Жон Буньян. Руҳий жанг- (12-боб) Узбек тилида
Ruhiy jang (Jon Bunyan) Audiokitob Uzbek tilida.
Мундарижа
Кириш
I Боб
II Боб
III Боб
IV Боб
V Боб
VI Боб
VII Боб
VIII Боб
IX Боб
X Боб
XI Боб
XII Боб
XIII Боб
XIV Боб
XV Боб
XVI Боб
XVII Боб
XVIII Боб
XII Боб
Шаҳарда Манман деган бир иблис истиқомат қиларди. У бутун жамоат учун оғир кулфат сабабчиси бўлди. Унинг насл–насаби қуйидагичадир:
Иблис билан бирга шаҳарга келганлар орасида аллақандай Мағрур деган биттаси бор эди. У Қўрқмас деган хонимга уйланган ва уларнинг ўғиллари Манман туғилган эди. Ота томондан уни иблис деб ҳисоблаш мумкин эди. Она томондан эса шаҳарлик эди, чунки унинг онаси Эркин Майл бекнинг яқин қариндоши эди.
У феъл–атвори жиҳатидан отасига ҳам, онасига ҳам тортган эди. Ҳар доим кучли томонда эди. Иблис ҳукмронлиги пайтида у аҳолини Шоҳ Шадайга қарши кўзғаган, Эммануил шаҳарни итоат эттиргандан кейин эса аҳоли Шаҳзодага итоат этсин, деб қаттиқ жон куйдирди. Табиатан сурбет бўлган Манман Эммануилнинг қонунлари ва фаолияти бўйича юзаки билимларини ишга солиб, аҳоли билан тез–тез гаплашадиган бўлди. У ишни Руҳнинг куч–қудрати ва ҳукмронлигини мақташдан бошлади ва гўё шаҳарни энди олиб бўлмайдигандай ишонтирди. У йўлбошчиларни, шаҳар ва қалъа бошлиқларини кўкларга кўтариб «Бундан буён, Эммануилнинг ваъдаси бўйича, шаҳар абадий: ҳузур–ҳаловатда кун кечиради», деб ишонтирди. Қарасаки, унинг гапларини диққат билан эшитяптилар. Энди у бу гапларини ҳамма жойда уйма–уй, кўчама–кўча юриб айта бошлади. Аҳолига унинг сўзлари ёқарди. Тез орада Манманнинг ноғорасига ўйнайдиган бўлдилар ва сал бўлмаса, унга ўхшаб манман бўлишларига оз қолди. Энди улар қуруқ гаплардан жин базмларга ўтдилар ва ҳ. Эммануил ҳамон ҳасрат билан нижот топган Руҳнинг хатти–ҳаракатларини кузатарди.
Нафақат шаҳар аҳли, балки шаҳар бошлиғи Идрок, Эркин Майл бек ва янги солномачи ҳам Манманнинг маккорлик билан айтган сўзларига ишониб, боши берк кўчага кириб қолдилар. Эммануилнинг бир неча марта «Иблисларнинг маккор сўзларидан эҳтиёт бўлинглар» деб берган маслаҳатларини, «Шаҳарнинг куч–қудрати ва ҳукмронлиги унинг мустаҳкамлигига эмас, Мен қалъада бўлишимга боғлиқ», деб тушунтирганларини унутдилар. Қолаверса, Эммануил уларга яна шу нарсани ўргатган эди: «Сизлар доимо Отамга ва Менга бўлган севгиларингизни ёдингизда тутинглар, Биз кўрсатган йўлдан юринглар, ана шунда руҳий оламингиз қудратли дарёга ўхшаган бўлади, ўзларингизгагина алоқадор бўлган солиҳлигингиз ўзгарувчан денгиз тўлқинларини эслатади.»
