанг, яна бизнинг дўстимиз бўлиб қоласан. Лекин ниятинг қаршилик кўрсатиш бўлса, олов ва қиличдан бошқа ҳеч нарса кутма.»
Руҳий изтироблардан чарчаган шаҳар аҳли Иблиснинг вакили сўзларини эшитгач, яна ҳам баттар ғамга ботди. Лекин ҳеч қандай жавоб бермади. Элчи кетди.
Энди нима қилишимиз керак, деб ўзаро маслаҳатлашганларидан кейин, аҳоли Шоҳнинг Бош вазирига мурожаат этишга қарор қилдилар. Бош вазир шаҳарда олий воиз сифатида турган эди. Лекин анчадан буён У ҳеч қаерда кўринмас, анчагина хафа бўлган эди. Аҳоли Унинг ҳузурига қуйидаги учта илтимос билан келди:
1. У бизга тасалли берадиган сўзлар айтсин, биздан ҳеч узоқлашмасин, бизнинг шикоятларимизга, кулфатларимизга эътибор берсин.
Аҳолининг бу илтимосига У қуйидагича жавоб берди: «Мен бунга Ўзимда майл сезмаяпман, сизлар тубан кетгунларингизгача қилганимдай, бу борада фаолият кўрсата олмайман.»
2. Ҳозир ёмон аҳволда қолганимиз учун бизга яхши маслаҳатларини дариғ тутмасин. Чунки Иблис шаҳримиз ёнгинасида Шубҳа бошчилигидаги 30.000 лашкари билан турибди. Уларнинг шафқатсизлигини билганимиз учун, биз, шаҳар аҳли, қаттиқ даҳшат ичидамиз.
Бу илтимосларига Шундай жавоб берди: «Сизларда Шаҳзоданинг қонунлар китоби бор, ўша китобда қандай ҳаракат қилишларингиз лозимлиги айтилган.»
3. Шоҳ Шадайга ва Унинг Ўғли Эммануилга кечирим сўраб мактуб ёзишни бизга ўргатсин, ўша мактубга Бош вазир: «Аҳолининг ортида Мен турибман», деб имзо чексин. Биз шуни ҳам қўшимча қилайлик: «Илгари биз кўп марта кечирим сўраб мактуб ёзган эдик, лекин биз бирон марта ҳам жавоб олмадик. Имонимиз комилки, Сизнинг имзонгиз бор мактубга ўша зоҳоти жавоб берилади.» Лекин Бош вазир бунга шундай жавоб берди: «Сизлар Эммануилни ҳақорат қилиб, Мени ҳам хафа қилдингизлар, энди қилмишларингизнинг мевасини еяверинглар.»
Бош вазирнинг жавоби уларни эсанкиратиб қўйди. Улар нима қилишларини билмас, лекин душманларнинг таклифига қулоқ солишни ҳам истамасдилар. Уларнинг аҳволи ниҳоятда ғамгин эди: бир томонда — ютиб юборишга интилаётган душман кучлари, иккинчи томонда — ёрдам рад қилингани (Йиғи. 1:1,2).
Лекин тўсатдан шаҳар бошлиғи Идрок хафа бўлган аҳолига мурожаат қилди: «Агар Буюк Устознинг жавобига қоидадагидек қулоқ солсак, барибир, маълум даражада тасалли беради. Чунки Устоз, қонунга қарши жиноят қилганларингиз учун энди азоб чекишингиз керак, деб айтди. Ана шу «энди» деган сўз бизнинг азобларимизга чек қўяди, Эммануил бизга қайтиб келади.»
Бу талқин аҳолида маълум даражада умид пайдо қилди. Аҳоли Идрокка қаттиқ ишонди. Шоҳнинг йўлбошчилари ҳам Буюк Устознинг сўзларини айнан шундай талқин қилдилар ва тоқат ҳамда итоаткорлик билан қуролландилар. Айни пайт-да қаттиқ ғайрат билан шаҳарда яшириниб юрган иблисларни ва дайдиб юрган Шубҳаларни излашга киришдилар, топиб зудлик билан ўлимга ҳукм қилавердилар.
