Георгий Винс. Эътиқод уфқлари - (6-боб) Китоб Ўзбек тилида
E’tiqod ufqlari (Georgiy Vins) O‘zbek tilida Audiokitob
МУНДАРИЖА
Сўзбоши
Биринчи боб. Шимолий этап
Иккинчи боб. Каншаубининг ҳикояси
Учинчи боб. “Букри”
Тўртинчи боб. Лагерда уч киши
Бешинчи боб. Сўнгги кунларда бирга
Олтинчи боб. Жанубга этап
Еттинчи боб. Соликамск жўнатиш қамоқхонаси
Саккизинчи боб. Эътиқод уфқлари
ШЕЪРЛАР
Менинг сўқмоғим
Россия ва Масиҳ
Украина — қувонч ва орзу
Йўлда
Россия — фақат қайинлар эмас
Аср касаллиги
Бизга Худо керак!
Йўллар чорраҳасида
Ёлғон ҳаётда яшамаслик
Хизмат ҳақида сокин суҳбатлар
Муқаддас бўлиш — бу севги
Муқаддас Китоб шоирлари
Қайта тирилиш тонглари
“Тутқуннинг ўйлари”
83-сано
Мен сени севаман, Масиҳ биродарлиги!
Болаларим, менинг болаларим! Яна айрилиқ йиллари...
Олтинчи боб
Жанубга этап
Мотовоз кескин труба чалди, состав ўрнидан қўзғалди: Алвидо, Чепечанка — бизнинг маҳбуслик йўлимиздаги биринчи лагеримиз! Ҳали олдинги ҳаётимизда нечта лагер бор — буни фақат Худо билади. Хайр, азиз биродаримиз Каншауби, Сени Худо асрасин!
Икки вагонли мотовоз аста-секин жуда эски, состав оғирлиги остида эгилаётган тайга тор изли темир йўлидан ҳаракат қиляпти. Йўл авария ҳолатида: уни доимо маҳбуслардан иборат қурувчилар гуруҳи тузатишади, таъмирлашади. Темир йўли албатта ботқоқли жойлардан ўтади. Биз жуда секин ҳаракатланяпмиз, тез-тез тўхтаймиз: олдинда ёғоч ортилган составлар боришяпти. Баъзида ёғоч ортилган платформалар “тўлқинланишади, яъни рельслардан чиқиб кетади. Биз авария жойига маҳбусларнинг махсус йўл гуруҳлари келмагунча ва платформани жойига қўймагунча соатлаб тураверамиз.
Ана шундай тез-тез мажбурий тўхташлар пайтида Клавдия Александровна ва Миша йўловчилар вагонидан чиқишади ва бизнинг вагон олдига келишади. Соқчилар қаршилик кўрсатмайдилар.
— Жамоат қандай? Тақводорларнинг кайфиятлари қандай? — сўрайди Фёдор хотинидан.
— Ҳаммаси яхши! Ҳамма соғлом. Йиғилишлар доимо ўз вақтида ўтиб турибди. Жамоатда ёшлар кўп, — гапирди Клавдия.
— Ташқилар-чи? — қизиқди Фёдор.
— Бизнинг мажлисларимизга тез-тез ташриф буюриб туришади, таҳдид қилишади, жарима солишади, баъзида ҳайдашади. Аммо мажлислар давом қилади.
— Киевда нима гаплар? У ердаги бизнинг жамоатимиз қандай? — савол бердим мен.
— Киев жамоатига жуда қийин: унинг аъзоларига кўп зулм ўтказишяпти: ҳукумат деярли ҳар бир йиғилишни тарқатишга ҳаракат қилади. Ҳозирги пайтда ўнтача воизлар қамалган. Аммо жамоат тирик, тетик, йиғилишлар давом қиляпти, — ҳикоя қилди Клава.
Соқчилар турли шаҳарлардаги тақводорларнинг ҳаёти ҳақидаги бизнинг суҳбатимизни қизиқиш билан тинглаб туришибди, яна маҳбуслар ҳам диққат билан эшитиб туришибди. Фёдор билан бизнинг эса суҳбатимиз тугамайди — биз бундай узоқ давом этган учрашувдан жуда хурсандмиз. Миша йўловчилар вагонидан бизга озиқ-овқат келтиради: помидор, олмалар, нон билан колбаса. Биз ўз бойлигимиздан маҳбусларга ҳам берамиз. Бундай учрашувлар бир кун давомида 5–6 марта бўляпти, ҳар бири камида ярим соат, баъзида эса бир соат давом қилади.
