Жон Буньян. Руҳий жанг- (11-боб) Узбек тилида
Ruhiy jang (Jon Bunyan) Audiokitob Uzbek tilida.
Мундарижа
Кириш
I Боб
II Боб
III Боб
IV Боб
V Боб
VI Боб
VII Боб
VIII Боб
IX Боб
X Боб
XI Боб
XII Боб
XIII Боб
XIV Боб
XV Боб
XVI Боб
XVII Боб
XVIII Боб
XI Боб
Шундай улуғ ишлар бўлиб ўтгандан кейин, Эммануил аҳоли билан кўришгани ва уларга яхши сўзлар билан тасалли бергани ҳамда меҳнатга илҳомлантиргани шаҳарга чиқди. У аҳолига шундай деди: «Сизларнинг охирги ишларингиз Менга бўлган севгингизнинг исботи сифатида ёқимли бўлди. Бундан сизларга фақат ҳузур–ҳаловат бўлади. Сизларга ораларингиздан қўмондон тайинладим. У шаҳарни ҳимоя қилиш учун мингта одамга бошчилик қилади.»
Шу пайт У Хизматчи деган бир фуқарони чақирди ва унга: «Ҳозироқ қалъага бориб, Тажрибали деган жангчини чақириб кел», деб буюрди. Тажрибали йўлбошчи Имоннинг хизматида эди. Хизматчи буйруқни бажариш учун кетди ва Шаҳзоданинг олдига ёш жангчини бошлаб келди. Жангчи «Буюрсинлар», деб эҳтиром билан сўради. Шаҳар аҳолиси бу йигитни яхши билишарди. У шу ерда туғилиб, шаҳар аҳли орасида катта бўлган эди. Ҳамма уни яхши кўрар, мардлиги, эҳтиёткорлиги ва хушахлоқлиги учун ҳурмат қиларди. Шунинг учун у қўмондон этиб тайинланганидан ҳамма хурсанд бўлди. Шаҳзода жангчи Тажрибалига: «Сени мингта одам устидан бошлиқ этиб тайинладим», деб эълон қилди ва Бош вазирга: «Унга расмий қоғоз берилсин, қоғозга Ўз муҳрингизни босинг», деди. Ҳаммаси айтилгандай бажарилди.
Янги бошлиқ вазифасига киришиши биланоқ кўнгиллиларни даъват қилиш учун карнай чалинди. Кўп ёшлар хизматга кириш учун унинг ёнига келавердилар. Шаҳардаги энг яхши оилалар унинг ҳузурига ўз ўғилларини юбордилар. Шундай қилиб, Тажрибали мингта одамни тўплади ва уларнинг орасидан бирини — айнан Уқувлини ўзига ёрдамчи, Хотира деганни байроқдор қилиб тайинлади. Унинг байроғи оқ рангда бўлиб, шаҳарнинг ғалаба қилганини билдирарди. Гербида эса ўлик шер билан ўлик айиқ тасвирланган эди (1 Шоҳ. 17:36,37).
Шундан кейин Шаҳзода Ўзининг маконига қайтди. Лекин Унинг ҳузурига шаҳарнинг ҳамма оқсоқоллари келишди. Улар ўзларига кўрсатган севги ва ғамхўрлик учун бутун аҳоли номидан Унга миннатдорчилик билдириш учун келган эдилар.
