Макс Лукадо. Сен уддалайсан - (12-боб) Узбек тилида
Sen uddalaysan (Maks Lukado) Audiokitob Uzbek tilida.
МУНДАРИЖА
1 БОБ. Сен уддалайсан
2 БОБ. Мисрга жойлашиш
3 БОБ. Ёлғиз, лекин бутунлай эмас
4 БОБ. Аҳмоқликни аҳмоқлик билан тузатиб бўлмайди
5 БОБ. Э-ҳа, бу бор-йўғи тайёргарлик эдими?
6 БОБ. Худо ҳаракат қилганда кутиб тур
7 БОБ. Масхарабоз
8 БОБ. Ҳаётда ҳамма нарса яхши бўлмаса ҳам, Худо барибир яхшими?
9 БОБ. Илтимос, озгина бўлса ҳам миннатдор бўл
10 БОБ. Оилавий хафагарчиликлар ҳақида гаплашамиз
11 БОБ. Қасос олиш ёқимли, лекин кейин…
12 БОБ. Олий Ҳукмдор – сенинг Аканг
13 БОБ. Хайрлашишлар билан видолаш
14 БОБ. Тинчлан ва бардам бўл
15 БОБ. Офат. Худо. Яхшилик
12 БОБ. ОЛИЙ ҲУКМДОР – СЕНИНГ АКАНГ
Гаров ўйнашим мумкин, бунақасини ҳеч қачон кўрмагансан. Баскетболчи жарима тўпи ташланадиган чизиққа келди. Унинг жамоаси рақиб жамоадан бир очкога орқада. Ўйин тугашига эса саноқли сониялар қолган. Иккала жамоа ўйинчилар ўз жойларини эгаллаб, тўпни ушлаб олишга шай. Томошабинлар қотиб туришибди. Чирлидер* қизлар ҳам тўпдан кўзларини узмасдан, асабий ютинишди. Яна бир бор айтаман: бунақасини кўрмагансан. Нима учун бунчалик ишонч билан айтяпман? Чунки жарима тўпини ташлаётган баскетболчининг ўзи ҳам бунақасини кўрмаган.
Унинг кўзи ожиз.
Иккала жамоа ўйинчиларининг нигоҳлари унга қаратилган. Бироқ, Пенсильвания штати, Аппер-Дарби шаҳарчасидаги ўрта мактабнинг юқори синф ўқувчиси Мэтт Стивенс ҳеч нимани кўрмайди – унинг кўзи ожиз. Унинг акаси саватнинг пўлат устини остида туриб, таёқ билан саватни уриб турибди. Мэтт таёқнинг товушига диққат билан қулоқ солиб, тўпни икки марта полга урди ва тўпни боши узра кўтариб, ташлашга шайланди. Биз эса, нима учун мураббий кўзи ожиз болани жарима чизиғига қўйганига ҳайрон эдик.
Қисқача айтадиган бўлсам, бунинг сабаби – Мэттнинг акаси борлигида эди.
Тўлиқ жавобни олиш учун бир неча йил ортга назар солишимиз керак. Ўшанда Стивенслар оиласида иккала кўзи ҳам парда билан қопланган ўғил дунёга келди. Бешинчи синфда Мэттнинг чап кўзи кўрмай қолди, олтинчи синфга ўтганда ўнг кўзи кўрмай қолди. Бола кўриш қобилиятини йўқотган бўлса ҳам, акасининг кўриш қобилияти иккаласи учун ҳам етарли эди. Жо ёшлигиданоқ Мэттга имконсиз ишларни қилишни ўргатди: коньки ва велосипедда учишни, футбол ўйнашни. Кейинроқ, баскетбол жамоасига мураббий бўлганида, Жо укасини маъмурий-ҳўжалик ишларида ўзига ёрдамчи қилиб олди. Мэтт машғулотларда ҳам, жамоасининг ўйинларида ҳам иштирок этмасди, лекин машғулотлардан кейин акасининг ёрдами билан жарима тўпини ташлашни ёқтирарди. Ўйинчилар спорт залдан чиқиб кетганларидан кейин ака-укалар бироз ўзлари қолишарди: кичиги – жарима тўпи ташланадиган чизиқда, каттаси эса саватнинг остида турарди. Саватнинг остида туриб, у таёқ билан саватни уриб турарди.
