Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) 10 bob

Джон ва Стейси Элдридж. Мафтункор Гўзаллик - (10-боб) Ўзбек тилида

Maftunkor go‘zallik (Jon-va-Steysi-Eldrij) O‘zbek tilida AudiokitobДжон ва Стейси Элдридж. Мафтункор Гўзаллик - (Аудиокитоб) Ўзбек тилида

Аёл қалби сирларини забт этиб

               

Мундарижа

                                                                                         

Сўз боши

1. Аёл қалби

2. Момо Ҳавога сўз берамиз

3. Хаёлдан кетмайдиган савол

4. Ярадор

5. Манфур аёл

6. Яраларга шифо бериш

7. Севикли

8. Очилиши зарур бўлган гўзаллик

9. Шайдойи Одам Ато

10. Оналар, қизлар, сингиллар

11. Жангчи маликалар

12. Ноёб роль

13. Озод бўлиш учун кундалик ибодат


Оналар, қизлар, сингиллар

Шундан сўнг Одам хотинининг исмини Ҳаво (яъни Барҳаёт) қўйди, чунки у ҳамма ҳаёт эгаларининг онаси бўлди.

Ибтидо 3:20

Она ва сингилнинг ҳис-туйғуси нақадар чуқур, лаззатли ва жозибали бўлиши мумкин.

Ребекка  Уэллс

Ҳар биримизга “она” сўзи жуда яхши маълум – унинг маъноси турли-туман ва ажойибдир. Она-ер – барча ўсаётган ва гуллаб-яшнаётганларнинг манбаи; она-табиат – кутилмаган тўфон ва торнадоларнинг манбаи; “она-тикан” – бизнинг қаршилигимизга қарамай, саккиз яримдаёқ бизни ухлатгани тўшакка тортади; она-ватан эса биз туғилиб ўсган ва жонимизга фидо қилишга тайёр бўлган юртни гавдалантиради. Она – бу ҳаёт манбаидир. Она муқаддас ва буюк, у боқиб катта қилишга қодир, аммо ҳамма ёқни бузиб ташлашга ҳам қодир. Ҳар бир одамнинг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, “она” сўзи унда меҳрибон, дилкаш аёл тушунчасини намоён қилади, ёки “она” сўзи янграши биланоқ одамнинг томирларидаги қон қотиб қолишига мажбур этади.

Оналар билан бизнинг салбий ёки ижобий, қутқарувчи ёки бадном қилувчи муносабатларимиз бизга жуда катта таъсир кўрсатди ва эндиликда нақадар ажойиб, жозибали, мафтункор аёллар бўлиб етишишимизга ёрдам берди. “Қизил чодир” кинофильмининг қаҳрамони Дина бу борада шундай дейди: “Аёлни тушунишни истайсизми? Ундан ўз онаси ҳақида сўзлаб беришни илтимос қилинг ва унинг ҳикоясини диққат билан тингланг”.

Ҳамма аёллар ҳам она бўлиш бахтига муяссар бўлмайдилар, лекин барча аёлларнинг оналари бор ёки онани топиш истагида бўладилар. Она ва қизни боғлаб турувчи ришталар ниҳоятда муқаддасдир, бундай муносабатлар меҳр-муҳаббатга, ҳис-ҳаяжонга тўла бўлади. Баъзида муносабатлар оила ришталарини икки томондан бўғаётган киндик ичагига ўхшайди. Қизнинг онага меҳрибонлик қилмоқчи бўлгани бу ёшгина мавжудотнинг онасидан ажралиб чиқиб кетиши истагидан паст келади. Барча оналар ўз қизларининг бўйи етиб улғайишларининг оғир даврига дуч келадилар. Қони қайнаб турган ўспирин қизларнинг калондимоғ қилиқлари ва жиртакилиги биринчи навбатда бечора оналарнинг бошига ёғилади. Ўйламай гапирилган зардали, аччиқ сўзлар ва дўқ-пўписалар можароларнинг иккала иштирокчиларининг – она ва қизнинг қалбларида битмас жароҳатлар, излар қолдиради. 

“Умид қиламанки, эгнингга мана шу кўйлакни киймайсан”. Жуда кўп оналар қизларига шундай саволларни йўллаганлар ва айнан мана шундай кўйлакда кўчага чиқишларини эшитиб, қаттиқ ранжиганлар. “Сиз ҳозирги замон модасида нимани ҳам тушунардингиз!” – кўпинча оналар қизларидан шундай жавоб олардилар.

Она қизларининг ўтиш ёши билан боғлиқ бўлган даврни, довул ва бўронлар мавсумини қандай ўтказишига келажакдаги уларнинг ўзаро муносабати қай даражада шакланиши боғлиқ бўлади.   

Кўплаб меҳрибон ва суюкли аёллар ўзларининг қизлари ўзларининг акси ёки уларнинг ўзининг давоми деб ҳисоблаб, жуда катта хатога йўл қўядилар. Демак, шу йўсинда қизларини улар хотин ва она вазифасини бажаришга қодирлигини тасдиқлайдилар. Аммо “уларнинг қизчалари” она танловидан умуман бошқача, она танловига зид равишда иш тутганларини эшитган оналар кўпинча ҳангу манг бўлиб қоладилар, хафсалалари пир бўлади, баъзан эса чуқур қайғуга тушадилар. Ўзини қиздан алоҳида, мустақил равишда қабул қилишни билмаган онанинг қалбида изтироб, дилхасталик рўй беради, бу ўз навбатида чигал муносабатларни янада оғирлаштиради. “Ҳаммасини тартибга келтиришга” интилган она шахс сифатида ўзини мустақил намоён қилмоқчи бўлган қизини яна яккалатиб қўяди.

Оналар ўз қизларини ўзларини қандай тутишга ва нималарга ишонишга ўргатишга ҳақлидирлар, аммо оналар ўргатган нарсаларни қабул қилиш ёки қабул қилмаслик ўсиб бораётган қизларнинг ихтиёридадир. Қизларнинг ўсиш даври оналар учун осон бўлмаслигини улар тушунадилар, аммо барибир хурсандчилик вақти бўлишига умид қиладилар. Бироқ баъзида она ва қиз ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал қилиш учун узоқ йиллар керак бўлади, бу ўтган давр ким учун харсандчилик ёки машаққатли давр бўлганлигини гапиришнинг асло кераги ҳам йўқ.

Қизларнинг қалби меҳрибонлик ҳукм сурган ва шахс сифатида шаклланиб, намоён бўлишига ҳеч ким ва ҳеч нарса тўсиқ бўлмаган оилаларда гуллаб–яшнайди. Қизларини яхши кўрадиган ота-она уларга, айни пайтда бутун оламга катта совға олиб келадилар. Қизни тарбиялашда онанинг ўрнини баҳолаш жуда қийин – айнан она қизига қизлик фазилатларини очишга ва ажойиб гўзаллигини ҳаммага намоён этишга  йўл кўрсатувчи вазифасини бажаради.

Қизнинг онаси бўлиш мен (Стейси)га насиб қилмади, қизнинг онаси бўлиб, уни тарбиялаш тажрибасига эга эмасман. Турмуш ўртоғим ва уч ўғлим ҳозир ҳовлида қандайдир портлатиш ишлари билан машғуллар. Қўлбола М-60 русумли пулемётининг қисмларини тўплаб, ўзларида мавжуд бўлган ўқ-дори – порохни солиб ўқладилар. Улар эсда қоладиган, ҳақиқий портлаш қилишга тайёргарлик кўрардилар. Кечқурун меҳмонларни кутиш ва ўтириб биргаликда чой ичиш одатлари бизнинг оилада маъқулланмайди. Ўғилларимдан ҳеч бири уларнинг тикка сочларини силашим у ёқда турсин, ҳаттоки қўл теккизишимга ҳам йўл қўймайдилар. Ахир, менинг қизим бўлмаса-да, менинг ўзим аёлман–ку.