Кўп ўтмай Эммануил: «Мен қонунлар китобини тузатмоқчиман, халқимнинг ҳуқуқ ва имтиёзларини кенгайтиришга қарор қилдим», деб эълон қилди. У: «Менга эски китобни олиб келинглар», деб буюрди. Китобни кўздан кечириб: «Эски қонунлар хароб бўлиш арафасида турибди (Ибр. 8:13), энди Руҳ янги низом олади, бу низом янада тушунарлироқ ва мустаҳкамроқ бўлади», деб айтди. Китобнинг қисқача мазмуни қуйидагилардан иборат:
«Олам беги Эммануил Ота номидан Руҳга бўлган севгиси ва Ўзининг меҳр–шафқати туфайли суюкли Руҳ учун қуйидагиларни мустаҳкам қилади:
1. Отамга, Менга, яқинларига ва ўзига қилган барча жиноятларига, ёвузликларига ва ҳақоратларига қарамай тамомила, абадий кечирилади. (Ибр. 8:12)
2. У абадий тасалли топиши ва унинг ҳаётий кучи мустаҳкам бўлиши учун, Менинг унга бўлган севгимнинг тасдиғи сифатида, Руҳга Муқаддас Қонунни ва Аҳдимни инъом қиламан. (Юҳ. 15:8–14)
3. Руҳга Отамнинг ва Ўзимнинг юрагимиздаги ҳузур–ҳаловатни ва диёнатнинг бир қисмини ҳам инъом қиламан. (2 Бутрус. 1:4)
4. Унга фойда бўлсин, Отамнинг ва Менинг шуҳратимизга, Отамнинг олижаноб ишларига қанчалик ёрдам берса, шунчалик эгалласин, деб оламдаги Менинг ижодимни ва оламдаги ҳамма нарсаларни унга инъом қилиб, мустаҳкамлайман. Шунингдек, унга ҳаётнинг ҳамма фаровонликларини, ўлимни, ҳозирги замонни ва келажакни Руҳга инъом қиламан. (1 Кор. 3:21,22). Бундай имтиёзни, Бизнинг қимматли ижодимиздан ташқари, ҳеч ким олмаган ва олмайди.
5. Руҳ ўз эҳтиёжларини айтиши учун ҳар доим Менинг ҳузуримга эркин киришига унга ижозат бераман. (Ибр. 10:19, 20) Бундан ташқари, Руҳнинг илтимосларини қондиришга ва қайғуда қолганда ёрдам беришга ваъда қиламан. (Матто 7:7)
6. Қачонлардир иблислар унда зоҳир бўлиб, унинг тинчлигини бузганда, ҳар қандай иблисни топиш, сургун қилиш, қувиш ва қириш учун тўлиқ ҳуқуқни ва қудратни ҳам унга инъом қиламан.
7. Ниҳоят, суюкли Руҳга ҳар қандай бегонанинг насли ўрнашиб, Руҳнинг ҳузур-ҳаловатини бирга баҳам кўришига ижозат бермаслик ҳуқуқини ҳам инъом қиламан, токи юқорида баён қилинган ҳуқуқ ва имтиёзлар, сўзсиз, шаҳар аҳлининг ва уларнинг наслининг мулки бўлиб қолсин. Ҳамма иблислар, улар қайси турга мансуб бўлмасин, шаҳар аҳлининг фаровонлигига дахлдор бўлиши мумкин эмас.»
Мазкур низомни солномачи майдонга тўпланган бутун халққа ўқиб эшиттирди (Ерем. 31:33). Сўнг Эммануил инъом қилган имтиёз ва ҳуқуқлар шаҳар аҳлининг ҳар бирига маълум бўлсин, деб қалъа деворига олтин ҳарфлар билан ёзиб қўйилди.
Халқ ҳаяжонда эди. Ҳамду сано қўшиқлари шаҳар бўйлаб баланд янгради, карнайлар чалинди, байроқлар ҳилпиради. Иблислар эса аламларини ичига ютиб, шармандаликдан бошларини ичларига тортдилар.
Шаҳзода шаҳар оқсоқолларини айтиб келиш учун биттасини юборди ва улар билан: «Шаҳарда қандай турдаги хайрия идораси таъсис қилиш керак», деб муҳокама қила бошлади. «Чунки, — деди Шаҳзода, — сизларга ўргатадиган мураббийларингиз бўлмас экан, Отамнинг хоҳиш–иродасини бажара олмайсизлар.» (1 Кор. 2:14). Шаҳзода: «Сизларга иккита мураббий тайин қилдим: бири — Шоҳнинг яқинларидан, иккинчиси — шаҳарнинг туб аҳолисидан», деди.
