Макс Лукадо. Сен уддалайсан - (2-боб) Узбек тилида
Sen uddalaysan (Maks Lukado) Audiokitob Uzbek tilida.
МУНДАРИЖА
1 БОБ. Сен уддалайсан
2 БОБ. Мисрга жойлашиш
3 БОБ. Ёлғиз, лекин бутунлай эмас
4 БОБ. Аҳмоқликни аҳмоқлик билан тузатиб бўлмайди
5 БОБ. Э-ҳа, бу бор-йўғи тайёргарлик эдими?
6 БОБ. Худо ҳаракат қилганда кутиб тур
7 БОБ. Масхарабоз
8 БОБ. Ҳаётда ҳамма нарса яхши бўлмаса ҳам, Худо барибир яхшими?
9 БОБ. Илтимос, озгина бўлса ҳам миннатдор бўл
10 БОБ. Оилавий хафагарчиликлар ҳақида гаплашамиз
11 БОБ. Қасос олиш ёқимли, лекин кейин…
12 БОБ. Олий Ҳукмдор – сенинг Аканг
13 БОБ. Хайрлашишлар билан видолаш
14 БОБ. Тинчлан ва бардам бўл
15 БОБ. Офат. Худо. Яхшилик
2 БОБ. МИСРГА ЖОЙЛАШИШ
Юсуфнинг бошига тушган кўнгилсизликлар у оғзини очиши билан бошланган. Ажойиб тонгларнинг бирида у нонушта қилгани чиқиб, тушида кўрганларини Ҳайрат билан сўзлаб берди. У тушида боғламлар уни ўраб олганини кўрганди, бу эса буғдой ўримга тайёр эканини билдирарди. Ҳар бир боғлам акаларининг исми билан аталарди: Рубен, Гад, Леви, Забулун, Яҳудо… Айлана шаклида турган боғламлар ўртасида эса албатта Юсуфнинг боғлами турган эди. Тушидаги тик турган ягона боғлам Юсуфники бўлса, бундан қандай хулоса чиқариш мумкин? Қани, эй акалар, олдимда тиз чўкинглар.
Наҳотки Юсуф, акалари буни эшитиб, ҳайратга тушади, деб ўйлаган бўлса? Ёки акалари уни олқишлаб, сўзларини маъқуллаб: “Ҳа, жон деб олдингда тиз чўкамиз, укажон!” – дейишларини кутган бўлса? Лекин нима учундир улар хурсанд бўлишмади, ғазабларини аранг тийиб, тилига ҳушёр бўлишини айтишди.
Бироқ, Юсуф уларнинг пичингини тушунмади ва бошқа сафар яна бир тушини айтиб берди. Бу сафар боғламлар ўрнини юлдузлар, қуёш ва ой эгаллаган эди. Юлдузлар акаларини ифодаларди. Қуёш ва ой эса отаси ва дунёдан ўтиб кетган онасини билдирарди. Худди боғламлар билан бўлганидек, юлдузлар, қуёш ва ой Юсуфнинг олдида таъзим қиларди. Юсуфнинг олдида! Ҳаётида қошиқдан оғирроқ нарсани кўтармаган, ранг-баранг кийим кийиб юрадиган мана шу болакайнинг олдида-я! Нима, акалари унга таъзим қилишлари керакми?
Албатта, Юсуф тилини тийиши керак эди.
Эҳтимол, ташландиқ сардобага ташланганидан кейингина унда шундай фикр пайдо бўлгандир. Ёрдам сўраб ёлворишлар наф бермади. Вазиятдан фойдаланиб, акалари уни ушладилар ва ҳаммасининг жонига теккан бу вайсақидан бир умрга қутулишга қарор қилишди.
Шу пайт чуқурда ётган Юсуф нотаниш овозларни, аниқроғи иккита овозни – араваларнинг ғичирлаши ва туяларнинг пишқиришини эшитди. Кейинроқ яна бошқа овозни эшитди. Бегоналар. Улар Юсуфнинг акалари билан гаплашганларида талаффузлари ажралиб турарди. Юсуф улар нима ҳақида гаплашаётганларига қулоқ тутди.
- Уни сизларга сотамиз…
- Неча пул?
