Эътиқод уфқлари (Георгий Винс) 5 bob

Георгий Винс. Эътиқод уфқлари -  (5-боб) Китоб Ўзбек тилида

E’tiqod ufqlari (Georgiy Vins) O‘zbek tilida AudiokitobE’tiqod ufqlari (Georgiy Vins) O‘zbek tilida Audiokitob

 

МУНДАРИЖА

Сўзбоши

Биринчи боб. Шимолий этап

Иккинчи боб. Каншаубининг ҳикояси

Учинчи боб. “Букри”

Тўртинчи боб. Лагерда уч киши

Бешинчи боб. Сўнгги кунларда бирга

Олтинчи боб. Жанубга этап

Еттинчи боб. Соликамск жўнатиш қамоқхонаси

Саккизинчи боб. Эътиқод уфқлари

ШЕЪРЛАР

Менинг сўқмоғим

Россия ва Масиҳ

Украина — қувонч ва орзу

Йўлда

Россия — фақат қайинлар эмас

Аср касаллиги

Бизга Худо керак!

Йўллар чорраҳасида

Ёлғон ҳаётда яшамаслик

Хизмат ҳақида сокин суҳбатлар

Муқаддас бўлиш — бу севги

Муқаддас Китоб шоирлари

Қайта тирилиш тонглари

“Тутқуннинг ўйлари”

83-сано

Мен сени севаман, Масиҳ биродарлиги!

Болаларим, менинг болаларим! Яна айрилиқ йиллари...


Бешинчи боб
Сўнгги кунларда бирга

Бизга бу шимолий лагерда худди Худо сўзида айтилганидай яхши эди: “Шундай инсонлар саодатлидир: Улар фосиқлар маслаҳатига юрмайди, Гуноҳкорлар йўлида улар турмайди, Мазахчилар орасида улар ўтирмайди” (Заб. 132:1). Аммо орадан бир оз вақт ўтиб, Фёдор билан Каншауби борган сайин болаларини ва хотинини соғиниб ғамгин бўлаётганини сездим.

— Каншауби, нега Тоня сен билан учрашишга келмайди? — сўради бир куни Фёдор.

— Бизнинг лагеримиз Кавказдан жуда узоқ, — деди овозида қайғу билан Каншауби. — Кейин уйда ёш болалар билан ким қолади?

— Тоняга сенинг олдингга келишга ёрдам беришлари учун жамоатдаги биродарларга хат ёз, — маслаҳат бердик биз унга.

Каншауби жамоатга ва хотинига бу ҳақда хат ёзди. Тез орада у Тонядан хат олди. У ўз хатида тезда келишини ёзган эди. Каншаубининг қувончи чексиз эди: у хурсанд, кулиб юрарди. Лагер бошлиғи учрашув учун уч кунга ижозат берди ва расман учрашув вақтини белгилади. Бир неча ҳафтадан кейин Тоня келди.

Бир куни кечқурун ишдан келиб мен хурсанд, кулиб суҳбатлашаётган Каншауби ва Фёдорни кўрдим.

— Тоня келди! — мени кўриб деярли қичқирди Каншауби.

— Табриклайман, азиз биродарим! — қувонч билан қучдим мен уни. — Қачон учрашасан?

— Ҳозир навбатчи зобитнинг олдига бориб биламан, — деди Каншауби ва қувонч билан навбатчи зобитнинг ёнига кетди.

Тез орада Каншауби учрашувга кетди. Уч кун у биз билан бўлмади. Биз у Худодан шундай ажойиб совғани олганидан деярли бир йиллик айрилиқдан сўнг хотини билан бирга бўлиш бахтига эришганидан хурсанд эдик. Биз Каншаубининг учрашувдан келишини ва бизга Кавказдаги тақводорлар ҳаёти ҳақида айтиб беришини, оиласи ҳақидаги янгиликлар билан ўртоқлашишини сабрсизлик билан кутардик. Биз яна эҳтимол, бу сафар Тоня орқали Хушхабарни олиш умиди билан биродаримизни кутардик. Биз сўнгги пайтларда шу ҳақда зўр бериб ибодат қилардик.

Каншауби учрашувнинг иккинчи куни биз Фёдор Владимирович билан учрашувлар хонасига келдик. Кечки пайт эди. хона деразаларидан бири бизнинг зонамизга қараганди. Дераза ойнасининг 2/3 қисми оқ бўёқ билан бўялган, ташқи томондан темир панжара билан тўсиб қўйилганди. Аммо дераза ойнасининг тепа қисми тоза ва тиниқ бўлиб, одамларни кўрса бўларди. Тоня ва Каншауби бизни кўришди ва кулиб, қўлларини силкита бошлашди. Биз ҳам уларга қараб жилмайдик, қўлимиз билан мангу уйимиз бўлган, на қамоқ, на турма, на қайғу, на айрилиқ бўлмайдиган осмонни кўрсатдик.

Уч кунлик учрашув тугади ва мана Каншауби яна биз билан. Қувончли, айни пайтда Тоня билан айрилиқдан хафа, у бизга сирли боқарди.

— Яхши янгиликлар борми? — сўрадим мен.

— Хушхабар! — секин гапирди биродарим Каншауби.

— Худога шукр! — бир овоздан хитоб қилдик биз. — Худо бизнинг ибодатларимизни эшитибди! Биз Унинг сўзини қандай соғиндик!

Тоня Хушхабарни учрашув хонасига олиб келгани, Каншаубининг эса уни зонага олиб ўта олгани Худонинг мўъжизаси эди. Энди биз Худо Сўзини ўқий олардик! Нафақат биз, балки бошқа маҳбуслар ҳам — лагерда Хушхабар билан қизиқаётган ўнтача одам бор эди.

Шунингдек, Тоня Каншаубига озиқ-овқатлар ҳам олиб келганди. Бизнинг зонамизда қариндошларидан озиқ-овқатлар ёки посилка олмайдиган оч одамлар кўп эди. Шунинг учун хотинларимиз Клава, Надя ва энди Тоня ҳам олиб келган озиқ-овқатларни биз бошқа маҳбусларга ҳам берардик.

Айниқса, мен тошкентлик баланд бўйли, озғин бир йигитни эслаб қолдим: қорачадан келган чўзинчоқ юзли, маъноли қора кўзлари. У қандайдир майда ўғирлик учун судланган эди. Болалигида у кўчада ўсганди. Бу йигитча она ҳақидаги ғамгин қўшиқларни яхши куйларди. Маҳбуслар унга “Жага” деб лақаб қўйишганди. У доимо оч эди. Уятчан, тортинчоқ, кўзларида ғам билан у паст овозда сўради: “Сизда бир бўлаккина ортиқча нон топилмайдими?” Биз қўлимиздан келгунча Жагага ёрдам беришга ҳаракат қилардик: нафақат озиқ-овқат ёки кийим-кечак билан, балки унинг руҳини кўтаришга, Масиҳни кўрсатишга уринардик.

