Бутруснинг 2-нчи мактуби 3 bob
1 Эй азизларим, бу менинг сизларга ёзаётган иккинчи мактубимдир. Иккала мактубимда ҳам сизларда пок фикр уйғотишга ҳаракат қилиб, ўрганганларингизни ёдингизга солмоқчи бўлдим.
2 Хусусан, Муқаддас пайғамбарларнинг ўтмишда айтган сўзларини, шунингдек, Раббимиз ва нажоткоримиз Исонинг амрларини эслашингизни истадим. Раббимиз Исо бу амрларни олдингизга борган ҳаворийлар орқали берган.
3 Аввало, шуни билинглар: охирги кунларда шундай мазахчилар бўладики, улар чиркин эҳтиросларига берилиб яшайдилар. Сизларни мазах қилиб,
4 шундай дейдилар: “Раббимиз Исо келаман деб, сўз берган эди. Қани У?! Мана, ота–боболаримиз дунёдан ўтиб кетганларидан бери, ҳеч нарса ўзгармади. Дунё бино бўлганидан бери, ҳамма нарса шундайлигича турибди.”
5 Улар ҳақиқатни рад этганлари учун шундай гапирадилар, азалда Худо еру осмонни Ўз каломи орқали яратганини улар инобатга олмайдилар. Ўшанда Худо еру осмонни сувлар орасидан пайдо қилганди.
6 Сўнг эса Ўз каломи орқали қадимги дунёни ўша сувлар гирдобига чўктирганди.
7 Ҳозирги еру осмонни эса Худо Ўз каломи билан қиёмат кунигача асраб турибди. Қиёмат куни У ҳозирги дунёни оловга ем қилиб, барча бетавфиқларни ҳалок этади.
8 Эй азизларим, Раббимиз Исонинг назарида бир кун минг йил ва минг йил бир кун кабидир, буни доим инобатга олинглар.
9 Баъзилар Раббимиз келмаяпти, берган ваъдасини бажаришга У кечикяпти, деб ўйламоқда. Аслида ундай эмас, У сабр–тоқат қиляпти, чунки ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамай, ҳамманинг тавба қилишини хоҳлаяпти.
10 Аслида, Раббимиз Исо, ўғри келгандай, ногаҳон келиб қолади. Ўша куни осмон гувиллаб ёниб, ғойиб бўлади, самовий жисмлар олов тафтидан куйиб кетади, шунда ер ва унда қилинган ҳар бир иш очиқдан–очиқ ошкор бўлиб, ҳукм этилади.
11 Қиёмат куни бутун борлиқ ёниб, йўқ бўлиб кетар экан, сизлар Худони мамнун қилишга жон куйдиринглар! Муқаддас ҳаёт кечиришга жон–жаҳдингиз билан ҳаракат қилинглар.
12 Худонинг кунини интизорлик билан кутинглар, унинг келишини тезлаштиринглар! Ўша куни осмон ёниб, йўқ бўлади, самовий жисмлар олов тафтидан эриб кетади.
13 Шундан сўнг Худонинг ваъдаси амалга ошиб, ҳамма нарса янгиланади. Ҳа, биз янги еру осмонга, адолат ҳукм сурадиган дунёга кўз тикканмиз.
14 Эй азизларим, сизлар янги дунёни кутар экансиз, Худо назарида бенуқсон ва беғубор бўлишга, У билан тотув яшашга жон куйдиринглар.
15 Раббимиз Исонинг сабр–тоқатини нажот учун имконият деб билинглар. Азиз биродаримиз Павлус ҳам Худонинг берган донолиги билан сизларга муқаддас ҳаёт ва Раббимизнинг келиши ҳақида ёзган.
16 Павлус барча мактубларида булар ҳақида фикр юритган. Унинг мактубларидаги тушуниш қийин бўлган баъзи парчаларни уқувсиз ва имони суст кишилар бузиб талқин қиладилар. Муқаддас битикларнинг бошқа жойларини ҳам бузиб ўргатадиган бу кишилар ўз бошини ўзи ейдилар.
17 Эй азизларим, сизлар буларнинг ҳаммасини олдиндан биласизлар. Эҳтиёт бўлинглар, бу бебош одамларнинг сохта таълимотига ишониб йўлдан озманглар, қарорингизда собит бўлинглар.
18 Ўз ҳаётингиз билан Худони мамнун этинглар, Раббимиз ва нажоткоримиз Исо Масиҳни янада яқинроқ таниб–билинглар. Ҳозирдан то абад Унга шон–шарафлар бўлсин! Омин.