- Туяларингизга алмашамиз…
Юсуф юқорига қараб, нотаниш кимсанинг чуқурга энкайиб турганини кўрди.
Кейин акаларидан бири арқон ёрдамида қудуқ ичига тушди. У иккала қўли билан Юсуфни ушлади, қолган акалари арқонни ториб, иккаласини ҳам чиқариб олишди.
Юсуфни сотиб олган савдогарлар унга бошдан оёқ разм солдилар. Бармоқларини унинг оғзига тиқиб, тишларини санаб кўришди. Қанчалик мушакдор эканини аниқлаш учун қўллари ва елкаларини ушлаб кўришди. Акалари буни кўриб, “мол”нинг сифатлари ҳақида гапира кетишди: “Кўряпсизларми, умуман ёғи йўқ, фақат мушаклар. У буқадек кучли, эрта тонгдан кечгача тинмасдан ишлай олади”.
Савдогарлар ўзаро бир муддат маслаҳат қилишгач, қарорларини айтишди, шундагина Юсуф нималар бўлаётганинг фаҳмлади.
- Ҳозироқ бас қилинглар! Тўхтанглар! Бас! Ахир, мен укангизман! Мени сотиб юбора олмайсизлар!
Акалари бир сўз айтмай, уни итариб юборишди ва савдолаша бошладилар:
- Қанча берасизлар?
- Ўн танга беришга тайёрмиз.
- Устимиздан куляпсизларми? Унинг нархи ўттиз тангадан кам эмас.
- Ўн беш танга, бир танга кўп бермаймиз.
- Йигирма беш.
- Йигирма, бу бизнинг охирги таклифимиз.
Акалари пулларни санаб олгач, Юсуфнинг эгнидаги ранг-баранг кийимини ечиб олишди ва нари кетишди. Юсуф тиз чўкиб, ялинди. Унинг ёлворишларига ҳеч ким эътибор бермади, бўйнига арқон солиб, арқоннинг иккинчи учини аравага боғлашди. Юсуфнинг эса ҳожасига эргашишдан ўзга иложи қолмади. Паҳмоқ туялар карвонига қўшилганича, узоқлашиб кўздан йўқолиб бораётган акалари томон назар ташлади.
- Ёрдам беринглар!
Акаларидан биронтаси ҳам ўгирилиб қарамади.
“Исмоилий савдогарларга… акалари Юсуфни йигирма бўлак кумушга сотдилар. Савдогарлар Юсуфни Мисрга олиб кетдилар” (Ибтидо 37:28)
Мисрга элтадиган йўл. Атиги бир неча соат олдин Юсуфнинг ҳаётига ҳавас қилгудек эди. Эгнида чиройли либослар, отасининг хонадонида шинам хонаси бор эди. Отаси ва акалари уни ҳурмат қилишларини туш кўрганди. Бироқ, баланд учган кимса йиқилгач қаттиқ оғриқни ҳис қилганидек, Юсуфнинг ҳаёти ҳам пастга қулади. Туғишган акалари уни қуриган сардобага ташладилар, унга хоинлик қилиб, сотиб юбордилар. Энди унинг йўли Миср томон кетди.
У ҳамма нарсасидан маҳрум бўлди: исмидан, имтиёзларидан, мавқеидан. Унда бор бўлган ҳамма нарсалар, вақти келиб олишга умид қилган барча мерослар изсиз йўқолди. Ғойиб бўлди. Шамолда учгандек кетди.
Бу сенга ҳеч нимани эслатмаяптими? Сувга тушган мушукдек қолган пайтларни, чўнтагингни бир чақанг ҳам қолмаган вақтларни, музга чиқиб қолган балиқдек қолган пайтларингни, ичингни ит тирнаган пайтларни, Мисрга борадиган йўлдан бошқа йўлинг қолмаган пайтларини эслатмаяптими?
Ҳаёт бизга тузоқлар қўяди.
Юсуф Мисрга танг аҳволда, ғариб одамдай етиб келди. Энди унинг яхши номининг умуман қадри йўқ эди. Унинг оилавий мавқеи бефойда, аъло билимлари эса кераксиз бўлиб қолди(1). Пирамида қурувчи силлиқ соқолли инсонлар соқолли ва юнгдор “бедуинларга” ўхшарди.
