Макс Лукадо. Сен уддалайсан - (1-боб) Узбек тилида
Sen uddalaysan (Maks Lukado) Audiokitob Uzbek tilida.
МУНДАРИЖА
1 БОБ. Сен уддалайсан
2 БОБ. Мисрга жойлашиш
3 БОБ. Ёлғиз, лекин бутунлай эмас
4 БОБ. Аҳмоқликни аҳмоқлик билан тузатиб бўлмайди
5 БОБ. Э-ҳа, бу бор-йўғи тайёргарлик эдими?
6 БОБ. Худо ҳаракат қилганда кутиб тур
7 БОБ. Масхарабоз
8 БОБ. Ҳаётда ҳамма нарса яхши бўлмаса ҳам, Худо барибир яхшими?
9 БОБ. Илтимос, озгина бўлса ҳам миннатдор бўл
10 БОБ. Оилавий хафагарчиликлар ҳақида гаплашамиз
11 БОБ. Қасос олиш ёқимли, лекин кейин…
12 БОБ. Олий Ҳукмдор – сенинг Аканг
13 БОБ. Хайрлашишлар билан видолаш
14 БОБ. Тинчлан ва бардам бўл
15 БОБ. Офат. Худо. Яхшилик
1 БОБ. СЕН УДДАЛАЙСАН
Аёл қалтирар эди, ички бир титроқ уни титратарди, қўлимни унинг елкасига қўйган заҳотим буни ҳис қилдим. Мен уни озиқ-овқат дўконида учратдим – тўғри, бу учрашувгача уни бир неча ойлардан бери кўрмаган эдим – ундан турмуш ўртоғи, болалар ҳақида сўрадим. Шунда унинг кўзлари жиққа ёшга тўлганини ҳамда ияги титраётганини сезиб қолдим. Бироздан кейин у ўзининг ғамгин ҳикоясини бошлади. Йигирма йиллик биргаликдаги турмуши, учта фарзанди ҳамда кўп марта бошқа уйга кўчишдаги машаққатларига қарамасдан эри уни ташлаб кетди. Шунчаки, нарсаларини олиб, уйдан чиқиб кетди. Уни бошқа ёшроқ аёлга алмашганди. У ҳўнграб юбормаслик учун бор кучи билан ўзини тутишга ҳаракат қилди, бироқ уддалай олмади. Озиқ – овқат дўконининг битта бўлими бир муддатга иқрорхонага айланди. Помидорлар ва салатлар терилган пештахталар орасида у кўз ёш тўкарди. Биз биргаликда ибодат қилдик ва мен унга: “Сен уддалайсан. Тўғри, қийин бўлади, лекин чидаш керак. Сенинг бу қайғуингни Худо яхшиликка айлантиради. Сен ҳозир беҳуда хаёлларга берилмаслик ва бирон аҳмоқлик қилиб қўймаслик учун ўзингни тутишинг лозим. Лекин тушкунликка тушма, Худонинг ёрдами билан сен буни уддалайсан”.
Орадан икки кун ўтиб, бир дўстим қўнғироқ қилди. Уни ишдан бўшатишган экан. Ишдан ҳайдалишига ўзи айбдор эди: у бошлиғига қўпол ва ноўрин танбеҳ берганди – мен буни ҳатто ҳақоратли қўполлик, деган бўлардим, натижада бошлиқ уни ўйлаб ҳам ўтирмай, дарҳол лавозимидан озод қилди. Мана энди эллик етти ёшли бошқарувчи, иқтисодий инқирознинг авж палласида кўчада қолди. Дўстим тушкунликка тушиб қолган, тақдиридан шикоят қилишдан тўхтамасди: рафиқасининг жаҳли чиққан, фарзандларининг кайфияти тушган… У умидсизлик ҳолатида эмаслигига ишонч ҳосил қилишга муҳтож эди ва мен унга шу умидни бердим: “Сен уддалайсан. Тўғри, қийин бўлади, лекин чидаш керак. Сенинг бу қайғуингни Худо яхшиликка айлантиради. Сен ҳозир беҳуда хаёлларга берилмаслик ва бирон аҳмоқлик қилиб қўймаслик учун ўзингни тутишинг лозим. Лекин тушкунликка тушма, Худонинг ёрдами билан сен буни уддалайсан”.