Яна москвалик бир йигит ҳам доимо оч ва бечораҳол ҳолда эди. Баланд бўйли, жуда озғин, фақат суяклари ва териси қолган бу йигитнинг исми Сергей эди. унинг муддати жуда кам бўлиб, Москва шўросида маст ҳолда қилган жанжали учун бир йил берилганди. Доимо индамас, у лагернинг маҳбуслар яшайдиган ҳудудида майда-чуйда қўшимча ишларни бажарарди: ниманидир суварди, бўярди, лагер бошлиқларининг хоналарини, ошхонани ва баракларни таъмирларди. Унинг кийими доимо оҳак ва бўёқ теккан бўларди. Сергей қандайдир қўрқиб қолган ва ичимдагини топ одам эди. Маҳбуслар уни ёқтиришмасди ва доимо: “Сен Москвада ким бўлгансан?! Қаерда ишлагансан? Сен оддий одамга ўхшамайсан!” — деб сўрашарди.

Баъзида уни уриш учун муштларини кўтаришарди. Шунда Сергей индамай ўзини четга оларди. Биз унинг тўйиб овқат емасликдан ва ёлғизликдан жуда азоб чекаётганлигини кўрардик ва унга эътибор беришга, яхши сўз билан руҳини кўтаришга ҳаракат қилардик. Биз нимамиз бўлса — нонми, мураббоми, маргаринми у билан бўлишардик. Биз унга Раббий ҳақида гапирганимизда, у диққат билан эшитар, аммо камдан-кам савол берарди. Шунинг учун биз унинг эътиқод масалаларини, Худога ҳақиқий муносабатини билмасдик: эҳтимол, у бизни одоблиги учун эътибор бериб тинглар?

Сергей бир куни менга: “Георгий, мен озодликка чиқишимдан олдин лагердаги охирги кунимда сен билан муҳим нарса ҳақида гаплашиб олмоқчиман!” — деганда унинг муддати охирлаб қолганди. У озод бўлган куни бизнинг баракка кирди, Фёдор ва Каншауби билан хайрлашди, берган ёрдамларимиз учун миннатдорчилик билдирди. “Бу лагерда фақат сизлар чин маънода одамсизлар!” — деди бизга Сергей хайрлашаётганда.

Кейин у мендан уни вахтагача кузатиб қўйишимни илтимос қилди. “Георгий! Мен сенга юрагимни очмоқчиман. Лагерда махсус бўлим зобитидан ташқари ҳеч ким менинг кимлигимни билмайди... Мен тасодифан бу жиноятчилар лагерига тушганман. Мени бу ерда сақламасликлари керак эди. Москвада мен майор унвонидаги милиция зобити эдим. Бир куни мен метрода бир ёш йигит билан қаттиқ уришиб қолдим. Мен озроқ маст эдим. Биз нима ҳақдадир баҳслашдик, у мени итарди, мен уни урдим. Кейин билсам, у Ички Ишлар Вазирининг қариндоши экан. Шундай қилиб, мен бу ерга келиб қолдим, бу — вазирнинг қасоси. Одатда бизни — жиноятлари учун судланган милиция ёки КГБ ходимларини жиноятчилар бўлмайдиган махсус лагерларда сақлашади. Агар маҳбуслар менинг аслида ким эканлигимни билганларида, мени бир кечада бўғиб ўлдирган бўлардилар!” — деди алам билан Сергей.

Кейин у сўзида давом қилди: “Мен сизлардан — тақводорлардан, менга кўрсатган яхшиликларингиз учун миннатдорман! Фақат нон ва маргарин учун эмас — менга нисбатан одамгарчилигингиз учун ҳам раҳмат! Худо севгиси ҳақидаги сўзларингиз учун ҳам раҳмат!” Сергей тўлқинланиб кетди ва кўзларида ёш билан қичқирди: “Мен милиция майори сифатида Москва остидаги, Дедовскдаги сизнинг баптистларингиз йиғилишларини ҳайдашда иштирок қилганман. Мен сизнинг эътиқоддаги биродарларингизни қамаганман, уларнинг устидан кулганман! Мен — сизнинг таҳқирловчингизман, мана бу ерда, лагерда менга сизлардан — баптистлардан — бошқа ҳеч ким ёрдам бермади!”

“Сергей, Москвага қайтиб борганингда — сен ўзинг қувғин қилган тақводорларни ахтариб топ, уларнинг йиғилишларида иштирок қил! — илтимос қилдим мен ундан.— Сенга Масиҳ керак! Сен қутулишга муҳтожсан, Масиҳ сени севади!” Кейин биз бир-биримизнинг қўлимизни маҳкам сиқдик. “Мен сен учун, Сергей, бутун ҳаётим давомида ибодат қиламан”, — дедим мен хайрлашаётиб. Баракка қайтиб келиб, мен биродарларимга Сергей билан қилган суҳбатим ҳақтида айтиб бердим. Биз ҳар куни у ҳақда Самовий Отамиз олдидаги ибодатларимизда эслаб турдик.

Мени Москвадан бу шимолий лагерга этап билан олиб келганларида Пермдаги жўнатиш пунктида мен 18 ёшлардаги Валерий исмли ёш маҳбус билан танишган эдим. Унинг тиши жуда оғрирди: эҳтимол, йиринг бўлса керак, чунки бир томон юзи жуда шишиб кетганди... Оғриқ азобидан у на овқатлана, на ухлай оларди, жуда қаттиқ азоб чекарди. Мен нима биландир унга ёрдам беришга ҳаракат қилардим ва ҳеч бўлмаганда у ширин қайноқ сув ичиб, сал бўлса-да кучга кириши учун унга шакаримни бердим. Кейин тишининг шиши қайтгандан сўнг Валерий мен билан яқин бўлиб қолди ва бизга у кўп нарсалар ҳақида айтиб берди, мен ўз ҳаётим ҳақида ҳикоя қилиб бердим. Валерий майда ўғри эди, у ниманидир ўғирлаб икки йилга қамалганди.

У менинг ҳаётга қарашларим ва эътиқодим билан жуда қизиқарди. “Георгий, сен чиндан ҳам Худога ишонасанми?! Бу жуда ғалати! Мен ҳеч қачон бу ҳақда жиддий ўйлаб кўрмаганман. Менга болалигимданоқ Худо йўқ деб уқтиришарди. Олдинига оилада — ота-онам, кейин мактабда ўқитувчиларим. Менинг отам Совет Армияси зобити бўлган. У 1956 йилда Вегрияда ҳалок бўлди. Онам тез орада яна турмушга чиқди ва иккинчи турмушидан қиз туғди, мен эса керак бўлмай қолдим. Ўгай отам нимагадир мени ёмон кўрарди. Мен мактабда ёмон ўқирдим, киссавур эдим. Мана энди мен бу ерда — қамоқхонадаман”, — ана шундай қисқа қилиб Валерий ўз ҳаётини тасвирлаб берди.