Шаҳзода гапида давом этди: «Кимки Отамга яқин бўлса, у Отам билан Менга тенгдир. Ўша — Отамнинг хонадонидаги Бош вазирдир, У ҳар доимгидай, ҳозир ҳам Отамнинг барча қонунларини ҳал қилувчи, У ҳамма ерда ҳозиру нозир. Замонларнинг сир–асрорлари, Отамга ва Менга тушунарли бўлганидай, Унга ҳам тушунарли, очиқ. У биз билан якто, У ҳам Руҳни севади, Биз сингари, Руҳ тўғрисида ғамхўрлик қилишда собит. У сизларнинг бош Мураббийингиз бўлади. Фақат У сизларга энг чуқур руҳий масалаларни тушунтира олади. Отамнинг қалби ҳар доим ва ҳар қандай ҳолатда Руҳга мурувват кўрсатишини фақат У сизларга аён қила олади. Отамнинг ниятларини Унинг Бош вазиридан бошқа ҳеч ким била олмаганидай, инсоннинг ниятини ҳам, унда истиқомат қилаётган руҳдан бошқа ҳеч ким била олмайди. У сизларга унутилган нарсаларни ёдингизга солади ва келажакни очиб беради. Бу устозингиз сизларнинг ниятларингиз ва ҳиссиётларингизнинг асосий, биринчи двигатели бўлиши лозим.
Сизлар Уни севишингиз, Уни ҳеч ҳам хафа қилмасдан, қўрқув билан Унга қулоқ солишларингиз лозим. У сизларга умр ато этиб, лозим бўлиб қолганда, яқин келажакни сизларга намоён қилиб, ҳамма нарсага куч–қудрат ато этади, сизларни ҳар қандай эзгу ишларга етаклайди (Ҳаворий. 21:10,11). У берган ўгитлар бўйича Отамдан кечирим сўрайсиз, Унинг ижозатисиз ва маслаҳатисиз ўзингизга ҳеч кимни киргизманг. Яна ткрорлаб айтаман: Уни хафа қилишдан эҳтиёт бўлинг (Ишаё 63:10). Агар у сизларга қарши қўзғалса, Отамнинг лашкаридан ўн икки бўлинма ҳужум қилгандагидан ҳам ортиқ қайғу–кулфатни бошингиздан кечирасиз. Лекин сизларга яна айтаман: агар Унинг маслаҳатларига қулоқ солсангиз, Уни севсангиз, У билан яқин муносабатда бўлсангиз, агар бутун оламни эгаллаган бўлсангиз ҳам, Унда кўпроқ ҳузур–ҳаловат топасиз. У сизларнинг юрагингизни Отамнинг севгиси билан суғоради (Рим.5:5). Руҳ оламдаги жамики жонзотлардан энг донишманди ва марҳаматлангани бўлади.»
Шундан кейин Шаҳзода шаҳарнинг олдинги солномачиси Виждонни чақириб унга деди:
— Сени кундалик заминий ишлар бўйича Руҳнинг иккинчи маслаҳатчиси этиб тайинлайман. Сен Шоҳ Шадайнинг хоҳиш–иродаси бўйича, Руҳга заминий ишларни бажаришни ўргатишинг керак бўлади. Яна барча ҳукмлар, қонунлар ва заминий муассасалар бўйича маслаҳат ва ўгитлар беришинг лозим. Лекин сен шаҳар аҳлида фақат фуқаролик, ахлоқий ва оилавий фазилатларнинг ривож топиши тўғрисида ғамхўрлик қиласан. Асло Шоҳнинг юрагида яширин бўлган олий даражадаги сирларни тушунтиришни ўз зиммангга олма. Чунки буни Отамнинг Бош вазиридан бошқа ҳеч ким билиши мумкин эмас.
