Жон Буньян. Руҳий жанг- (13-боб) Узбек тилида
Ruhiy jang (Jon Bunyan) Audiokitob Uzbek tilida.
Мундарижа
Кириш
I Боб
II Боб
III Боб
IV Боб
V Боб
VI Боб
VII Боб
VIII Боб
IX Боб
X Боб
XI Боб
XII Боб
XIII Боб
XIV Боб
XV Боб
XVI Боб
XVII Боб
XVIII Боб
XIII Боб
Эҳтимол, ёдингизда бордир, Эммануил шаҳарни эгаллаган пайтда, иблисларнинг кўпчилиги шаҳар ичидаги ва ташқарисидаги ҳандақларда, ғорларда ва қояларда яширинишга мажбур бўлган эдилар. Улар Шаҳзодадан қасос олиш учун қулай пайт пойлаб, вақтинча ювош бўлиб қолган эдилар. Улар оз эмас эдилар. Энг машҳурлари Фаҳш, Сотқин эр–хотин, Қатл, Fазаб, Ҳиссиёт, Алдов, Ёвуз боқиш, Худосиз ва эски қаллоб Маккор эдилар. Эммануил шаҳарга кирганда, ўша ярамасларни қўлга олиш учун ҳар қандай воситаларни ишга солиш ва ўша зоҳоти қатл қилиш тўғрисида буйруқ берган эди. Чунки улар Эммануилнинг ва шаҳар аҳлининг душманлари, уларга кўп зарар келтиришлари мумкин эди. Лекин Эммануилнинг буйруғи аҳолининг лоқайдлиги туфайли ижро этилмаган, иблислар битта–иккита бўлиб шаҳарда пайдо бўлиб қоларди. Афсус, улар аҳолининг баъзилари билан яқинлашишга улгурдилар.
Бу қаллоблар аҳолининг Шаҳзодага кўнгли совуганини ва Унинг шаҳардан кетганини билганларидан кейин, кечиктирмасдан ҳаракат қилмоқчи бўлдилар. Бир куни улар аллақандай Зарарли деганнинг уйида йиғилишиб: «Қандай қилиб шаҳарга ўзимизнинг бегимиз Иблисни қайтариб олиб келиб, унинг ҳукмронлигини ўрнатсак экан», деб муҳокама қилдилар. Бири ундай деди, бошқаси бундай деди. Ниҳоят, Ҳиссиёт ўз фикрини айтди: «Шаҳарнинг энг асл зотларини хизматкорликка таклиф қилиш керак. Шунда биз ва бегимиз Иблис шаҳарни осонликча эгаллаб оламиз.» Лекин Қатл эътироз билдирди: «Йўқ, энди имкони йўқ. Шаҳар қўзғалган ҳолатда турибди, чунки бизнинг Манман шаҳарнинг Шаҳзодаси билан жанжаллашиб қолган. Бунинг устига Руҳ Эммануилдан буйруқ олган: биз пайдо бўлишимиз биланоқ, Руҳ бизни тутиб қатл қилади. Мабодо марҳум бўлиб қолсак, биз ҳукмдоримизга қандай фойда келтира оламиз?! Лекин биз тирик эканмиз, кўп нарса бизнинг ҳукмронлигимиз остидадир.» Кўп тортишувлар, мулоҳазалардан кейин, ниҳоят, Иблисга мактуб ёзиб, ундан маслаҳат сўраш тўғрисида қарор қилдилар. Мактубнинг мазмуни қуйидагича эди:
«Улуғ ҳукмдоримиз, Дўзахда макон қилган бегимиз Иблисга.
Биз тубанда қўл қўювчилар, сендан ҳар турли ноз–неъматлар олган садоқатли хизматкорларинг, сенга қарши қўзғалган Руҳ шаҳрига совуққонлик билан қараб тура олмаймиз. Чунки бу шаҳар аҳли сенинг номингни ерга урди, сенинг тасвирингни оёқ–ости қилди. Шу лаҳзаларда сенинг йўқлигинг биз учун ниҳоятда оғир.
