Чиқиш (2-Таврот) 31 bob
1 Эгамиз Мусога яна гапирди:
2 Ана, Мен Яҳудо қабиласидан Урининг ўғли, Хурнинг набираси Базалилни танладим.
3 Мен уни Руҳим билан тўлдириб, ҳунармандчиликнинг ҳамма тури бўйича моҳир ва идрокли қилдим, қобилият ато этдим.
4 У ажойиб бадиий безаклар қилишга, безакларга олтин, кумуш ва бронза билан ишлов беришга,
5 қимматбаҳо тошларни ўйишга, уларга ишлов бериб жиҳозлашга, ёғоч ўймакорлигига, бадиий ҳунармандчиликка лаёқатлидир.
6 Дан қабиласидан Охисамах ўғли Охолиёвни унга ёрдамчи қилиб танладим. Мен ҳамма ҳунармандларга лозим даражада қобилият ато қилганман. Мен сенга амр берган қуйидаги ашёларни улар ясайдилар ва тикадилар:
7 Учрашув чодирини, Аҳд сандиғи ва Сандиқнинг қопқоғини, Чодирнинг бошқа ҳамма жиҳозлари .
8 — хонтахта, хонтахтанинг буюмлари, тоза олтиндан чироқпоя ва чироқпоянинг ҳамма буюмларини, тутатқи қурбонгоҳини,
9 қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳ ва қурбонгоҳнинг ҳамма буюмларини, қўлювгич ва қўлювгичнинг таглигини,
10 руҳоний Ҳорун учун ажойиб қилиб тикилган муқаддас либосларни, унинг ўғиллари руҳоний бўлиб хизмат қилганларида киядиган либосларни,
11 муқаддас қиладиган мой* ва Муқаддас хона учун хушбўй тутатқини. Мен сенга қандай амр этган бўлсам, улар худди шундай қилиб бажаришсин.”
12 Сўнгра Эгамиз Мусога айтди:
13 — Исроил халқига Менинг шу гапимни етказ: “Менга бағишланган Шаббат кунига риоя қилиб юринглар. Авлодларингиз оша Шаббат куни Мен билан сизларнинг орангизда аломат бўлиб хизмат қилади. Шу орқали Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар. Сизларни Мен муқаддас қилиб бошқалардан ажратаман.
14 Шаббат кунига риоя қилиб юринглар, бу кунни муқаддас деб билинглар. Кимки бу кунни иззат қилмаса, ўша одамнинг жазоси ўлимдир. Кимки ўша куни ишласа, у Исроил халқи орасидан йўқ қилинади.
15 Ҳамма ишларингизни бажаришингиз учун олти кун бор. Еттинчи кун — Шаббат куни эса ҳамма ишлардан тиниб, Мен, Эгангизга атаб ажратилган кундир. Ким Шаббат куни ишласа, ўшанинг жазоси ўлимдир.
16 Исроил халқи авлодлар оша Шаббат қонун–қоидаларига итоат этиш орқали бу кунга риоя қилиб юришлари лозим.
17 Бу сен билан Менинг ўртамиздаги аҳднинг доимий аломатидир, Мен, Эгангиз, олти кун давомида ер ва осмонни яратиб, еттинчи куни тиниб, ором олганимни доимо эслатиб туради.”
18 Шундай қилиб, Худо Синай тоғида Мусо билан гапини тугатиб*, унга иккита тош лавҳани берди. Лавҳаларга битилган аҳднинг* амр ва қонунларини Худонинг Ўзи ёзган эди.