Луқо 16 bob
1 Исо шогирдларига шундай деди: “Бир бой одамнинг иш бошқарувчиси бор экан. Бойга, иш бошқарувчингиз мол–мулкингизни совуриб юрибди деган хабар етиб келди.
2 Бой одам иш бошқарувчисини чақириб, унга шундай дебди: — Сен ҳақингда баъзи гапларни эшитдим. Бу нимаси?! Менга бошқарувинг тўғрисида ҳисобот бер, энди ишларимни сен бошқармайсан.
3 Шунда иш бошқарувчи ўзига ўзи дебди: — Хўжайиним мени ишдан бўшатяпти. Энди нима қиламан? Ер чопишга кучим етмайди, садақа сўрашга уяламан.
4 Эҳа, топдим! Бир иш қиламан, шунда бўшатилганимдан кейин одамлар уйларининг эшикларини мен учун очиб беришади.
5 У вақтни бой бермай, хўжайиннинг қарздорларини бирма–бир чақирибди. Биринчисидан сўрабди: — Хўжайинимдан қанча қарзинг бор?
6 — Икки юз кўза зайтун мойи, — деб жавоб берибди у.— Тилхатингни ол, тезда ўтириб юз кўза деб ёз! — дебди унга иш бошқарувчи.
7 Кейин бошқасидан ҳам сўрабди: — Сенинг қанча қарзинг бор? — Минг тоғора буғдой, — деб жавоб берибди у. Унга ҳам: — Тилхатингни ол, саккиз юз тоғора деб ёз! — дебди иш бошқарувчи.
8 Ҳа, айёр иш бошқарувчи ишини боплаб бажарди! Чиндан ҳам бу дунёнинг одамлари замондошлари орасида нур аҳлига қараганда ўз ишига анча пишиқдирлар.
9 Мен сизларга айтаман: бу дунёнинг бойлигидан фойдаланиб дўст орттиринглар, токи бу бойлик тугагач, Худо сизни абадий масканига қабул қилсин.
10 Кичик ишда садоқатли бўлган одам катта ишда ҳам садоқатли бўлади. Кичик ишда садоқатсиз бўлган эса катта ишда ҳам садоқатсиз бўлади.
11 Агар сизга бу дунёнинг бойлигини ишониб топшириб бўлмаса, ким сизга ҳақиқий бойликни ишониб топширади?!
12 Агар сизга бошқаларнинг нарсасини ишониб топшириб бўлмаса, ўзингизга аталган нарсани сизга ким беради?!
13 Ҳеч қандай хизматкор икки хўжайинга хизмат қилолмайди. У ё бирини ёмон кўриб, бошқасини яхши кўради, ёки бирига бағишланиб, бошқасини менсимайди. Сизлар ҳам Худога, ҳам бойликка бирдек хизмат қила олмайсизлар.”
14 Пулпараст фарзийлар буларни эшитиб, Исони мазах қилдилар.
15 Исо уларга деди: “Сизлар одамлар олдида ўзингизни тақводор қилиб кўрсатасизлар, лекин Худо юрагингизни билади. Одамзод кўкка кўтарган нарсалар Худонинг назарида жирканчдир.
16 Яҳё ва ундан олдин келганлар Таврот ва Пайғамбарлар битикларини эълон қилганлар. Энди эса Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабар эълон қилинмоқда ва ҳар бир одам бу Шоҳликка киришга ундалмоқда.
17 Бироқ Тавротдан бир нуқтанинг йўқолишидан кўра, еру осмоннинг йўқолиши осонроқдир.
18 Ким ўз хотини билан ажрашиб бошқасига уйланса, зино қилган бўлади. Шунингдек, эри билан ажрашган хотинга уйланган киши ҳам зино қилган бўлади.
19 Бир бой одам бор экан. У қимматбаҳо либослар кийиб юрар, ҳар куни дабдабали ҳаёт кечирар экан.
20 Бойнинг дарвозаси олдида бутун баданига яра тошган Лазар исмли бир қашшоқ гадой ётар экан.
21 У бой дастурхонидан тўкилган ушоқлар билан қорин тўйдиришни орзу қилар экан. Итлар келиб унинг яраларини ялаб кетар экан.
22 Бир куни гадой ўлиб қолибди, фаришталар уни Иброҳимнинг ёнига олиб кетибдилар. Кейин бой ҳам ўлиб, дафн қилинибди.
23 Жаҳаннамда азоб чекаётган бой бошини кўтариб, узоқда Иброҳимни ва унинг ёнидаги Лазарни кўрибди.
24 Сўнг шундай деб фарёд қилибди: — Эй Иброҳим ота! Менга раҳм қилиб Лазарни юборинг. У бармоғининг учини сувга ботириб, тилимга томизсин. Бу аланга ичида азоб чекяпман!
25 Иброҳим унга шундай деб жавоб берибди: — Унутма, ўғлим, сен ҳаётлигингда ҳамма яхши нарсаларингни олиб бўлдинг, Лазар эса фақат ёмонлик кўрди. Энди у бу ерда тасалли топяпти, сен бўлсанг, азоб чекяпсан.
26 Бундан ташқари, сен билан бизнинг орамизда тубсиз жарлик бор. Бу ердан сиз томонга ўтмоқчи бўлганлар ўта олмайдилар ва у ердан биз томонга ҳам ўтмайдилар.
27 Шунда бой айтибди: — Ундай бўлса, эй ота, сиздан ўтиниб сўрайман, Лазарни отамнинг уйига юборинг.
28 Менинг бешта укам бор. Улар ҳам бу азобли жойга келмасликлари учун уларни огоҳлантириб қўйсин.
29 Иброҳим жавоб берибди: — Уларда Мусонинг ва пайғамбарларнинг битиклари бор–ку, ўшаларга қулоқ солишсин.
30 Бой эса: — Йўқ, Иброҳим ота, улар қулоқ солмайдилар. Аммо ўликлардан бири уларнинг олдига борса, ўшанда тавба қиладилар, — дебди.
31 Иброҳим шундай дебди: — Агар Мусо ва бошқа пайғамбарларнинг сўзларига қулоқ солмаган бўлсалар, ўликлардан бири тирилиб борса ҳам ишонмайдилар.”