Уй томонга олис йўл

Тан олиш керакки, мен (Стейси)нинг онам билан ўртамиздаги муносабатларни биртекис, уйғун деб атаб бўлмайди. Ўртамиздаги муносабатлар онам учун ҳам, мен учун ҳам ниҳоятда ташвишли эди, бунинг устига, доимий тушунмовчилик ва зиддиятлар туфайли янада мураккаблашарди. Менинг қалб жароҳатларим қандай номалар келтиргани эсингиздами? Онам яна бир фарзандли бўлиши ҳақида хабар уни қанчалик тушкунликда қолдиргани эсингиздами? Дунёга келишини онам истамаган ўша фарзанд мен эдим. Балки шунинг учун ҳам менинг юриш-туришим, кийинишим, нималарни ёқтиришим, нималарга ишонишим, қандай фикр юритишим, жумладан, бу дунёда яшаётганлигим онамда нафрат уйғотаётганлигини мен қалбдан ҳис қилардим. Мен қирқ бир ёшга кирганимдагина, менга нисбатан онам ҳам худди шундай ҳис-туйғуларни бошидан кечирганини мен тушуниб олдим.  

Эсингизда бўлса керак, менинг бу ёруғ оламда пайдо бўлишим онамнинг бусиз ҳам машаққатли ҳаётини янада оғирлаштирганимни сизга сўзлаб бергандим. Мен онамга жуда катта оғир юк бўлгандим, шунинг учун ҳам мен ўзимнинг ҳақиқий ҳис-туйғуларимни ундан беркитишимга тўғри келди. Итоаткор, бир сўзни икки қилмайдиган, меҳрибон қиз бўлиб етишиш учун мен қўлимдаги барча имкониятлар фойдаландим. Вақти келиб, онам мендан фахрланим юришини мен жуда истардим. Онам менга эътиборини қаратишини, мени овутиб ўйнатишини, суйиб эркалатишини қанчалик орзу қилганимни билсангиз эди. Кечқурун ухлашга кириб кетишдан олдин онажонимни юзларидан ўпиб, унга хайрли тун тилашни яхши кўрардим. Юзларидан ўпганимда, онамдан кечаси суриб ётадиган муаттар ҳидли кремнинг хушбўй иси димоғимга уриларди (мен ҳозиргача буни чин дилдан эслаб тураман). Мен найранг ишлатиб, ўзимни касалга солиб ётишни яхши кўришимни сизга аввал ҳам айтганман. Чунки шундай қилганимда, онам менинг атрофимда гирдикапалак бўлиб,  кўпроқ эътибор қаратарди: “касал” Стейсига китоблар ўқиб берарди, ётган жойимга овқат келтирарди. Тана ҳарорати кўтарилиб кетишига “7 Up” газ сувини ичишим ва маза қилиб ваниль музқаймоғини ейишим сабабчи бўларди. Мана шундай қилиб кўрибсизки, онамнинг ташвишига яна ташвиш қўшиларди. (Айтганчалик, Жон ҳузурида касал бўлиш онамнинг ҳузурида касал бўлишга қараганда, анчагина зерикарли. Касал бўлганимда Жоннинг меҳрибончилиги, одатда қуйидагилардан иборат бўлади: касал бўлиб ётган каравотимнинг олдидаги токча турли-туман витаминли дориларга, соғлиғим учун ниҳоятда фойдали бўлган, ўт-гиёҳлардан тайёрланган ва ниҳоятда аччиқ  ичимликларга тўлиб кетади. Касал ҳолимда эримнинг менга кўрсатган диққат-эътибори ана шундай.)

Менинг опачам бошланғич синфда ўқиётганда, онамга бир гап топиб келди. Опачамнинг мураббийси айтишича, касал бўлиб қолган болаларга дарсдан, ўз синфдошларидан орқада қолмаслиги учун она ҳар куни овоз чиқариб китоб ўқиб бериши керак экан. Албатта, қаттиққўл ўқитувчининг талаби – опачамнинг ўйлаб топган найранги эди. Аммо шундай ҳийла туфайли биз ҳар куни онажонимизга ёпишиб олганимизча, ҳеч бўлмаганда, йигирма дақиқа вақтини олардик, унинг диққат-эътиборидан, меҳрибончилигидан шодланардик. Кўриб турганингиздек, биз опачам иккимиз қўлимиздан келган чора-тадбирларни қўллаб, имкон қадар онам билан кўпроқ бирга бўлишга интилардик.

Мен бешинчи синфда ўқиб юрган пайтимда, сигарета чекишимдан хабар топган онам ниҳоятда хафа бўлди, шу кундан бошлаб унинг кичкина қизи, яъни мен, она учун ўлган деб ҳисоблашини айтди. Мен узоқ йиғладим. Мен моҳирлик билан ёлғон гапиришни, яширинча иш тутишни ўргандим. Мен ўзимни онамга меҳрибон, камтарин қиз қилиб кўрсатишга уринардим. Аслида эса, менинг орзу–умидларим қандайлигидан, менинг интилишларим, менинг нимага иқтидорли эканлигимдан, қолаверса, қандай қалтис йўлга қадам қўйганлигимдан онам бехабар эди. Аммо камтар қиз ниқоби остида менинг орзу умидларим ва яшашни ўрганишга бўлган ҳаракатларимда – бу дунё менга хиралик билан сингдирган турлича зарарли иллатлар беркинган эди. Мен ўзимни ҳеч ким ёқтирмайдиган, кўнгилсиз, бахтсиз ва чиндан ҳам фойдасиз одам, деб ҳисоблардим. Ўша вақтда қилган танловим менинг қалбимга ҳам, менга яқин бўлган инсонларнинг қалбига ҳам вайрон қилувчи таъсир ўтказди, чунки мен борган сари ўзимни ёмон кўриб, янада умидсизликка тушардим, ҳаммадан ўзимнинг ҳақиқий қиёфамни беркитардим.   

Мактабда ўтказиладиган кечаларнинг бирида мен роса наша чекиб олиб уйга қайтганимда, ўз қусуғимдан кийимларим ифлос бўлиб кетганди. Мен кийимимни аранг алмаштириб, ваннахонага ташлаб чиқаётганимда ота-онамга дуч келдим. На отам, на онам бир оғиз сўз гапиришмади. Қайсидир куни спиртли ичимликларни ичиб маст бўлиб қолгандим, ҳаттоки ота-онамнинг ёрдамисиз уйга ҳам киролмадим. Бироқ шунда ҳам улар миқ этишмади. Маст ҳолда машина бошқарганим учун полициячилар мени тутиб олишди, икки ҳафта муддатга ҳайдовчилик гувоҳномамни олиб қўйиб, машина бошқаришдан маҳрум қилишди. Бир куни эса мен наша чекиб, спиртли ичимликлар истеъмол қилиб қандайдир клубда қолиб кетдим, уйга бормадим. Эртаси куни уйга қайтгач онамнинг жазаваси тутиб ўтирганини кўриб қолдим: мен уйда эмаслигимда онам барча наркотик дориларни йўқ қилиб ташлабди, мен уларни хонамда ҳаммадан беркитиб, қўрқмасдан истеъмол қилардим. Менинг қаердалигимни билиш истагида онам дугонамнинг телефонини ахтариб, ҳамма дафтарларимни титиб чиқибди. Телефон рақамларни топиш ўрнига, мен сўнгги ойларда қўллаган наркотик моддаларнинг рўйхатини топиб олибди. Рўйхат анчагина катта эди.

Мен онамни яхши кўрардим, наркотик моддаларини қабул қилаётганимни билишини истамасдим. Мен онамнинг қалбини яраламоқчи эмасдим. Ҳа, қачонлардир у менга ҳам панд берган. Ҳамма оналар ҳам у ёки бу тарзда ўз болаларини алдаганлар. Лекин онам мени яхши кўрарди, бу эса мен учун жуда муҳим эди. Дори-дармонларни беркитганим учун ўзимни ниҳоятда ноқулай сезсам-да, ўз хулқимни ўзгартирмадим. Қайтанга, наркотик моддаларни янада пухта беркитадиган бўлдим.

