Ваҳий 1 bob
1 Мазкур китобда Исо Масиҳнинг ваҳийси баён этилган. Яқин орада юз берадиган ҳодисаларни Худо Ўз қулларига аён қилиш учун бу ваҳийни Исо Масиҳга берди. Исо Масиҳ қули Юҳаннонинг олдига Ўз фариштасини юбориб, ушбу ваҳийни кўрсатди.
2 Юҳанно Худонинг каломи ва Исо Масиҳнинг шаҳодати тўғрисида нималарни кўрган бўлса, ҳаммаси ҳақида гувоҳлик бермоқда.
3 Ушбу башорат сўзларини овоз чиқариб ўқиётган одам бахтлидир. Уни тинглаб, китобда ёзилганларга амал қилувчилар бахтлидир. Ахир, бу ҳодисалар ҳадемай юз беради.
4 Асия вилоятидаги имонлиларнинг еттита жамоатига Юҳаннодан салом! Азалдан бор бўлган, ҳозир ҳам бор, келажакда ҳам бор бўладиган Худодан,
5 Унинг тахти олдида турган етти руҳдан, шунингдек, ўликлар ичидан биринчи бўлиб тирилган, ер юзи шоҳларининг Ҳукмдори бўлган ишончли шоҳид — Исо Масиҳдан сизларга иноят ва тинчлик бўлсин. Исо Масиҳ бизни севади. У Ўз қонини тўкиб, бизни гуноҳларимиздан халос этди.
6 У биздан Шоҳлик яратди, бизни Отаси Худога хизмат қиладиган руҳонийлар қилиб тайинлади. Қудрат Соҳиби бўлган Масиҳга абадулабад шон–шарафлар бўлсин! Омин.
7 Ана, У булутларда келяпти! Ҳар бир кўз Уни кўради, Ҳатто Унга найза санчганлар ҳам Унга кўз тикади. Дунёнинг жамики қабилалари Уни деб йиғлайди. Дарҳақиқат, ҳаммаси айтилгандай бўлади! Омин.
8 “Мен Ибтидо ва Интиҳодирман, — деб айтмоқда Эгамиз Худо. — Мен олдин бор бўлган, ҳозир ҳам бор, келажакда ҳам бор бўладиган Қодир Худодирман.”
9 Мен биродарингиз Юҳанноман. Исонинг азоблари, Унинг Шоҳлиги ва сабр–тоқатини баҳам кўрган шеригингизман. Мен Худонинг каломини ваъз қилиб, Исо ҳақида гувоҳлик берганим учун Патмос оролига сургун қилинганман.
10 Якшанба куни Муқаддас Руҳ мени қамраб олди. Мен орқамдан карнай садосига ўхшаш кучли бир овозни эшитдим. Овоз шундай деди:
11 “Кўрганларингни китобга ёзиб бор. Сўнг уни Эфес, Смирна, Пергамон, Тиятира, Сардис, Филаделфия ва Лаодикия шаҳарларидаги имонлиларнинг еттита жамоатига юбор.”
12 Менга гапираётган Кимсани кўриш учун ўгирилдим. Шунда еттита олтин чироқпояни кўрдим.
13 Чироқпоялар орасида инсон қиёфасидаги бир Зот турган эди. Унинг устида узун, тўпиғигача тушган ридо бор эди, кўксига олтин тасма боғланган эди.
14 Сочи момиқдай оқ, қордай оппоқ эди. Кўзлари эса оловдай чақнарди.
15 Унинг оёқлари ўчоқда қиздирилган бронзадай ярқирар, овози гувиллаган денгиз товушига ўхшарди.
16 Ўнг қўлида еттита юлдуз бор эди, оғзидан ўткир дудама қилич чиқиб турарди. Унинг юзи кун қизиганда балқийдиган қуёшдай порларди.
17 Уни кўришим биланоқ, оёқлари остига ўликдай йиқилдим. У эса ўнг қўлини устимга қўйиб, шундай деди: “Қўрқма! Мен Биринчи ва Охиргиман.
18 Барҳаётман. Ўлган эдим ва мана, абадулабад тирикман. Ўлимнинг ва ўликлар диёрининг калитлари Мендадир.
19 Шундай экан, сен олдин кўрганларингни, ҳозир кўраётганларингни ва бундан кейин кўрадиганларингнинг ҳаммасини ёзиб бор.
20 Сен ўнг қўлимда кўрган еттита юлдуз ва еттита олтин чироқпоянинг сирига келсак, етти юлдуз — етти жамоатнинг фаришталарини, етти чироқпоя эса етти жамоатни билдиради.”