Георгий Винс. Эътиқод уфқлари - (2-боб) Китоб Ўзбек тилида
E’tiqod ufqlari (Georgiy Vins) O‘zbek tilida Audiokitob
МУНДАРИЖА
Сўзбоши
Биринчи боб. Шимолий этап
Иккинчи боб. Каншаубининг ҳикояси
Учинчи боб. “Букри”
Тўртинчи боб. Лагерда уч киши
Бешинчи боб. Сўнгги кунларда бирга
Олтинчи боб. Жанубга этап
Еттинчи боб. Соликамск жўнатиш қамоқхонаси
Саккизинчи боб. Эътиқод уфқлари
ШЕЪРЛАР
Менинг сўқмоғим
Россия ва Масиҳ
Украина — қувонч ва орзу
Йўлда
Россия — фақат қайинлар эмас
Аср касаллиги
Бизга Худо керак!
Йўллар чорраҳасида
Ёлғон ҳаётда яшамаслик
Хизмат ҳақида сокин суҳбатлар
Муқаддас бўлиш — бу севги
Муқаддас Китоб шоирлари
Қайта тирилиш тонглари
“Тутқуннинг ўйлари”
83-сано
Мен сени севаман, Масиҳ биродарлиги!
Болаларим, менинг болаларим! Яна айрилиқ йиллари...
Иккинчи боб
Каншаубининг ҳикояси
“Сиз мусулмон бўлгансиз, энди эса сиз Масиҳга эътиқод қиласиз — бу қандай содир бўлди? Айтиб беринг, Каншауби”, — сўрадим мен Масиҳдаги янги биродаримдан ишдан кейинги бўш кечқурунлардан бирида. У менга ўз халқи, ўз ҳаёти ва оиласи ҳақида айтиб берди.
Кавказ водийлари ва тоғлари орасида унча кўп сонли бўлмаган халқ — черкаслар яшашади. Уларнинг сони бугунги кунда 100 мингдан ортиқ эмас. Баланд оппоқ қорли тоғ чўққилари, тошлоқ ўзандан силлиқ тошларни шовқин-сурон билан думалатувчи тезоқар ва жадал тоғ дарёлари, ям-яшил гуллаётган водийлари. Барча шу гўзалликлар узра осмон, кундузи у кўм-кўк, жануб қуёши у узра нур сочиб туради, тунлари эса — қоп-қора, сирли, ёрқин ёнувчи юлдузлар... “Бу — менинг Ватаним! — шодлик билан жилмаяди Каншауби. — У ерда мен жуда севадиган ва Масиҳга жуда муҳтож менинг халқим яшайди!”
Каншауби болалик йилларини эслайди. Унинг ҳамма қариндошлари — мусулмонлар. У туғилиб ўсган овулдан унча узоқ бўлмаган жойда рус қишлоғи жойлашган эди. у болалигида қариндошлари ва қўшниларининг руслар ҳақида, уларнинг ҳаётлари ва урф-одатлари ҳақида айтиб берганларини кўп эшитган... Русларда ўз Худолари — Масиҳ бор ва руслар ўзларини масиҳийлар деб аташади. Черкас қарияларнинг айтиб беришларича, қачонлардир, 100 йиллар илгари руслар ва черкаслар ўртасида катта уруш бўлган... Аммо бугунги кунда улар тинч яшашади — рус қишлоғи ва унинг ёнида черкаслар овули. Кўп руслар черкас тилини билишади, кўпчилик черкаслар эса, айниқса ёшлар, рус тилида яхши сўзлашишади.
Черкас овулининг марказида устида ярим ой бор чиройли мачит бор. Рус қишлоғи ўртасида эса катта хоч бўлган проваслав жамоати. Бир куни овулга шаҳардан қандайдир бошлиқлар келишди. Улар овул халқини мачит олдидаги катта майдонга мажлисга йиғишди ва нима ҳақдадир узоқ гапиришди, баланд овозда қичқиришди ва қўлларини силкитишди. Уларни энг кўп ҳаяжонга солган нарса — бу черкаслар Худоси ва руслар худоси Масиҳ эди! Улар кўп марта: “Оллоҳ йўқ! Худо ҳам йўқ!” деб такрорлашди.
Йиғилишдан сўнг улар мачитни ёпиб, эшигига катта қулф осишди. Мачит мулласини эса қамоққа олишди. Оқ соқолли черкас қариялар норозилик билан бошларини ирғитиб, ҳаммалари нималардир ҳақида пичирлаб сўзлашишди. Тезда рус қишлоғидаги жамоатни ҳам ёпишгани ва унинг ҳам эшигига катта қулф осишгани маълум бўлди. Рус мулласини эса — руҳонийни ҳам қамоққа олиб кетишди. Бир йилдан сўнг жамоатни ҳам, мачитни ҳам дон-дун сақланадиган омборхонага айлантиришди.
