Боб Джорж. Ҳузур ҳаловатда ўсиб. (1-боб) Ўзбек тилида аудиокитоб
Bob-Jorj. Huzur halovatda osib. kitob Uzbek tilida.
Мундарижа
Таклифнома
Муаллиф муқаддимаси
Ўзбек тилидаги нашрига сўзбоши
1. Ҳақиқий дунёдаги ҳақиқий ҳаёт
2. Шахсга даъват қилинганлар
3. Ҳақиқат билан бўлиш
4. Янги шахс
5. Суръатлардаги имон-эътиқод
6. Марказда — туйғулар
7. Ички низо
8. Умид ила қўллаб-қувватланганлар
9. Айбдорлик туйғусидан халос бўлиш
10. Озодлик ва етуклик
11. Ўсиш учун озуқа
12. Ҳаёт бугун мўл-кўлликда
13. Ҳузур-ҳаловатда ўсиш белгилари
Муаллиф муқаддимаси
Сиз билан биз ўртамизда кўп ўхшаш томонлар бор.
Биз, эҳтимол, ҳеч қачон учрашмаганлигимизга қарамасдан, мен кафолат бериб айтаманки, бир хил сабоқ олганмиз. Мен “актёрлар” мактабини назарда тутяпман.
Бир куни Шекспир шундай деган экан: “Бутун дунё — театр, ундаги одамлар — актёрлардир”. Туғилганимиздан бошлаб бизни хоҳлаган нарсамизга эга бўла олишимиз учун ўзимизни яхши тутишга ўргатишади. Бизнинг қанчалар яхши ишлашимиз ва ўз ишимиз учун қандай ҳақ олишимиз бир-бирига чамбарчас боғлиқдир.
Ўзингни яхши тут, шунда ширинлик оласан.
Ўз хонангни тартибга сол, шунда кундалик сарф- харажатларингга пул оласан.
Яхши машқ қил, шунда университет командасида ўйнай оласан.
Агар озсанг, сенга кўпроқ учрашувлар белгилашади.
Коллежда ўқигин, шунда яхши жойга ишга жойлашасан.
Кўпроқ пул ишлаб топ, шунда ўзингни бахтлироқ ҳис қиласан.
Ва ҳоказолар.
Бу дунёнинг фалсафий фожеаси шундан иборатки, бизнинг қўл-оёғимизни ана шундай шартлар кишанлаб ташлаган. Биз уларни ўз масиҳийлик ҳаётимизга ҳам олиб кирамиз. Биз ўз ролимизни бажаришимиз керак, шу зарурат туфайли Худонинг халос қилувчи марҳамати ўз аҳамиятини йўқотади. Бу ақида кўпинча: “Худо ўзига ўзи ёрдам берадиганларга ёрдам қўлини узатади” деган масиҳийлик ибораси билан изоҳланади. Ёмон эмас-а! Ягона муаммо шуки, бу асло Муқаддас Китоб тамойили эмас.
Биз ўз ролимизни ўйнамаслигимиз мумкин бўлган фақат битта бошпана мавжуд — бу Исо Масиҳнинг шак-шубҳасиз севгиси ва Унинг қабул қилинишидир. Бу бизни халос қиладиган худди ўша марҳаматдир. Худди шу севги бизнинг ҳаётимизни қўллаб-қувватлаб туради. У бизни ҳозир, бугун… қандай яшашга ва қандайдир рол ўйнамасликка ўргатади.
Мен “Мумтоз масиҳийлик” номли биринчи китобимда одамларга руҳий қулликдан қутулишга, Исо Масиҳдаги озодликка қувонишга имкон берадиган жуда кўп Муқаддас Китоб ҳақиқатлари ҳақида ҳикоя қилганман. Биз минглаб хатлар олганимизда, илгари ҳеч бундай қилмаган одамлар — Худони эркин англашга ва севишга имконни кўрган минглаб одамлар бизга қўнғироқ қилганларида, бошимдан кечирган ҳиссиётларни тасвирлаш қийин. Озодликни қўлга киритиш — бу бир нарса, эркин одам бўлиб яшашни англаш эса — бу умуман бошқа нарса. Қулликдан чиқиш орқали келган қувончли кечинмалардан сўнг албатта энди бу озодликка қандай муносабатда бўлишга ўрганиш эҳтиёжи пайдо бўлади. Марҳамат туфайли қутилган, марҳамат туфайли озод бўлган одамлар қандай қилиб ҳузур–ҳаловатда ўсишни ўрганишлари керак.
Мазкур китобнинг мақсади ана шудир. “Мумтоз масиҳийлик” да мен Масиҳдаги ўз шахсиятимизнинг масиҳийча тушунчасини, гуноҳларнинг тўла кечирилишини, У орқали тақводорликка ва Масиҳнинг қайта тирилган ҳаётини қабул қилишимиз нима эканлигини талқин қилиб бердим. Биринчи китобнинг мақсади — одамларни Масиҳда халос қиладиган ҳақиқат ҳақида сўзлаб беришдир. Яна менинг бу китобдаги энг муҳим вазифам — Масиҳда ўзларини эркин ҳис қила бошлаган одамларга, сизлар Унинг ҳузур-ҳаловатида ўсасизлар, Худонинг севимли болаларининг ўсиши нима эканлигини биласизлар, деб шулар ҳақида айтиб беришдир.
Ҳаётимдан ҳикоя қилинган воқеалар ҳақиқатда ҳам юз берган воқеалардир. Мен фақат баъзи бир одамларнинг шахсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун, уларнинг исмларини ўзгартирганман, холос. Бу китобда ёзилган ҳолатларнинг — ҳикоя ривожи, муаммолар ечими, суҳбатлар матнининг стенографик ёзувлари бўлмаса-да, бўлиб ўтган воқеаларни аниқ акс эттиради.
Бир неча йил давомида мен “тақводорлик вазифасини бажаришдан”, жуда кўп бемаъни кўрсатмаларни амалга оширишдан, ўзларига мунофиқлик ниқобини кийишдан чарчаган одамларни кўрдим. Чарчаганларга, оғир юк остида қийналиб, ҳориб-толганларга Раббий Исо шундай дейди: “МЕНИНГ ҳузуримга келинг, Мен сизларга ором бераман” (Матто 11:28).
Сизнинг орангизда мумкин бўлмаган мезонларга мос бўлишга қўлидан келганча ҳаракат қилаётганларга, Худога ёқиш учун интилиб, сохта “раҳмдил масиҳий”нинг ҳаёти билан яшашга ҳаракат қилаётган, аммо буларнинг бари уларда етарли эмаслигини намойиш этаётганларга мен шундай деб айтаман: мазкур китоб саҳифаларида умид ҳақида ҳикоя қилинган.
Муқаддас Руҳ шу китобда ҳикоя қилинаётган Каломдан ва Муқаддас Китоб ҳақиқатларидан фойдалансин, сиз ўзингизда Масиҳнинг қайта тирилган ҳаётини тўла сезишингизга имкон берсин, деб ибодат қиламан. Токи Унинг Ўз қони эвазига сиз учун қўлга киритган озодлигидан шодланишингизга, Унинг ажойиб ҳузур–ҳаловатида ўсишингизга имкон берсин.
Боб Жорж
Ўзбек тилидаги нашрига сўзбоши
Азиз ўқувчи, Сизнинг олдингизда китоб турибди. Бу масиҳийча китобнинг дўконда пайдо бўлиши катта ва муҳим воқеадир. Шуни таъкидлашимиз керакки, бу — бестселлер, яъни бозори чаққон китоб. Бестселлерлар ҳар хил бўлади: бозорнинг бир зумлик талабларига, янги урф таъсирларига мувофиқ бўлади, китобда акс эттирилган мавзуларнинг машҳурлигига асосланади, муаллиф номининг машҳурлигига, асар тилининг, воқеалар баёни услубининг жозибадорлигига асосланади ва ҳ… Мазкур китобнинг машҳурлиги эса унинг долзарблигига асосланган.
Яхши воиз ёки хизматчи бўлмаслик мумкин, яхши илоҳиётчи бўлмаслик мумкин, бутун ҳаёт давомида бир марта бўлса-да Муқаддас Китобнинг ҳаммасини тўла ўқиб чиқмаслик мумкин… Бироқ Исо Масиҳни топган ҳар бир одам ўзига Масиҳда қандай ҳаёт тайёрланаётганлигини билиши зарур. Қўлларида Худо ҳадя қилган хазинани ушлаган жуда кўп масиҳийлар бундан сўнг нима қилишлари кераклигини билмайдилар. Худо кечирган ва гуноҳлари ўтилган кўп масиҳийлар Масиҳдаги ўзларининг ҳақиқий аҳамиятини, ўз лавозимлари ва Раббимизнинг бойликларини билмайдилар.