Сен шаҳарнинг туб халқидансан. У эса Отамнинг ёрдамчиси. Шунинг учун сенга заминий ишлар, Унга эса самовий ишлар тегишли. Эй Виждон! Шунинг учун сени гарчи Руҳнинг устози ва воизи этиб тайинлаган бўлсам–да, Бош вазирга алоқадор ишларга аралашма. Бу масалада, бошқалар сингари, Унинг шогирди бўл.
Хуллас, барча чуқур руҳий масалалар бўйича сен Унга мурожаат этишинг керак. Чунки инсонга идрок ато этилган бўлса ҳам, фақат Бош вазирнинг фаолияти ўша одамнинг ҳақиқий онгини очади. Шунинг учун, эй Виждон, камтар бўл, кибру ҳавога берилма. Шуни ёдингда тутгинки, иблислар такаббурлиги туфайли олдинги саодатли ҳолатидан маҳрум бўлиб, эндиликда дўзахда қамалиб ётибдилар. Ўз вазифанг билан кифоялан.
Сени юқоридаги вазифалар бўйича Отамнинг заминдаги вакили қилиб тайинладим. Шунинг учун Руҳга насиҳат қилиб, уни тарбия қил. Агарда сенинг насиҳатларингга қулоқ солмаса, қаттиққўл бўл, қамчи билан жазола.
Лекин сен кексайиб, турли синовлардан толиққанинг учун, истаган пайтингда Менинг булоғимга келиб, узумзорим қонидан истаганингча олишингга ижозат бераман. Булоқдан энди доимо май оқиб турибди. Бу билан сен ўзингни ҳар қандай бузилишлардан ва нопокликлардан тозалайсан. Ўша лаҳзада кўзларинг равшанлашади, Отамнинг Бош вазири сенга ўргатган ҳамма нарсани ёдингда сақлаб қолишинг учун хотиранг янгиланади.»
Собиқ солномачи Эммануил юклаган вазифани миннатдорлик билан қабул қилди. Шундан кейин Эммануил халкқа мурожаат қилди:
— Кўряпсизларми, сизларга бўлган севгим нақадар буюк! Сизлар тўғрингизда қанчалар ғамхўрлик қиламан. Мана энди сизларга иккита муаллим беряпман. Улар билишларингиз лозим бўлган нарсаларни сизларга ўргатади. Отамнинг Бош вазири сизларга инсон ақли етмайдиган ғаройиб сирларни очади. Иккинчи устозингиз Виждон кундалик фаолиятингизда сизларнинг йўл кўрсатувчингиз бўлади. Уларга итоат қилинг.
Азиз суюклиларим! Сизларга, сенга ҳам, Виждон, бир нарсани айтиб қўйишим керак. Сизлар келажак оламга нисбатан орзу–умидларингиз режасини қуриб, ўзбиларманлик қилманглар. Мен « бўлғуси» деб айтяпман, чунки бу олам бузилиб кетгандан кейин Руҳга бошқа оламни беришни режа қилиб қўйганман. Бу масалада сизлар Буюк Устознинг сўзларига қаттиқ суянишларингиз лозим. У ҳаёт қитобидан сизларга нима айтса, ўша нарса тўғридир. Сен эса, Виждон, фақат ўзингнинг мулоҳазаларинг ва хатти–ҳаракатинг бўйича ҳаётга эга бўлиш тўғрисида умид қилма. Бу масала Буюк Устознинг таълимотига алоқадор. Унинг таълимоти билан мос келмаган ёки ўзингнинг идрокингдан юқори бўлган таълимотни ёхуд таълимотдаги бирон моддани қабул қилишдан эҳтиёт бўл.
Бу насиҳатлардан сўнг Шаҳзода шаҳар оқсоқолларига Отаси юборган йўлбошчиларга қандай муомала қилишлари лозимлигини тушунтирди.