Валерий иккаламизни бошқа маҳбуслар қатори Чепечанка лагерига олиб келганларида мен уни Фёдор ва Каншауби билан таништирдим. У негадир бирпасда биз учун яқин, ўзимизнинг одамга айланди. Кейинроқ бизда Хушхабар пайдо бўлганда эса, Валерий уни ўқий бошлаганлар ичида биринчилардан бири бўлди. Тез орада у биз билан бирга очиқчасига ибодат қила бошлади.

Каншауби лагерга келгандан ярим йил ўтгач, кейин эса Фёдор билан биздан сўнг лагерда Худога яқинлаша бошлаганлар 10 тадан ошди. Аммо очиқчасига биз билан ибодат қилишга фақат Валерий журъат қилди. Лагер маъмурияти хавотирга тушиб қолганди, лагер бошлиғи Станицкий эса бир куни зобитлар орасида шундай деди: “Агар ҳал қилувчи чоралар кўрилмаса, ярим йилдан сўнг лагернинг ярми баптистларга айланади!” Албатта, у жуда муболаға қиларди, аммо атеистларнинг хавотирлари учун асос бор эди.

Июль ойининг бошларида лагерга Москвадан Ички Ишлар Вазирлигидан комиссия келди. Бундан бир неча кун илгари лагер маъмурияти томонидан маҳбуслар учун ҳаммом ташкил қилинди, ҳаммага тоза ички кийимлар берилди, ўсиб кетган соқоллар қирилди, ўрин-жойлар: чойшаблар, ёстиқ ва кўрпа жилдлари алмаштирилди. Лагер ҳудуди ҳам тозаланди, тартибга солинди, ҳаттоки тоза дарё қуми олиб келиниб, зонадаги йўлкаларга сепилди. Шошилинч равишда бир нечта клумбалар ва гуллар экилди. Ошхонада шу пайтгача маҳбусларнинг товоқлари устида минглаб айланиб юрган чивин ва пашшалар йўқ қилинди. Яна зона ўртасидаги отлар қиш давомида еб улгурмаган, қишдан қолган озиқ-овқат қолдиқлари устига ҳам қум сепилди. Ҳозир отлар чириган балиқ қолдиқларига қиё ҳам боқмасдилар, чунки атрофда кўм-кўк ўтлар жуда кўп эди.

Баракларнинг деворларига Лениннинг суратлари ҳамда янги бўёқ билан янгиланган ишоралар ёпиштирилган катта фанера лавҳалар қоқилди. Бу шиорларнинг мазмуни қуйидагича эди: “Ленин таълимоти тўғри, шунинг учун ҳам мангудир!”, “Ленин ҳозир ҳам барча тириклардан тирикдир!”, “Партия ва халқ ягонадир!”, “Озодликка пок виждон билан!” “Ватанга кўпроқ ёғоч етказиб берамиз!”

1967 йил эди. Совет ҳокимиятининг 50 йиллик юбилейи яқин эди (1917–1967 йил). Барча лагерлардаги маҳбуслар катта умумий авфни кутишарди. Москва комиссияси бизнинг лагеримизда фақат икки кун бўлди. Комиссия аъзолари лагерни кўришди, маҳбуслар яшайдиган баракларга киришди, ошхонага боришди. Улар яна 20 тача маҳбуслар билан суҳбатлашишди. Уларнинг орасида Маховицкий ҳам бор эди. Суҳбат лагер бошлиғининг хонасида бўлиб ўтди. У ерда Москвадан келган комиссия аъзоларидан ташқари лагер бошлиғи Станицкий ва 2–3та лагер зобитлари бор эди. Комиссия раиси, МВД полковниги Маховицкийдан сўради:

— Сиз, эҳтимол, бу йил Совет давлатининг 50 йиллик юбилейи муносабати билан катта авф кутилаётганини биларсиз?

Маховицкий билишини тасдиқлади.

— Сиз нима деб ўйлайсиз — сиз авф этиласизми?! — сўради полковник.

Маховицкий елкаларини ноаниқ равишда қисди:

— Билмайман!

— Нима сабабдан сиз бу ердасиз? — янгради савол.

— Худога эътиқодим учун!

— Худога эътиқоди учун бизда ҳеч кимни суд қилмайдилар, — тушунтира бошлади полковник. — Сизни аниқ ҳаракатларингиз — совет қонунларини бузганингиз учун озодликдан маҳрум қилишди.

Маховицкий жавоб берди:

— Мен сизнинг гапингизга қўшиламан; ўртоқ бошлиқ, тўғри, бизнинг мамлакатимизда аниқ ҳаракатлар учун суд қилишади: эътиқод учун, ибодат йиғилишлари учун, Хушхабарни тарғиб қилгани учун.

— Ленинградда қаерда ишлагансиз?

— Киров заводида.

— О, бу жуда катта революцион анъаналарга бой, машҳур собиқ Путилова заводи—ку! Унда жуда кўп марта Владимир Ильич Лениннинг ўзи нутқлари сўзлаган. Маховицкий, қандай қилиб шундай катта революцион анъаналарга бой коллектив сизни қайта тарбияламади?! — ҳайрон бўлди полковник.

— Эътиқодингизга кўра кимсиз? — полковник Маховицкийнинг масиҳий-баптист эканлигини жуда яхши билса—да, аниқлади полковник.

— Мен — Хушхабар-баптист эътиқодидаги масиҳийман.

Полковник лагер бошлиғига мурожаат қилди:

— Лагерингизда баптистлар нечта?

— Лагерга учта баптистни келтиришди. Аммо бугунги кунда лагерда улар кўпчиликни — 10–15та кишини ташкил қилади. Маховицкий ва унинг эътиқодидаги биродарлари лагерда фаол ташвиқот олиб боришди! Мен бу ҳақда аллақачон Москвага — Вазирликка билдирганман. Улар билан нима қилиш кераклиги ҳақидаги кўрсатмаларни кутаяпман!

— Маховицкий, сиз нега лагерда эътиқодий ташвиқот билан шуғулланаяпсиз? Янги муддат олишни хоҳлайсизми? Менга сиз ва сизнинг ҳамфикрларингиз баракда очиқчасига ибодат қилишингизни, эътиқодий дунёқарашингизни бошқа маҳбусларга зўрлаб ўтказишингизни айтишди. Агар сиз ибодат қилишни бас қилмасангиз, катта авфни ҳеч қачон кўрмайсиз! — деди москвалик полковник.