— Қандай қилиб сен Миша билан йўлга чиқишга журъат қилдинг? — сўрайди Фёдор хотинидан.
— Ҳозир ёз, болаларнинг таътили, шунга қарор қилдим. Кеча эса сизнинг лагерингизга бораётганимизда қизиқ бир воқеа юз берди. Ленинграддан Соликамскгача биз поездда келдик, кейин эса йўловчилар вертолётида Чепецга учиб келдик. Биз Чепецга кундузи учиб келдик. Аммо Чепечанкага фақат кечқурун “класс” вагонда жўнадик. Биласанми, ким билан бирга поездда келдик? — сўради Клавдия.
— Билмайман. Ким экан у?
— Сизнинг бошлиғингиз Станицкий! — қаттиқ овозда қичқирди Миша. — У биз билан бирга мадҳияларимизни куйлади!
— Станицкий?! Бизнинг мадҳияларимизни куйлади?!
— Ҳа, у Миша билан бирга куйлади, — тасдиқлади Клавдия. — Уни тиззасига ўтказиб сўради: ”Менга биронта илоҳий қўшиқни куйлаб бер-чи!” Миша бизнинг мадҳияларимизни куйлай бошлади. Станицкий эса унга жўр бўлди. Улар шундай деярли бутун йўл бўйи бирга куйлашди!
— Ажойиб! — хитоб қилди Фёдор.
— У яна менга сиз учалангиз ҳақингизда жуда кўп нарсаларни айтиб берди, — давом қилди Клава. — Пермда яқинда Уралдаги лагерларнинг мажлиси бўлиб ўтди, у ерда гап сиз ҳақингизда — тақводор маҳбуслар ҳақида борди. Бошлиқлар сизларни нима қилишни билишмайди! Сизнинг биродарларингиз ва опаларингиз ўтирган барча лагерларда Масиҳ ҳақида катта гувоҳлик кетяпти: Ҳамма фақат Худо ҳақида сўзлашади — маҳбуслар ҳам, соқчилар ҳам. Ҳукумат жуда хавотирга тушган: улар бир лагерда биттадан ортиқ баптистни ушламаслик керак деган қарорга келишди. Мана шунинг учун сизларни ҳар хил лагерларга ташлашмоқчи. Буларни менга кеча Станицкий айтиб берди.
— Демак, энди бизнинг художўйларимиз кўп лагерларда бўлишади ва яна кўп маҳбуслар Масиҳ ҳақида эшитишади! — хурсанд бўлдик биз Фёдор билан.
— Худонинг бу қалблар ҳақидаги ғамхўрлиги учун Унга шарафлар бўлсин. Бизнинг Масиҳ учун кишанларимиз — бу қамоқхоналарда ва лагерларда Хушхабарнинг тарғиб қилинишидир. Бунинг устига, лагер ва қамоқхоналарнинг ичидаги Хушхабарнинг тарғиботи бўлади.
70 километр узоқликдаги йўлга бутун кун кетди. Кечқурун Чепецга келдик. Клава ва Миша билан хайрлашдик. Соқчилар бизни қишлоқ бўйлаб аста-секин жўнатиш лагерига бошлаб кетишяпти. Чунки беморларимиздан бири тез юра олмайди. Тунни жўнатиш камерасида ўтказдик. У ерда биздан бошқа яна ўнтача маҳбус бор эди.
Эрталаб биз Фёдор билан жуда эрта — соат бешда уйғондик. Турдик, ювиндик, ибодат қилдик ва Муқаддас Китобни ўқий бошладик. Соат олтида лагерда ва жўнатиш лагерида умумий подъём. Ҳаммамизга 500 граммдан қора нон, 10 грамм шакар ва бир неча қошиқ қандайдир суюқ бўтқадан иборат паёк берилди. Яна ҳаммамизга бир чойнак қайнаган сув ҳам берилди.
