Дониёр 5 bob
1 Орадан йиллар ўтди. Бир куни шоҳ Белшазар катта бир зиёфат уюштирди, зиёфатга мингта бегини таклиф қилиб, улар билан майхўрлик қилаётган эди.
2 Орадан йиллар ўтди. Бир куни шоҳ Белшазар катта бир зиёфат уюштирди, зиёфатга мингта бегини таклиф қилиб, улар билан майхўрлик қилаётган эди.
3 Қуддусдаги Маъбад, яъни Худонинг уйидан олиб келинган олтин қадаҳлар базмхонага келтирилди. Шоҳнинг ўзи, унинг беклари, хотинлари ва канизаклари қадаҳлардан шароб ичишди.
4 Улар ичиб, олтин, кумуш, бронза, темир, ёғоч ва тошлардан қилинган худоларни олқишлар эдилар.
5 Тўсатдан одам қўлининг панжаси пайдо бўлиб, шоҳ саройининг деворларидаги сувоқнинг устида ёза бошлади. Сарой чироқлари деворнинг ўша қисмини яхши ёритиб тургани учун, шоҳ ёзаётган қўл панжасини кўриб қолди.
6 Шоҳ бундан даҳшатга тушиб, бўзариб кетди. Унинг қўллари бўшашиб, тиззалари титрай бошлади.
7 Шоҳ бақириб, мунажжим, афсунгар ва раммолларникелтиришни буюрди. Улар ҳозир бўлганларида, шоҳ шундай деди: “Ким бу ёзувни ўқиб, унинг маъносини менга тушунтириб берса, мен ўша одамнинг устига шоҳона сафсар тўн кийгизаман, бўйнига олтин занжир тақиб, чап қўл вазирим қилиб тайинлайман.”
8 Шоҳнинг бу маслаҳатчилари ичкарига кирганларидан кейин ҳам ёзувни ўқий олмадилар, унинг маъносини ҳам тушунтириб бера олмадилар.
9 Бундан қаттиқ ваҳимага тушган шоҳ Белшазарнинг рангида ранг қолмади, беклари эса талмовсираб қолишди.
10 Ичкаридаги шовқин–суронни эшитиб, базмхонага кирган она малика: “Шоҳ ҳазратларининг умри боқий бўлсин! — деди. — Шоҳим, шунчалик ҳам қўрқасизми, қаранг, ахир, рангингизда ранг қолмабди–ку!
11 Сизнинг шоҳлигингизда муқаддас худоларнинг руҳига тўлган бир одам бор. Катта бобонгиз даврида бу одам идрокли, зеҳни ўткир ва худолар каби доно деб тан олинган эди. Катта бобонгиз — шоҳ Навухадназар уни фолбин, мунажжим, афсунгар ва раммолларнинг бошлиғи қилиб тайинлаган эдилар.
12 Дониёр исмли бу одам тушларни таъбирлашда, сирларни очишда ва жумбоқларни ечишда ғайритабиий қобилият, билим ва фаҳм–фаросатга эгадир. Катта бобонгиз уни Белташазар деб атаган эди. Шоҳим, буюринг, Дониёрни бу ерга келтиришсин, у сизга бу ёзувнинг маъносини тушунтириб бергай.”
13 Дониёр шоҳ ҳузурига келтирилди. Шоҳ Дониёрдан: “Катта бобом Яҳудодан асир қилиб олиб келган Дониёр сенмисан? — деб сўради. —
14 Сени худоларнинг руҳи билан тўлган, идрокли, зеҳни ўткир ва доно деб эшитдим.
15 Мен маслаҳатчилар ва мунажжимларни ҳузуримга чақиртириб, уларга мана бу ёзувни ўқиб, маъносини тушунтириб беришни буюрган эдим. Аммо уларнинг биронтаси ҳам бунинг уддасидан чиқа олмади.
16 Сен эса жумбоқларни ечиб, уларни тушунтира олишингни эшитганман. Агар сен ҳозир бу ёзувни ўқиб, унинг маъносини менга тушунтириб берсанг, мен сенинг устингга шоҳона сафсар тўн кийгизаман, бўйнингга олтин занжир тақиб, чап қўл вазирим қилиб тайинлайман.”
17 Дониёр шоҳ ҳузурида шундай жавоб берди: “Эй олампаноҳ, раҳмат, совғаларингиз ўзингизда қолаверсин ёки уларни бошқа бировга бера қолинг. Мен бу ёзувни шундоқ ҳам ўқиб, унинг маъносини тушунтириб бераман.
18 Эй шоҳ ҳазратлари, Худойи Таоло катта бобонгиз Навухадназарни буюк бир салтанатнинг тахтига ўтқазиб, шуҳратини рўйи заминга ёйгандир.
19 Худо унга берган улуғворлиги туфайли ҳамма одамлар — қайси халқ, элат ва уруғдан бўлишларидан қатъий назар, катта бобонгиздан қўрқиб қалтирар эдилар. У хоҳлаган одамни ўлдирар, хоҳлаганини тирик қолдирар, юксалтирмоқчи бўлганини юксалтирар, хор қилмоқчи бўлганини оёқ ости қилар эди.
20 Аммо мағрурланиб, ўжарлиги ила иш тута бошлаганда шоҳона тахтидан туширилиб, улуғворлигидан маҳрум қилинган эди.
21 У инсонлар жамиятидан ҳайдалиб, онгсиз ҳайвондай бўлиб қолганди. Ёввойи эшаклар билан яшаб, мол сингари, ўт билан озиқланган ва осмондан тушган шудрингга чўмилганди. Охири Худойи Таоло инсон салтанатининг ягона Ҳукмдори эканини ва У тахтни хоҳлаган одамига беришини катта бобонгиз тан олган эди.
22 Аммо сиз, эй шоҳ Белшазар, катта бобонгизнинг бошидан ўтган бу воқеалардан хабардор бўла туриб Худога бўйсунмадингиз!
23 Сиз ҳаддингиздан ошиб, Самовий Худога қарши бош кўтардингиз! Худо Маъбадининг қадаҳларини ҳузурингизга келтириб, бекларингиз, хотинларингиз ва канизакларингиз билан майхўрлик қилдингиз. Ҳеч нарса кўрмайдиган, ҳеч нарса эшитмайдиган, ҳеч нарса билмайдиган олтин, кумуш, бронза, темир, ёғоч ва тошдан ясалган худоларни мадҳ айладингиз. Аммо сизга ҳаёт берувчи ва охиратингизни белгиловчи Худони улуғламадингиз.
24 Шунинг учун Худо қўл панжасини юбориб қуйидаги сўзларни ёздирди:
25 МЕНЕ, МЕНЕ, ТЕКЕЛ ва ПАРСИН.
26 Бунинг маъноси қуйидагича: МЕНЕ, яъни «ҳисоб» — Худо ҳукмронлик вақтингизни ҳисоблаб чиқиб, шоҳлигингизга якун ясади.
27 ТЕКЕЛ, яъни «тортилган» — сиз тарозида тортилиб, ҳукмронлик қилишга номуносиб бўлиб чиқдингиз.
28 ПЕРЕС, яъни «бўлинган» — шоҳлигингиз бўлиниб, Мидияликлар ва Форсларга берилди.”
29 Сўнг Белшазар берган амрга биноан, Дониёрга шоҳона сафсар тўн кийдирилиб, бўйнига олтин занжир тақилди ва у шоҳнинг чап қўл вазири деб эълон қилинди.
30 Худди ўша куни кечаси Бобил шоҳи Белшазар ўлдирилди.
31 Тахтга эса олтмиш икки ёшли Мидиялик Доро ўтирди.