Лекин Шоҳнинг йўлбошчилари ва уларнинг қўл остидаги лашкарлари Эммануилнинг шуҳрати учун ҳарбий ҳаракатлар бошлашни жуда ҳам истаётган эдилар. Улар Иблиснинг таклифларига тошбўрон билан жавоб беришга аҳд қилдилар. Бу ўринда шуни таъкидлаш керакки, шаҳарга Иблиснинг дўмбира жанги қанчалик қўрқинчли бўлса, Эммануилнинг палахмонидан отилган тошлар Иблисга шунчалик ҳалокат келтирарди. Иблис яна чекинишга мажбур бўлди. Бу сафар анча узоққа чекинди.
Шунда шаҳар бошлиғи қўнғироқ чалишга буюрди ва воиз Виждонга шундай топшириқ берди: «Шоҳнинг Бош вазирига, жавоби учун, бутун шаҳар аҳли номидан миннатдорчилигимизни етказ, унинг жавоби шаҳар аҳлига тетиклик бағишлади.»
Иблис кўрдики, унинг қўмондонлари ва лашкари шаҳардаги тошбўрондан парокандаликка учради. Энди у бошқа йўлни танлашга қарор қилди: «Уларни яхши гап билан олишга ҳаракат қилиб кўраман, хушомад билан тўрга ўрайман.»
Кўп ўтмай у Овоза дарвозаси олдига келди ва майин овоз билан Руҳ қабулига киришни сўради. Дўмбира овозлари ҳам эшитилмас, унинг ёнида оқсоқоллари ҳам, ёрдамчилари ҳам йўқ эди. Иблис мулойим, дўстона оҳангда гап бошлади: «О, азизим, машҳур Руҳ! Мен сенга фойда келтирай, сенга севгимни исбот қилай, деб, қанча тунларни уйқусиз ўтказдим, қанча кунларни интизорлик билан кутдим. Агар сен яна мен билан бирга бўлишни ихтиёр қилсанг, сен билан уруш қилиш фикри мендан тамомила узоқ. Ахир, ўзинг биласан, сен меники эдинг. Эй Руҳ шаҳри аҳолиси! Ёдингизга келтиринглар: мен шоҳлик қилганимда қанчалик ҳузур–ҳаловатда яшаган эдингизлар, мен билан қанчалар фахрланар эдингиз, мен эса сизлар билан фахрланар эдим. Сизлар жамики фаровонликдан фойдаланар эдингизлар. Мулоҳаза қилиб кўринглар–чи, мен ҳукмронлик қилган пайтимда, хозиргидай қайғу–ғамларга гирифтор бўлган эдингизларми? Ҳозиргидек йўқотишларга учраганмисизлар? Менга қайтмас экансизлар, сизлар ҳеч қачон олам лаззатига эриша олмайсизлар. Фақат мени ўз ҳукмдорингиз деб тан олинглар, ўшанда сизларнинг ҳуқуқингиз, эркинлигингиз чексиз бўлади. Шарқдан ғарбгача бўлган ҳудудда нимани кўнглингиз тусаса, ҳаммаси сизларники бўлади. Сизларга ҳақорат топганларингизни эслатмайман, ҳозир ғорларда яшириниб юрган бечора дўстларим ҳам сизларни безовта қилишларига асло йўл қўймайман. Улар сизларнинг хизматкорларингиз бўладилар. Сизлар уларнинг жамоатида қандай хушвақт бўлганларингизни эсланглар. Менга дўст эканликларингизни тан олинглар, чунки ҳақиқатан ҳам мен сизларнинг дўстингизман. Сизларга бўлган севгим мени душманлик ҳаракатлари қилишга мажбур этяпти. Лекин менинг мақсадим — фақат сизларнинг фаровонлигингиздир; Мени ноқулай аҳволда, ўзларингизни қўрқув ва ваҳима ичида қолдириб азобламанглар. Сизлар барибир, меники бўласизлар, бунга ишонаверинглар. Йўлбошчиларингиз ҳам, Шаҳзодангиз ҳам сизларга ёрдам беришга қодир эмас. Мен сизларнинг устингизга кучли лашкар билан боряпман. Лашкарларимга қўл остимдаги дўзах беклари қўмондонлик қилишяпти. Улар бургутдан ҳам чопқир, шердан ҳам кучли, бўридан ҳам ваҳший.»