Янги жойда жойлашиб кетиши учун ҳеч қандай тавсияномаси ҳам йўқ, ишга жойлашиши учун керакли касби ҳам йўқ. Оиласининг ёрдамига таянишнинг иложи ҳам йўқ. Юсуф ўз мақсадига содиқликдан бошқа барча нарсаларидан маҳрум бўлди.
Бу ғалати тушлар ёш иброний болани Худо уни ишлатишига ишонтирганди. Лекин айнан қай йўл билан ишлатишини Юсуф аниқ билмасди. Уни олдинда нималар кутаётганини тасаввур ҳам қилмасди, лекин тушлар уни ўз оиласида энг юқори мавқени эгаллашини кўрсатганди. Бу тушлар Юсуф учун нажот кемачасига айланди, шу туфайли бор умидини йўқотса ҳам ўзини йўқотмади.
Унинг тирик қолганини бошқа қандай изоҳлаш мумкин? Муқаддас Каломда махсус тайёргарлик ҳақида, қалтис вазиятларда тирик қолиш учун Юсуфнинг қобилиятлари ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган. Шунга қарамай, унинг тақдири намуна сифатида Муқаддас Каломда тасвирланган.
Оиласидан, ватанидан ва имтиёзларидан маҳрум бўлган бу иброний бола Худо у учун бир иш тайёрлаб қўйганига ҳеч қачон шубҳа қилмади. Миср йўлидаги саҳрода ҳолдан тойган бола шундай мулоҳаза қилди: “Бу шундай тугаши мумкин эмас. Худо мен учун ғаройиб нимадир тайёрлаб қўйган”. Оғир занжирга боғланган ҳолича, у ўзига-ўзи деди: “Йўқ, Худо менга тайёрлаган тақдир бу эмас”. Нотаниш шаҳарга келганда, атрофдаги силлиқ соқолли, нотаниш тилда сўзлашадиган инсонларни кўрганида, Юсуф ўзига деди: “Худо мени буюк ишлар қилишга даъват қилган”.
Ҳа, Худо Юсуф учун буюк келажак тайёрлаб қўйганди, бола эса бунга ишонди.
Сенинг ҳаётинг учун ҳам Худо белгилаб қўйган тақдир борлигига ишонасанми?
Қирқ йиллик чўпонлик хизматим давомида Юсуфнинг ҳикоясига ўхшаган ҳикояларни жуда кўп маротаба эшитганман. Бундай ҳикояларни айтиб берганларнинг кўпчилиги аллақачон Мисрда “рўйхатдан ўтишган”. Фожиа, умидсизлик, руҳий тушкунлик… Одатда, бундай вазиятларда берадиган саволимни кўпдан бери бераман. Агар бу суҳбатимиз бир финжон қаҳва устида бўлганида эди, керакли онда столга энкайиб, сенга яқинроқ келган бўлардим ва кўзингга тик қараб, “Ҳаммасини йўқотишнинг иложи йўқлиги эсингдами?”, - деб сўраган бўлардим. Ҳа, бошингга тушган муаммолар сени кўп нарсалардан маҳрум қилди. Бундан афсусдаман. Бироқ, бошингга тушган ҳар қандай кўнгилсизликларга қарамай, сенда яна бир нарса бор: бу сенинг тақдиринг. Балки, шу ҳақда гаплашиш вақти келгандир?
Сен – Худонинг фарзандисан. Худованд сени аввалдан билган, танлаган ва қўйган. “Сизлар Мени эмас, Мен сизларни танладим. Бориб, ҳосил берсин, ҳосили боқий бўлсин, деб танладим” (Юҳанно 15:16). Бу ҳаётда сен энг биринчи навбатда Худонинг фарзандисан, ана ундан кейингина қассоб, нонвой ёки дурадгор, эркак ёки аёл, Осиё ёки Африка фуқаросисан. Эҳтимол, сен ўзингни заҳирадаги ўйинчи, деб ҳисобларсан? Бекор қиласан! Азалданоқ Худо сени, айнан сени танлаган.
