Ҳаворийлар 5 bob
1 Ханониё деган бир одам хотини Сапфира билан келишиб, мулкидан бир қисмини сотди.
2 Ханониё пулнинг бир қисмини ўзига олиб қолди. Хотини бу ҳақда биларди. Ханониё пулнинг қолганини ҳаворийларга олиб бориб берди.
3 Бутрус ундан сўради: — Ханониё, нимага шайтонга қалбингдан жой бериб, Муқаддас Руҳга ёлғон гапирдинг? Ернинг пулидан бир қисмини олиб қолдинг–ку!
4 Мулкингни сотмасингдан олдин, у сеники эди, сотганингдан кейин ҳам, пул сеники эди. Бундай иш қилишга қандай журъат этдинг?! Сен одамларга эмас, балки Худога ёлғон гапирдинг!
5 Ханониё бу сўзларни эшитиши биланоқ ерга йиқилиб жон берди. Бу воқеани эшитганларнинг ҳаммаси қаттиқ ваҳимага тушиб қолди.
6 Йигитлар келиб, унинг жасадини кафанладилар, кейин уни олиб чиқиб, дафн қилдилар.
7 Уч соатлардан кейин Ханониёнинг хотини келди. Юз берган ҳодисадан у бехабар эди.
8 Бутрус аёлдан сўради: — Менга айт–чи, сен билан эринг ерларингизни фалон нархга сотдингизларми? — Ҳа, ўшанча нархга сотдик, — деб жавоб берди аёл.
9 Шунда Бутрус аёлга деди: — Нима учун сизлар Эгамизнинг Руҳини синашга қарор қилдингизлар? Ана, эрингни дафн қилган одамлар эшикдан кириб келишяпти. Энди улар сени ҳам олиб чиқадилар.
10 Шу заҳоти аёл ҳам йиқилди–ю, жон берди. Йигитлар кириб келиб кўрдиларки, аёл жон берибди. Улар аёлни ҳам олиб бориб, эрининг ёнига дафн қилдилар.
11 Бу воқеани эшитган одамлар ва бутун жамоат ваҳимага тушиб қолди.
12 Ҳаворийлар халқ орасида кўплаб мўъжизалар ва ажойиботлар кўрсатардилар. Ҳамма имонлилар Сулаймон айвонида йиғилишарди.
13 Халқ уларга ғоят ҳурмат кўрсатар, бегоналардан ҳеч ким уларга қўшилишга журъат қилолмасди.
14 Аммо Раббимиз Исога имон келтириб, жамоатга қўшилган эркагу аёллар сони тобора кўпайиб бораверди.
15 Одамлар: “Бутрус йўлдан ўтаётганда, унинг сояси буларнинг устига тушсин”, деб хасталарни кўчаларга олиб чиқишарди. Уларни чорпояларга, тўшакларга ётқизиб қўйишарди.
16 Бир талай оломон ҳам Қуддус атрофидаги қишлоқлардан келди. Улар ҳам хаста, ёвуз руҳлардан азоб чекаётганларни олиб келган эдилар. Хасталарнинг ҳаммаси шифо топди.
17 Шунда саддуқий мазҳабидан бўлган олий руҳоний ва унинг барча шериклари ҳаворийларга қаҳрини сочдилар.
18 Улар ҳаворийларни ҳибсга олиб, давлат қамоқхонасига ташладилар.
19 ммо тунда Эгамизнинг бир фариштаси қамоқхона эшигини очди, ҳаворийларни ташқарига олиб чиқиб, шундай деди:
20 — Боринглар, Маъбадда туриб, бу янги ҳаёт тўғрисидаги хабарни одамларга айтинглар.
21 Ҳаворийлар бу гапни эшитиб, азонда Маъбад ҳовлисига кирдилар ва одамларга таълим бера бошладилар. Олий руҳоний ва унинг ёрдамчилари Маъбадга келдилар ва Олий кенгашни, яъни ҳамма Исроил йўлбошчиларини чақиртирдилар. Ҳаворийларни олиб келиш учун қамоқхонага одам юбордилар.
22 Маъбад миршаблари бориб, қамоқхонада ҳаворийларни топа олмадилар. Улар қайтиб келиб, хабар бердилар:
23 — Борсак, қамоқхона маҳкам қулфланган, соқчилар эшик олдида туришган экан. Аммо эшикларни очиб ичкарига кирганимизда, ичкарида ҳеч кимни топа олмадик.