— Бу йўлбошчилар, — деди У, — Отамнинг доирасидан танлаб олинган одамлардир. Улар сизни чин дилдан яхши кўрадилар. Шоҳ топширган вазифани бошқалардан кўра яхшироқ бажаришга қодир, айнан улар сизлар учун иблисларга қарши курашадилар. Шунинг учун ’эй шаҳар аҳли, уларга илтифотсизлик билан, носамимий муомала қилмасликка чақираман. Чунки улар Шоҳ учун курашда мардонавор бўлсалар–да, Руҳ томонидан қилинган озгина эътиборсизлик ва ҳақорат уларни чуқур қайғуга солиб, уларнинг кучларини заифлаштиради. Хуллас, суюклиларим, уларни ҳурмат қилинглар, севинглар, озиқлантиринглар, уларга ёрдам беринглар. Ана шунда улар сизлар учун нафақат иблисларга қарши ҳормай–толмай курашибгина қолмайди, балки сизларни ҳалок қилиш мақсади бўлганларни қочишга мажбур қилади. Мабодо улардан бирортаси хасталаниб қолса, ёки олдинги куч–қувватидан қолса, сизларга нисбатан ўз вазифаларини бажаришга қодир бўла олмай қоладилар. Ана шундай пайтда уларга нафратингизни ошкор қилманглар, аксинча ҳатто ўлим тўшагида кўрсангиз ҳам, уни қўллаб–қувватланг, далда беринг (Ибр. 12:12). Чунки шуни билиб қўйингларки, улар — сизларнинг мудофаангиз, ҳимоянгиз, деворингиз, дарвозангиз, сизларнинг тамбангиз ва қўрангиздир. Гарчи улар заифликларида кўп нарсалар қилишга қодир бўлмай, сизларнинг ёрдамингизга муҳтож бўлсалар, улар соғайиб, тўлиқ кучга кирганларидан кейин, ўзларингизга маълум, улар қандай ажойиб қаҳрамонликлар кўрсатишга қодир. Бунинг устига, улар кучли бўлганларида, Руҳ заиф бўлмайди. Сизларнинг хавфсизлигингиз — уларнинг соғломлигида, улар билан қиладиган муомалангизда (Ишаё 35:3). Шуни ҳам ёдингизда тутингларки, агарда уларнинг соғлиғи ёмонлашиб қолса, фақат сизлардан касал юққан бўлади.
Мен бу гапларни сизларга нисбатан севгим чексиз бўлганидан гапиряпман. Суюклиларим! Ўзларингизнинг ҳузур–ҳаловатингиз ва Отамнинг ва Менинг шодлигим учун маслаҳатларимга риоя қилинглар.
Сизларни яна бир нарсадан огоҳ бўлишга чақирмоқчиман. Ўзларингизга маълум, ҳатто ҳозир Мен борлигимда ҳам, ораларингизда баъзи иблислар яшириниб юрибди. Мен йўқлигимда эса сизларни ўзларининг ҳукмдори Иблисга яна итоат эттириш ва сизларни бутунлай ҳалок қилиш учун ҳар қандай ёвуз ишларга гижгижлайди. Улардан эҳтиёт бўлинглар, бардам бўлинглар. Уларнинг хўжайини сизларнинг устингиздан ҳукмрон бўлганларида ва Умидсизни шаҳар ҳокими этиб тайинлаганда, улар аввалига қалъада ўрнашдилар (Марк 7:21,22). Энди эса деворлар орқасига яшириниб, ўзларига ғор ва жарликлар қилиб олдилар. Вақти–соатини кутиб яшириниб юрибдилар. Шунинг учун, эй Руҳ, олдингда машаққатли иш турибди. Сен уларни қидиришинг, қамаб, ҳеч сесканмасдан қатл қилишинг керак. Отамнинг хоҳиши шундай. Лекин улардан тамомила қутула олмайсан. Ўз деворингни пойдеворигача бузасанми? Мен буни асло истамайман. «Унда нима қиламиз?» деб сўрайсизлар. Ҳушёр бўлинглар, мудраманглар, уларнинг истеҳкомларини аниқланглар, уларга дадил ҳужум қилинглар, ўзларингизга яқинлаштиришга йўл қўйманглар. Улар сизларга тинчликни таклиф қиладилар, сизлар эса нафрат билан рад қилинглар. Ана шунда сизлар билан Менинг орамизда ҳаммаси яхши бўлади. Сизлар уларни ўз ватандошларингиздан осонликча ажратиб олишларингиз учун, уларнинг энг асосийлари исмини айтайин: Фаҳш, Сотқин эр–хотин, Қотиллик, Fазаб, Ҳиссиёт, Алдов, Ёвуз боқиш, Мечкайлик, Ичкиликбозлик, Бутпарастлик, Сеҳр–жоду, Ихтилоф, Устунликка эришиш, Нафрат, Низо, Исёнга даъват, Бидъат. Улардан баъзилари кучи борича сизларни ҳалок қилишга ҳаракат этади. Улар, бизни таниб қолмасинлар, деб кийимларини ўзгартириб олганлар. Лекин Шоҳингизнинг қонунлар китобига мурожаат этсаларингиз, уларнинг ташқи қиёфалари тавсифини ва феъл –атворларини батафсил ўқийсизлар. Хуллас, уларни таниб олишни унутманглар.