Аслида, ҳаётда сал бошқачароқ бўлади. Бир марта никоҳ маросимини бошлашдан сал олдин куёв қулоғимга шундай пичирлади:
- Аслида бизни бошқа руҳоний никоҳлашини истаган эдим.
- Шундайми?
- Ҳа, лекин у банд экан.
- Нақадар ачинарли!
- Унинг ўрнига чиққанингиз учун раҳмат.
- Арзимайди.
Ўйлайманки, уларнинг никоҳ қоғозидаги ўз исми шарифим ёнига “вақтинчалик руҳоний вазифасини бажарувчи” деб ёзиб қўйишга тўлиқ ҳаққим бор эди.
Лекин ҳеч қачон Худодан бундай сўзларни эшитмайсан. У айнан сени танлаган. Сен бунга мажбурлигинг ёки қилишинг шарт учунлиги эмас, У сени Ўз иродасига кўра танлаган. Сен – Унинг эркин, тан олинган ва ихтиёрий танловисан. Сенинг шахсинг қўйилган аукционда Худо баланд овоз билан: “Бу – Менинг фарзандим”, - деб эълон қилган. Ва У сени “бенуқсон қурбонлик Қўзиси, Масиҳнинг қимматбаҳо қони эвазига” сотиб олган (1 Бутрус 1:19). Сен Худонинг фарзандисан.
Бу яроқлилик муддати ўтиб кетадиган ҳақиқат эмас.
Қабр тошидаги ёзувларга ишонма – улар алдайди. Наҳотки сенинг ҳаётинг қадрини қабр тошига ёзилган икки сатр сўзлар ифодаласа? «… биз макон қилган бу танамиз ер юзидаги бир кулбадайдир. Бу кулба хароб бўлганда, Худо самода бизга қўл билан қурилмаган мангу бир уй беради» (2 Коринфликлар 5:1). Ўзингни вақтинчалик қолипга солма. Сенинг азобларинг сендан фарқли равишда мангу эмас.
Худо Ўз Адан боғини қайта тиклайди. Одам ва Ҳаво сингари Унинг суратида яратилганлар Унинг севгисидан ҳузурланаши, мукаммал тинчликда бирга бўлишлари, табиатдан завқланишлари учун Худо ҳануз Боғда меҳнат қилмоқда. Биз У билан бирга юртларни ва халқларни бошқарамиз. “Агар қийинчиликларга чидасак, У билан бирга ҳукмронлик қиламиз” (2Тимўтий 2:12).
Бу ваъдани қабул қил. Унга амал қил. Уни қалбингга муҳрлаб қўй. Бошингга кулфат келса, ёдга ол, ҳаммаси сен ўйлагандек эмас. Сенинг тақдиринг ҳамон сен билан бирга.
Отам Мисрга борадиган йўлни яхши билади, лекин унга оиласи эмас, ўз саломатлиги панд берди. Онам иккаласи нафақага чиққанларида ўзларини машиналарида Американинг барча миллий боғларига саёҳат қилиш учун пул тўплашди, режалар тузишди. Орзуларига етишишларига яқин қолганида отамга “ён томон амиотрофик склероз” ташхисини қўйишди. Бу касаллик бедаво марказий асаб тизими Хасталиги бўлиб, мушакларнинг фалажланишига олиб келади. Орадан бир неча ой ўтиб, отам мустақил овқатланиш, кийиниш ва ювиниш қобилиятларини йўқотди. Ўзи ўрганган олам кўз ўнгида вайрон бўлди.
Ўша пайтда мен рафиқам билан Бразилияга элчилик хизматига кетишга тайёргарлик кўраётгандим. Отамнинг касаллигини эшитиб, рафиқамдан сафарни ортга суришни сўрадим. Яқин инсоним ўлим тўшагида ётган бир пайтда мен қандай кета оламан? Ўша лаҳзадаёқ мен отамга қароримни айтдим. Тез орада ундан жавоб олдим. Умуман олганда, отамнинг мактуб ёзиш усули ўзгармаганди, лекин бу гал унинг мактуби тўрт саҳифадан иборат бўлиб, уларнинг орасида қуйидагича кўрсатма ҳам бор эди.
