Аюб 33 bob
1 Эй Аюб, энди менинг сўзларимни эшитинг, Ҳамма гапларимга қулоқ солинг.
2 Мен ҳозир гапиришга тайёрман. Сўзларим тилимда тизилиб турибди.
3 Сўзларим пок кўнглимдан чиқади, Чин дилдан гапираман.
4 Мени Худонинг Руҳи яратган, Қодир Худонинг нафаси менга ҳаёт бериб турибди.
5 Агар қўлингиздан келса, менга жавоб беринг–чи, Ўзингизни ҳимоя қилиб кўринг–чи!
6 Худонинг олдида сиз ҳам, мен ҳам бирмиз, Мен ҳам тупроқдан яралганман.
7 Мендан қўрқмасангиз ҳам бўлади, Сизга ҳеч зулм ўтказмайман.
8 Гапларингизни ўз қулоғим билан эшитдим, Қуйидаги сўзларни олдимда айтгансиз:
9 «Мен покман, айбсизман, Топ–тозаман, менда ҳеч бир айб йўқ.
10 Худо эса менга қарши чиқишга баҳона қидиряпти, Мени Ўз душманлари қаторига қўшиб қўйди.
11 Оёқларимни занжирбанд қилди, Юрган йўлимни кузатиб туради.»
12 Аюб, мана шу борада сиз ноҳақсиз. Мен сизга шуни айтай: Худо бутун одамзоддан улуғроқдир.
13 Шундай экан, нимага У билан даъволашяпсиз? Нима учун, Худо менга жавоб бермайди, дейсиз?
14 Худо қайта–қайта гапиради. Шунда ҳам одамлар тушунмайди.
15 Одамлар чуқур уйқуга кетганда, Ўринларида ухлаб ётганда, Тушлар, тунги ваҳийлар орқали.
16 Худо уларнинг қулоқларига гапиради, Ўз огоҳлантиришлари билан уларни қўрқитади.
17 Инсон гуноҳларидан қайтсин, Одамзод такаббур бўлмасин деб, бу сўзларни айтади.
18 Ўша огоҳлантиришлар одамларни қабрдан сақлайди, Ўлим дарёсидан қутқаради.
19 Худо инсонларга дарду оғриқ бериб, Одамларнинг суякларини зирқиратиб, тарбиялайди.
20 Шунда улар нонга ҳам қарай олмайдиган бўлиб қолади. Ҳатто энг ширин овқатлар ҳам кўнглини айнитади.
21 Улар озиб–тўзиб кетади, фақат териси қолади. Олдин кўринмаган суяклари энди туртиб чиқади.
22 Ана, улар қабрга яқинлашиб қолди. Ўлим уларнинг жонини пойлаб турибди.
23 Лекин шу пайтда инсоннинг ҳимоячиси бўлса, Мингларга қарши чиқиб, Ўша инсонни солиҳ деб тасдиқлайдиган бир ҳимоячиси
24 Ўша инсонга раҳм қилиб: «Эй Худойим, уни қабрдан қутқаргин, Бу инсоннинг жони эвазига тўлов топдим», деса,
25 Ўша инсоннинг танаси ёш боланики каби янгиланади, Ёшлигидаги каби яна кучга тўлади.
26 Ўша инсон Худога ибодат қилади, Худо эса уни қабул қилади. Худонинг ҳузурига у шодлик билан киради, Чунки Худо уни солиҳлик йўлига қайтаради.
27 Ўша инсон келиб, бошқаларга шундай дейди: «Мана, мен тўғри йўлдан юрмасдан, Гуноҳ қилган эдим, Лекин мен ўзимга лойиқ жазони олмадим.
28 Худо жонимни қабрдан қутқариб қолди. Энди менинг ҳаётим ёруғ кунларга тўла!»
29 Ҳа, Худо одамзодга шундай қилади, Бир эмас, икки эмас, кўп марта такрорлайди.
30 Инсонларни қабрдан сақлаш учун, Ҳаёт нури уларнинг йўлларини ёритсин деб, шундай қилади.
31 Эй Аюб, диққат қилинг, менга қулоқ солинг, Жим туринг, мен гапирай.
32 Агар бирор гапингиз бўлса, менга жавоб беринг. Гапираверинг, чунки оқланишингизни хоҳлайман.
33 Лекин гапингиз бўлмаса, менга қулоқ солинг, Сукут сақланг, мен сизга доноликни ўргатай.”