Юракларида Худо билан яшайдиган жуда кўп масиҳийлар бу хазина ҳақида унутиб қўядилар. Улар ҳаётининг кўп қисмини, йилларини яна ниманидир бефойда излашга сарфлайдилар. Шу нимадир, уларнинг ёки руҳий устозларининг фикрича, “ўзларининг халос бўлишларини охирига етказиши”, уларнинг ҳаётларини қувонч, хотиржамлик ва ишонч билан тўлдириши керак эди. Аммо жуда кўп масиҳийларнинг кўнгиллари вайрон бўлган, бу йўлда ҳолдан тойганлар. Бизга худди “эътиқод қадамлари” ёки “руҳий ўсиш” сифатида кўрсатиладиган рўзалар, ибодатлар, жамоатдаги хизмат, гувоҳликлар, қурбонликлар, турли бағишловлар ва жуда кўп бошқа нарсалар баъзида юрагимизни яна “нимагадир эришиш” истаги билан тўлдириб, биз билан барҳаёт Худо ўртасига тўсиқ солади. Улар биздан: “Эй оғир юк остида қийналиб, ҳориб-толган ҳаммаларингиз! Менинг ҳузуримга келинг, Мен сизга ором бераман…” (Матто 11:28) деган Шахсиятни шошилинч диний воқеалар орқали узоқлаштирадилар.
Бундай масиҳийларнинг ҳаёти ёпиқ айлана бўйлаб чексиз югуришни эслатади. Ва ниҳоят энди мен ўзимда 100% масиҳийни топиш учун нима қилиш кераклигини билгандай эдим. Аммо, эвоҳ… “Қани, қани ўша мен гуноҳим учун тавба қилганимда Масиҳни англаш қувончи?!… Эҳтимол, бу ўз–ўзини алдашдир? Шунча гапириладиган, у ҳақда ёзиладиган ўша руҳий ўсиш нима ўзи? Аммо ҳеч ким менга қандай ўсишим кераклиги ҳақида аниқ кўрсатма бермайди. Тўғрисини айтганда, мен энди аниқ билмайман ҳам — умуман, мен ўзи нажот топганманми ёки йўқми…” Бу ноиложликдан айтиладиган сўзларга қандай жавоб қилиш мумкин? Яна бир нечта ёд бўлиб кетган гаплар, фикрлар, яна бир марта сабр-тоқатга чақириш керакми?
Ўйлашимча, бу китобнинг муаллифи ҳар бир имонли кишининг ҳаётида пайдо бўладиган ана шу саволларга жавоб бера олган. Бир вақтлар унинг ўзи ҳам (ана шу сўзбошининг муаллифи сингари) худди шундай тушкунликда қолган ва унинг ҳам қаршисида ана шундай жавобсиз саволлар турган эди. Раббий Ўз болаларини севади, уларни тўғри йўлга бошлайди. Боб Жорж жон-жон деб Худо унга ўргатганларини, Муқаддас Ёзув унга ўргатаётганларини, ҳар куни унга ўзларининг олдиндан билиб бўлмайдиган муаммолари юзасидан мурожаат қиладиган одамлар билан бўладиган кундалик мулоқот туфайли у ўрганганларини бошқаларга улашади (китоб муаллифи жонли эфирда бутун Америкага намоён этиладиган жуда машҳур масиҳийча “Инсон — инсонга” кўрсатувининг ҳам бошловчисидир).
Бу китоб Масиҳ ҳақида, масиҳийлар ҳақида, уларнинг руҳий муаммолари, шу муаммоларнинг табиати ҳақида ҳикоя қилади. Азиз китобхон, сиз бу ерда ўзингиз учун қизиқ ва зарур нарсаларни топасиз, ўзингизнинг жуда кўп эски яраларингиз учун ажойиб хушхабар малҳамини оласиз. Ўқинг, ушбу китобни қўлингизда Муқаддас Китоб билан ўқинг, агар зарур деб топсангиз, муаллиф билан баҳслашинг. “Изланг, топасиз…” — дейди Исо. Бу китоб масиҳийча характерни тарбиялаш учун яна бир қўлланмадир. Бу тарбияда биринчиликни муаллиф фақат Масиҳга беради. Бу китоб бизни Худо ҳузур-ҳаловати билан ўсишимизга ҳалақит берадиган нарсаларни, биз билан Исо ўртасида тўсиқ бўладиган ғовларни бартараф қилишга ўргатади. У бизнинг хатоларимизни, адашган жойларимизни кўрсатади. Бу хатолар вақти-вақти билан ва аста-секин ўзларини эслатиб, қалбимизга тушкунлик ва умидсизлик уруғларини сочиб, онгимизнинг туб-тубига яшириниб олади. Аммо Масиҳ бизни бундай ҳаётга ундамаган. У шундай дейди: “Келинглар… Мен сизга ором бераман”.
Муҳаррир
Ҳақиқий дунёдаги ҳақиқий ҳаёт
Мен олти йилдан бери масиҳий бўлганим учун Далласга умумшаҳар Инжил дастурига бошчилик қилиш учун келган эдим. Мен Американинг бир нечта энг йирик жамоатхоналари билан ишлардим, кундалик радио дастурларини ёзардим, маҳаллий телестудиялар билан ҳамкорлик қилардим. Бу доимий шодлик муҳити эди, мен шу муҳитнинг марказида эдим. Мен ўзим ҳақимда, эҳтимол, мен энди масиҳийча етукликнинг олий нуқтасига етдим, деб ўйлай бошлаган эдим, то… то бир куни рафиқам Эми билан бозор-ўчар қилишга боргунимча.
Ўша куни савдо марказида одам кўп эди, ҳамма ёқда шовқин-сурон, машиналар тўхташ жойлари тўла, машина қўйиш учун жой йўқ эди. Аммо мен бирданига бир эмас, иккита жой топганимда — яна нақ савдо марказининг олдидан — бу кунни бахтли кун деб ҳисоблай бошладим! Аммо мен бу “ибодатимга қилинган жавоб”га яқинлаша бошлаганимда, ёнимдан яп-янги чет эл машинасида бир йигит тез ўтиб кетди. У машинасини нақ иккала тўхташ жойини ажратиб турган чизиқ устига қўйиб, бирданига иккала жойни ҳам банд қилди.
Олдинига мен буни тасодиф деб ўйладим. Мен ойнани туширдим ва хушмуомалалик билан шундай дедим: “Кечирасиз, жаноб, сиз, эҳтимол, сезмай қолгандирсиз, аммо сиз бирданига икки жойни банд қилдингиз”.
У менга нафрат билан қаради ва тиржайиб шундай деди: “Ҳа, буни биламан”. У машинадан тушганда мен уни яхшироқ кўришимга имкон туғилди. Бу оқ тушган сочлари яхшилаб таралган ўрта ёшлардаги эркак эди. Кўйлагининг тугмалари ечилган, кўкрагида эса саноқсиз тилла занжирлар осилганди. Бу уни худди совут кийиб олган жангчига ўхшатар эди.
Бир кўришдаёқ бу одам менга ёқмади. Шунинг учун кескин оҳангда мен унга шундай дедим: “Яхши, марҳамат қилиб, сиз ўз машинангизни жойларнинг бирига оларсиз, менга ҳам машинамни қўйишга имкон берарсиз?” У ёшгина бир қизга машинадан чиқиш учун ёрдам қўлини чўзар экан, “Йўқ!” — деб жавоб қилди.
Шу дақиқаларда мен учун Худо фарзанди бўлган барча йиллар ўз аҳамиятини йўқотди. Кайфиятим ўзгариб хавфли тус ола бошлаган эди. “Дўстим, — дедим мен зўрға, — агар сен ҳозироқ ўз аравангни олмасанг, мен ўзингни тутун чиқаадиган қувурга тиқиб қўяман. Ўзим аравангни йўлимдан олиб ташлайман!” Мен ваъда қилган таҳдидимни бажариш учун машинадан туша бошладим.