Хасталигимга ва сизларнинг Риога сафарингизга келсак, ҳаммаси оддий, мен ўйлаб ҳам ўтирмай сизларга айтаман: “Боринглар…” Мени ўлим ҳам мангулик ҳам қўрқувга солмайди… шунинг учун мендан ташвиш қилманглар. Шунчаки, боринглар. Раббимизнинг хурсанд қилинглар.
Отам деярли ҳамма нарсадан маҳрум бўлганди: соғлигидан, нафақада дам олиш имтиёзидан, фарзандлари, набиралари ва суюкли рафиқаси билан суҳбатлашишдан. Йўқотиш оғир эди, лекин бу ҳаммасини йўқотиш эмас. “Ота, ҳаммасини йўқотишнинг иложи йўқлиги эсингиздами?”, - деб сўрадим. Худонинг унга атаган тақдири шу тобда ҳам унинг қалбига илиқлик бахш этиб турарди.
Биз кўпинча Миср йўлидаги хаёлларни унутиб қўямиз! Бу қайғули йўл четлари унутилган, ҳатто воз кечилган тақдирлар билан тўлиб кетган. Биз ўзимизни бошимизга ташвиш тушган ҳолда кўрамиз (“Хотиним мени ташлаб кетди, мен гиёҳвандман, инқирозга учраганман, болаликдан ногиронман ёки чандиқларим кўп”), шунинг учун ҳам арзимаган орзуларга бериламиз: пул топиш, дўст орттириш, обрў орттириш, мушакларимизни шишириш ёки ким бўлса ҳам биронтасини севиб қолиш.
Ўтиниб сўрайман, бундай хатоларга йўл қўйма. Ҳамма нарсадан айрилдим, деб ўйлайсанми? Ундай эмас, “Чунки Худо берган инъомларини қайтариб олмайди ва Ўзи даъват қилган халқидан воз кечмайди” (Римликлар 11:29). Буни унутма, яхшиси мўйловингни силаб қўй.
Мисол учун, сен ишлайдиган ташкилот раҳбари ишчилар сонини камайтириши ҳақида эълон қилди. Бошлиқ сени ўз хонасига чақирди. Унинг изоҳлари қанчалик ёқимли бўлмасин, ҳайдалиш барибир ҳайдалиш-да. Ва сен жойни бўшатиш учун нарсаларингни йиғиштирасан. Шубҳа ва қўрқув фақат кучайиб бораверади: “Тўловларни қандай тўлайман? Қаердан иш топаман?”. Қўрқувдан фикрларинг чалкашиб кетади. Бирдан, ўз тақдиринг ҳақида эслаб қоласан: “Ҳаммасини йўқотишнинг иложи йўқлигини унутиб қўймадимми?”
“Бир дақиқа. Мен ҳалиям Худонинг фарзандиман. Менга ажойиб келажак ваъда қилинган. Бу қора кунлар тутун каби учиб кетади. Муаммолар эртами кечми ҳал бўлади. Ишдан бўшатилиш қайғуимни Худойим мен учун яхшиликка айлантиради. Худога бўлган ишончим йўқолмаслиги учун бор кучим билан ҳаракат қиламан”.
Қандай ажойиб! Сен ҳозиргина ўз тақдирингга яна ишона бошладинг!
Яна бир мисол. Куёв бола унаштирувни бузди. Садоқат ҳақида берган ваъдалари, қўлингни ва қалбингни сўрагани бошқа қиз билан танишган ондаёқ эсидан чиқиб кетди. Хоин. Ярамас. Аблаҳ. Сен ўзингни худди Юсуфдек чуқурга ташлангандай ҳис қиласан, лекин тушкунликка тушмасдан, Юсуф каби Худонинг сен учун режаларига чиқурроқ қарашга қарор қиласан. Куёвнинг башарасини бир кўриш истаги билан кураш олиб бораётган бундай вазиятда буни бажариш жуда қийин. Васвасадан қутулиб, ўз тақдиринг ҳақида мулоҳаза қилишни бошлайсан. “Мен Худонинг фарзандиман. Менга ажойиб келажак ваъда қилинган… пароканда бўлган қалбим бунга халал бермайди. Мени хафа қилган эркакдан фарқли равишда Худо ҳеч қачон Ўз ваъдасини бузмайди”.
Худонинг навбатдаги ғалабаси.