24 Маъбад миршаббошиси ва бош руҳонийлар бу сўзларни эшитиб, ҳаворийларга нима бўлди экан, деб ҳайрон бўлдилар.
25 Шу пайт бир одам келиб, хабар берди: — Сизлар қамоққа ташлаган одамлар Маъбад ҳовлисида турибдилар, одамларга таълим беряптилар.
26 Миршаббоши билан миршаблар бориб, ҳаворийларни ҳибсга олдилар, аммо зўрлик қилмадилар. “Одамлар бизни тошбўрон қилмасин”, деб қўрқдилар.
27 Улар ҳаворийларни олиб келиб, Олий кенгаш олдида турғизиб қўйдилар. Олий руҳоний уларга шундай деди:
28 Биз сизларга, бу Одамнинг номи билан таълим берманглар, деб қатъий тақиқламаганмидик?! Сизлар эса бутун Қуддус бўйлаб таълимотингизни ёйиб юборибсиз! Бу Одамнинг қонини бизнинг гарданимизга юклаяпсизлар!
29 Бутрус билан ҳаворийлар шундай жавоб бердилар: — Биз инсонга эмас, Худога итоат этишимиз лозим.
30 Сизлар Исони ёғочга михлаб ўлдирган эдингизлар, ота–боболаримизнинг Худоси эса Уни тирилтирди
31 Худо Исони юксалтириб, Ўзининг ўнг томонига ўтқазди. Исроил халқи тавба қилсин, уларнинг гуноҳлари кечирилсин деб, Худо Исони Сарвар ва Нажоткор қилиб тайинлади.
32 Биз буларга гувоҳмиз, Муқаддас Руҳ ҳам гувоҳдир. Худо Муқаддас Руҳни Унга итоат этадиганларга инъом қилган.
33 Олий кенгаш бу гапларни эшитиб, ғазабга минди, ҳаворийларни ўлдирмоқчи бўлди.
34 Олий кенгашда халқнинг ҳурматига сазовор бўлган бир Таврот тафсирчиси бор эди. Унинг исми Гамалиёл бўлиб, у фарзийлардан эди. Гамалиёл ўрнидан туриб, ҳаворийларни қисқа вақтга ташқарига олиб чиқишларини буюрди.
35 Шундан кейин у Олий кенгашга деди: — Эй, Исроил йўлбошчилари, бу одамларни бирон нарса қилмоқчи бўлсангиз, эҳтиёт бўлинглар.
36 Эсингизда бўлса, бир қанча вақт олдин Февдас деган одам буюкликка даъво қилганди. Ҳатто тўрт юзтача одам унга эргашди. Аммо Февдас ўлдирилди, унинг издошлари тарқалиб, йўқ бўлиб кетди.
37 Шундан кейин аҳолини рўйхатга олиш пайтида пайдо бўлган Жалилалик Яҳудо бир қанча одамни ортидан эргаштирди. У ҳам ҳалок бўлди, унга эргашганларнинг ҳаммаси тарқалиб кетди.
38 Шу боис сизларга айтяпман: бу одамларга қарши бирон ҳаракат қила кўрманглар. Уларни ўз ҳолига қўйинглар! Уларнинг режалари ва қилаётган ишлари инсонники бўлса, бу ишлари барҳам топади.
39 Агар Худодан бўлса, сизлар уларни мағлуб қила олмайсизлар. Яна ўзларингиз Худога қарши жанг қилаётган бўлиб қолманглар.
40 Шундай қилиб, Олий кенгаш Гамалиёлнинг маслаҳатига рози бўлди. Улар ҳаворийларни чақириб, қамчи билан савалатдилар, “Ҳеч қачон Исонинг номи билан гапирмайсизлар”, деб буйруқ бериб, қўйиб юбордилар.
41 Ҳаворийлар Олий кенгаш ҳузуридан хурсанд бўлиб чиқдилар, чунки улар “Худо бизни Исонинг номи учун ҳақоратланишимизга лойиқ ҳисоблади”, дер эдилар.
42 Улар ҳар куни Маъбад ҳовлисида ва одамларнинг уйларида таълим берардилар. Исонинг Масиҳ экани тўғрисидаги Хушхабарни ваъз қилишда давом этавердилар.