Каншауби болаликдан кўп нарсалар ҳақида хаёл суришни яхши кўрарди. У айниқса кун бўйи бир ўзи ёлғиз қўйларни боққанда ўзи яхши кўрган иши билан шуғулланарди. У тез-тез русларнинг Худоси ҳақида ўйларди: Ким У?
“Худо муруввати туфайли мен тақводор бўлдим, — давом қилди ўз ҳикоясини Каншауби. — Худо менинг руҳим уйғониши йўлини белгилаб берди. Менинг онам Хушхабар ҳақиқатини билмаса—да Худога ишонарди. У Худога Яратувчи сифатида ишонарди, шунингдек, у дунёга ва тирикларнинг ҳам, ўликларнинг ҳам устидан Худо ҳукми албатта бўлишига ишонарди. У болаларига, яъни бизга шундай дерди: “Болаларим! Унутманглар: ҳар бир одамни ўлим кутиши муқаррар бўлгани каби, ҳаммани қайта тирилиш ҳам кутади. Вақти келиб ҳар бир одам Худо ҳукми олдида туради ва ҳар бир айтган сўзи, ер юзида ҳар бир қилган иши учун ҳисобот беради”. Онам бизга шу гапларни тез-тез такрорларди ва ёш болалигимизданоқ бизнинг юракларимизда Яратганга ва Ижодкорга ишонч, ўликларнинг қайта тирилишига ишонч уруғларини сочарди.
Мени болилигимданоқ ўлим ҳақида фикр даҳшатга соларди. Мен кўпинча: “Нима сабабдан Худо одамни ўладиган қилиб яратди? Оҳ, агар одам ҳеч қачон ўлмаганда эди!” каби саволлар устида бош қотирардим. 1942 йилда отам ўлди. 1946 йилда эса онам бахтсиз ҳодисага учради: уни машина босиб кетди. Шундай қилиб, биз етим бўлиб қолдик. Бу пайтда катта акам қамоқда эди. Бизнинг етим бўлиб қолган уйимизда мендан ташқари икки укам ва бир синглим қолди: бир укам тўрт ёшда, иккинчиси — 8 ёшда, синглим эса 12 ёшда эди. Укаларим ва синглимни боқиш учун уйимиздан 40 км. нарида узоқда бўлган тоғларда пода боқиш учун ёлландим. У ерда бизни холаваччамиз ўз оиласи билан яшарди, у бизнинг ўзининг уйига олиб кетди. У яшайдиган овул ёки русчасига қишлоқ аҳолиси аралаш эди: ҳам руслар, ҳам черкаслар. Аммо улар тинч яшашарди, жанжалашишмасди.
1947 йилнинг ёзи ўртасида мен бир йигитча билан танишдим. У ҳам чўпон эди. Бир куни биз подани суғоришга ҳайдаб келдик. Тушлик пайти эди. Унинг қариндошларидан кимдир унга тушлик келтирди. Мен ҳам укаларимни тушлик олиб келишларини кутаётган эдим. Биз суҳбатлаша бошладик. Унинг исми Володя эди. У менга ҳаёти ҳақида айтиб берди: “Бизнинг бувимиз художўй бўлган. Унинг ибодатлари туфайли барча ўғиллари урушда тирик қолган!” Кейин у қўшиб қўйди: “Биз баптистлармиз”. Мен умримда биринчи бор бундай сўзни эшитиб турган эдим. Шунинг учун “баптистлар” бу бир миллат деб ўйладим.
Аммо Володя менга тушунтириб берди: “Биз — художўйлармиз, бизда Муқаддас Китоб бор. Отам тез-тез ундан бизга парчалар ўқиб бериб туради. Бизнинг отамиз ичмайди, чекмайди ва ҳеч қачон сўкинмайди”. Шундай қилиб Володя менга ўз оиласининг масиҳийлик ҳаёт тарзи ҳақида сўзлаб бера бошлади. У менга буларни сўзлаб бераётганда, Муқаддас Китобдан жуда кўп оятларни ёддан айтиб берарди. Бу мени жуда қизиқтириб қўйди. Мен ундан:
— Қулоқ сол, Володя, менга Муқаддас Китобингни олиб кел. Мен уни ўқимоқчиман, — деб илтимос қилдим.
Аммо Володя шундай деб жавоб қайтарди:
— Муқаддас Китоб ҳаммага ҳам тушунарли эмас.
