Ибтидо (1-Таврот) 22 bob
1 Шу воқеалардан кейин Худо Иброҳимни синади. — Иброҳим! — деб чақирди Худо. — Лаббай! — деб жавоб берди Иброҳим.
2 — Ёлғиз суюкли ўғлинг Исҳоқни олиб, Мориёх ерига бор, — деди Худо. — Мен сенга бир тоғни кўрсатаман, ўша тоғда ўғлингни қурбонлик қилиб куйдирасан.
3 Эртаси куни Иброҳим саҳарда туриб, эшагини эгарлади. Оловда куйдириладиган қурбонлик учун ўтин тайёрлади. Сўнг икки хизматкори ва ўғли Исҳоқни ёнига олиб, Худо айтган ерга жўнади.
4 Уч кун йўл юрганларидан кейин, Иброҳим узоқдан ўша жойни кўрди.
5 Иброҳим хизматкорларига деди: — Сизлар шу ерда — эшакнинг ёнида қолинглар. Ўғлим билан ҳов анави ерга борамиз–у, у ерда сажда қилиб, шу ерга қайтиб келамиз.
6 Иброҳим қурбонлик куйдириш учун ўтинни олиб, ўғли Исҳоқнинг елкасига ортди. Ўзи эса пичоқ билан чўғни олиб кетди. Икковлари бирга кетишди.
7 — Отажон! — деди бир пайт Исҳоқ отасига. — Лаббай, ўғлим, — деб жавоб берди Иброҳим. — Олов билан ўтин бор–у, лекин қурбонлик қилиб куйдириладиган қўзи қани? — деб сўради Исҳоқ.
8 — Қурбонлик қилиб куйдириладиган қўзини Худонинг Ўзи беради, ўғлим, — деб жавоб қилди Иброҳим. Шундай қилиб, икковлари бирга йўлда давом этишди.
9 Улар Худо кўрсатган ерга етиб келганларидан кейин, Иброҳим қурбонгоҳ қуриб, қурбонгоҳга ўтин қалади. Сўнгра у ўғли Исҳоқни боғлаб, қурбонгоҳдаги ўтинлар устига ётқизди.
10 Иброҳим пичоқни олди ва ўғлини бўғизлашга шайланди.
11 Шу пайт Эгамизнинг фариштаси самодан унга ҳайқирди: — Иброҳим! Иброҳим! — Лаббай! — деб жавоб берди Иброҳим.
12 — Пичоқни ташла! — деб буюрди фаришта. — Бундай қилма, болага зарар етказма. Энди билдим, сен ҳақиқатан Худодан қўрқар экансан. Сен ҳатто ягона ўғлингни ҳам Мендан аямадинг.
13 Иброҳим бошини кўтариб, қўчқорни кўриб қолди. Қўчқорнинг шоҳлари чакалакларга ўралиб қолган эди. Иброҳим қўчқорни ушлаб, қурбонгоҳда ўғлининг ўрнига куйдириб қурбонлик қилди.
14 Шунинг учун бу жойга Иброҳим “Эгамиз беради” деб ном қўйди. Бу ном бугунги кунда: “Эгамизнинг тоғида берилади” деган ҳикматга айланиб кетган.
15 Шундан кейин Эгамизнинг фариштаси самодан Иброҳимни яна чақирди:
16 — Эганг айтмоқда: “Менга итоат қилганинг учун, ҳатто ягона ўғлингни ҳам Мендан аямаганинг учун Ўзимнинг номим билан қасамёд қиламан.
17 сенга албатта қут–барака бераман. Наслингни осмондаги юлдузлардай, денгиз қирғоғидаги қумдай сон–саноқсиз қилиб кўпайтираман. Наслинг ғанимларининг дарвозаларини эгаллайдилар.
18 Менга итоат қилганинг учун ер юзидаги ҳамма халқлар сенинг наслинг орқали барака топади.”
19 Шундай қилиб, Иброҳим ўғли билан бирга хизматкорлари ёнига қайтиб келди ва Бершебага — уйига йўл олди. Иброҳим Бершебада яшаб қолди.
20 Шундан кейин Иброҳим: “Уканг Нахўрнинг хотини Милхо саккиз нафар ўғил туққан” деган хабарни эшитди.
21 Тўнғич ўғлининг исми Уз, кейингисининг оти Буз, ундан кейингисиники Камувол (Камувол Орамнинг отаси бўлди),
22 Хосит, Хазо, Пилдаш, Йидлаф, Батувал эди.
23 Батувал бир қиз кўриб, отини Ривқо қўйди.
24 Милхо туғиб берган саккиз нафар ўғлидан ташқари, Нахўрнинг Равумо деган чўриси ҳам унга тўрт ўғил туғиб берди. Бу ўғилларининг исми Тавах, Гахам, Тахаш ва Махо эди.