Колледжда ўқиган йилларим ҳис-ҳаяжонга бой, ишқий саргузаштларга тўла давр, тартибсиз равишда жинсий яқинликлар даври бўлди... Мен ўзимни гўзал, мафтункор ва барча эркакларнинг энг севимли маъшуқасидай ҳис қилардим. Менинг онам ашаддий католик бўлгани учун, кўпинча кимларнидир ножўя хатти-ҳаракатларидан (айтгандек, уларнинг хатти-ҳаракатлари меникидан асло фарқ қилмасди) ғазабланарди. Раббий ҳеч қачон бу каби гуноҳларни кечирмаслигига онам ишонарди. Одамлар бундай оғир гуноҳларни қилишдан нега қўрқмас эканлар деб, у хайрон бўларди. Онамнинг айбловлари мени бир тарсаки уриш билан тенг эди, аммо мен кечиришим мумкин бўлган нарсани, Худо албатта кечиришга қодир эканлигига мен яширинча ишонардим.

Худонинг марҳамати ва Унинг инояти туфайли колледжнинг сўнгги босқичида мен масиҳий бўлдим. Исо мени том маънода қутқарди. Аммо мен энди католик эмасдим ёки ҳеч бўлмаганда, католикман деб, ёлғон гапиришимга тўғри келмасди. (Чунки мактабдаги ўқишим даврида ҳаммага мен ҳам ўз онамнинг эътиқодидаман, деб айтиб юрардим.) Энди мен “ноденоминацион” жамоатга бориб турардим.

Мен наркотикларни қабул этишни бас қилганимдан онам хурсанд эди. (Шу билан бирга биз иккимиз ҳам ўзимизни билмаганликка солардик: онам ўзини менинг ишқий муносабатларимдан бехабардай тутарди, мен эса унинг билишини билмаганликка олардим.) Мен ибодат қилаётганимдан онам хурсанд, аммо унинг жамоатига бормаганлигим онамни ранжитар эди. Эътиқод ҳақидаги бизнинг суҳбатларимиз тортишувга айланиб кетарди. Онам менга ўз имон-эътиқодининг устунлигини кўрсатмоқчи бўлса, мен ўзимнинг эътиқодимнинг ҳаммасидан юксаклигини исботлашга уринардим. Хуллас, иккимиз ҳам ўз “рақибимизнинг”, яъни бир-биримизнинг келтирган далилларимизга асло қулоқ тутмасдик.  Бизни бирлаштириб турган эътиқоддан хурсанд бўлиш ўрнига, биз қайтанга ўзимизнинг турли ақидаларимиз орқали ўртамизда гўёки тикандан ўтиб бўлмас баланд девор қурдик.

Шунинг учунми, сўнгги ўн беш йил давомида биз онам иккимиз фақатгина об-ҳаво ҳақида гаплашардик.

Яқиндагина бир ҳикояни эшитиб қолдим. Унда айтилишича, эндигина кўзи ёриган бир ёшгина аёлнинг олдига янги туғилган чақалоқни боқишга ёрдам бериш учун онаси келибди. Чақалоқ кечалари билан йиғлар, ёшгина онани хавотирга солувчи ғалати овозлар чиқариб уни кўз юмишга қўймас экан. Шунда ёшгина она ўз онасига шундай деди: “Ойижон, болагинам турлича овоз чиқариб мени қўрқитяпти. Бирор жойи оғрияптимикан? Мен қачонгача шундай қилиб яшайман?” Қизининг саволига жавоб беришдан олдин она ундан сўради: “Қизгинам, сен шамоллаб қолмадингми? Ўтган куни кечаси билан жуда қийналиб, оғир нафас олаётганингдай туюлди менга”. Биз, оналар учун фарзандларимизнинг неча ёшга кирганлиги ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Биз учун улар доимо болалигича қолади. Фарзандларнинг ёши ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслиги сингари, ота-онадан айрилиб қолган вақтингизда ҳам, сиз неча ёшда бўлишингиздан қатъий назар, сиз ўзингизни чин етим ҳисоблайсиз.

Онам билан ўртамиздаги муносабатлар жиддийлашмаган пайт қачон бошланганлиги эсимда йўқ, аммо муносабатларимиз аста–секин ва борган сари тинчликсевар хусусиятга эга бўлиб борарди. Шуни аниқ биламанки, куч тўплаб, ёшлигимда мен билан нималар юз берганига аниқ ва ҳақиқий баҳо берганимда, ота-онам ўзларининг номуносиб ҳатти-ҳаракатлари ва бефарқликлари туфайли етказган жароҳатларини айтиб йиғлаганимдан кейин,  муносабатларимиз илиқлаша бошлади. Бундан ташқари, мен ёшлигимдаги хулқ-атворимга тўғри баҳо бердим. Хулқ-атворим менда ҳам нафрат, ҳам ачиниш уйғотди, бироқ маълум вақт ўтгандан кейин мен ота-онамни кечиролдим ва онамга янгича қарай олдим.

Биз онам иккимиз Худога бўлган умумий ишончимиз туфайли нафақат хурсанд бўлардик, балки мавжуд бўлган келишмовчиликлар ҳақида баҳслашмай, Унга биргаликда ҳамду санолар айтишни ўргандик. Бир куни кутилмаган ҳолда, онам барча йўл қўйган янглиш ва хатолари учун, менинг саволларимга жавоб бериш у ёқда турсин, балки эътибор қилмагани учун, шунингдек, мен онамнинг мададига ва ёрдамига ниҳоятда мухтож бўлганимда, ҳамма-ҳаммасидан кўз юмгани учун мендан кечирим сўради. Биз бир-биримизни тушунмаган вақт давомида, онам қанчалик ҳаракат қилмасин, менга яқинлаша олмади, чунки ўзининг ҳам қўл-оёғи боғлиқ эканлигини мен тушундим. 

Сўнгги йил биргаликда

Каравотимнинг ёнида турган кутининг устига онамнинг сурати қўйилган. Суратдан онам менга жилмайганича қараб турибди. Мен онамни ва ўзимдаги барча тушунмовчиликларни кечирдим, деб ўйлардим. Аммо баъзида тушимда эсдаликлар мени яна қамраб олар, мен қайта – қайта кечириш учун, уйғонишга мажбур бўлардим.

Сью Монк Кидд. “Асалариларнинг сирли ҳаёти”

Худо менинг қалбимдаги яна бир жароҳатни шифолашга киришгунга қадар кўп йиллар ўтди. Мени бир нарса хавотирга соларди, онамнинг ёнида мен ҳамон ўзимни “етарлича даражада яхши” ҳис қилмасдим. Унинг ҳузурида мен ҳамон ўзимни олдингидай безори, кўнгли қолган қиздай сезардим, онамнинг сўзлари ҳозир ҳам олдингидай кўнглимни оғритар эди. Ана шунда менинг онамга бўлган ҳис-туйғуларим худди унинг менга нисбатан бўлган ҳис-туйғулари сингари эканлигини Раббий менга кўрсатди. Бу ўкинч, пушаймонлик, кўнгил қолиш ва қаттиқ хижолатчилик эди. Ўша дақиқаларда биз қанчалик онам билан ўхшаш эканлигимизни тушундим. Мен онамнинг тавба қилганини ҳис этдим, мени жиғибийрон қилган унинг танқидий эътирозларига янгича қарадим. Мен онамни севишимни ва уни тўғри тушунишимни у жуда хоҳларди, онам ҳам мени яхши кўришини, мени тушунишини, уни кўрганда истаганимча хурсанд бўлишимни хоҳларди. Аммо мен уни қабул қилмас эдим. Мен онамни инкор қилишим унга қанчалик азоб берганини ана шунда биринчи бор тушундим.