Мен сўрадим:
— Нега бундай? У рус тилида-ку! Мен рус тилида яхши ўқийман.
Аммо Володя менга барибир Муқаддас Китобни ўқиш учун олиб келмади. У шундай деди:
— Биласанми, Каншауби, Муқаддас Китоб — жуда азиз китоб. Отам уни жуда асрайди ва уни уйдан олиб чиқишга рухсат бермайди.
1948 йили мен колхозга ишга кирдим. У ерда мен яна тақводорлар билан учрашдим. Мен колхозда ҳисобчи бўлиб ишлайдиган қиз билан танишдим. Олдинига мен унинг ким эканлигини билмадим. Аммо у бошқалардан ўзининг камтарлиги билан ажралиб туришини сездим. Мен қизиқиб қолдим ва болалардан у ҳақда суриштира бошладим. Улар: “У — баптист!” — дейишди. Ана шундай мен яна “баптист” сўзини эшитдим. Менинг саволларим кўп эди. Мен у билан яқинроқ танишишга қарор қилдим. У менга дуёнинг яратилиши ва барча нарсанинг Яратувчиси Худо ҳақида, Исо Масиҳ ҳақида, Нажот топиш йўллари ҳақида мамнуният билан сўзлаб бера бошлади. Мен қўшни қишлоқда бешта хушхабарчи масиҳий-баптистлар оилалари яшашини билиб олдим.
Ундан ўқиш учун менга бирон нарса беришини илтимос қилдим. У “Биродарлик хабарномаси” масиҳийлар журналини келтирди. Мен журналнинг биринчи саҳифасини очиб, ўқидим: “Битта Худо, битта эътиқод, битта имон келтириш”. Хўш, “Битта Худо, битта эътиқод — буни тушунса бўлади, аммо “битта имон келтириш” — дегани нимани англатади? Кейин мен ундан Муқаддас Китоб келтиришини илтимос қилдим. Қиз менга кичкинагина китобчани — Матто Хушхабарини келтирди. Чунки унда Муқаддас Китобнинг ҳаммаси йўқ экан. Мен Хушхабарни ўқий бошладим. Аммо кўп нарса менга тушунарсиз эди. Шунда мен Володянинг: “Бу китоб ҳаммага ҳам тушунарли эмас!” деган сўзларини эсладим. Энди мен ўзим Муқаддас Китобда чуқур донишмандлик мужассам эканлигига ва уни дарҳол тушуниб етиш қийин эканлигига ишонч ҳосил қилдим.
Бир куни мен колхознинг қурувчилик биргадасида ишлаб юрганимда, тушлик танаффусида қурилаётган уйнинг томида бир ўзим қолиб Хушхабарни ўқиётган эдим. Мен Матто Хушхабарининг 24-бобига эътиборимни қаратдим. У ерда Масиҳнинг охир замон воқеалари ҳақида ўз ўқувчилари билан қилган суҳбати тасвирланган эди: қуёшнинг сўниши ва ой ўз нурини бермаслиги ҳақида, ер юзи ва ундаги бор нарсалар куйиб кул бўлиши ҳақида. Мен бунга жуда қизиқиб қолиб ўйлардим: “Масиҳнинг ўзи охир замон ҳақида нима дейди?”
Шундай қилиб мен Матто Хушхабарининг 24-бобидаги оятларни бирин-кетин ўқий бошладим ва: “Бу сўзларнинг бари Масиҳнинг ўзиники!” деб ўйладим. Шу пайт тушликдан менинг ҳамкасбларим қайтиб келиб, русча Хушхабарни ўқиётганимни кўришди. Кимдир устимдан кулди, кимдир ҳайрон қолди. Аммо мен эътибор қилмадим. Мен шу бобнинг 14-оятини ўқиганимда, тўсатдан ҳаммасини тушундим: “Шоҳлик тўғрисидаги Хушхабар бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади, шу тариқа ҳамма халқлар буни эшитади, ниҳоят, охир замон келади” (Мат. 24:14). Бу менинг барча шубҳаларимни тарқатиб юборди ва Хушхабарга бўлган ҳар қандай ишончсизлигимни йўқ қилди.
