Матто 6 bob
1 Эҳтиёт бўлинглар, савоб ишингизни одамларга кўз–кўз қилманглар. Акс ҳолда, осмондаги Отангиздан мукофот ололмайсизлар.
2 Бировга хайр–садақа берганингиз ҳақида ҳаммага жар солиб юрманглар. Иккиюзламачиларгина одамлардан таҳсин олиш учун синагогаларда ва кўча–кўйда шундай қиладилар. Сизларга чинини айтайин: улар ўз мукофотини олиб бўлганлар.
3 Сиз эса хайр–садақа бераётганингизда, ўнг қўлингиз нима қилаётганини чап қўлингиз билмасин.
4 Хайр–садақангизни ҳеч кимга билдирмай беринг. Яширинча қилган бу ишингизни кўрган Отангиз сизни тақдирлайди.
5 Ибодат қилганингизда, иккиюзламачиларга ўхшаманглар. Улар ўзларини ҳаммага кўрсатиш учун синагогаларда ва кўчаларнинг бурчакларида туриб ибодат қилишни яхши кўрадилар. Сизларга чинини айтай: улар ўзларининг мукофотларини олиб бўлганлар.
6 Сиз эса ибодат қилаётганингизда ичкари хонага кириб, эшикни беркитиб олинг ва яширин бўлган Отангизга ибодат қилинг. Яширин қилган ишларингизни кўрган Отангиз сизни тақдирлайди.
7 Ибодат қилаётганингизда, бутпарастлар каби, беҳуда сўзларни ҳадеб такрорлайверманг. Улар, кўп сўзласам, ибодатим ижобат бўлади, деб ўйлайдилар.
8 Уларга ўхшаманглар, чунки осмондаги Отангиз сўрамасингиздан олдин нимага муҳтожлигингизни билади.
9 Сизлар эса шундай ибодат қилинглар: «Бизнинг осмондаги Отамиз! Сенинг муқаддас номинг улуғлансин.
10 Сенинг Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, Ерда ҳам Сенинг ироданг бажо бўлсин.
11 Бугунги ризқимизни бергин.
12 Бизга қарши гуноҳ қилганларни биз кечиргандек, Сен ҳам бизнинг гуноҳларимизни кечиргин.
13 Бизни васвасага дучор қилмагин, Ёвуз шайтондан халос қилгин.»
14 Агар сизларга ёмонлик қилганларни кечирсангизлар, осмондаги Отангиз ҳам сизни кечиради.
15 Борди–ю, сизлар бошқаларнинг гуноҳларини кечирмасангизлар, Отангиз ҳам сизни кечирмайди.
16 Рўза тутаётганингизда, иккиюзламачилар каби, қовоқ солиб юрманглар. Улар рўза тутаётганларини бошқаларга кўрсатиш учун ювиниб–таранмайдилар. Сизларга чинини айтайин: улар ўз мукофотларини олиб бўлганлар.
17 Сизлар рўза тутганларингизда юзларингизни ювиб, сочларингизни тараб юринг,
18 токи рўза тутганингизни яширин бўлган Отангиздан бошқа ҳеч ким билмасин. Шунда яширин қилган ишингизни кўрган Отангиз сизни тақдирлайди.
19 Бу дунёда ўзларингиз учун бойлик ғамламанглар. Ахир, бундай бойликни куя ейди, занг босади, ўғри тушиб ўғирлайди.
20 Аксинча, ўзларингиз учун самодахазина йиғинглар. Бундай бойликни куя емайди, занг босмайди, ўғри ҳам ўғирлай олмайди.
21 Хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади.
22 Тананинг чироғи — кўз. Агар кўзингиз яхши бўлса, бутун танангиз ёп–ёруғ бўлади.
23 Аммо кўзингиз ёмон бўлса, бутун танангиз зулматга тўлади. Агарда ичингиздаги нур зулмат бўлса, зимзиё зулматда қолган экансиз.
24 Ҳеч ким икки хўжайинга хизмат қилолмайди. У ё бирини ёмон кўриб, бошқасини яхши кўради, ёки бирига бағишланиб, бошқасини менсимайди. Сизлар ҳам Худога, ҳам бойликка бирдек хизмат қила олмайсизлар.
25 Шунинг учун сизларга айтаман: тирикчилигингиздан хавотир олиб, нима еймиз, нима ичамиз, устимизга нима киямиз, деманглар. Ахир, ҳаёт овқатдан, тана эса кийимдан муҳимроқ эмасми?!
26 Қушларга қаранглар: улар на экади, на ўради, на омборга дон йиғади. Шунга қарамай, осмондаги Отангиз уларнинг ризқини беради. Сизлар эса улардан анча қадрлисизлар–ку!
27 Биронтангиз ташвишланиб, умрингизни бир лаҳзага бўлса ҳам узайтира олармидингиз?!
28 Нега кийим учун ташвишланасизлар? Нилуфар гулларнинг қандай ўсишига эътибор қилинг: улар меҳнат қилмайди, ип йигирмайди.
29 Аммо сизларга айтаманки, ҳатто шоҳ Сулаймон ўзининг шуҳрат чўққисида ҳам ўша гулларнинг биронтасидай кийинмаган.
30 Бугун бор, эртага эса ўчоққа ташланадиган дала ўтини Худо шундай безаган бўлса, наҳотки сизларни кийинтирмаса, эй имони сустлар?!
31 Шундай экан, нима еймиз, нима ичамиз, нима киямиз, деб ташвишланиб юрманглар.
32 Бутпарастлар ҳадеб бу нарсаларнинг ташвишида юрадилар. Лекин осмондаги Отангиз буларнинг ҳаммасига муҳтож эканингизни билади–ку!
33 Сизлар аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродасини бажариш пайида бўлинглар, шунда қолган ҳамма нарса сизга берилади.
34 Хуллас, эртанги кун учун ташвиш тортманглар. Эртанинг ташвиши эртанинг ўзига тегишлидир. Ҳар бир куннинг ғам–ташвиши ўзига етади.