Сени безовта қилишга журъат этишимизнинг сабаби шуки, сени шаҳарга қайтаришни жуда истаймиз. Чунки шаҳар Шаҳзодадан юз ўгирди, Эммануил ҳам шаҳарга қўлини силтаб, кетиб қолди. Аҳоли кечирим сўраб «Бизнинг орамизга қайтинг», деб Унга мактуб жўнатяпти. Лекин ҳаммаси беҳуда чиқяпти, шаҳар аҳли ҳозирча Эммануилсиз яшаб турибди. Шаҳарда ёппасига хасталик, руҳан тушкунлик, нафақат оддий халқ орасида, балки муҳим шахслар ва шаҳар бошлиқлари орасида ҳам юз берган. Фақат биз, ҳақиқий иблислар, соғ–саломатмиз. Хуллас, буларнинг ҳаммаси шаҳар аҳлини заиф, ночор қилиб қўйган. Улар сенинг ғаройиб маккорлигингга қарши туришга қодир эмаслар. Агар сен, эй бегимиз, қўл остингдаги беклар билан ҳужум қилишга журъат этмоқчи бўлсанг, бизни хабардор қил. Биз, сенинг қулларинг, ҳамма буйруқларингни бажарамиз. Фалончи–фалончилар сен учун азиз бўлган Руҳ шаҳридаги Зарарлининг уйи-да қўл қўйдик.»
Шундан кейин Номуссиз деганга мактубни бериб жўнатдилар. У Дўзахга бориб, темир дарвозани тақиллатган эди, Қаҳрли Соқчи дегани дарвозани очди. У Номуссизнинг қўлидан мактубни олди–да, «Шаҳардаги содиқ дўстларимиздан хабар келибди», деб Иблисга узатди.
Шу зоҳоти янгиликни эшитиш учун ҳар томондан Болзабул, Люцифер, Аполлион ва Иблисининг қўли остидаги бошқа зулмат беклари кела бошладилар. Мактубни ўқиганларида, бу хушхабар ҳаммага тарқалди. Иблис «Ўлим қўнғироғи чалинсин!» деб буйруқ берди. Қўнғироқнинг ҳар бир зарби «Руҳ ҳадемай биз билан бирга истиқомат қилади, унга жой тайёрлаб қўйинглар», деб хабар берар эди.
Бу даҳшатли маросим тугагандан кейин, улар: «Дўстларимизга қандай жавоб берсак экан», деб муҳокама қила бошладилар. Ниҳоят, Номуссиз орқали қуйидаги мазмунда мактуб жўнатдилар:
«Руҳ шаҳрида истиқомат қилувчи бизнинг ақлли, кучли болаларимизга — иблисларга бек Иблисдан. Бошлаган ишларингизга омад тилайман, чунки сизлар бизнинг улуғ номимизга севги ҳислари ва ҳурмат билан бу ишларни бошладингиз.
Суюкли болаларимиз, шогирдларимиз! Сизлар юборган ёқимли хабарни чексиз хурсандчилик билан қабул қилдик. Биз зулмат шоҳлигида зерикиб ўтирган эдик. Ўлим қўнғироғи бу янгиликни ҳамма фуқароларимизга тантанали равишда эълон қилди. Улар ҳам «Шаҳарда бир қанча дўстларимиз қолган–да», деб биз билан бирга шодланишяпти. Шаҳзода шаҳарни тарк этибди, у ерда ёппасига хасталик, турли–туман заифликлар бошланибди. Бу хабарни эшитиш биз учун нақадар ёқимли! Албатта, биздан юз ўгирган шаҳарни эгаллаш учун ҳамма маккорлигимизни ва айёрлигимизни ишга солмаймиз. Сизларни эса садоқатингиз ва содиқ хизматингиз учун мағлуб этилган шаҳарнинг бошлиқлари этиб тайинлаймиз. Ишонаверинглар, шаҳарни иккинчи марта эгаллаганимиздан кейин, қўлдан чиқармаймиз, аксинча, кучларимизни ўн марта кўпайтирамиз. Агар одам иккинчи марта бизнинг ҳукмронлигимиз остида қолса, бир умрга бизники бўлади. Қолаверса, Шаҳзоданинг қоидаси ҳам шу.
Хуллас, садоқатли дўстларимиз, дадил бўлинглар, мақсадга эришиш учун кучни, барча воситаларни аяманглар. Ўзларингиз шароитга қараб иш тутинглар: аҳолини умидсизликка тушириш керакми, фаҳшона ҳаёт кечиришлари учун уялмасликка кўндириш керакми, ёки такаббурликдан, манманликдан ёрилиб кетишларига йўл қўйиб бериш керакми. Ишларингизда омад тилаймиз, дўзахимизда истиқомат қилувчиларнинг дуоларини, бекингиз ҳамда отангизнинг сизларга хайрихоҳлигини қабул этгайсиз.