Бунгача мен “Қуръон ва Муҳаммад — биз мусулмонлар учун, Масиҳ ва Хушхабар — руслар учун, масиҳийлар учун”, — деб ўйлардим. Аммо мен: “Хушхабар барча халқларга тарғиб қилинади ва шунда охир замон келади”, деб ўқиганимда, мен қарашларимни ўзгартирдим. Мен Хушхабар гувоҳлигини худди ягона ва мутлақ ҳақиқат каби қабул қилдим: Хушхабар бутун халқларга, жумладан, черкасларга ҳам тарғиб қилиниши тугамагунча Худо охир замонни ушлаб уради!” Демак, биз черкаслар ҳам Хушхабарга ишонишимиз ва Масиҳни Худо Ўғли каби қабул қилишимиз керак! Мен қўлимдаги очиқ турган Хушхабар билан сакраб ўрнимдан туриб кетдим. Мендан сал нарироқда холамнинг ўғли турарди. Унинг олдига келиб ишонч билан дедим:
— Қара! Мана бу Хушхабар барча халқларга тарғиб қилиниши керак, шунда охир замон бўлади!
Аммо у менга қараб. аччиқланиб жавоб қилди:
— Ўзингнинг русча Хушхабаринг билан ёнимга келма!
Кейинроқ менга Матто Хушхабарини берган қизни учратдим ва унга: “Қулоқ сол! Хушхабар нафақат русларники, балки барча халқларники, шу жумладан бизники — черкасларники ҳам экан-ку! Шунинг учун Хушхабар барча халқларга, жумладан, мусулмонларга ҳам тарғиб қилиниши керак!” дедим.
Шундан бошлаб менда Хушхабарнинг ҳақиқийлигига, унинг Худодан эканлигига ишонч пайдо бўлди. Мен тақводорларнинг йиғилишларига боришга қарор қилдим. Биз жуда камбағал яшардик: менда яхшироқ кийим-кечагим ва оёқ кийимим йўқ эди. Аммо мен бор нарсамни кийдим. Биз кетдик: мен ва ўша қиз оиласи билан. Худога хизмат қилишга бағишланган мажлис руслар қишлоғида — бизнинг овулимиздан 16 км. нарида эди. Тўрт соатлар юриш керак эди. Йўлда суҳбатлашиб кетаётганимизда мен сўрадим:
— Масиҳнинг Матто Хушхабарида ёзилган 10:35–36-оятларни қандай тушуниш керак: “Ўғилларни оталарига қарши қўйгани, қизларни оналарига қарши қўйгани, келинларни қайноналарига қарши қўйгани келганман. Одамнинг оила аъзолари унинг душмани бўлади.” Мени бу сўзлар ҳайрон қолдиради. Наҳотки агар мен Худо йўлини танласам, мендан бу учун нафратланишади? Бўлмаган гап!
Аммо тақводорлар менга шундай жавоб беришди:
— Сен Худо йўлидан боришга ҳаракат қил, шунда сени қандай таъқиб қилишларини кўрасан. Энг аввало. улар ўзингнинг қариндошларинг бўлади!
Мен бунга ишонмасдим. Биз мажлисга етиб келдик: оддий аҳоли яшайдиган уй, катта хона, столга оқ дастурхон солинган. Стол устида катта Муқаддас Китоб, деворларда эса: “Биз хочга тортилган Масиҳни тарғиб қиламиз” — деган ёзув бор. Хонада 50 тача одам йиғилган эди. Бу менинг ҳаётимдаги биринчи тақводорлар йиғилиши эди. Ўша якшанбада нон синдириш куни эди: Художўй одамлар Исо Масиҳнинг одамлар гуноҳлари учун чеккан азобларини ва ўлимини эслашарди. Ҳамма: “Жаннатга биз Гўлўта орқали борамиз” қўшиғини куйлашарди. Мен эса эшитиб ўтириб ўйлардим: “Жаннат ҳақида мен онамдан кўп марта эшитганман: у бизга жаннат ва дўзах бор деб ўргатарди”.
Воиз Масиҳ ҳақида ва Унинг биз учун қилган қурбонлиги ҳақида сўзларди. Йиғилиш пайтида мен одамларга қарадим: мен бу одамларнинг ҳаммасининг юзида умумий бир ифода — илҳом ва қувонч борлигини бутун умрга эслаб қолдим. Йиғилишдан сўнг мажлисни бошқараётган одам сўради: “Ким нон синдиришда иштирок қилмади?” Мен ўрнимдан турдим. У менга: “Бу сизга тегишли эмас. Саволим жамоат аъзоларига қаратилган. Сиз эса бугун фақат тингловчисиз”. Бошқа воиз жилмайиб, қўшимча қилди: “У ўрнидан турдими, демак, у тез орада бизнинг биродаримиз бўлади!” Менда бу биринчи йиғилиш жуда катта таассурот қолдирди: мен ушбу тақводорларга ўхшашни орзу қилардим.
Менинг яқинларим рус тақводорларнинг йиғилишига борганимни билишарди. Аммо бошида улар ҳеч нима дейишмади. Афтидан, улар мени бу йиғилишга қизиқиб борган деб ўйлашди. Аммо мен йиғилишга кейинги якшанба куни яна борганимда, улар хавотирга тушишди. Бу ҳақда қўшниларимиз ва овулнинг қолган аҳолиси ҳам билди.