— Ибодат қилмаслик бизнинг қўлимиздан келмайди, ўртоқ бошлиқ! Бунда бизнинг ҳаётимиз! Ибодат — бу бизнинг эътиқодимизнинг, Худога севгимизнинг нафасидир! Шу учун биз ибодатимиз ва эътиқодимиз учун лагердамиз! — жавоб қилди Маховицкий.

Лагер бошлиғи:

— Маховицкий, ибодат ёки озодлик — танланг!

— Биз ўз Худойимизга ибодат қиламиз! — жавоб қилди Фёдор Владимирович.

Москвалик полковник:

— Тушунинг, Маховицкий, лагер — бу давлат муассасаси! Қонунга асосан жамоат бизнинг мамлакатимизда давлатдан ажратилган. Сизнинг давлат муассасасида, ҳатто баракда ибодат қилишга ҳаққингиз йўқ!

— Аммо биз қаерда ибодат қилишимиз керак?

— Ҳожатхонада! — сурбетларча кулди полковник.

— Агар ибодатларингиз ва ташвиқотларингизни бас қилмасангиз, сизни бошқа янада узоқроқ, ярим йиллаб қуёш юзини кўриб бўлмайдиган лагерларга юборамиз! — қўшиб қўйди комиссия аъзоларидан бири. — Озод бўлганингиздан сўнг, уйингизда ибодат қиласиз, ҳозир эса озод бўлгунингизча чиданг!

— Биз баракдаги кроватимиз ёнида ибодат қилганмиз ва ибодат қиламиз ҳам. Сиз бизни озодликдан маҳрум қилдингиз, хотинларимиз ва болаларимиздан тортиб олдингиз, бизни шимолга, лагерга олиб келдингиз. Бугун — барак ва наралар — бизнинг уйимиз, шу ерда биз ибодат қиламиз!

— Сизни янада Шимолга жўнатамиз! — таҳдид қилди москвалик полковник.

— Ўртоқ бошлиқ! Шимолдан нарига — йўл йўқ, у ерда Шимолий муз океани бор. Агар бизни бошқа лагерга олиб борсангиз, унда фақат иссиқроқ ва пашшалар бўлмаган жанубга олиб борасиз, — хотиржамлик билан жавоб қилди Фёдор.

— Уни энг қийин ишларга тайинланг! — буюрди москвадан келган полковник.

— Суҳбат тугади! Кетишингиз мумкин! — деди Станицкий.

Кейин Фёдор хонадан чиққандан сўнг полковник қичқирди:

— Маховицкий! Катта авф ҳақида ўйлаб кўринг! Сизнинг озодлигингиз — ўз қўлингизда. Сизни уйда хотинингиз, болаларингиз ва ҳатто тақводор биродарларингиз кутаяпти!

Москвалик комиссия кетганидан сўнг кейинги кунлари лагер бошлиғи ўз кабинетига биз билан Худо ҳақида кўп суҳбатлашган маҳбусларни чақира бошлади. Станицкий уларнинг ҳар бирига агар улар биз билан ҳар қандай муносабатни тўхтатсалар, тезда озодликни авф бўйича ваъда қилди. Аммо бундайлар йўқ эди. Фёдор Владимировични эса лагер ёнида жойлашган посёлкадаги аҳоли уйларини қуриш бригадасига ишга тайинлашди. Аммо унинг руҳи тушмади. “Дурадгорлик ишини жуда яхши соғиниб қолгандим!” — қувноқлик билан деди у бизга.

Июлнинг бошида бизга зимдан яхшилик қилиб юрган лагер зобитларидан бири Каншаубига шундай деди: “2–3 кундан сўнг сизларнинг учалангизни Чепечанкадан бошқа лагерга жўнатишади”. Бизни бу хабар жуда тўлқинлантирди: буларнинг барчаси лагердаги Масиҳга яқинлаша бошлаган одамларнинг тақдирида қандай акс этаркан? Биз Худога ибодат қила бошладик: “Ҳеч бўлмаса биттамизни бу ерда Чепечанкада қолдир, токи биз яқинлашган қалбларга маънавий кўмак элтишда давом қилайлик!”

Бир кундан сўнг зобит бизнинг учаламизга кечқурун давлат томонидан берилган нарсаларни — матрацларни, кўрпаларни, чойшабларни, ёстиқларни топширишни ва этапга тайёрланишни буюрди:. Шу охирги куни биз яширин ибодат йиғилиши ўтказишга ва унга Худони англашга яқинлашган барча маҳбусларни таклиф қилишга қарор қилдик.

Биродарларимиз биринчи бўлиб Хушхабарни ўқишни менга топширишди. Мен янги дўстларимизга қарадим: улар бизга қандай яқин бўлиб қолишди! Худо уларнинг юракларида ўз ишини бошлади, Унинг ҳақиқати нурлари юракларининг энг яширин, чуқур жойларига барча ёвуз ва жиноий нарсаларни фош қилиб кира бошлади. Ҳақиқатдан ҳам Худо Сўзи — худди Муқаддас Китобда ёзилганидай маънавий қиличдир: “Худонинг каломи жонли ва таъсирли, ҳар турли дудама қиличдан ўткирроқдир. У жон билан руҳни, бўғинлар билан иликни бўлгундек суқилиб киради, юракнинг хаёлу ниятларини фош қилади” (Ибр. 4:12).

Худо нафақат инсон қалбининг гуноҳкорона моҳиятини фош қилади ва очиб ташлайди, балки қалбларга ҳалокатли, танглик ҳолатидан чиқишга ёрқин умид, авф қилиниш ва қайта тирилишга — гуноҳкорлик зулматидан янги, қувончли ва пок ҳаётга Худо билан бирга боришга умид бағишлайди. Қалбларнинг қайта тирилиши — гуноҳларда ва жиноятларда қотган, ёлғон, сурбетлик ва нафрат билан суғорилган юрак тўсатдан яхшилик, севги ва шафқат учун очилади... Илгари тўхтовсиз сўкиш, лаънатлар ва ёмон сўзлар оқимини чиқараётган оғиз — энди қувонч билан қисқагина қилиб муқаддас сўзларни айтади: “Худо! Менинг Раббим!”

Учаламиздан ҳар биримиз йиғилганлар учун Хушхабардан парча ўқиб, қисқа ваъз айтдик. Биз лагерда биринчи марта барча Худога яқинлашганлар билан ана шундай катта йиғилиш ўтказдик. “Эртага эрталаб биз учаламиз этапга жўнашимизни айтишди!” — дедим мен сўзимнинг сўнгида. Янги дўстларимиз бизни кутаётган айрилиқдан хафа бўлишди ва хавотирга тушишди.

