Ҳизқиё 31 bob
1 Сургун бўлган пайтимизнинг ўн биринчи йили учинчи ойининг биринчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
2 “Эй инсон, Миср фиръавни ва унинг тўдасига шундай деб айт: «Буюклигингда сенга тенг келадиган ким бор?!
3 Оссурияга бир қара! У ҳам бамисоли Лубнондаги садр дарахти эди, Кўркам шохлари ўрмонга соя солар эди, Унинг учи булутларга тегиб турарди.
4 Сувлар уни суғорар эди, Ер ости булоқлари уни ўстирар эди. Анҳор сувлари илдизларининг атрофида оқар эди, Ирмоқлари ҳамма дашт дарахтларини тўйдирарди.
5 Бу улкан садр баланд ўсиб, Атрофдаги ҳамма дарахтлардан дароз бўлди. Мўл суғорилгани учун новдалари ўсди, Шохлари узун ва серсоя бўлди.
6 Барча осмон қушлари шохларида ин қурарди, Остида барча ёввойи ҳайвонлар болалашарди, Соясида ҳамма буюк халқлар яшарди.
7 Бу дарахт кўркам, салобатли эди, Унинг шохлари кенг ёйилган эди. Ахир, илдизлари сероб сувдан баҳра оларди.
8 Худонинг боғи — Адандаги бирорта садр Унга тенг кела олмас эди, Бирорта арча унинг бутоқлари билан беллаша олмасди. Бирорта чинорнинг бундай шохлари йўқ эди, Худонинг боғидаги бирорта дарахт шу қадар гўзал эмасди.
9 Худо уни гўзал қилиб яратди, Шох–бутоқларини серфайз қилди. Худонинг боғи — Адандаги ҳамма дарахтлар унга ҳавас қиларди.
10 Шу боис Эгамиз Раббий шундай деб айтмоқда: эй фиръавн, бу садр дарахти баланд ўсиб, учи булутларга етди. У баландлигидан мағрурланиб кетди.
11 Мен уни ажнабий ҳукмдорнинг қўлига топширдим. У ўша дарахтни фосиқлигига яраша жазолади. Мен Ўзим эса бу дарахтдан воз кечдим.
12 Ажнабийларнинг энг ёвуз халқи уни йиқитиб, ташлаб кетди. Чопилган шохлари қирлару водийларда, синган бутоқлари юртнинг ҳамма жарликларида сочилиб ётди. Соясида ором олган жаҳоннинг ҳамма халқлари тарқалиб кетди.
13 Барча осмон қушлари ағдарилиб ётган дарахт танасига келиб қўнди, барча ёввойи ҳайвонлар шохлари орасига кириб ётди,
14 токи сув бўйига ўтқазилган бирорта дарахт энди бу қадар баланд бўлиб ўсмасин. Уларнинг учи булутларга тегмасин. Сувга тўйган бирорта дарахт шунчалик баланд бўлмасин. Уларнинг ҳаммаси, фоний бандалар каби, бу дунёдан ўтиб кетишади, қабрдаги марҳумларга ҳамроҳ бўлишади.
15 Эгамиз Раббий демоқда: ўша улкан дарахт ўликлар диёрига тушганда, унга аза тутишлари учун Мен ер ости сувларини беркитган эдим. Дарёларига тўсиқ қўйган эдим, сероб сувларини тўхтатган эдим. Уни деб Лубнон тоғларига зулмат либосини кийдирган эдим. Уни деб ҳамма ўрмон дарахтлари хазон бўлган эди.
16 Мен ўша дарахтни чуқурдаги марҳумларга ҳамроҳ қилиб, ўликлар диёрига туширганимда, дарахтнинг қулаши шовқинидан халқлар қўрқувга тушиб, титраган эди. Ўшанда Адан боғининг ер қаърига тушган ҳамма дарахтлари, Лубноннинг энг сара, энг аъло, яхши суғорилган ҳамма дарахтлари унинг қулашидан таскин топган эди.
17 Унинг панасида яшаган иттифоқчиларининг ҳаммаси дарахт билан бирга ўликлар диёрига тушишган. Улар қилич тиғидан ҳалок бўлганларга қўшилишган.
18 Эй фиръавн, сенинг шон–шуҳратингу салобатингни Адандаги қайси дарахтга қиёсласам бўлар экан–а? Сен ҳам Адандаги бошқа дарахтлар сингари, ер қаърига тушасан. Қиличдан ҳалок бўлган суннатсизлар билан бирга гўрда ётасан. Сен ва тўдангнинг қисмати худди Оссурияникидай бўлади. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”