Бир куни кечқурун мен овулдан ташқарига чиқдим ва ўтлоқда ибодат қилиш учун тиз чўкдим: “Худойим! Менга ўз ҳақиқатингни аён қил!” Бундан олдин мен Матто Хушхабаридан: “Бизни васвасага дучор қилмагин. Бизни иблисдан қутқаргин. Шоҳлик, куч-қудрат ва шон-шуҳрат тоабад Сеникидир” (Мат.6:33) деган оятни ўқиган эдим. Мен оддий ҳаёт муаммолари билан тўла банд эдим: иш, ойлик, етишмовчилик. Аммо Худо менга энг аввало маънавий қадриятларга — Худо билан мулоқотга, Худо Шоҳлигига интилиш кераклигини кўрсатди. Биз — мусулмонлар Худодан умид қилар эканмиз, ҳаётий муаммоларимиз асосан моддий томонга йўналтирилган. Энди эса Худо менга Ўз Хушхабари орқали ҳаётдаги асосий мақсад — бу Худога эътиқод ва унга Итоаткорлик, Хушхабарга асосан соф масиҳийлик ҳаёти эканлигини аён қилди.
Менинг черкас қишлоқдошларим Масиҳга эътиқод қилишни бошлаганимни билганларида, улар катта акамни менга қарши гиж-гижлай бошлашди. Улар акамга: “Сенинг уканг бизнинг мусулмон динимизга хиёнат қилди, Муҳаммадга хиёнат қилди, ота-боболаримиз динидан бош тортди. Бизнинг одатларимизга кўра уни тошбўрон қилиш керак!” дейишарди.
Биринчи марта акам уларга яхши жавоб берибди: “Сиз ўзингиз аввал Қуръон ва Муҳаммад ўргатганидай яшанг! Ҳақиқий мусулмон бўлинг. Динимизда кўрсатилган барча амрларни бажаринг. Кейин менинг укамни эътиқодга ўргатишга келинг!” Улар эса ҳеч нарса дея олмабдилар. Чунки уларнинг кўпчилиги фақат анъаналарга кўра мусулмон деб аталардилар, ўзлари эса даҳрийлар каби яшардилар. Акам ана шундай деб менинг ёнимни олибди. Афсуски, бу фақат бошида эди. Акам менга Масиҳга эътиқод қилишни ва Худога тақводорлар йиғилишларига боришимни таъқиқлаб қўйишини қишлоқдошларимиз сўраб талаб қилишда давом этдилар. Шунга акам менга қарши ғазаб отига минди.
Бир куни кечки пайт мен ишдан кейин печка ёнида ўтирардим. Акам эса орқага-олдинга, олдинга-орқага (у ёқдан—бу ёққа) бориб келарди. Тўсатдан у шундай деди: “Сен бизни бугун черкас халқи олдида шарманда қилдинг! Сен мусулмон ота-боболарингга, ота-онангга хиёнат қилдинг! Сен Худодан ва унинг пайғамбари Муҳаммаддан юз ўгирдинг!”
Мен индамадим. Кейин мен хонадан чиқиб, ертўлага тушдим. Устимдан эшикни ёпиб тиз чўкдим ва Худодан акамнинг юрагини юмшатишини ва унга Хушхабар ҳақиқатини очишини сўраб қизғин ибодат қила бошладим. Шу пайт акам ертўла эшигини очди ва менинг ибодат қилаётганимни кўрди. “Ҳа, сен шу ерда ҳам ўз Масиҳингга ибодат қиляпсанми?!” — қичқирди у ва мени дўппослай кетди. Унинг болалари — жиянларим югуриб келишди ва: “Каншаубини урманг!” деб ялина бошлашди. Улар мени жуда яхши кўрардилар, шунинг учун ачиндилар.
