Шоҳлар (биринчи китоб) 9 bob
1 Бенямин қабиласида Киш деган бир одам бор эди. Киш — Абилнинг ўғли, Абил — Зарорнинг ўғли эди. Зарор — Бахуратнинг, Бахурат — Офиёхнинг ўғли эди. Бенямин қабиласидан бўлган Киш анча обрўли одам эди.
2 Унинг Шоул деган ёш, чиройли бир ўғли бор эди. Исроил халқи орасида Шоулдан чиройли одам йўқ эди. Ҳар қандай одамнинг бўйи унинг елкасидан келарди.
3 Бир куни Кишнинг эшаклари йўқолиб қолди. Киш ўғли Шоулга: — Хизматкорлардан бирини ёнингга олгин–да, бориб, эшакларни топиб кел, — деди.
4 Шоул Эфрайим қирларини, сўнг Шолишо ерларини айланиб чиқди. Аммо эшакларни топа олмади. Кейин Шалим ерларига ўтди, эшаклар у ерда ҳам йўқ экан. Сўнгра Бенямин ҳудудини кезиб чиқди, эшакларни у ердан ҳам топа олмади.
5 Зуф деган жойга боришгач, Шоул ёнидаги хизматкорига: — Бўлди энди, орқага қайтамиз, бўлмаса, эшаклар қолиб, отам биздан хавотирланади, — деди.
6 — Энди бундай қилсак, — деди хизматкори, — шу шаҳарда бир пайғамбар бор, у обрўли одам. Ҳамма айтганлари вожиб бўлади. Ўша одамникига борсак, балки борадиган йўлимизни у бизга кўрсатар.
7 — Агар борсак, унга нима олиб борамиз? — деб сўради Шоул. — Тўрваларимиздаги нон тугади. Пайғамбарга олиб борадиган бирор ҳадямиз йўқ. Нимамиз қолди?
8 — Мана, менда бир кумуш танга бор, — деди хизматкор. — Буни пайғамбарга бераман, у бизга борадиган йўлимизни кўрсатади.
9 (Қадимда Исроилда кимдир Худонинг хоҳиш–иродасини билмоқчи бўлса, “Қани, валийга борамиз”, дерди. Бугунги пайғамбар ўша вақтда валий дейиларди.)
10 Шоул хизматкорига: — Маъқул, қани, кетдик, — деди. Шундай қилиб, улар пайғамбар яшайдиган шаҳарга жўнадилар.
11 Шаҳар тепаликда жойлашган эди. Улар шаҳарга борадиган қия йўлдан кетаётганларида, қудуқдан сув олишга келган қизларга дуч келишди. Улар қизлардан: — Валий шу ердами? — деб сўрашди.
12 Қизлар жавоб беришди: — Ҳа, ана олдингизда! Фақат тезроқ боринглар, шаҳримизга бугун келдилар. Бугун тепаликдаги саждагоҳда халқ қурбонлик келтиради.
13 Шаҳарга киришингиз биланоқ, уни топасизлар. У саждагоҳга таом ейишга келмоқда. Валий келиб, қурбонликни табаррук қилмагунча, халқ таом емайди. У келгандан кейингина таклиф қилинганлар таом ейди. Ҳозир борсангиз, уни дарров топасизлар.
14 Шоул билан хизматкори шаҳарга келишди. Шаҳарга кирганларида, саждагоҳга чиқишга тараддуд кўраётган Шомуил улар томонга келаётган экан.
15 Шоул келмасдан бир кун олдин, Эгамиз Шомуилга шуни аён қилган эди:
16 “Эртага шу вақтда сенинг олдингга Бенямин юртидан биттасини юбораман. Унинг бошига мой суртиб танла. У халқим Исроилнинг ҳукмдори бўлсин. Халқимни Филистлар қўлидан у қутқаради. Халқимнинг аҳволига назар солдим, уларнинг оҳу фиғони Менга етиб келди.”
17 Шомуил Шоулни кўргач, Эгамиз унга: “Ана Мен сенга айтган одам, Менинг халқимга у раҳнамолик қилади”, — деди.
18 Шоул шаҳар дарвозаси олдида Шомуилга яқинлашиб сўради: — Марҳамат қилиб айтинг–чи, валийнинг уйи қаерда?
19 — Валий менман, — деди Шомуил. — Мендан олдин саждагоҳга чиқ. Бугун мен билан бирга таом ейсизлар. Эртага эрталаб дилингдаги ҳамма нарсани сенга айтиб, кейин ўзим кузатиб қўяман.
20 Исроил халқининг умиди сендан ва сенинг хонадонингдан эканини ўзинг билишинг зарур. Уч кун олдин йўқолган эшакларинг учун қайғурма. Улар топилди.
21 — Мен Исроил қабиласининг энг кичиги бўлган Бенямин қабиласиданман–ку! Мен мансуб бўлган уруғ Бенямин қабиласининг ҳамма уруғидан энг кичиги бўлса, менга нима учун бундай гапларни айтяпсиз? — деди Шоул.
22 Шомуил Шоул билан хизматкорини ўша ердаги хонага олиб борди. Чақирилганлар тахминан ўттизтача эди. Энг тўрига Шоул билан хизматкорини ўтқазди.
23 Кейин ошпазга: — Мен сенга, бир четга олиб қўй, деб улуш берган эдим–ку, ўша улушни келтир, — деди.
24 Ошпаз ўнг сон гўштини олиб келиб, Шоулнинг олдига қўйди. — Мана, сен учун ажратиб қўйилган улуш, марҳамат, егин! — деди Шомуил. — Бу улушни белгиланган кунда ўзим чақирган халқим билан бирга ейсан, деб сенга сақлаб қўйган эдим. Ўша куни Шоул Шомуил билан таом еди.
25 Сўнгра улар саждагоҳдан шаҳарга тушишди. Шомуил уйининг томида Шоул билан суҳбатлашди.
26 Саҳар пайти Шомуил том устида ётган Шоулни чақириб: — Бўла қол! Сени кузатиб қўяман, — деди. Шоул ўрнидан туриб, Шомуил билан бирга ташқарига чиқди.
27 Шаҳар чеккасига яқинлашганларида, Шомуил Шоулга деди: — Хизматкорингга айт, у биздан олдинроқ юрсин. Сен орқароқда қол, сенга Худонинг каломини айтаман.