Хуллас, ана шу мусобақада Мэтт жарима тўпини бажарадиган ўйинчи сифатида биринчи марта тайинланди. Мэтт мусобақада иштироқ этиши учун Жо ҳакамларни ҳам рақиб жамоани ҳам кўндирди. Бу фикр ҳаммага маъқул келди, бироқ ўйинда бундай бурилиш бўлиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди.
_____________________________
*Чирлидер (инглизча cheerleader) – мусобақа бошланишидан олдин ёки танаффус пайтида майдонга чиқадиган, спорт жамоаларини қўллаб-қувватлайдиган қатнашчи (одатда қизлар бўлади).
Мэтт жамоанинг олтинчи ўйинчиси эмасди, тўғрироғи ўйиндан ташқарида эди.
Трибуналар ҳам, майдон ҳам сув қуйгандек жим-жит. Жо таёқ билан саватнинг пўлат халқасини уриб турибди. Трибуналарнинг биридан Мэттнинг онаси ўрнидан турди, унинг қўлида видеокамера бор эди. Аёл бор кучи билан камера қимирлаб кетмаслиги учун ҳаракат қиляпти. Мэт тўпни полга урди. Кейин тўпни боши узра кўтариб, бир лаҳза қотиб турди ва ташлади. Бах! Мэт ҳисобни тенглаштирди! Спортзалдаги мухлисларнинг ҳайқириғидан шифт қулаб тушай деди. Ниҳоят, трубиналар яна жимиб қолди, Мэт яна саватнинг халқасига урилаётган таёқнинг товушини эшитиб, ўзининг мисли кўрилмаган зарбасини такрорлади. Бах! Иккинчи очко! Рақиб жамоанинг ўйинчиси коптокни ушлаб олди ва майдоннинг охирида турган шеригига узатди. Шериги эса Жонинг жамоаси саватига коптокни ташлади… ва тўп хато кетди. Ўйин тугади, Мэтт – ўйин қаҳрамонига айланди. Томошабинлар бор кучи билан ҳайқиришар, қаҳрамонимиз эса бир ўзи ўриндиққа етиб олишга уринаётганди. Топинг-чи, ким унга ёрдамга келди? Тўғри, Жо (1).
Акалар вазиятни тубдан ўзгартиришга қодир. Ҳовлингда безорилар пайдо бўлдими? Аканг сени ҳимоя қилади. Мактабда нонушта қилишга пулинг йўқми? Аканг сенга пул беради. Велосипед ҳайдашни уддалай олмаяпсанми? У сенга қандай мувозанатни сақлашни ўргатади. Шунчаки, акангни чақир.
Аканг сенга қараганда анча кучли ва тажрибали.
Аканг – сенинг энг яқин қариндошинг, сен у учун қадрлисан. Унинг асосий вазифаси – сенга ёрдам бериш ва сенга қараб юриш. Мактабдан уйга қайтишда адашиб қолмаслигинг учун сенга қараб юради. Математика фанидан синовни топшира олишинг учун тайёргарлик кўришда ёрдам беради. Пулни беҳуда совурмаслигинг учун сен билан бирга дўконма-дўкон кезади. Кундалик ҳаётда учрайдиган қийинчиликларга енгилмасликни ҳам сенга аканг ўргатади.
Акаси бўлишни ким ҳам истамайди? Яхши баскетболчи бўлишга уринмаслигинг мумкин, лекин ҳаётда пул ишлаб топишга, дўст орттиришга, қизлар билан танишишга, ўз муаммоларингни ўзинг ҳал қилишга ҳаракат қиласан. Бу ишларда акангга суяна оласанми?