Эй, Руҳ! Улар сенинг ҳам душманларинг. Сен уларга биринчи бўлиб ижозат берганингдаёқ улар шаҳарга кириб, ҳаётий кучларингни қуртдай кемиради. Бошлиқларингни заҳарлайди, жангчиларингни заифлаштиради, дарвоза тамбаларини суғуриб олади, ҳозир гуллаб турган шаҳарни ахлат уюмига айлантиради. Сенга, шаҳар ҳокими Идрок, сенга, Эркин Майл бек, сенга, Виждон, ҳаммаларингизга топшириқ бераман: шаҳар аҳли билан бирга иблисларни қидиринглар, топган жойларингизда қатл қилинглар.
Гарчи сизларга мураббий юборган бўлсам ҳам, булардан ташқари, Иблисга қарши Отам юборган тўртала йўлбошчим сизларга ибрат бўлсин, сизлар ўз вазифаларингизга нисбатан билимларингизни кўпайтиринглар, деб кундалик ва ҳафталик маърузалар ўқидилар.
Сизларга душманларингиз номини айтиб, таърифлаб бердим. Сизлар улардан эҳтиёт бўлишингиз лозим. Сизларни огоҳлантириб, қўйишим керак: қатл қилишга имконият туғилганда, ораларингизда шундай шахслар пайдо бўладики, улар сизларни алдайдилар. Хато фикрлари, шубҳалар ва хурофотлар билан алдайдилар. Улар кўринишидан ашаддий, етук хизматчиларга ўхшайдилар. Лекин уларнинг хизматлари юзаки, Отамга ва Менга маъқул келмайди. Агар эҳтиёт бўлмасаларингиз, улар сизларга шундай ёмонликлар келтирадиларки, ҳатто тасаввур ҳам қилолмайсизлар. Улар Мен сизларга таърифлаб берган ҳақиқий иблисларга ўхшаб кўринмайдилар. Шунинг учун, эй Руҳ, ҳушёр бўл, алданиб қолма.
Шаҳзода ўгитларини тамом қилиб бўлгач, бир кунни тайин қилди. Шу куни шаҳар аҳли Унинг саройида янги ор–номус белгисини олишлари учун йиғилишлари керак эди. Бу белги Оламдаги ҳамма халқлардан уларни фарқлаб турарди.
Ўша кун келгач, Шаҳзода халқнинг олдига чиқиб, ваъда қилинганни ижро этишдан олдин, қуйидаги сўзларни айтди:
— Севикли Руҳим! Мен қилмоқчи бўлган нарса зоҳирий ва ботиний оламга кўрсатиш мақсадида қилинади. Мен сени Ўзимники ҳисоблайман. Сени хиёнаткорлардан ажрата билиш мақсадида қилинади, токи ўша хиёнаткорлар ўзларини Руҳ шаҳри аҳолисиданман, деб ёлғон айтмасинлар.