Нонушта қилиб бўлиб биз яна Муқаддас Китобни ўқишга тутиндик! Биз уни қанчадан бери қўлимизга ушламаган эдик! Баъзи маҳбуслар қизиқиб сўрашди:
— Сиз нима ўқияпсиз?
Мен уларга Муқаддас Китобни кўрсатиб, дедим:
— Муқаддас Китобни ўқияпмиз.
Маҳбуслар Муқаддас Китобдан бирон нарсани ўқиб беришни илтимос қилишди. Аммо маҳбуслардан бири, 40 ёшлардаги кичкина жуссали, кал, ҳовлиқма бир одам камерада югура бошлади ва: “Динни тарғибот қилишни бас қилинг! Муқаддас Китоб советларга қарши китоб! Мен ҳозир сиз ҳақингизда қамоқхона вакилига айтаман!” деб қичқира кетди.
Биз илгари бундай нарсани учратмагандик: биринчи марта маҳбус ўзининг оператив қисмга, яъни лагер КГБсига яқин эканлиги ҳақида очиқ айтди. Фёдор бу жосусга мурожаат қилди:
— Қулоқ сол, яхши одам, сен нега Муқаддас Китобга ҳужум қиляпсан?! Сен уни ўқиганмисан?
У бизнинг ёнимизга югуриб келди:
— Менга ҳозироқ Муқаддас Китобни беринг, мен уни бошқаларга бераман!
— Сиз ўзи кимсиз? — сўрадим мен Муқаддас Китобни кўкрагимга қаттиқроқ босиб. — Сиз кимсиз — КГБмисиз ёки маҳбусми?
Аммо бу одам камера эшигини тақиллатиб, соқчиларни чақира бошлади.
— Гражданин бошлиқ! Тезроқ очинг! Очинг!
Тезда темир эшикнинг қулфи жаранглади ва шовқин билан очилди.
— Нима бўлди? Ким тақиллатди? — камерага иккита назоратчи кириб келди.
— Гражданин бошлиқ! — шошиб қолди жосус. — Бу баптистлар, — у қўли билан бизларни кўрсатди, — бизнинг ҳаммамизни ўз эътиқодларига ўтказмоқчилар, бу ерда Худо ҳақида тарғибот қилишяпти ва Муқаддас Китобни ўқишяпти! Бу бизнинг мамлакатимизда таъқиқланган!
Соқчилардан бири жосусга мазахомуз қараб, шундай деди:
— Сенинг нима ишинг бор? Ўқишяптими, қўй, ўқийверсинлар! Муқаддас Китоб бизда таъқиқланмаган. Муқаддас Китобни кўрсат, — мурожаат қилди у менга.
Мен кўрсатдим.
— Қайси тилда? Рус тилидами? — сўради иккинчи соқчи.
— Ҳа, рус тилида! — жавоб қилдим мен.
— Ўқи, — соқчи менга Муқаддас Китобни берди. Аммо жосус ҳеч тиниб—тинчимасди:
— Мен ҳақимда оператив бўлим бошлиғига етказинг. Баптистлар ҳақидаги масала жуда жиддий. Сиз уларнинг ёнини олмаслигингиз керак!
Соқчи елкасини қисди:
— Яхши, етказаман! Фамилиянг нима? — жосус фамилиясини айтди. Икки назоратчи ҳам чиқиб кетишди, камера эшиги тарақлаб ёпилди.
— Мен буни шундай қолдирмайман! — қутуришда давом қиларди жосус.
— Қара, қандай қутуряпти, югуриб-еляпти, — секингина деди менга Фёдор.
Биз яна нара устига ўтирдик ва Муқаддас Китобни ўқий бошладик. Аммо маҳбуслар энди бизнинг ёнимизга яқинлашмасдилар, овоз чиқариб ўқишни илтимос қилмасдилар. Фақат қўрқув билан узоқдан гоҳ бизга, гоҳ жосусга, гоҳ эшикка қарашарди. Ярим соатдан кейин эшик яна очилди ва назоратчи жосуснинг фамилиясини айтиб чақирди. Уни олиб кетганларидан сўнг ҳамма енгил нафас олди. Маҳбуслардан бири ҳатто:
— Мана кал шайтон! Ер ёрилиб шундайларни ютиб юбормайди ҳам! — деди ва алам билан оёғи остига тупурди.