Эммануил билдики, шаҳар аҳолиси Манманнинг таъсирига тушиб қолган. Шаҳар аҳлини инсофга чақириш учун Эммануил Буюк Устозни уларнинг ҳузурига юборди. Кейин Руҳнинг янглишганидан йиғлаб, қайғу–алам билан шундай деди: «Эҳ, нимага улар Менга келишни бас қилдилар–а! Қандай қилиб улар Менинг ўзларига бўлган сегимни, инъомларимни унутдилар? Мен уларни ҳеч қачон тарк этмаган бўлардим.» Сўнг У «Қарорим шу: Руҳ эсини йиғиб олмаса, Мен шаҳарни тарк этиб, Отамнинг ҳузурига қайтиб кетаман», деб эълон қилди. У Бош вазирни уларга насиҳат қилиш учун икки марта жўнатди. Лекин шаҳар аҳли Унга қулоқ солмадилар, ҳатто Бош вазир Манман уюштирган зиёфатда уларга мурожаат қилганда, уни ҳақорат қилдилар.
Шундан кейин Эммануил шаҳар аҳлининг ношукрлигидан дили оғриб, шаҳарни тарк этишга ва улардан узоқлашишга қарор қилди. Дастлаб бошқаларга аралашмай, қалъада ёлғиз қолди. Кейин аҳоли билан олдинги дўстона суҳбатларини тўхтатди. Ҳатто Шоҳ дастурхонидан ноз–неъматлар юбормай қўйди. Ниҳоят, баъзан Унинг ҳузурига шаҳар аҳлидан кимдир келганида, олдингидай, меҳмонларни ярим йўлда пешвоз чиқиб қучоқ очиб кутиб олмади. Уларни икки–уч марта тақиллатишга мажбур қилди ва совуқ қабул қилди.
Эммануил: «Улар ақлини йиғиб олар», деб умид қиларди. Афсус, халқ Унинг эзгулигини, ўзларига бўлган Унинг севгисини унутган эдилар. Улар ҳатто Эммануилнинг қайғуларига эътибор ҳам бермадилар. Шаҳзода қалъани тарк этиб, дарвозага томон йўл олди ва шаҳардан чиқди (Ос. 5:15). Унинг ортидан дарров Тақводор Олам ҳам эргашди. Лекин бу пайтда аҳоли Манманнинг ўгитларидан шунчалик ақлдан озган эдиларки, Шаҳзоданинг кетганини аранг пайқаб қолдилар. Улар ҳатто Эммануил тўғрисида эсламай ҳам қўйдилар (Ерем. 2:32).
Бир куни Манман катта зиёфат уюштирди. Зиёфатга бошқа таклиф қилинганлар билан бирга Худо Қўрқувси ҳам пайдо бўлди.
Манман Худо Қўрқувсини еб–ичиришга ва хурсанд қилишга ҳаракат этарди–ю лекин у ҳеч нарсага қўл тегизмадан, зиёфатда ўтирганларга индамай қараб ўтираверди. Шунда мезбон унга деди:
— Тобингиз йўқми? Менда жуда зўр дори бор, Эзгуликни унутган деган танишим берган эди. Ўша ичимликдан бир томчигина ичсангиз бўлди, қувноқ, соғлом бўлиб қоласиз, бизнинг жамоатда ўзингизни анча яхши ҳис қиласиз.
— Таклифингиз ва ғамхўрлигингиз учун раҳмат, — деди Худо Қўрқувси. — Лекин шаҳар аҳлига айтадиган бир неча оғиз гапим бор. Эй оқсоқоллар! Мени бир нарса ҳайрон қолдиряпти: шаҳримизда шундай кулфат юз берганда, сизларнинг руҳингиз кўтаринки, шод–хуррамсиз.
Манман: Сиз дам олишингиз керак. Яхшиси, бориб, бир оз ухлаб олинг, бизнинг хурсандчилигимизга ҳалақит берманг.
Худо Қўрқувси: Агар сен тошюрак бўлмаганингда эди, Манман, бу гапларни айтмаган бўлардинг.
Манман: Нега энди?
