Ҳизқиё 32 bob
1 Сургун бўлган пайтимизнинг ўн иккинчи йили ўн иккинчи ойининг биринчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
2 “Эй инсон, фиръавнга шундай марсия куйла: «Сен ўзингни халқлар орасидаги шер деб биласан. Аммо сен сувдаги аждарҳо кабидирсан! Сен ирмоқларингдаги сувни кўпиртирасан, Оёқларинг билан уни лойқалатасан.
3 Эгамиз Раббий шундай демоқда: Бир талай халойиқ йиғилганда, Мен устингга тўр ташлайман. Улар эса сени қирғоққа тортиб чиқаришади.
4 Мен сени ерга улоқтираман, Ялангликка ташлаб қўяман. Осмондаги барча қушларни устингга қўндираман. Ер юзидаги ҳамма ёввойи ҳайвонларга Сени ем қилиб бераман.
5 Ичак–човоқларингни қирларга ёйиб ташлайман, Водийларни жасадинг қолдиқлари билан қоплайман.
6 Юртни оққан қонинг билан суғораман, Тоғларни қонингга бўктираман. Жарликларни қонингга тўлдираман.
7 Сени даф қилганимда, осмонни тўсиб қўяман, Юлдузларни зулматга чўктириб юбораман. Қуёш юзини булут билан қоплайман, Ой нурини сўндираман.
8 Бошинг узра порлаган Ҳамма осмон чироқларини ўчираман. Юртингни зулмат қучоғига отаман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. —
9 Мен қулашинг ҳақидаги хабарни халқлар орасига ёяман, сен билмаган юртларга етказаман. Шунда кўп халқларнинг юракларига ваҳима соламан.
10 Бошингга туширадиган кулфатлар боис кўп халқларнинг ақлини шошираман. Қиличимни ўйнатиб, сен туфайли уларнинг ҳукмдорларини титратаман. Бошингга кулфат келган куни, уларнинг ҳар бири жонини ҳовучлаб, қалтирайди.»
11 Фиръавнга айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: Бобил шоҳининг қиличи бўғзингда бўлади.
12 Лашкаринг ўтакетган ёвуз халқнинг қўлига тушади. Улар қудратли жангчилар тиғидан ўлади. Сенинг ғуруринг поймол этилади, тўда лашкаринг ҳалок бўлади.
13 ероб сувлар бўйидаги ҳамма подаларингни Мен қириб ташлайман. Бундан буён бирорта инсон оёғи билан сувларни лойқалатмайди, бирорта ҳайвон туёқлари билан уни булғамайди.
14 —Мен Миср сувларини тиндираман, ирмоқларини мойдай сокин оқадиган қиламан, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.
15 Мен Мисрни ташландиқ қилганимда, у ердаги ҳамма нарсани йўқ қилганимда, бутун аҳолисини қириб ташлаганимда, эй фиръавн, сен ва халқинг Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.
16 Сизлар учун айтиладиган марсия шудир. Ажнабий аёллар бу марсияни куйлашар. Ҳа, бу мотам шеърини Миср ва унинг тўдасига бағишлаб айтишар. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”
17 Ўша ойнинг ўн бешинчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
18 “Эй инсон, Миср ва унинг тўдаси учун қайғуриб йиғла. Уларни бошқа буюк халқлар қаторида гўрдаги марҳумлар олдига жўнат.
19 Уларга шундай деб айт: «Сизлар ўзингизни бошқалардан гўзал деб биласизми? Қани боринг, суннатсизлар билан бир гўрда ётинг!
20 Сизлар жангда ҳалок бўлганлар билан бирга жон берасиз. Мана, қилич ҳозирланди! У ҳаммаларингизни қириб ташласин.
21 Ўликлар диёридаги буюк саркардалар сизларни ва иттифоқчиларингизни қаршилаб олишади. Улар шундай деб ҳайқиришади: ‘Бу суннатсизлар жангда ҳалок бўлди, ер бағрига тушиб келди, энди шу ерда ётибди!’
22 Оссурия ҳам у ерда, сипоҳларининг қабрлари орасида ётибди. Уларнинг ҳаммаси қиличдан ҳалок бўлишган.
23 Қабрлари чуқурликнинг энг тубидадир. Оссуриянинг қабри сипоҳларининг қуршовида жойлашган. Ҳа, тириклар дунёсига даҳшат солганларнинг ҳаммаси қиличдан ҳалок бўлди.
24 Элам ҳам ўша ерда, бир тўда сипоҳларининг қабрлари орасида ётибди. Уларнинг ҳаммаси жангда ҳалок бўлган. Бу суннатсизлар нариги дунёга кетган. Улар тириклар дунёсига даҳшат солишган эди, энди эса гўрдаги марҳумлар сингари иснодга қолишди.
25 Ўлдирилганлар орасида Элам учун тўшак ҳозирланган. Бир тўда сипоҳлари унинг атрофига дафн қилинган. Жангда ҳалок бўлган бу суннатсизлар қачонлардир тириклар дунёсига даҳшат солишган эди, энди эса гўрдаги марҳумлар сингари иснодга қолишди. Ҳа, улар ҳалок бўлганлар орасида ўрнашишди.
26 Мешех билан Тувал ҳам ўша ердадир. Улар сипоҳларининг қабрлари орасида ётишибди. Бу суннатсизларнинг ҳаммаси жангда ҳалок бўлишган. Бироқ улар ҳам қачонлардир тириклар дунёсига даҳшат солишган эди.
27 Қадимда қаҳрамонларни қурол–аслаҳалари билан бирга дафн қилишар эди. Марҳумларнинг боши остига қилич қўйиб, танасини қалқон билан ёпишар эди*. Бироқ Мешех билан Тувал бундай ҳурмат–эҳтиромларга сазовор бўлмади, чунки улар тириклигида бутун жаҳонга даҳшат солишган эди.
28 Улар ҳам йўқ қилинади. Жангда ҳалок бўлган суннатсизлар билан бирга ётади.
29 Эдом ҳам ўз шоҳларию раҳнамолари билан ўша ердадир. Улар ўз қудратига қарамай, ўлдирилганлар орасига дафн қилинганлар. Гўрдаги суннатсизлар билан бирга ётишибди.
30 Шимолдаги салтанатларнинг ҳамма шаҳзодалари ва ҳамма Сидонликлар ўша ердадир. Улар қачонлардир буюк қудрати билан бутун жаҳонни даҳшатга туширишган эди, сўнг шармандаларча ҳалок бўлишди. Бу суннатсизлар қиличдан ҳалок бўлганлар орасида ётишибди. Улар гўрдаги марҳумлар сингари иснодга қолишди.»
31 Фиръавн ва унинг тўдасига айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй ўз тўдасидан айрилган фиръавн, сен бу чексиз қабристоннинг манзарасини кўриб, таскин топасан.
32 Сен орқали бутун жаҳонни даҳшатга солган бўлсам ҳам, энди барча қўшинларинг билан бирга жангда ҳалок бўлган суннатсизлар орасида ётасан. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”