Иблиснинг бу гапига шаҳар бошлиғи Идрок жавоб берди.
«Эй Иблис, зулмат беги, ёлғон манбаи! Сенинг маккорона хушомадингни роса эшитдик. Бунинг оқибати нима эканини тажрибамиздан биламиз, ёлғонингнинг аччиқ косасидан симирганмиз. Наҳот биз сенинг ёлғон гапларингга лаққа ишониб, Шоҳимиз Шадайнинг Ўғли Эммануил бизни тоабад рад этиши учун, Унинг амрларини менсимай, сен билан аҳд қилсак?! Шуни билиб қўй, сенинг гапларингда заррача ҳам ҳақиқат йўқ. Сенинг сохта, хушомадгўйлик билан қилган таклифларингга учгандан кўра, сенинг қўлингда ўлганимиз афзалроқ, деб қарор қиламиз.»
Душман шунга амин бўлдики, унинг сўзлари ҳеч қандай таъсир кўрсатмабди. Иблис бундан дўзах ғазабига тушди ва Шубҳа қўшини билан шаҳарга яна ҳужум бошлашга қарор қилди.
Иблис дўмбирачини чақириб: «Дўмбирани чал, лашкарни менга чақириб бер», деб буйруқ берди. Дўмбира шовқини бутун шаҳарни ларзага келтирди. Лашкар йиғилгандан кейин, Иблис уларни қуйидагича тақсимлади: қўмондонлар Шафқатсиз билан Азобни Сезги дарвозаси олдига қўйди ва уларга: «Муваффақиятсизликка учрайдиган бўлсаларингиз, қўмондон Хавотирни ёрдамга чақиринглар», деб буюрди. Ҳид дарвозаларига эса иккита қўмондонни — Олтингугурт ва Қабрни қўйди. Кўз дарвозасида эса майнавоз Умидсиз Иблиснинг қўрқинчли байроғи билан жойлашди. Тўймас эса бекнинг жанг арваларига қараб туриш ва қўлига илинганни асирга олиш учун қўйилди.
Иблис Нутқ дарвозасидан аҳолига ҳужум қилган эди, шунинг учун бу дарвоза жуда ҳам мустаҳкам қилинди. Бу дарвоза орқали аҳоли Эммануилга кечирим мактубларини юбордилар. Дарвоза устига палахмонлар ўрнатилди. Палахмонлардан отилган тошлар душманга кўп талафот етказди. Шу сабабдан ва бошқа сабабларга кўра Иблис: «Дарвоза ташқарисидан ахлат ташлансин», деб буйруқ берди.
Иблис шаҳарга ҳужум қилишнинг турли усулларини тўхтовсиз ўйлаб чиқарган сари, аҳоли ҳам мудофаага тайёргарлик кўраверди. Улар палахмонларни ўрнатдилар, байроқларни тикдилар, карнай чалиб, душманни мағлуб қилишимиз учун яхши кўриниб турайлик, деб саф тортдилар. Эркин Майл бек ҳам мижжа қоқмади: шаҳар ташқарисида қўлига тушган илбисларни олиб келиб, қатл қилгани топширди, ғорларда, ўғрихоналарда ва бошқа жойларда яширинганларини бўғиб ўлдирди. Шуни тан олиш керакки, иблисларга хизматга кириб, айб иш қилгандан кейин, айбини ювиш учун ҳамма воситаларни ишга солди, уйида ўрнашиб олган хизматкори Безарар Қувончнинг Ҳазилкаш ва Улфат деган ўғилларини ўз қўли билан қатл қилди. Уларнинг қатл қилиниш сабаби қуйидагича эди: зиндонбон Садоқатли иблисларни қамаш тўғрисида буйруқ олгандан кейин, у йўқлигида бу иккала йигит унинг қизлари билан танишиб олдилар ва қизлар билан шўхлик қилиб, кайф–сафо қилдилар. Ҳатто ножўя бетакаллуфлик даражасигача етиб борди, натижада иккаласи Эркин Майл бекнинг қўлига топширилдилар. Уларни асоссиз қатл қилмай, деб икки хизматкори — Аниқловчи билан Хабардорни аввал уларнинг орқасидан кузатиш учун қўйди. Бу иккала ҳалол хизматкор икки марта Ҳазилкаш билан Улфатни қизлар билан ножўя иш қилиб турганда фош қилдилар. Шундан кейин Эркин Майл бек Кўз дарвозаси тепасига баланд хоч ўрнатишга буюрди. Иккала гуноҳкор Иблис ва унинг ҳамма одамларига кўринадиган қилиб хочга осилдилар.
Масиҳийларнинг бу жасорати Иблисни ва унинг ҳамма қўмондонларини қаттиқ довдиратиб қўйди, шаҳар аҳли бошқа қоидалар билан яшаётганларининг ва иблисларнинг нуқсонли ўгитларига учмаслигининг исботи шу бўлди. Қолаверса, Эркин Майл бекнинг бу хатти–ҳаракати аҳолига фойдали таъсир кўрсатди. Жаноб Мулоҳазанинг уйида хизматкор бўлиб Доно Эҳтиёткор яшаган, унинг Ёвузликни ушла деган хотинидан икки ўғил қолган эди. Ёвузликни ушла — жаноб мулоҳазанинг ноқонуний туғилган қизи эди Ўша ўғилларининг бирининг исми — Юлғич, иккинчисиники — Шипиринқи эди. Улар қабиладошларининг қисматини эшитганларидан кейин, қўрқиб кетдилар ва яширинишга уриндилар. Лекин Мулоҳаза буни билиб қолиб, олдин уларни уйига қамаб қўйди, кейин эртасига эрталаб уларни кишанлаб, Кўз дарвозаси олдидаги очиқ майдонга олиб чиқиб осди.
Аҳоли янги ғайрат билан иблисларни излай бошладилар. Иблислар шунчалик қўрқиб кетган эдиларки, ҳеч ким билиб қолмасин, деб миқ этмай, ҳаракат қилмай, ўзларининг бошпаналарида ётардилар.
Иблис ва унинг ҳамтовоқлари бу ишларни кўриб, телбаларча ғазабга миндилар. Аҳоли ҳам, душман катта кучга эга бўлишига қарамай, ўзларига бутунлай номаълум қандайдир ғалабага ишонч ва жасоратни сезардилар.
Ниҳоят, Иблис дўмбирачисига «Ҳужум эълон қил!» деб буйруқ берди. Шаҳар йўлбошчилари карнайчиларига «Йиғин учун карнай чалинглар!» деб буйруқ бердилар. (Уларнинг дўмбираси йўқ эди, лекин ғаройиб товуш чиқарадиган карнайлари бор эди.) Дўзах лашкарлари шаҳар деворига отилдилар, у ердан эса аҳоли тош ёғдирдилар. Душман томондан қутурган ғазабнинг қулоқни қоматга келтирадиган бақир–чақири ҳавони тўлдирди. Шаҳар томондан эса яхши сўзлар, ибодат ва забур хонишлари эшитиларди. Душман кучлари уларга қўрқинчли дўмбира овозлари остида ҳақорат, лаънат ёғдирдилар. Лекин шаҳар бунга палахмоннинг ғувиллашию карнайнинг жарангдор садоси билан жавоб берди. Жанг бир неча кун қисқа–қисқа танаффус билан давом этди. Қисқа танаффус пайтида одамлар дам олдилар, бошлиқлар эса янги мудофаага тайёрландилар.
