Филиппиликларга мактуб 4 bob
1 Шундай қилиб, севимли биродарларим, сизларга айтганларим бўйича, Раббимиз Исо билан бўлган муносабатингизда маҳкам туринглар. Азизларим, мен сизларни жуда соғиндим. Сизлар менинг қувончимсиз, фахримсиз!
2 Эводия ва Синтиха, сизлардан илтимос қиламан, Раббимиз ҳақи якдил бўлинглар.
3 Эй вафодор ҳамкорим, сендан ҳам ўтинаман, бу аёлларга ёрдам бер, чунки улар мен билан бирга, Климент ҳамда исмлари ҳаёт китобида ёзилган бошқа ҳамкорларим қатори Хушхабарни тарғиб этишда тер тўкдилар.
4 Ҳар доим Раббимиз Исо туфайли шодланинг! Яна бир бор айтаман, шодланинг!
5 Ҳаммага нисбатан мулойим бўлинг. Раббимиз яқинда келади.
6 Ҳеч нарсадан ташвиш қилманглар. Аксинча, ҳар қандай шароитда ибодат ва илтижода бўлиб, ҳар бир муҳтожлигингизни Худонинг олдида миннатдорчилик билан изҳор қилинглар.
7 Шунда Худо берадиган, инсон хаёлига сиғмайдиган тинчлик Исо Масиҳ орқали сизларнинг юракларингизни ва ўй–хаёлларингизни қўриқлайди.
8 Энди эса, эй биродарларим, фикр–зикрингиз ҳақиқий, шарафли, тўғри, пок, ёқимли, таҳсинга сазовор нарсаларда бўлсин. Ҳа, олқишга лойиқ, аъло нарсалар ҳақида фикр юритинглар.
9 Таълимотимни қабул қилдингиз. Энди мендан ўрганганларингизнинг, кўрган–эшитганларингизнинг ҳаммасини бажаринглар. Шунда тинчлик берадиган Худо сизлар билан бирга бўлади.
10 Сизлар мен учун яна ғамхўрлик қилаётганингиздан жуда хурсанд бўлиб, Раббимиз Исога шукур қиляпман. Албатта, сизлар олдин ҳам мен учун ғамхўрлик қилардингиз, лекин буни кўрсатишга имкониятингиз бўлмаган эди.
11 Буларни муҳтожликдан айтаётганим йўқ, чунки мен ҳар қандай шароитда борига қаноат қилишга ўрганганман.
12 Ҳар қандай шароитда ва ҳар ерда ҳам тўқ бўлиш, ҳам оч қолиш, мўл–кўлчилигу муҳтожликда яшаш сирларини ўрганганман. Мен танқисликда ҳам, мўл–кўлчиликда ҳам қандай ҳаёт кечиришни биламан.
13 Менга куч–қувват берадиган Исо Масиҳнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан.
14 Нима бўлишидан қатъий назар, сизлар қийинчиликларимга шерик бўлиб яхши қилдингизлар.
15 Ахир, сиз, Филиппиликлар, ўзларингиз биласизлар–ку, мен сизларга Хушхабарни айтган пайтимдан бошлаб, Македониядан кетганимдан кейин ҳам фақат сизлар менга моддий жиҳатдан ёрдам берардингиз. Сизлардан бошқа ҳеч бир жамоат бундай қилмади.
16 Ҳатто Салоникада бўлганимда ҳам сизлар бир–икки марта менга ёрдам бериб, эҳтиёжимни қондирдингиз.
17 Мен сизлардан бирор нарса ундириб олиш ниятида гапираётганим йўқ. Аксинча, сизларнинг фойдангиз кўпайишини кўзлаяпман.
18 Ҳозир менда керакли ҳамма нарса бор, ҳатто ортиғи билан бор. Эпафродитусдан бериб юборган ҳадяларингизни олдим. Энди ҳеч бир муҳтожлигим қолмади. Бу ҳадяларингиз хушбўй назрдай, Худога маъқул бўладиган ёқимли қурбонлик кабидир.
19 Худойим Ўзининг ажойиб бойлиги билан Исо Масиҳ орқали сизларнинг ҳар бир эҳтиёжингизни қондиради.
20 Отамиз Худога абадулабад шон–шарафлар бўлсин! Омин.
21 Исо Масиҳга тегишли бўлганларнинг ҳаммасига салом айтиб қўйинг. Ёнимдаги биродарлар ҳам сизларга салом айтяпти.
22 Худонинг азизлари бўлганларнинг ҳаммаси, айниқса Қайсар хизматида бўлганлар, сизларга салом йўллаяптилар.
23 Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти сизларга ёр бўлсин!