Ёқубнинг ўғиллари тушган вазиятда улар суянадиган ҳеч ким бўлмагани аниқ. Юсуфнинг ҳузурида турганларида, уларнинг ҳоли жуда ҳароб эди: ўғирликда айбланаётган, тилни билмайдиган чўпонлар ўта қудратли ҳоким олдида туран эдилар. Уларнинг илтижо қилишдан бошқа чоралари бормиди? Раҳм-шафқатдан бошқа яна нимаям сўрашлари мумкин? Яҳудо отаси қариб, қувватдан қолганини, Юсуф исмли битта ўғли ҳалок бўлганини, Беняминдан ажраб қолишни кўтара олмаслигини ҳукмдорга айтди. Агар бу иши оиласига ёрдам берса, кичик укасининг ўрнига жазоланишни таклиф қилди. Улар шафқат қилишларига умид қилиб, Юсуфнинг оёқларига йиқилишди, бироқ умид қилганларидан ҳам кўпроғини олишди.
Сарой аъёнлари ҳамда таржимонларни чиқиб кетишларини буюрганидан кейин, “Юсуф ортиқ ўзини тутиб тура олмади” (Ибтидо 45:1). Қўли билан юзини яшириб, ҳўнграб юборди. У шунчаки йиғлаб, кўз ёшларини артмади – чиндан ҳам ҳўнграб йиғлади. Эркак кишининг ҳўнграб йиғлаши бутун сарой бўйлаб акс садо берди. Бу – соғайиш, яъни чуқур покланиш ва қалб яраларининг шифо топишини билдиради. Йигирма икки йиллик азоблар ва ёлғонлар ўз ниҳоясига етди. Ғазаб ва муҳаббат ўртасидаги дуэль, қалбини забт этиш учун бир-бирига қартилган қиличлар, муҳаббатнинг узоқ кутилган ғалабаси билан якун топди.
Ҳўнграб йиғлаётиб, у иқрор бўлди: “…Мен Юсуфман! Отам ҳали ҳам ҳаёт экан-да?” (3 оят). Ўн битта бош хоинона қалтиради, йигирма иккита кўз овқат сузадиган идишдек катталашди. Тиз чўккан ҳолда турган акалар қимирлай олмай қолишди, фақат лаблари пичирлаб: “Юсуфмисан?” дейишди. Акаларининг ҳотираларида кичик укалари Мисрга кетаётган савдогарларнинг аравасига бўйнидан арқон тортиб бойланган, қўрқувдан ранги оқариб кетган ҳолда муҳрланиб қолганди. У учун тўланган пулни санаб, укалари ҳақида ўйлашмаганди ҳам. Қандай қилиб, заиф болакай шундай қудратли ҳокимга айланиши мумкин? Акалари шоша-пиша пешоналари ерга теккунча таъзим қилдилар.
Ниҳоят, Юсуф йиғидан тўхтаб, қўлларини юзидан олди. Кўзлари атрофига суртилган қора ранг деярли ювилиб кетган, ияклари эса ҳамон титрарди. Паст овоз билан: “… менга яқинроқ келинглар” – деди. Акалари эҳтиёткорлик билан ўринларидан туришди. “Мен Юсуфман, сизлар Мисрга сотган укангизман” (4 оят).
Юсуф акаларини тинчлантиришга уринди. “Худо ана шундай ғаройиб йўл билан сизларни ва наслингизни қутқариб, омон қолдириш учун сизлардан олдин мени юборди” (7 оят). Ҳалиги мақол бор-ку: “Ёмонликни ўйламасанг, яхшилик бўлмайди”.
Акаларининг барчаси ҳамон олдиларида турган одамга – улар учун ҳўнграб йиғлаган, ёнига чақириб… уларга ғамхўрлик қилган инсонга қўрқиб қараб туришарди.
“Оилангиз бағрига қайтинглар, - деди Юсуф, - ва Мисрга кўчиб келинглар”. Уларни барча зарур нарсалар билан таъминлашга ваъда берди ва ваъдасини кўз ёшлари билан тасдиқлади. Ўрнидан туриб, кичик укасини қучоқлади. “У Беняминни қучоқлаб, бўйнига осилиб йиғларди… Йиғлаганча, акаларини бирма-бир қучоқлаб, ўпди. Энди акалари Юсуф билан бемалол гаплаша бошладилар” (14-15 оят).