“Биз доимо сизлар учун ибодат қиламиз, Худо бу ерга ўз хизматкорини юборишига ва сизлар етим бўлиб қолмаслигингизга ишонамиз! Биз сизга бу Хушхабарни қолдирамиз, бу кичик гуруҳга — бўлажак лагер жамоатига жавобгарни танлашни хоҳлаймиз. Биз биродарларимиз билан муҳокама қилдик, сенга, Михаил, Хушхабарни топширишга ва бу ердагиларнинг ҳаммаси ҳақида руҳий васийликни топширишга қарор қилдик. Масиҳ ҳақидаги гувоҳлик бу тайга лагерида давом қилиши керак. Худо сизни ташлаб қўймайди!” — Мен Хушхабарни Михаилга — маҳбуслардан бирига топширдим. Мен у билан Москвадан келаётган этап пайтида танишган эдим. Охирида Каншауби ибодат қилди, кейин биз йиғилишимизнинг ҳар бир иштирокчиси билан хайрлашдик ва эҳтиёткорлик билан битта-битта тарқалдик.

Уйқудан олдин баракда биз яна бирга тиз чўкиб, узоқ вақт ибодат қилдик. Ўша кеча биз яна ўз нараларимизда ухладик, аммо энди матрасларсиз, ёстиқларсиз ва кўрпаларсиз. Кейинги куни эрталаб барвақт турдик ва ибодат қилдик. Подъемдан сал олдин отряд командири баракка югуриб кирди ва: “Баптистлар, этапга!” деди.

Отряд командири — бизнинг барак тарбиячиси — 30 ёшлардаги баланд бўйли, озғин лейтенант биз — художўйларни унча ёқтирмасди. У бизни йўлимиздан қайтариш, атеизм ва материализм руҳида қайта тарбиялаш учун эътиқод ва Худо ҳақида биз билан доимо баҳслашарди. “Мен сизнинг эсингизни киритиб қўяман! Сизни тўғри йўлга соламан!” — дерди у кўпинча бизга бошқа маҳбусларнинг ёнида. Аммо у сира муваффақиятга эриша олмасди. Аксинча маҳбуслар орасида бизнинг эътиқодимизга катта қизиқиш уйғотарди.

“Баптистлар, тез ошхонага, ўз паёгингизни олинг, кейин — йўлга!” — қичқирди отряд командири. Эшикка етганда у қўшимча қилди: “Ниҳоят бизнинг лагеримиз бу баптистлардан қутулади!”

Биз ошхонадан қайтиб келганимизда, баракка яна отряд командири югуриб кирди: “Маховицкий! Хотинингиз билан учрашувга! — яна баланд овозда қичқирди у. — Бу баптистларнинг омади чопган-да — қаранг-а, хотини Питердай жойдан келибди-я!”

Маҳбус Костя — Москвалик таксист, қайта тарбиялаб бўлмайдиган баптистлардан қутулаётган отряд командирига тушунган ҳолда жилмайди.

— Гражданин бошлиқ, — деди Костя,— баптистларнинг касаба уюшмаси кучли, тўғрими! Ленинграднинг ўзидан Маховицкийнинг хотини келибди! Уларга баптистлар касаба уюшмаси жуда яхши ёрдам берибди — тасаввур қилаяпсизми — 2000 километрдан келибди-я!

— Ҳа, яна ўғли билан! — тўлдирди отряд зобити.

— Ҳа, уларнинг касаба уюшмаси мустаҳкам, — яна бир марта такрорлади Костя. — Бизникига ўхшамайди... —Костя қайғули тарзда қўлларини ёйди.

Учрашувга тўсатдан чақирилиш Фёдорни кучли ҳаяжонга солди. Биз ва Каншауби ҳам ҳайратдамиз: этап ва тўсатдан — учрашув! Аммо биз биродаримиз учун бахтлимиз.

— Келинглар, биродарларим, ибодат қилайлик, кутилмаган қувонч учун Худога миннатдорчилик билдирайлик! — дейди Фёдор.

— “Тор жойда Сен менга кенглик ато қилдинг!” — Каншауби 4-сано сўзларини ўқиди.

Биз тиз чўкдик, Фёдор ибодатда Худога Унинг ажойиб йўллари учун қизғин миннатдорчилик билдирди. Отряд бошлиғи биз ибодат қилаётганимизда сабр билан кутиб турди. “Майли, баптистлар сўнгги марта менинг барагимда ибодат қилиб олишсин! Агар улар шунчалар ақлсиз бўлсалар ва ибодатсиз тура олмасалар!” — афтидан у шундай деб ўйласа керак. Кейин Фёдор отряд командири ҳамроҳлигида вахтага учрашувга кетди. Баракда биз билан Каншаубидан ташқари яна бир нечта маҳбуслар бор. Қолганлар аллақачон баракдан чиқишиб, лагер дарвозасидаги вахта томонга разводга қараб кетишди.

Якшанбадан ташқари ҳар куни эрталаб 7.00да ишга кўрикдан ўтказиш бошланади. Деярли барча меҳнатга лаёқатли маҳбуслар қуролланган соқчилар ва итлар назорати остида ўрмонга жўнашади. Ишга кўрикдан ўтказиш лагер дарвозаси ёнидаги устунга осилган рельс парчасига қаттиқ урушдан бошланади: “Бўм! Бўм! Бўм!” соқчилардан бири рельсга темир бўлаги билан 9–10 марта урган пайтда оғир металл товуши баракларнинг ва бошқа биноларнинг барча бурчакларига етиб боради.

Кейин лагер радиоси: “Гражданин жазоланганлар! Ишга кўрикдан ўтказиш эълон қилинади! Бригадирлар ўз бригадаларингизни олиб чиқинг!” — деб шундай баланд товушда эълон қиладики, унинг овозини нафақат зона, балки бутун тайга эшитади. Бизни энди маҳбуслар деб эмас, “гражданин жазоланганлар” деб аташади — бу янгилик яқинда жорий қилинди. Лагер ҳам энди расман лагер деб эмас, МТМ — меҳнат тузатиш муассасаси деб аталади.

“Ишга кўрикдан ўтказиш! Чиқ!” — баланд товушда қичқиришади назоратчи соқчилар ҳар бир баракка кириб. Мана, барча бараклардан секин, истар-истамай лагер дарвозаси томонга қараб қовоқлари солинган, уйқудан салқиган юзли маҳбуслар судралиб боришади. Олдинда узун кун ва машаққатли, мажбурий иш... Маҳбуслар кечки соат 6–7ларда жуда чарчаб, оч қолиб, оёқларини зўрға судраб қайтадилар. Бизнинг лагеримиз ёғоч тайёрлайди: “Мамлакатга ёғоч керак!” Лагерда фақат касаллар, ногиронлар, қариялар ва хўжалик хизматчилари — супуриб-сидирадиганлар, зонада таъмирлаш ишларини олиб борадиганлар ва лагер ошхонасида овқат пиширадиганларгина қолишади.

