Малаки 3 bob
1 Сарвари Олам шундай дейди: “Мана, Мен Ўз элчимни юборяпман. У Мен учун йўлни ҳозирлайди. У тўсатдан Ўз Маъбадига келади. Сизлар излаётган Раббий Ўшадир. Аҳд элчиси Унинг Ўзидир. Сизлар Ундан ғоят мамнун бўласиз.”
2 Аммо У келганда ким бардош бера олади?! Пайдо бўлганда кимнинг жони сақланиб қолади?! Ҳа, У ўядиган ишқор, тозалайдиган олов кабидир.
3 У ўтириб, Леви авлодини тозалайди, кумуш ва олтинни оловда софлагандай уларни софлайди. Шунда улар Эгамизга манзур келадиган назрлар тақдим қилишади.
4 Кейин Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолиси келтирган назрлар Эгамизга олдингидай маъқул бўлади.
5 Сарвари Олам шундай дейди: “Шундагина Мен ҳукм қилгани олдингизга бораман. Мендан қўрқмайдиган ҳаммага — сеҳргар, зинокор, ёлғон қасам ичганлар, мардикорларнинг иш ҳақини ушлаб қоладиганлар, етим ва беваларни эзувчиларга ва мусофирларни турткилаганларга қарши тезда гувоҳлик бераман.”
6 Сарвари Олам шундай дейди: — Эй Ёқуб ўғлонлари, Мен Эгангизман. Мен ҳеч қачон ўзгармайман! Шунинг учунгина сизлар йўқ бўлиб кетмадингизлар. Ота–боболарингиз қонун–қоидаларимдан юз ўгирдилар. Сизлар ҳам улар сингари қонунларимга риоя қилмадингизлар. Энди тавба қилинглар.
7 Ҳа, Менинг олдимга қайтиб келинглар. Шунда Мен ҳам олдингизга қайтиб бораман. Аммо сизлар: “Нега тавба қилишимиз керак?” деб сўрайсизлар.
8 Инсон Худодан нарса ўғирлашга журъат қиладими?! Аммо Сизлар Менинг нарсамни ўғирлаяпсизлар! Яна: “Нимангни ўғирлабмиз?” деб сўрайсизлар. Ушр ва эҳсонларимни ўғирладингиз!
9 Э, лаънати бўлиб кетинглар! Менинг нарсамни ўғирлабсиз–а! Сизлар, бутун халқ, лаънатисизлар!
10 Қани, омборхонага ушрни беками–кўст қилиб олиб келинглар. Хонадонимга озуқа келтиринглар. Шу йўл билан Мени синаб кўринглар, — дейди Сарвари Олам. — Шунда кўрасизлар, Мен осмон қопқаларини очаман. Сизларга марҳаматимни сероб қилиб ёғдираман
11 Мен экинларингизни ҳар қандай зараркунанда ва қурт–қумурсқалардан асрайман. Узумзорларингизга зиён етмайди, — дейди Сарвари Олам.
12 — Шунда барча халқлар сизларни бахтли деб атайди. Ҳа, юртингиз оромбахш бир жой бўлади, — дейди Сарвари Олам.
13 Эгамиз шундай деди: — Сизлар Мен ҳақимда ёмон гапирдингиз. Яна: “Қачон Сен ҳақингда ёмон гапирибмиз?” дейсизлар–а.
14 Сизлар айтасиз: “Худога хизмат қилиш беҳуда. Сарвари Оламнинг талабларини адо этишдан ҳеч фойда йўқ. Унинг ҳузурида азадор каби юришнинг нима кераги бор?!
15 Такаббурлар бахтли–ку. Ёвузлар ҳам гуллаб–яшнайдилар. Мана, қаранг, улар Худони синаб туриб жазодан ҳам қочиб қутулдилар.”
16 Эгамиздан қўрққанлар шулар ҳақида гаплашдилар. Эгамиз эса уларнинг гапларига эътибор бериб қулоқ солди. Унинг ҳузурида Эгамиздан қўрққан, Унинг номини эъзозлаганлар ҳақида Хотира китоби ёзилди.
17 Сарвари Олам шундай дейди: “Улар Меники бўладилар. Мен белгилаган кунда хазинамнинг гавҳарлари бўладилар. Меҳрибон ота–она ўз итоаткор боласини халос этгандай, Мен ҳам уларни халос этаман.
18 Шунда, эй халқим, сизлар солиҳу фосиқнинг фарқини яна кўрасиз. Ҳа, Менга хизмат қиладигану Менга хизмат қилмайдиганнинг ҳолини биласиз.”