Малаки 2 bob
1 Сарвари Олам шундай дейди: “Эй руҳонийлар, энди сизларга амрим шудир: Менга қулоқ солинг. Чин юракдан номимни улуғланг.
2 Акс ҳолда, устингизга лаънатлар ёғдираман, баракаларингизни лаънати қиламан. Дарвоқе, баракаларингизни лаънатлаб бўлдим ҳам, чунки биронтангиз огоҳимга эътибор бермадингиз.
3 Мен фарзандларингизни жазолайман. Қурбонликларингизнинг ичакларидан чиққан ахлатни бетларингизга сочаман, ўша ахлатга қўшиб, ўзларингизни ҳам ахлат уюмига ташлаб юбораман.
4 Шунда бу амрни сизларга Мен берганимни билиб оласизлар. Мен бу амр орқали ота–бобонгиз Леви ва унинг насллари билан тузган аҳдимни мустаҳкам қилмоқчи эдим, — дейди Сарвари Олам.
5 — Леви қабиласи билан қилган ўша аҳдим фаровон ҳаёт аҳди эди. Мен левиларнинг қалбига қўрқувни солиб қўйдим, улар Мендан қўрқишарди, номимни бениҳоя иззат этишарди.
6 Улар кўрсатмаларимни халққа бузмасдан етказишарди, адолатли ҳукм чиқаришарди. Софдиллик ва тўғрилик йўлларида Менга ҳамроҳ эдилар, кўпларни гуноҳдан қайтардилар.
7 Руҳонийнинг вазифаси одамларга тўғри таълим беришдир. Одамлар унинг олдига маслаҳат сўраб боришлари керак, ахир, Мен Сарвари Оламман, у Менинг элчимдир.
8 Аммо, эй руҳонийлар, сизлар йўлимдан оғдингизлар, ўз кўрсатмаларингиз билан кўпларни йўлдан урдингизлар. Леви қавми билан тузган аҳдимни барбод қилдингизлар, — дейди Сарвари Олам.
9 — Мен эса сизларни хўрладим, барча халқлардан пастроқ қилдим. Сизлар Менинг йўлимдан юрмаяпсиз, қонун масаласида тарафкашлик қиляпсиз.”
10 Ҳаммамизнинг Отамиз бир эмасми?! Ҳаммамизни бир Худо яратган эмасми?! Нега энди биз бир–биримизга садоқатсиз бўлишимиз керак?! Нега Худо ота–боболаримиз билан тузган аҳдни булғашимиз керак?!
11 Эй Яҳудо халқи, сизлар садоқатсизлик қилдингиз. Қуддусда ҳамда бутун юртда жирканчли ишларга қўл урдингиз. Ҳа, Эгамиз яхши кўрадиган Маъбадни булғаб, бегона худоларга топинадиган қизларга уйландингиз.
12 Эгамиз бундай ишларга қўл урган ҳар бир одамни халқимиз орасидан йўқ қилсин. Ундай одамлар Сарвари Оламга назрлар келтирмасин.
13 Сизлар яна шундай қиляпсиз: Эгамизнинг қурбонгоҳини кўз ёшлар билан ювяпсиз, фарёд қилиб фиғон чекяпсиз, чунки Худо назрларингизни қабул қилмаяпти, У булардан мамнун эмас.
14 “Нима учун?” деб сўрайсиз. Чунки сизлар ёшлик чоғингизда уйланган хотинингизга бевафолик қилдингиз. Ахир, у сизнинг умр йўлдошингиз, никоҳ аҳдингиздаги хотинингиз–ку! Эгамизнинг Ўзи сизларнинг орангизда гувоҳдир.
15 Эҳтиёт бўлинг, орангизда ҳеч ким ўз хотинига хиёнат қилмасин. Худо сизларни бир тану бир жон қилган–ку! Энди Худо сизлардан нимани кутяпти? Ҳақиқий художўй фарзандларни кутяпти.
16 “Хотинидан нафратланиб, ундан ажрашган эркак ўз ҳимояси остида бўлган хотинига шафқатсизлик қилган бўлади*”, — дейди Исроил халқининг Худоси — Эгамиз. “Шу боис ҳушёр бўлинглар, хиёнат қилманглар”, — дейди Сарвари Олам.
17 Сизлар гапларингиз билан Эгамизни чарчатиб юбордингизлар–ку, яна: “Қандай қилиб Уни чарчатибмиз?” деб сўрайсизлар. Сизлар: “Ёмонлик қилган ҳаммани Эгамиз яхши кўради, улардан мамнун бўлади. Қани, адолат Худоси борми ўзи?!” деб айтасизлар. Бу гапларингиз билан Эгамизни чарчатяпсизлар.