Худо Қўрқувси: Шаҳримиз яқингинада ҳам енгилмас шаҳар эди. Лекин сен билан аҳоли заифлаштирдингизлар. Ҳозир хушомад, сукут сақлаш пайти эмас. Сен, Манман, шаҳарни қуролсизлантирдинг, шаҳарнинг шуҳратини тортиб олдинг, минораларини буздинг, дарвозасини синдирдинг, қулф–калитларини ишдан чиқардинг. Сен билан шаҳар бошлиқлари ўзларингизни кўкка кўтарганларингиздан буён, ҳақиқий Куч ва Таянч бизни тарк этди, Бирортаси мендан, гапларингни тушунтириб бер, деб сўраб қолса, шундай савол берган бўлардим: «Шаҳзода Эммануил қани? Қайси бирингиз, Уни яқингинада кўрган эдим, деб айта оласиз?» Сизлар эса бу иблиснинг зиёфатида ўтирибсизлар, лекин у сизларнинг Шаҳзодангиз эмас. Сизларга айтиб қўяй: гарчи ташқи душман сизларни итоат эттира олмаса ҳам, ички душманларингиз Шаҳзода йўқ пайтида сизларни ҳалок қилади.
Манман: Бўлди, бас қилинг.Наҳотки сиз шу қўрқувдан ҳеч қачон халос бўла олмасангиз?! Нимадан қўрқдингиз? Ким сизни хафа қилди? Кўриб турибсиз, мен сизлар билан биргаман. Сиз шубҳаланаётганингизга фақат мен аминман. Бунинг устига ҳозир хафа бўладиган пайт эмас. Зиёфат хурсандчилик учун қилинади. Сиз ғамгинлигингиз билан бизни ҳам хижолат қилиб, еб–ичиб, хурсанд бўлишимизга халақит беряпсиз.
Худо Қўрқувси: Мен ҳақиқатан ҳам қаттиқ қайғу чекяпман, чунки Эммануил бизни тарк этди. У сизларнинг дастингиздан, ҳеч кимни бу тўғрида огоҳлантирмасдан, кетиб қолди. Fазабнинг аломати шу эмасми?! Сизларга, муҳтарам оқсоқоллар, алоҳида мурожаат қилмоқчиман: сизлар нонкўр-ларча хулқ–атворингиз билан Уни қувиб юбордингиз. Гарчи ҳозирги лаҳзаларда хурсанд бўлсаларингиз–да, лекин заифлашгансизлар. Сизларга маслаҳатим шуки, зиёфатни қайғу билан, кайфу сафони йиғи билан алмаштиринглар.
Шунда воиз — собиқ солномачи Виждон бу сўзлардан даҳшатга тушиб, айтди:
— Биродарлар! Ҳақиқатан ҳам Худо Қўрқувси ҳақ гапни айтяпти. Биз ҳам Шаҳзодани анчадан буён кўрганимиз йўқ. Уни охирги марта қачон кўрганимизни ҳатто эслолмайман. Менга ҳам худди ўзимизни ўзимиз ҳалок қилгандай туюляпти.
Воиз ва зиёфатдагиларнинг ҳаммаси ранглари оқариб, қўрқувдан титрардилар. Бир оздан кейин ўзларига келиб, Худо Қўрқувси билан (Бу пайтда Манман яширинган эди): «Бизга мусибат келтиргани учун айбдорни нима қилишимиз керак, ўзимизга Эммануилнинг севгисини қандай қилиб қайтарсак экан», деб маслаҳатлашиб, восвосчининг уйига бордилар ва уйини ёқиб юбордилар. Манман бор нарсаси билан бирга ёниб кетди.
Кейин ҳамма Эммануилни ахтаришга киришди. Лекин афсус, Уни беҳудага излаган эканлар, топа олмадилар. Шунда аҳоли ўзларининг қабиҳ хулқ–атворини муҳокама қилдилар, «Шаҳзода бизнинг бузуқ хатти–ҳаракатларимиз туфайли шаҳарни тарк этган экан», деб тушундилар. «Буюк Устозга мурожаат қилайлик, Шаҳзодадан қандай қилиб кечирим сўрашимиз учун У бизга маслаҳат берсин», деб қарор қилдилар. Лекин Шаҳзода на тақиллатишга жавоб берди, на уларнинг олдига чиқди, аксинча, уларни қабул қилишни рад этди (Чиқиш 13:10; Эфес. 4:30).
