Коринфликларга 1-нчи мактуб 1 bob
1 Худонинг иродаси билан Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлиш учун даъват қилинган мен — Павлусдан ва биродаримиз Состенисдан.
2 Худонинг Коринф шаҳридаги жамоатига салом! Худо сизларни Ўзининг азиз халқи бўлишга даъват қилиб, Исо Масиҳ орқали Ўзи учун ажратиб олган. Шундай қилиб, ҳар ерда Раббимиз Исо Масиҳга сажда қилаётганларнинг қаторига қўшилдингиз. Исо Масиҳ уларнинг ҳам, бизнинг ҳам Раббимиздир.
3 Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга инояту тинчлик ато этсин.
4 Худойим сизларга Исо Масиҳ орқали Ўз иноятини берди. Шу боис доимо Худойимга сизлар учун шукур айтаман.
5 Исо Масиҳ орқали Худо сизларни ҳар қандай каломда моҳир, илму маърифатда бой қилди.
6 Шу тариқа мен сизларга айтган Масиҳ ҳақидаги хабар ҳақиқат эканлиги исботланди.
7 Мана энди Раббимиз Исо Масиҳнинг келишини интизорлик билан кутар экансиз, Муқаддас Руҳ берадиган инъомлардан бенасиб эмассизлар.
8 Раббимиз Исо Масиҳ келган кунда сизлар айбсиз бўлишингиз учун Худо сизларни охиригача қўллаб–қувватлайди.
9 Сизларни Ўз Ўғли Раббимиз Исо Масиҳ билан мулоқот қилишга чорлаган Худо садоқатлидир.
10 Эй биродарларим, Раббимиз Исо Масиҳ номи билан сизларга илтижо қиламан: ҳаммангиз ўзаро аҳил яшанглар. Орангизда низоларга йўл қўймай, фикр–хаёлда тамомила якдил бўлинглар.
11 Зеро, эй биродарларим, сизларнинг орангизда жанжаллар борлиги ҳақида опамиз Хлоиснинг хонадонидагилар менга хабар беришди.
12 Мен қуйидагиларни назарда тутяпман: орангизда баъзилар: “Мен Павлуснинг шогирдиман”, яна баъзилар эса: “Мен Аполлоснинг* шогирдиман”, яна бошқалар: “Мен Бутруснинг шогирдиман”, яна бир хил одамлар: “Мен Масиҳнинг шогирдиман”, деб айтаётган эмиш.
13 Нима, Масиҳ бўлинганми? Ёки сизлар учун Павлус хочга михланганми? Наҳотки Павлуснинг номи билан сувга чўмдирилган бўлсангиз?!
14 Худога шукурки, мен сизларнинг орангиздан Криспус ва Гаюсдан бошқа ҳеч кимни сувга чўмдирмадим.
15 Ҳеч ким: “Мен Павлуснинг номи билан чўмдирилганман”, дея олмайди.
16 Тўғри, мен Стефанаснинг уй аҳлини ҳам сувга чўмдирган эдим, аммо булардан бошқа ҳеч бир одамни сувга чўмдирганим эсимда йўқ.
17 Зотан, Масиҳ мени, одамларни сувга чўмдирсин деб эмас, балки Хушхабарни ёйсин деб юборди. Менга бу Хушхабарни инсонларга оид бўлган донолик билан ёйиш буюрилмади. Бўлмаса, Масиҳнинг хочдаги ўлими ҳақидаги хабарнинг кучи йўқолган бўларди.
18 Хоч ҳақидаги бу хабар ҳалок бўлаётганларга телбаликдай туюлади. Аммо биз — нажот топаётганлар учун эса у Худонинг қудратидир.
19 Ахир, Муқаддас битикларда ёзилган–ку: “Мен доноларни донолигидан маҳрум қиламан, Идроклиларни идрокидан айираман.”
20 Донолар қани? Тафсирчилар ва бу дунёнинг файласуфлари қаерда? Худо бу дунёнинг ҳикматини ақлсизликка айлантирди–ку, ахир!
21 Модомики, Худонинг ҳикмати бўйича бу дунё ўз ақл–заковати билан Худони таниб–билмаган экан, тентакликдай туюлган хабарга ишонганларни Худо қутқаришни лозим кўрди.
22 Мана, яҳудийлар мўъжизалар талаб қиладилар, юнонлар эса донолик пайида юрадилар.
23 Биз эса фақат хочга михланган Масиҳ ҳақидаги хабарни ёймоқдамиз. Бу хабар яҳудийлар учун ҳақорат бўлса, ғайрияҳудийлар учун телбаликдир.
24 Бироқ Худо даъват қилган яҳудий ва ғайрияҳудийлар учун Масиҳ хочи Худонинг қудрати ва ҳикматидир.
25 Зеро, Худонинг “ақлсизлиги” инсон донолигидан устундир, Худонинг “заифлиги” инсон қудратидан кучлироқдир.
26 Эй биродарларим, Худо сизларни даъват қилганда қандай одам эдингизлар, бир эсга олинг–чи! Инсоний нуқтаи назардан қараганда, орангизда доно, қудратли ёки олижаноблар кўп эмасди.
27 Лекин Худо доноларни шарманда қилиш учун дунёдаги ақлсиз деб ҳисобланганларни танлади. У қудратлиларни шарманда қилиш учун дунёдаги заиф ҳисобланганларни танлади.
28 Дунёдаги эътиборли ҳисобланганлар арзимас бўлиб қолсин деб, Худо бу дунёдаги эътиборсиз ва камситилган, яъни аҳамиятсиз деб ҳисобланганларни танлади.
29 Шундай қилиб, ҳеч бир инсон Худонинг олдида мақтана олмайди.
30 Исо Масиҳ орқали Худо бизга янги ҳаёт ато этиб, У орқали доноликка эга бўлганимизни намоён қилди. Биз Масиҳнинг шарофати билан оқланиб, гуноҳдан халос бўлдик, Худонинг азиз халқи бўлдик.
31 Шундай қилиб, Муқаддас битикларда ўргатилгандай, ким мақтанмоқчи бўлса, Эгамизни биламан, деб мақтансин.