Эми менга худди ақлдан озган одамга қарагандай назар ташлади. Мен ўшанда унга ақлимни йўқотишдан қўрқмаслигимни, ҳозир мени фақат шу жойни йўқотиш ташвишга солаётганлигини айтдим. Мен тўсатдан тўхтаб қолдим. “Сен нима қиляпсан? — деб сўрадим ўзимдан. — Ахир, қачонлардир сен фақат Худога хизмат қилиш билан машғул бўлиш учун ўз даромадли ишингдан воз кечганингдан хурсанд эдинг-ку. Энди эса фақат шу бадбахт жойдан маҳрум бўлмаслик учун бошқа бир одам билан ёқалашишга ҳам тайёрсан!”
Ниҳоят, мен ўзимни босиб олдим, усталик билан бу жойдан чиқиш учун машинамни орқага тисардим. Шунга ҳам бир неча дақиқа сарфладим. Бошқа машина ҳайдовчиси менинг машинам бамперига ёпиштирилган қуйидаги ёзувни кўришини истамадим: “Жилмай! Исо сени яхши кўради”.
Сиз билан ҳам худди шунга ўхшаш воқеа содир бўлганми? Сизнинг Исо Масиҳга бўлган самимий ва ҳақиқий эътиқодингизга қарамай, ана шундай аҳмоқона, худди умуман ҳеч қачон хушхабарни эшитмагандай вазиятга тушганмисиз. Агар биз бутунлай самимийликка интиладиган бўлсак, бундай воқеа бизнинг ҳаётимизда ҳам бўлиб туришини тан олишимиз керак. Ана шундай кутилмаган дақиқаларда биз кимлигимизни ва нимага эътиқод қилишимизни бутунлай унутиб қўйишимиз мумкин. Биз гоҳида ўзимизни эшитиб қоламиз “Мен эса сени масиҳий деб ўйлардим!” — “Мен ҳам ўзимни масиҳий деб ўйлардим! — деб жавоб қиламиз ўзимизга ўзимиз. — Мен бунга қандай журъат қилдим?”
Келинг, яхшироқ гаплашиб олайлик. Бундай “кутилмаган дақиқалардан” ташқари, биз шуни биламизки, масиҳийлар узоқ вақт Худо Каломига умуман зид тарзда яшашлари мумкин. Тўғриси, ҳаммамизнинг ҳаётимизда ўзимиз васвасалар билан курашадиган ва муваффақиятсизликларни ҳис қиладиган томонлар мавжуд. Баъзида биз ўз масиҳийлик ҳаётимизда умуман бирон нарсага эриша олишимиз ҳақида ўйланиб қоламиз. Ҳар бир имонли, мен билган ҳамма одамлар, эҳтимол, эндигина эътиқодга кирганлардан ташқари, ўзларида ҳаворий Павлус тасвирлаган нарсани ҳис қиладилар: “Шундан ўзим қилаётган ишларни ўзим тушунмайман: мен нимани хоҳласам, уни қилмайман ва нимани ёмон кўрсам, уни қиламан… Менда, яъни ирсий табиатимда яхши нарса йўқлигини аниқ биламан. Яхшилик қилиш истаги дилимда бор бўлса-да, уни рўёбга чиқаришга кучим етмайди. Мен истаган яхши ишни қилмаяпман, аксинча, истамаган ёмон ишни қиляпман” (Римликларга 7:15, 18, 19).
Бу зиддият барча асрлардаги, барча мазҳабдаги, барча географик ҳудудлардаги масиҳийларга танишдир. Уларнинг барчаси айбдорлик исканжасига тушадилар, улар фақат яхши иш қилишни жуда хоҳлардилар. Аммо уларнинг самимий ҳаракатларига қарамай, бу уринишлар кифоя қилмай қоларди. Қисқача қилиб айтганда, бизга энг керак нарса — бу ҳаётдир. Айнан шуни бизга Исо Масиҳ таклиф қилади: “Мен эса уларга ҳаёт, фаровон ҳаёт бериш учун келганман” (Юҳанно 10:10).
Ўзимнинг “Мумтоз масиҳийлик” китобимда мен барча масиҳийларга барҳаёт Масиҳни ўз ҳаётларига қайтаришга ёрдам бермоқчи эдим. Аммо мен “маси‑ ҳийлик ҳаёти билан” яшашга ўргатмоқчи эмасдим, худди виключателнинг чиқиллаши каби ҳаётимизнинг осонгина олдинга ҳаракат қилишига имкон берадиган қандайдир мўъжизакор формулани ҳам бермоқчи эмасман. Йўқ, бизнинг ҳаётимиз — бу Исо Масиҳдир! “Чунки сизлар ўлгансизлар, янги ҳаётингиз эса Масиҳ билан Худо ҳузурида пинҳондир. Ҳаётингизнинг ўзи — Масиҳдир. У оламга қайтиб зоҳир бўлгач, сизлар У билан бирга улуғвор тусда зоҳир бўласизлар” (Кол. 3:3, 4).
Бу китобда биз Худо фарзандларининг ҳар бирига тегишли бўлган ажойиб меросни кўриб чиқамиз. Бу бизнинг Масиҳ билан ўхшашлигимизга боғлиқ. Бутрус шундай дейди: “Раббимиз Исо Ўзининг улуғворлиги ва камолоти шарофати ила бизни даъват этган ва бизга Ўзини танитган. Яшаш ва Худо йўлида юришимиз учун керак бўлган ҳамма нарсани У бизга Ўзига хос илоҳий куч-қудрат билан ато этган” (2 Бут. 1:3). Шундай қилиб, масиҳийлик ҳаёти Масиҳдан “бошланмайди” ва кейин қандайдир яхшироқ нарса томон “ҳаракат қилади”. “Олдинга сурилган ёки мукаммаллаштирилган масиҳийлик” мавжуд эмас. Масиҳийлик ҳаётини бошлаётган ҳар бир одам уни ўзи олиши мумкин бўлган ҳамма нарсани олишдан бошлайди.
Мен ёшлигим ўтган Индиана штатидаги олмаларни мисол қилиб келтирмоқчиман. Бу ҳақда мен аллақачон “Мумтоз масиҳийлик” асаримда гапирганман. Эрта баҳорда у ердаги олма дарахтларида майда, умуман мазасиз ва тошдай қаттиқ мевалар пайдо бўлади. Биз болалигимизда уларни бир-биримизга отиб ўйнардик. Бир куни мен шундай олма билан ўртоғимнинг нақ пешонасига урганимда қанчалар қувонганимни кўрсангиз эди… Аммо мен бу ҳақда ҳикоя қилмоқчи эмасман. Бу қаттиқ ва майда меваларнинг табиати қанақа? Бу тарвуз ёки қовоқ эмас. Йўқ, улар росмана олма меваларидир. Улар ўсаверади ва ушбу олмаларнинг табиати ўзгармайди. Улар ўсгани сайин қандай бўлса, шундайлигича қолаверади, ҳеч бир янгиликка эга бўлмайди. Улар фақат пишади.
Одамлар баъзи бир оятларни, масалан юқорида парча қилиб келтирилган 2 Бут. 1:3 оятни ўқиганларида бериладиган саволга бу жавобдир. Қандай қилиб одамга барча керак нарсалар берилади-ю, айни пайтда у доимо курашни давом эттираверади? Агар биз ҳамма зарур нарсаларни олган бўлсак, бизга яна нима керак?
Буни қуйидагича изоҳлаш мумкин: биз руҳан туғилганимизда, бизга ҳамма нарса берилганига қарамасдан, олдимизда тамомила келажак ҳаётимиз туради. Ана шу келажак ҳаётда биз Масиҳни англаймиз, Унинг бойликлари билан, шон-шарафи ва У бизга ҳадя этган ҳаёт билан ўсамиз.
Айнан шу сабабли ҳаворий Бутрус шундай деб ёзади:
Раббимиз ва Халоскоримиз Исо Масиҳнинг иноятига таяниб, Уни таниб-билиб борган сайин ривож топинглар. Ҳозирдан то мангу кунгача Унга шон-шуҳрат бўлсин! (2 Бут. 3:18)
Агар сиз рисоладагидай йўл тутишга ҳаракат қилишдан чарчаган бўлсангиз, барибир тўғри йўл тута олмасангиз, унда бу китоб сиз учун мўлжалланган. Биз ҳақиқий ҳаётни турли нуқтаи назардан кўриб чиқамиз, бизда яшайдиган Исо Масиҳ бизга қандай жавоб беришини билиб оламиз. Биз нима сабабдан ҳузур-ҳаловатда ўсиш — бу ўз-ўзимиздан каттароқ ва кучлироқ бўлиб қолишимиз эмас, балки биз ўзимизни йўлдан олиб, Масиҳнинг бизда ва биз орқали яшашига имкон беришимизни кўрамиз.
Энг аввало, мен ҳузур-ҳаловатда ўсмаслик нима эканслигини кўрсатишим зарур. Бу китоб “катта руҳониётга томон ўн қадам” ҳақида эмас, шунингдек, “ўн иккита зина орқали масиҳийлик характерига” кўтарила олишимиз керак бўлган зинапоя ҳақида ҳам ҳикоя қилмайди. Ҳозирги эътиқод кучайиб тарқалаётган пайтда, йўл қўйиладиган энг катта хато — ҳузур-ҳаловатда ўсиш — бу фақат баъзи бир “қоидалар”га риоя қилиш деб ҳисоблашдир. Шундай қилиб, масиҳийлик ҳаётига биз фақат яшаб ўтиш керак бўлган нарса каби эмас, балки ўрганиш керак бўлган нарсадай киришамиз. Сиз синф хонасида, семинарда ёки Муқаддас Китоб билан ёлғиз қолганингизда, бу машғулотлар ажойиб бўлишига қарамасдан, ҳузур-ҳаловатда ўса олмайсиз. Аслида, сиз китоб ўқиш орқали, жумладан, ушбу китобни ўқиш орқали ҳам ҳузур-ҳаловатда ўса олмайсиз. СизЎз Каломи орқали бизга ҳақиқатни ўргатадиган Раббий Исо Масиҳ билан шахсий, ўзаро муносабатга киришиш орқали ҳузур-ҳаловатда ўсишингиз мумкин. Сиз Унинг Каломини ҳақиқий ҳаёт ва ҳақиқий дунёнинг шовқин-суронида ўзингиз билан оласиз.
Бу ерда “жадвални” режалаштириш мумкин эмас, ундан ҳузурланиш ҳам мумкин эмас. Севгучи Худонинг Ўз хоҳиш– иродасига кўра, бизнинг бу бузуқ дунёдаги йўлимиз, худди ўзимиз каби, ҳар биримиз учун ягона бўлади. Ушбу китоб саҳифаларида биз кўп одамлар билан учрашамиз. Биз ҳаётда дуч келадиган барча вазиятга қарамасдан, Худо қандай қилиб бизни ҳузур-ҳаловатда ўстиришини бу одамларнинг ҳаёти кўрсатади.
Ж. Е. Анчагина муросасиз одам эди. У ўз оиласига кўп машаққатлар ва азоблар етказган. Бир куни у Исо Масиҳда яширинган ҳаётни ва гуноҳларнинг кечирилиши ҳақида эшитди ва унинг ҳаёти ўзгарди. Кейин у бедаво ўпка саратони касаллиги билан касалланганини билиб қолди. Агар Ж. Е. га ҳузур-ҳаловатда ўсиш белгиланган бўлса-да, у, менинг ҳаётим тез орада тугаса керак, деган ҳақидаги қўрқинчли фикр босими таъсирида яшарди.
Гэри ичувчи ота билан бир оилада катта бўлди. Бола тўрт ёшда экан, отаси уйдан чиқиб кетди. Ўсмирлигидаёқ у ашаддий ароқхўр ва гиёҳванд бўлиб ўсди. Ўзининг тан олишича, дунёдаги барча ҳақорат сўзлари худди унинг танасига ўйиб ёзилгандай эди. Бир куни кечқурун гиёҳванд моддалар таъсири остида у бир дўсти билан иккита одамни дўппослаб урди ва қамоққа тушиб қолди. Қамоқда Гэри Хушхабарни эшитди ва у юқоридан қайта туғилди. Агар Гэри учун ҳузур-ҳаловатда ўсиш белгиланган бўлса-да, у буни қамоқда бошлаши керак эди.
Китобимнинг сўнгги бобларида мен сизга Ж. Е. ва Гэрининг тақдири ҳақидаги ҳикояни давом эттираман.
Ҳақиқий одамларнинг тарихи бизга Исо айтганларининг тўғрилигини эслатади: “Дунёда қайғу-алам чекасизлар; лекин дадил бўлинглар, Мен дунёни енгдим” (Юҳ. 16:33). Агар ҳузур-ҳаловатда ўсиш бенуқсон шароитни талаб қилса, унда у ҳеч қачон бошланмасди. Чунки биз ҳақиқий ҳаётда ўсишимизга тўғри келади. Миллионлаб масиҳийлар ўтмишда ҳам, бизнинг замонимизда ҳам шафқатсиз тартиб ва қувғинлар ҳукми остида яшаганлари ва яшаётганлари ҳақидаги ҳақиқатни эсланг. Агар ўша ердаги художўйлар ҳузур-ҳаловатда ўсишни хоҳласалар, улар буни айнан ана шундай душманлик муҳитида қилишларига тўғри келади.
Аммо ҳамма мисоллар ҳам шундай машаққатли эмас, ҳамма мисолларни ҳам биз фожеали дея олмаймиз. Дунё турли-тумандир. Баъзида мен Билли Грэм ҳақида, унинг бу дунёдаги хизмати тўғрисида ўйлайман. Доктор Грэмнинг аҳволига тушган одам шундай шароитда ўсиши керакки, худди у аквариумда — ҳамманинг кўзи олдида яшаётгандай бўлиши керак. Тадбиркор одам кўпинча рақобатнинг жуда чигал ва ифлос шароитларида ҳузур-ҳаловатда ўсиши керак. Мактаб ўқувчилари тенгдошлари томонидан доимий кўрсатиладиган жисмоний ва ижтимоий босим таъсири остида ҳузур-ҳаловатда ўсишлари керак. Кўп одамларнинг бахтли оилаларда яшашдек имтиёзлари бор. Улар намунавий оилаларда ўсишларига тўғри келади.
Сизнинг ҳаётингиздаги ҳолат қандай бўлишидан қатъий назар, айнан шу ҳолатда сиз ҳузур-ҳаловатда ўсишингизга тўғри келади.
Гапнинг кўпинча одамлар сезмайдиган яна бир томони бор: биз ахлоқий бузуқлигимиз ва гуноҳларимизга қарамасдан, ҳузур-ҳаловатда ўсамиз! Қандай қилиб? Агар биз фақат ўз диққатимизни биз қилаётганларимиз орасида Худо қилаётган ишларга қаратсаккина. Ибронийларга мактубда 12:1, 2 шундай дейилган:
Мана, бизнинг атрофимизни ўраб олаётган нақадар йирик шоҳидлар оломони бор экан! Шунинг учун ҳар бир оғирликни, айниқса ҳадеб пойлаб турадиган гуноҳни бир четга улоқтириб ташлайлик, тақдиримиздаги мусобақада сабр-тоқат билан чопайлик. Имонимизнинг Илғори ҳамда уни камолга Етказувчи Исога кўз тикайлик. У Ўзини кутаётган шодлик учун шармандаликни менсимай, хоч азоб-уқубатига чидади. Ҳозир эса У Арши Аълонинг ўнг томонида ўтирибди.
Масиҳ бизнинг диққатимиз маркази бўлиши керак. Аксинча, агар биз фақат ўзимизга эътибор бера бошласак, унда натижасини олдиндан айтиб берса бўлади. Исо Масиҳ шундай деган:
Мен — ток, сизлар — новдасизлар. Ким Мен билан алоқада бўлиб, Мен у билан алоқада бўлсам, у кўп ҳосил беради. Менсиз ҳеч нарса қилолмайсизлар (Юҳанно 15:5).
Исонинг айтишича, У — ток, биз эса — новдалармиз. Новдалар ўзидан ўзи ўса олмайди, ёки ўзича ҳосил беролмайди. Новданинг вазифаси шундан иборатки, у токда “бўлиши” ёки “ток билан боғланган ҳолатда” қолиши керак. Бу новдаларнинг токка тобе муносабатда бўлишини билдиради ва новданинг ҳаёти токдан оқиб ўтишига имкон беради. Қолаверса, токка новда тўсқинлик қилмаслиги кераклигини англатади. Ўша куни машиналар тўхташ жойида мен Худога батамом итоат этмасдан қандай масиҳийча ҳаётда яшашим мумкинлигини кўрсатдим: ҳеч қандай! Мен кўпинча, масиҳийча ҳаёт нафақат қийин, балки унинг имкони йўқ, дейман! Фақат Исо Масиҳ шундай ҳаёт кечира олади. Бизнинг энг тўғри қабул қиладиган қароримиз — Унга шу ҳаёт билан бизда яшашига имкон бериш!
Аммо биз ҳаммамиз ўз ҳаётимиз устидан назоратни ўз қўлларимизга олишимиз мумкин (кўпинча шундай қиламиз ҳам) ва бу билан ўзимизнинг масиҳийча ҳаётимиз билан мустақил яшай олмаслигимизни исботлаймиз. Эзгу хабар шундан иборатки, Худо биз ҳақимиздаги бу нарсаларни билади ва барибир бизни қабул қилади. Биз гуноҳ қилган вақтимизда, У хижолат бўлмайди. Биз “Исога кўз тиккан вақтимизда”, биз “Каломуллоҳ инсон қиёфасига кирган, У иноят ва ҳақиқатга тўла” (Юҳанно 1:14) ва улуғворликка эга бўлган Шахсга қараймиз. Биз гуноҳ қилганимизда, Унинг ҳузур-ҳаловати: “Ва Мен ҳам сени маҳкум қилмайман” (Юҳанно 8:11), дейди. Кейин Унинг ҳақиқати: “Мен сенга мукаммал йўлни кўрсатишимга имкон бер”, — дейди ва озодликка йўлни кўрсатади. “Агар Менинг каломимга риоя қилсангизлар, ҳақиқий шогирдларим бўласизлар. Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади” (Юҳанно 8:31, 32). Худо ўзининг чексиз Яратувчилик ҳузур-ҳаловати ва кучи бўйича бизнинг заиф ва ёмон томонларимизни ўзига олади ва “Худони севганларга, яъни Худо Ўз муроди бўйича даъват этганларга” (Римликларга 8:28) ҳамма нарса яхшилик бўлиб хизмат қилади. Мен ҳали ёшгина масиҳий бўлган пайтларимда, менинг ҳаётимда бир воқеа юз берган эди. Бу бизнинг ҳузур-ҳаловатда ўсишимизга йўналтирилган сабрли, аммо матонатли Худо ишининг яққол мисолидир.
Мен масиҳий бўлишимдан илгари Берни исмли одам бошлиқ бўлган йирик бир компанияда савдо-сотиқ бўйича бошқарувчи бўлиб ишлардим. Берни билан мен бир-биримизни ёқтирмасдик. Аммо у менга иш берарди, чунки мен у учун жуда кўп пул ишлаб берардим. Мен ҳам унинг компаниясидан кетмасдим, чунки у менга яхши ҳақ тўларди. Ўша пайтда биз тез-тез турли реклама тадбирларини ўтказиб турар эдик. Шунда реклама қилиш мақсадида биз истеъмолчиларга молларимиздан намуналар берардик. Бир куни шундай реклама пайтида мен идорамизнинг ертўласига тушдим. У ерда бизнинг истеъмолчиларимиз учун белгиланган тефлон кастрюлкалар ва товалар солинган қутилар уюмини кўриб қолдим. Хотиним Эми бундай совғадан хурсанд бўлиши ҳақида ўйлаб, Берни буни ҳеч қачон сезмаслигини билиб, мен қутилардан бирини уйга олиб кетдим. (Тўғриси, мен бундай вазиятга “ўғирлик” деган Муқаддас Китоб тушунчаси тўғри келади, деб ҳисоблайман).
Орадан бир неча йил ўтди, мен аллақачон Бернининг компанияси билан рақобат қиладиган ўз компаниямга эга бўлдим. Бундан мен жуда хурсанд эдим. Чунки энди мен тадбиркорлик дунёсида Берни билан курашиш ва уни сиқиб чиқариш имконига эга бўлган эдим.
Аммо ўз компаниямга эга бўлганимдан сўнг орадан ҳеч қанча вақт ўтмай мен масиҳий бўлдим. Бир куни Худога, мен учун ҳаётимдаги ўзим эътибор қаратишим керак бўлган томонларни кўрсат, деб сўраб, ибодат қилдим. Шунда Худо менинг онгимга солган нарсадан ҳайратга тушдим.
Мен Худодан: “Менинг ҳаётимда ўзим ўзгартиришим керак бўлган нарсани менга кўрсат, мен уни ўзгартираман”, — деб сўрадим. Мен аниқ бир товушни эшитмадим. Аммо эшитганим жуда тушунарли эди. Жавоб қуйидагича бўлди: “Бор, Бернига кастрюлкалар ва товалар ҳақида айтиб бер”.
Юрагим музлаб қолгандай эди. Мен зўр бериб ибодат қилардим: “Раббий, наҳотки мен қилишим керак бўлган бошқа иш йўқ?” Наҳотки, ашаддий душманингни олдига боришинг ва унга кастрюлкалар ва товалар ўғирлаганингни айтиб бериб, ўғирлигингни тан олишинг кулгили бўлмаса?! Бир неча ой давомида мен буни эсдан чиқаришга ҳаракат қилдим. Аммо қачон ибодат қилмай, хотирамда Берни гавдаланаверарди. Мен Худога илтижо қилдим: “Раббий, агар мен бир жиддийроқ нарса, масалан телевизор, ёки машинани ўғирлаган бўлсам ҳам майли эди, ахир бу… оддий кастрюлкалар билан товалар-ку”. Мен буни эркаклик шаъним учун ҳақорат деб ҳисоблардим. Шу ҳақда эслаганимда, кўз ўнгимда ўзимни камситилгандай ҳис қилаверардим.
Бироқ Худо менинг ҳаётимга Ўз муҳаббати ва ҳузур-ҳаловати билан кириб келди. Мен энди бир пайтлар Бернини ёмон кўрган одам эмас эдим. Энди мен бирга ишлаган кунларимизни эслаганимда, ҳамма нарса менга бошқача бўлиб кўринарди. Ўша пайтларда мен руҳий зулматда бўлган эканман. Аммо энди Худо мени Ўзининг нур шоҳлигига олиб келди. Берни билан ўртамизда пайдо бўлган муаммоларнинг кўпида ўзим айбдор эканлигимни мен эндигина англаяпман. Ўзим ана шу зулматда бўлганлигим сабабли, мен Бернига энди катта иззат-ҳурмат билан муносабатда бўляпман. Чунки менинг одамларга нисбатан муносабатларимда ўзгариш содир бўлди. Биз нималар қилмаслигимиз тўғрисида ва диёнат билан яшашимиз ҳақида Титусга 3:2–5 мактубда айтиб ўтилган:
…Ҳеч кимни ёмонламасинлар. Урушқоқ бўлмай, барча инсонларга ювошлик ва мулойимлик билан муомала қилсинлар. Чунки бир вақтлар бизлар ҳам фаҳмсиз, итоатсиз, адашган одамлар эдик, ҳар хил эҳтирос ва завқларга қул эдик, гина-қудрат ва бахилликка тўлган, бир-биримиздан нафратланадиган разил одамлар эдик. Аммо Қутқарувчимиз Худо Ўзининг илтифот ва инсонпарварлигини очиқ кўрсатди. Худо бизнинг қилган савобли ишларимиз туфайли эмас, балки Ўзининг раҳм-шафқати туфайли бизни қутқарди, гуноҳларимизни ювиб, бизни янгидан туғилтирди, Муқаддас Руҳ орқали бизга янги ҳаёт ато этди.
Энди менинг онгимда Берни Масиҳ у учун жон берган одамдай гавдаланарди. Аммо Берни ҳеч қачон Хушхабар ҳақида, “Раббимиз, Қутқарувчимизнинг севгиси ва марҳамати” тўғрисида эшитмаган. Ўзим хижолат бўлишимга қарамай, Берни билан мураккаб ўзаро муносабатларимизга қарамай, мен унга шу кастрюлкалар ва товалар ҳақида айтиб беришимни Худо хоҳларди. Мен учун бунинг ўзгача бир аҳамияти йўқ эди. Аммо шу ишни қилишимни Худо исташини мен инкор қила олмасдим. Орадан олти ой ўтди. Ниҳоят, бир куни мен Бернига телефон қилдим ва уни тушликка таклиф этдим. У рози бўлганига жуда ҳайрон бўлдим.
Белгиланган куни биз учрашдик. Биласизми, мен ўзимда яхши ҳикоя қила олиш қобилиятим бор эканлигини билдим! Биз сиёсат, спорт, тадбиркорлик ва кейинги йилларда юз берган кулгили воқеалар ҳақида гаплашдик ва ажойиб мазали тушлик тановвул қилдик. Аслида, биз ҳамма нарса тўғрисида гаплашдик, мутлақо ҳамма нарса ҳақида, фақат кастрюлкалар ва товалар ҳақида гаплашмадик, холос.
Шундан сўнг биз Бернининг машинасида менинг идорамга йўл олдик. Мен энг асосий қилишим керак бўлган нарсани қилмаганимни тушуниб турардим. Берни машинани тўхтатди ва тушлик учун миннатдорчилик билдирди. У кўтаринки кайфиятда эди. Мен машина эшигини очдим ва бир оёғимни ерга қўйдим. Аммо шу пайт яна қайтиб жойимга ўтирдим ва машина эшигини қайтадан ёпдим.
— Берни, — дедим мен. — Мен сенга яна бир нарса тўғрисида айтиб бермоқчи эдим. Бундан бир неча йил илгари биз бозорда кастрюлкалар ва товаларни реклама қилганимиз эсингдами?
— Ҳа, эсимда, — жавоб қилди у.
— Биласанми, Берни, ўшанда мен сендан бир нечта кастрюлка ва товалар ўғирлаб олган эдим. Энди сенга уларнинг пулини тўламоқчиман.
Берни лол бўлиб қолган эди. У нафақат кимдир унга ўзининг ўғри эканлигини тан олганидан ҳайрон бўлганди, балки, кимдир унинг нарсаларини ўғирлаганидан, у буни билмай қолганидан ва энди ўша “кимдир” шу ўғирланган нарсаларнинг пулини тўламоқчи эканлигидан ҳайрон қолганди!
Мен унга тўлов чекини ёзиб берганимдан сўнг, шундай қўшимча қилдим:
— Берни, биласанми, мен сенга яна ниманидир айтиб бермоқчи эдим. Мен сенинг компаниянгдан ишдан кетганимдан кейин Исо Масиҳни билдим, Уни ўз Эгам ва Қутқарувчим деб қабул қилдим. У ҳақда ва нималарни ўрганганим тўғрисида мен сенга ҳикоя қилиб бермоқчиман.
Бернининг кайфияти анча яхши эди, Масиҳ қандай қилиб менинг ҳаётимни ўзгартирганлиги ҳақидаги ҳикоямни давом эттирдим. Мен Бернига нафақат қилган ўғирлигимдан (жами йигирма долларлик сарф-харажат бўлган) афсусда эканлигимни, балки ўзим ишлаётган ва менга ойлик тўлаётган одамга нисбатан ҳурматсизлик қилганимдан ҳам афсусда эканлигимни айтдим. Жуда кўп ойлар давомида мен қилган ўғирлигим натижасида юз бериши мумкин бўлган ҳақорат манзарасини кўз олдимга келтириб яшадим. Аммо, аксинча, Бернининг кайфияти дўстона эди, суҳбатимиз бир–биримизга ишонч оҳангида ўтди. Мен эса Худо шу йўлни кўрсатгани учун қувондим ва Унга ҳамду санолар айтиб, идорамга қайтиб келдим. Нима сабабдан нима қилишим кераклигини Худо аниқ билишга батамом ишонишим учун шунча вақт керак бўлганлиги ҳақида ўйладим. Нега ўша ондаёқ Худога ишонч билдирмадим?
Ҳақиқатдан ҳам, Худони кастрюлкалар ва товалар қизиқтирадими? Менимча, бу нарсалар Уни ҳеч қизиқтирмайди! Худони менинг ғурурим қизиқтирарди.
Ўйлаб чиқарилган яна бир таълимот мавжуд. Бу таълимотга кўра, мен ана шу олти ой давомида “Худо билан мулоқотдан четда” бўлдим, чунки Худо кўрсатмаларига дарҳол риоя қилишни рад қилдим. Баъзилар ўша онда менда “гувоҳликнинг ҳеч қандай кучи бўлмаган” ва менинг ибодатларим “шифтдан сакраб кетарди”, холос. “Ахир, охир-оқибатда Худо итоатсиз масиҳийлар билан мулоқотда бўлмайди-ку?”
Бу жуда кулгили! Албатта, мен ушбу қадамни қўйишим — Худога ишонишим даражасида ҳузур-ҳаловатда ўсишим учун менга шунча вақт керак бўлишини Худонинг Ўзи билган. Айнан Берни билан бўлган воқеа туфайли менинг Худога ишонишим ғалатику? Айни пайтда У менга Ўз Каломи орқали ажойиб тарзда Ўзини намоён қилган, Ўзининг буюк ҳақиқатларига ўргатган, мен ўнлаб одамларни Масиҳ ҳузурига олиб келишим учун мендан фойдаланган. Буларнинг бари — мен ўз ҳаётимнинг ҳар бир жабҳасида Унга ишонишни хоҳламаслигимга қарамай содир бўлди.
Шунингдек, баъзида кимлардир тақводор ёки “ру‑ ҳий” (итоаткор) масиҳий ёки юз фоизга “шаҳвоний” (итоатсиз) масиҳий бўлиши мумкинлигини таъкидловчи таълимотни тарғиб қилишади. Ё ундай, ё бундай. Менимча, бундай ёндашув мутлақо ҳақиқий эмас, Муқаддас Китобга мос келмайди. Ўз ҳаётининг барча жабҳаларида Худога юз фоиз ишонадиган масиҳий бўлмайди. Ҳар биримиз нимададир Худога ишонишни ўргандик. Аммо шу билан бир қаторда ҳар биримизда ҳали иродамизни бука олмаган ҳаётимиз жабҳалари ҳам мавжуд. Эҳтимол, биз ҳаётимизнинг шундай томонлари борлигини билмасмиз ҳам. Масалан, мен ўз оилавий ҳаётим, болаларим ва хизматимга тааллуқли ҳамма нарсада Худога ишонишим мумкин. Айни пайтда молиявий ва бўш вақтим масалаларини ўзим ҳал қила оладигандай ҳис қиламан. Бутун умр давомида ҳузур-ҳаловатда ўсишимиз — ҳаётимизнинг янги–янги жабҳаларида Худога ишониш эҳтиёжларига У бизнинг кўзимизни очади, ёки Унга янада кўпроқ ишонишни ва Худога ҳаётимизнинг ана шу томонларини қаратишни ўрганиш жараёнидан ўтишни ўргатади.
Шубҳасиз, мен Раббий Исо Масиҳни англашда ўсиб бораётган пайтимда ва айни вақтда мен ҳали ҳаётимнинг У ўзгартирмоқчи бўлган қисмини Унга ишонишга тайёр бўлганимда, фақат ўсишга ҳақиқий ёндашувгина бошимдан ўтган воқеани изоҳлаб бериши мумкин. Бошида мен: “Агар сизнинг олдингизда ҳузур-ҳаловатда ўсиш вазифаси турган бўлса, унда сиз ўз эътиборингизни биз қиладиган ишларимизга қаратмасдан, Худо қиладиган ишларингизга қаратишингиз керак” деган фикрни ёзганимда, айнан шуни назарда тутганман. Келинг, далилларга тик қарайлик: агар Худо биз то “ҳамма гуноҳларимизни ҳаётимиздан йўқ қилмагунимизча” кутганда ва шундан сўнггина бизнинг ҳузур-ҳаловатда ўсишимизни бошлаганда эди, унда мен ишонч билан айта оламанки, ўсиш ҳеч қачон бошланмас эди!
Худо бизни доимо йўналтириб турадиган бу жараёндаги асосий ҳақиқатлардан бири — бизнинг Ундаги моҳиятимиз ҳақидаги ҳақиқатдир. Мен ҳайдовчини тутун чиқариш қувурига тиқмоқчи бўлган ўша кунда Раббий дарҳол менинг юрагимда ишлай бошлади. У менга шундай савол берди: “Боб, сен кимсан?” — “Мен сенинг фарзандингман, Раббим”. — “Бу нимани билдиради, Боб?” — “Раббий, бу — Сен мени батамом қабул қиласан дегани. Менинг барча гуноҳларим, ҳаттоки шу гуноҳим ҳам кечирилади дегани. Мен Масиҳнинг тақводорлиги билан ўралганман дегани. У — менда, мен эса — Ундаман”. — “Ўғлим, ана шу айтганларингга биноан автомобиллар тўхташ жойидаги ғазабланишингда бирор бир маъно борми? Нима муҳимроқ: Менинг сендаги ҳаётимми ёки ўз ғурурингни ҳимоя қилишингми? Сен нима деб ўйлайсан: ҳаётингда керак бўладиган бошқа нарсалар ҳақида ҳозир гапирмасак ҳам бўлади, Мен машиналар тўхташ жойидан сенинг машинанг учун бошқа жой кўрсата оламанми?” Ҳа, ўша пайтдаги менинг ҳулқим ўзимга ҳам энди аҳмоқона бўлиб кўринди: “Албатта, Раббий, бу Сенинг қўлингдан келади”. — “Ундай бўлса, ким эканлигингни эсдан чиқарма, шунингдек, Мендаги барча бойликларингни ёдингда тутгин. Менга ишон.”
Мен шундай қилдим ҳам.
Менинг Масиҳда ким эканлигим нуқтаи назаридан қараганда, менинг ножўя хулқим бирон-бир маънога эгами? Йўқ, ҳеч қандай маъноси йўқ! Худонинг ҳузур-ҳаловати ҳақидаги ажойиб ҳақиқат шундаки, бу барча фикрларнинг мақсади одамни қоралаш эмас. Уларнинг вазифаси — биз яна Ундан тобелик муносабатларига мурожаат қила олишимиз учун бизга аслида ким эканлигимизни эслатишдир. Мен пастга йиқилиб тушиб, ўзини худди чувалчангдай тутаётган капалак эдим. Маълумот аниқ эди: “Ўрнингдан тур ва учиб кет”. Кастрюлалар ва товалар воқеасида ҳам худди шундай бўлди. Ҳозир мен ўша пайтдагидан кўпроқ тушунганимга қарамасдан, Худо ўшанда ҳам мен билан худди шу тарзда гаплашган. У ҳамиша биздан: “Сиз аслида кимсиз?” деб сўрайди. Кейин У бизни яна Ундан тобелик муносабатларига мурожаат қилишга ва ўзимизнинг ҳақиқий моҳиятимизга мос ҳаракат қилишга ундайди.
Масиҳдаги художўйнинг моҳияти — бу биз то ҳузур-ҳаловатда ўсар эканмиз, ҳамиша такрор–такрор қайтадиган ўша ҳақиқатдир. Ушбу ҳақиқатнинг мустаҳкам пойдевори “Мумтоз масиҳийлик” китобида қўйилган эди. Бу китобда биз шу ҳақиқатга кўпинча мурожаат қиламиз ва уни такрорлаймиз. Биз Масиҳда ким эканлигимиз эҳтиёжини ўзимизга эслатишдан ҳеч қачон чарчамаймиз! Бу — Худо бизни масиҳийча ҳаётнинг биринчи кунидан бошлаб, то биз масканимизга — осмонга қайтмагунимизча ўргатишга ҳаракат қиладиган ўша ҳақиқат деганидир. Бу ҳақиқат бизга мезон беради. Шу мезон асосида биз бутун ҳаётимиз давомидаги тафаккуримизни ва ҳаракатларимизни баҳолай оламиз.
Яна бир шундай ҳақиқат мавжудки, у бизнинг ҳаёт йўлидаги йўналишимизни кўрсатиб беради. Бу — барҳаёт Масиҳга бўлган бизнинг ҳаётий эътиқодимиздир. Исо: “Менсиз сиз ҳеч нимага қодир эмассиз” деганда, У нимани назарда тутган бўлса, айнан ўшани айтган. Жуда кўп масиҳийлар тушуна олмайдиган ҳақиқат шундан иборатки, у бизнинг Масиҳни қабул қилган пайтимизгача ва ундан кейинги ҳолатимизга тааллуқлидир! Баъзида бу ҳақиқатни тушуниш жуда қийинчилик билан амалга ошади. Аммо ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда мен шуни аниқ айта оламан: бу сабоқ уни ўзлаштириб олишга арзийди! Исо шундай дейди: “Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади” (Юҳанно 8:32). Кўпинча ҳақиқатни тинглаш унча ёқимли бўлмайди, бироқ сиз барҳаёт Масиҳга ишончда бўлаётганингизда, ҳақиқат ҳамиша сизни озод қилади. “Менсиз сиз ҳеч нарсага қодир эмассиз”, деб бизга айтилган ўша сўз яна шундай деб ҳам таъкидлайди: “Мени қўллаб-қувватлаётган Исо Масиҳнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан” (Филиппиликларга 4:13). Бу ерда асосий сўз “мадади билан”. Бундай ҳаёт ҳамма нарса “мен” орқали, ўзини ривожлантириш, ўзини назорат қилиш орқали амалга ошадиган ҳаётдан умуман фарқ қилади.
Бизга “яшаш ва Худо йўлида юришимиз учун керак бўлган ҳамма нарсалар” берилганига, бизда Муқаддас Руҳ мавжудлиги орқали “илоҳий табиатдан баҳраманд бўлганлигимизга” (2 Бут. 1:3, 4) қарамасдан, биз барибир баъзида ҳаётга худди бизнинг ҳаётимизда бошқа бирон-бир манба йўқдай ўз-ўзини таъминлаш нуқтаи назаридан ёндашамиз. Бу ҳолат ҳар биримиз билан ҳар қандай вақтда содир бўлиши мумкин. Биз назарий жиҳатдан тўғри масиҳийлар бўлишимиз, аммо худди амалиётчи динсизлар сингари яшашимиз мумкин. “Амалиётчи динсиз” атамаси остида мен нимани назарда тутяпман? Бизга буни яхшироқ тасаввур қилишга ёрдам берадиган ибратли бир мисол бор.
Тасаввур қилинг-а, сиз юк машинасида катта йўлдан боряпсиз. Бирдан йўл четида елкасига катта қопда юк ортиб олиб, зўрға судралиб кетаётган одамга кўзингиз тушади. У тўхтаб сизга қўлини силкитади. Жазирамада оғир юкдан қадди букилган одамни кўргач, ачиниб кетасиз ва унга ёрдам беришга қарор қиласиз. Сиз машинангизни унинг ёнида тўхтатасиз ва унга манзилигача элтиб қўйишни таклиф қиласиз. Йўловчи миннатдорчилик ва хурсандчилик билан таклифингизни қабул қилади. У юк машинангизга чиқиб олади ва сиз йўлга тушасиз.
Бирпасдан сўнг сиз орқани кўрсатиб турадиган ойнага қарайсиз ва ақл бовар қилмайдиган ҳолатнинг гувоҳи бўласиз: сизнинг йўловчингиз машинада ўтириб олган, лекин ҳанузгача оғир қопни елкасидан олмаган. Сиз машинани тўхтатасиз ва шундай дейсиз: “Қулоқ сол, дўстим, елкангдаги қопингни машинанинг полига қўйсанг-чи!” У эса қуйидагича жавоб қилди: “Ҳечқиси йўқ. Мен сизни безовта қилмоқчи эмасман. Фақат мени керакли манзилимга етказиб қўйсангиз бўлди. Мен сиздан жуда миннатдор бўлардим”.
Шундай қилиб, сиз йўлингизни давом эттирасиз. Йўловчи эса елкасига оғир юк ортилганича, букчайиб ўтирибди.
Кўпчилигимиз масиҳийча ҳаётга худди шу тарзда келамиз. Биз қувонч билан Худонинг ёрдам бериш таклифини қабул қиламиз ва У бизни осмонга олиб бориши керак бўлган “қутқариш вагонига” чиқамиз. Айни пайтда Муқаддас Китобнинг: “Бутун ғамларингизни Худога ташланглар, Унинг Ўзи сизларга ғамхўрлик қилади” (1 Бут. 5:7) деган аҳдига қарамасдан, устимиздаги юкимиз билан йўлимизда давом этаверамиз. Исо сизнинг тақдирингизни мангуликда ҳал қилиш ва сизни бугун кундалик ҳаётда тақдир ҳукмига топшириш учун келмади. Исо Масиҳ Ўз ҳаётини сиз учун берди, сиз орқали Ўзи яшай олиши учун ва У сизда яшаши учун ҳаётини қурбон қилди!