Имкон қадар онам билан тезроқ учрашишимга Худованд чорлади. Мен ўз ишларимни тўғриладим, бир неча кундан сўнг самолётга ўтирдим ва онамнинг ёнига учиб кетдим. Мен онамдан шахсан кечирим сўрамоқчи эдим. Биз ошхонадаги стол атрофида қарама-қарши ўтирардик. Эҳтимол, биринчи бор мен онам билан очиқчасига гаплашаётган эдим. Мен уни жуда кўп марта хафа қилганимни, ҳатто ундан нафратланганимни онам ҳис қилганидан хабардор бўлганимни ва қилган хатоларимни тушунганимни онамга очиқчасига айтдим. Мен онамнинг олдида тиз чўкдим, аслида ундай эмаслигини, мен уни жуда яхши кўришимни, онамдан доимо фахрланиб юрганимни, у онам бўлганидан ниҳоятда хурсанд эканлигимни тан олдим. Сўзимнинг сўнгида онамдан кечирим сўрадим. Онажоним ҳар бир гапимни диққат билан тинглади, ҳа, у шундай қилди. Унинг кўзларидан, ҳайрон бўлган юз ифодасидан, менга мулойимлик билан жилмайишидан, онам ҳақиқатдан ҳам мени кечирганини англадим. Кўзимизда қувонч ёшлари ила онам мени иссиқ бағрига босди. Энди иккимизнинг ўртамизда ҳеч қандай тўсиқ йўқ эди.

Тавба қилишимиз, бир-биримизни кечиришимиз туфайли бизнинг қалбларимиз эркинликка эга бўлганлигини қандай ифодалаш мумкин? Бизни ажратиб турган баланд тиканли девор энди йўқ. Бутун ҳаётимиз давомида биринчи бор ўз севгимизни бир–биримиз билан баҳам кўрдик, мулоқот қилишдан ўзаро хурсанд ва самимий бахтли эканлигимизни тушуниб етдик. Ўша кеча қолган вақтимизни оилавий суратларни кўришга бағишладик. Онамнинг пинжига кирганимча, менинг кичкиналигим ҳақидаги ҳикояларни тинглардим. Онам қўлига менинг бир расмимни олиб ўпди, кейин деди: “Стейси қара, сен нақадар ажойибсан. Сен ҳар доим шундай гўзал бўлгансан!” Ўша кун севги ва муҳаббатга тўла унутилмас кун бўлди.

Лекин ўша кеча жудолик яқинлигидан бехабар бўлган сўнгги кеча ҳам эди. Тез орада шифокорлар онамда кўплаб миелома касаллигини аниқлашди. Онам иккимиз топишганимизга ҳали бир ой бўлмасдан туриб, онам ўлаётганини ҳис қилди. У кўнгли ғашлиги тўғрисида шифокорга айтгандан кейин шифокор онамни текширишга юборди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, онамдаги рак шишлари шиддат билан ривожланиб кетганидан буйракларнинг ишлаш фаолияти бузилибди. Онамнинг гаплари тўғри бўлиб чиқди: унинг умри охирлашига жуда кам вақт қолибди. Ўзаро севги ва муҳаббатда яшаш учун бизда тахминан тўрт ой вақт бор экан. Онам билан ўртамиздаги янгича муносабатларни узоқ йилларга суришни мен жуда хоҳлардим, аммо нима бўлган тақдирда ҳам менинг ҳаётимда шундай дақиқалар, соатлар, кунлар ва ойлар  борлигидан миннатдорман...

 Бизга берилган қисқа вақт ичида, ўтган узоқ йиллар мобайнида йўқотган барча нарсаларни Худо бизга қайтариб берди. Ҳар гал шуларни эслаганимда юрак-бағрим эзилиб, кўзларимдан ёшлар оқади. Бу хотиралар мен учун олтиндан ҳам қиммат.

Қадр-қиммат

Кучли оғриқдан азоб чекаётган ва ёнимизда оғир аҳволда ётган севимли инсонга бирор ёрдам кўрсатишнинг қўлимиздан келмаслиги, ҳар қандай одамнинг ҳам юрак-бағрини эзиб юборади. Сизларнинг кўпчилигингиз бундай ҳолатни бошингиздан кечиргансиз, ҳозир мен нималар ҳақида гапираётганимни яхши тушунасиз. Мен олти ёшга кирганимда эшикка бир бармоғимни қисиб олгандим ва ўша бармоғимдан ажралиб қолишимга сал қолганди. Менга биринчи ёрдам кўрсатаётган шифокор айни ўша бармоғимга оғриқ қолдирадиган укол қилди. Кўзларимдан оққан ёш юзларимни ювди, ҳўнграганимча онамга бошимни кўтариб қарадим. Онам шундай дегани эсимда: “Болажоним, сенинг биргина бармоғинг оғриётган бўлса, менинг оғриғим сеникидан юз чандон оғирроқдир, сенинг бармоғинг оғриса, менинг юрак-бағрим оғрийди”. Ўшанда онам нималар ҳақида гапирганини мен билмагандим, мана энди тушундим.

Кунларнинг бирида мен касал онамга қараётганимда, онам менга тикилиб шундай деди: “Мени кечир қизим, мен туфайли сен шунча азоб чекишингга тўғри келмоқда”. Оғриқдан қийналаётган, озиб–тўзиб кетган ва ўлим тўшагида ётган онажонимнинг менга раҳми келмоқда, мени ҳозир шундай аҳволда қолишимда ўзини айбламоқда. Иложи бўлганда эди, онам ўзининг оғриғини ва ўлимини сезмаслигим учун қўлидан келган ишни қилган бўларди.

Эшитишимга қараганда, эндигина кўзи ёриган аёлнинг ҳолати, ўз руҳини алоҳида танадан ажратиб, сайр қилишга юборган одамнинг ҳолатига тенглаштирилган эмиш. Шунингдек, она ўз фарзандини ҳимоя қилишга қанчалик интилгани ҳақида ҳам эшитганман. Шундай бўлса-да, яхши она ўз фарзандини чақалоқлигидан то ўспирин бўлгунга қадар тарбиялашга ажратилган вақт давомида, ўзидан фарзандини борган сари узоқлаштиришга ҳаракат қилади, токи фарзанд онага борган сари камдан– кам муҳтож бўлсин. Оналар фарзандларини жуда яхши кўрадилар, уларни соғинадилар. Уларнинг юраги ҳам фарзандлар учун, ҳам фарзандларни деб азоб тортади. Тўлғоқ тутиб туғаётган она жуда кўп қон ва куч йўқотади, аммо бу олдинда турган азоб-уқубатларнинг дебочаси, яъни бошланиши эди. Онанинг қисматига тушган синовлар, азоб-уқубатлар, фарзандларнинг ташвишини қилиш, болаларига энг яхши нарсаларни беришга интилиши туфайли она қалби қон бўлиб оқади.

Она қалби – буюк ва битмас-туганмас мавзудир. Онамнинг қалби унинг зиммасига тушган азоб-уқубатлар туфайли тобланди. У чин дилдан севган одамлар уни инкор этиб, уни ҳукм қилган бир пайтда, онам Исони маҳкам тутганча, Унинг кетидан бораверди. Шу жумладан, мен ҳам онамнинг севгисини суистеъмол қилдим. Онамнинг менга бўлган севгиси унга жуда қимматга тушди. Севги ҳар доим ҳам қимматга тушади, лекин менинг ишончим комилки, онам бундай баҳони оқланган деб ҳисобларди, албатта шундай деган бўларди: “Осонроқ, бошқа йўлнинг ўзи йўқ”.