Бу кунни титраб, умидсизлик билан ўтказдилар. Аҳоли «Ношукрлигимиз билан Шаҳзодани қаттиқ ҳақорат қилган эканмиз», деб тушуниб етдилар. Лекин энди нима қилишларини билмасдилар.
Худонинг Куни — тавба ва ибодат қиладиган кун келди. Ҳамма воизнинг сўзларини эшитиш учун кетди. Воизнинг овози гулдирарди. У ҳаммани хотирасизлиги учун, бунинг оқибатида келиб чиққан янги гуноҳлари учун аёвсиз савалади. Унинг ваъзи асосида Айюб пайғамбар китобидаги оятлар ётар эди: «Беҳуда ва сохта худоларни иззат қиладиганлар ўзларининг Меҳрибонини тарк этдилар…» (2:9). У шундай ишонтириш кучи билан гапирдики, барча тингловчилар бошларини қуйи солиб, ҳатто уйларига кетишга ҳам дармонлари йўқ эди.
Воиз аҳолига насиҳат қилар экан, ҳатто ўзини ҳам аямади. «Эммануил менга ишониб топширган халқни асраш ўрнига, шу алдовларга мен ҳам ишондим», деб ўзига қаттиқ озор берди.
Шу орада шаҳарда касаллик тарқалди. Деярли аҳолининг ҳаммаси касал бўлиб қолди, ҳатто йўлбошчилар ва жангчилар ўзларини дармонсиз ҳис қилардилар. Агарда душман шаҳарга ҳужум қилиб қолгудек бўлса, ҳеч қаршиликсиз таслим бўлишлари турган гап эди. Аҳоли ранглари оқарган, тиззалари қалтираб, оҳ–воҳ қилиб, шаҳар кўчалари бўйлаб секин юришарди.
Мана шундай оғир пайтда воиз халққа: «Шоҳ Шадай билан Унинг Ўғли ҳақли равишда ғазабландилар, шунинг учун рўза тутиб, итоаткор бўлайлик», деб таклиф қилди. У яна Воанаргесдан «Насиҳат сўзлардан айтсанг» деб илтимос қилган эди, йўлбошчи Муқаддас Ёзувдан «Уни кесиб ташла, нега бекордан–бекорга ерни банд қилиб турибди» деган оятни танлади. Воиз донг қотиб қолди. Воанаргес аввало бу сўзлар айнан мевасиз анжир дарахтига қаратилганини тушунтириб берди. Агар мевасиз мавжудот ўлимдан қутулишни истаса, ундан нима талаб қилинишини ҳам тушунтирди. Ваъзнинг охирида Шадайнинг Каломидан ҳам ўқилди, кейин Шоҳдан ўша дарахтни кесишни сабр билан кутиб туришни ёлвориб илтимос Қилганнинг сўзлари, яъни Шадайнинг Ўғли Эммануилнинг сўзлари ўқилди. Йўлбошчи Воанаргеснинг сўзлари шунчалик кучли бўлдики, ҳамма аҳолини ларзага келтирди, бутун шаҳар бўйлаб умумий мотам бошланиб кетди, ҳамма жойда оҳ–воҳ, тавба–тазарру овозлари эшитиларди.
Ваъздан кейин ҳамма собиқ солномачи Виждоннинг ёнига тўпланиб, ундан: «Энди бу ёғига нима қилишимиз керак?» деб маслаҳат сўради. У шундай жавоб берди: «Олдин қўшним Худо Қўрқувси билан маслаҳатлашмай туриб, сизларга ўз фикримни айта олмайман. У доимо, биздан кўра, Шаҳзодага яқин турган эди. Шаҳзодани қаҳридан қандай қилиб туширишимизни ҳаммадан кўра, у яхши билади.»