Бу мактуб Руҳнинг душмани, бек Иблис номидан Номуссиз орқали Руҳ шаҳрида истиқомат қилувчи вакилларимизга етказиш учун барча зулмат беклари билан келишилган ҳолда Дўзах дарвозасида ёзилди.»
Номуссиз тўппа–тўғри Зарарлининг уйига йўл олди. Чунки иблислар доимо унинг уйида йиғилишарди. Улар Номуссизни тирик, ҳеч қандай зарар етмаган ҳолда кўриб, хурсанд бўлиб кетдилар. Улар бекнинг жавобини ўқиганларидан кейин, «Қандай қилиб ишни бошласак экан», деб муҳокама қила бошладилар. «Биринчи шарти, — деб қарор қилди улар, — ўзимизнинг шаҳарда мавжуд эканлигимизни қаттиқ сир тутамиз.» Сўнгра Алдов ўрнидан туриб, бошқаларга шундай нутқ ирод қилди: «Жаноблар! Буюк дўзахнинг сирли кучлари! Менга қулоқ солинглар. Агар биз шаҳар аҳлига такаббурликни ва манманликни уқдирсак, бизнинг фойдамизга бўлиши шубҳасиз. Агар фаҳш ҳаёт кечиришларига кўндирсак, буниси ҳам ёмон бўлмайди. Лекин менимча, муваффақиятга эришишнинг энг ишончли йўли — уларни қаттиқ умидсизликка туширишдир. Ана шунда улар Шаҳзоданинг ўзларига бўлган севгисига шубҳа билан қарайдиган бўладилар, биз томонга ўтиб, Шаҳзодага, авф этинг, раҳм қилинг, деб ёлворишни тўхтатадилар. Улар: «Бекордан–бекорга сўрагандан кўра, ҳеч нарса сўрамаган афзал», деган хулосага келадилар.»
Ҳаммага Алдовнинг маслаҳати маъқул келди. Сўнгра: «Руҳни қандай қилиб эгалласак экан», деб муҳокама қила бошладилар. Яна Алдов осонлик билан эришиладиган аёрликни ўйлаб топди: «Бекимиз Иблиснинг энг фидойи дўстлари шаҳар аҳли киядиган либослардан кийишсин, исмларини ўзгартириб, ўзларини қишлоқ одамлари қилиб кўрсатсинлар–да, бозорга боришсин, зодагонларнинг хизматига кирмоқчимиз, деб айтишсин. Лекин биродарлар, хўжайинларингизнинг манфаатини кўзлаб, уларнинг кўнглини олишга ҳаракат қилинглар. Тез орада уларни осонлик билан шундай фаҳш йўлига соласизларки, ўшанда уларнинг Шаҳзодаси нафақат қаттиқ ғазабланади, балки улардан тамомила юз ўгиради. Бизнинг бегимиз эса қийинчиликсиз ўз ўлжасини олади, уларнинг ўзлари, пишган мевадай, бегимизнинг оғзига тушади.» (Наум. 3:12).
Бу таклиф жамоатга жуда ҳам маъқул келди. Лекин улар: «Ҳаммамиз бу иш билан шуғулланишимиз керак эмас», деб қарор қилдилар ва учтасини — Маккорни, Ҳиссиёт ва Fазабни танлашди. Маккор ўзига Доно Эҳтиёткор деб, Ҳиссиёт — Безарар Қувонч ва Fазаб — Мақтовли Иштиёқ деб исм бердилар.
Эртасига бозор куни эди. Шаҳар аҳолисининг оқ либосларига ўхшаш оқ қўйнинг терисини кийиб олган учтаси бозорда пайдо бўлди. Улар шаҳар аҳлининг тилида жуда яхши гапирар эдилар. Ўзларини хизматкор сифатида тақдим қилганлари учун ўша зоҳоти уларни ёлладилар. Чунки улар хизматлари эвазига кўп пул талаб қилмадилар, балки садоқат билан, чарчамасдан хизмат қилишга ваъда бердилар. Эркин Майл бекнинг собиқ хат ташувчиси Мулоҳаза Доно Эҳтиёткорни, Худо Қўрқувси — Мақтовли Иштиёқни ўзларига хизматкор қилиб олдилар. Безарар Қувонч эса рўза пайти бўлгани учун жой топа олмади. Рўза тугагандан кейин Эркин Майл бек уни ўзига хизматкор қилиб олди.