Онам хожатхонагача ўзи бора олганда, мен холам билан унга ёрдам берардик: мен онамни олдиндан ушлаб турардим, холам эса орқадан. Хожатхонадан қайтаётганда, хонасигача кириб боргунча бир неча марта тўхтаб, нафасини ростлаб оларди. Шундай нафас ростлашларнинг бирида мен онамнинг кўзларига тикилиб туриб, дедим: “Онажон, сизни ўз қучоқларимда ушлаб туришим қандай бахт!” Мен борган сари сўлиб кетаётган онажонимнинг танасини маҳкам қучоқладим ва мовийранг кўзларига қарадим. Унинг кўзларида онамнинг менга бўлган чуқур меҳр-муҳаббатини кўрдим – бу бепоён, беҳад, бемисли, беминнат, беиллат, чуқур, чексиз, беғубор ва ниҳоятда пок севги эди. Бундай кўзларга шўнғиб кетиш мумкин, бундай севги уммонида адашиб қолиш мумкин, ёки аксинча, инсон ўзини топиши мумкин.

Ва ниҳоят, онам мени севишига ишондим. Онам мени ҳар доим севган, фақат мен буни пайқамаганман. Унинг кўзлари ҳаммаси яхши эканлигидан, кейин ҳам ҳаммаси яхши бўлишига ишончи комил эканлигидан меҳр–муҳаббатга тўлган. Ҳеч нарса ном нишонсиз кетмаган, бизнинг ўртамизда ўшанда тушунмовчиликнинг баланд девори қад кўтариб турганда ҳам, эндиликда – мен қолиб, онажоним кетаётганда ҳам.

Ҳозирда менинг ота-онам вафот этишган. Самоларда қайта туғилиш учун улар бу дунёни тарк этишди. Мен бу ҳикояни сизни сўзлаб беришимдан мақсад – сизга далда бермоқчиман ва ҳали ҳаммасини ўзгартириш мумкин, деб айтмоқчиман. Ҳар қандай муносабатлар шифо топиши мумкин. Исо сизга ва сизнинг яқинларингизга Ўзининг шифосини беришини Ундан илтижо қилиб сўранг, кейин эса, албатта агарда бунинг имкони бўлса, онангизга қўнғироқ қилинг, унга чин дилдан сизни севаман, деб унга айтинг.

Оналик

     Агар ҳаётимизда она вазифасининг салобати ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ҳолатда “она” сўзи ўрнига “оналик” сўзини қўллаш жойиз бўлади. Мен нимани назарда тутмоқдаман? Ҳамма аёллар ҳам она бўлавермайдилар, аммо уларнинг ҳаммаси оналик қилишга даъват этилганлар. Оналик тарбиялашни, ривожлантиришни, ўқитишни ва ғамхўрлик қилишни ўз ичига олади. Момо Ҳавонинг ҳақиқий қизлари сифатида, ҳамма аёллар кўнгилни кўтариш, тарбиялаш ва инсон ўз иқтидорини очишига меҳрибонлик билан йўналтириш, шунингдек, уларнинг ўз “мен”ини англаб етишда тўғри йўлга солиш иқтидорига эгалар. Айнан шундай шарт-шароитда аёлларнинг Масиҳ билан ҳамкорлиги ва Унинг буюк миссияси – ҳаёт инъом қилиш миссияси  намоён бўлади.  

“Болани тўғри йўлга солиб тарбияланг: шунда қариганда ҳам йўлидан адашмайди” (Ҳикматлар 22:6). Ушбу оят бизнинг болаларимизга масиҳийликни қабул қилишларига ваъда бермайди. Шунингдек, бу оят болани имон-эътиқодли қилиб тарбиялашга бизни даъват этмайди, қолаверса, бундай бола катта бўлгач, албатта, Исога содиқ бўлиши ҳақида ваъда бермайди. Аммо Ҳикматлар Китобидан олинган ушбу оят болада мустақил шахсни тарбиялаш зарурлиги ҳақида, у ўзининг ҳақиқий “мен”ини тушунишига йўналтириш кераклиги ҳақида айтади. “Болани тўғри йўлга солиб тарбияланг...” Гап бу ерда сиз она сифатида ўзингизнинг қодирлигингизни тасдиқлаш учун, болани сиз ўзингиз танлаган йўлга солишингиз тўғрисида эмас. Гап болани яшашга ўргатиш тўғрисида кетмоқда. Бунда ўз қалбингиз даъватига қулоқ соласиз ва бу билан мувофиқатда бўласиз, юрагингизнинг шижоатини англайсиз, унинг талабларини тан оласиз. Бундай бола улғайганда, у ўз қалбининг овозини бўғишга уринмайди. Ушбу цитата инсоннинг ҳақиқий асл моҳиятини англаш ҳақида ва ўз моҳиятини намоён этишга ўргатиш иқтидори ҳақида гапиради.

Инсон ҳаётига таъсир кўрсатиш қобилияти, унинг нодирлигини кўриб, уни қадрлашни ўргатиш - ҳақиқатдан ҳам ҳаяжонлантирувчи қобилият. Тарбия – муқаддас истеъдод, бу фазилат аёл сифатида ва қонунга кўра сизларга тегишли. Ҳа, тарбия турлича шаклларга  ва ажойиб тарзда ниҳоятда кўп кўринишга эга бўлиши мумкин. Ҳа, эркаклар ҳам тарбия қилишга даъват этилганлар. Бироқ сўзсиз, оналик истеъдоди – аёл қалбининг моҳияти.

Мен бир ботир афроамерикалик аёлни эслайман. У биринчи бор уй сотиб олганда, хурсандчиликдан қанот чиқариб осмонда учиб юрарди. Кунларнинг бирида ишдан уйга қайтаётганда дарвозасининг олдида бир гуруҳ безори болаларни кўриб қолди. Безорилар маҳаллий наркотик сотувчилар бўлиб, унинг уйи олдида савдо-сотиқ қилишаётган экан. Аёлнинг сотиб олган уйи Лос-Анджелес наркодиллерларининг марказий ҳудудида жойлашган эди. Бундай ҳолатни кўриб, аёл қўл силтаб кетмади. Аёл уларни тўплаб, ўз истагига кўра уларга оналик меҳрини кўрсатди. Она сифатида болаларга бу йўлдан қайтишни, бу гуноҳ эканлигини тушунтирди. Безорилар тавба қилиб, қилаётган ишларидан пушаймон бўлдилар. Ва натижада меҳрибон аёл-онанинг айтганларини қилиб, улар тўғри йўлдан юрдилар ва ҳаётда ўз ўрниларини топиб, ҳақиқий инсон бўлиб етишдилар. 

Сиз бегоналарнинг болаларига ҳам меҳрибонлик қилишингиз мумкин. Чиндан ҳам бу олам сизнинг ёрдамингизга жуда муҳтож. Дугонам Лорининг қизлари мактабга боргунларига қадар, унинг уйи болалар ва ўсмирлар учун бўш вақтни ўтказиш марказига айланди. Қизларининг дўстлари ва дугоналари Лорининг уйида бўлишни яхши кўришарди. Лори улар билан ўз ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашарди, уларга маслаҳатлар берарди, уларни қўллаб-қувватларди ва уларни севги ила тарбияларди. Шунингдек, Лори улар учун лаззатли таомлар тайёрларди. Кўплаб қизларнинг ҳаётида у катта роль ўйнарди ва ҳозирда уларга намуна кўрсатиб, улар қандай инсон бўлишга даъват этилган бўлсалар, шундай инсон бўлишларига ижобий таъсир кўрсатиб, ғоят катта вазифани бажариб келмоқда. Аёлларнинг ажойиб намуна кўрсатишига яна бир мисол келтирамиз. К. С. Льюис ўзининг “Никоҳни бекор қилиш” номли китобида самоларда учрашган бир аёл ҳақида ҳикоя қилади. Ушбу саҳнада устоз ўз суҳбатдошига атрофдаги диққатга сазовор жойлар ҳақида гапириб бераётган вақтда, ажойиб чиройга эга бўлган аёлни кўриб қолади.

Бу аёл ҳақида сен ҳеч қачон эшитмагансан. Заминда уни Сора Смит деб аташарди, у Голдерс-Гринда яшарди.

-У...бу ерда ниҳоятда катта аҳамиятга эга бўлса керак?