Акам мени уйдан ҳайдаб юборди ва ҳовлида узоқ бақирди: “Иккинчи уйга оёғингни босма!” Мен ҳовлидан чиқдим. Юрагимни тош босиб турарди. Аммо айни пайтда Худо номи учун ҳақоратларга чидаганим ва дўппосланганим учун қалбим қувончга тўла эди. Мен Матто Хушхабарининг 10:22да ёзилган Масиҳнинг сўзларини эсладим: “Ҳамма одамлар Мен туфайли сизлардан нафратланадилар, аммо охиригача қатъият билан турадиганлар нажот топадилар”
1949 йилда мен имонимга кўра сувда имонга кирдим ва жамоат аъзоси бўлдим. Мен қўшни қишлоқда яшай бошладим. Орадан бир йил ўтгач, амакимни учратдим. Акам мени уйдан ҳайдаб юборгани учун у жуда хафа эди. Биз у билан суҳбатлаша бошладик. Шунда амаким, Масиҳни яхши одам бўлган деб ҳисоблайман, деб айтди. Аммо амаким Масиҳнинг фақат пайғамбар эканлигини, Худонинг Ўғли эмаслигини таъкидлади. Амаким шундай деди: “Мана Муҳаммад ҳам Масиҳ ҳақида, Исо деган пайғамбар бўлганлиги ҳақида айтган! Аммо масиҳийлар Уни Худо Ўғли деб атаб ноҳақдирлар. Худода Ўғли бўлиши мумкин эмас! Худо одамларга Муҳаммадни, ўзининг сўнгги пайғамбарини юборган. Ва Муҳаммадга ўзининг охирги ваҳийлигини берган. Шунинг учун Муҳаммаднинг сўзи — энг асосий ва тўғридир!”
Мен Муқаддас Китобни олдим ва Ваҳий китобини очдим. Кейин Исо Масиҳнинг сўзларини ўқидим: “Мен Ибтидо ва Интиҳо, Аввалию Охири,
Бош ва Сўнгдирман»” (Ваҳ.22:13). “Муқаддас Китобда шундай деб ёзилган, — дедим мен амакимга. — Масиҳ буни ўзи ҳақида Муҳаммаддан 600 йил илгари айтган. Шунинг учун ҳам Масиҳдан сўнг Муҳаммадгача жой йўқ! Масиҳ биринчи ва охирги, ҳаммасининг бошланиши ва охири!” Амаким бунга қўшилмасди. Аммо мени жуда яхши кўрганлиги учун туғилиб ўсган овулимга қайтаришга ҳаракат қиларди.
Эллигинчи йилларда мен овулимга қайтдим. Амаким ҳали ҳаёт эди. Мен унинг ўғли Яшаникида яшай бошладим. Ишга жойлашдим. Орадан бир неча кун ўтди. Бир куни кечқурун Яшанинг уйида барча қариндошларимиз йиғилишди. Бир пайтлар мени уйдан ҳайдаб юборган акам ҳам келди.
Қариндошларим менга шундай дейишди: “Биз сенинг туғилиб ўсган овулингга қайтганингдан хурсандмиз. Агар сен масиҳий бўлиб қолсанг ва шундай деб ўйлашда давом қилсанг, унда бизнинг орамизда сенга жой йўқ! Бугун шуни ҳал қил: агар биз билан яшашни хоҳласанг, Масиҳдан воз кеч ва бизга ўхшаб яша. Сен биздан ортиқ эмассан! Ҳозир юр мулланинг олдига. Сен адашганинг ҳақида мулланинг олдида тавба қиласан ва у сени Масиҳга берган қасамингдан озод қилади. Амакинг сенга Худога ибодат қилишни ўргатади — у Қуръонни ҳаммадан яхши билади. Агар Худога сиғинишни истамасанг — унда комсомолга, партияга кир, ўсиб-ун! Аммо олдин Масиҳдан воз кеч!”
Мен уларга шундай деб жавоб қилдим: “Мени амал-лавозим қизиқтирмайди, мени лавозим пиллапоялари қизиқтирмайди. Мен тақводорман! Мен Худо қонунларига асосан яшайман. Худо сизнинг ҳам, азизларим, эътиқодда ва тақводорликда яшашингизни хоҳлайди!” Улар менинг устимдан кула бошлашди: “Авлиё!” Акам эса ўрнидан сакраб турди, қўлига таёқ олди ва мени бир неча марта урди. Ва ўша кечасиёқ у мени амакиваччам Яшанинг уйидан ҳайдаб юборди.
Мен пўстинимни олиб, отхонага тунаш учун жўнадим. Мен у ерда ишлардим, отларга қарардим. Кейинги куни мен Яшаникига тушлик қилишга келдим. У уйда йўқ эди. Унинг хотини менга шундай деди: “Яша ишга кетди, менга сенинг қорнингни тўйғазишимни буюрди. Ўтир, овқатланиб ол!” Кейин у қўшиб қўйди: “Сен қандай бахтсизсан! Қандайдир рус Масиҳи учун азоб чекяпсан!”
Кейинги куни мен туғилиб ўсган овулимдан чиқиб кетдим...
Мен жуда қизиқиш билан Каншаубининг ҳикоясини эшитдим: унинг Масиҳга томон йўли жуда тиканли эди. Энди эса кишанлар ва ҳокимият таъқиблари, бу тайга лагери. Унинг кейинги ҳикоясидан мен Каншаубининг ўз овулидан чиқиб кетиб, тез орада ёш рус тақводор қизига уйланганини билдим.