Мана яна бир қизнинг ҳикояси, у кафеда ишларди ва мен у билан ўша жойда танишганман. У эндигина ўрта мактабни тугатган ва бир ойдан кейин коллежга киришга умид қилаётган эди. Маълум бўлишича, унинг ҳаёти анча оғир кечган. Олти ёшга тўлганида ота-онаси ажрашиб кетади, ўн бешга тўлганида эса ота-онаси ярашиб олишади, лекин бир неча ойдан сўнг яна ажрашишади. Шу кунларда ота-онаси қизига отаси ёки онаси билан бирга яшашни танлаши кераклигини айтишади. У менга бу ҳақда сўзлаб берганида кўзларига ёш тўлди. Ҳозирча у билан батафсил суҳбатлашишга имкон бўлмади, лекин келаси учрашувимизда унинг кўзига қараб, қуйидаги сўзларни айтишим аниқ: “Сен уддалайсан. Тўғри, қийин бўлади, лекин чидаш керак. Сенинг бу қайғуингни Худо яхшиликка айлантиради. Сен ҳозир беҳуда хаёлларга берилмаслик ва бирн аҳмоқлик қилиб қўймаслик учун ўзингни тутишинг лозим. Лекин тушкунликка тушма, Худонинг ёрдами билан сен буни уддалайсан”.
Ўзингдан кетиб қолибсан, деб айтасанми? Қандай қилиб бундай сўзларни айта оламан? Бошига ташвиш тушган инсонларга бундай ваъдаларни беришга нима ҳаққим бор? Бу чуқурда нима бор ўзи? Чуқур ва қоронғи, деворлари силлиқ бу чуқурдан йигитча ўз кучи билан чиқа олмайди. Чиқа олганида ҳам акалари уни яна бу чуқурга ташлаган бўлардилар. Айнан улар туфайли бу бола шу чуқурда ётибди.
Юсуф ҳам акларининг ёнига борганида, улар Юсуфнинг эгнидаги чиройли кийимларини ечиб олиб, уни қудуққа ташлаб юборишади; қудуқ бўм-бўш бўлиб, суви қуриб қолган эди.
Шундан кейин улар овқатланиб ўтиришган эди…
Ибтидо 37:23-25
Бу ташландиқ қудуқ бўлиб, нураб кетган деворларидан ўткир қиррали тошлар ва атрофдаги чинор дарахтларининг илдизлари чиқиб турар эди. Қудуқнинг тубида эса найзага ўхшаш ўткир тиғли ёғоч ўн етти ёшли йигитнинг жағига санчилгудек турарди. Қўл-оёқлари боғланган бола тиззасини кўксига тираб, тор жойда тиқилиб ётарди. Бўйни остидаги қум унинг оғзидан оққан сўлакдан ҳўл бўлиб кетди. Қўрқувдан боланинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди. Узоқ вақт қичқирганидан овози ҳам ҳириллаб қолганди. Акалари унинг раҳм қилишларини сўраб ёлворганларини эшитмай қолишлари мумкин эмасди. Орадан йигирма икки йил ўтиб, мамлакатда қурғоқчилик бошланганида, уларда мағрурлик қилганликлари учун айбдорлик ҳисси уйғонди ва “… У қанчалар азобланганини кўзимиз билан кўриб, ёлворишларини эшитганимизда ҳам, қулоқ солмаган эдик…” (Ибтидо 42:21) деб тан олишди.