Эммануил Ўз хазинасидан оппоқ либослар келтирилишини буюрди. Бу либосларни У Ўзининг суюклиси Руҳ учун тайёрлаб қўйган эди. Шаҳзоданинг хизматкорлари либосларни олиб келиб, йиғилган халқ олдида ёйдилар. Эммануил: «Бу ерда иштирок этаётганларнинг ҳар бири учун, бўйига ва гавдасига қараб либос берилсин», деб амр қилди. Аҳолининг ҳаммаси қордай оппоқ либосларга ўрандилар (Ваҳий 19:8).
Шунда Шаҳзода уларга қуйидагича мурожаат қилди:
— Эй суюклиларим! Энди сизлар Менинг хизматкорларим либосларига ўрандингизлар. Бу белги сизларни душман кучларининг хизматкорларидан ажратиб туради. Мен бу либосларни фақат Ўзимнинг фуқароларимга инъом қиламан, ҳеч ким бу либосларсиз Менинг ҳузуримда бўла олмайди. Мен учун бу либосларни кийиб юринг, токи сизлар Менинг хизматкорларим эканингизни бутун олам билсин.
Халқ оқ либосларда шундай товланардики, гўё қоронғу кечада ойнинг қуёшдан олган нурлари аксланаётганга ўхшарди. Уларнинг юзлари ҳам улуғвор, худди ғолиб келган жасур жангчига ўхшарди.
— Лекин, — деб таъкидлади Шаҳзода, — бу либослар билан бирга, буларнинг олдингидай поклигини сақлашингиз учун қуйидаги керакли ўгитларни ҳам бераман:
1. Бу либосларни доимо кийиб юринглар, токи қандайдир тарзда душманларингиз хизматкорлари эгаллаб олмасин.
2. Бу либосларнинг оқлигини сақлашга ҳаракат қилинглар, агарда булғанса, Менинг номимга доғ тушади (Воиз 9:8).
3. Либосларингизни шундай кийиб юрингларки, токи либосларингиз ерга дахлдор бўлмасин. Акс ҳолда ернинг чанги юқиб, ифлос бўлади.
4. Яланғоч қолмаслигингиз учун, бу либосларни йўқотишдан эҳтиёт бўлинглар. Бўлмаса, бутун олам шармандалигингизни кўриб қолади.
5. Агарда Мен инъом қилган либосни булғасангиз, Иблис хурсанд бўлади. Мен эса буни истамайман. Бундай пайтда Менинг қонунимда ёзилганларни ижро этишга шошилинглар, токи сизлар Менинг олдимда ва тахтим олдида йиқилмасдан, қатъий тура олинглар (Лука 21:36).
Мен сизларни тарк этмасдан, рад қилмасдан, ораларингизда истиқомат қилишим учун ягона омил шудир (Ваҳий 7:15).
Шу тариқа Руҳ шаҳри аҳолиси, узукка кўз қўйгандай, Эммануилга яқин бўлиб қолди. Қайси бир ижод намунаси унга тенг кела оларди?! Иблиснинг ҳукмронлигидан озод бўлиб, жамоатнинг қаршилигига қарамай, Ўз Ўғли орқали қутқаришга юборган Шоҳ Шадайнинг суюклиси бўлиб қолган шаҳар Шаҳзоданинг маскани бўлиб қолди ва ҳозир ҳам Шоҳнинг хизматкорларидан энг суюклиси бўлиб, барча фаровонликлардан ва имтиёзлардан лаззат оляпти. Бундан ташқари, керак бўлиб қолганда, деб шаҳарга қурол, либослар ва ваъда ҳам берилган.