— Ҳозир тезкор бошлиқ келади ва Муқаддас Китобингизни олиб кетади, — фараз қилди бошқа маҳбус.
— Эҳтимол, олиб қўйишар ҳам, — тасдиқладик биз. — Аммо Муқаддас Китобнинг ҳаммасини ололмайдилар, фақат бу китобни. Бизнинг юрагимизга Худо ёзган нарсаларни улар ололмайдилар! Муқаддас Китоб — фойдали китоб. Унда Раббий ҳар бирингизни севади деб ёзилган. У хочда сизнинг ҳам гуноҳларингиз учун ўлди. Аммо иблис сизнинг унинг ҳукми остидан чиқиб кетишингиздан қўрқади. Шунинг учун ҳам қутуради, — тушунтира бошладик биз маҳбусларга.
Яна камера эшиги тарақлади ва камерага ўрта бўйли, тўла, думалоқ юзли, майор унвонидаги зобит кирди. Унинг ёнида олдинги иккита назоратчи ҳам бор эди. Майор ўткир нигоҳ билан камерани кўздан кечириб, нигоҳини олдин Фёдор билан бизга, кейин нара устида турган Муқаддас Китобга қадади. Унинг кўзлари ғазаб билан қисилди, чеҳраси ёвузлашди.
Камерадаги барча маҳбуслар қандайдир ғужанак бўлишди ва қўлларини орқаларига қилиб жим қотишди.
— Бу кимнинг китоби? — майор қўли билан Муқаддас Китобни кўрсатди.
— Меники, гражданин бошлиқ, — жавоб қилдим мен.
— Бу нима, Муқаддас Китобми? — қайтариб сўради майор.
— Ҳа, Муқаддас Китоб, — жавоб қилдим мен
— ИИВнинг Ахлоқ тузатиш муассасаларида Муқаддас Китоб таъқиқланган, шунингдек, диний ташвиқот ҳам таъқиқланган! — ҳар бир сўзини чертиб-чертиб сўзлади майор. Кейин у давом қилди:
— Сиз Муқаддас Китобни тарғибот қилганингиз учун янги муддат олишингиз мумкин!
— Мен индамадим. Майор яна ҳаммага қаради ва кейин менга мурожаат қилди:
— Сизнинг муддатингиз қанча?
— Умумий тартибли лагерда уч йил, — жавоб қилдим мен.
— Қанчасини ўтадингиз? — майорнинг янги саволи.
— Бир йилини.
Майор истеҳзоли жилмайди:
— Фақат бир йил! Демак, сиз ҳали озодликдан маҳрум қилинган жойларда ҳеч нарсага ўрганиб улгурмабсиз, Муқаддас Китобингизни ташвиқот қилишда давом қиляпсиз. Уч йил бу болаларча муддат (ҳеч нарса эмас). Сталин пайтида Муқаддас китоб учун 25 йиллаб беришарди! Эътиқодингизни тарғибот қилишни бас қилинг! Жазолаймиз! Шафқатсиз жазолаймиз! Сизни бу ерга тузатиш, қайта тарбиялаш учун юборишган, эътиқодни тарғибот қилиш учун эмас! — ғазаб билан деди майор.
Кейин у нараларнинг ёнига келди ва қўлига Муқаддас Китобни олиб эшикка йўл олди. Назоратчилар жимгина унинг кетидан кетишди.
— Гражданин бошлиқ! Бу менинг Муқаддас Китобим, қайтиб беришингизни сўрайман! — мен эшик томонга қараб бир неча қадам юрдим.
— Мен сизнинг Муқаддас Китобингизни мусодара қиламан! — совуқ овоз билан деди майор.
— Ундай бўлса, гражданин бошлиқ, менга Муқаддас Китобни мусодара қилишингиз ҳақида расмий ҳужжат беринг, — мен яна майорга мурожаат қилдим.
— Расмий ҳужжатни осмондан оласиз! Худодан! — қичқирди майор ва ғазаб билан камера эшигини ёпди.
Камерага қалбни эзувчи сукунат чўкди. “Ҳужжатни осмондан оласиз!” — такрорлади маҳбуслардан бири. Кейин эса жосусни эслади: “Мана кал нима қилди!”