“Хотинимнинг исми Тоня, Антонина Гавриловна. У Худога сидқидилдан ва самимий ишонади. Худо бизга олтита фарзанд берди. Турмуш қурганимиздан сўнг биз Тоня билан Черкасск шаҳридан унча узоқ бўлмаган Уст-Жегута қишлоғида яшай бошладик. Мен колхозда дурадгор бўлиб ишлай бошладим. Якшанба кунлари эса Хушхабарчи Масиҳий-баптистларнинг жамоатида ваъз ўқирдим.
1966 йилнинг 14 сентябрида мени Хушхабарни тарғиб қилишим учун қамашди. Биз — суд қилинаётган тақводорлар Кавказ ва Ростов вилоятининг турли шаҳарларидан бўлган саккизта киши эдик. Биз учун қўйилган айблов асосан диний йиғилишларни ўтказиш эди. Биз эркакларнинг орамизда судланувчилар қора курсисида яна уч боланинг онаси, собиқ мактаб ўқитувчиси бизнинг эътиқоддаги опамиз ҳам бор эди. Уни болалар билан эътиқодга оид машғулотларни ўтказгани учун суд қилишди. У ҳомиладор бўлиб, тўртинчи боласини кутарди. Аммо барибир уни уч йилга лагерга ҳукм қилишди. Лагерда у ўғил туғди. Бизнинг Уст-Жегут жамоатимиздан судланувчилар орасида бир ўзим эдим. Мени ҳам уч йилга умумий тартибдаги лагерга ҳукм қилишди.
Жазони ўташ учун мени бу ерга — шимолга юборишди. Олдин мен бошқа эътиқоддаги биродарларим билан Пятигорскда ва Ростовдаги жўнатиш пунктларида бўлдим. Камерада биз тақводорлар тўрт киши эдик. Мен қамоқхонадаги жўнатиш камералари одамларга Масиҳ ҳақида гувоҳлик бериш учун энг яхши жой эканлигини билдим. Худо халқи ибодатлари бўйича Раббий биз билан эди, бизга У гувоҳлик беришимиз учун куч ва донишмандлик берарди. Ростовда бир жиноятчи бизга жуда қарши чиқди ва бизнинг гувоҳлигимизга қаршилик қилди. Аммо камерадаги бошқа маҳбуслар уни тўхтатишарди: “Бизга ҳалақит берма! Булар авлиё одамлар. Улар бизга ҳақиқатни гапиришяпти!”
Ростовдан кейин мени, афсуски, биродарларимдан ажратишди ва этап билан Уралга жўнатишди. Мен Пятигорскнинг, Ростовнинг, Уражаевканинг, Горькийнинг, Кировнинг, Пермнинг, Соликамскнинг жуда кўп жўнатиш қамоқхоналаридан ўтишимга тўғри келди. Қамалишимдан сал илгари мен бир қария билан — Мозалевич фамилияли бизнинг эътиқодимиздаги бир биродаримиз билан танишдим. У менга 1932 йилда эътиқоди учун сургун қилинганлигини айтиб берди. Ўшанда сургун қилинганларнинг катта гуруҳини баржада Шимолий дарё орқали олиб кетишибди ва Сибирь тайгасида баржадан туширишибди. Атрофда на уй, на бирон кимса йўқ... Уларни кеч кузда, шундайгина очиқ осмон тагига туширишибди. Кўпчиликнинг кийими эса ҳали ёзлик эди. Совуқ ёмғир ёғарди. Сургундагиларнинг қўлига арра ва болталар бериб: “Мана ўрмон — уни кесиб, ўзингизга яшаш учун уй қуринг”, — дейишибди.
Ўша сургун қилинганлар гуруҳи ичида иккита тақводор одам бор экан: Мозалевич ва яна бир биродар. Иккаловига битта эскигина пахтали камзул бор эди. Мозалевич ака шундай деб ҳикоя қиларди: “Биз гулхан ёқдик, совуқ, тун... Гулхан ёнида ўтирибмиз. Уйқумиз келяпти, чарчаганмиз. Биз иккаламиз келишиб олдик: биттамиз гулхан ўчмаслиги учун уни ёқиб турамиз, иккинчимиз ухлаймиз. Шундай қилиб бир-биримиз билан алмашиниб турдик. Камзулни ҳам навбат билан кийдик. Аммо эрталабга яқин иккаламиз ҳам ухлаб қолибмиз. 2 биродаримиз гулханга яқин ўтирганлиги учун унинг эгнидаги камзул куйибди. Ярми куйиб кетибди. Шундай қилиб иккаламизга яримта камзул қолди. Аммо Худо ёрдами билан тирик қолдик!”