Эммануилнинг йўлбошчилари кумуш совут таққан, лашкарлари ҳам ўқ ўтмас совут тақиб олган эдилар. Иблиснинг лашкарлари эса палахмонлардан учаётган тошлардан ўзларини ҳимоя қилиш учун тамомила темир билан ўраниб олган эдилар. Шаҳар аҳлидан баъзилари жиддий яраландилар, баъзилари енгилгина ярадор бўлдилар. Бахтга қарши, шаҳарда табиб йўқ эди, чунки Эммануил йўқ эди. Лекин аҳоли бир дарахтнинг барги билан ўзларини ўлимдан қутқариб қолдилар. Гарчи яралари йиринглаб, жуда ҳам бадбўй ҳид чиқарса ҳам, лекин соғ қолдилар. Шаҳарнинг кўпгина зодагонлари ярадор бўлдилар. Идрок —бошидан, шаҳар бошлиғи — кўзидан яраланди. Мулоҳаза —қорнидан, ҳатто олийжаноб воиз Виждон юраги ёнидан яраланди. Лекин бу яралар жуда ҳам хавфли эмасди. Оддий халқдан кўпчилиги нафақат яраланди, балки жойида ўлди.
Иблиснинг қароргоҳида ярадор бўлганлар, ўлганлар кўп эди. Қўмондонлар Fазаб билан Шафқатсиз оғир жароҳат олдилар. Қўмондон Лаънати чекинишга мажбур бўлди ва Иблиснинг орқада юрадиган қўшинига қўмондон бўлди. Иблиснинг байроқлари йиртилиб кетди, байроқдор Қаттиқ Оғриқ тошбўрон қилиб ўлдирилди.
Шубҳа қўшинидан, гарчи шаҳарни ларзага келтириш учун кўп миқдорда қолган бўлса ҳам, жангда кўпчилиги ўлди. Лекин шу куни ғалаба Иблис томонда бўлди ва унга янги умидлар бағишлади. Зулмат бегининг қароргоҳида шармандалик, аллақандай ўкинч ҳукмрон эди. Кейинги кун шаҳарда қўнғироқларнинг қувончли жаранги янгради, карнайлар қувноқ жаранглар, аҳоли бир–бирини табриклаб, жангдан дам оларди.
Эркин Майл бек бир дақиқа ҳам қўлини қовуштириб ўтирмади: у тўхтовсиз равишда шаҳарда қолган иблисларни ва уларнинг издошларини қидиришда давом этди. У Бепарво деганини қўлга олди. У шаҳардаги иккита жангчини тўғри йўлдан уриб, Иблис томонга ўтишга кўндиргани тўғрисида юқорида айтилган эди. Ниҳоят, шаҳар бошлиғи яна Саёқ деган отнинг қашқасидай таниқли бир иблисни тутишга муваффақ бўлди. У шаҳардаги ҳамма дайдиларга хат ташувчи бўлиб хизмат қилар, уларнинг хабарини душман қароргоҳига ва қароргоҳдан дайдиларга етказишнинг йўлини топар эди. Иккаласи ҳам занжирбанд қилиниб, зиндонбон Садоқатли қўлига берилди. Садоқатли уларни, аҳолига фойдали, душманга сабоқ бўлсин, деб ҳамманинг кўзи олдида қатл қилишга тайёргарлик кўрди.
Шаҳар бошлиғи Идрок кўзидаги яраси имкон берди, дегунча ҳаракат қиларди. У аҳолига муттасил: «Ўз вазифангизни сидқидилдан бажаринглар», деб йўл–йўриқ кўрсатарди.
Воиз Виждон: «Ҳамма кўрсатмаларим одамларнинг юрагида муҳрлансин», деб ҳаракат қиларди.
Книга на Узбекском языке: Духовная война (Жон Буньян)
Эта книга — волнующее аллегорическое повествование о борьбе человеческой души с силами зла, возглавляемыми князем тьмы. Ее автор, Джон Буньян, перу которого принадлежит знаменитое «Путешествие пилигрима», мастерски изобразил вечный конфликт, хорошо знакомый многим. Эта необычная аллегория непременно заинтересует всех, кто вовлечен в подобную духовную битву.
«Духовная война» Джона Буньяна была впервые издана в Англии, на родине писателя, в 1682 г. Со дня первой публикации этой замечательной книги она постоянно переиздавалась и была переведена на многие языки в том числе и на Узбекский язык (Руҳий жанг Жон Буньянн).