Ҳизқиё 29 bob
1 Сургун бўлган пайтимизнинг ўнинчи йили ўнинчи ойининг ўн иккинчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
2 “Эй инсон, Миср фиръавнига юзлан. Унга ва бутун Миср халқига қарши башорат қилиб айт:
3 «Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй Миср фиръавни, Мен сенга қаршиман. Сен Нил ҳавзаларида чўзилиб ётган бамисоли буюк аждарҳодирсан. Сен: ‘Нил дарёси менинг шахсий мулким, уни ўзим учун яратганман’, деб айтасан.
4 Аммо Мен жағларингга илмоқлар соламан. Терингдаги тангачаларингга балиқларни ёпиштираман. Сени тангачаларингга ёпишган балиқлар билан бирга қуруқликка тортиб чиқараман.
5 Мен сени ва ҳавзаларингдаги ҳамма балиқларни саҳрога улоқтириб ташлайман. Сен очиқ майдонда ётасан. Сени олиб, кўмадиган одам бўлмайди. Мен сени дашт ҳайвонларию осмон қушларига ем қилиб бераман.
6 Шунда бутун Миср халқи Эгангиз Мен эканлигимни билиб олади. Сен халқим Исроил учун қамиш ҳассадай бўлдинг.
7 Улар сени ушлаганда, сен ёрилиб, қўлларини кесиб юбординг. Сенга суянганларида синиб, белларини чиқариб юбординг.
8 Шу боис Эгамиз Раббий айтмоқда: Мен сенинг бошингга қилич келтираман, одаму ҳайвонларингни қилич тиғидан ўтказаман.
9 Бутун Миср юртини ташландиқ харобазорга айлантираман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар. Сен: ‘Нил меники, мен ўзим уни яратдим’, деб айтганинг учун,
10 Мен сенга ва сенинг барча ҳавзаларингга қарши чиқаман. Бутун Миср юртини тамомила хароб қиламан. Мигдолдан тортиб, то Саванайгача ва жанубдаги Ҳабашистон ҳудудигача ҳамма ерларини ташландиқ қиламан.
11 Одам у ерга оёғини босмайди, ҳайвонлар ҳам у ердан юрмайди. Қирқ йил мобайнида у ерда ҳеч ким яшамайди.
12 Мен Миср юртини дунёдаги энг хароб юртга айлантираман. У ердаги шаҳарлар қирқ йил мобайнида ташландиқ бўлиб ётади, вайроналари бошқа шаҳарлардан баттар бўлади. Мен Мисрликларни халқлар орасига тарқатиб ташлайман, бошқа юртларга қувиб юбораман.»
13 Фиръавнга яна айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: қирқ йил ўтгач, Мен халқлар орасига тарқатиб юборган Мисрликларни йиғиб оламан.
14 Уларни яна фаровонликка эриштириб, ўз она юрти Патрўсга олиб келаман. Уларнинг шоҳлиги ожиз бир шоҳлик бўлади.
15 Ҳа, улар дунёнинг энг ожиз шоҳлиги бўлиб, ҳеч қачон бошқа халқлардан устун бўла олмайди. Мен уларни шу қадар заиф қилиб қўяманки, улар ўз ҳукмини бошқа халқларга ўтказа олмай қолади.
16 Халқим Исроил энди ҳеч қачон ўз умидини Мисрга боғламайди. Улар Мисрдан ёрдам сўраб, гуноҳ қилганларини доимо эсларида тутадилар. Ўшанда Мисрликлар Эгангиз Раббий Мен эканлигимни билиб оладилар.»”
17 Сургун бўлган пайтимизнинг йигирма еттинчи йили биринчи ойининг биринчи кунида Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
18 “Эй инсон, Бобил шоҳи Навухадназар Тирга қарши шиддатли уруш олиб борди. Бобил лашкарининг сочлари тўкилиб, елкалари шилиниб яллиғланди. Аммо қилган меҳнатларига яраша улар Тирдан ҳеч қандай ўлжа ололмадилар.
19 Шу боис Миср юртини Бобил шоҳи Навухадназарга бераман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — У Мисрни талон–тарож қилиб, у ердаги бойликларни ўзи билан олиб кетади. Миср бойликлари Бобил лашкари учун меҳнат ҳақи бўлади.
20 Ҳа, Мен Миср юртини Бобил шоҳига меҳнат ҳақи қилиб бердим, чунки у ва унинг лашкари Менинг хизматимни қилдилар, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. —
21 Ўша куни Мен Исроил халқининг қудратини тиклайман*. Бу сўзларимни халқимга етказишинг учун Мен сенга куч бераман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни улар билиб оладилар.”