Юҳанно 16 bob
1 Мен бу гапларни сизлар тўғри йўлдан озманглар, деб айтдим.
2 Сизларни синагогалардан ҳайдаб юборадилар. Ҳатто шундай замон келадики, сизларни ўлдираётган ҳар бир киши бу билан Худога хизмат қиляпман, деб ўйлайди.
3 Улар бу ишларни самовий Отамни ва Мени танимаганлари учун қиладилар.
4 Буларни сизларга ҳозирдан айтиб қўйяпман, токи ўша вақт–соат келганда, сўзларимни эсга олинглар. Сизларга буларни бошданоқ айтишимга ҳожат йўқ эди, чунки Ўзим сизлар билан бирга эдим.
5 Энди эса Мени Юборганнинг олдига кетяпман. Биронтангиз Мендан: «Қаерга кетяпсан?» деб сўрамаяпсиз.
6 Буларни айтганим учун дилингиз ғам–қайғуга ботган.
7 Аммо сизларга ҳақиқатни айтаман, Менинг кетишим сизлар учун яхшироқдир. Агар Мен кетмасам, Ҳомий* келмайди. Агарда кетсам, Уни олдингизга юбораман.
8 У келганда дунёга гуноҳ, адолат ва ҳукм тўғрисидаги ҳақиқатни аён қилади.
9 Гуноҳ тўғрисидаги ҳақиқат шундан иборатки, одамлар Менга ишонмайдилар.
10 Адолат тўғрисидаги ҳақиқат шуки, Ота Мени оқлайди. Мен Отанинг олдига кетяпман ва сизлар Мени бошқа кўрмайсизлар.
11 Ҳукм тўғрисидаги ҳақиқат шундан иборатки, ҳукм чиқариб бўлинган, бу дунёнинг ёвуз ҳукмдори маҳкум қилинган.
12 Сизларга яна айтадиган гапларим кўп, лекин энди ичингизга сиғдиролмайсизлар.
13 Ҳақиқат Руҳи келиб, сизларни тўлиқ ҳақиқат сари бошлайди. У Ўзича гапирмайди, неки эшитса, ўшани сўзлаб беради, У юз берадиган воқеалар ҳақида сизларга хабар қилади.
14 У Мендан эшитган нарсаларни сизларга маълум қилади, шу орқали Мени улуғлайди.
15 Отанинг бор нарсаси Меникидир. Ана шу сабабдан, Руҳ Мендан эшитган нарсаларни сизларга маълум қилади, деб айтдим.
16 Сизлар билан бирга узоқ вақт бўлмайман, лекин кўп ўтмай сизлар Мени яна кўрасизлар.”
17 Шу пайтда Исонинг шогирдлари бир–бирига деди: “Қизиқ, У бизга ўзи нима айтмоқчи?! «Сизлар билан бирга узоқ вақт бўлмайман, лекин кўп ўтмай сизлар Мени яна кўрасизлар», деди. «Отанинг олдига кетяпман», деб айтди.
18 «Сизлар билан бирга узоқ вақт бўлмайман» дейиши билан нима демоқчи экан, тушунмадик.”
19 Исо шогирдларининг савол бермоқчи бўлганларини билиб, деди: “«Сизлар билан бирга узоқ вақт бўлмайман, лекин кўп ўтмай сизлар Мени яна кўрасизлар», деб айтган гапимнинг маъносини муҳокама қиляпсизларми?
20 Сизларга чинини айтайин: сизлар йиғлаб, дод–фарёд қиласизлар, дунё эса қувонади. Сизлар қайғурасиз, лекин қайғунгиз шодликка айланади.
21 Ойи тўлган аёл дард билан туғади. Аммо бола туғилгандан кейин, дунёга одамзод келди, деб аёл қувонади. Қувонганидан у чеккан дардини унутиб юборади.
22 Шунга ўхшаб сизлар ҳам ҳозир ғам–қайғу чекяпсизлар. Лекин Мен сизларни яна кўраман. Шунда юрагингиз қувончга тўлади. Қувончингизни сизлардан ҳеч ким тортиб олмайди.
23 Ўша куни Мендан ҳеч нарса сўрамайсизлар. Сизларга чинини айтайин: Менинг номимдан осмондаги Отамдан нима сўрасангизлар, У сизларга беради.
24 Шу пайтгача Менинг номим билан Отадан ҳеч нарса сўрамадингизлар. Сўранглар, оласизлар ва қалбингиз шодликка тўлади.
25 Шу вақтгача сизларга маталлар орқали гапириб келдим. Лекин шундай вақт келадики, Мен сизларга Отам ҳақида маталлар орқали эмас, очиқдан–очиқ гапираман.
26 Ўша куни ўзларингиз Отадан истаганингизни Менинг номимдан сўрайсизлар. Менинг сизлар учун Отадан илтимос қилишимнинг ҳожати бўлмайди.
27 Зотан, Отанинг Ўзи сизларни севади, чунки сизлар Мени яхши кўриб, Худодан келганимга ишондингизлар.
28 Мен Отамдан чиқиб, дунёга келдим. Энди дунёни тарк этиб, Отамнинг олдига кетяпман.”
29 Шогирдлар Исога шундай дейишди: — Мана, ҳозир Сиз матал ишлатмай, очиқ сўзлаяпсиз.
30 Ҳамма нарсани билишингизни энди тушундик. Саволга ҳам ўрин йўқ. Сиз Худодан келганингизга энди ишондик.
31 Исо деди: — Энди ростдан ҳам ишоняпсизларми?
32 Шундай вақт келадики, ҳатто келди ҳам, сизлар тарқалиб, ҳар бирингиз ин–инингизга кириб кетасиз. Мени ёлғиз қолдирасизлар. Бироқ Мен ёлғиз эмасман, чунки Отам Мен биландир.
33 Мен туфайли хотиржам бўлишингиз учун буларни сизларга айтдим. Дунёда қайғу–алам чекасизлар. Лекин дадил бўлинглар, Мен дунёни енгдим.