Гап Худо билан тузилган аҳд ҳақида инсониятга хабар бериш вазифаси топширилган Иброҳимнинг авлодлари, Ёқубнинг ўғиллари ҳақида кетяпти. Яъни, келажакда Исроилнинг ўн икки қабиласининг номи уларнинг номи билан аталадиган ва оилавий шажараси Исо Масиҳ номи билан безатилиш керак бўлган инсонлар ҳақида кетяпти. Бир сўз билан айтганда, агар бу инсонларга Муқаддас Калом шажараси билан қарасак, кўз олдимизда қироллик оиласи намоён бўлади. Лекин ўша куни улар бронза асридаги оддий омадсиз оила вакиллари сифатида ўзларини кўрсатдилар. Агар ўша даврда телевизор бўлганида эди, улар ажойиб реалити-шоуда қатнашиш имкониятига эга бўлган бўлардилар. Чинор дарахти соясида ўтириб олиб, Юсуфнинг қудуқдан туриб қичқирганига эътибор бермай, нафақат нон, балки мазали гўшт ейишни ва шароб ичишни бошлаб юборган эдилар. Нодон ва бераҳмлар! Уларнинг юраклари Канъон саҳросидаги тошлар каби эди! Улар ўз туғишган укасидан кўра кўпроқ жиғилдонлари ҳақида ўйлардилар. Улар укаларини ёмон кўрар эдилар. “… Акалари уни ёмон кўриб қолдилар ва унга яхши гапирмасдилар… Акалари унга ҳасад қилишарди…” (Ибтидо 37:4-5, 11).
Сабаби қуйидагича. Отаси Юсуфга худди товуқ ўз жўжасига қарагандек муносабатда эди. Ёқубнинг Леа ва Роҳила исмли иккита хотини бўлиб, у Роҳилани севарди. Роҳила оламдан ўтганидан кейин ҳам Ёқуб унинг ҳотираси ҳаққи ундан туғилган тўнғич ўғли Юсуфга ғамхўрлик қилишда давом этди. Юсуфнинг акалар куни билан заҳмат чекиб ишлаган пайтларида Юсуф уйда хурсандчилик қиларди. Акалари эски кийимларда юрганларида Юсуфга отаси “қимматбаҳо” жимжимадор чопон ҳадя қилганди. Акалари ташқарида ёнма-ён ётиб ухласалар, Юсуф ўз хонасида икки кишилик ўринда ухларди. Акалари иссиқда отасининг қўйларини боқиб юрган пайтларида, эркатой Юсуф салқингина уйда юрарди. Тўнғич ўғилга тегишли бўлган барча имтиёзларни Ёқуб ўн биринчи фарзанди бўлган Юсуфга сўзсиз берганди, шунинг учун акалари уни кўрганларида аччиқланишарди.
Ёқубниинг оиласи қийинчиликни бошдан кечираётганига шубҳа қилиш бўлаётган воқеани инкор қилиш билан баробар.
Уйларидан олтмиш чақирим узоқда, отаси ўғлини ҳимоя қила олмайдиган жойда акалари Юсуфни тутиб, биринчи ўринда кийимларини ечиб олишди. “…Акалари уни беқасам чопонини ечиб олдилар-да, ўзини сардобага ташлаб юбордилар” (Ибтидо 37:23-24). Бу феъллар нечта қўполлик ва келишмовчиликларни ифодалайди! Акалари Юсуфни нафақат ўлдиришни, балки унинг жасадини ҳам яширишни ўйлаган эдилар. Улар ўзларининг жиноятларини яширишни олдиндан келишиб олган эдилар. “… Уни ёввойи ҳайвонлар еб кетди, деб гап тарқатамиз…” (20 оятга қара).
Олдинда нималар кутаётганини Юсуф хаёлига ҳам келтирмаган эди. Эрталаб уйқудан турганида, “Бугун оддийроқ ва қулайроқ кийимларимни кия қолай, ахир бугун мен чуқур хандаққа ташланаман”, деб ўйламаганди. Йўқ, акаларининг ҳатти-ҳарактлари у учун кутилмаган ҳол бўлди.
Сен ҳақингда ҳам шундай айтиш мумкин. Юсуф учун чуқур хандақ ташландиқ сардоба бўлди. Эҳтимол, сенинг ҳолатингда чуқур хандақ, бу - даҳшатли ташхис, оилани йўқотиш ёки ҳиссиётга берилиш шаклида бўлгандир. Акалари ёмон кўрганлари учун Юсуфни чуқурга ташлаганлар. Сеничи? Сени ишдан бўшатишиб, ишсизлар қаторида қолдиришди ва унутишдими? Никоҳинг бузилгач, эшик ортида қолдингми? Каравотга улоқтиришиб, номусингга тегишдими? Хандақ – қайсидир маънода ўлимни билдириб, сувсиз ва шафқатсиз зиндондир, кимдир бу зиндондан ҳеч қачон қутула олмайди. Аслида, ҳаёт – энг узун, энг машаққатли ва энг хавфли йўл бўлиб, биз ҳаётда камроқ йўқотишни истаймиз. Ишон, буни амалга ошириш айтишдан кўра қийинроқ. Хандақдан чиқиб олиш осон эмас.
Ҳаёти изга тушиб кетишидан аввал Юсуфнинг ҳаёти жуда аянчли эди. Акаларининг хоинлиги туфайли у қулликка тушади, кейин эса ноҳақ айблов туфайли қамоққа ташланади. Юсуф шафқатсизларча калтакланди. Унга хоинлик қилинди. У сотиб юборилди. Унга яхши муносабатда бўлишмади дейиш – ҳеч нарса демаслик билан баробар. Унга ваъдалар беришди, бироқ ваъдаларининг устидан чиқишмади, ҳадялар беришди, лекин шу заҳотиёқ қайтариб олишди. Агар руҳий азобларни ботқоқликка таққослайдиган бўлсак, Юсуф бир умрга Эвергладесга сургун қилинган эди*.
Бироқ у таслим бўлиш ҳақида ўйламади. Қалбидаги азоблар ўз ҳуқуқларини ошкор қилмади. Ғазаби ҳеч қачон ёмонликка айланмади. Бағритош бўлмади, қатъийлигини йўқотмади. Юсуф шунчаки тирик қолмади, балки анчагина муваффақиятларга эришди. Гелий билан тўлдирилган ҳаво шари каби унинг мартабаси ҳам кўтарилиб борди. Мисрлик сарой амалдори уни ўз хонадони устидан бошқарувчи қилиб тайинлади. Зиндон бошлиғи эса уни барча маҳбуслар устидан назоратчи қилиб қўйди. Миср шоҳи фиръавн эса уни мамлакат устидан бош вазир этиб тайинлади. Юсуф ўз ҳаёт йўлининг ниҳоясида ер юзидаги энг қудратли мамлакатнинг иккинчи муҳим одамига айланди. Ўша давр аҳолисини очарчиликдан сақлаб қолганини таъкидлаш муболаға бўлмайди. Келинглар, у ҳақдаги қисқача хулоса қандай кўринишда бўлганини кўриб чиқамиз.
Юсуф
Ёқубнинг ўғли
“Тақдирнинг аёвсиз зарбалари”
олийгоҳини аъло баҳолар билан тамомлаган
“Инсониятни қутқариш”
халқаро ташкилотининг бош директори
Анчайин муваффақиятга эришган
Лекин қандай? Жуда аянчли ҳолатда бўла туриб, қандай қилиб муваффақиятга эришди? Буни нимаси тушунарсиз! Уни чуқурга ташлаганларидан йигирма йил ўтиб акаларининг роли бутунлай ўзгариб кетди: акалари очликдан ўлиб кетиши мумкин бўлиб турган бир пайтда Юсуф юксак лавозимни эгаллаган эди. Қўрқувдан титраб, улар Юсуфнинг олдига келишди. Юсуф акаларидан қасос олиш учун уларни ўз қўллари билан чуқурга ташлайди, деб ўйлаш ноҳақлик бўлмайди. Бироқ Юсуф бундай қилмади. Унинг акаларига қилган муомаласидан уни нима руҳлантирганини кўришимиз мумкин:
...Сизлар менга раво кўрган ёмонликни Худо яхшиликка ишлатди. Сон-саноқсиз одамларни сақлаб қолиш учун У мени шу ерга олиб келди… Ибтидо 50:20
Ҳар қандай ёмонлик Худонинг қўлида яхшиликка айланади.
Юсуф мана шу ваъдани маҳкам тутди ва умрининг охиригача бу ваъдага содиқ қолди. Фақат у чеккан азобларни қисқаритириб кўрсатишга уринмаймиз. Бу барибир қўлимиздан келмайди. Унинг ҳаёт китобининг ҳар бир саҳифаси қон доғлари ва кўз ёшларидан иборат. Кўплаб хоинликлар сабабли Юсуфнинг қалби тилка-пора бўлган, бироқ Худо унинг яраларини қайта-қайта шифолаган.
____________________________
(*Эвергладес – Флорида (АҚШ) жанубидаги тропик ботқоқлик ва майсазордан иборат улкан миллий боғ бўлиб, “майсалар дарёси” деб аталади. – Бу ерда келтирилган барча изоҳлар таржимонга тегишли.)
Йиртилган кийимлари ўрнига шоҳона кийимларга, у ташланган чуқур эса шоҳ саройига ўзгарди. Жудоликка учраган оила яна бирлашди. Худонинг хизматкорини йўқ қилишга қаратилган уриниш ҳам яхшиликка айланди.
Юсуф ўз акаларига “Сизлар менга раво кўрган ёмонликни”, деганида яҳудий тилидаги “тўқимоқ”(1), “ясамоқ” феълларини ишлатган. “Сизлар менга ёмонлик тўқидинглар, лекин Худо уни яхшиликка айлантирди”, - деди у.
Бизнинг Худойимиз – олий тоифали Тўқувчи. У ип йигириб, ундан нақшинкор матолар тўқийди. Оддий матони қимматбаҳо матога, азобларни шодликка айлантиради. Инсонлар тақдиридаги барча иплар Унинг қўлида. Ҳамма нарсалар Унга тобе: шоҳлар, золимлар, иқлим ва моддалар молекуласи тузилиши ҳам. Унинг тўқувчилик дастгоҳи моккиси орасидан авлодлар ҳамда халқлар ўтади, натижада тарихий жараён матоси пайдо бўлади. Иблис ҳам бу матога ўз нақшини тўқийди, лекин Худонинг қўли бу нақшни бутунлай йўқ қилишга қодир.
Яна бизнинг Худойимиз – олий тоифали Қурувчи ҳам. Буни Юсуфнинг “…Худо яхшиликка айлантирди …сақлаб қолиш учун…”(2) деб айтган сўзларидан ҳам англаб олиш мумкин. Бу ердаги “сақлаб қолиш учун”(3) деган яҳудийча сўз қурилиш атамаси бўлиб, қурилишнинг мақсадини ёки қурилган бинонинг ўзини билдиради. Ҳар куни эрталаб мен мана шундай бино олдидан ўтаман. Техасдаги уйим яқинидаги кўприкда таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Машиналар юриши учун мўлжалланган учта қатордан фақат биттаси машиналар юриши учун қолдирилган бўлиб, ҳар куни бу йўлдан қатнайдиганларни асабларига тегмоқда. Бу кўприкнинг таъмирлаш ишлари худди инсоният тарихига ўхшаб узоқ вақтга чўзилиб кетди, эрталабдан кечгача ҳар куни бошимиз узра баланд кранлар айланиб турибди. Ишчилар йўл белгиларини силкитиб туришар, қўлларида кураклар билан юришар, миллионлаб ҳайдовчилар ва пиёдалар эса норози оҳангда вайсашарди. Ҳеч бўлмаганда мен “Бу яна қанча адвом этади?” деб минғирлайман.
Лекин қурилиш ишларига қўшниларимнинг муносабатлари бошқача. Бу эр-хотин йўл-қурилиш инженерлари бўлишиб, Транспорт Вазирлигида ишлашади. Бошқа ҳаракат иштирокчилари каби улар ҳам ҳар куни шу тирбандликдан ўтишади ва айланма йўллардан юришади, лекин бошқалардан анча сабрли. Нима учун? Улар муаммони ҳам, бундай катта ўлчамдаги лойиҳанинг бошқа усули йўқлигини ҳам яхши тушунишади. Менинг норозилигимга нисбатан “Ҳа, қурилиш бир қанча вақтни олади, лекин узоққа чўзилмайди. Хавотир олманг” - деб жавоб беришди. Чунки улар таъмирлаш режасини ўз кўзлари билан кўришган.
Юсуфнинг бошига тушган воқеалар орқали Худо биздан Унинг режасига назар солишимизни истайди. Бироқ, бу воқеаларда даҳшатли тартибсизликдан бошқа ҳеч нарса кўрмаймиз! Юсуф акалари томонидан хандаққа ахлат каби улоқтирилди. Хўш, бунинг нимаси ҳайратомус? Қаерга қараманг ҳамма жойда очарчилик, оилавий можаролар бор. Иблиснинг мақсади ёвуз ва оддий эди: Иброҳимнинг оиласини йўқ қилиш орқали зурриёди бўладиган Исо Масиҳни йўқ қилиш эди. Афтидан, жаҳаннамнинг барча кучлари Ёқубнинг ўғилларини нишонга олган кўринади.
Лекин қаранг, бизнинг Қурувчимиз нақадар моҳир! У Ибтидо 37:24 да («Уни сардобага ташлаб юбордилар») ёзилган кўнгилсизликни Ибтидо 50:20 да («Сон саноқсиз одамларни сақлаб қолиш учун») ғалабага айлантирмагунича майдондаги қурилиш ахлат уюмларини тозалаб, конструкцияни мустаҳкамлайди ва таянч устунларни яхшилаб қотиради.
Шундай қилиб, Худо – энг олий тоифадаги Тўқувчи ва Қурувчидир! У Юсуфнинг ўтмишдаги хатоликларини тўғрилади. Наҳотки, У сенинг хатоларингни ҳам тўғриламаса?
Сен уддалайсан. Уддалай олмайман, деб қўрқаяпсан. Ҳамма қўрқади. Биз тушкунликларимиз ҳеч қачон ўтиб кетмайди, кўз ёшларимиз тўхтамайди, азобларимиз тугамайди, деб қўрқамиз. Жаҳли чиққан акаларимизнинг истагига кўра чуқурга ташланганимизда, ҳар биримизнинг хаёлимизга қуйидаги савол келади: «Қора булут қоплаган бу осмон қачонлардир яна кўм-кўк рангга кирармикан? Елкамни босиб турган бу оғир юк енгил бўлармикан?» Ўзимизни боши берк кўчага кириб қолгандек, қопқонга тушиб қолгандек, қамалиб қолгандек ёки муваффақиятсизликка учрагандек ҳис қиламиз. Қачондир бу чуқурдан чиқиб кета оламизми?
Албатта! Каломда ёзилган халос бўлиш – Марди Гра* байрами пайтидаги қулоқни қоматга келтирувчи, жўшқин ва рақсбоп қўшиқлар каби оддий ҳолатдир.
Дониёр учун шерлар ўраси, Бутрус учун зиндон, Юнус учун китнинг қорни, Довудга бостириб келаётган Гўллиёт, Исонинг шогирдлари учун тўфонли денгиз, моховлар учун бедаво касаллик, Тўма учун шубҳа, Лазар учун қабр ва ҳаворий Павлус учун кишанлар… Худо бизни барча мана шу синовлар орқали олиб ўтади. Қизил Денгиз орқали (Чиқиш 14:22 га қара), саҳро орқали (Қонунлар 29:5), зулмат водийси орқали (Забур 22:4) ва улкан денгиз орқали (Забур 76:20) “Орқали” сўзи – Унинг севимли сўзи:
Сувлар орқали ўтганингда, Мен сен билан бирга бўламан,
Дарёлар орқали ўтганингда, сувлар сени кўммайди;
Олов орқали ўтганингда, аланга сени ёндирмайди,
Олов тафти сени куйдирмайди.
Ишаё 43:2; курсив меники – М.Л.
*Марди Гра – Кулли чоршанбадан олдинга сешанба – Катлоикларнинг Улуғ рўзасининг бошланиши, етти “ёғли кунларнинг” сўнгги куни.
Ҳа, оғриқ бўлади. Нима, ортиқ йиғлашингга ёки навбатдаги кимётерапия олишингга ҳожат бўлмайди, деб ўйлайсанми? Бунга ишонмайман. Аянчли аҳволда турган никоҳинг бир зумдаёқ бахтли никоҳга айланиб қоладими? Бу ҳақиқатдан йироқ. Мозорга олиб борадиган йўлдан ҳеч қачон ўтмайман, деб ўйлайсанми? Ундай бўлмайди. Ҳар кунлик курашлардан Худо сени халос қилиб, беҳад руҳий куч беришига умид қиляпсанми? Бу ҳаётда эмас. Лекин кўзингдан оққан ҳар бир томчи ёш беҳуда кетмаслиги учун У сенинг азобларингни тўхтата олади.
Бироқ сабр қилишингга тўғри келади. Акалари Юсуфдан қутулган пайтда Юсуф ўн етти ёшда эди. У билан яна қайта учрашганларида эса Юсуф ўттиз етти ёшда эди(4). Юсуф отаси билан кўришгунича яна икки йил ўтди. Худо баъзан шошилмайди: Нуҳни бир юз йигирма йил тошқинга тайёрланди, Мусони саксон йил хизматга тайёрланди. Худо ўсмир Довудни шоҳлик тахтини эгаллашга чақирсада, негадир уни яна қўй боқишга жўнатган. Павлусни ҳаворийлик хизматига даъват қилган ва уни уч йил давомида Арабистонда ушлаб турган. Исо ҳам муҳимроқ ишга киришишдан олдин ўттиз ёшгача яшаб, ошхона столини ясаган. Сенинг ўтмишингни изга солиш учун Худога қанча вақт керак бўлади? Бунга қанчадир вақт кетади. Ҳар ҳолда бир дақиқа эмас, эҳтимол бир умр.
Сенинг бу қайғуингни Худо яхшиликка айлантиради. Сен билан биз кўраётганларимиз – фақат тартибсизлик; Худо эса бўлғуси бош вазирни ўргатиш, таълим бериш ва синаб кўриш учун ажойиб имкониятни кўради. Биз зулматни кўрамиз – Худо эса ўчоқни кўради. Биз очарчиликни кўрамиз – Худо эса Ўзи танлаган оила учун бошқа жойга кўчиш имкониятини кўради. Биз бу жойни Миср деб атаймиз – Худо эса бу жойни Ёқубнинг ўғилларини Канъон варварларининг таъсиридан ҳимоя қилиш ва тинч-осойишта жойда кўпайишлари учун қулай жой деб атайди. Биз иблисниинг найранглари ва тузоқларини кўрамиз – Худо эса уни бурчакка сиқилган ва занжирбанд қилинганини кўради.
Ижозатинг билан тушунтирай. Бугунги кунда сен Юсуфнинг замонавий қиёфасини акс эттирасан. Сенинг қиёфангда Худо иблисни жангга чорлайди. Сен ўз қалбингда Худонинг тинчлигини, улуғворлигини, муқаддаслигини, бу олам муҳтож бўлган доноликни, меҳр-шафқатни, раҳмдилликни, инъомлар ва қобилиятларни олиб юрибсан. Агар иблис сени мувозанатдан чиқара олса, хушхабар тарқатувчи инсон биттага камайди, деб ҳисоблайвер.
Худо ҳар қандай ёмонликни яхшиликка айлантиришига ишонишни ўрганишимиз учун Юсуфнинг тарихи Муқаддас Каломга киритилган. Худо – олий тоифали Тўқувчи ва Қурувчи бўлиб, иблиснинг ёмонликларини биз учун яхшиликка айлантиради. Чуқурда бўлиш ёқимли эмаслигини биринчи бўлиб бизга Юсуф билдирди. Лекин ёқимсиз чуқурдан яна нимадир ўрганиш мумкинми? Албатта! Чуқур бизни кўзимизни осмонга қаратишга мажбур қилади. Юқоридан Кимдир бу ерга, пастга тушиб, қўлимиздан тутишига умид билан юқорига қараймиз. Худо Юсуфнинг қўлидан тутди. Ҳозирги кунда ҳам У худди шундай йўл билан бизнинг ҳам қўлимиздан тутади.
Книга на Узбекском языке: Ты справишься (Макс Лукадо)
Ты боишься, что не справишься? Все боятся. Мы боимся, что никогда не пройдет депрессия, никогда не иссякнут слезы, никогда не прекратятся страдания. Оказавшись на дне глубокого рва, каждый из нас сомневается, что сможет оттуда выбраться. Автор этой книги предлагает вспомнить историю библейского Иосифа - брошенного в ров братьями, проданного в рабство, несправедливо обвиненного и заключенного в темницу - и научиться доверять Богу, Который любую нашу скорбь обернет нам во благо. Подлинная вера не избавляет нас от страданий, но позволяет нам пройти через них.