Ҳизқиё 30 bob
1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
2 “Эй инсон, Миср ҳақида башорат қилиб айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: Шўримиз қурсин, эвоҳ!
3 Даҳшатли кун яқинлашди, Менинг ғазаб куним келишига оз қолди. Мана шу кун булутли кун бўлади, Халқлар кулфат чекадиган замон бошланади.
4 Мисрнинг бўғзига қилич келади, Ҳабашистон кулфат азобида қолади. Мисрда кўп одамлар ҳалок бўлади, Унинг бойлиги олиб кетилади,Пойдевори бузиб ташланади.
5 Ҳабашистон, Ливия, Лидия, бутун Арабистон, Куб ва Мисрнинг қолган барча иттифоқчилари жангда ҳалок бўладилар.
6 Эгамиз айтмоқда: Миср иттифоқчиларининг устига қирғин келади. Улар қилич тиғидан ҳалок бўлиб, жасадлари шимолдаги Мигдолдан то жанубдаги Саванайгача ётади. Мисрнинг мағрур қудрати ҳалок бўлади, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.
7 — Миср дунёнинг энг хароб юртига айланади, у ердаги шаҳарлар вайрон бўлади.
8 Мен Мисрга ўт қўйиб, унинг мададкорларини тор–мор қиламан. Шунда Эгаси Мен эканлигимни Мисрликлар билиб оладилар.
9 Ўша куни хотиржам яшаётган Ҳабашистонликларни қўрқитиш учун Мен кемаларда элчиларимни жўнатаман. Миср устига кулфат тушган куни Ҳабашистонликлар азобда қоладилар. Мана, ўша кун ҳадемай келади.
10 Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен Бобил шоҳи Навухадназар орқали Мисрнинг тўдасини яксон қиламан.
11 Навухадназар қўшин тортиб келади. Улар ўтакетган ёвуз халқдир. Улар бутун юртни хароб қиладилар. Мисрликларни қиличдан ўтказиб, юртни жасадларга тўлдирадилар.
12 Мен Нил ҳавзаларини қуритаман, юртни разил одамларнинг қўлига бераман. Келгиндиларнинг қўли билан Мисрни ва у ердаги ҳамма нарсани хароб қиламан. Буларни Мен айтдим.
13 Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен барча бутларни йўқ қиламан, Нуф маъбудаларига чек қўяман. Миср юртида биронта ҳукмдор қолмайди, Мисрликларни қўрқув қамраб олади.
14 Мен Патрўсни ташландиқ жойга айлантираман. Зўван шаҳрига ўт қўяман, Миср пойтахти Нўни жазолайман.
15 Мисрнинг мустаҳкам Син қалъасини ғазабимга гирифтор қиламан, пойтахт шаҳар Нўнинг тўдасини қириб ташлайман.
16 Бутун Миср юртига ўт қўяман! Син аҳолиси чексиз азобда қолади, Нў шаҳрининг девори йиқитилади, душманлар куппа–кундузи Нуф шаҳрига ҳужум қилади.
17 Он ва Пи–Башат йигитлари жангда ҳалок бўлишади, шаҳарлар аҳолиси асирликка тушади.
18 Мен Мисрнинг ҳукмронлигини йўқ қилганимда, унинг пеш қилган қудратини синдирганимда, Тахпанхас шаҳри қоронғиликка ботади, уни қора булутлар қоплаб олади. Шаҳар атрофидаги қишлоқлар асирликка тушади.
19 Шу йўсин Мен Мисрни жазолайман. Ўшанда улар Эгаси Мен эканимни билиб оладилар.»”
20 Сургун бўлган пайтимизнинг ўн биринчи йили биринчи ойининг еттинчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
21 “Эй инсон, Мен Миср фиръавнининг қўлини синдирдим. Ҳеч ким унинг қўлини боғламади, тахтакачлаб қўймади. Энди унинг қўли шифо топмайди, қилич ушлашга қодир бўлмайди.
22 Мен фиръавнга қаршиман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — Унинг иккала қўлини — соғ қўлини ҳам, синган қўлини ҳам синдираман. Қўлидаги қилични ерга тушириб юбораман.
23 Мисрликларни халқлар орасига тарқатиб ташлайман, бошқа юртларга қувиб юбораман.
24 Бобил шоҳининг кучига эса куч қўшиб, қўлларига қиличимни тутқазаман. Ҳа, Мен фиръавннинг қўлларини синдираман, у душмани олдида оғир яраланган одам каби инграйди.
25 Унинг қўллари арқондай осилиб қолади, Бобил шоҳининг қўлларини эса Мен кучли қиламан. Унинг қўлларига қиличимни тутқазиб, Мисрга қарши юбораман. Шунда Эгаси Мен эканлигимни Мисрликлар билиб оладилар.
26 Ҳа, Мен Мисрликларни халқлар орасига тарқатиб ташлайман, бошқа юртларга қувиб юбораман. Ўшанда Эгаси Мен эканлигимни улар билиб оладилар.”