Олийжаноб қария ўша зоҳоти чақириққа жавобан етиб келди ва шундай жавоб берди: «Менимча, Шоҳ Ўғлига итоаткорлик билан кечирим мактуби ёзиш керак. Мактубда қаттиқ тавба қилганларингизни ифодалаб, Руҳга буюк марҳамат кўрсатинг, шаҳарга қайтинг, деб илтимос қилишларингиз керак.»
Ҳамма бир овоздан рози бўлди. Кечирим мактубини ёзиб, ўзларининг шаҳари бошлиғи Идрокни ноиб қилиб сайлашди. У мактубни олиб, Шадайнинг саройига жўнади. Лекин дарвозага етиб боргандан кейин қарасаки, дарвоза берк, дарвоза олдида соқчилар турибди (Йиғи. 3:8). Элчи эсанкираб, кўрқиб узоқ вақт туриб қолди. Ниҳоят, «Келганимни Шоҳга хабар қилсаларингиз», деб сўрашга журъат қилди. Кимдир бориб, Шоҳга ва Шаҳзодага: «Дарвоза олдида қўлида кечирим мактубини ушлаб шаҳар бошлиғи турибди», деб хабар берди. Лекин Эммаунил уни ичкарига киритишга ижозат бермади, аксинча, унга қуйидагиларни етказишни буюрди: «Улар Мендан юз ўгирдилар. Энди бошларига кулфат тушганда, «Кел, бизни қутқар», деб Мени чақирмоқдалар. Улар Манманни Мендан афзал кўрган эканлар, ўша дўстлари Манманга мурожаат қилаверсинлар. Роҳат–фароғат пайтида Менга муҳтож бўлмайдилар, оғир вазиятда қолганларида эса Мени излаб қоладилар.» (Еремиё 2:27,28)
Эммануилнинг бу жавоби илтимос қилиб келган бечорага жуда қаттиқ ботди. У «Бошқа умид йўқ экан–да», деб ишонч ҳосил қилиб, орқага қайтар экан, кўкрагига уриб, умидсизликка тушиб, оҳ чекарди.
Бутун шаҳар аҳли уни кутиб олишга пешвоз чиқди. Лекин узоқдан унинг ғамгин аҳволини кўриб, аҳоли ҳам умидсиз аҳволга тушди. Бошларига кул сочиб, қанор кийдилар, уларнинг оҳу ноласи бутун атрофни тутди.
Ниҳоят, улар яна Худо Қўрқувсига маслаҳат сўраб мурожаат қилдилар. Худо Қўрқувси «Умидсиз бўлманглар, Шоҳ Шадай донолик билан айбини бўйнига олиб, Ўзига итоат этганлар учун керакли чорани топади, сизлар Ундан сўрашни давом эттираверинглар», деб ўргатди.
Шаҳар аҳли яна итоаткорлик билан кечирим сўраб ёзилган мактубларини жўнатавердилар. Ҳар соатда Шоҳга илтимос билан чопар жўнатавердилар. Саройга олиб борадиган йўл доимо шаҳардан бораётган ёки қайтиб келаётган чопарлар билан банд эди. Бу ҳодиса узоқ — совуқ, зерикарли қаттиқ қиш давомида асло тўхтамади.
Книга на Узбекском языке: Духовная война (Жон Буньян)
Эта книга — волнующее аллегорическое повествование о борьбе человеческой души с силами зла, возглавляемыми князем тьмы. Ее автор, Джон Буньян, перу которого принадлежит знаменитое «Путешествие пилигрима», мастерски изобразил вечный конфликт, хорошо знакомый многим. Эта необычная аллегория непременно заинтересует всех, кто вовлечен в подобную духовную битву.
«Духовная война» Джона Буньяна была впервые издана в Англии, на родине писателя, в 1682 г. Со дня первой публикации этой замечательной книги она постоянно переиздавалась и была переведена на многие языки в том числе и на Узбекский язык (Руҳий жанг Жон Буньянн).