Луқо 10 bob
1 Шундан кейин Раббимиз Исо етмиш икки одамни танлаб олди. Уларни иккита–иккита қилиб, боришни мўлжаллаган ҳар бир шаҳарга, ҳар бир жойга Ўзидан олдин жўнатди.
2 Исо уларга шундай деди: “Ҳосил мўл, аммо ишчилар оз. Ҳосил Эгасидан: «Ҳосилингни йиғиб олишга яна ишчилар юбор», деб сўранглар.
3 Боринглар! Сизни бўрилар орасига қўзилардай юборяпман.
4 Ўзларингиз билан ҳамён, тўрва, чориқ олманглар. Йўлда одамлардан ҳол–аҳвол сўрашга вақтингизни кеткизманглар.
5 Бирор хонадонга кирганларингизда, аввало: «Хонадонингизда тинчлик–омонлик бўлсин», деб айтинглар.
6 Агар ўша хонадонда тинчликсевар одам яшаётган бўлса, сиз тилаган тинчлик ўша одамда қолади. Бўлмаса, ўзингизга қайтиб келади.
7 Бир хонадондан бошқа хонадонга кўчиб юрманглар. Кирган хонадонингизда қолинглар. Олдингизга нима қўйишса, ўшани еб–ичинглар. Чунки меҳнаткаш иш ҳақини олишга муносибдир.
8 Бир шаҳарга кирганингизда, шаҳар аҳолиси сизларни қабул қилса, олдингизга қўйганларини енглар.
9 Ўша ердаги хасталарга шифо бериб, шаҳардаги одамларга: «Худонинг Шоҳлиги сизларга яқинлашди», деб айтинглар.
10 Аммо бирон шаҳарга кирганингизда сизларни қабул қилмасалар, ўша шаҳарнинг шоҳ кўчаларига чиқиб шундай деб айтинглар:
11 «Огоҳлантириш тариқасида шаҳрингиздан оёқларимизга ёпишган чангни ҳам қоқиб кетяпмиз. Аммо билиб қўйинг, Худонинг Шоҳлиги яқинлашди!»
12 Сизларга айтаманки, қиёмат кунида ўша шаҳарнинг ҳоли Садўм шаҳрининг ҳолидан баттар бўлади.
13 Сенинг ҳолингга вой, эй Хоразин! Сенинг ҳолингга вой, эй Байтсайда! Агар сизларда қилинган мўъжизалар Тир билан Сидон шаҳарларида қилинганда эди, улар аллақачон қанорга ўраниб, кулга ўтириб, тавба қилган бўлардилар.
14 Қиёмат кунида сизнинг ҳолингиз Тир ва Сидоннинг ҳолидан баттар бўлади.
15 Эй Кафарнаҳум! Худо сени кўкларга кўтаради, деб ўйлайсанми?! Йўқ, У сени тубсиз чуқурликка улоқтиради!”
16 Исо шогирдларига деди: “Сизларга қулоқ солган Менга қулоқ солган бўлади. Сизларни рад қилган Мени рад қилган бўлади. Мени рад қилган эса Мени Юборганни рад қилган бўлади.”
17 Етмиш икки шогирд хурсанд бўлиб сафардан қайтиб келдилар. Улар Исога шундай дедилар: — Ҳазрат, биз Сизнинг номингиздан буйруқ берганимизда, ҳатто жинлар ҳам итоат этяптилар.
18 Исо уларга деди: — Мен шайтоннинг осмондан яшиндай тушганини кўрдим.
19 Мен сизларга илону чаёнларни босиб эзиш ҳокимиятини ва иблиснинг бутун куч–қудратини оёқ ости қилиш ҳокимиятини берганман. Ҳеч нарса сизларга зарар етказмайди.
20 Бироқ жинлар сизга бўйсунаётганидан хурсанд бўлманглар, балки номларингиз осмонда ёзилганидан хурсанд бўлинглар!
21 Шу он Исо Муқаддас Руҳнинг шодлигига тўлиб, деди: “Эй Ота, еру осмоннинг Эгаси! Сен бу ишларни донолару идроклилардан яшириб, гўдакларга маълум этганинг учун Сенга шукурлар айтаман. Ҳа, Ота, бу Сенинг эзгу хоҳишинг эди.”