-Ҳа. У – буюклардан бири. Бизнинг шуҳратимизнинг заминий шуҳрат билан ҳеч қандай боғлиқ жойи йўқ.

-Бу болалар ва қизлар-чи?

-Унинг болалари.

-Унинг ниҳоятда болалари кўп экан...

-Ҳар бир болакай, ҳаттоки эркаклар ҳам унга ўғил бўладилар. Ҳар бир қиз унинг қизига айланади.

-Бу уларнинг ота-онасини хафа қилмайдими?

-Йўқ. Аёл билан учрашгач, болалар уларни кўпроқ севишарди. Унга бир қараган одам, камдан-кам унинг севгилиси бўлмай қолмасди. Аммо шундан кейин ҳам эркаклар ўз хотинларини камроқ эмас, кўпроқ севардилар.

Бирор маросимда иштирок этганимизда, биз бир-биримизга оналик меҳрини берамиз, диққат-эътибор қиламиз, юпатишга керакли сўзлар топамиз, кимнингдир муҳтожлигини сезганимизда, албатта ёрдамга келамиз: совуқдан қотган дўстимизга чопонимизни берамиз, қорни оч қолган биродарларимизнинг қорнини тўйдирамиз ёки хафа бўлган синглимизнинг кўнглини кўтарамиз.

Ҳамма аёллар оналикка даъват этилганлар ва ҳаммалари ҳаёт ҳадя этишга даъват қилинганлар. Аёллар ҳаётни ушбу сўзнинг том маъносида ҳадя этадилар, масалан, китобларга ( бизга ишонинг, бу бола туғишдан осон эмас), жамоатларга, ижтимоий ҳаракатларга, ғояларга, ижодий проектларга, масиҳий хизматларга. Биз инсон қалбининг энг яширин бурчаклари шифоланишига имкон бериб, ҳаёт инъом этамиз, уларни Худо билан самимий суҳбатлашишга таклиф қиламиз, Исо билан яқин муносабатлар ўрнатишларида уларга ёрдам берамиз. Аёл турмушга чиқмаса ёки фарзанд кўрмаса, аёл бўлмай қолмайди. Унинг қалбининг асл моҳияти бунда мужассам эмас. Барча аёллар Худонинг киёфасида яратилганлар, зеро ҳамма аёллар ҳаёт инъом этишга даъват қилинганлар. Атрофимиздаги олам ва бизга яқин инсонлар билан алоқада бўлиб, уларга ўз аёллик қалбимизнинг меҳрини ва кучини таклиф этиб, биз уларга оналик меҳрини бермай ёки намоён қилмай туролмаймиз.  

Менинг опачам – менинг дўстим

Аёлларнинг қандай ўзаро мулоқот қилиши мен (Стейси)га жуда ёқади. Мен дугоналарим билан учрашганимда, албатта улардан биттаси бошқасининг елкаларини силашга киришади, ёки бошқасининг сочини тарайди, хуллас, учрашувда албатта қизлар бир-бирларига илтифот ва ёрдам кўрсатадилар, хушмуомалалик ва меҳрибонлик қиладилар. Эркаклар ўзларини бундай тутмайдилар. Бундай феъл-атвор фақатгина аёлларга хосдир. Аёл-қизлар тўпланганларида, улар муҳим масалаларни ҳал қиладилар, сўзсиз, бир-бирларидан ишлар қандайлиги билан қизиқадилар. Уларнинг тўпланиши турлича пазандалик сирларини ўртоқлашиш ва рўзғорда керак бўладиган фойдали маслаҳатларни бериш билан кифояланиб қолмайдилар. Улар асло чўчимасдан ҳар биримизни чиндан ҳам қизиқтирадиган масалалар гирдобига шўнғиб кетадилар.

Онам мени тарбиялаб ўстирди, аммо онам мени тарбиялаш ҳуқуқига фақатгина ўзини эга деб ҳисобларди. Шубҳасиз, опачаларим онамдан бир қадамга ҳам орқада қолишмасди, айниқса, бошланғич синфларнинг баъзи ўқитувчилари, қолаверса, қўни-қўшниларим ҳам вақти келганда мени тарбиялаш жараёнида иштирок этардилар. Ҳозирги кунга қадар Худо менга берган опаларим ниҳоятда мулойимлик ва меҳрибонлик билан менга ғамхўрлик қилиб келмоқдалар. Аёлларнинг дўстлиги – бу ўзига жиддий диққат талаб этувчи хазинадир. Ҳақиқий дугоналар бир-бирларига Худонинг юзини, Унинг меҳр-мурувватини, хурсандчилик ва марҳаматнинг намоён этилиши бўладилар.

Аёллар чиндан ҳам сермазмун ва ишончли муносабатлар ўрнатишга қодирлар. Қачонлардир сизнинг яқин ва ишончли муносабатлар қуриш эҳтиёжингизни қондиришга на турмуш ўртоғингизнинг, на фарзандларингизнинг имконияти бўлади. Аёлларнинг дугоналари бўлиши керак.

Айнан ўзаро муносабатлар соҳасида аёллар катта хурсандчиликни ва энг аянчли азоб-уқубатларни ҳис қиладилар. Аёлларнинг дўстлиги – сирли ва кам ўрганилган соҳа. “Пляжда”, “Қовурилган яшил помидорлар” ёки “Пўлат магнолиялар” сингари кинофильмлар бундай нодир ҳодисани тадқиқ этишга ҳаракат қилмоқдалар. Улар  аёлларнинг дўстлиги қандай синовларга дуч келишини ва аёллар барча синовларни енгиб ўтиб, янада кучлироқ бўлишларини кўрсатадилар. Бу кино қаҳрамонларини эркаклар ташлаб кетишлари мумкин, аммо дугоналар ҳеч қачон. Камдан–кам тўйлар Рут Китобидаги (1:16) қуйидагича маълум цитатасиз ўтади: “...сен қаерга борсанг, ўша ерга мен ҳам бораман, сен қаерда яшасанг, ўша ерда мен ҳам яшайман; сенинг халқинг менинг халқим бўлади, сенинг Худоинг – менинг Худоим бўлади...”. Ушбу ибора қайсидир маънода дугоналарга ҳам тааллуқлидир. Дугоналарнинг муносабатларида кўпинча жиддий ва самимий содиқлик, куйдирадиган рашк ва кучли меҳрибонлик мавжуд бўлади. Аёлларнинг дўстлиги аёл қалбининг туб-тубидан, Худо яшаётган жойдан бошланади. Бу муқаддас даргоҳда аёл Худо билан ҳамкорлик қилишга ва тубдан ўзгаришга қодир. Айнан тубдан ўзгарган аёл қалби оналик меҳрини кўрсатишга, тарбиялашга, қўллаб қувватлашга ва ҳаёт инъом этишга қодирдир. Барча қизларнинг яқин дугоналари бор, ёши катта аёллар ҳам дугоналардан ажралишни хоҳламайдилар. Яқин ва ҳақиқий дугонани топиш – сизга кўнгли яқин бўлган одамнинг сокин гаванига кириб қолиш билан баробардир. Сиз қандай бўлсангиз, дугонангиз сизни шундайлигингизча – барча плюс ва минусларингиз билан қабул қилади, сиз энди ёлғиз эмаслигингизга тўлиқ ишонади. Аёл дўстлиги – бу ўзига хос истиғфор қилинадиган жой, бу ерда улар бир-бирлари билан барча аёл можароларини енгишдаги тажрибалар билан ўртоқлашадилар. Сиз Папаниколай бўйича мазок ва маммограмма натижаларини қўрқув билан кутаётганингизда, сиз ҳайз кўриш олдидан кучли оғриқларни сезганингизда, ёки фарзанд кўриш ҳақида очиқ-ойдин гапирганингизда, ёки эркак кишининг ҳокимлигида бўлиб, қандай тирик қолишни билмаганингизда, сизни дугоналарингиздан бошқа ким ҳам тушунарди, сизнинг кўнглингизни ким ҳам кўтарарди? Агар дугонангиз бўлса, омадим чопди деб, хурсанд бўлаверинг. Зеро дугонангиз ҳаётни худди сиз кўрганингиздай кўради, ўзини тушунгандай сизни тушунади. Бундай дугона билан қанча бўлса ҳасратлашишингиз мумкин ва у сизни ҳеч қачон ташлаб кетмаслигига қатъий ишонаверинг.