“Ибодат қиламиз!” — қарор қилдик биз Фёдор билан. Биз наралар олдида тиз чўкиб, узоқ ибодат қилдик: майор учун ҳам, жосуснинг қалби учун ҳам, ҳозиргина қўлимиздан олинган Муқаддас Китоб ва Худо майорни уни ўқишга ундаши учун ҳам. Ибодатдан кейин биз “Худойим, Сенинг уйингни яхши кўраман” деб аталадиган Хушхабар мадҳиясини куйладик. Бандилар жим туришар, диққат билан қулоқ солишарди.
Кейинги куни эрталаб соат саккизларда соқчилар Фёдор билан бизни жўнатиш лагеридан олиб чиқишди ва дарё томонга олиб кетишди. Чепец лагери катта Урал дарёсининг Кама қирғоғида жойлашган. Бизни дарё бўйлаб саёҳат кутарди. Ёз ойларида маҳбусларни кўчириш учун махсус ўзиюрар баржалардан фойдаланиларди. Мана бизни ҳам соқчилар тор зинадан баржага олиб чиқади. Баржа унча катта эмас, бу металлдан ясалган. Трюм очиқ ва саёз, биз унинг ичига тушдик. Бошларимиз Трюмдан чиқиб турибди, бизга қирғоқ, қишлоқ ва лагер кўриниб турибди. Соқчилар — учта аскар палубада жойлашишди, уларнинг ёнида катта қопонғич ит ҳам бор. Сузиб кетдик!
Биз оқим бўйлаб пастга сузиб кетяпмиз. Ўзиюрар баржа анча тез сузяпти. Биз Трюм деворлари ёнида турибмиз. Атрофни кузатиб кетяпмиз: қандай яхши, атроф жуда гўзал! Ям-яшил тайга дарёгача бостириб келган, баланд, сарвқомат арчалар ва кенг сершох қарағайлар — ҳамма-ҳаммаси ям-яшил, байрамона безанган. Тайга дарёси шамоли, мусаффо ва салқин юзни, кўкракни эркалайди. Осмон эса — оч мовий, унда енгил оқ булутлар сузиб юрибди. Қуёш меҳр билан танамизни иситади. Атроф жим-жит, сокин. Чексиз дарё кенглиги, озодлик ёнгинамизда — шундай яқин туюлди. Аммо соқчиларга қараб озодлик биздан қанчалар узоқ эканлигини англаймиз.
Урал жуда гўзал! Серсув шимол дарёлари чиройли: кичик-кичик, ҳеч ким билмайдиган тайга жилғалари ва дарёларидан улар қудратли дарё оқимларига айланадилар. Биз Фёдор билан буларнинг барини Худо қандай донишмандлик билан яратганидан завқланамиз! Куйлагинг, Яратганни шарафлагинг келади! Ва биз куйлай бошлаймиз — Худо бизнинг ҳаётимизни бойитиш учун берган ҳамма нарсаси бизнинг масиҳийлик мадҳияларимизда ўз аксини топади. Улуғвор ва серсув дарёнинг ўзи ҳам, ям-яшил тайга ҳам, мовий осмон ҳам, — биз билан бирга тантанали мақтов мадҳияларини ва Худога миннатдорчиликни куйлагандай бўлади: “Раббим, Сен қанчалар буюксан!”
Биз дарёнинг иккала томонидан жойлашган қандайдир қишлоқлар ва посёлкалар ёнидан сузиб ўтяпмиз. Баъзи уйлар, айниқса баландроқ тошлоқ қирғоқдагилар дарёга жуда яқин қурилган. Уйларнинг деразалари ва ҳатто оқ пардаларигача кўриниб турибди. Уйларнинг ёғочларини ҳам фарқлаш мумкин: қалин, оғир, вақт ўтиши билан қорайган. Илгари, қадимда Уралда уйларни мустаҳкам, бақувват, асрларга етгулик қилиб қуришарди. Мана бугун ҳам улар бузилмасдан, на совуқлардан, на қорлардан, на узоқ давом этадиган куз ёмғирларидан хавфсирамай туришибди. Оч мовий рангга бўялган дераза ромлари эса нақшлар билан безатилган, оқ пардалар тутилган, уйларга байрамона кўриниш бағишлайдилар. Атрофдаги ҳамма нарса бу қуёшли ёз кунида ёрқин, шодон ва байрамонадир.
