Чиқиш (2-Таврот) 39 bob
1 Улар кўк, сафсар ва қирмизи иплардан Муқаддас хонада хизмат қилганда кийиш учун руҳонийларга либосларни ажойиб қилиб тикдилар. Ҳорунга муқаддас руҳонийлик либослари тикишди. Ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.
2 Улар эфодни майин зиғир матосидан тикиб, устига кўк, сафсар, қирмизи ва зар иплардан нақш солдилар.
3 Олтинни юпқа қилиб ёйиб, ингичка–ингичка қилиб кесиб, зар ип қилишди. Улар ўз маҳоратларини ишга солиб кўк, сафсар, қирмизи иплардан нақш солинган майин зиғир матосини бу зар ип билан безатдилар.
4 Эфоднинг олд ва орқа қисмларини бир–бирига боғлаш учун иккита елка боғичини қилиб, уларни олд ва орқа қисмларининг устки четига тикдилар.
5 Камар ясаб, уни эфодга боғладилар. Камарни ҳам майин зиғир матосидан қилдилар. Унга кўк, сафсар, қирмизи ва зар иплардан маҳорат билан нақш солдилар. Ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.
6 Кейин муҳр ўйгандай қилиб, Исроил ўғилларининг исмини иккита ақиқ тошга ўйиб ёздилар. Ёзилган тошларни олтиндан қилинган нақшли уялар ичига қўйиб,
7 Исроилнинг ўн икки қабиласини эслатиб туриш учун эфоднинг елка боғичларига ўрнаштирдилар. Ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.
8 Улар кўкракпечни ясадилар. Кўкракпечни, эфод сингари, майин зиғир матосидан қилиб, кўк, сафсар, қирмизи ва зар иплардан унга маҳорат билан нақш солдилар.
9 Кўкракпечни тўртбурчак халта шаклида, икки букланган, бўйи бир қарич, энига ҳам бир қарич қилиб ясадилар.
10 Кўкракпечга тўрт қатор тошни тўғри қилиб тердилар: қизил ёқут, хризолит ва зумрад тошларни биринчи қаторга тердилар.
11 Иккинчи қаторга фируза, зангори ёқут ва олмосни тердилар.
12 Учинчи қаторга ложувард, агат ва аметист тошларни тердилар.
13 Тўртинчи қаторга топаз, ақиқ ва яшма тошларни тердилар. Ҳамма тошларни олтиндан қилинган нақшли уяларга ўрнаштирдилар.
14 Бу ўн икки тош Исроилнинг ўн икки қабиласини эслатиб турарди. Муҳр ўйгандай қилиб, Исроилнинг ўн икки ўғлидан ҳар бирининг исмини бу тошларнинг ҳар бирига ўйиб ёздилар.
15 Улар кўкракпечни эфодга боғлаш учун тоза олтиндан ипга ўхшатиб эшилган иккита занжир ясадилар.
16 Яна нақшли иккита олтин уя ва иккита олтин ҳалқа ясаб, иккала ҳалқани кўкракпечнинг устки бурчакларига маҳкамладилар.
17 Иккала олтин занжирнинг бир учини кўкракпечдаги ҳалқаларга боғлаб,
18 иккинчи учини нақшли олтин уяларга маҳкамладилар. Уяларни эфоднинг олд томонидаги елка боғичларига ўрнаштирдилар.
19 Яна олтиндан тўртта ҳалқа ясадилар. Иккитасини кўкракпечнинг остки бурчакларига — эфодга яқин бўлган ички қирғоғига маҳкамладилар.
20 Иккитасини эфоднинг олд томонига, иккала елка боғичининг пастига — нақшли камардан юқорига маҳкамладилар.
21 Кўкракпеч эфоднинг нақшли камаридан юқорида бўлсин, эфоддан осилиб турмаслиги учун кўкракпечни ҳалқалари ёрдамида эфоднинг ҳалқаларига кўк боғич билан маҳкамладилар. Ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.
22 Эфоднинг ридосини кўк иплардан тўқилган матодан тикдилар.
23 Ридонинг ўртасидан бош сиғадиган тешик қилдилар. Ридо йиртилиб кетмаслиги учун тешикнинг четини тўқидилар.
24 Ридо этагининг учига айланаси бўйлаб анор шаклини ва қўнғироқчаларни бирин–кетин қилиб биттама–битта осиб чиқдилар.
25 Анор шакли йигирилган кўк, сафсар ва қирмизи иплардан қилинган эди. Қўнғироқчалар тоза олтиндан қилинган бўлиб, анор шакли ораларига осилган эди.
26 Ҳорун олий руҳоний бўлиб хизмат қилганда, у шу ридони кийиши керак эди. Ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.
27 Ҳорун билан унинг ўғилларига майин зиғир матосидан кўйлакларни,
28 саллани, пешанабоғларни ва иштонларни қилдилар.
29 Белбоғини майин зиғир матосидан тўқиб, устига кўк, сафсар ва қирмизи иплардан маҳорат билан нақш солдилар. Ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.
30 Тоза олтиндан лавҳани — муқаддаслик рамзини ясадилар. Лавҳанинг юзасига муҳр ўйгандай, “Эгамизга бағишланган” деб ўйиб ёздилар.
31 Лавҳани саллага маҳкамлаш учун кўк боғични лавҳага боғлаб қўйдилар. Ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.
32 Шундай қилиб, Учрашув чодири — Муқаддас чодир ясалишига оид ҳамма ишлар ниҳоясига етди. Исроил халқи ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.
33 Кейин Мусонинг олдига қуйидагилардан иборат Муқаддас чодирни олиб келдилар: Чодирнинг ички қаватини ва унинг ҳамма қисмларини — илгакларини, ромларини, тамбаларини, устунлари ва тагликларини,
34 қизилга бўялган қўчқор терисидан ёпинчиқни, юмшоқ теридан ёпинчиқ ва Энг муқаддас хонани тўсиб турадиган ички пардани,
35 Аҳд сандиғини, унинг ходалари ва қопқоғини,
36 хонтахтани, унинг ҳамма буюмларини ва унга қўйиладиган муқаддас нонларни,
37 тоза олтиндан қилинган чироқпоя, унга ўрнатилган мойчироқларни, унинг ҳамма буюмларини ва мойчироқлар учун зайтун мойини,
38 олтин тутатқи қурбонгоҳини, муқаддас қиладиган мой ва хушбўй тутатқини, Чодирга кираверишдаги пардани,
39 бронза қурбонгоҳни, унинг бронза панжарасини, ходалари ва ҳамма буюмларини, қўлювгични ва унинг таглигини,
40 ҳовлини тўсиб турадиган пардаларни, пардаларни ушлаб турадиган устунларни, устунларнинг тагликларини ва ҳовлига кираверишдаги пардани, Чодир ва ҳовли учун арқонларни, қозиқларни, Муқаддас чодир — Учрашув чодирида фойдаланадиган ҳамма ашёларни,
41 Руҳоний Ҳорун ва унинг ўғиллари Муқаддас хонада хизмат қилганда киядиган, ажойиб қилиб тикилган муқаддас либосларни.
42 Хуллас, Исроил халқи ҳаммасини Эгамиз Мусога амр этгандай қилдилар.
43 Мусо қилинган ҳамма ишларни кўздан кечирди, Исроил халқи бу ишларни Эгамизнинг амри бўйича қилганларини кўриб, Мусо уларни дуо қилди.