22 Сўнг Исо одамларга деди: “Осмондаги Отам ҳамма нарсани Менинг ихтиёримга топширган. Ўғилнинг кимлигини Отадан бошқа ҳеч ким билмайди. Отанинг кимлигини ҳам Ўғилдан бошқа ва Ўғил аён қилишни истаган одамдан бошқа ҳеч ким билмайди.”
23 Исо шогирдларига ўгирилиб қаради–да, уларга алоҳида деди: “Сизлар кўраётганларни кўрадиган кўзлар бахтлидир!
24 Сизларга шуни айтай: қанчадан–қанча пайғамбарлар, қанчадан–қанча шоҳлар сизлар кўрган воқеаларни кўришни истаганлар, аммо кўрмаганлар. Сизлар эшитганларингизни эшитишни улар истаганлар, аммо эшитмаганлар.”
25 Шунда Исони синаш мақсадида келган Таврот тафсирчиларидан бири туриб, Унга савол берди: — Устоз, абадий ҳаётга эга бўлишим учун мен нима қилишим керак?
26 Исо: — Тавротда бу тўғрида нима ёзилган? Сиз нима деб тушунасиз? — деб сўради.
27 У киши шундай жавоб берди: — У ерда ёзилганки: “Эгангиз Худони бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан, бутун онгингиз билан, кучингиз борича севинг”, яна: “Ўзгани ўзингизни севгандай севинг.”
28 Исо унга: — Тўғри жавоб бердингиз. Сиз ҳам шундай қилинг, ана шунда яшайсиз! — деди.
29 Аммо у одам ўзини оқламоқчи бўлиб, Исодан: — Менинг яқиним ким? — деб сўради.
30 Исо шундай жавоб берди: — Бир одам Қуддусдан Ерихога бораётган экан, қароқчилар қўлига тушиб қолибди. Қароқчилар унинг кийимларини ечиб олиб, калтаклаб, чалажон қилиб ташлаб кетибдилар.
31 Тасодифни қарангки, ўша йўлдан бир руҳоний кетаётган экан. У ҳалиги одамни кўрибди–ю, йўлнинг нариги четидан ўтиб кетаверибди.
32 Ўша жойдан ўтиб кетаётган леви ҳам худди шундай қилибди. У ярадор одамни кўриб, йўлнинг нариги четидан ўтиб кетаверибди.
33 Аммо ўша ердан ўтиб кетаётган бир Самариялик ярадор одамни кўриб, унга ачиниб кетибди.
34 Унинг ёнига келиб, яраларига зайтун мойи, шароб суриб, боғлаб қўйибди. Сўнг уни ўз уловига миндирибди–да, меҳмонхонага олиб келиб, уни парвариш қилибди.
35 Эртаси куни икки кумуш танга чиқарибди–да, меҳмонхона эгасига бериб: “Унга яхши қаранг, агар бундан ортиқ харажат қилсангиз, қайтишимда сизга тўлайман”, дебди.
36 Сизнингча, ўша уч одамдан қайси бири қароқчилар қўлига тушган одамнинг яқини ҳисобланади?
37 Тафсирчи: — Унга шафқат кўрсатган одам–да, — деб жавоб берди. — Боринг, сиз ҳам шундай қилинг! — деди унга Исо.
38 Исо ва Унинг шогирдлари йўлда давом этдилар. Улар бир қишлоққа кирдилар. У ерда Марта исмли аёл Исони уйига таклиф қилди.
39 Унинг Марям исмли бир синглиси бор эди. Марям Раббимиз Исонинг оёқлари олдида ўтириб, Унинг сўзларини тинглар эди.
40 Марта эса меҳмон кутиш билан овора эди. У Исонинг олдига келиб деди: — Ҳазрат! Эътибор бермаяпсизми, синглим ҳамма ишни бир ўзимга ташлаб қўйди–ку! Унга айтинг, менга ёрдам берсин.
41 Раббимиз Исо унга шундай жавоб берди: — Эҳ, Марта, Марта, бунча уриниб ташвишланмасанг!
42 Зарур бўлган биттагина нарса бор. Марям ўзи учун энг яхшисини танлади ва бу ундан тортиб олинмайди.