Агар Худонинг даъватига “ҳа” деб жавоб берсак, Мисрда ҳам тирик қолиш мумкин.
Отамнинг вафотидан бир неча йиллар ўтиб бир аёлдан мактуб олдим. Бу аёл отам вафот этишидан олдинроқ у билан учрашган эди. Жинжер олти ёшда бўлган пайтда яшканба мактабидаги машғулотларнинг бирида болаларга жамоатнинг ногирон ва Хаста аъзолари учун эзгу тилаклар билдирилган мактуб ясаш вазифаси топширилганди. Рангли қоғозлар орасидан бу қизча ёрқин бинафша ранг қоғозни олиб, уни чиройли безаклар билан безаб, рамкага солди. Мактубда у шундай сўзларни ёзганди: “Мен сизни яхши кўраман, лекин Худо мендан ҳам кўпроқ яхши кўради”. Кейин унинг онаси ширинлик пишириб, иккаласи бирга беморни кўргани боришди.
Отам тўшакка михланиб қолганди. Ажали яқин эди. Жуда заифлашиб, бутунлай фалаж бўлиб қолганди. Тўғри, у қўлини озгина қимирлата оларди, лекин касаллик туфайли қўллари қалтирарди.
Қандай бўлганини билмайман, лекин Жинжер қанчадир вақт отам билан ёлғиз қолди ва фақат олти ёшли бола сўраши мумкин бўлган саволни берди:
- Сиз яқинда ўласизми?
Отам ёш қизчанинг қўлини ушлаб, яқинроқ келишини сўради.
- Ҳа, яқинда ўламан. Қачонлигини аниқ билмайман. – Жинжер отамдан ўлимдан қўрқиш ёки қўрқмаслигини сўради. – Йўқ, ахир мени Самода кутишмоқда, - деб жавоб берди отам. – У ерда Самовий Отам билан бирга бўламан. У билан юзма-юз учрашишга тайёрман.
Шу пайт онам билан унинг онаси хонага кириб келади. Жинжер шундай хотирлайди:
Ўшанда шу хонада бўлган ота-онангизнинг кўнглини кўтариш учун онам жилмайди, мен эса ростакамига баланд овоз билан кулиб юбордим, отангиз эса жилмайиб, менга кўз қисиб қўйди.
Буларнинг барини сизларга айтиб бераётганимнинг сабаби, оиламиз билан Кенияга кўчиб кетяпмиз. Ҳинд уммони соҳилларида яшовчи Африка аҳолисига Исо ҳақида айтиб бермоқчимиз. Фарзандларимдан ташвишдаман, чунки олдинда бизни кутаётган қийинчиликлар ва касалликлар ҳақида кўп эшитдим. Ўзимга келсак, ўлимдан қўрқмайман, чунки мен билан содир бўлиши мумкин бўлган энг “қўрқинчли” нарса – “Самовий Ота билан юзма-юз туришдир”.
Ер юзидаги ҳаёт бор-йўғи бошқа ўлчамга ўтиш, ўлим эса – қайта туғилиш эканинг отангиз менга кўрсатган.
Бир оёғи гўрда, хаёллари ажалда бўлган инсон кичкина қизалоққа жилмайиб, кўзини қисган. У бу оламда бор будидан айрилдими? Кўринишидан шундай. Ҳаётининг адоғида ҳам отамда аввалгидек йўқолиши мумкин бўлмаган бир нима бор эди. Буни нима эканлигини биласанми? У ҳақиқатдан муҳтож бўлган нарса айнан шу эди.
Книга на Узбекском языке: Ты справишься (Макс Лукадо)
Ты боишься, что не справишься? Все боятся. Мы боимся, что никогда не пройдет депрессия, никогда не иссякнут слезы, никогда не прекратятся страдания. Оказавшись на дне глубокого рва, каждый из нас сомневается, что сможет оттуда выбраться. Автор этой книги предлагает вспомнить историю библейского Иосифа - брошенного в ров братьями, проданного в рабство, несправедливо обвиненного и заключенного в темницу - и научиться доверять Богу, Который любую нашу скорбь обернет нам во благо. Подлинная вера не избавляет нас от страданий, но позволяет нам пройти через них.