Шаҳзода шаҳарда ўзгаришлар қилиб бўлгандан кейин, У: «Шаҳар энди Меники экани узоқдан кўриниб турсин», деб қалъа минорасида ўз байроғини ўрнатишга буюрди. Бундан ташқари, у қуйидагиларни амалга оширди:
1. У тез–тез аҳоли ҳузурига бориб турди ва «Ҳар куни шаҳар оқсоқоллари Менга кўриниб турсин», деб талаб қилди. У Эркин Майл бек билан, шаҳар ҳокими ва ҳалол воиз Виждон ҳамда янги солномачи билан тез–тез суҳбатлашарди. У шаҳар кўчаларидан ўтганда, ҳаммани дуо қилиб, ҳар бирининг кўнглини кўтарарди. Ҳамма камбағалларга қулоқ солар, агар хаста бўлсалар, ҳадя улашарди. Уларга Ўзи қарарди. Йўлбошчилар ва жангчилар билан мулойим саломлашарди. Унинг биргина табассуми ёки меҳрибон боқишлари уларни руҳлантирарди. У кўпинча аҳолини ўзиникида меҳмон қилар, хотира сифатида бирор нарса ҳадя қилмасдан ҳеч кимни қўйиб юбормасди. Руҳ Унга шунчалик азиз эди.
2. Агар оқсоқоллар узоқ вақт Эммаунилга кўринмасалар, Унинг Ўзи оқсоқолларга турли озиқ–овқатлар — Шоҳнинг дастурхонидан гўшт, май, нон юборарди. Бу таомларни шунчалик кўп юборардики, улар: «Бошқа ҳеч кимдан шунчалик фаровонликни кутиш мумкин эмас», деб тан олишлари керак эди.
3. Аҳоли Унга ташриф буюришдан тўхтаб қолаётганини фақат Ўзи билар ва аҳолининг ҳузурига бориб, уйларининг эшигини тақиллатар, ўзаро севги ипларини мустаҳкамлаш учун киришга ижозат сўрарди (Ваҳий 3:20).
Шаҳзода оқибатсиз ижоди Руҳни маккор душманнинг ҳукмронлигидан эндигина қутқариб, аҳолини Ўзининг фаровонлигига шерик қилиб, Ўзи Руҳ шаҳрида истиқомат қилаётгани мўъжиза эмасми?! Бу ҳайрон қоладиган иш эмасмиди?! Уларнинг косалари ҳеч қачон камаймасди, яқиндагина юз берган кулфатлардан тинкаси қуриган Руҳга ҳаёт, куч берадиган ва узумзоридан олинган май ирмоғи қуримасди.
Валинеъмат Шаҳзода Тақводор Олам деганни шаҳарнинг янги бошлиғи этиб тайинлади (Колоса. 3:15). У ҳам Шоҳ Шадай ҳузуридан келган одамлардан эди. У шаҳардаги жамики амалдорлардан юқори туриши керак эди. Тақводор Олам йўлбошчилар Имон ва Эзгу Умид билан дўстона муносабатда эди. Балки улар қариндош ҳам бўлсалар керак. Унинг лавозими бутун шаҳарни, айниқса, қалъани бошқаришдан иборат эди. Имон эса унга ёрдамчи қилиб берилди. Шуниси ажойибки, у шаҳарни бошқарган пайтда, бутун шаҳар роҳат–фароғатдан ҳузур топди. Жанжал ҳам, муштлашиш ҳам бўлмади, ҳар ким ўз иши билан машғул бўлди. Аёллару болалар ҳам қувноқ қўшиқлар айтиб, жон–диллари билан меҳнат қилишди. Бутун Оламда Руҳдан бахтлироқ шаҳар йўқ эди. Ёз мавсуми ана шу тарзда ўтди.
Книга на Узбекском языке: Духовная война (Жон Буньян)
Эта книга — волнующее аллегорическое повествование о борьбе человеческой души с силами зла, возглавляемыми князем тьмы. Ее автор, Джон Буньян, перу которого принадлежит знаменитое «Путешествие пилигрима», мастерски изобразил вечный конфликт, хорошо знакомый многим. Эта необычная аллегория непременно заинтересует всех, кто вовлечен в подобную духовную битву.
«Духовная война» Джона Буньяна была впервые издана в Англии, на родине писателя, в 1682 г. Со дня первой публикации этой замечательной книги она постоянно переиздавалась и была переведена на многие языки в том числе и на Узбекский язык (Руҳий жанг Жон Буньянн).