Юсуф акаларини бирма-бир бағрига босди. Уни қул қилиб сотиб юборишни таклиф қилган Яҳудони. Ҳар доим ҳам ўзини катта акадек тутмаган Рубенни. Шакамда зўравонлик қилган Шимўн билан Левини, отаси уларни “Жабр-жафо қуроли” деб атаган (Ибтидо 49:5) (2). Унинг қўл-оёларини боғлаган, раҳм қилишларини сўраганида уни масхара қилганларнинг барчасини қучоқлаб ўпди.
Юсуфнинг нафратга тўла адовати саройнинг мармар тошлари устига эриб тушди. У акаларидан ҳисоб ҳам сўрамади, ўтмиш ҳақида ҳам суриштирмади. Улар шунчаки суҳбатлашиб ўтиришди. “Отам қандай? Рубен, сен семириб кетибсан. Шимўн, сен қандайсан? Леви, ҳалиги қўшни қизга уйландингми? Болаларинг борми? Набираларинг ҳам борми?”
Юсуфнинг акалари ҳақидаги хабар фиръавнга етиб борганида, у Юсуфга: “Сенинг оиланг – менинг ҳам оилам” – деди. Кейин Юсуф акаларига янги кийимлар ва аравалар берганини ҳам билиб олдик. Улар Мисрнинг фаҳрли фуқаролари унвонига ҳам эга бўлдилар. Кечаги қувғинлар бир лаҳзада имтиёзли ҳолатга айланди.
Ана ўшандагина акалари ҳеч қандай хавф йўқлигини тушунишди. Ҳали қаҳатчилик тугамаган, яъни ерлар қуёшда қовжираб ётган бўлса ҳам, ҳаёт бир маромга тушмаган бўлса ҳам, ниҳоят улар хавфсизликда эдилар. Акалар қийинчиликлардан ўтиб, омон қолишди. Бунинг сабаби уларнинг ҳалол инсон бўлганликларида, деб ўйлайсанми? Йўқ! Шунчаки уларнинг қудрат укаси бор эди. Уларнинг укаси қудратли юртнинг бош вазири эди.
Ана омад! Биз биринчи ўринда муҳтожлик ҳақида ўйлаймиз. Биз ҳам худди Юсуфнинг акаларига ўхшаб, қаҳатчиликдан ташвишланамиз, айниқса пул йўқ бўлса, заҳиралар тугаган бўлса ва ҳолдан тойган бўлсак, бунинг қандай бўлишини яхши тушунамиз.
Биз ҳам ўзимизни худди улардек тутганмиз: биз учун қадрли бўлган инсонларни шикастлаганмиз. Албатта, қул қилиб сотишгача бормаганмиз, лекин қай биримиз жаҳлга берилмаганмиз? Қай биримиз ўз манфаатларимизни ўйлаб, яқинларимизнинг муҳтожликларига эътибор берганмиз? Бундай одам йўқ. Ботшевалик чўпонларга ўхшаб, Олий Ҳукмдоримиздан ёрдам изладик. Ибодат қилдик – ҳимоя қилишини сўраб илтижо қилдик. Унинг ҳузурида бизга ўхшаганлар учун ҳам жой топилармикан, деган Хавотир бизни қийнаган. Акалари Юсуфнинг саройида эришганларига биз Исо Масиҳда эришамиз. Бизнинг катта акамиз – Олий Ҳукмдоримиздир.