Каншауби давом қилди: “Мен Уралда, Соликамскда сургунда бўлган пайтимда биз йигирма кишига мўлжалланган камерада 40та одам яшаганмиз. Жой етишмас, ҳаво бузилган эди. Мен пастки нараларда ўтириб ухлардим: агар кимдир уйқусида оёғини йиғиштирса, мен ўша ерга ўтирардим. Шундай ухлардим, аммо кимдир уйқусида оёғини чўзган пайтда мен полга йиқилиб тушардим. Ўрнимдан туриб камерада у ёқдан-бу ёққа юрардим ва кимнингдир оёғини йиғиштиришини кутардим. Ана шундай ҳолатда мен деярли ухламасдан 3–4 кунни ўтказдим. Жуда чарчадим ва шунда ўз ҳаётимдан норозилик пайдо бўлди. Аммо мен биродарим Мозалевичнинг ҳикоясини эсладим: ўрмон, тун, совуқ куз ёмғири, гулхан, икки кишига битта ярми ёниб кетган камзул. Мен-чи, мен иссиққина жойдаман, кийинганман, қорним тўқ. Шунда мен Худодан норозилигим учун кечирим сўрай бошладим ва самовий Отамга унинг менга қилган ғамхўрлиги ва васийлиги учун миннатдорчилик билдирдим”.
Мен Каншаубидан: “Сиз қуёшли Кавказ одамисиз, шимолнинг қаҳратон совуқларига ва тайга лагерининг оғир шароитига қандай чидаяпсиз? Масиҳга эргашгани учун бугун пушайман эмасмиз?” сўрадим.
— Йўқ, пушаймон эмасман, — жавоб қилди Каншауби, — бу ягона тўғри йўл — Муқаддас Китоб таълимотида қатъий туриш ва Масиҳга хиёнат қилмаслик.
— Ҳа, аммо сиз, бу совуқларга, бўронларга ва чуқур қорларга ўрганмагансиз-ку!
— Мен ўзимга кучни Исо Масиҳдан оламан, Унинг ёрдамида ҳаммасига кўникаман, — жилмайди у.
Шунда мен I асрда яшаган бошқа бир эътиқод учун қамалган тутқуннинг — ҳаворий Павлуснинг сўзларини эсладим: “Мен танқисликда ҳам, мўл-кўлчиликда ҳам қандай ҳаёт кечиришни биламан. Ҳар қандай шароитда ва ҳар ерда ҳам тўқ бўлиш, ҳам оч қолиш, ҳам фаровонликда яшаш, ҳам муҳтожликда қолишнинг сирларини ўрганганман. Мени қўллаб-қувватлаётган Исо Масиҳнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан” (Флп.4:12,13).
Чепечанкадаги лагерга энди келган вақтлари Каншауби ўзини жуда ёлғиз ҳис қиларкан. Лагер бошлиғи уни қўполлик билан ва мазах қилиб кутиб олибди: “Мен сенга чиқарилган ҳукмни ўқидим, бир нарсага сира тушуна олмаяпман: сен — черкас, мусулмон қандай қилиб баптистга айландинг? Сенга Рус Худоси нега керак? Кўрдингми, у сени қаерга олиб келди: муз мамлакатга, Шимолга, Тайга лагерига! Эсингдан чиқарма: бу ерда ўрмонда хўжайин — айиқ, лагерда эса мен хўжайинман. Бу ерда мендан бошқа ҳеч қандай ҳоким йўқ. Сен ўзингнинг Масиҳ — Худоингдан воз кеч ва коммунизмга, Ленинга ишон. Дунёда фақат битта эътиқод бор — у коммунизм, битта Худо бор — бу — Ленин!”
Бошқа сафар бошлиқ Каншаубини баракда учратиб сўради: “Хўш, Худоингнинг ишлари қалай? Фикрингни ўзгартирмадингми, ҳали ҳам ишонасанми? Мен Сталин даврида сенга ўхшаганларни ўзим отиб ташлаганман!”
Книга на Узбекском языке: - Горизонты веры (Георгий Винс)
На страницах книги "Горизонты веры" вы познакомитесь с историей, рассказанной Г. Винсом, верующим из Киева, который в годы правления коммунистов был арестован за свою веру и сослан в лагерь Чепечанка на Северном Урале. Это повествование - удивительное свидетельство человека, который даже в таких нечеловеческих условиях продолжал служить Богу и помог выжить своим товарищам по несчастью.