Ҳизқиё 25 bob
1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
2 “Эй инсон, Оммон халқига юзлан, уларга қарши башорат қил.
3 Оммон халқига айт: «Эгамиз Раббийнинг сўзларини эшитинг! Эгамиз Раббий шундай демоқда: муқаддас масканим ҳаром қилинганда, Исроил юрти хароб бўлганда, Яҳудо халқи сургун қилинганда, сизлар: ‘Аҳа!’ дея хурсанд бўлган эдингизлар.
4 Шунинг учун Мен сизларни шарқдаги кўчманчилар қўлига топшираман. Улар юртингизда қароргоҳлар қуриб, чодирларини тикадилар, ҳосилингизни еб, сутингизни ичадилар.
5 Мен пойтахтингиз Раббани туялар учун даштга айлантираман. Бутун юртингизни қўйлар учун қўра қиламан. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.
6 Эгамиз Раббий шундай деб айтмоқда: сизлар юрагингиздаги бутун ғараз билан Исроилнинг бахтсизлигидан севиндингизлар, чапак чалиб, сакраб ўйнадингизлар.
7 Шу қилганингиз учун Мен қўлимни сизларга қарши кўтараман. Сизларни бошқа халқларга ўлжа қилиб бераман. Халқлар орасидан сизларни йўқ қилиб, юртингизни ер юзидан супуриб ташлайман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.»”
8 Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Мўаб халқи: «Яҳудо халқининг бошқа халқлардан ҳеч қандай фарқи йўқ», деб айтгани учун,
9 Мен Мўабнинг ғарбий қанотини очиб ташлайман, юртнинг гавҳарлари Байт–Яшимўт, Баал–Миён, Хиратайим шаҳарларини вайрон қиламан.
10 Мўабни Оммон халқи сингари, шарқдаги кўчманчиларнинг қўлига бераман. Оммон халқи ер юзидан йўқ бўлиб кетади,
11 Мен Мўаб халқини ҳам жазолайман. Шунда улар Эгаси Мен эканлигимни билиб оладилар.”
12 Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Эдом халқи Яҳудодан ўч олиб, катта гуноҳ қилди.
13 Шу сабабдан Мен уларга қарши қўлимни кўтариб, Эдом юртини вайрон қиламан, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — Одаму ҳайвонларини қириб ташлайман. Темон шаҳридан тортиб, то Дедон шаҳригача бўлган ҳаммани қиличдан ўтказаман.
14 Халқим Исроил орқали Эдомдан қасос оламан. Улар орқали қаҳру ғазабимни Эдомликлар устига сочаман. Шунда Эдом халқи қасосим нима эканлигини билиб олади.” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.
15 Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Асрлар давомида Филистлар адоват қилиб, халқимдан ўч олдилар. Халқимни хонавайрон қилиш мақсадида, юракларидаги ғаразга берилиб, улардан қасос олдилар.
16 Шу сабабдан Мен Филист юртига қарши қўлимни кўтараман, Харет халқини йўқ қиламан, соҳилда қолганларнинг ҳаммасини қириб юбораман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.
17 — Мен улардан даҳшатли қасос оламан, ғазабим устида уларни жазолайман. Ўшанда Эгаси Мен эканлигимни билиб оладилар.”