Бу сен учун янгиликми? Исони Шоҳ, Раббий, Қутқарувчи эканини эшитган бўлсанг керак, лекин Ака эканини эшитмаган бўлсанг керак. Бир марта Исо шогирдлари билан суҳбатлашиб ўтирганида оила аъзолари Унинг диққатини тортмоқчи бўлишган. Исонинг онаси ва укаси уйга кирмасдан, У билан кўришмоқчи эканликларини етказиш учун одам киритишади. Исо ўша пайтда муҳим суҳбатни бузмайди “Ва қўли билан шогирдларини кўрсатиб, деди: Мана, Менинг онам ва укаларим! Осмондаги Отамнинг иродасини бажо келтирганлар Менинг укам, синглим ва онам бўлади” (Матто 12:49-50).
Ўша куни, ўша воқеанинг гувоҳи бўлганимизда эди, Исонинг “оиласи” ни кўриб, Ҳайратланган бўлардик, чунки Унинг шогирдлари насл-насаби билан ҳам, моддий бойликлари билан ҳам мақтана олишмасди. Бутрус мағрур эди. Юҳанно жаҳлдорлиги билан ажралиб турарди. Маттонинг мавҳум ўтмиши ва шубҳали дўстлари ҳақида нима ҳам дейиш мумкин? Ёқубнинг ўғиллари Миср саройидаги аъёнлик лавозимини эгаллашга қанчалик ҳақдор бўлишса, Исонинг издошларининг ҳам У билан қариндошликка шунчалик ҳаққи бор эди, лекин Исо уларни Ўз оила аъзолари деб аташни уят ҳисобламади. Исо уларни ва албатта бизни ҳам, Ўзининг қондошлари деб очиқчасига эълон қилди, чунки «инсонларни гуноҳлардан покловчи Исо ва покланган инсонларнинг ҳаммаси бир оилага мансубдир. Шу сабабдан Исо уларни биродарларим деб аташдан ор қилмайди» (Ибронийлар 2:11).
Исо Унинг ҳузурига келган одамларни ҳам оила аъзоси деб ҳисоблашини айтиб, бизнинг бу борадаги тасаввуримизни кенгайтирди.
Юсуфнинг ҳаёти ҳақидаги ҳикоя – Муқаддас Каломдаги энг асосий Шахс – Исо ҳақидаги ҳикоянинг бошланиш қисми ҳолос. Бу иккала инсоннинг тақдирларида умумий нарсалар жуда кўп: Юсуф – Ёқубнинг суюкли ўғли эди, Исо эса – Худонинг суюкли Ўғли бўлган ва ҳозир ҳам шундай (Матто 3:17). Юсуф кўпчилик инсонларни очликдан қутқариб қолган, Исо эса Унинг сўзларини эшитиш учун тўпланган оломонни қорнини тўйғазган. Юсуфга ўз халқини яқинлашиб келаётган қаҳатчиликка тайёрлаш вазифаси топширилган эди, Исо эса Ўз халқини абадий ҳаётга тайёрлаш учун келган. Юсуфнинг донолиги сабаб омборлар заҳира донлар билан тўлди, Исонинг қўлида эса сув олий навли шаробга айланди, бешта нон минглаб оч одамларни қорнини тўйдирди. Юсуф табиий офатларга тоқат қилди, Исо эса барча офатларни бўйсундирди: У бўронни даф қилди, тўлқинларни тинчлантирди, бундан ташқари, ўлган одамга тирилишни, чўлоқларга рақсга тушишни, соқовларга эса мадҳия айтишни буюрди.
Шу ишлари учун Ундан нафратланишган.
Юсуф йигирма кумуш тангага қул қилиб сотиб юборилган – Исо учун эса хоинга ўттиз кумуш танга тўлашган. Юсуфни ноҳақ айблаб, зиндонга ташлашган – айбсиз ҳукм қилинган Исони эса хочга михлашган. Акалари Юсуфни ўлганга чиқаришди, қабр оғзини муҳрлаган рим аскарлари ҳам Исони ўлди деб ўйлашган. Юсуф қудратли ҳукмдор сифатида яна пайдо бўлди, Исо билан ҳам шундай бўлди: Унинг қотиллари ухлаб ётганида, шогирдлари йиғлаб ўтирганида, Исо ўликдан тирилди, кафанларини ечди, қабр оғзига қўйилган тошни суриб, чиқаётган қуёшни кутиб олиш учун чиқди.
Фиръавн Мисрни бошқаришни Юсуфга топшириб, унинг мартабасини кўтарди, Худо эса Исога самовий тахтни топширди. “Худо Масиҳни ўликдан тирилтирди ва самода Уни Ўзининг ўнг томонига ўтирғизди. Исони Худо у дунёю бу дунёдаги ҳар бир ҳокимият ва ҳукмронлик, ҳар қандай куч ва салтанат, ҳар бир мавжудоддан устун қилди. Бутун борлиқни Исонинг оёқлари остага тобе қилди. Уни бутун борлиқдан юқори қўйиб, имонлилар жамоатига бош қилди” (Эфесликлар 1:20-22).
Юсуф билан Исонинг ўртасидаги ўхшашликлар шу билан тугайди, чунки Юсуфнинг ҳукмронлиги инсоннинг ердаги ҳаёти билан чегараланган, Исонинг ҳукмронлиги эса абадийдир. Осмон ҳеч қачон тахтнинг бўш қолганини кўрмайди: У ҳозир ҳам ҳукмронлик қиляпти, бу оламнинг иқлими, вақт ва даврлар ҳам Унга бўйсунади. Дунёнинг барча элементлари Унинг қўлида, У билан учрашувимизни тезлатиш учун, биз, Худонинг оиласига қабул қилинишга нолойиқ бўлган болалар, Унинг бизга қараб: “Мен – Исо, сизларнинг Акангизман”, - деб айтаётганини эшитишимиз мумкин.
Бизни кўриб, Унинг кўзларига ёш келади, бу кўз ёшлар шармандалик эмас, балки қувонч ёшларидир.
У бизни чорламоқда: “Эй ҳолдан тойганлар, оғир юк остида қолганлар, ҳаммаларингиз Менинг олдимга келинглар! Мен сизларга ором бераман” (Матто 11:28). Унинг учун бир фут ҳам жуда катта масофа. Исо биздан Унинг олдига янада яқинроқ келишимизни истайди. Биз, Уни чуқурга ташлаганлар, ўттиз кумуш тангага сотганлар, қилган ишимизни ҳотирадан ҳам ўчириб ташлаганларга қараб айтмоқда: Келинглар. Келинглар. Келинглар.
Худо биз ҳақимизда қайғуради. Юсуф бу ҳақиқатни фиръавнга тушунтиришга ҳаракат қилди, Исо эса бизга У орқали “Отамиз Худонинг олдида ҳомиймиз – Исо Масиҳ…” га эришишимизни айтади (1 Юҳанно 2:1). Юсуф акаларига кийимлар ва аравалар берган, бироқ бизнинг Акамиз шундай ваъда бермоқда: “Худойим Ўзининг ажойиб бойлиги билан Исо Масиҳ орқали сизларнинг ҳар бир эҳтиёжингизни қондиради” (Филиппиликлар 4:19).
Келинглар, Унинг биз ҳақимизда қайғуришига ишонайлик.
Худо қадимги мисрликларга нима қилган бўлса, шу замоннинг одамларига ҳам шундай қилмоқда: қолган одамларни қутқармоқда. Муқаддас Каломнинг сўнгги китобида Худо Ўзининг башоратини такрорлмоқда: “Шундан кейин мен саноғига етиб бўлмайдиган катта бир оломонни кўрдим. Турли хил халқ, қабила, элату миллатларга мансуб бўлган бу одамлар тахт олдида, Қўзининг ҳузурида туришарди. Ҳаммасининг эгнида оқ либос, қўлларида пальма дарахти шоҳлари бор эди. Улар овозлари борича шундай ҳайқиришарди: “Тахтда ўтирган Худойимиз билан Қўзи нажот бериш қудратига эгадирлар!” (Ваҳий 7:9-10).
Бу ваҳий Худонинг юрак уришини тезлаштиради, чунки Унинг “Худонинг Шоҳлигида шодланувчи оилани тўплаш” мақсади абадий ва ўзгармасдир. “Ахир, Мен сизлар тўғрингизда тузган режаларимни биламан, - деб айтмоқда Эгамиз. – Бу режаларим сизларга кулфат эмас, фаровонлик олиб келади, ёруғ келажагу умид беради” (Еремиё 29:11). “Режаларим” деб икки марта айтилган бу сўзни эшитиш қанчалар ёқимли! Бизга яхши келажак ато қилиш учун Худонинг режалари бор. Бизнинг барча омадсизликларимизни ва қилган хатоларимизни Худо биз учун яхшилик бўлиб ишлашига мажбур қилади. Бугун содир бўлаётган ҳар қандай воқеаларнинг мақсади – бизни Худога жалб қилиш ҳамда Унинг иродасини бажаришга тайёрлашдир.
Худога қанчалик ишонишимиз ва Унинг режаларига қўшилишимиз бошимизга тушадиган қийинчилик ва азобларга қанчалик бардош беришимизни белгилайди. Бизни ахлатдек чуқурга улоқтирганларида ҳам яна ўрнимиздан турамиз. Худо бу ноҳақликни ҳам биз учун яхшикка айлантира олади. Яқинларимиз бизга хиёнат қилганларида ҳам биз яна оёққа турамиз. Худо бу азобларни енгишимиз учун ҳам куч беради. Ноҳақ айблашларми? Ноҳақ қамалишларми? Ёлғизликми? Балким қоқилиб кетармиз, лекин йиқилмаймиз. Нима учун? “…Бу Худонинг азалдан белгилаган режаси бўйича амалга ошди. Ахир, Худо ҳар бир нарсани Ўз хоҳиш-иродаси бўйича амалга оширади” (Эфесликлар 1:11). Ҳар бир нарса дегани ҳеч қандай истисносиз ҳаммаси деганидир. “Еру кўкдаги борлиқ мавжудодни Масиҳ орқали Худо Ўзи билан яраштириб, Масиҳнинг хочда тўкилган қони орқали улар билан тинчлик ўрнатиш” (Колосаликлар 1:20) учун бу ҳаётда ҳамма нарсалар бизни авж паллага яқинлаштирмоқда.
Белгиланган ва фақат Худога маълум вақтда биз Канъонга қайтиб келамиз. Ана ўша пайтгача Акангга иложи борча яқинроқ бўлишга ҳаракат қил.
Ўзининг ақл бовар қилмас зарбасидан кейин Мэтт Стивенс ўз мактабининг қаҳрамонига айланди. Ҳар бир бола у билан танишишни орзу қилар, ҳатто чирлидер қизлар ҳам у билан ҳамсуҳбат бўлишга иштиёқманд эдилар. Миш-мишларга қараганда, у қизларнинг биттасини битирув оқшомига таклиф қилишни ўйлаб турган экан. Суянишимиз учун акаларимиз елкасини тутганида ҳаётимиз мўъжизавий тарзда ўзгариб кетади.
Сен уддалайсан. Лекин кучли бўлганинг учун эмас, балки Аканг кучли бўлгани учун уддалайсан. Лойиқ бўлганинг учун эмас, балки Аканг шунга лойиқ бўлгани учун. Буюк бўлганинг учун эмас, балки Аканг буюк, Олий Ҳукмдор бўлгани ва самода сен учун жой ажратгани учун.
Книга на Узбекском языке: Ты справишься (Макс Лукадо)
Ты боишься, что не справишься? Все боятся. Мы боимся, что никогда не пройдет депрессия, никогда не иссякнут слезы, никогда не прекратятся страдания. Оказавшись на дне глубокого рва, каждый из нас сомневается, что сможет оттуда выбраться. Автор этой книги предлагает вспомнить историю библейского Иосифа - брошенного в ров братьями, проданного в рабство, несправедливо обвиненного и заключенного в темницу - и научиться доверять Богу, Который любую нашу скорбь обернет нам во благо. Подлинная вера не избавляет нас от страданий, но позволяет нам пройти через них.