Биз қирғоқда турган одамларни ҳам кўрамиз: кўпинча бу кафтлари билан ёрқин қуёшдан кўзларини пана қилиб бизнинг баржамизни кузатиб қолаётган аёллардир. Айниқса, қирғоқ яқинида чўмилаётган болаларни кўриш биз учун жуда қувончлидир. Баъзида қаршимиздан дарё юқорисига қараб сузаётган, баланд қувурли — ҳали эски тузилишдаги йўловчилар пароходи чиқади. Унинг ғилдираклари сувни шодон шапиллатиб айланади. Бундан ташқари, биз дарёда қуёшда қорайган балиқчилар ва уларнинг балиқ тутадиган қайиқларини ҳам учратамиз. Барча одамлар — параходдагилар ҳам, қайиқдагилар ҳам, қирғоқдагилар ҳам — бизнинг баржамизга безовталик билан қарайдилар, айниқса ит ва қуролланган аскарларга. Эҳтимол, улар бизнинг Трюмдан чиқиб турган ва сочи қириб олинган бошимизни ҳам кўришгандир... Бизнинг баржамизни — бу сузувчи қамоқхона эканлиги ва унда тутқун маҳбуслар борлиги ҳаммага аниқ.
Биз Фёдор билан тезда бир-биримиздан ажралишимизни тушунамиз — турли лагерларга олиб кетишади. Аммо ҳозир биз биргамиз, яна Муқаддас Китобдан олинган севимли оятимиз эсга тушади: “Эгамизнинг режалари тоабад собит туради, Унинг ниятлари наслдан-наслга ўтиб боради” (Забур 32:1). Тез-тез Каншаубини эсга оламиз: қандай яшаётган экан бизнинг азиз биродаримиз? Клава билан Миша ҳозир қаерда экан?
Дарё сокин оқади, бизнинг баржа сузаяпти, булутлар ҳам сузишяпти. Шунингдек, бизнинг еримиз ва бутун коинот Худонинг режалари ва қонунларига асосан яратган кўзга кўринмас, чексиз кенгликда сузиб боряптилар. Бизнинг Худойимиз буюк, У бизни севади! Худо севгиси ва Унинг мангулиги билан қиёслаганда бу кишанлар, бу тутқунлик нима бўпти! Ким биздан Худо севгисини ва бизнинг Унга бўлган ишончимизни тортиб ола билади?! Ҳеч ким!
Туш вақтида жазирама қуёшдан металл баржа жуда қизийди, биз энди Трюм девори олдида тура олмаймиз. Металлга қўл теккизиб бўлмайди — шунчалар иссиқки, қўлни куйдиради. Биз Трюм ўртасида турибмиз, салқин дарё шамоли бизни тетиклаштиради.
Дарё бўйлаб бизнинг саёҳатимиз 6–7 соат давом қилди. Биз Бондюг қишлоғига етиб келдик. Пристанда бизни аллақачон Соликамск соқчилари билан бирга очиқ юк машинаси кутяпти, Чепец аскарлари бизни уларга топширишади. Бондюгдан Соликамскгача 120 км, йўли тайга йўлларига нисбатан яхши. Тўғри, у тупроқ йўл, асфальт қилинмаган, аммо ўнқир-чўнқирларда жуда силтаса-да, машинада юриш мумкин. Машина жуда тез юряпти, кечга томон биз Соликамскга етиб келдик. Яна қамоқхона, жўнатиш қамоқхонаси, яна тинтув ва янги камера!
Книга на Узбекском языке: - Горизонты веры (Георгий Винс)
На страницах книги "Горизонты веры" вы познакомитесь с историей, рассказанной Г. Винсом, верующим из Киева, который в годы правления коммунистов был арестован за свою веру и сослан в лагерь Чепечанка на Северном Урале. Это повествование - удивительное свидетельство человека, который даже в таких нечеловеческих условиях продолжал служить Богу и помог выжить своим товарищам по несчастью.