Дўстлик – бу буюк инъомдир, дўстлик ўзи келади, деб кутиб ўтирмай, у ҳақда ибодат қилиш лозим. Агар сиз орзу қилган дугонангиз бўлмаса, шундай дугона билан танишиш учун Раббийдан ёрдам сўранг, токи шундай дугона сизнинг ҳаётингизда пайдо бўлганда, уни кўра олишингизга Худованд сизга ёрдам қилсин. Бироқ сизга дугонани ҳадя қилган Худо, айни пайтда, дугонангизга ғамхўрлик кўрсатишингизга даъват этади. Бизда оналик ва сингиллик севгисини намоён қилиш имконияти пайдо бўлади. Биз ўз ҳаётий тажрибамизга асосланиб, дугонамизни ўзининг ҳақиқий “мен”ини англашга ва Худованд уни қандай аёл қилиб яратган бўлса, шундай аёл бўлишига ёрдам беришимиз мумкин.    

Дўстлик ҳимояга, қўллаб-қувватлашга ва ғамхўрликка муҳтож. То бизга қўнғироқ қилишларини кутиб ўтирмай, ўзимиз хол-аҳвол сўраб қўнғироқ қилишимиз даркор, бизнинг таниш-билишларимиз қандай яшашаётганини сўрашимиз керак, барча айтилганларга диққат билан, бирор сўзни тушириб қолмасликка ҳаракат қилиб, гапларни эътибор билан тинглаш лозим. Дугоналаримизга телефон орқали қўнғироқлар қилиб, уларга совға-саломлар, откриткалар йўллаб, ўйнашга, сайр қилишга, кинога боришга, хуллас, биргаликда ҳордиқ чиқаришга таклиф этиб, уларни яхши кўришимизни билдириб туришимиз керак. Худди шундай тарзда биз уларга ўз меҳримизни, ўз севгимизни ҳадя этган бўламиз.    

Мен совға-саломлар йўллашни яхши кўришимни дугонам Дена бир неча йил олдин тушунди. Мен кўпинча сафарларда бўламан. Шундай сафарларда кўпинча дугоналаримга ёқадиган турлича майда-чуйда нарсалар менга учраб туради, уларни мен сотиб оламан, токи сафарлардан қайтгач уларни дугонамга бериб, унинг кўнглини хушнуд қилай. Одатда булар кичкинагина оддий ва содда нарсалар бўлади. Шундан сўнг Дена ҳам менга кичкинагина ёдгорликлар совға қила бошлади. Дугонамнинг диққат-эътибори ниҳоятда кўнглимни кўтарарди! Аммо кейинроқ билишимча, Денани совға-саломлар эмас, ўзининг бўш вақтини қандай сарфлаш кераклиги қизиқтирар экан. Хўп деяверинг, бизнинг давримизда бу ниҳоятда катта бойлик. Баъзи-баъзида мен ҳамон унга совғалар юбориб тураман (бундай имкониятдан воз кечгим келмайди), аммо пайти келганда ёки имкони бўлганда, Дена дам олсин деб, унинг болаларини уйимга олиб кетаман.

Сизлар бир-бирингизга кўпроқ эътибор беришингиз лозим, чиндан ҳам бир-бирингизни сезиб, ҳис қилиб туришингиз даркор. Бу эса буюк инъомларнинг биридир.

Оғир севги

Ижозат берсангиз, шуни сизга ишонч билан айтаманки, ҳақиқий дўстлик инсон зотининг душманлари томонидан таъна-маломатга қолади.

Икки аёлнинг дўстона муносабатларида аёллардан бири кўпинча ўзини гуноҳкор, ожиз ёки дугонаси томонидан нотўғри тушунилгандай ҳис қилади. Севги, садоқатга асосланган самимий мулоқот – дўстликни сақлаб турувчи ва мустаҳкамловчи ягона усул. Дўстликка, шунингдек, икки инсоннинг барча бошқа муносабатларига бўлгани сингари, юксалиш ва қайтиш, бениҳоят бандлик, қалбга жароҳат етказувчи ёки уни умидсизликка келтирувчи вазиятлар ва ҳолатлар хосдир. Бизнинг гуноҳга ботган оламимизда бу муқаррар. Бироқ бизни ҳар томондан қамраб турувчи ва Худо – бизнинг ҳақиқий бахтимизнинг манбаи эканлигини эслатиб турувчи, Худонинг ҳузур-ҳаловати туфайли мустаҳкам дўстликни ривожлантиришга ва бир умрга уни сақлаб қолишга имкониятлар яратилган. Чунки аёллар ёлғизликда кун кечиришга яратилмаганлар – улар мулоқот қилиш учун, бошқа аёлларнинг хаётида иштирок этиш учун яратилганлар. Биз бир-биримизга жуда керакмиз, Худо бу ҳақда билади, шунинг учун ҳам У ҳар доим бизга ёрдамга келишга тайёр. Биз бу тўғрида Ундан илтижо қилиб сўраб, ўзимизнинг ожизлигимизни тан олсак, бас. Кейин севишни давом эттириб кутишимиз, умид қилишимиз ва ишонишимиз лозим. Шунингдек, биз тавба қилишимиз ҳам даркор.

Дўстона муносабатлардан тўлиқ роҳатланиш учун, аёл  атрофдагиларни назорат қилиш истагида эканлигини тан олиши ва ундан ўз шахсий эҳтиёжларини қондиришни талаб қилиши керак. Гуноҳ қилгандан сўнг, Момо Ҳаво ўзига яқин одамлар “ёрдамга келишларига” ниҳоятда муҳтож бўлган. Тавба қилган Момо Ҳаво Масиҳ билан учрашишга муяссар бўлди, шунинг учун у мулоқот қилишга доимо тайёр, ўз хоҳиш-истакларини яхши билади,  кўнгил қолишдан қўрқмайди. Гуноҳкор Момо Ҳаво қалб жароҳатини олгач, қилган гуноҳи яна такрорланиб қолишидан қочиш ниятида тавба қилади. Гуноҳи кечирилган Момо Ҳаво қандай бебаҳо хазинага эга эканлигини билади ва самимий мулоқот қилишга яратилганлигини тушунади. Шунинг учун ҳам Худованднинг ҳимоясига ва меҳрибонлигига эга бўлган аёл, атрофдагилардан ўзини ҳимоя қилмаса ҳам, ҳақиқий юзини яширмаса ҳам бўлади.

Севги ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин, бундан қочиб қутулиб бўлмайди. Яхши кўриб қолинг – сизнинг юрагингиз хавф остида қолади. Агар юрагингизни ҳимоя қилмоқчи бўлсангиз, уни одамга ҳам, ҳайвонга ҳам берманг. Уни арзимас ҳузур-ҳаловат ва бемаъни ҳавас билан ўранг; уни худбинлик қутичасига беркитиб қўйинг. Шундай қоронғу, ишончли ва ҳаво етиб бормас тобутда унга зарар етмайди. Уни энди на жароҳатлаб бўлади, унга на тегиб бўлади, уни энди на қутқариб бўлади. Ғам-ғуссанинг ёки бўлмаса хавф-хатарнинг альтернативаси – бу ҳалокат. Жаннатдан ташқари, севгининг хавф-хатаридан фақатгина дўзаҳда қутулиш мумкин.

К. С. Льюим. №Севги”

Бошқа инсоний муносабатлардаги каби, дўстликда сиз албатта кўнгил қолдиришингиз ва кўнглингиз қолиши мумкин. Инсон тақдири мана шундай. Аммо энг муҳими бу эмас. Бошқа одамлар билан қилинган ҳар қандай муносабатларда, биз Худони севишни ва У билан ҳамкорлик қилишни, оналик меҳрини улашишни, бошқа одамларда янги ҳаётга бўлган истак уйғонишида ёрдам беришни, атрофдагиларга диққат билан эътибор қилишни ва ҳаёт деб аталмиш турмушда ўз саргузаштларимиз билан фаол қатнашишни ўрганишимиз мумкин.

Эҳтимол, турлича “мулоқот доираси” мавжудлиги ҳақида бир неча сўз айтиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Исонинг бир неча шундай мулоқот доираси мавжуд бўлган, биз Ундан ўрнак олишимиз лозим. Исо Ўзининг ўн икки шогирдларининг ичидан айниқса учтасини алоҳида ажратиб кўрсатган. Бутрус ва Забадийнинг ўғиллари Ёқуб ва укаси Юҳанно У билан Тур тоғида бирга бўлганлар, шунингдек, бошқа шогирдлари билан бирга Гетсемания боғида сергак туриб, Исо бошчилигида ибодат қилиш учун таклиф этилганлар. (Эсингизда бўлса, минг афсуски, шогирдлар ўз Устозларига панд бердилар. Дўстлар баъзида кўнгилни қолдириши мумкинлигини, Исо жуда яхши билган... шундай бўлса-да, Исо барибир уларни севишни давом эттирган.) Ҳаётингизнинг маълум бир даврида сизнинг бир, икки, энг кўпи учта яқин дугонангиз бўлиши мумкин. Бизнинг юрагимиз айнан шундай яратилган.     

Қалбингизда бошқа дугоналар учун ҳам жой топилади, фақатгина бошқа “мулоқот доираси” учун. Бундай доирага Исонинг ўн икки шогирди ҳам киритилган эди. Бу доирага ҳам сизга яқин бўлган дугоналарингиз киради, бироқ ярим кечаси уларга кўнғироқ қилиб, ўз дардингизни уларга дастурхон қилиб ёза олмайсиз. Яна бир бошқа “мулоқот доирасини”, худди Исонинг етмишта шогирди каби, сизга таниш бўлган дугона ва дўстларингиз эгаллаши мумкин. Ҳар биримизда бир нечта “мулоқот доираси” мавжуд. Бу оддий ва табиий ҳол. Бизнинг дугоналаримиз бир доирадан иккинчисига, ёки яна бир бошқасига ўтишлари мумкин. Гарчанд, юқорида таъкидлаб ўтган бўлсак-да, сиз ҳар бир дугонангиз билан бир хил тарзда мулоқот қила олмайсиз, ёки бошқача қилиб айтганда, сиз бирор дугонангиз билан тўлиқ яккаланиб ҳам қололмайсиз. Исо биз билан яқинлашиш истагида бўлгани билан, биз бошқа одамлар билан ҳам яқин муносабатда бўлишимиз кераклигини тушунади. Нима ҳам қилардик, Унинг Ўзи бизни шундай қилиб яратган.

Таваккал қилишга Худо бизни даъват этади. Унга ишониб, биз қалбимиз учун дўстона ва самарали бўлган муносабатларга киришамиз, жароҳатлар олишдан чўчимай ўз юракларимизни синовлардан ўтказамиз, шунингдек, ҳақиқий, чин дўстликнинг лаззатли меваларидан тановул қилиш имкониятига эга бўламиз. Бундан ташқари, сизнинг ҳозирги дўстона муносабатларингиз қанчалик ажойиб бўлишига қарамай, шубҳасиз,  сиз бундай муносабатларнинг янада яхшироқ бўлишини хоҳлайсиз. Масалан, агар ўтган кунги кеча сизга мукаммаллик чўққиси бўлиб кўринган бўлса, наҳотки кейинги куни уйғонгач, шундай кечанинг яна такрорланишини сиз хоҳламайсиз? Момо Ҳавонинг қалби – чиндан ҳам тубсиз қудуқ. Ва фақат Исо, битмас-туганмас манба, унинг чанқоғини қондиришга қодир. Исодан бошқа ҳеч ким ва ҳеч қандай муносабатлар аёлга тўлиқ қониқиш келтирмайди. Худованд шунинг учун ҳам бизни шундай қилиб яратган.

Қаттиқ ва кучли  ташналик – Момо Ҳавога берилган ҳузур-ҳаловатнинг таркибий қисми бўлиб, у аёлни Ҳаёт Булоғи томон етаклаш учун ниҳоятда зарурдир.

Бизнинг қалбларимиз, ҳузур-ҳаловат тарқатувчи Худованднинг юрагига эгилганча, ўз чанқоғини қондиради ва Унинг севгисида яшайди, У бизни Ўзининг ота-оналик меҳри билан қамраб олади. Унинг меҳри бизнинг гуллаб-яшнашимизга сабабчи бўлди, У бизни қандай қилиб яратишни ўйлаган бўлса, аслида шундай аёл бўлиб етишишимизга ва куч-қудратга эга бўлишимизга У имкон яратади. Аёл ёрдамида Худо Ўзини бу гуноҳкор оламга намоён қилади, аёл самимий мулоқот қилишга доимо тайёр, аёл севишга қодир ва бошқаларга ўзининг ҳақиқий “мен”ини англаб етишга ёрдам беради. Шундай аёл ҳақиқий она бўла олади. Худовандга эргашиб, аёл бу дунёга озодлик, эркинлик ва ҳаёт олиб келади.

Кел, бошингни қўй Менинг бағримга.

Сени, она каби, Мен юпатаман, андак мизғиб ол.

Ҳаёт оқар сув кабидир,

Бироқ Мен шошилмайман,

Мен содиқ, Мен вафодорман,

Шундай бўлганман, шундайман, шундай бўламан.

Эй менинг, чарчаган биродарим,

Енгил, эркин нафас ол

Елкангдаги оғир юкни ташла.

Мен нурман, шунинг учун сени Мен биламан.

Менга ҳаммаси аён, беркиниш не даркор?

Менинг севгим нақадар буюк ва чуқур,

Поёнсиз эканлигини сенга кўрсатмоқчиман.

Мен содиқман, сен билан доим биргаман.

Мени енга олмас ҳеч қандай куч

На сирли қўрқув, на ваҳимали фалокат.

Мен муқаддасман.

Мен дономан.

Қалб истагингни мен яхши биламан.

Кел бошингни қўй менинг бағримга,

Сени, она каби, мен юпатаман, андак мизғиб ол.

Жилл Филлипс. “Мен шундайман”


 Книга на Узбекском языке: - Пленительная красота  (Джон  ва Стейси Элдридж)

Авторы этой книги, супруги Элдридж, предлагают женщинам вспомнить свои детские мечты и желания, призывают их стать уверенными в себе и пленительными, осознать свое женское начало. Они убеждены, что каждой женщине необходимо найти свою «рану», понять, что было ее причиной, и не упускать ее из виду до тех пор, пока не наступит исцеление. Книга адресована не только женщинам, но и мужчинам, стремящимся понять женскую душу, в том числе отцам, у которых есть дочери.

Вы можете прослушать радиопередачу журналиста Галины Шаинской об этой книге, прозвучавшую на Трансмировом радио. 



Shu bobni eshitish:


AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Фарзандингиз учун қай тариқа чўпон бўлиш мумкин? (Тед Трипп)    Энага яна ёрдамга шошади (Мишель Лароу)    Сандон устида (Макс Лукадо)  Гувохлик ва биография (Николай Бойко Ерофеевич)    Турмуш ўртоғингиз нотўғри ёъл тутганда, Сиз тоғри ёъл тудинг (Лесли Верник)    Матонат соҳиби (Джош Макдауелл)    Бахтли оила (Абдулла Рашидов)    Zamonamiz durdonasi (Nikolay Boyko)    Худди Исо Каби (Макс Лукадо)    Уни Нажоткор деб аташлари таажжубли эмас (Макс Лукадо)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак