Саҳрода (4-Таврот) 23 bob
1 Балом Болоққа деди: — Шу ерда мен учун еттита қурбонгоҳ қуриб, еттита буқа ва еттита қўчқорни тайёрлаб қўй.
2 Болоқ Балом айтгандай қилди. Сўнг икковлари ҳар бир қурбонгоҳда биттадан буқа ва биттадан қўчқорни қурбонлик қилишди.
3 Кейин Балом Болоққа деди: — Сен куйдирилган қурбонликларинг ёнида қол, мен эса бориб кўрай, Эгамиз менга пешвоз чиқармикин. У менга нимани аён қилса, шуни сенга айтаман. Балом тепаликка чиқди.
4 Худо Балом билан учрашгач, Балом Худога деди: — Мен еттита қурбонгоҳ қурдириб, ҳар бир қурбонгоҳда биттадан буқа ва биттадан қўчқорни қурбонлик қилдим.
5 Эгамиз Баломнинг оғзига сўз солиб: — Болоқнинг олдига қайтиб бор, унга Мен айтган сўзларимни етказ, — деди.
6 Балом Болоқнинг олдига қайтиб келди. Болоқ ҳамма Мўаб аъёнлари билан бирга куйдирилган қурбонликларнинг ёнида турган эди.
7 Балом қуйидагича башорат қилди: “Мени Мўаб шоҳи Болоқ шарқий тоғлардан, Орамдан олиб келиб, деди: «Кел, мен учун Ёқуб наслини лаънатла, Кел, Исроил халқини сен қарға!»
8 Худо лаънатламаганни мен қандай лаънатлайин?! Эгамиз қарғамаганни қандай қилиб қарғайин?!
9 Қоянинг тепасида туриб мен уларни кўряпман, Тепаликдан уларга қараб турибман, Яшайди бу халқ ҳаммадан алоҳида. Ўзгачадир улар халқлар орасида.
10 Қумдай сон–саноқсиз бўлган Ёқуб наслини ким санаб чиқар?! Исроилнинг чорагини ким ҳисоблаб чиқа олар?! Мен ҳам солиҳ инсон бўлиб оламдан ўтай, Илойим, бўлсин уларникидай охиратим бахайр.”
11 — Сен нима қиляпсан ўзи? — деди Болоқ Баломга. — Мен сени, душманларимни лаънатлайди деб, чақиртириб келган эдим, сен эса уларни дуо қиляпсан–ку
12 — Мен фақат Эгамиз оғзимга солган сўзни айтишим керак–ку! — деб жавоб берди Балом.
13 — Кел, мен билан бирга бошқа жойга бора қол, — деди Баломга Болоқ. — Сен ўша жойдан Исроил халқининг бир қисмини кўрасан. Ўша жойдан туриб Исроилни мен учун лаънатла.
14 Болоқ Баломни Фисгах тоғ тизмаси* тепасидаги Зўфим деган ясси жойга бошлаб келди. У ерда ҳам еттита қурбонгоҳ қуриб, ҳар бир қурбонгоҳ устида биттадан буқа ва биттадан қўчқорни қурбонлик қилди.
15 Сўнг Балом Болоққа деди: — Сен шу ерда — куйдирилган қурбонликларинг ёнида қол, мен эса ҳов анави ерга бориб, Эгамиз билан учрашиб келаман.
16 Эгамиз Баломга пешвоз чиқиб, унинг оғзига сўз солди. Сўнг: — Болоқнинг олдига қайтиб бор, унга Мен айтган сўзларимни айт, — деди.
17 Балом Болоқнинг олдига қайтиб келди. Болоқ Мўаб аъёнлари билан бирга куйдирилган қурбонликларнинг ёнида турган эди. — Эганг нима деди? — деб сўради ундан Болоқ.
18 Балом қуйидагича башорат қилди: “Менга қара, эй Зиппур ўғли Болоқ, Гапларимни эшит, яхшилаб солгин қулоқ.
19 Худо инсон эмаски, У ёлғон гапирса, У одам эмаски, фикрини ўзгартирса. У доим ваъдаси устидан чиқар! Ўз айтганларин албатта бажарар!
20 Худо менга берди дуо сўзларини, Ўзгартира олмайман мен Худонинг баракасини.
21 Мен Исроилнинг келажагини кўряпман, Ёқуб насли бошига кулфат тушмас, Бу халқ бирор кўргилик кўрмас. Эгаси Худо уларнинг орасида, Шоҳ, дея олқишлар Уни ҳамма.
22 Ёввойи буқанинг кучи билан Худо уларни Мисрдан олиб чиққан.
23 Ёқуб наслига ҳеч қандай сеҳр–жоду таъсир қилмайди, Исроилга қарши фолбинлик асло ўтмайди. Одамлар Ёқуб насли ҳақида, Исроил тўғрисида: «Қаранглар, Худо нималарни қилган», деб айтишар.
24 Исроил халқи шер каби қўзғалар, Арслондай сакраб турар, Ўлжасини еб битирмагунча, Қурбонларнинг қонига тўймагунча ётмас.”
25 Шундан сўнг Болоқ Баломга айтди: — Исроил халқини лаънатламагин ҳам, дуо ҳам қилмагин!
26 Лекин Балом Болоққа: — Мен сизга, фақат Эгамизнинг айтганини қиламан, деб айтмаганмидим?! — деди.
27 — Юр, энди мен сени бошқа жойга олиб бораман, — деди Болоқ. — Балки шунда Худо мамнун бўлиб, ўша ердан туриб мен учун Исроилни лаънатлашингга йўл қўяр.
28 Болоқ Баломни Пиёр тоғининг тепасига бошлаб олиб чиқди. Бу тоғдан саҳронинг манзараси кўриниб турарди.
29 Балом Болоққа деди: — Шу ерда менга еттита қурбонгоҳ қуриб, еттита буқа билан еттита қўчқорни тайёрлаб қўй.
30 Болоқ Балом айтгандай қилиб, ҳар бир қурбонгоҳда биттадан буқа ва биттадан қўчқорни қурбонлик қилди.