Биз Каншауби билан баракдан чиқдик. Атроф жим-жит, сокин, шамол йўқ, тайгадан пашшалар булути учиб келяпти — афтидан, кеча давомида маҳбуслар қонини соғинишган, оч қолишган, шекилли... Бизнинг ёнимиздан дарвозага томон ишга маҳбуслар ўтиб боришяпти. Улар ғазаб билан пашшаларни ҳайдашади. Аммо уларни тайгада, ёғоч тайёрлашда нима кутяпти — ўйлашнинг ўзи даҳшат! Пашшалар шоҳлиги: ўнлаб, юзлаб пашшалар тананинг очиқ қисмларига, юзларга ва қўлларга ёпишишади.

Баъзи маҳбуслар бизнинг этап қилинишимиз ҳақида аллақачон билишади. Дўстона равишда қўлларини силкитадилар, хайрлашадилар ва биз тезроқ озод бўлишимизни тилайдилар. Кимдир тўхтаб, сўрайди:

— Этап қаерга? Нечта одам? Сизни қаерга жўнатишяпти?

— Билмаймиз! — жавоб қиламиз биз Каншауби билан. — Этапга — фақат учаламиз, шекилли.

— Ҳар қандай вазиятда ҳам сизни жанубга пашшалар кам жойга олиб боришади! Шимолга йўқ-йўқ, — ишонтиришади баъзилар.

Маҳбуслардан бири — биз у билан таниш эмасдаймиз — хайрлашишга келди ва бизнинг қўлимизни қисиб, жилмайди:

— Сизга бундай сўнг ҳам ўз эътиқодингиз учун худди шундай мустаҳкам туришингизни тилайман! Маъмурият сизнинг эътиқодни ҳимоя қилиб айтган сўзларингиздан қўрқди. Сиз ғалаба қилдингиз! Бундан кейин ҳам худди шундай қилинг!

— Сиз-чи?! Сизнинг Худога муносабатингиз қандай? — сўраб улгурдик биз.

Ёнимиздан бир зобит югуриб ўтиб борарди. Бизнинг маҳбуслар қуршовида турганимизни кўриб, у беғараз қичқирди: “Баптистлар, ташвиқотни бас қилинг! Кучингизни янги лагерлар учун асранг! Оқ йўл!”

Биз баракка қайтиб кирдик. Бир соатдан сўнг Фёдор учрашувдан қайтиб келди. У жилмаяр, бахтиёр эди.

— Нега учрашув бунча тез тугади? — сўрадим мен.

— Бошқа рухсат беришмади — этап, — жавоб қилди у. — Клава келди, яна ўғлим Миша ҳам! У жуда хурсанд бўлди, чунки у мени кўпдан бери кўрмаганди. Клава озиқ-овқат, нарсалар олиб келибди, аммо раҳбарлар рухсат беришмади. Мана фақат учта помидорни олиб ўтишга рухсат беришди.

Фёдор курткасининг чўнтагидан учта қип-қизил, катта-катта помидорларни чиқарди ва нараларнинг устига қўйди. Улар қандай чиройли ва хушбўй! Биз уларни қўлга олиб меҳр билан силаймиз: анчадан бери янги узилган сабзавотларни кўрмаган эдик. Ҳаттоки лагер овқатидаги картошка ҳам қуритилган эди. Помидорларга шу куни у ёки бу сабаб билан ишга чиқмаган бошқа маҳбуслар ҳам ҳасад билан боқишади. Фёдор тумбочкадан яшириб қўйилган ва аррадан ясалган пичоқни олиб, ҳар бир помидорни бир неча бўлакка бўлди: помидорлар ўн бўлакка бўлишди. Баракда маҳбуслар сони нечта бўлса, тахминан шунча.

“Олинглар йигитлар! Янги узилган помидорлар, ҳозиргина озодликдан!” — қувончли овоз билан мурожаат қилди у ҳаммага. Биз помидорларни газета ёзиб устига қўйдик. Маҳбуслардан кимдир бир чимдим йирик туз олиб келди. Биз ўрнимиздан туриб, овқатга Худонинг марҳаматини сўрадик. Шундан сўнг ҳар ким ўзига кичик бир бўлак янги, ажойиб мазали поимдордан олди. Шу пайт вахтадаги аскар югуриб кириб келди ва қичқирди:

— Маховицкий, Винс, Джангетов! Вахтага, этапга!

— Хайр, йигитлар! — дедик биз ҳамма маҳбусларга ва аскар билан вахтага кетдик.

Вахтада бизни тинтув хонасига олиб киришди — хонада узун оғир стол турарди. Учта аскар аллақачон бизни кутиб туришарди. “Нарсаларингизни столга қўйинг! Ҳамма нарсангизни чўнтагингиздан чиқаринг!” — деган буйруқ берилди. “Пулингиз борми? Пичоқ, устара, гиёҳванд моддалар?!” — сўрашди аскарлар.

Биз стол устига иссиқ, қишки кийимларимиз солинган қопларимизни қўйдик: пахтали камзул, пахтали шимларимиз, пийма, жун пайпоқлар ва иссиқ жун қўлқоплар солинган қопларимизни — уларсиз Шимолда мумкин эмас — ҳалок бўласан. Мана шунинг учун ҳам буларнинг ҳаммасини қопда асрашга ва лагердан—лагерга ўзимиз билан олиб юришимизга тўғри келади. Аскарлардан бири стол устига менинг қопимдаги нарсаларни тўкиб, менга қаради:

— Нега жавоб бермаяпсан? Пулинг борми? Таъқиқланган бирон нарса борми?!

— Таъқиқланган ҳеч нарсам йўқ! — жавоб қилдим мен аскарга.

— Агар топсам-чи?! Мендан таёқ ейсан! — Аскар ҳали жуда ёш, ҳали кўп бўлса ўн тўққиз ёшдадир, аммо у аллақачон қўполликка ўрганган.

— Ахтар! — дедим мен хотиржам. Бошқа аскар мени тинтув қилаётган ёш аскарга ўргатди:

— Ундан Муқаддас Китоб ҳақида сўра — уни қаерга беркитди экан?

— Қани сенинг Муқаддас Китобинг?! Бу ёққа бер! — қўполлик қилди ёш аскар.

— Лагер бошлиғида, — олдингидай хотиржам жавоб бердим мен.