Ўз кучимизга таяниб, масиҳийлик ҳаёти билан яшаётганимизда, кўпчилигимиз жуда кўп такрорланадиган муваффақиятсизликлардан сўнг қачонлардир ўз ҳаётимизда Раббийнинг мўъжизакор аҳдини ҳис қилишга бўлган умидимизни йўқотамиз: “Ўғри фақат ўғирлаш, бўғизлаш, барбод қилиш учун келади. Мен эса уларга ҳаёт, фаровон ҳаёт бериш учун келганман” (Юҳанно 10:10). Мен бу умидни қайта тикламоқчиман! Аммо ҳаётнинг бу тўлақонлигини биз ҳузур-ҳаловатда ўсишни ўрганган вақтимиздагина ҳис қила оламиз. Эзгу хабар эса, ҳузур-ҳаловатда ўсиш нафақат мумкин, балки у Раббийнинг жуда ўткир хоҳиши ҳамдир, деб таъкидлайди. Биз Масиҳда худди ток новдалари каби бўлиб, ҳақиқий ҳаётни, севги ҳаётини англашимиз мумкин. Бу қандайдир дабдабали мурожаат, “тўлақонли бағишлов” ёки мўъжизакор ибодат орқали содир бўлмайди. Бу оддий ҳаёт, ана шу ҳаёт давомида биз ўсамиз, ўсиш эса вақт талаб қилади. Бу саёҳат ва унинг ўсиш жараёни бизнинг бутун умримизни банд қилади. Бироқ Худо то бизни “Ўз Ўғлининг суратига айлантирмагунича” (Римликларга 8:29), бизда ишлайверади. Шу аснода, ўсаётганимизда ҳаётнинг ўзи бизга жуда кўп сон-саноқсиз далиллар кўрсатади, ҳали Худо бизда кўп нарсаларни қуриши кераклиги ҳақидаги эслатмаларни беради. Баъзида бу эслатмалар, худди мен билан машиналар тўхташ жойида содир бўлгани каби, биз унча юқори талаб даражасида бўлмаган вақтимизда тўсатдан келади.
Ҳузур-ҳаловатда ўсиш учун биз ўз маданиятимизни охиригача тўйинтирадиган ўша қолипни ўзгартиришимиз керак. Сўнгги бир неча ўн йилларда кечинмалар таассуротларини ниҳоятда устун қўйиб, қандайдир ўринбосарлар жамиятига айланиб қолдик. Биз энди спорт билан, масалан, бейсбол, баскетбол ёки футбол билан бошқа шуғулланмай қўйдик. Бунинг ўрнига биз оромкурсида ўтириб олиб, спортчиларни телевизор орқали томоша қиламиз. Болакайлар ҳовлида ўртоқлари билан ўйнашдан кўра, уйда ўтиришни ва компьютер билан ўйнашни ёки телевизор кўришни устун қўйишади. Миллионлаб одамлар ҳақиқий инсонларга ва чинакам ўзаро муносабатларга дуч келишни хоҳламай, романлар ва телевизордаги сийқаси чиққан кинофильмлар орқали мукаммал севгига ва баркамол муносабатларга интиладилар. Ахир, фақатгина чинакам муносабатларда муваффақиятсизликлар ва ютуқлар, аламлар ва қувончлар, ғалаба ва мағлубиятлар мавжуд.
Мен, кўп одамлар масиҳийликка айнан ана шунақа анъаналарни олиб келганлар, деб ҳисоблайман. Биз Ёзувдан билиб олган ҳақиқатларимизни амалда қўллашдан кўра, Муқаддас Китобни ўрганишни ва Ёзув ҳақида жуда кўп майда-чуйда тафсилотларни билишни истаймиз. Биз таваккал ишга қўл уриш ва масиҳийлик ҳаёти билан яшашни бошлаш ўрнига, бундай ҳаёт ҳақида китоблар ўқишни хоҳлаймиз. Аммо мен илгари ҳам айтиб ўтганимдек, масиҳийлик ҳаёти — бу ўрганиш керак бўлган фан эмас, балки яшаш керак бўлган ҳаётдир! Шубҳасиз, биз ҳар гал Муқаддас Китобни ўрганаётган вақтимизда, Худо бизга ҳақиқатларни ўргатади.
— Муқаддас Китоб нима деяётганини кўрдингми? — деб сўрайди Раббий. — Ҳа, — жавоб берамиз биз.
— Унда хавфсизлик камарини тақиб ол, — дейди У, — чунки Мен сенга бунинг нима эканлигини кўрсатмоқчиман!
Ва У бизга буларнинг ҳаммаси бизнинг кундалик ҳаётимизда нима эканлигини кўрсатади. Чиндан ҳам ҳар биримиз Раббий билан яккама-якка бўламиз. Ҳеч ким биз учун бизнинг ҳаётимизни яшай олмайди. Ҳар биримиз Унинг олдига келишимиз ва айнан У бизни бошлаб борадиган йўл билан шахсан ҳузур-ҳаловатда ўсишимиз керак.
Биз илгари ҳаракатланганимиз сайин, ўз эътиборимизни ўсиш жараёнининг ўзига эмас, балки Худонинг Ўзига қаратишимиз керак. Энг самимий ниятлардан келиб чиққан ҳолда, биз кераксиз бўлган нарсаларга катта эътибор қаратишимиз мумкин. Биз “Масиҳда бўлишни” хоҳлаймиз; бу истагимиз тўғри ва Муқаддас Китобга мувофиқдир. Аммо биз “Масиҳда бўлиш” ўрнига “Масиҳда бўлишимиз” мумкин. Биз барча эътиборимизни ўзимиз бўлишимиз керак бўлган Шахсга қаратиш ўрнига, биз қандай қилиб унда бўлишимиздан ташвишланамиз. “Масиҳга ишонч асосида яшаш” — бу биз “Масиҳда ишонч бўйича” яшамаётганимизни, балки “Масиҳга ишонч асосида яшаётганимизни” кўзлайдиган тўғри мақсаддир. Биз эътиқодимиз етарлими ёки йўқми, шу ҳақда доимий равишда ўйлайвериб ўзимизни руҳан касал одам қилиб қўйишимиз, шу билан эътиқодимизнинг асосий объекти бўлган Ўша ҳақида умуман унутиб қўйишимиз мумкин. Биз “ҳузур-ҳаловат ва ҳақиқатга тўла” бўлган Худони инкор этиш ҳисобига, ўсиш жараёнига эътиборимизни қаратиб, “ҳузур-ҳаловатда” осонлик билан ўсишга ҳаракат қилишимиз мумкин. Энг аввало, биз Шахсга даъват этилганмиз.
Павлус Аполлос билан биргаликдаги хизматини тасвирлаб, шундай деб ёзган: “Мен уруғ экдим, Аполлос суғорди; лекин Худо ўстирди” (1 Коринфликларга 3:6). Мен ушбу “Ҳузур-ҳаловатда ўсиб” китобини ёзар эканман, шуни биламанки, бу китобни ўқиш сизни ҳузур-ҳаловатда ўсишда бир зина юқорига кўтармайди. Аслида, сиз ўзингизни ўзингиз ўстира олмайсиз. Худо ўсишнинг сабабчиси бўлади! У: “Худо бизларда бошлаган хайрли ишини то Исо Масиҳнинг келадиган кунигача тамом қилишни” (Филиппиликларга 1:6) ваъда берган. Худо бизнинг онгимизни ўзимизни ихтиёрий равишда Худога қайтариб беришимиз ва Унга ҳаётимиз орқали Ўз режасини амалга оширишига имкон беришимиз учун, бизга бўлган севгисини У англаш билан тўлдирмоқчи.
Худонинг куч-қудрати бизда амал қилмоқда. Шунинг учун Худо биз сўраган ёки хаёл қилганимиздан ҳам ортиғини бажаришга ғоят даражада қодирдир. Унга Исо Масиҳ уммати орқали ва Исо Масиҳнинг Ўзи орқали наслдан-наслга, то абад шон-шарафлар бўлсин! Омин (Эфесликларга 3:20, 21).
Қолаверса, кейинги бобларда эзгу хабар ва буюк руҳлантириш мавжуд. Мен Худо сизнинг юрагингиз кўзини очиши ва сиз Унинг ажойиб ҳузур-ҳаловатида ўсиб борганингиз сайин мўл-кўл ҳаётга чиндан эга бўлишингиз, Унинг сизга нисбатан бўлган севгиси ва ҳузур-ҳаловатини тушунишингизга имкон бериши учун ибодат қиламан.
Книга на узбекском языке: Возрастая в благодати (Боб Джорж)
Истинное возрастание в благодати - когда мы прекращаем смотреть на себя и начинаем взирать на Иисуса. Начинаем верить, что Он силен завершить начатый в нас труд.
Вокруг нас множество людей стремиться возрастать в христианской жизни, но все их попытки оканчиваются неудачей. Тысячи уже молчаливо отказались от всяких попыток роста в христианской жизни. И вот, таким людям Христос предлагает Свое решение....
В завоевавшей читательскую аудиторию книге "Классическое христианство" Боб Джорж указывает на путь, возвращающий нас к живой вере, путь указывающий нам истину о благодати Божией. Люди спасенные благодатью, освобожденные благодатью должны и возрастать в благодати. предлагаем книгу на узбекском языке - "Возрастая в благодати"