Учала қаллоб бу уйларда жойлашиб олиб, зарарли таъсирлари, ахлоқсизликлари, айёрликлари билан хўжайинларини буздилар. Бу борада айниқса, Доно Эҳтиёткор билан Безарар Қувонч ўтиб кетдилар. Лекин Мақтовли Иштиёқ Худо Қўрқувсини ўз тўрига илинтира олмади. Худо Қўрқувси кўп ўтмай янги хизматкорининг иккиюзламачидан бошқа ҳеч ким эмаслигини билиб олди. Бу ёвузнинг кимлиги ошкор бўлиб қолгандан кейин, Мақтовли Иштиёқ хўжайинининг уйидан қочиб кетди. Акс ҳолда Худо Қўрқувси уни осиши мумкин эди.
Лекин иккала иблис муваффақиятга эриша борди. Улар хурсанд бўлиб: «Хўжайинимиз шаҳарга кириши учун қайси кунни белгиласак экан», деб муҳокама қилдилар. Ниҳоят, «Бозор куни энг қулай кун, бекорчи одамлар ҳеч қачон бу куни ҳушёр бўлмайди», деб қарор қилдилар. «Бунинг устига, — деб қўшимча қилишди улар, — ҳеч кимда шубҳа уйғотмасдан ҳаммамиз йиғилишимиз мумкин. Чунки ҳамма ўз иши билан банд бўлади. Мабодо ҳеч нарсага эриша олмасак, биз осонликча қочиб кетиб, яширинишимиз мумкин.»
Шундан кейин улар ўзларининг муваффақиятларини таърифу тавсиф қилиб, бегига иккинчи мактубни ёздилар. Мулоҳаза тамомила Доно Эҳтиёткорнинг таъсири остида қолган, Эркин Майл бекни эса Ҳиссиёт таслим этган эди. Фақат Fазаб Худо Қўрқувсини йўлдан ура олмади.
Бу пайтда иблислар ўзларининг бошлиғи фойдасига шундай айёрлик билан ҳаракат қилдиларки, шаҳарнинг аҳволи бирмунча ачинарли аҳволда эди. Чунки аҳоли афв этиш тўғрисида қанча кечирим сўраб мактуб ёзган бўлсалар ҳам, лекин Эммануилдан ҳеч қандай жавоб олмаган эдилар. Шунинг учун ўзларининг олийжаноб Шоҳи Шадайни ва Унинг Ўғлини қаттиқ ҳақорат қилишарди. Аксинча, Шаҳзодани улардан яшириб турган булут яна ҳам қора бўлиб туюларди. Касаллик аҳолининг ҳамма қатлами орасида ҳукм сурарди. Фақат Руҳнинг душманлари соғ–саломат эдилар.
Иблислар мактубни яна Номуссизга бердилар. У шошилганича зулмат шоҳлигига йўл олди. Эшикни яна ўша Қаҳрли Соқчи очди.
Номуссиз қоп–қоронғу ғорга кирди ва Иблисга етти букилиб таъзим қилиб, унга мактубни берди.
— Хуш келибсан, садоқатли хизматкорим, — деди зулмат беги.
— Руҳ сизнинг қўл остингизда бўлсин, тоабад унинг устидан ҳукмронлик қилинг, — деб жавоб берди Номуссиз. У шу сўзларни айтганда дўзах қаъридан шундай қаттиқ ҳайқириқ чиқдики, атрофдаги тоғлар ларзага келди.
Мактубни ўқиганларидан кейин, бекнинг одамлари ишнинг аҳволини муҳокама қила бошладилар. Биринчи бўлиб Люцифер сўз олди.
Люцифер. Иблисларнинг ишлари мақтовга сазовор, одамларни улар пароканда қилишни мақсад қилган эканлар, одамларнинг ҳушёрлигини йўқ қилишнинг энг ишончли йўли шудир. Эски дўстимиз Балъом ҳам ўтмишда шундай қилган эди. Ҳамма иблислар ундан намуна олсин. Лекин менимча, айнан бозор куни шаҳарга ҳужум қилишимиз тўғри эмас. Балки ўша куни соқчиларни кучайтирарлар? Агар шундай қилсалар, бундай аҳволда биз ҳалок бўламиз.
Болзабул. Фикринг маълум даражада тўғри, шубҳасиз, эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Аввало билишимиз керак: шаҳар ўз заифлигини ҳис қиладими, ҳар доим соқчиларни тайёр қилиб туришларидан биз ҳужум қилиб қолишимиздан қўрқадиларми, ёки аҳоли шунчалик уйқуга кетганки, яқинлашиб келаётган хавф–хатардан заррача ҳам ташвишланмайдиларми.
Иблис. Лекин биз буни қандай қилиб била оламиз?
Болзабул. Бу тўғрида Номуссиз бизга айтиб бериши мумкин.
Номуссиз: Жаноблар! Шаҳарнинг аҳволи тўғрисида менга шулар маълум: аҳоли ишонч ва севгини йўқотганлар, Эммануил уларни рад этган. Гарчи Эммануилга кечирим сўраб мактуб ёзган бўлсалар–да, У жавоб беришга шошилмайди, гўё аҳолини унутган.
Иблис: Уларнинг заифлигидан чинакамига қувонаман, лекин уларнинг Эммануилга тез–тез мурожаат этишлари қаттиқ хавотирга солади. Албатта, уларнинг ахлоқсизлиги шуни исботлайдики, улар чин юракдан илтимосларини юбормайдилар. Қаердаки бирон нарса қалбдан килинмас экан, у ерда ҳамма нарса асоссиз бўлиб қолаверади. Марҳамат, жаноблар, фикрларингизни айтаверинг.
Болзабул: Агар Руҳнинг аҳволи Номуссиз айтгандай бўлса, қачон ҳужум қилишимиз — бозор куни бўладими ёки бошқа куни бўладими — биз учун фарқи йўқ.
Аполлион: Менимча, ҳужум қилишни бир оз орқага суришимиз керак. Лекин ҳозирча Руҳни иллат йўлига буришга ҳаракат қилишимиз керак. Шу нарса маълумки, у қанчалик гуноҳга кўп ботса, у ўзини душмандан шунча оз ҳимоя қилади ва Эммануилдан тобора узоқлашиб боради. Охир–оқибатда Уни бутунлай унутади. Шаҳзода ҳам ундан хабар олмай қўяди. Садоқатли ёрдамчимиз Манман битта маккорона қилмиши билан Эммануилни шаҳарни тарк этишга мажбур қилди. Гарчи мендан кам билмасаларингиз ҳам, сизларга тўғрисини айтай: агар икки–учта иблис садоқатли дўстларимиз бўлиб ақл билан иш тутса, бутун лашкаримизга қараганда, Руҳга кўпроқ зарар келтириши мумкин. Руҳ иллатни ўзига сингдиришини ва иллатга кўникишини кутиб турайлик, шундан кейин Эммануил Ўз йўлбошчиларини ва лашкарларини чақириб олади. Шаҳар аҳли ўзлари дарвозани очиб, бизни мамнуният билан қабул қилади. Лекин булар бир неча кун ичида юз бермайди, кутиб туриш керак.
Лекин Иблис бунга эътироз билдирди:
— Жаноблар, менинг дўзах кучларим, садоқатли дўстларим! Гапимга қулоқ солинглар. Сизларнинг гапларингизни сабр–тоқат билан эшитишга ҳаракат қилдим, лекин бу ёғига чидолмайман. Чанқоқликдан қуриган томоқларим Руҳ мендан тортиб олган мулкдан тетик бўлишни талаб қилади. Бошимизга қандай кун тутишидан қатъий назар, ҳалок бўламизми, ёки тантана қиламизми, кучларингиз борича менга ёрдам беришларингизни илтимос қиламан. Мен шаҳарни олгани бораман.
Бек ҳузурида йиғилганлар ўз хўжайинларининг «Шаҳарни эгаллайман», деган истагини эшитганларида, муҳокамани тугатдилар ва Унга ҳар жиҳатдан мослашишга қарор қилдилар. Шундан кейин юришни қачон, ким билан бошлаш тўғрисида мулоҳаза билдира бошладилар. Охири «Яхшиси, енгилмас Шубҳа қўшинини йиғиш керак, шаҳарда истиқомат қилаётган дўстларимизга мактуб орқали билдиришимиз керак«, деган қарорга келдилар. Мактубни Номуссиз олиб кетадиган бўлди. Шубҳанинг лашкари 30.000 га етди. Иблис: «Дўмбира овози билан Шубҳа мамлакатининг аҳолиси чақирилсин«, деб буйруқ берди. Шубҳа мамлакати Дўзах дарвозаси деб номланадиган жойлар атрофида эди. «Бекларнинг ўзлари лашкарга қўмондонлик қилсин», деб қарор қилинди. Кейин бор маҳоратларини ишга солиб, шаҳарда интизорлик билан кутаётган иблисларга жавоб ёздилар, мактубда: «Руҳни ҳар турли иллатлар билан янада заифлаштиринглар», деб қайрадилар. Сўнг «Лашкарни кутиб олиш учун доимо тайёр бўлиб туринглар», деб хабар бердилар.
Номуссиз хатни олиб ортига қайтди. Хизматкорнинг ёнидан ўтаётиб: «Ҳадемай шаҳарга янгидан ҳужум бошланади», деб ёқимли хабар айтди. У тўппа–тўғри Зарарлининг уйига йўл олди. У ерда ҳамма иблислар йиғилишган эди. Номуссиз уларга таъзим қилиб, мактубни берди.
Мана Руҳ қанчалик ачинарли аҳволда қолган эди! У Шаҳзодани ҳақорат қилгани учун, Шаҳзода уни тарк этди. Руҳ телбаларча хатти–ҳаракати билан унинг ҳалокатини истаётган дўзах кучларига йўл очиб берди. Тўғри, баъзан у ўз айбини ҳам тан оларди. Лекин иблислар шаҳарнинг қоқ юрагида мустаҳкам ўрнашиб олган эдилар. Аҳоли Эммануилга кўз ёшларини тўкиб илтижо қилдилар. Лекин Эммануил улардан узоқ бўлиб, уларнинг ноласига жавоб бермади. У қачонлардир келадими, келмайдими — аҳоли билмасди. Айни пайтда улар иблисларнинг ўзларига қарши фитнасини ҳам билмасдилар. Улар Эммануилга мактуб кетидан мактуб жўнатавердилар, лекин жавоб фақат сукутдан иборат эди. Улар руҳан қайта ўзгаришга интилмадилар. Бу эса Иблиснинг манфаатига мос келарди. Иблис билардики, фуқаролар юракдан иллатга берилганлари учун, Шоҳ Шадай ҳеч қачон уларнинг кечирим сўраб қилган илтижоларини қабул қилмайди. Руҳ аҳли кундан–кунга заифлашиб борарди. Улар Эммануилга ёрдам сўраб илтижо қилдилар, ўзлари эса иблисларга меҳр қўйдилар. Шаҳзода уларга қандай жавоб ҳам берар эди?! Инсоний ва иблисона хусусиятлар шунчалик қоришиб кетган эдики, бирини иккинчисидан айириб бўлмасди. Аҳоли тинчликни хоҳларди, шунинг учун ҳатто Шоҳнинг душманлари билан ҳам ҳамжиҳатликда яшайвердилар. Уларнинг заифлиги — душманларнинг қудрати, уларнинг иллати — иблисларнинг тантанаси эди. Минглаб ерли аҳоли ҳалок бўлиб бораётганда, иблислар тобора кўпайиб борардилар. Шаҳардаги 11000 дан ортиқ эркак, аёл ва болалар хасталикдан ҳалок бўлди.
Книга на Узбекском языке: Духовная война (Жон Буньян)
Эта книга — волнующее аллегорическое повествование о борьбе человеческой души с силами зла, возглавляемыми князем тьмы. Ее автор, Джон Буньян, перу которого принадлежит знаменитое «Путешествие пилигрима», мастерски изобразил вечный конфликт, хорошо знакомый многим. Эта необычная аллегория непременно заинтересует всех, кто вовлечен в подобную духовную битву.
«Духовная война» Джона Буньяна была впервые издана в Англии, на родине писателя, в 1682 г. Со дня первой публикации этой замечательной книги она постоянно переиздавалась и была переведена на многие языки в том числе и на Узбекский язык (Руҳий жанг Жон Буньянн).