— Нима сен, Худога ишонувчанмисан? Одамларни аҳмоқ қилиб, динни тарғиб қилдинг?! Сени отиб ташласа ҳам кам!

— От! — дедим мен хотиржам.

Менинг хотиржамлигим очиқдан — очиқ ёқмаяпти.

— Сен мендан оласан, ҳозир! — ириллайди у менга. — Сенинг эътиқодингни миянгдан чиқариб ташлайман!

Менинг қишки кийимларимни тинтув қилишни тугатиб аскар буюрди:

— Кийимларингни еч! Ҳамма нарсангни еч, пайпоқларингни ҳам!

Мен ҳамма кийимларимни ечиб стол устига қўйдим. Аскар синчиклаб ҳамма нарсани текшириб чиқди. Ҳар бир чивиқни бармоқлари билан синчиклаб кўрди. Аммо таъқиқланган ҳеч нарса топа олмай, менга кийимларимни қайтариб берди:

— Ол! Тез кийин!

Мен кийиниб бўлганимда тинтув хонасига лагер бошлиғи Станицкий кириб келди. Каншауби, Фёдор ҳам тинтувдан кейин кийиниб бўлишганди.

— Тинтувни тугатдингизми? — сўради Станицкий аскарлардан.

— Тугатдик! Ҳаммаси жойида, ўртоқ майор! — Станицкийнинг эгнида майор погонлари бор янгигина ҳарбий кийими бор эди: унга эндигина бу унвонни беришганди.

Мен Станицкийга мурожаат қилдим:

— Гражанин бошлиқ! Сизга мурожаат қилишга рухсат этинг!

— Ҳа, эшитаман, — жавоб берди Станицкий.

— Мен бу лагерга келганимда сиз мендан Муқаддас Китобни олиб қўйдингиз. У ҳозир қаерда? Сиз мен озод бўлган вақтимда ёки лагердан этап қилинаётганимда қайтариб беришга ваъда берган эдингиз.

— Ҳа, беришга ваъда қилганман, — тасдиқлади Станицкий. — У менинг сейфимда! Ҳозир қайтариб бераман.

Станицкий тинтув хонасидан чиқди. Тезда у қўлида Муқаддас Китоб билан қайтиб келди.

— Мана, олинг! — Станицкий менга Муқаддас Китобни узатди.. — Аммо янги лагерда уни сиздан яна олиб қўйишади, — қўшиб қўйди у.

— Раҳмат, гражданин бошлиқ, — мен Станицкийга миннатдорчилик билдирдим. — Сиз уни ўқидингизми?

— Ўқидим! Қизиқ китоб, аммо жуда кўп тушунарсиз жойлари бор.

— Муқаддас Китобда энг асосийси — бу Исо Масиҳда нажот топиш масаласи, — изоҳ берди Каншауби. — Китобдан энг асосий жойини ўқиб беришга рухсат беринг.

Каншауби менинг қўлимдан Муқаддас Китобни олиб, уни очди. Кейин Юҳанно Хушхабарининг 3:16, 17 оятларини ўқий бошлади: “Зеро Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди, токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин. Худо оламни ҳукм қилиш учун эмас, балки Ўғли орқали қутқариш учун Ўғлини дунёга юборди”.

“Худо сизни севади, гражданин бошлиқ! Масиҳ хочда сизнинг ҳам гуноҳларингиз учун ўлди!” — Станицкийга мурожаат қилиб деди Фёдор. Станицкий Каншаубининг қўлидаги Муқаддас Китобга хаёлчан қарашда давом қилиб бошқа ҳеч нарса демади. Кейин у тинтув хонасидан ҳеч нима демасдан чиқиб кетди. Мен Муқаддас Китобни нарсаларим солинган қопга солдим. Аскарлар жимгина бўлиб ўтаётган воқеани кузатиб туришарди.

Тинтувдан кейин учта аскар бизни лагердан олиб чиқиб, темир йўл томонга олиб кетишди. Биз лагердан 100 метрлар нари кетганимизда, бизни тўсатдан тўхтатишди: лагердан бир зобит чопиб келарди “Жангетов! Орқага, лагерга қайтинг — сиз қоласиз!” — қичқирди зобит. Бу шунчалар кутилмаган бўлдики, нафақат Каншауби, аммо биз ҳам Фёдор билан тўхтадик: нима гап? Нима бўляпти? Зобит бизнинг ёнимизга келиб, Каншаубини елкасига қоқди: “Кетдик лагерга!”

Каншауби ўзини йўқотиб қўйди... У биз билан йўлда эди — тўсатдан бундай ўзгариш! Биринчи бўлиб Фёдор ўзига келди: “Каншауби! Худо сени лагерда қолдиряпти! Сен шу ерда кераксан!” Фёдор бундан ортиқ ҳеч нарса дея олмасди, чунки ёнимизда аскарлар ва зобит туришарди. Солдатлар бизни шошира бошлашди: “Хўш, нега қотиб қолдингиз?! Кетдик!” Биз азиз Каншауби билан қучоқлашиб хайрлашдик ва зобит уни қайтиб лагерга олиб кетди, бизни эса аскарлар темир йўлга — этапга олиб кетишди. “Хайр, Каншауби! Худо сенга ёр бўлсин!” — охирги марта қичқирдим мен.

Бизнинг Чепечанка шимолий лагеримиздан жанубга Чепец бош лагеригача тор изли темир йўл боради. Шу йўлдан Кама дарёсига ёғоч чиқарилади. Нарига эса баҳорда ёғоч Кама бўйлаб оқизилади: ёғочларни сувга туширишади ва улар дарё бўйлаб Соликомскгача ёки янада узоққа — жанубга — то Волга дарёсигача сузиб боришади. Йўл тор изли ва унинг узунлиги бор йўғи 70 км бўлса-да, унинг номи жуда жарангдор — “Чепечанка темир йўли”. Чепец қишлоғида ҳаттоки кичкинагина вокзал ҳам бор: кичкина ёғоч будкача — унга бор-йўғи ўнтача йўловчи сиғади. Аммо будканинг эшиги устига “Вокзал” деб ёзилган.

Сталин 30-йиллардаёқ бутун Узоқ Шимол орқали темир йўл ўтказмоқчи бўлган: ғарбдаги Оқ денгиздан шарқдаги Охота денгизигача, Транссибир магистралига — аммо улгурмади. Фақат Воркутагача қурдирди, у ёғини қуришга улгурмади — уруш ҳалақит берди. Бу йўлни миллионлаб маҳбуслар қуришди. Аммо тайга ва ботқоқ уни ютиб юборди, бу жуда катта ҳаракатдан фақат жуда кам натижа қолди, холос — 70 километрлик тор изли “Чепечанка магистрали”. Баҳорда, ёзда ва кузда бу темир йўли — Чепечанка лагери билан боғланишнинг ягона воситасидир. Қишдан бошқа пайтда Чепечанка ва Чепецдаги тайга йўлларидан кўп сонли жилғалар ва ботқоқликлар туфайли машиналар умуман ўта олмайдилар.

Мана энди биз шу темир йўлдан жанубга саёҳат қилишимиз керак. Бизни кутиб турган маҳбуслар вагони худди катта ҳайвон қафасига ўхшайди, фақат ёмғирдан ҳимоя қилиш учун томи бор. Бу қафас тор темир йўли платформасига қўйилган ва платформанинг тахминан 2/3 қисмини банд қилган — бу биз маҳбуслар учун. Платформанинг 1/3 қисми 2–3 кишидан иборат соқчилар учун майдонча. Зарур бўлиб қолганда у ерга ит ҳам сиғади. Биз учун мўлжалланган вагоннинг деворлари — бу қалин пўлат симлардан ясалган панжара — шундай экан, ундан шамол ўтиб туради!

Биз маҳбуслар вагонида беш киишимиз: мен, Фёдор ва яна учта бемор маҳбуслар: улар Чепецдаги лагер касалхонасига кетяптилар. Улардан бири вагон полида ётибди, секингина инграяпти. Қолган иккитаси тор ўтирғичда ўтиришибди. Иккаловининг ҳам қўли синган. Синган қўллари қандайдир ёғоч бўлаклар қўйиб латта-лутталар билан ўралган, гипс қўйилмаган. Составда бор-йўғи иккита вагон бор: бизнинг маҳбуслар вагонимиз ва “олий даражали” деб аталадиган йўловчилар вагони. Олдинда — мотовоз йўловчилар вагонида Клавдия ва Миша кетишяпти.

Жўнашимиздан олдин “қафасимиз” олдида Станицкий пайдо бўлди. У бизнинг ҳаммамизни кўриб турибди, аммо соқчидан сўрайди:

— Этапга жами нечта одам кетяпти?

— Бешта маҳбус: учтаси — Чепецдаги касалхонага, иккита баптист эса бошқа лагерга.

Станицкий жимгина Фёдор билан бизга қарайди. У бизнинг ёнимизда турибди. Фақат қафаснинг йўғон симлари бизни ундан ажратиб турибди. Афтидан, Станицкий бизга нимадир демоқчи, аммо соқчи аскарлар ёнида айтолмайди. Биз унда панжара орқали қараб турибмиз.

— Гражданин бошлиқ, хайр! Қилган яхшиликларингиз учун раҳмат, — дейди Фёдор.

Мен ҳам Станицкий билан хайрлашдим ва унга миннатдорчилик билдирдим. Аммо Станицкий худди бизнинг миннатдорчилигимизга эътироз билдиргандай заҳархандалик билан тиржайди.

— Мен сизга қанақа яхшилик қилдим?! Қафасда ушлаганимми? — секин сўрайди у.

— Сиз бизга шахсан ёмонлик қилмаганингиз, хотинларимиз учрашувга келганларида уларни таҳқирламаганингиз учун биз сиздан миннатдормиз. Сизга катта раҳмат, гражданин бошлиқ! — қизғин дейди Фёдор.

Станицкийнинг чеҳраси ёришди:

— Сизга оқ йўл ва тезроқ озод бўлишингизни тилайман!

— Гражданин бошлиқ, Худо сизга нажот топиш йўлларини очиши учун биз ибодат қиламиз, — дедим мен хайрлашиб.

Соқчи аскарлар бизнинг суҳбатимизни қизиқиш билан тинглаяптилар. Станицкий яна бир неча дақиқа қафасимиз олдида турди, кейин эса аста-секин лагер томонга юриб кетди. Фёдор Станицкий ҳақида шундай деди: “Унинг қалби Худосиз қийналяпти! У 30-йилларда Ленинградда катта одам бўлган ва тақводорларни шахсан ўзи отиб ташлаган. Бу ҳақда унинг ўзи менга айтиб берди. Охирги ойларда эса лагерда у Худо ҳақида кўп нарсаларни эшитди, бизнинг масиҳийлик ҳаётимизни кузатди, сейфида Муқаддас Китоб турганда уни яширинча ўқиди ҳам. У бу ерга биз билан хайрлашиш учун келди. Эҳтимол, у бизда ўша ўзи ўлдирган масиҳийлар эътиқодининг давомини кўраётгандир. Худо унга тавба қилишга ва қутулишга ёрдам берсин!”

Мен эса қўшиб қўйдим: “Биласанми, Фёдор, мен ишонаманки, Худо унинг қалби устида ишлаяпти! Мана, Каншауби ҳам тўсатдан лагерда қолди — бу тасодиф эмас. Худо Каншауби орқали Станицкийнинг юрагига тақиллатишда давом қилади”.


Книга на Узбекском языке: - Горизонты веры (Георгий Винс)

На страницах книги "Горизонты веры" вы познакомитесь с историей, рассказанной Г. Винсом, верующим из Киева, который в годы правления коммунистов был арестован за свою веру и сослан в лагерь Чепечанка на Север­ном Урале. Это повествование - удивительное свидетельство человека, который даже в таких нечеловеческих условиях продолжал служить Богу и помог выжить своим товарищам по несчастью.



AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

911. Xudoning irodasini izlash (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Haqiqiy sevgini izlash (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Rejalashtirilmagan homiladorlik (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. O'z joniga qasd qilish haqidagi fikrlar (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Jinsiy zo‘rlanish (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Ota-onaning ajralishi (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Nizolar (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Yaqin insonning vafot etishi (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    Сенинг Чўққиларинг томон йўл (Ханна Харвард)    Фаришталар ҳам сукут сақлаган эдилар (Макс Лукадо)    Худонинг Буюклиги (Эйден Тозер)    Яраланган юрак (Дэн Аллендер)    Худонинг Муқаддаслиги (Роберт Спраул)    Фарзандингиз учун қай тариқа чўпон бўлиш мумкин? (Тед Трипп)    Энага яна ёрдамга шошади (Мишель Лароу)    Сандон устида (Макс Лукадо)  Гувохлик ва биография (Николай Бойко Ерофеевич)    Турмуш ўртоғингиз нотўғри ёъл тутганда, Сиз тоғри ёъл тудинг (Лесли Верник)    Матонат соҳиби (Джош Макдауелл)    Бахтли оила (Абдулла Рашидов)    Zamonamiz durdonasi (Nikolay Boyko)    Худди Исо Каби (Макс Лукадо)    Уни Нажоткор деб аташлари таажжубли эмас (Макс Лукадо)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак